Ҳар бир инсон авваламбор ўз оёқлари билан юрганига, кўзларимиз бу ёруғ оламни кўрганига, миттигина юрагимиз уриб турганига, қўлларимиз ҳаракатда бўлганига, тани-жонимиз соғлигига шукр қилишни билишимиз лозим.
Бугунги кунда қаёқдаги ҳою ҳавасли тўйларни, дабдабани деб, қарзга ботиб, бир парча ер учун оға-инилар ёқаларини вайрон қилишаётгани, туғишганлар эса меросни деб жанжаллашаётгани, юзкўрмас бўлиб кетаётганлигини нима деб таърифлаш мумкин. Бу ношукрлик эмасми?
Жаҳонни зир титратган Искандар Зулқарнайн ҳам чин дунёга кетаётганида қўлини тобутдан чиқариб қўйишган экан. Бунинг маъноси “ҳеч ким у ёққа ҳеч нарса олиб кетолмайди” деганидир.
Мен бир қизни билардим. У пойтахтимизнинг Учтепа туманида яшарди. Исми Мунира эди. Афсуски у ҳозир орамизда йўқ. Бироқ унинг қилган яхшиликлари, эзгу ишлари ҳамон давом этяпти.
Мунира аслида болаликдан ногирон бўлиб туғилди. У нимжон ва жуда кичкина эди. Аммо ота-онаси уни даволатиш учун олиб бормаган шифохонасию табиби қолмади. Туғма ногиронларни даволаш қийинлиги сабаб Мунира кейинчалик тақдирига тан берди. Аммо у “Мен ногиронман” дея уйида ўтириб қолмади. Тенгдошлари қатори мактабда ўқиди. Илм олди. Жамоат ишларида фаол қатнашди. Мактабни тугатгач, тўқувчиликни ўрганишни ихтиёр этди. Шунинг учун фабрикага борди.
Аввалига уни фабриканинг бош раҳбари ишга олишни пайсалга солди. Чунки тенгдошларидан анчагина жуссаси кичик, бўйи ҳам пастгина бу қизга дастгоҳни қандай қилиб ишониб топшириш мумкин, деган ўйга толди. Ҳаттоки унинг бўйи тўқув дастгоҳига ҳам етмасди.
Бироқ тиришқоқ Мунира бошлиқнинг кўзларидан, қарашларидан бу саволни аллақачон ўқиб олганди. Шуниг учун дадиллик билан деди:
— Мени синов муддати билан ишга олинг. Агар ишни эплаб кетсам, ишга қабул қиласиз. Уддалай олмасам, сиздан ҳеч қачон хафа бўлмайман.
Раҳбар бу қизнинг шижоатини, бийронлигини, дадиллигини кўриб, уни синов муддати билан ишга қабул қилди.
Катта столлар устига қўйилган тўқув дастгоҳига ростдан ҳам Муниранинг бўйи етмади. Аммо у ишдан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмади. Иш ўргатувчига қараб деди:
— Илтимос, менга битта стул топиб беринг. Мен унинг устига чиқиб тўқийман.
Мунира тиришқоқлик билан тўқишни ҳам ўрганиб олди. Унинг ишга чанқоқлиги, лаёқатлиги раҳбарни қойил қолдирди.
Орадан бироз вақт ўтгач, Мунира ҳам худди шундай тўқув дастгоҳи сотиб олиб, ўзига ўхшаган ногиронларга тўқиш сирларини ўргатишга бел боғлади.
Ишлаган пулларини тежаб, иқтисод қилиб, унга ногиронлик нафақасини ҳам қўшиб, шундай дастгоҳ олишга эришди.
Бу орада унинг ота-онаси ҳам вафот этишди. Мунира бу айрилиқни фақатгина меҳнатлари орқасидан енгди. Опасининг етим қолган иккита қизини ҳам ўз бағрига олди. Меҳр билан бошини силади.
Ўз уйида тўқув ишларини олиб бориб, етмишга яқин шогирдлар етиштирди. Аммо у ҳеч қачон ногиронлигидан афсусланмади, ношукрлик қилмади. Фақатгина Яратганга шукроналар айтиб, ногиронларнинг келажакда ўз ўрнини топишга кўмаклашди.
Бугунги кунда унинг шогирдлари ўз уйларида Муниранинг бошлаб қўйган ишларини зўр иштиёқ билан давом эттираяпти. Шунинг ортидан рўзғорини тебратаяпти.
Мунира ўша пайтда елиб-югуриб, ҳокимдан илтимос қилиб, “Меҳр-мурувват” маркази очишга муваффақ бўлди. Унинг имконияти анча кенгайди. Уйда ўтириб қолган ногиронларни ҳаракат қилишга, меҳнат қилишга чорлади. Уларнинг кўнгилларини кўтариш учун ҳар хил тадбирлар уюштирди. У доим одамларни эзгу йўлга бошлайман, дея елиб-югурди. Ҳеч қачон нолиш нималигини билмади.
Бешафқат дунё уни орамиздан олиб кетди. Унинг вафот этганига ҳеч ким ишонмади. Чунки у учтепаликларнинг тоғдек суянган суянчи, дардкаши, сирдоши эди. Унинг шогирдлари, ишининг давомчилари орамизда ҳамон Муниранинг борлигини, руҳи бизни кузатаётганини ҳар лаҳзада эслатиб туради. Тўқиган кийим-кечаклари эса “Меҳр-мурувват” марказининг бурчагини безаб турибди...
Донишмандларимиз бежизга “Кавшсизликдан хафа бўлмагил. Оёқсизларга қараб шукр қил” дейишмаган. Ён-атрофингизга қараб, ўзингизнинг соғ-саломат эканлигингизга шукроналар айтсангиз камлик қилади.
Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарида шундай дейилади: “Мен ҳеч қачон давр жабр-жафосидан шикоят қилмаган эдим, лекин бир марта нолидим. Ўшанда оёқяланг қолиб, ковуш сотиб олишга ҳам қодир эмасдим. Қаттиқ ўксиниб юрган кунларимнинг бирида пешин намозини ўқиш учун Жомеъ масжидига кирдим ва у ерда оёқлари йўқ бир одамни таҳорат олаётганига кўзим тушди. У шу ҳолда ҳам лаблари пичирлаб, Аллоҳга сажда қиларди. Шунда мен ношукр банда ўзимдан ҳаё қилдим. Шукр қилишим лозимлигини тушунганим ҳолда ковушсизлигимга ҳам сабр этдим”.
Халқимизда бир нақл бор “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил”. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Инсон токи боши деворга урилмагунча тирикликнинг, тинчликнинг қадрига етмайди. Аслида ён-атрофимизга қараб, ҳамма нарса ўткинчи эканлигини, инсонлар ҳам бир-бирларига ғанимат эканлигини билиб, бу дунёда меҳмон эканлигимизни, шунинг учун ўтаётган ҳар бир кунимизга шукр қилишимиз лозимлигини англадим. Шу ўринда бир шоирнинг қуйидаги сатрлари ёдимга тушди:
Шукрона айт аввал парча нон учун,
Сўнг қултум сув учун шукрона такрор.
Чунки бу оламда яширмоқ нечун,
Сенга шуларни ҳам кўп кўрганлар бор.
Хонбиби ҲИММАТ қизи