ШУКРОНА


Ўқинг: ибратли ривоятлар 

ШУКРОНА

   Ўзининг кўраётган ҳар бир кунига шукроналар айтиб яшаш – бу хислат ҳаётда бахтли бўлиб яшаш билан чамбарчас боғлиқ.
   Бир ривоятда айтилишига кўра, беҳад даражадаги камбағал одам ўз болаларини боқиш учун турли хил ишларни қилар экан. Шунинг учун ҳам ҳар куни ўз ҳаётидан бетиним нолиб юраркан. Турли-туман қийинчиликлар уни ўзининг гирдобига тортиб енгиб бораётганини айтиб, кўзларига ёш олар экан. Шундай бўлса-да, аҳволи сира ҳам ўзгармас экан. Унинг жуда қийналиб кетганини кўрганидан кейин бир бой инсон раҳми келиб, ўша камбағалга катта олмосни берибди. “Бу олмосни бозорга олиб бориб сотгин. Унинг пули сенга ва болаларинг умрининг поёнига қадар етади”, дебди. Лекин, ландавур киши олмосни йўлда йўқотиб қўйибди. Сўнг яна аввалгидек нолиш ва оҳ-воҳ қилишда давом этаверибди. Донишманд унга яна битта олмос берибди. Камбағал киши бўлса уни ҳам йўқотиб қўйибди. Тағин нолишда, дод-вой ва оҳ-фиғон қилишда давом этаверибди. Донишманд эса унга учинчи тошни совға қилибди. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, ўша қашшоқ кимса учинчи олмосни ҳам аввалгилари каби йўқотиб қўйибди.
   Шунда донишманд унга қарата: “Аллоҳдан ўзинг сўрамасанг бўлмайди шекилли. Мен сенга кўмак бермоқчи бўлдим. Бироқ, сенинг ўзинг мен берган ёрдамни қабул қила олмадинг”, дебди. 
   Камбағал одам чўлда қийналиб терган, тўплаган чўпларини, ўтинларини ҳам йўқотиб қўйибди. Кейин эса уларни қидиришга тушибди. Узоқ вақт қидирганидан сўнг қараса, унинг чўплари бир катта дарахтнинг тагида ётганмиш. Ўша дарахтнинг тепасида эса лайлакнинг уяси бор экан. Камбағал киши минг машаққат билан ўзи тўплаган чўпларини кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлиб кетибди.  Умрида биринчи маротаба қўлларини очиб, жуда баланд овоз ила: “Аллоҳга шукр!” деб шукроналар айтиб юборибди. Дарахтнинг тепасидаги лайлак ушбу овоздан чўчиб, қимирлаб кетиб, уясидан учта қаттиқ нарсани ерга тушириб юборибди. Камбағал киши бориб қараса, ерда учта олмос тош ётган экан. Кейин билибдики, ўша лайлак у кўчада йўқотиб қўйган қимматбаҳо тошларни ўз уясига олиб борган экан. Ана шундан кейингина камбағал киши бундан буёғига мутлақо нолимай, оҳ-воҳ ва дод-фарёд қилмай ўз ҳаётини сабр-тоқат билан шукрона айтиб кечирадиган бўлибди. 
   Ушбу ривоятнинг асл маъноси шундан иборатки, коинот ҳам худди ойнага ўхшайди. Биз нимани айтсак, кўрсатсак у ҳам худди шуни акс эттиради-да. Коинотда бир қонун мавжуд. Бу ҳам бўлса тортишиш қонунидир. Агар одам мавжуд ҳаётдан ҳар доим нолиб яшагудек, янадаям аниқроғи бир амаллаб ўз кунини кечирадиган бўлса, ўша нолийдиган ҳодисаларниям ўзига аста-секин тортиб, сўриб ола бошлайди, ўта оғир юкни кўтаришга мажбур бўлади. 
   Хурсанд бўлиб, миннатдорлик билдириб ва Шукрона айтиш эса ҳаётда ниҳоятда катта яратувчи кучларни келтириб чиқаради. Ўзингиз ҳам бир фараз қилинг-чи, пешона тери тўкиб, роса кўп меҳнат қилдингиз. Агар ўзга инсонлар Сизни сал-пал мақтагудек бўлишса, тушкун кайфиятингиз ҳам кўтарилади. Чарчоқларингиз ҳам буткул эсдан чиқиб кетади. Ҳаётдаги содир бўлаётган турли-туман ҳодисаларга ҳам худди шундай тарзда қарашимиз даркор. 

Бахтиёр ИСОҚОВ

   Муаллиф ҳақида маълумот: НамДУ Ижтимоий-иқтисодий факультети Археология кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Робиддинович ИСОҚОВ – 1958 йилда Янгиқўрғон туманининг Паромон қишлоғида шоир, муаллим ва мураббий Робиддин ИСҲОҚОВ (1927 – 1989) оиласида дунёга келган. 1980 йилда ТошДУ (ЎзМУ)нинг тарих факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1986 йилда Қозон давлат университетида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 400дан зиёд илмий, илмий-услубий ҳамда 900га яқин илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинган.
   Унинг “Этнография амалиёти”, “Бунёдкор ғоялар”, “Ўз уйингни, ўз юртингни ўзинг асра!”, “Жамият тараққиётининг асоси”, “Зиёлилик масъулияти”, “Тараққиётнинг қудратли қаноти”, “Анъаналарни абадиятга айлантирган айём”, “Бош қомусимиз – ор-номусимиз”, “Наврўз – мустақиллик берган неъмат”, “Сарбаланд сиймоларнинг соҳир сабоқлари”, “Башариятнинг боқий байрами”, “Маънавият – тараққиёт мезони”, “Мустақиллик – муаззам масъулият”, “Тараққиётнинг табаррук тимсоллари”, “Истиқлол – истиқбол ибтидоси”, “Ҳурриятнинг ҳуқуқий ҳимоячиси”, “Оила – жамиятнинг юраги”, “Умр зиёси”, “Тарих – тарбия таянчи”, 4 жилдлик “Ўқинг: ибратли ривоятлар”, “Манфаатлар мувозанати муаммоси” (1 – 2- жилдлар), “Муҳаббат” (эссе), “Тўйлар – тарбия мактаби” сингари 25дан зиёд китоб, ўқув ва услубий қўлланмалари, рисолалари босилган.
   2001 йилда “Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги” эсдалик нишони ва 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот