ЖАННАТ ПОЙИДАГИ ДУО


ЖАННАТ ПОЙИДАГИ ДУО

     Ўшанда Анқарада  эдик. Чиройли  автобуслардан бирига чиқишни хоҳлаган Темурбекнинг талаби билан, бекатда  пойлаб,   сариқ автобусга илашиб олдик.
     Кун иссиқ бўлгани билан, ичкари муздай. Ҳаво айлантиргич ишлаб  турарди.   
     Бўш ўриндиқларнинг бирига жойлашиб  олгач, серсавол ўғлим билан ташқарида липиллаб ўтаётган манзараларни томоша қила  бошладик.  
- Бу  Лени. Кейин Таёга ҳам чиқамиз-а, ойи?
- Хўп. 
     Таё - ҳаворанг  автобус. Яна Гани, Роги ҳам бор. Кореянинг автобуслар хақидаги мультфильмини яхши кўрадиган ўғлим  Туркияга келганимизда ранг-баранг... автобусларга бошлашига кўникиб кетганман.   
- Ана  Нури,  қаранг!  Такси у. Патни ҳам кўрдим. Полиция машинаси. Қойиил, яшасин! Ана, Харт, Шайн, Спиди ...
- Сиз ҳам кўряпсизми? Уларга қўлингизни силкитиб қўйинг! 
      Боламни талабларини бажариб, завқланиб кетаётгандим. Ногаҳон битта олд ўриндиқда ўтирган она-боланинг суҳбати қулоғимга чалиниб қолди. Аниқроғи, ўзим истамаган ҳолда уларни эшитишга мажбур бўлдим. 
- Ойижон, ўша кўйлакни олиб бера қолинг. Битта янги кияй. Ўртоқларимнинг янги кўйлаклари кўўп. 
     Туркчада бижиллаб, ялинаётган қизалоқ ўғлимдан сал каттароқ кўринди.   
- Хўп, хўп - дедим-ку. Бас қилгин, энди қизим. 
     Ўзи мендан кичик, аммо сочида бирортаям қораси қолмаган, қадди етмиш яшар кампирлардай букчайиб қолган озғингина она боласининг ялинчоқ нолаларига аранг чидаб, уни секинроқ гапиришга ундарди:
- Мен  уялиб кетяпман. Атрофдагилар эшитяпти. Пулим бўлса олиб  бераман деяпман-ку!
     Қизча эса эшитгиси ҳам келмай, баттар ялинишга тушди:
-  Илтимос, олиб беринг. Ахир Янги йилда сўрасам, Ҳайитга олиб бераман, дегандингиз-ку. Нечта ҳайит ўтиб кетди. Ҳозир санай; бир, икки, уч, тўрт, яқинда бешинчиси  келади. Сизни ҳалиям пулингиз йўқ! Дадам ўлмаганида аллақачон олиб берган бўларди.  
     Она-боланинг эгнига қарадим. Уларнинг усти-боши ниҳоятда хароб  эди. Демак, ростдан аёлнинг пули йўқ. Қизча эса  жудаям янги кўйлак кийгиси келаётганди.
- Майли, қизим. Ҳали Ҳайитгача анча бор. Бир амалларман. Сен менданмас, Худодан сўра!
- Худодан миллиард марта сўраяпман, ойижон. Аммо мени эшитмаяпди-ку. Биласизми, нима деб сўрайман. Аллоҳим, биласанми, ойим эртадан кечгача ишлаб, зўрға нонга пул топади. У пуллардан кўйлак олдирсам, эгизак укаларим оч қолишади. Битта янги кўйлакчага  етадиган  алоҳида пул берииб тургин... - дейман. 
     Аёл  қизининг бошини силар экан, теграсида ачиниш билан бақрайиб турган уч-тўртта кўзга қарай олмай йиғлаб юборди. 
     Автобус охирги бекатда тўхтади. Она-бола ҳам ҳамма қатори тушишга чоғланишди. Атрофга алангладим. Темурни кўтариб  ортларидан эргашдим. Ниятим сал панароққа боргач, аёлни ҳамиятига тегмай, ўша янги кўйлакчага етадиган пулни бериш ва  яна шу автобусда орқага қайтиш  эди.
     Одамлар гавжум жойдан  ўтиб, бекатдан анча узоқлашишгач етиб бориб саломлашдим. Аммо мақсадимни англатишга  улгурмадим. Қаердандир пайдо бўлиб қолган ўрта ёшлардаги oдам гапимизни бўлиб, қизалоққа айёрона  илжайди:
- Менинг исмим Юсуф. Сеники-чи?
- Реййан
- Вой, ўзим айланай, Жаннат дарвозасига етаклаб келган Аллоҳимга ҳамду санолар бўлсин! Биласанми, нега орқаларингдан келдим.  
- Йўқ, - дейишди она-бола бош чайқаб.
  Юсуф  кулимсираб, бекатда тўхтаб турган бояги  автобус томон ишора  қилди:
- Мен  сизлар ҳозиргина тушган автобус ҳайдовчисиман. Биласанми бугун қанақа кун?
- Йўқ,  - деди қизча онасининг этагига яширинар экан. 
     Ўзини Юсуф деб таништирган ҳайдовчи телефонига назар ташлаб, муҳим нарсани ўқиб бераётгандай овозига расмий  тус берди:
- Давлат рақами... бўлган  автобусда. Бугун бир миллионинчи йўловчи ютуқли чиптаси ўйналди.  
     Сўнг қизалоқнинг пойига тиз чўкиб, кўзларига тикилди.
- Ва сен шу ютуқли чипта соҳибига айландинг, болам.
     Қизча бир муддат ҳеч нарсага тушунмай, анграйиб қолди. Сўнг хурсанд бўлиб, қарсак  чалганча, сакрай бошлади. Бир неча  дақиқадан кейин эса тарвузи қўлтиғидан тушгандай бўшашиб қолди:
- Адашдингиз, амаки. Мен ҳали кичкинаман. Чиптам йўқ.  
     Юсуф зукко қизчанинг эътирозидан бироз талмовсиради. Сўнг ўзини қўлга олиб, илжайди. 
- Адашганим йўқ. Чипта сен ўтирган ўриндиқ остига ёпиштирилган эди ва сен ўша ўриндиққа ўтирдинг, тўғрими? Демак ютуқ  сеники. 
     Қизча яна  қувончдан сакраб, онасини маҳкам  қучоқлаб олди.  
- Ростданми? Қанақа  ютуқ?
     Ҳайдовчи яна телефонга кўз ташлади. Бир нарсаларни хижжалаб ўқиётгандай бўлди, кейин яна овозига расмий тус бериб ўқиб берди:
- Ютуқ - битта энг чиройли орзу ижобати. Нимани орзу қиласан, болам? 
     Онаси ва менинг мижжамизда ёш қалқди. Ҳозир кўйлакча ҳақида сўраса керак, деган ўй хаёлимдан кечди дарров. 
     Қизча  бир эгнига, бир онасининг абгор либосига кўз ташлаб, овози титраб чиқди:
- Агар барча орзулар ижобат бўлганида, мен отамни тирилиб, уйга қайтишини сўраган бўлардим. Бироқ бунинг иложи йўқлигини  яхши биламан. Мумкин бўлса, онам ва менга бир донадан янги кўйлак хоҳлаган бўлардим. Ютуқли чипта пули  иккита кўйлакка етармикан, амаки?
     Юсуф ўрнидан туриб, бир неча қадам четга чиқди. "Дод" деб  юбормаслик учун бўғзини икки кафти билан баробар ёпиб  "Аллаҳ, Аллаҳ",  деганча йиғлаб юборди. Сўнг кўзларини артиб, она-боланинг олдига қайтди. Қизчанинг қўлига бир даста пул тутқазди.
- Ма, ол! Бу пул иккита кўйлакка эмас, эгизак укаларингга янги кийимчалар олишга ҳам, ширинликларга ҳам  етади. Жуда омадли экансан, қара! Сен автобусда Аллоҳдан битта кўйлакча сўраган эдинг. Ютуқли чиптага қўйилган мукофот пули эса анча  кўпроқ экан.
    Она ниманидир тушуниб, эътироз қилишга уринди. Аммо Юсуф кўрсатгич бармоғини лабига босиб, "жим" ишорасини қилди.
Қизча унга раҳмат айтиб, пулни онасининг кафтига тутқазгач, қўлларини дуога очди:
- Аллоҳим, мени автобусда эшитдингми? Ўзингга шукур! Илоҳим, шу автобус ҳеч қачон ҳалокатга учрамасин!
    Юсуф қизчанинг дуосига қўшилиб, "омин" деди-ю, яна икки кафтини оғзига босганча югуриб кетди.
     Ҳалиям карахт турган онадан манзилларини сўраб, қизчага болаларим учун олган бир қути ширинлигимни тутиб, юзидан ўпиб қўйгач, улардан  узоқлашдим. 
    Келган автобусимизга чиқдим. Юсуфга раҳмат айтиб қўйиш учун хайдовчи ўриндиғига яқинлашдим. Қарасам, ҳайдовчи бошқа. Шеригини сўрадим. У менга ғалати қараб, бош чайқади:
- Бизда ҳеч қанақа Юсуф ишламайди. Шеригим ана, исми Мустафо.  
    Автобусдан тушиб рақамига қарадим. Йўқ, англишмаган эдим. Боя келганимиз, пойтахт марказига олиб боргувчи автобус эди. 
    Атрофга алангаб, бекатга яқин дўкондан чиқаётган Юсуфни кўрдим. Демак, у ҳайдовчи эмас, шунчаки она-боланинг  суҳбатига гувоҳ бўлган йўловчилардан бири эди.
- Юсуфбей, - дедим бақириб,  - Аллаҳ рози бўлсииин!
    У мени таниб, Темурга қўл силкиди ва жилмайганча йўлида давом этди.
  Юрагимдаги яралар  янгиланди. Ўзимизда ҳам баъзан шундай болаларнинг орзуларини эшитиб қоламиз. Кимдир пули аранг чиптага етган онасидан коптокча, кимдир машинача, кимдир оддийгина музқаймоқ сўрайди. Аммо баъзан  биттагина  Юсуф  топилмайди...
    Ўтган ҳайитда элликдан зиёд етим-есир, бева-бечора, ногирон, хуллас ўта қашшоқ аҳоли йиғилган кўп қаватли уйга боргандим. Ўша ерда яшовчи болаларни бир-бир кўз ўнгимдан ўтказдим. Қани энди Ҳайитга биттадан кўйлакча олиб бера олсам эди, деган ниятда эдим. Худди  юрагимдагини ўқигандай, водийлик тадбиркор укаларимдан бири шу таклифни билдириб, болаларнинг ёши, ўлчамини сўраб беришимни илтимос қилди. Эллик оиладаги етмишдан ортиқ болакайнинг  ўлчамини маҳалла котибидан билиб бўлганимдан сўнг эса, қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди.
    Унга яна беш, олти марта қўнғироқ  қилдим. Жавоб бўлмади.   
    Бугун Ҳайит. Атрофингизга эътиборлироқ бўлинг! 
    Бир, икки, уч, тўрт... Ҳайитда битта янги либос кия олмаган болалалар бор. Кўйлакчалар-ку топилар, аммо Жаннат дарвозаларига етмай, йўқотилган дуолар, савоблар топилармикан? 

Муаззам ИБРОҲИМОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот