Илмли минг йил яшар
Ҳадисларда ёзилишича, ҳар куни ота-онангизни зиёрат қилсангиз, сиз учун Жаннатнинг икки эшиги ҳам очиқдир. Агар бирини зиёрат қилсангиз, Жаннатнинг бир эшиги очиқ, дейилади. Демак, фарзанд ота-онадан ҳол-аҳвол сўраб турмаса, Жаннат эшиги унинг учун ёпиқдир.
Юртимизда ота-онасининг дуосини олиб яшаётган фарзандлар кўп. Шулардан бири, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида истиқомат қилаётган Муҳаммадназар ака ва Малоҳат опа Умбаровлар оиласидир.
Оила сардори Муҳаммадназар акани кўпчилик оддийгина қилиб "Маҳмуд ака" дейишади. Шуниси маъқул, кўнгилга яқин бўлса керак-да! У киши Сурхондарё вилоят ИИБсининг тергов бўлими бошлиғи, вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси ва прокурор лавозимларида ишлаб келганлар. Бугунги кунда эса нафақада, аммо уйда ҳам тинчгина ўтиролгани йўқ. Ҳуқуқий маслаҳатчи ва адвокатлик ишлари билан машғулдир.
- Отам Умар Абдураҳмон ўғлини Сталин даврида ноҳақдан-ноҳақ қулоқ қилиб узоқ юртларга жўнатиб юборганлар. Биз кўзларимизда ёш билан ортидан бўзлаб қолганмиз. Ўша пайтда қишлоғимизда жуда кўпчилик отасидан жудо бўлиб қолганди. Ўшанда бундай ноҳақликка чидай олмай, ўз-ўзимга "Катта бўлсам, терговчи бўламан. Одамлар ноҳақдан-ноҳақ сургун бўлмайди. Ҳамманинг отаси ўз уйида бўлади", дея сўз берганман.
Биз анча вақтгача отамиз меҳридан, ғамхўрлигидан бенасиб бўлдик. Хрушчев даврида эса отамизни оқлашди. Хайрият, отамиз уйимизни тўлдириб кириб келдилар. Қувончимизни сўз билан ифодалаш қийин. Узоқ йиллик айрилиқлардан сўнг дийдор кўришдик.
Отам дунёвий ва исломий илмларни яхши билардилар. Сургундан қайтгач, Имом ат-Термизий масжидида имомлик қилиб, одамларни фақатгина яхшилик ва эзгулик ишларига чорладилар. Бизларни эса ҳалол бўлишга, тўғрисўзликка, меҳнат қилишга ундади. Тоғам Чори Жўраев Сурхондарё ва Наманган вилоятларида прокурор бўлиб ишлаганди. Уларга ҳавасим келарди. Вафот этгач, ўзи туғилган, яшаган Шерободдаги кўчалардан бирига номини қўйишди.
Отам раҳматли бир ривоятни бизларга қайта-қайта айтиб берардилар.
"Ривоят қилишларича, мусулмонлар халифаси Хорун-ар Рашид халқ ҳаётини ўрганиш учун фақирона кийиниб, бозорга тушибди. Бир қассобдан қўй сотиб олиб, ундан неча кило гўшт ва ёғ чиқишини сўрабди. Қассоб қўйни чамалаб, 14 кило гўшт ва 4,5 кило ёғ чиқишини айтибди.
Уйга қайтгач, уни сўйдиришса, ҳақиқатдан ҳам қассоб айтгандек чиқибди. Халифа ўша қассобни топтириб келиб, ундан дунёвий ва диний илмлардан сўрабди. Қассоб жавоб беролмабди. Чунки у бундай илм олмаган эди.
- Эй қассоб! Қани сенда ватанга муҳаббат, халқингга муҳаббат! Наҳот ҳалол ва ҳаромнинг фарқига етмасанг? - дебди халифа.
Кейин жар чақиртириб, қассобни дунёвий ва диний илм олмагани, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормагани учун бошқаларга ибрат бўлсин деб остирмоқчи бўлибди. Эртаси куни халифа олдига икки ёш йигитча кириб келибди. Уларнинг одобини кўрган халифа "фарзандинг шундай бўлса" деб қўйибди. Йигитчалар "Отамиздан сўралган саволларни биздан сўранг!" - дейишибди.
Халифа йигитчаларни узоқ саволга тутиб, уларнинг зеҳни ва илмига қойил қолибди.
- Эй муҳтарам жамоа! Бола - лой, ота ва она кулол эмасми? Бола онадан ўғри, қотил ёки алдоқчи бўлиб туғилмайди. Уни тарбияловчи ота-она ва ташқи муҳитдир.
- Отамизга чиқарган ҳукмни отамизга эмас, унинг отасига чиқариш керак эди. Отамиз ўзи илмсиз бўлса ҳам, бизни шунчалик илмли, маърифатли бўлишимизга шароит яратди. Отамиз таҳсинга лойиқдир, - деди қассобнинг катта ўғли.
Халифа узоқ сукут сақлаб деди:
"Вазирим сен истеъфога чиқ. Шу йигитча менга вазир бўлсин. Қассобни эса устига зарбоп тўн ёп, бу элга ибрат бўлсин. Чунки бизнинг келажагимиз - фарзандларимиз. Бола тарбиялашдаги олижаноблиги учун қассоб шунга лойиқдир. Қассобнинг отаси тирик бўлса, олиб келинг, ўлган бўлса, гўрига ўттиз дарра уринг. Отаси унга қассобчиликдан бошқа нарсани ўргатмагани учун", дебди.
Қиссадан ҳисса шуки, фарзандларимизни ўқимишли қилиш ота-оналарнинг вазифасидир. Турмуш ўртоғим Малоҳат жудаям кўнгли бўш, раҳмдил, шоира аёлдир. У аввалига "Саодат", "Гулистон" журналларида журналистлик қилди. Кейин бу ердаги вилоят ўлкашунослик музейида бўлим мудири бўлиб ишлади.
Бешта фарзандимиз бор. Музаффар - журналист, "Ҳамшира" журналида бўлим муҳаррири, Моҳигул - чевар, Мавжуда - уй бекаси, Мақсуд - бўлажак журналист, ҳозирча талаба, Мажид - 2-синф ўқувчиси.
Ўзим нафақада бўлсам ҳам ҳанузгача кимдир эшигимни қоқиб маслаҳат ёки ёрдам сўраб келишади. Ҳеч қачон уларни ноумид қайтармайман. Кимларгадир кераклигингни ҳис қилиб яшаш ҳам бахт экан.
Муҳаммадназар ака билан суҳбатимиз бироз чўзилди. Асосийси, бахтли оиланинг сардори ҳанузгача одамларнинг ҳожатларини чиқараётганини англаб, хурсанд бўлдим.
Хонбиби МАҲАМОВА. 2007 йил.
Манба: "Оила тилсими" газетаси.