КАРОМАТ
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
КАРОМАТ
Ҳикоя
Танлаётганимиз қаҳвахона-ю, талаб “биттада – тўрттаси” тарзида эди:
– Ҳам арзон... ҳам овқатлари зўр... ҳам ароқлари тоза... ҳам хизмати шоҳона бўлсин!
Шошиб чиқиб кетаётганимиз маҳал шартнинг бешинчиси ҳам янграб қолди:
– Алоҳида зали бўлсин!
Шуниси энди ортиқча-ёв. Ҳар қалай, рўйхат бўйича бор-йўғи саккиз киши бўлсак, ҳа, ана, “хўжайин”нинг хўжайини уч киши бўлиб ташриф буюрар, тўртта бўлиб. Шундаям битта зални тўлдиролмаслигимиз аниқ. Аммо нима ҳам қилардик, топшириқ ўз номи билан топшириқ-да. Устига-устак, раҳбарнинг истаги муҳокама қилинмайди, қўл кўкракка қўйилганча, ним эгилган кўйи “хўп бўлади!” дейилади ва... ошиғи билан адо этилади.
Хуллас, тафсилотларни тушириб қолдирадиган бўлсам, хоҳиш ва чўнтакка яраша бир емакхона топилди. Ўзиям шундоққина шарқираб оқаётган катта ариқ бўйида, кўкка бўй чўзган адл дарахтлар бағрида денг, атай буюртма қилингандай, йигирма кишига мўлжалланган алоҳида кабинети ҳам бор экан.
Янги раҳбаримиз Жонузоқ телефонда гаплашган маҳали ҳам эгилиб турадиган суянчиқ-валломати – ҳақиқий амалдорларга хос басавлат, энли қизил бўйинбоғ таққан, қуёш кўрмайдиган юзи бўрдек оппоқ Фатхиддин Садриддинович бир соатча кутдириб бўлса ҳам, ҳар нечук, илоннинг тилидай ингичка жигарранг бўйинбоғли (ўхшатмагунча учратмас деганлари шу-да), юзининг чап томонида тиртиғи бор биткўз ҳайдовчиси билан ошёнимизга қадам ранжида қилди. Ўшангача дамо-дам қўл телефонининг соатига кўз ташлаб олаётган Жонузоқ асабийлашиб, устма-уст сигарет тутатди, биз эса ҳали очилмаган дастурхондан кўзимизни опқочган кўйи, егуликларнинг ёқимли ҳиди боис беихтиёр ишлаб кетган сўлак безларимизга қарши аёвсиз курашган кўйи,”қулт-қулт” ютинганча йўлга маҳтал тикилиб ўтиравердик.
Фатхиддин Садриддинович “Вассалимнинг вассали – менинг вассалим эмас”, деган ақидага қатъий амал қилади чоғи, бизнинг қуюқ саломларимизга нисбатан енгил бош ирғаб қўйиш билан кифоялангач, ер юзида шундоқ бандалар ҳам мавжудлигини унутгандай, юмшоқ курсига қулайроқ жойлашиб олди-да, фотиҳа маъносида бармоқларини юзига сийпаш асносида сўрашишни ҳам насия қилган кўйи, садоқатли шогирдига қараб сокин улуғворлик ила садо берди:
– Вақт зиқроқ.
Беихтиёр лабим жийрилиб кетаётганини сезиб, тишимни тишимга босдим, илло, маҳобатли гавдадан мен ишониб кутган даражада гумбурлаган эмас, аллақандай ингичка, ҳаттоки... узр-у, хотинчалиш овоз чиққанди.
Бу писандани эшитган шогирд деганлари типирчилаб қолди-ку: ҳовлиқиб нон синдирган, ликопчаларни валломати томон сурган, титраб-қақшаб, дастурхонга тўкиб чой қуйган... Хайрият, йигитлар давра кўриб юришган эмасми, дарҳол бу борада ташаббусни қўлларига олишиб, Жонузоқнинг мушкулини осон қилишди.
Фатхиддин Садриддинович ароқ ичмас экан, коньякдан оз-моз нўш этиб тураркан. Бўғриқиб кетган Жонузоқнинг “Биринчиси билан иккинчисининг орасидан қил ҳам ўтмаслиги керак” деган анъанавий таклифига кўра иккинчи қадаҳлар ҳам бўшатилди. Шундан кейингина қадрли меҳмонимизнинг юзида ҳаёт аломати сезилди: озгина қизил югурди, Жонузоқ ҳам сал ўзини босиб олиб, титраб-қалтирашни камайтирди.
Бунақа давраларга боравериб ўрганиб қолганми, нима бало, Фатхиддин Садриддиновичнинг биткўз ҳайдовчиси ҳеч ким билан иши бўлмай, дастурхон бошида ёлғиз ўзи ўтиргандай иштаҳа била тановулга киришганди. Унга ҳавас билан қарадим. Тез овқат чайнаётган маҳали биткўзнинг юзидаги тиртиғи худди калтакесакнинг узилиб тушган думига ўхшаб иланг-биланг қиларкан. Буни кўриб кулгим келди, бироқ суқим кириб қолмасин, деб, дарров кўзимни олиб қочдим.
Сал нафси ором олган шекилли, курси суянчиғига ястанган Фатхиддин Садриддинович давра аҳлига андак норозилик билан, ўсиқ чап қошини чимирган кўйи назар ташлади. Шу аснода бизга хизмат кўрсатаётган, ора-сира келиб “Камчиликлар йўқми?” деб сўраб кетаётган йигирма беш ёшлардаги, озғингина, оқ юзли официант қизга ҳам танқидий қараб қўяркан:
– Гендер ҳуқуқларига амал қилинмадими? – деб сўраб қолса бўладими.
Жонузоқнинг оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди; бечора қўлидаги чала ғажилган товуқ оёғини нима қилишни ҳам билмай каловланарди. Алоҳа, бу нозик қочирим маънисини раҳбар англамаганини сезди-ёв, муовин тавозе ила изоҳ берди:
– Ходимларимизнинг деярли ярми хотин-қизлар. Биз уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини...
Аммо Фатхиддин Садриддинович ходималарнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида маъруза эшитишни истамади чоғи, изоҳнинг биринчи жумласи билан қаноатланган кўйи даврага истеҳзо ила ишора қилди:
– Кўриниб турибди...
Бу сафарги пичинг-қочирим анчайин яланғочроқ бўлдими, ҳайтовур, недир иддаони илғади шекилли, бирдан ранги бўзариб, кўзлари ола-кула бўлиб кетган Жонузоғимиз жон аччиғида, нажот излагандай ён-верига аланглади. Бироқ стол атрофида фақат ўз ҳамжинсларини кўргач, қуйи лабини қаттиқ тишлаган кўйи бужмайиб қолди, назаримда, пешонасидаги ажинлари бирдан чуқурлашгандай бўлди.
Фатхиддин Садриддинович деганлари бировнинг қусурини кўриб қолса, юзинг-кўзинг демай писиллатиб отишга уста чоғи, навбатдаги зарба ҳам ўзини кўп куттириб қўймади – бир неча ликопчани янгилаган официантка кабинадан чиқиб кетаётган маҳал одатига кўра:
– Камчиликлар йўқми? – деб сўраганида, раҳбаримизнинг раҳбари нечукдир норозироқ тарзда, жеркиброқ сас чиқарди:
– Камчиликлар етарли.
Бу сафар ўзимизни нейтрал иштирокчилар, “фон” сифатида ҳис этиб ўтирган биз ҳам гарангсиб қолдик: баайни маҳорат ила оғзидан олиб ёқасига ёпиштирилган сўз ўйинидан кулайлик десак, писанданинг оҳанги кескинроқ; ҳеч нима эшитмагандай жимгина овқатланаверайлик десак, яна ноқулай: бизнинг бу ҳаракатимиз, тўғрироғи ҳаракатсизлигимиз “Сенинг гапинг – менинг фалоним” тарзида қабул қилинмасмикан...
Шунақанги нозик вазиятларда кичик бошлиқларнинг жонига тўзим берсин-да!
Жонузоқ – ҳали янги раҳбар эмасми! – кесатиқли қочирим маънисини англаб етишга беҳуда уринган аҳволда, оғзини ёпишниям унутган кўйи мияси олиб ташланган қўй каби анграйиб-довдираб, эсанкираб, сўлжайиб гоҳ Фатхиддин Садриддиновичга бақраяди, гоҳ бизга.
Яхшиям эски тулкилардан бўлган абадий муовинимиз бор экан. Тажриба барибир тажриба-да. У киши шартта ўрнидан турдию, кабинага чўккан ноқулай сукунатни бузмоқ қасдидами, негадир раҳбаримизнинг раҳбарига, ҳаттоки янги бошлиғимизга эмас, яримлаган коньяк шишасига қараб, қўлини кўксига қўйган кўйи дўриллаган овозда мурожаат қилди:
– Эллик-элликдан-а...
Сўнг, худди шишадан ўз таклифига маъқуллов эшитгандай шиддат ила унинг бўғзига чанг солди. Сафимиздан кимдир ароқ қуя бошлади.
Яна шу муовиннинг таклифига кўра “Юқорида айтилган яхши тилакларни михлаб қўйиш учун” ичдик.
Табиий инстинкт ўз ишини қилди: катта раҳбар ўз йўли билан, аммо оч ҳолингда, устига-устак тўкин дастурхон бошида ўтирган маҳалинг ошқозонни авраб ўтириш мушкул, инчунун, аста-секин санчқи-қошиқларнинг ликопчаларга урилиши кучая борди.
Ичишга ичган, бироқ газак ҳам қилмаган, нечукдир баттар ҳурпайиб олган Фатхиддин Садриддинович ангишвонадай жажжи қадаҳни қўлида айлантириб кўп томоша қилди, хўп томоша қилди, сўнг, оғзига буюк мўъжиза кутаётгандай мутеларча, “манаман” дея кўзга ташланиб турган садоқатини изҳор қилароқ термулиб қолган Жонузоқ томон ўгирилди ва, дарҳақиқат, катта бир сирни айтаётгандай, маънодор оҳангда лутф этдики:
– У ёқларда официантка деганлари... табассум қилиб, яшнаб... учиб хизмат қилади... Атрофингда гирдикапалак бўлади... Бир ишоранг билан нима хоҳлаётганингни тушунади, дарров ортиғи билан бажаради...
Афтидан, катта раҳбарнинг нимадан унчалик кўнгли тўлмаганини тусмол қилди чоғи, муовин ювилмаган қошиқдай орага суқилди:
– Ҳа, энди, чойчақа учун-да...
Фатхиддин Садриддинович унга ёвқараш қилди:
– Ўшаниям ҳалоллаб олиш керак, ука... У ёқларда хизматинг ёқмадими, тамом, чойчақа берилмайди!
Ҳафтафаҳмроқ ўринбосаримиз яна қовун туширди:
– Буям истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг бир кўриниши-да, а, Фатхиддин ака?
Афти нордон нарса егандай буришиб кетган азиз меҳмонимиз муовинга жавоб қайтаришни ҳам ўзига эп кўрмади шекилли, ўқрайиб қўйиш билан кифояланди.
Фатхиддин Садриддинович ниҳоят лаънати қадаҳни дастурхонга қўйди ва жойида қалтираб тўлғанаётган, не айб қилиб қўйганини англамаса-да, аллақачондан бери ўзини гуноҳкор санаётган, айни лаҳзада валломати қошида тиз чўкиб изн сўрашга ҳам ҳозир шогирдига энсаси қотиброқ қараб қўйгач, надоматлар ила:
– Бу ерда бўлса... – деб қўйди.
Баногоҳ бошқариб кетаётган машинасининг рули олиб қўйилгандай тамомила эсанкираб, довдираб қолган Жонузоқ бир оғиз жуфтлади... икки... уч... Йўқ, барибир қуруқшаб кетган томоқдан ноаниқ хирқирашдан бошқа овоз чиқмади.
Алоҳа “каттакон”нинг “у ёқлар”даси нима маъно бераётганини илғади чоғи, муовин минғирлаб қўйди:
– Дарҳақиқат, бунақа масалаларда чет эллар олдинда... Уларга етишга бизникиларга йўл бўлсин...
Кабинага сассиз кириб, ликопчаларни янгилаётган хизматдаги қиз одатига кўра:
– Камчиликлар йўқми? – деб сўради.
Ва камина одатдагидай раҳбаримизнинг раҳбари ҳурпайган кўйи “Камчиликлар етарли” дея писиллаб қўяди деб ўйлагандим. Бироқ официантканинг жиддий чеҳрасига норози кўз ташлаб қўйган Фатхиддин Садриддинович вассали Жонузоқнинг боши узра номаълум нуқтага ҳорғин тикилган кўйи, минғирлади:
– Булар қачон одам бўлишади... Қачон кулибгина хизмат қилишни ўрганишади...
Алоҳа шўрлик раҳбаримиз товуқникидай мияси билан неларнидир тусмол қилди-ёв. У ғўлдираб:
– Бир секунд, Фатхиддин Садриддинович, – деди-да, ҳовлиқиб ўрнидан тураркан, жон-жаҳди билан муовинга “юр” ишорасини қилди.
Икковлон ёв қувгандай шошиб чиқиб кетишгач, кабинага ноқулай сукунат чўкди. На овқат ея оласан, на гапира оласан. Ҳамма кўз остидан ноҳақ хафа қилингандай баттар ўшшайиб олган раҳбаримизнинг раҳбарини кузатарди.
Юрагим сиқилиб кетди. Чўнтагимдан намойишкорона тарзда сигарета қутисини олдим-да, аста сиғалиб хонадан чиқдим.
Эшикни ёпиб, таомлар иси қоришиқ бўғиқ ҳаводан чуқур нафас оларканман, шундай қаршимдаги устун ёнида баҳслашиб турган Жонузоқ, ўринбосар ва биз кабинани гаплашган шу қаҳвахона эгаси – ўттиз беш ёшлардаги семиз, тепакал, тирсиллаб турган енги калта йўл-йўл кўйлагига энли бўйинбоғ танғиб олган Адҳамни кўрдим.
Раҳбаримиз қалтираб-титраб дўқ урарди:
– Мени танийсан-а? Телевизорда кўргансан-а?
Қўл қовуштириб турган Адҳам ҳар эҳтимолга қарши бош ирғади:
– Албатта, акажон, албатта.
– Агар хоҳласам ҳозирнинг ўзида СЭСни, пожарнийни чақириб, икки секундда кафенгни ёпдириб ташлайман! Юзта минималка штраф солдиртираман!
Муовин орга суқилди:
– Икки юзта!
Жонузоқ баттар жўшди:
– Ичкаримда ким ўтирганини биласанми ўзи, а? Биласанми?
Адҳам ёлворди:
– Қўйинглар, акажонлар... Хизматдамиз... Нима камчилик бўлса, бир секундда тузатамиз.
Афтидан, Жонузоққа шу керак эди. У типирчилаб қолган қаҳвахона эгасига бармоқ ўқталди:
– Мен пулини тўлаб қўйдимми, шунга яраша сервис талаб қилишга ҳақлиман!
“Чиранчиқ олдилар-ку, – деган ўй ўтди кўнглимдан. – Пулини тўлаб қўйган эмишлар. “Йиғ-йиғ”га бир сўм қўшмасдан туриб-а...”
Раҳбарим ҳамон пўписа қилишни қўймасди:
– Чақир официанткангни! Кулиб кирсин! Кулиб хизмат қилсин! Пулини ҳалоллаб олсин!
– Бўлди, акажонлар! Бўлди! Сизлар бемалол ичкарига кираверинглар!
Адҳам ошхона томон учди.
Муовин ҳайратини изҳор қилишга ошиққанча ним эгилди:
– Аммо-лекин бопладингиз, хўжайин!
– Бунақалар билан шундай гаплашиш керак! Мен у ёқда эканимда бунақалар қўл қовуштириб, хизмат қилиш учун навбатда туришарди...
Энсам қотди. Нима бало, бугун ҳамманинг ушлаб олгани “у ёқ”ми дейман?
“Каттаконлар” эшик олдида турганимни кўрмай қўя қолишсин деган ўйда ичкарига шошдим.
Икковлон узун-қисқа бўлиб кириб келишган, муовин шоша-пиша қадаҳларни тўлдираётган маҳал эшик очилди ва патнис тўла газак кўтарган Адҳамнинг ўзи – дарҳақиқат – табассумларга ғарқ бўлган кўйи кириб келди.
– Хуш келибсиз, сафо келибсиз, азиз меҳмонлар! – кўтаринки кайфиятда хитоб қилди қаҳвахона хўжайини. – Сизларни кафемизда кўриб турганимиздан бошимиз осмонга етди! Ёқимли иштаҳа!
Адҳам чаққонлик билан ликопчаларни дастурхонга қўйиб чиқа бошлади.
Мен шунда Фатхиддин Садриддиновичнинг аввал анграйиб қолганини кўрдим, сўнг тишларини ғазабли ғижирлатганини эшитгандай бўлдим.
Жонузоқ денг, мақтов кутган боладай талтайиб ўтирибди.
Муовин яна бир бор раҳбарига пахта қўйиб кетиш имкониятини қўлдан бермади:
– Жонузоқ аканинг ҳурматига шахсан кафе хўжайининг ўзи хизматимизда!
Бу орада ликопчалардан қутулган Адҳам америка актёрларига ўхшаб оппоқ тишларини намойиш қилмоқчидай оғзини катта очиб илжайди-да, яна бир бор ёқимли иштаҳа тилашни унутмаган кўйи тавозе билан, патнисни қўлтиғига қистирганча кабинани тарк этди.
Ана шунда... Фатхиддин Садриддинович кутилмаганда шартта ўрнидан турди ва то Жонузоқ ўзига келиб олгунга қадар... шипиллаб жўнаворди.
Мўъжаз кабинамиз тўполон бўлиб кетди.
Ранги кўкарган, дағ-дағ қалтираётган Жонузоқ хўжайиннинг ортидан отиларкан, жон алфозда муовинга ниманидир ишора қилишга улгурди.
Ўринбосар мени енгимдан судраб олиб чиқди. Икков ошхонага чопдик. Ўринбосарнинг шошқин кўрсатмасига кўра бизга хизмат кўрсатаётган официант қиз алоҳида тугунчага қовурилган товуқ, тўртта кабоб, иккита нон, газаклардан қўйди, бошқасига коньяк, шоколад, сув-пув солинди.
Иккала тугунчани кўтарганча ташқарига югурдик.
Биткўз аллақачон аллақачон рулда, машинанинг мотори ишлаяпти, Фатхиддин Садриддинович эса орқанги очиқ эшик олдида тайсалланиб турибди, ёнида иккала қўли кўксида Жонузоқ.
Ҳайдовчи ҳушёр экан: яқинлашган маҳалимиз юкхона эшиги ўз-ўзидан очилди.
Раҳбаримизнинг раҳбари тугунчаларга ёқтирмасдан кўз ташлаб қўяркан, Жонузоққа навбатидаги нишини суқди:
– Эътиборинг учун, у ёқларда бунақа ишларни официантканинг ўзи бажаради.
Ниҳоят айбдор топилганди – раҳбаримиз қаҳр билан муовинига амр этди:
– Чақиринг агар... авлиё бўлсаям!
Шўрлик муовин қаҳвахонага қараб зипиллади.
– Швабраси тузук...
Яқинроқ туриб қолганим боисми, мен Фатхиддин Садриддиновичнинг бу сўзларини аниқ эшитдим, аммо уларнинг мағзини тушуниб етишга ақлим ожизлик қилди. Энди тамомила эсанкираб, пешонасига тер тошган, лаблари пир-пир учаётган Жонузоқнинг аҳволини тасаввур этиш қийин эмасдир.
– Қучоғингга сиғади... – деб қўйди бу орада Фатхиддин Садриддинович.
Айнан шундай деди.
Бу қадар жумбоқли, эҳтимолки ҳикматга бой тош ёнғоқ жумлаларни чақиб, ичидаги моҳиятини кўриб-тушуниш камина каби ақли кўтоҳлар имконидан ташқарида, албатта. Бироқ, Жонузоқнинг қийшайиб-қорайиб кетган юзига, аянчли аҳволига қарадиму, раҳбар эса-да, ақлий интеллект коэффиценти меникидан унчалик баланд эмас шекилли, деган қарорга келдим. Ҳар нечук, бундоқ эътироф туйқусдан зада кўнгилга аллақандай мазах аралаш сурур туйғусини олиб кирганини тан оламан: “Ўл-а, бу кунингдан, артист...”
Ишхонада беш-олти дарддош-сирдош (азбаройи холислик учун қавс ичида қўшиб ўтиб кетай, улар орасида бир муддат бўшаб қолган юмшоқ курси илинжида тамшаниб юрган, ҳатто елиб-югуриб ҳам кўрган, ана энди, муддаолари ҳосил бўлмагач, дами чиққан пуфакдай шалвираб, янги раҳбарга зимдан тиш қайраб юрган икки собиқ даъвогаримиз ҳам бор) – орқаворатдан албатта! – Жонузоқни шундай деб атардик. Илло, қачонлардир, “ойнаи жаҳон”да хизмат қилган кезлари уч-тўрт марта экранда кўриниб, маънавияту қадриятдан ваъзлар ўқиган, босиб келаётган “оломон маданияти” хавфига қарши қилич яланғочлаб чиққанини оташин нутқида намойиш этароқ, “кўп сонли томошабинларни”-да огоҳликка даъват этган бу кимса нечукдир ўзини буткул эл, ҳа, майли, мақтанчоқлик бўлмасин, аҳолининг камида ярми танишига мутаассибларча ишонарди. Шу ишонч таъсирида бўлса керак у айниқса бегона одамлар орасида кўпинча ўзини хаёлпараст ижодкор сифатида тутар, мурожаат этганларида эса – ҳамиша қулоғи динг бўлгани ҳолда – баногоҳ чуқур, ўта чуқур тафаккуру мушоҳада оламидан қайтиб келишга мажбур бўлган даҳодай намойишкорона оғриниб, алланечук норозилик билан, киприкларини пирпиратган кўйи “Узр, хаёл олиб кетибди... Бир нима дедингизми?” дея сўрардики, шўрлик содда савол бергувчи ўз густоҳлигидан, шундоқ буюк одамни арзимаган саволи билан чалғитганидан хижолат тортиб қоларди. Артист, ўлай агар, артист!..
Ўша рангли қутини маълуму машҳурликнинг кафолати сифатида биладиган Жонузоқ бизга раҳбар мақомида таништирилган тақдимот машваратидаёқ ўзига сўз беришганида дастурий маърузасини истиҳола-пистиҳола қилиб ўтирмасдан “Мени ҳаммаларинг танийсизлар: телевизорда кўп кўргансизлар” деб бошлаганини эслаб ўтмасам бўлмас. Бироқ бу ҳали ҳолваси экан. Кейинроқ ўтказилган, котиба томонидан “беш дақиқалик” дея эълон қилингани ҳолда одатда икки-уч соат давом этадиган, бир одам монологидангина иборат бўладиган ўта зерикарли мажлисларида ҳам ўрни келса-келмаса “Мен у ёқда эканимда ҳар қандай топшириқни дўндириб ташлардим, чунки қаерга борсам, мени албатта танишади... Менинг ўзимдан кўра юзим таниқлироқ... Мен у ёқда эканимда...” қабилидаги даъво-дастаклар билан иштирокчиларни сил қилиб юборадиган бўлди. Хўп, эслаганингдаёқ оғзингнинг суви қочадиган даражада қиёмат яхши жойда ишлаган экансан, юравермайсанми маза қилиб; бизнинг номи улуғ, супраси қуруқ идорада пишириб қўйибдими сенга, дейдиган марднинг ўзи йўқ.
Тўғриси, тан оламан, қиёфаларни эслаб қолишга уқувим йўқроқ. “Зангори экран”да бир кўрган одамимни эртасига кўча-пўчада учратиб қолсам, – улар бир-бирларига ўхшаб кетишлари учунми – мутлақо танимаслигим-ку, юз фоиз аниқ. Шу сабабли, навбатдаги аччиқ ичакдай чўзилган йиғинди шахсан раҳбаримизнинг ўзлари менга: “Мана сиз, масалан, менинг чиқишимни неча марта кўргансиз?” деганида, очиғи, аввалига нима дейишини билмай довдираб қолдим. Сўнг, ҳар қанча уринсам-да, хотирамнинг аллақайси қоронғи пучмоқларидан ҳам ўзимга бақрайиб қараб турган бу башарани тополмаслигимга амин бўлгач, ноилож айёрлик қилдим:
– Телевизоримиз бузуқ эди.
Кимдир – шубҳасиз, қўйнига алам пичоғини солиб, пайт пойлаб юрган даъвогарлардан бири – “пиқ” этиб кулиб юборди. Жонузоқ менга очиқдан-очиқ шубҳаланиб, ишонқирамай қаради, сўнг ўсмоқчилаб сўради:
– Қанча бўлди бузилганига?
Энг оғири – бошлаб олиш. Кейин давом этаверади. Мен ҳам киприк қоймай жавоб қайтардим:
– Беш йилча.
Назаримда, ўтригим фош бўлди. Илло, норози тарзда бош чайқаб қўйган янги раҳбаримизнинг оғзидан:
– Охирги чиқишимдан бери олти йил ўтди, – деган гап чиқиб кетса бўладими?!
Табиийки, ҳаммамиз ўзимизни бу иқрорни эшитмагандай тутсак-да, кўнглимдан бир шаккокона ўй кечди: “Ўл-а, мақтанадиган матоҳингнинг яроқлилик муддати аллақачон ўтиб кетган экан-ку...”
Ким билади, эҳтиётсизлик туфайли лабим сал жийирилдими ёинки кўзларимда ғайирлик ўти чақнаб кетдими, ишқилиб, бирдан менга шубҳаланиб қараб қўйган Жонузоқ бошини сарак-сарак қилганча дафтарига нимадир ёзиб қўйди.
Бу “нимадир”... келиб-келиб айнан менинг штатим қисқартирилиши лозимлиги ҳақидаги қайд экан. Бу совуқ хабарни қулоғимга шивирлабгина айтиб кетган кадрлар бўлими нозирасининг сўзларига қараганда, янги раҳбаримизнинг фикрича, бизда ортиқча ходимлар анчагина эмиш, шуларни бирин-кетин қисқартириб бориш унинг зиммасига юклатилган “устувор вазифалардан бири” эмиш.
Аввалига бу қарорни унчалик кўнглимга яқин олмадим, ҳатто, ўзимга ўзим далда бериш учунми, “Шу турқи совуқ ўзи ёқмайроқ турибди-да, кетсам кетарман”, деган ўйларгаям бордим. Аммо тез орада, тўрт-беш идорага зимдан иш суриштириб борганимдан сўнг бирдан сергак тортдиму, бундай хом хаёлларим тумандай учди-кетди. Илло, идоранинг энг кекса ходимларидан бириман – ёш қурғур эллик етти остонасига келиб қўйган; уч йилдан сўнг пенсияга чиқаман. Инчунун, ёш-ёш, кеча институтни битирган, тил билгич, компьютер деганларнининг сичқончасидан кириб, экранидан бус-бутун чиқиб келадиган мутахассислар дарвозанинг турумини бузиб турганда, мендай бир... қариянинг улар билан рақобатлашишига йўл бўлсин.
Шафқатсиз воқелик мени қўрқувга солди ва мен... бирдан думимни қисдим... Йиғилишларда Жонузоқжонга тик қарамайдиган, ердан кўз узмай ўтирадиган, унинг ҳамма гапини маъқуллаб, бош ирғайверадиган бўлдим; шанба кунлариям ишга келаман денг; уч-тўрт марта ишни жуда моҳирлик билан олиб бораётган, кадрларга меҳрибонлик ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатаётган янги раҳбаримиз шаънига мақтов тўла хушомад сўзларини айтдим...
Ваҳоланки, “Жонузоқжон”нинг бор-йўқ каромати менга ўхшаб сал бош кўтариб қўйганларни ўта маҳорат ва ҳаттоки санъаткорона тарзда, минг бир ҳийла-найранглар, киши билмас пўписа-таҳдидлар билан тавбасига таянтириб қўйиш, жиловни маҳкам ушлаб туриш эди назаримда. Яна ким билади дейсиз. Ахир қўрққанга қўша кўринади-ку...
Шу билан штат қисқартирилиши масаласи ҳозирча қўзғалмай турибди. Аммо мажлислар маҳали Жонузоқнинг ора-сира менга синовчан-синчков кўз ташлаб қўйишларига қараганда, масала кун тартибидан олиб ҳам ташланмаган. Инчунун, мен янада эҳтиёткорроқ, янада ҳушёрроқ бўлишим лозим.
Хуллас, омонатгина ишлаб турибман. Пой-патаклилигим жуда жонимдан ўтиб кетган ёинки кўнгил тубида норозилик ҳислари тўлғониб қолган чоғлари дарҳол ўзимни ўзим овутишга уриниб, кун санай бошлайман: “Ўттиз беш ойгина қолди... Бу бор-йўғи бир минг эллик кун дегани... Унинг ҳам камида бир юз эллиги дам олиш кунлари... Нима деган гап ахир, бирпасда ўта-кетади... Армиядаям уч йил юрганман-ку... Эсон-омон пенсияга чиқиб олай, кейин елкамнинг чуқури кўрсин бу идорани...” Ёрдам беради...
Ҳай, ўтлаб кетдим-а, азага келган дардини айтиб йиғлайди, деганлари шу-да ўзи. Қаҳвахона ёнига қайтайлик.
Муовин... яна қаҳвахона хўжайинини бошлаб келарди. Буни кўрган Фатхиддин Садриддинович жаҳл билан “тфу” деди-да, – ҳа, айнан “тфу” деди, тупурмади – машинасининг орқа ўриндиғига чиқиб олди-қўйди, сўғин эшикни намойишкорона қарсиллатиб ёпди.
Бақа бўлиб қолган Жонузоқ муовини қолиб, Адҳамга ўшқирди:
– Қани официантканг?
Ана шунда кўрдим: қаҳвахона хўжайини пинагини ҳам бузмади, афтидан, бунақа кекирдагига зўр берадиганларни кўравериб, пишиб кетган ёинки бу даврага энди бошқа нарса ўтказолмаслигига кўзи етган. Унда боя нега ўзини унақа тутган экан? Бақироқ мижознинг кўнгли учунми? Ё бир мазах қилиб, устидан кулгуси келдими? Артист... Уф-ф-эй, бу ҳаётда ҳамма артист-а...
Хуллас, Адҳам деганлари бир туки қилт этмай хотиржам жавоб қайтарди:
– Мижозларни узатиб қўйиш официанткамнинг хизмат вазифасига кирмайди, ака.
Ҳа, айнан “узатиш” деди, “кузатиш” демади, шу сўзнинг ўзида қандайдир мазахомуз писанда бордай туюлди менга.
– Э оналарини ўшанингнинг!.. – ёмон сўкинди Жонузоқ. – Бор, чақир!
Қаҳвахона хўжайини ён беришни хаёлига ҳам келтирмади:
– Ҳурматингиз бор, ака, лекин...
– Ҳурматингни бир жойга тиқиб қўй-да, оёғини ерга текизмасдан судраб кел! Бўлмаса мендан кўрадиганингни кўрасан!
Бу галги пўписа чивин чаққанчалик таъсир қилмаган Адҳам очиғига кўчди:
– Бунақа хизматлар пулли...
Бундай гап бўлишини кутмаган шекилли, Жонузоқ аввал қаҳвахона эгасига анграйиб қаради, сўнг негадир папкасини олиб, ичини титкилаётган Фатхиддин Садриддинович томон бир кўз ташлаб олгач, жон ҳалпида вишиллади:
– Оғзингга сиққанини оласан, паст! Бор, опкел!
Барибир, “паст” Адҳам келишувни мустаҳкамлаб олишга уринди:
– Лафз қилдингиз-а, ака...
Ўзига эътироз билдиришларига кўникмаган Жонузоқ бўкириб юборди:
– Бор, дедим! Эркакман мен!..
Шу ваъдани кутиб тургандай, бўйинбоғли хўжайин қаҳвахонасига зипиллаб учди.
Недир имдод бўлганми, биткўз ҳайдовчи сигнал чалди.
Типирчилаб қолган Жонузоқ қайта-қайта қараб ҳам қаҳвахона эшигидан ҳеч ким чиқмаётганини кўргач, Фатхиддин Садриддинович томон эгилди. Хўжайиннинг ишораси билан ҳайдовчи эшик ойнасини пастга туширди.
– Фатхиддин Садриддинович, сиз бемалол бораверинг, – энтикиб шивирлаётган Жонузоқ ҳайдовчига ишора қилди. – Акамиз сизни ташлаганларидан сўнг қайтиб келсинлар. Арзимаган...
Фатхиддин Садриддинович миқ этмади, аммо ҳайдовчиси томон қараб қўйди. Хўжайинининг нима демоқчи бўлганлигини нигоҳидан ҳис қилса керакки, ҳайдовчи ойнани кўтарди. Машина оҳиста сузиб кетди.
Қайтиб қаҳвахонага кирдик.
Кайфияти бир пул бўлган Жонузоқнинг шахсан ўзи митти қадаҳга эмас, катта пиёлага ароқ тўлдириб қуйди-да, бир кўтаришда ичиб юборди. Сўнг ғазабдан лойқаланган кўзларини биз ғарибларга бирма-бир қадаб чиққач, муовинга вишиллади:
– Топган жойларингдан ўргилдим сенларнинг!
Муовин жон ҳолатда ўзини оқлашга тушди:
– Хўжайин! Айбдорман...
– Ана энди айбингизни... айбингизни... – Тили ғўлдирай бошлаган хўжайин муносиб сўз изларди. Ишқилиб “қон билан ювасан” демасмикан, деган ўйдан хавотирга тушдим: билиб бўладими, абадий муовин шартта пичоқни олиб... Йўқ, ҳар тугул, пўписа у даражага бориб етмади, гап умумийроқ талаб билан якунланди: – ...ювасиз!
Муовиннинг юзига қон югурди:
– Юваман, албатта, юваман!
“Шўрлик бир зиёфатга тушди-ёв”, деган тусмолга бордим. Аммо... Жонузоқнинг авзойидан гап ўтириш ҳақида кетаётганга ўхшамасди.
– Бизга хизмат қилган официантка эсингиздами? Швабра?
– Эсимда, эсимда, – ҳи-ҳилади муовин. – Тўппа-тўғри айтдингиз, хўжайин. Ҳаққий швабра. Бутаб ташланган, қўли ўрнида иккита шохи қолган теракдан фарқи йўқ.
Жонузоқ жойлашиброқ ўтириб олди, жонсарак муовинга тепадан, синчиклаб қаради.
– Уларнинг ҳаммаси анақа, а?
Муовин гап оҳангини илғамади:
– Қанақа, хўжайин?
Жонузоқ жеркиб берди:
– Юрадиган, галварс!
Муовин шоша-пиша маъқуллади:
– Тўппа-тўғри, ҳаммаси юради. Уларнинг иши ўзи шунақа. Тўғрими, йигитлар?
Давра атрофида соме тарзда ўтирган биз “йигитлар” ғўлдираб бу фикрни маъқуллаган бўлдик. Яхшироқ кўриниб қўймоқчи бўлдими, орамиздан кимдир дўриллади:
– Э, юрмайдигани йўқ буларнинг! Соққасини олса бўлди-да...
Гапини маъқуллатиб, афтидан, дадил бўлиб олган Жонузоқ энди муовинга бемалол ўшқирди:
– Юринг бўлмаса!
Раҳбар йўл бошлади, ўринбосар зипиллаб унга эргашди.
Қарасам, “йигитлар”нинг аста-секинлик билан дастурхон томон чўзилган қўллари тобора тезлашмоқда...
Чекишни баҳона қилиб, хонадан чиқдим, бир-бирига қапишиб вальс тушаётган эркак-аёллар орасидан ўтиб, ариқ бўйига бордим.
Нимадан қочсанг, шунга тутиласан ўзи. Тўлиб бўтана сув оқаётган ариққа қараб турсам, ортимдан алпонг-талпонг қадам товушлари эшитилди ва мен ўгирилиб, айна шу томонга келаётган Жонузоқ билан муовинни кўрдим.
Бу ердан қандай қилиб сездирмасдан, уларга кўринмасдан чиқиб кетиш йўлини излай бошладим. Шу маҳал энди бўйинбоғини ҳилпиратиб чопиб келаётган Адҳам йўл-йўлакай:
– Кўнмади! – деб бақириб қолди.
Энди менга ортга йўл йўқ эди. Жойимда тураверсам, худди атай келгандай, гап пойлаётгандай бўлиб қолсам керак. Бехтиёр танаси қучоққа сиғмас дарахт ортига ўтиб олдим.
– Қанақасига кўнмади?
Саволни берган Жонузоқ эди.
– Шунақасига! – Ҳаттоки андак тантанаворроқ тарзда эълон қилди қаҳвахонанинг туллак хўжайини.
Ўринбосар иккиланиброқ садо берди:
– Қанча деяпти?
– Э, пулини гаплашишгаям улгурмадим.
Жонузоқ хириллади:
– Нархини оширавермай, бўладиганини айтсин.
Адҳам шубҳаланиброқ сўради:
– Ўзи берадиганларинг нақдми?
– Нақд! – бўқириб юборди Жонузоқ. – Мана, соққасини бу акамдан оласан. Етмаса, уйига бориб бўлсаям олиб келади. Тўғрими, ака?
Нафаси ичига тушиб кетган, бирдан “ака”га айланиб қолган муовин ожизона минғирлади:
– Ҳа... ҳм...
Шундагина мен ўринбосар айбини қай тарзда “ювишини” тушундим...
Адҳам югуриб кетди.
– Гап бундай, ака. Хўжайин – катта одам. У менга... бизга ҳали кўп керак бўлади. У кишининг ёрдами билан ҳали кўтариламан, шунда сизниям ўзим билан олиб кетаман...
Афтидан, ҳамон миясида ўзидан кетиши мумкин бўлган пулни ҳисоблаётган муовин яна минғирлади:
– Ҳа... ҳм...
– Хуллас, ака, шу топшириқни бажармасак бўлмайди. Бу ҳаёт-мамот масаласи. Янга бир ойдан бери Италияда, дам олишда. Янга энди жуда семириб кетган. Егани ёғли овқат-да. Фатхиддин Садриддинович бир маст бўлиб қолганида хотинини “спалний диван” деб атаган. У кишига озғинлар, қучоғига сиғадиганлар ёқади. Шуларга кўнгли суст кетади. Шунинг учун, нима қилиб бўлса ҳам...
Бўлдида-эй. Ўзимнинг бу ҳолда биқиниб туришим ўзимга наша қилиб кетди. Йўталиб, дарахт ортидан чиқдим.
Жонузоқ менга ёвқараш қилди:
– Ҳа?
Ўзимни оқлаган бўлдим:
– Айланиб юргандим...
Шу маҳал Адҳам яна лўкиллаб чопиб келди.
– Кўнмаяпти, акалар.
– Айтмадингми пули нақд деб? – жеркиб берди уни Жонузоқ.
– Айтдим. Кўнмаяпти, аблаҳ!
Жонузоқ қизишди:
– Ким ўзи у кўнмай? Оддий бир официантка бўлса? Қўл остингда ишласа? Раҳбармисан ўзи, а?..
Мижознинг ҳар бир гапини маъқулаб бош ирғаётган Адҳам қўшимча қилди:
– Бунинг устига қишлоқдошим.
– А?
Бу илинж аралаш хитоб муовинга тегишли эди. Ҳар нечук, қиз ҳамқишлоғи бўлса, шу билан бу савдони тугатиб қўя қоламиз, деган ўйга борди-ёв бечора.
Адҳам бажонидил изоҳ берди:
– Синфдошимнинг хотини.
– А?
Муовиннинг бу сафарги хитобида шодумонлик унсурлари сезилиб қолди.
– Эри икки йил бурун Россияга кетворган. Шундан буён дом-дараги йўқ. Пул юбориш у ёқда турсин, телдефонам қилмайди. Бу ёқда иккита бола. Едириш-ичириш керак. Қишлоқда иш йўқ. Шунга, иш сўраб ялиниб келганди, раҳмим келиб олгандим.
– Эр бедарак кетган, – хулоса ясади Жонузоқ. – Иккита бола... Идеал вариант экан. Бор, гаплаш! Талаб қил! Лекин мен билан ҳазиллашма. Кимлигимни биласан-а!
Адҳам деганлари сирли илжайди:
– Ҳурматингиз бор, ака. Қаранг, ўша рамақижоннинг ўрнига зўр вариант топиб қўйдим. Чертиб-чертиб танлаб олаверинг. Пулини келишсак бўлди.
Шундай дея мудир бош бармоғи билан ўрта бармоғини шиқиллатганди, қоронғуликдан лорсиллаган, роса бўяб-бежанган, кўпчиб турган сийналарию бўлиқ сонларини кўз-кўз қилаётгандай очиқ-сочиқ кийинган икки аёл саллона-саллона қадамлар ила чиқиб келишди. Уларни боя танца тушаётганлар ичида кўргандай бўлгандим. Демак, шу ернинг “штат”даги хонимчалари...
Адҳам виқор билан кўкрак керди:
– Қалай? Даҳшат-а!
Жувонларга бир қарашдаёқ нордон нарса егандай афти буришиб кетган Жонузоқ кескин бош чайқади:
– Йўқот буларингни! Бунақалар, ана, кўчадаям тиқилиб ётибди. Хоҳласам, икки минутди йигирматасини топиб келаман. Менга ўшанинг ўзи керак! Ўзи!
– Лекин...
– Йиғиштир “лекин-пекин”ингни! – Жонузоқ мудирга шубҳаланиб қаради: – Ё ўзинг ўйин қиляпсанми? Ўртоғимнинг хотини деб...
– Йўғ-э, ака. – Мудир бармоқларини яна бир шиқиллатганди, жувонлар миқ этмасдан ортларига қайтишди. – Ишонмасангиз...
– Ишонмайман! Битта гапинггаям ишонмайман! Лекин, айтиб қўяй, менинг кимлигимни биласан...
– Ишонмасангиз... ўзингиз бирга юринг, олдингизда гаплашаман!
Жонузоқ нафрат билан лаб бурди:
– Кўнгиллари яна нимани тусайди? Бу сенинг бизнесинг-ку!.. Мен энди келиб-келиб бир официанткангнинг олдига бораманми? Мен-а? Мен-а?.. У ким-у, мен ким?.. Сен менинг кимлигимни, агар хоҳласам икки минутда...
– Бўпти, унда ўзини шу ерга бошлаб келаман. Ўзингиз эшитасиз.
Адҳам юлқиниб, ноҳақ хафа қилинган одамдай норози қиёфада ичкарига кириб кетди.
Жонузоқ “чирт” этказиб тишлари орасидан тупурди. Сўнг:
– Бўпти, – деди бизга қараб. – Бу ерда туриш менинг обрўйимга тўғри келмайди. Иккаланг гаплаш. Ишни пухта қилинглар. Тушунтиринглар, машина оборади, ё икки-уч соатда, ё эрталаб қайтариб олиб келиб қўяди.
Шундай дея Жонузоқ ичкарига кирди-кетди.
Мен муовинга қарадим, муовин менга.
– Нима қиламиз, ака?
“Ака” елка қисди, холос.
Қарасам, зал тарафдан Адҳам билан ўша бизга таниш таниш официант жувон ўзаро жиқиллашиб чиқиб келишяпти.
Негадир ўзимни четроққа олдим, муовин менга эргашди.
Адҳам гапирарди:
– ...Ҳов қиз! Булар катта одамлар! Эртага булар мени эзиб ташлашади! Тушун шуни, ахир! Бир марта ёрдам бер! Ахир сени ўзим ишга олганман.
Жувон:
– Адҳам ака. Сиз мени официанткаликка ишга олгансиз, бузуқчилик қилишга эмас...
– Менга қара. Агар яхшиликча айтганимни қилмасанг, Достонга телефон қиламан, хотининг бузилиб кетди, ҳамма билан юряпти дейман.
Жувон жойида таққа тўхтади, қараб тургандим, кўзлари катта-катта очилиб кетди:
– Сиз... сиз... Достон ака билан гаплашиб турасизми? Хабарим йўқ дегандингиз-ку.
– Ҳа, ҳар замонда гаплашиб тураман. Энди сенга ростини айтадиган бўлсам, ўша ёқда уйланиб олган у Наташага. Яқинда қизли бўлишибди.
Жувон инграб юборди.
Адҳам уни аврашга тушди:
– Кўряпсанми унинг аблаҳлигини! Ҳамманинг йўли бошқа. Бунинг устига яқинда келиб, сендан офисална ажрашиб кетмоқчи. Шунинг учун ҳам ҳеч афсусланма, ўйланмаям, боравер...
– Йўқ!
– Айтдим-ку Достоннинг аблаҳлигини.
– Йўқ!
– Менга қара, борсанг, ойлигингни ошириб қўяман. Болаларингга сенинг аҳмоқона садоқатинг эмас, нон керак, гўшт керак, кийим-кечак керак, ахир!
– Йўқ.
– Бўлмаса... шу минутдан ишдан бўшайсан! Яна шунақанги қиламанки, биров сени ишга олмайди. Қишлоққаям боролмайдиган қилиб қўяман. Борсанг, ҳамма бетингга тупуради, “ифлос” дейди. Болаларинг ҳам бош кўтариб юролмайдиган бўлишади. Биласан, бу қўлимдан келади. Хор бўласан, зор бўласан, бир бурда нон тополмайсан. Ана шунда ўзинг ялиниб келасан менга!
– Йўқ!
– Илтимос, Каромат, бир мартагина қутқар. Кейин безовта қилмайман, ўлай агар. Ҳеч бўлмаса мен учун бор...
– Ўзингиз учун... ўзингиз боринг. Йўқ!
Адҳам тишларини ғижирлатди:
– Шунақами? Ана энди ўзингдан кўр. Борасан! Мажбурлаб бўлсам обораман. Қўл-оёғингни боғлаб бўлсаям обораман! Ухлатиб бўлсаям обораман! Ҳозир қизларни чақираман, битта укол билан...
Шундай дея... шундай дея бўйинбоғли малъун бармоқларини бир шиқиллатганди, қоронғуликдан бояги икки лорсиллаган таъвия чиқиб келса бўладими?
Беихтиёр бир қадам олдинга босдим.
Каромат уларни кўрди, ранги пахтадай оқариб кетди.
Адҳам вишиллади:
– Охирги марта сўраяпман: борасанми, йўқми?
– Йўқ!!!
Бу жувон кўкрагидан отилиб чиққан фарёд эди...
Лорсиллаган фоҳишаларнинг ўзи томон шошмай келаётганликларини кўрган Каромат жон ҳолатда атрофга аланглади, ҳатто мени ҳам кўрди. Аммо, афтидан, мени уларнинг шериги деб ўйлади, баттар ваҳимага тушди.
Энди хотинларга қўшилиб чиқиш йўлини тўсиб олган Адҳам ҳам узун қўлларини кенг ёйганча ожизанинг устига бостириб келмоқдайди.
Мен беихтиёр яна бир қадам олдинга юрдим. Мақсадим бу Каромат исмли шўрликни қутқаришмиди ё бошқамиди, ўзим ҳам аниқ билмасдим чамаси. Бироқ, бурчакка қисилиб қолган жувон бу қадамимни ўзига нисбатан хавф деб ўйладими, билмадим, ишқилиб... жон алфозда ҳар томонга аланглаб, барча нажот йўллари тўсилганини илғади чоғи, шошиб икки қадам ортга тисланди ва ўгирилиб... ўзини шиддат билан оқаётган бўтана сувга отди.
“Дод” демоқчи бўламан, нафасим чиқмайди... Оёқларимдан мадор кетган...
– Бу ердан тез кетиш керак... Тез! – ортимдан етиб келган муовин титраб-қақшаб қулоғимга шивирлади. – Тез!
Шошқин қадам овозлари узоқлашаверди. Аммо мен ўринбосарга эргашиб кетолмадим.
Бир амаллаб ариқ бўйига келдим. Қоп-қора сув шиддат билан оқарди.
Кимдир елкамга қўлини қўйди. Сўнг ҳарсиллаб нафас олаётган Адҳамнинг кўпроқ ўзини ўзи ишонтиришга уринаётганга ўхшаш овози эшитилди:
– Қишлоғимизда... бунданам катта канал бор эди. Ўшанда чўмилиб катта бўлган қизлардан бу... Балоям урмайди... Ёмонга балоям урмайди...
Қолган гапларни эшитмадим.
Кўз олдимда қайдадир шу яқин-атрофда жон-жаҳди билан ариқ чеккасига сузиб келиб, ундан чиқишга уринаётган, бироқ сирғаниб кетиб, яна лойқа сув домида қолаётган Каромат пайдо бўлди.
Оқим бўйлаб чопиб кетдим.
Мен узоқ югурдим. Тўхтаб, ариққа қарайман, уни кўрмайман, “Синглим!” деб бақираман, жавоб келмайди, яна чопаман...
Тонг саҳар, уфқда қуёшнинг илк нурлари кўрина бошлаган маҳал сўнгги илинжларим ҳам сўнди ва мен тақир қирғоққа жонсиз қуладим...
(2021 йил)
Манба: "Ижод чашмаси" журналининг 2023 йил №8 сони.