ДРОБЛЛАР
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ДРОБЛЛАР
Қадр
Ит уч кундирки эгаси қабрига кўксини бериб йиғлар, фарзандлар эса мерос талашардилар.
Қувонч
Набира ўзи томон талпина бошлаган заҳоти у урушда йўқолган қўли яна ўсиб чиқаётганини ҳис қилади.
Қарғиш
Уларни тоқ этишган маҳали пойабзаллардан бири жангчининг урушда қолиб кетган оёғини қарғай бошларди.
Ёзиқ
Аскар қабридаги ёзув: "Мен отамдан олдин ўлганман".
Хато
У ичи ўқланган замбаракнинг оғзидаги гулдастага ишонди.
Оғриқ
Жангчи йиллар ўтиб, ўз хотирасини олиб ташлашларини сўраб врач ҳузурига борди.
Қонуният
Урушда ҳар соҳанинг бўлажак генераллари кўп қирилди, ҳақиқий генераллар эса, доимгидек панада, дейлик, штабда эдилар.
Иқрор
У тўплаган беҳисоб бойлигини мана шу япроққа қўйган чангчалик қадри йўқлигини боши ёстиққа тегиб, бир ютум ҳавога зор бўлаётган лаҳзада англаб етди.