ЖИГАРБАНДИМ


Муаззам ИБРОҲИМОВА

ЖИГАРБАНДИМ
Ҳикоя

  Бугун Зоҳиданинг тушига яна онаси кирибди. Ховлидаги сўрининг четида омонат ўтирганмиш. Ним яшил иштапил кўйлагида, шу рангдаги бошидан тушмайдиган дока рўмоли, оёғида орқаси қирқилган эски калишда экан. Болаликдаги ўша масъум сийрат. Худди тирикдек. Фақат туғилган кунида тўрт қизи бир бўлиб совға қилган тилла узуги йўқ. Яна жудаям хомуш эмиш. Зоҳида “Нимага хафасиз, ойижон?”, - деб сўрамоқчи бўлибди-ю, дафъатан оғзидан бошқа савол чиқиб кетибди:
- Ойи, яна эски-тускиларингизни кийиб олдингизми? Тунов куни ҳам шу кийимларингизда эдингиз. Сизга ҳеч ўргата олмадик-да! Доим шунақа, маҳалладагиларни-ку ҳам гапирмаган гапи қолмади. Катта-катта олиб келганимиздан кейин мазза қилиб кийиниб юрмайсизми? Хожи она деган номингиз бор! Ҳа айтганча, анув, ҳаммамиз бир совға қилган тилла узук қани?
  Онаси индамасмиш...
- Яна бировга совға қилиб юборган бўлманг! Одатингизни биламиз, қани тақиб олинг! Бўлмаса, ростдан ҳам битта-яримтага бериб юборган деб ўйлайман.
  Она жим. Нуқул бармоқларини яширармиш.
  Шунда Зоҳиданинг жаҳли чиқиб, “Қани нимани яширяпсиз?” деб ойисига ёпишибди. Волидасининг юмилган нимжон муштларини аранг очиб, қарабди-ю, даҳшатдан чинқириб юборибди. Онасининг узук тақадиган бармоғи йўқмиш...
  У босинқираб, ўрнидан қандай туриб кетганини ҳам билмай қолди. Тонг хали отмаган экан. Қора терга ботиб кетибди. Калима қайтариб, дархол ташқарига мўралади. Тунги чироқ ёруғида сўппайиб тургган сўрида ҳеч ким йўқ, “Хайрият, туш экан” ёқасига туфлади. Юраги гурс-гурс уриб ташқарига чиқди. Таҳорат олиб, намоз ўқиди. Келин хали турмабди. Ноилож ўзи ошхонага ўтди. Арвоҳларнинг хаққига деб ёғ қуйиб, холвайтарга уннади.
  Набиралари уйғонганида беш–олтита чалпак ва ҳолвайтарни ён қўшниларникига чиқаргачгина енгил нафас олиб, нонуштага ўтиришди. Катталарига телефон қилиб, кўнгли хотиржам тортди. Кенжатойи океан ортида сафарда. Кечагина қўнғироқ қилди. Кайфияти аъло, ишлари яхши эмиш. Керакли битимларни имзолай олса, кейинги ҳафтада қайтишини айтди. Соғлигидан шикоят қилмади. Ишқилиб тинчлик бўлсин-да! Нега онасини бу аҳволда кўрди? Балки, сингилларининг бирортаси касалмикин? Йўғ-эй, тунов куни кўришишди. Ҳеч ким шикоят қилмади. Рўзғорлари нотинчмикин, дея хавотир олмаса ҳам бўлади. Улар аллақачон тушган жойларида тошдек қотишган. Лекин ўлганлар бежиз тушга кирмайди. Ойим нима сабабдан хафа? Нега бир бармоғи йўқ? Тушлар таъбирини билмаса ҳам қийин экан.
  Зоҳида миясида ғужғон ўйнаётган саволларига жавоб топа олмай, бошига қаттиқ оғриқ кирди. Ҳойнаҳой қон босими ошган. Доим шунақа, сиқилиб қолса бошининг орқа томонидан томир тортгандай бўлиб, мияси қизий бошлайди. Набираси бир пиёла сув олиб келгач, дорисидан иккитасини ичиб олди. Хавотирланган келинига “пича чўзилай”, деб ичкарига кирди.
  Аммо ёта олмади. Тахмондан бувисидан қолган “Қуръон”ни олиб, авайлаб очди.
  Раҳматли онаси вафот этганида, Зоҳида шу китобнигина беришларини илтимос қилганди. Мана шунга ҳам беш йил бўлибди. Яхшигина илми борлиги учун қийналмай ўқийди, берилиб кетса кўзларидан ўзидан–ўзи ёш қуюлади. Саҳифалардаги илоҳий куч Зоҳидани тетиклаштирарди.
  Зоҳида илмни аввал бувисидан, сўнг онасидан олган. Етти маҳалла танийдиган Зоҳида отинни набираси элас-элас хотирлайди. Кичкиналигида тиззасига ўтказиб, қироат билан “Қуръон” ўқиб берадиган миқтигина кампир, ривоят, эртак ва достонларни ҳам қойиллатарди. Балки атайин, отин бўлсин деб ўз исмини қўйгандир унга. Эх, болалик... Қанчалик беташвиш, беғалва кунлар экан. Бувиси ўлганида беш яшар бўлган қизалоқ мана олти довондан ўтиб қўйибди. Отин бўлмади-ю, маҳалла манаман деган отиндан кам кўрмайди. Йиғинларнинг тўри уники. Палончининг невараси, писмадончининг қизи бўлиб сийланиб юрибди.
  Ҳаёт дархақиқат уларни яхшигина сийлаганди. Отасининг давлати туфайли бекаму кўст яшашади. Аммо Зоҳида қирқдан ўтгач, бир ўртоғига қўшилиб, савдогарлик ҳам қила бошлади. Хитойдан мол олиб келиб, улгуржи тарқатишарди. Бозорда ўз “точкаси” бўлиб, Зоҳиданинг ҳам, унга эргашган сингилларининг ҳам омадлари келди. Аммо мол-давлат билан бирга юрак санчиғи, унга қўшиб қон босиминини ҳам орттириб олди. Дўхтирни ёмон кўради. Қачон мазаси қочиб қолса, дори ичиб китоб ўқишга тушади. Ёмон туш кўрса, ё бирор нарсадан диққат бўлиб қолса ҳам шу китоб жонига оро кирар, қироат билан ўқий бошласа, дили ёришиб кетарди.
  Бу сафар мутолаа унмади. Кўзи тиниб, харфлар сувалашди. Деразадан мўралаб, “Бувижон тузукмисиз? Дўхтир чақирайми?”, - деган набирасининг овозидан бироз тетиклашиб:
- Хавотирланма, ҳозир ўтиб кетади. Аччиққина чой дамлаб бер! - деди-ю, ўрнига чўзилди.
  Яна хаёлларига берилди. Ҳаёти кино тасмасидай кўз ўнгидан ўта бошлади. Узоқ ўтмишга ҳам бориб келгандай бўлди.
  Бироқ хуруж бу сафар ўтиб кетмади. Вой, нима бўляпти? Бу сафаргиси қаттиқ ушладими? Дўхтир чақиртиришсинми? Оёғи ҳам увушиб, томир тортди. Тавба, аввал бунақа бўлмасди. Э Худо, ўлиб қолса-я?! Йўқ, энди олтмиш бешдан ўтди-ю!
  Ўлим ваҳимасидан қўрқиб, ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Тирсагига суяниб, ёрдамга чақирди. Ҳозиргина ташқарида куймаланиб юрган келин ошхона томонда шекилли, уй ичидан чиққан ожизгина овозни эшитмади. У икки қадамни аранг босди. “Эшиккка етиб олсам бўлди, кимдир кўриб қолади-ку”, - деган умидда очқичга қўл узатди, аммо мувозанатини сақлай олмай, гурсиллаб қулади...
  Узундан-узун қоронғу қувурдан ғувиллаб учиб бораётган Зоҳида нималар бўлаётганини тушунмасди. Булутлар тўла чексиз осмонда қуш янглиғ парвоз қилар экан, ўзида йўқ хурсандмиш. Боши ҳам енгил бўлиб қолдими?... Вой, нега яна орқага қайтяпти? Ерга, ховлисига тушяптими? Вой....вой жоним...
  Кўзини очганида қадрдон сўрисида ётарди. Ие, ҳамма жигарлари йиғилибди. Ана Маъмура, Машҳура, Манзума... Ранглари нега оппоқ? Кўзлари қизарган. Демак йиғлашган. Беморнинг ўзига келганидан ҳам хайратланиб, ҳам хурсанд бўлиб, яқинроқ сурилишди. Биринчи бўлиб, Машхуранинг овози чиқди:
- Э, ўзингга шукур, Аллоҳим! - у яқинроқ келиб опасининг рангпар кафтини юзига босиб шивирлар экан, касалдан ўпкаланди, - Қўрқитиб юбордингиз-ку, опа! Ҳаммани оёққа қўйдингиз, а?
  Бирпасда сўри атрофига ўғиллари, келинлари ва набиралари ҳам жам бўлишди.
  Ўҳ-ҳў, хаёлидан ўтди Зоҳиданинг, ҳаммаси тўпланибдими? Гоҳо ош дамлаб ҳам битта жойга йиғолмайсан. Мана бўларкан-у! Демак, уларни қаттиқ қўрқитган.
  Шундай бўлиб чиқди. Айтишларича, дўхтирхонада уч кун ётибди. Аллақандай аппаратларга улаб етмиш икки соат яшаши учун курашишибди. Эрталаб аппаратдан олиб, уйга рухсат беришган экан, олиб келаверишибди.
  Отинойи ҳам борми, каттакон кўзойнагини тақиб “Ёсин” ўқияпти. Ҳамманинг юзида ташвиш. Боя эшикка етмай йиқилганди-ку, қувурдан ўтиб, уч сонияча учди... Уч кунмиш?. Ҳеч қанақа касалхонага ҳам боргани йўқ. Нима деб алжирашаётганини тушунмади.
- Хайрият! – жилмайди Машхура.
  Зоҳида сингилларини кўриб қувониб кетди. Яхшиям онаси тўртта қиз туққани. Раҳматли дадалари Эргашбой ўғил кўрмади-ю, тўрт қизни ҳеч қайси ўғилдан кам кўрмай, катта қилди. Уларни па-палаб камолга етказди. Бирин-кетин куёв кўргач, уларни ўғил ўрнида кўриб сийлади. Қизларининг сепига солинган тилла тақинчоқлар яқин депарада ҳеч кимда бўлмаган. Улар эрининг топганини расамади билан сарфлаб, рўзғорни саранжом юргизган она туфайлигина бойиб кетишганди... Онаси...онаси...
  Зоҳида ғўлдираб, амаллаб тушини сингилларига айтиб берди.
  Улар ҳам ёқасига туфлаб, опани юпатган бўлишди:
- Э , тушга нималар кирмайди?
- Қолган тўрт бармоқлари жойида экан-ку, ҳарқалай. Мана сизни ҳам қайтиб бергани рост бўлсин!
- Ойим касал бўлиб қолишингизни айтмоқчи бўлганлар, холос, опа. Худога шукур, онамизни иззати билан эслаб юрамиз. Туғилган кунларида худойи қилдингиз. Мана Маъмура ҳам рўзада катта Хожичақирди қилиб, ойимга ҳамсафар бўлган ҳожиларни иззатини жойига қўйди. Машҳура болалари билан ота-онамизнинг қабрларини кўнгилдагидек қилиб таъмирлатди. Тўғри, биз ҳам қўшилардик. Бизга сюрприз бўлсин деб индамабди-да. Барака топсин!
  Тинмай сайраётган Манзуманинг ўзи ҳам ота-онасига йилда камида тўрт марта кампирчақирди қилиб турарди. Дастурхонга тансиқ таомлар тортилар, исми-расми ўрнига қўйиларди. Аммо унинг худойиси кўпроқ шоуга ўхшаб кетарди. Кампирчақирдига ташриф буюрадиган гапчилар маросимнинг расмий қисмини апил- тапил ўтказиб, сўнг мазза қилиб гаплашиб ўтиришарди. Айтганча, Дилбар кўринмаяптими?
  Зоҳиданинг кимнидир қидириб қолганини пайқаган жигарлари кўзига мўлтирашди. Ўгай сингилнинг исмини эшитгач эса, ошкора уф тортиб бош чайқашди:
- Опа, дарров ўшани сўрайсиз, а? Жонажон, қадрдонингиз-да, а?! Қадами қурсин ўшани, остонангизни ҳатлаганида йиқилган экансиз. Сизни йиқилиб ётганингизни у кўриб қолибди. Балнисада уч кун деразангиз тагида турди. Турса майли, опа. Как будто биздан ортиқроқ нимадир қила оладигандек нуқул ичкарига кираман дейди-я. Ахийри, ёнизга кирди. Биз ранимасияга микроб кирмасин дейишгани учунгина кирмаётгандик.  
  Дўхтирларнинг бошларини қотирган чоғи, ташқарига чиқариб юборишибди. Мана, хоҳласез, қўнғироқ қиламан.
  Маъмура шапалоқдек телефондан керакли рақамларни териб, сўнг овоз кучайтиргични босди. “Абонент рақами ўчирилган!”
- Эшитдингизми? Ҳар доимгидек ўчиқ. Уйига териб кўрсангиз, ҳеч ким кўтармайди. Ҳозир, кутинг, ўзи ҳам ҳовлиқиб келиб қолади.
  Сингиллари Дилбарникига умуман боришмасди. Фақат Зоҳида онасига ваъда бергани учун, ундан хабар олиб турарди. Бир қориндан тушганларига қараганда меҳрибонроқ синглиси унинг соясига кўрпача ташлашга тайёр. Зоҳида рўйхўшлик бермаса-да, ҳафтада бир “ассалому алайкум”, дея кириб келаверарди. Мева-чевами, хонадон тухумими, сумкасини лиқ тўлдириб илингани майли, сут-қатиқни ҳам елим идишга қуйиб, етмиш чақирим йўлдан ачитмай олиб келарди.
  Демак у келган. Касалхонага ҳам ўзи олиб борган.
  Аммо Зоҳида қачон охирги марта синглисиникига борганини эслай олмасди. Тахминича, икки йилча бўлди-ёв. Ўшанда Дилбар ишда экан. Қизи қувониб, кутиб олди. Холасини бувиси ётган кичик ҳужра томон бошлади. Холанинг ранги ўзгарди. Кескин бош чайқаб, шошаётганини баҳона қилди. У қачонлардир отасини йўлдан урган, ҳозир ўсал ётган кампирни кўришни хоҳламасди. Чеккадаги меҳмонхонада пича ўтирди. Диёра билан у ёғ, бу ёғдан гаплашди. Жуда ақлли-да шу жиянлари. Ўзлари иккитагина. Аъзамжон хозир Японияда. Ўз кучи билан ўқишга кириб, сўнг Токиодаги олийгоҳларнинг бирида магистратурасини давом эттиряпти. Диёра ўқувчи.
  Опа-сингиллар ичида энг камбағали ҳам шуниси. Тавба, отаси буларга ҳеч нарса қолдирмаганмикин? Қолдирган бўлса ҳам сарфлаб юборишганми? Чаққонгина Дилбар Зоҳидаларга ўхшаб бозорга чиқиб кетганида, миллионер бўлиб кетарди-ю, касал онасини кўзи қиймади. Кампир анчадан бери бир жойда. Уни ёш боладек авайлаб парваришлашади. Оғзига ёққан таомни пишириб, кўнглига қарашади. Фақат на Зоҳида, на бошқа қизлар ўгай онани бирор марта кўришмаган. Хоҳлашмасди ҳам.
- Мегажиннинг қизи! - вишилларди Машхура, Дилбар опалариникига келганида. Унинг эшитиб қолишидан ҳам истиҳола қилинмасди, - Бир вақтлар бойвачча дадамга ёпишиб, тегвогани учун ҳам ётибди-да ҳозир! Ростини айтсам, қизини ҳам кўргани кўзим йўқ. Раҳматли онамга ваъда бермаганимда, бир минут ҳам гаплашмасдим.
  Бас қил! Жим! Эшитиб қолади! - деган ишораларга парво қилмай, овоз яна бир парда кўтариларди.
  Ҳозир ҳам ғийбат ўша бир бурда кампирга бориб тақалди.
- Рост-да, опа! Ойим раҳматли шуларни деб сиқилиб, ўлиб кетдилар.
  Зоҳида бири қўйиб, бири сайраётган сингилларининг овозлари ичида хаёлга берилди.
  Дадасининг яна бир хотини борлигини айтиб “суюнчи” олгани кирган қўшни хотинни эслади.
  Ўшанда тинмай бидирлаётган аёл онасининг кўзини мошдай очиб қўймоқчи эди.
- Роса соддасиз-а, ўргилей! Аввал қийналиб, кейин базўр оёққа турганларинингни билмаганимда, бунчалик жоним ачимасди. Эр бермоқ, жон бермоқ оповси! Аввал сиздан бошқасига қарамасди-ку. Ўйнаши ҳам йўқ эди. Бойвачча бўлгач, топиб олибди-да! Қаттиқроқ ушанг, қоқиндиқ. Мана, сизга манзилини ҳам бераман. Боринг! Болаларингиз учун ҳам бориб, шармандаларини чиқаринг. Эрингизни...
  Аммо унинг йўриқлари чала қолди. Раҳматли онаси қўшни кутгандек уввос солиб йиғламади. Хабарни олгач, таксига ўтириб, керакли манзилга йўрғаламади. Фақат хабарчининг оғзини ёпди:
- Бас! Ахир, болалар эшитиб қолади! Қолаверса... Қолаверса, бу мен учун янгилик эмас. Кундошим борлигини биламан.
- А!
- Ҳа! Нега анқаясиз, биламан дедим-ку! Умар акамнинг уйланиб олганини билардим...
  Хабарчининг энсаси қотди. Янгилик билан узиб оламан, мабодо йиқилиб қолса суяб қоламан, деб текин томошага чиқса-ю, бу ахмоқ эрининг бошқа хотини борлигини бамайлихотир гапириб ўтирибди-я!
  Ўшанда уйда фақат онаси ва Зоҳида бор эди. Қўшни чиқиб кетгач, қизи яхшигина тўполон кўтарди. “Дадам келса мендан кўрадилар!”, деб уввос солди. Аммо онаси қизини юпатди. Сингилларига ҳеч нарса демасликни тайинлаб, ваъдасини ҳам олди:
- Қизим, дадангни хафа қилма, хўпми!? Балки ўғил кўриш мақсадида яна уйлангандир? Бу ҳақда билишимизни билдирмайлик.
  Зоҳида ойисининг кўкрагига бош қўйди. Унга қулоқ солгиси, “Хўп бўлади ойижон” дегиси келди-ю, эплай олмади;
- Ойи, сиз ростданам жуда соддасиз! Нега энди биров унга тегиб олаверади? Ахир йигирма иккига кирдим, энди бола эмасман! Сиз эса хали ёш, чиройлик бўлсангиз! Қўшнимиз тўғри айтади. Бир сўмга зор бўлганимизда йўқ эди ўйнаши. Қаерингиз кам ўша қанжиқдан!
  Бироқ аламлар, ҳақоратлар охирига етмади. Ўнг юзига тортилган тарсаки чунонам жарангладики, қиз бечоранинг юзи лавлагидек қизариб кетди.
- Хақоратлама! Э, нодон қиз! Ўз отанг хақида бўлмағур нарсаларни гапиришингни хоҳламайман. У аёл хақида ҳам.... Дадангни аввалгидек ҳурмат қиласан!
  Шу билан бу мавзуга нуқта қўйилди.
  Эрининг у аёлдан фарзанд кўрганини ҳам онаси мардона қабул қилди. Фақат ўғил туғилмаганига бироз хафа бўлди.
- Ажаб бўлсин! - деди Зоҳида онасига парво ҳам қилмай. Баттар бўлсин! Ўғил туғиб, дадамни ўзига оғдириб олмоқчи эди, бўлмабди-да. Шунақа, бировнинг бахтсизлиги ҳисобига бахтиёр бўла олмайди!
  Аммо онасининг фикри бошқача эди. Бир куни жуда ғалати иш бўлди.
  У вақтда Зоҳида турмушга чиқиб, уйга ойда бир келарди. Ҳар сафар ойисининг кўзига қараб, нималар хақида ўйлаётганини, хафа ёки хафа эмаслигини билишга ҳаракат қиларди.
  Ойиси қаергадир кетаётган экан, қизини бирга бориб келишга ундади. Зоҳида “жоним билан” деди-ю, қаерга боришларини билиб, орқага тисланди.
- Ойи, жиннимисиз? Энди бир камингиз кундошингизникига боришингиз қолганди.
  Ойиси майин жилмайди. Қизига:
- Ёмон аёл бўлса туғиб бермасди. Демак, болажонгина экан. Умри зиёда бўлсин! Даданг шу жувонни топганига ҳам хурсандман. Қара, оиладан юлиб олмади. “Хотининг билан ажрашмасанг, кунингни кўрсатаман”, - демади. Камтаргина, ўзимга ўхшаган оддийгина аёл экан. Борсам, ўтиргизгани жой топа олмайди, бояқиш... Бежиз кўнгил қўймаган отанг...
  Зоҳида баттар ҳайратланди:
- Нималар деяпсиз, ойи? Демак сиз биринчи марта боришингиз эмас!. Ғалати хотинсиз! Ким эрига тегвоган хотинни сийлаб, борди-келди қилади?
  Она қизига аҳамият ҳам бермади.
  “Мен! Мен борди-келди қиламан”, - деди-ю, тугунини кўтариб, чиқиб кетди.
  Кейинчалик билишса, онаси Дилбар туғилганида-ёқ кундоши билан кўришган, у билан опа–сингил бўлиб кетган экан. Фақат қизлари бундан бехабар эди. Кундоши бошқа тугмади. Отаси ҳам ўғилсиз ўтиб кетаверди. Фақат ўлимидан аввал Дилбарни етаклаб, уйга олиб келди. Тортинчоқ, ҳуркаккина қиз экан. Опалари туртиб, суртишди-ю тил топишиб кетишди. Тўғрироғи, онасининг ўзи “Шу сизларнинг синглингиз. Мен боримда ҳам, йўғимда ҳам қаторларингизда бўлсин!”, - деб катта- кичик жанжалларга нуқта қўйди. Дилбарни қабул қилишди. Бироқ онаси барибир бегоналигича қолаверди. Ҳаттоки қандай аёл эканини ҳам билишмайди.
  Шуларни ўйлаб ётган Зоҳиданинг ярқ этиб кўзлари очилди. Ҳаммани ҳайрон қолдириб, ўрнидан сакраб турди.
  Ўлим тўшагидаги одам бирданига туриб кетса ғалати бўлар экан. Дам солиб ўтирган отинойи ҳам чўчиб тушди. Зоҳида калишини топа олмай, бироз хуноб бўлди. Довдираб қолган набираси олиб чиқиб берган меҳмонлик ковушни оёғига илиб, кўча томон йўналди. Анграйиб қолган сингилларини ҳам қўзғотди:
- Туринглар, бир жойга ўтиб келишимиз шарт!
  Довдираб турган сингиллар сўридан тушишди. Беҳол опанинг йиқилишидан қўрқиб, қўлтиғидан олишди.
- Қаёққа? Қаёққа борамиз, опа?
- Маззангиз йўқ-ку! Жуда зарил жой бўлса, айтинг, биз бориб келамиз.
- Опа...
  Зоҳида шалвираб ётган танасига куч қаёқдан келганини билмади. Сингилларига қараб жилмайиб, бош бармоғи билан “Зўрман!” ишорасини қилди-ю, йўл бошлади.
  Машинага ўтириб, бозорга тушишганида ҳам, патир, қовун-тарвуз, майда-чуйда олишаётганида ҳам сингиллар журъат қилиб қаерга кетишаётганини сўрай олишмади. Фақатгина шаҳар ташқарисидаги катта йўлга чиқиб олишганида, опа муддаога кўчди. Сингиллар шайтонлаб, эътироз билдиришди. Машинани тўхтатиб, тушириб қўйишларини, акс холда эшикни очиб, ўзларини ташлаб юборишларини ҳам айтиб қўрқитишди. Бироқ Зоҳиданинг ҳукми жаранглаб, бу тўполонга чек қўйди.
- Борамиз! Мен борманми, йўқми, у жигарларинг!
  Тавба, гўё опа эмас, раҳматли оналари гапиргандек уччовиининг уни ўчди.
  Манзилга етиб боришганида, тиккага келган кун ҳам кулиб турарди. Зоҳида машинадан тушиб, енгил ҳаракатлар билан кичиккина дарвоза табақасини итариб, ичкарига дадил қадам ташлади. Қолганлар унга эргашишди.
  Сингиллари бирор марта ташриф буюрмаган ҳовли чоғроқ бўлса-да, шинамгина экан. Кўнгиллар ёришиб кетди.
  Ичкаридан овоз бергувчи кутилмаган меҳмонларни кўриб бир муддат эсанкираб қолди. Сўнг уларга пешвоз чиқиб, айланиб-ўргилиб, йиғлаб-йиғлаб кўришди. Меҳмонхонага чорлади. Зоҳида қатъий бош чайқади ва ҳаммани ҳеч қачон киргиси келмаган кичик ҳужра томон бошлади...
  Бу кун бошқача, жудаям бошқача бўлди. Ўғил-қиз, келин, набиралар ҳам айтилган манзилни топиб келишди. Токиога қўнғироқ қилиниб, Аъзамжон билан гаплашмаган одам қолмади. Хуллас, ҳамма жамулжам, катта қозонда ош дамланди...
  Кун қорая бошлаган, бироқ меҳмонлар тарқалай демасмади. Опа-сингилнинг гапи тугамас, неча йиллардан буён кўзлари йўл қараб хира тортган она эса қизларининг бўйи-бастига қараб, яйраб ўтирарди...

2009 йил










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот