Мактаб бола
Маъмура ЗОҲИДОВА
МАКТАБ БОЛА
Ҳикоя
Эҳҳ.
У бугун биринчи синфга боради. Бу кунни шунақаям кутдики. Август бошидаёқ хархаша қила-қила олдирилган кийимларни кийиб кўриш, жиллақурса, қандай турганини кўриш учун эшигида калити турадиган катта уйга қайта-қайта киргиси келади. Ойиси кўчага чиқиши билан, шу уйга ўзини уради, кийиб кўришга улгурмаслигидан ҳадикланиб, оқ кўйлаги, шими, кичкина галстуги текислаб ташлаб қўйилган диванга яқин келиб, уларнинг ҳар бирини силайди.
Ниҳоят, ўша тонг отди. Онасининг қистовига парво қилмай, чойни икки ҳўплади-ю, “кийинаман”га тушди. Ойнага қараб сочини ҳам текислаб олди. Жилмайганича тараддудланаётган онасининг қўлидан нон солинган кўк халтачани олиб елкасига илди.
Мактаб узоқ эмас. Шунгами ё ўзини катта бўлиб қолгандек ҳис қилдими, “Ўзим чиқаман”, деб бир оз тархашлик қилди. Неча кунки, “мактабга чиқамиз” деб такрорлаб юрган онасининг ҳам бу кунни роса кутиб юрганини бола ақли билан чамалай билмаган эди у.
Сафланишда боласининг қандай турганини кўришга интила бўлган ота-оналар кўп, бари олдинма-кейин бўлиб бўйин чўзиб қарар, масрур жилмаяр эди.
– 1–“Б” синф, олдимга! – Қош-кўзлари қоп-қора бўлса-да, сочини номини топиб бўлмайдиган рангга бўяган ўқитувчи қоғоз-қалам тутган қўлини ҳавога кўтарди. – Мана, менга қаранглар! Мана бу чизиққа бир қатор бўлиб турамиз. Мен кимнинг исм-фамилиясини ўқисам, чизиқнинг бу томонига ўтади, хўпми? Ҳаммани кўриб, таниб олишим керак.
Болага энди бошқа овозлар эшитилмай қолди. Ана, ёнида қўшниси Тоҳир ҳам турибди. Тинмай гапиради. Боғчага борган-да. Бошқа ўқитувчиларни ҳам, ҳозиргина ўртоғи қўли билан имлаб кўрсатганча “Ана у директор экан” дея ишора қилган шляпали одамниям кўрмай қўйди.
Бошқа ҳамма қатори жавдираган кўзларини ўқитувчининг юзларига тикиб, қулоқларини динг қилганча, икки қўли билан егулигини бағрига босиб тураверди.
– Аҳмедова Гулзода!
– Мен!
– Ўт бу ёққа.
– Солиев Жамшид!
– Мен!
– Жамшидсан-а? Қайси боғчага боргансан?
– “Ниҳол”га.
– Яхши. Мамарасулов Бекзод.
– Мен...
Болакайнинг атрофида тўрт-беш чоғли тенгқури қолди. У энди биринчилардан бўлиб чизиқнинг нариги ёғига ўтиб олиб, бир-бирлари билан бидирлаб суҳбатлашаётганларга ҳавасланиб қарай бошлади.
Ўқитувчи рўйхатни тугатди.
Болага ҳамма қаради, бола ҳаммага қаради.
Чизиқнинг бу ёғида бир ўзи қолганди. Ҳайрон бўлиб ўқитувчига мўлтиради. Ўқитувчи унга юзланди:
– Сенинг исм-фамилиянг нима?
– Тошпўлатов Саидакбар.
– Қайси боғчага боргансан?
– Боғчага бормаганман.
– Ие, боғчага бормасанг ҳарфни қандай танийсан? Санашни биласанми?
Бола тез-тез бош ирғади.
– Ҳозир директорга айтай-чи. Исм-фамилиянг нима эди. Тошпўлатов Саиднима?
– Саидакбар.
Ўқитувчи қўлидаги қоғознинг орқа томонига ёза бошлади.
– Тош-пў-ла-тов Са-ид-ак-бар. Вой-во-ей, битта бошингга иккитадан исм-фамилия-я!
Бола айбдордек киприкларини пирпиратди. Бурун катаклари кенгайди.
Ўқитувчи яқинларига келиб қолган директор томонга қадам қўймоқчи бўлиб бир-икки шайланди-ю, бошқа томонга ўгирилиб, қандайдир раҳбарининг олдига кетди. Гаплашиб қайтиб келди-да, болага юзланди.
– Саидакбар, ойинг қаерда?
Онаси одамлар орасидан сирғалиб чиқиб уларга яқинлашди.
– Ўғлингиз мендаги рўйхатдан чиқмади. Завучдаги ёши етмаганлар рўйхатида экан. “Ноябрда туғилганларни ололмаймиз, кейин ўзимизнинг тайёрлов гуруҳга қатнамаган, бу йилдан кейин келсин. Синфлар тўлиб-тошиб кетди”, деяптилар.
Она ҳайрон бўлиб қолди.
– Нега? Эркинжон қўшнимиз 1-«А» га бораверади дегандилар?
– Қачон?
– Ўша, май ойларида.
– Эркин бу йилдан ишга қайтмаган, биласиз-ку, – ўқитувчи Саидакбарга ачиниб қаради. Сочини силаб қўйди. – Эртароқ ўзингиз келмабсиз-да?
– Сизга ҳеч нарса демаганми?
– Йўқ-йўқ. Ўзим бу йил ишга чиқдим. Болам кичкина эди.
Ўғлининг қўлидан тутганча, ўқитувчининг кейинги сўзларини тушуниб-тушунмай тинглаган бўлди. Кўзлари аланг-жаланг жавдиради. Оғзини каппа очиб, ҳаво етмаётгандай оғир-оғир нафас олди. Бола эса ранги оқарганча, онасига умид билан термилди. Нарида бир синф бола чуғурлашишар, ора-сира овози ўткирроқларининг “Ану бола биз билан ўқимас экан”, “Энди синфга кирамизми?”, “Мен олма опкелдим”, “Ҳозир бизга портфель беришади”, дегандек гаплари эшитилиб қоларди.
Эрталаб юрагини эгаллаган ҳаяжон, севинч бир зумда кийимига сепилган атир ҳидидай тарқаб кетди. 1-“Д”-синфдан ҳам боласи кўпми, йўқми, сўраб кўрмоқчи бўлган ўқитувчи бош чайқаб қайтиб келди. Бола мўлтиради. Кўзига жиқ-жиқ ёш тўлди.
Бирдан микрофонда сафланиш буйруғи янгради. Икки ўқитувчи болаларни нари-бери қилиб тартибга келтирди. Табрик, мусиқа бошланди. Шляпали мактаб директори ҳам сўзга чиқиб, анча гапирди. Саидакбар ота-оналар қаторида, онаси билан қўл ушлашганча тураркан, директорнинг уни кўриб қолиб, “Бу бола ота-оналар ичида нима қиляпти? Дарров биринчи синфга қўшинглар”, дейишини кутарди. Директор мактабга энди қадам қўйган биринчи синфларни табриклагач, портфель тарқатишга ўтди. Унга беш-олти ўқитувчи тинмай етказиб турган қизил, кўк портфелларни ўзи болаларга яқинлашиб битта-битта улашди. Ҳамма ўзи билан, ўзининг боласи қандай хурсанд бўлганини кўриш билан овора эди.
Ҳалигина Саидакбарни чизиқнинг бериги томонида қолдириб юборган ўқитувчининг синфи болалари ҳам директорга бир-бир қўл чўзиб портфель олишаётганда Саидакбарнинг онаси ўғлининг юзига бир эгилиб қаради-да, уни етаклаб сафдан чиқди.
Салдан сўнг она-бола ариқ бўйлаб уйларига қайтмоқда эдилар. Она бир нималар деб гапирар, орада боласига ҳали йиғламсинган, ҳали бардамроқ овозда далда берган бўлар, бола эса тинмай йиғларди.
Эрталаб чуғурлашаётган қушлар қаёққадир йўқолган, ариқда оқиб турган сувнинг овози ҳам шўлқ-шўлқ этиб ёқимсиз эшитиларди.
– Майли, Саидакбар, бу йилдан кейин борасан. Хафа бўлма. Шу, мактабдан эртароқ хабар олмаганимни қара. Даданг келсалар нима деймиз энди?
Бола бўшашиб сўрида анча вақт ўтириб қолди. Уй кийимини кийиб чиқиб шиппагини оёғига илаётган онасининг тезлаши билан ичкарига кириб кийимларини алмаштирди, кейин зардакор қиёфада кўчага йўналди.
– Чиқма, Саидакбар, ишларимиз бор. Ҳозир Баҳорани олиб чиқаман. Қарайсан. Ий, кийимларингни нега полга ташладинг? Шим ечишингни қара-я. Қаердан оёғинг чиққани шундай билиниб турибди.
Бола ҳовлида тўхтади. Онасининг уйдан чиқиб иш тайинлашини кутар экан, кўзи девор тагидаги кичкина қуббага – чумоли уясига тушди. Ҳар куни томоша қиладиган чумолилар карвони тепасига келди. Бир-бирига бошини текказиб, саломлашиб ўтаётган майда жонзотларни жуда ёмон кўриб кетди. Нега қопдаги буғдойни уйига ташийди булар? Бола бир зумда қуббани тепкилаб дон тишлаб келаётган карвонни бошдан оёқ эзғилаб ташлади.
Ҳовлида кўланкада ётган кучук тонгги салқин кетиб, қуёш тафти ўтганиданми, девор соясига қараб юрди. Келаётиб боланинг оёқларига урилиб кетди. Шу ондаёқ тепки еди-да, ангиллаб боғ томонга қочди.
– Эчкини соғиб олайин. Юр, улоғини ушлаб тур. Сени элтиб қўйиб кейин соғарман девдим.
Бола индамай бостирма томонга йўналди. Сал ўтиб тунука лаганга пов-пов қуйилаётган сут овози кела бошлади.
– Чири-чири, жонивор, чири-чири. Кеча яхши ўтлади-да бу.
Бирдан улоқнинг бўғиқ биғиллаб маърагани эшитилди.
– Саидакбар! Нега бўғяпсан уни? Қўйвор! Ҳой бола. Хах ақли паст! Ўлиб қолай деди-ку!
Бола улоқнинг бўйнини бўшатди, лекин тишларини бир-бирига босиб, сут соғишнинг тезроқ тугашини кута бошлади.
Она сутни қип-қизил баллон ёнидаги кичкина газ плита устига митти қозончада қўяр экан, боққа кириб кетган ўғлидан хавотирланиб, ўша томонга тикилган кўйи узоқ туриб қолди. Кейин чақирди. Бола эски челакни ипга боғлаб даранглатиб судраганча чиқиб келди.
– Бу нима қилганинг? Йиғиштир-э, қўшнилар нима дейди. Кўтар пақирни. Баттар пачоғини чиқариб ташлайсан.
Бола челакни четга тарақ этиб қўйди-да, ипини устига ташлади.
– Кел, сут ичасанми?
– Йўқ.
– Нега?
– Ёмон кўраман.
Она елка қисди. Сутга оқлик солди.
Пешайвонни супура туриб супургини таппа ташлади-да, қизини кўтариб олди, боғ томонга кириб кетган боласига сездирмайгина қўшнисиникига йўналди. Нодон-да, бир-икки кун аввал гаплашмайдими. Қачон келади деб сўрасин-чи, балки келгандир.
Йўқ, эшик ёпиқ экан.
Она пешингача юмушдан бўшамай тимирскиланиб юрди, лекин аввалгидай ғинғиллаб бир нимадир куй айтиши йўқ эди. Бола эса эски симкаравотда оёғини осилтириб ўтирар, орада, каравотни ғичирлатиб ётиб олар, онаси буюрган юмушларни индамай бажарар, орада синглисининг аравачасини ҳам сўзсиз тебратар кейин яна боғ томонга кириб кетар, кўча эшикка тез-тез қараб қўяр эди.
Пешин маҳал кўчада мактабдан қайтаётган болаларнинг шовқини эшитилди. Она лабини тишлаб ўғлига қаради. Бола қўлидаги калтак билан ёшгина олчанинг илма-тешик баргларини қоқиб тушира бошлаган, озорланган баргларнинг овози тобора кучайиб борарди.
Ниҳоят, кеч тушди. Дарвоза тарақлади. Дадамми деб чопган эди, Маҳмуд амаки бош суқди.
– Қалайсан, полвон? Келин, тузукмисизлар? Ғуломжон бугун ҳам қоровулликда қолди. Уйга айтиб ўтинг деганди.
Бола шу кундан кутган охирги илинжидан айрилиб, ҳафсаласи пир бўлди. Чирт бурилиб боғ томонга кетди. Онаси қанча қистамасин, кечки овқатни унда-бунда чўқилаган бўлди.
Тунда аввалига ухлолмади. Онасининг, синглисининг пиш-пиш нафас олишини эшитиб ётди. Ташқарида кучли шамол бўлди. Қоронғи деразага қараш ваҳимали экан. Аввал сира бунақа бўлмасди. Ниҳоят, қўрқа-қўрқа уйқуга кетди.
Эртаси яна зилдай бир кун бошланди.
Мактаб ўқишларининг ярми эрталаб, ярми тушда бошланади. Катта кўчадан эшитилаётган шовқин уч бор авжига чиқди. Кеча ҳам бугун ҳам кўчага ўйнашга чиқмади. Очилиб қолган дарвозани бир неча марта маҳкамлаб келди. Фақат подақайтар маҳал дарвоза олдида куйманиб қолди. Ниҳоят, дадаси ҳорғингина кириб келди.
Бошини жўмрак остида ювар экан, ёнида мўлтираб турган болани бир кўзида илғаб сўради:
– Қалай мактаб? Бориб-келдингми? Сумка-пумкалар олдингми?
Шуни кутиб турган она шошиб жавоб қилди:
– Мактаб олмади буни. Тайёрловга келмаган экан дейишди.
– Нима? Нега олмайди?
– Икки кундан бери сиқилиб ўлай дедим.
– Ий, шунақасиям бўларканми?
– Кейинги йили оламиз деди. Ноябрда туғилган экан, дейишди. Рўйхатдан ҳам чиқмади.
Боланинг кўзи мўлтиради. Ютинди. Дадасига тикилди.
– Сен ўзинг бир нарса деб юрувдинг-ку?
– Ҳа, Эркинжон ўзингизгаям айтувди-ку. Шунга ишониб…
– Ҳа-ҳа, Эркин менгаям айтувди, тўғри. Шунақа демадингми?
– Айтдим, янги ўқитувчи экан, билмадим, деди. Бўлмади-да, ишқилиб.
– Тайёрловга бериш керак бўлса, бермайсанми?
– Билмасам, энди нима бўлади?
– Э, бир гап бўлар. Жа бўлмаса кейинги йил-да.
– Ўзим ҳам шунақа деб ўтирибман. Энди барибир сумкаям ололмаса керак. Саноқли-ку. Лекин ану Садриддиннинг боласидан олти ой кичик бўлгани билан бўйи анча баланд. Эссизгина, шу йил ўқиганда бўларди.
– Куни билан уйда ўтириб битта шу боланинг мактабини ҳал қилолмасанг, нима энди? – дадаси ўғлига юзланди. – Майли, кичкина дейишган бўлса, кейинги йил боравурасан.
– Валижон ака қидириб келувди сизни. Калтақирга сув суғоришга борамиз дейди. Овқатланиб кейин олдига чиқаркансиз.
Бола чирт бурилиб уйга кириб кетди.
Оқшом дадаси этигини қуритган бўлиб пайтава алмаштирди-да, далага кетди.
Саидакбар онаси солган ўринга кирди. Куни билан қаёқлардадир дайдиб кечда пайдо бўладиган мушуги дераза ошиб келиб кўрпаси четига ётиб олди.
Саидакбар мушукни белидан икки қўллаб тутди-да нақ остонага ирғитиб юборди. Шу билан онасию синглисига орқа ўгириб ётди. Онасининг овутишлари тобора жинини келтирар, қурбақаларнинг ташқаридаги зах ариқдан эшитилаётган овозини ёқтирмай тишини ғичирлатар, эртароқ чироқни, телевизорни ўчиришмаганидан жаҳлланарди.
Она ўғлининг тезроқ «жинидан тушиши»ни кутарди. Бир йил кейин бориладиган мактаб кунларига эса ўша – роппа-роса бир йил бор эди.