БУ ЕРЛАРДА ҲАЁТ БОШҚАЧА


Қўчқор НОРҚОБИЛ

БУ ЕРЛАРДА ҲАЁТ БОШҚАЧА
Ҳикоя

  Кампирнинг игнасидан ип ўтмаганига анча бўлди. Кўз қурғур хиралашган. Ёш ҳам саксонга сабоқ бериб турибди. Лекин ўзи анча тетик. Овозини айтмайсиз, гулдурайди — гапни замбаракнинг ўқига боғлаб отади, тушган жойини ўпириб кетади. Қишлоқда катта-кичик уни гулдурак момо дейди. Ўзиям ўрганиб кетган... “Гулдурак момо, бизникига бораркансиз, энам ўрмак тўқишга айтди...”. “Гулдурак момо, гартаккина қатиқ бериб туринг...”, “Гулдуяк момо, тухум бейинг, товуғимиз куйк бўпти”. Момо хасис эмас, ким нима сўраб келса беради, ким қаерга айтса боради, айниқса, бола-бақрани жини суяди, лекин уйидан чиқараётиб уларни ўқлаб жўнатади: “Ма, ўлай сенга, супрақоқди-ей, ма ол, буни киссанга сол. Қурт егинг келса, келавер, бераман... Энангга бориб айт, момом келаркан, ўмганига от тепгандаям келаркан, лекин сиз ўтган ҳафта момом кигиз қилганда бормаган экансиз. Белингиз белангимиди? дейсан. Қани қайтар-чи...” Бола қизариниб-сизариниб, кампирнинг гапини қайтаради. Бир қўли чўнтакда, қуртларни ушлаб-ушлаб кўради. Бошқа бир куни: “Ке, болам. Бу йил ҳам сигиринг қисир қолди-ма? Майли, ана, сигирни уйингга олиб бориб бойлаб қўй. Отангга айт, йил ўн икки ой Йўлчининг магазинига бойланган итдай қўриб шишага кириб ораққа чўмилмасдан бир ойгина инсофга кирса, сенларга бир соғин сигир олиб беради...” Кампир бир корсан косадаги қатиқни мишиқининг қўлига тутади. “Бирор нарса керак бўлса кептур”. Кампир шугиналарнинг келиб-кетишидан хурсанд бўлади, гапирган гаплари эса шу... бир гапида. Гулдуракда, гулдурак. Феъли-рўй!
  “Ўзиям зерикиб ўтурувдим. Киравер. Салиманинг қоратойлоғимисан... Кир. Нимага мунча тимирскиланасан?.. Чиқ супага. Ма, ғилминди, е. Ҳозиргилар ғилминдини қаерданам билади... О, болам, ол!.. Яхшимикан? Бўйинг шадороздай бўп тебранасан-а? Биламиқ, юпқа, гарчиш, ширгуруч, тўрта, қайла, кўчаош нима билмай ўсаётгандан сўнг шундай бўлади-да. Энанг тенгиларнинг ҳаммаси қилтанглайди, қирққа кириб-кирмай кўтарам бўп қолган... Икки бола туғиб-туғмай ув-увлайди, ўрни ўриб, қирни қирадиган пайти, гўр бўлама, ўзимизди эски овқатларни қилишни буйни ёр бермайди, буларинг ор билишадими-ей, бекор гап, эринади, билгани пиёва, шулдир шурпа... Қозонда мойни жириллатганим ҳисоб дейди...” Бола кампирнинг сўзларини илғаб-илғамай  чақа сариёғ ва сутдан тайёрланган лаззатли “перашка”ни паққос тушираверди. Учинчисини еб тугатгач ҳансираб қолади. “”Момо, мен кетдим” Кампир тўнтарма катта саватни кўтариб тухум тўла елим косани болага узатади. “Ма, энагга айт, тухумни тоқ бостирсин, йўқосам, жўжа чиқмайди, энанг шуниям билмайди-ёв”. “Тухумлар жуфт чиқса-чи момо?”, “Биттасини отангга қовуриб берсин...”, — узиб олади кампир. “Ҳа, айтмоқчи, энангга айт, товуқларниям уволи бор экан, деб қўй. Ҳеч бўлмаса шу гапимни тушунтир...”
***
  Гулдурак момо супада гум-гурсдай бўлиб урчуқ йигираяпти. Ўтиришини кўринг. Урчуқ эмас чархи дунни айлантираяпти, гўё. Сўл қўл ҳавода, ипни тутган, ўнг қўл билан эса ип туташган урчуқни шипиллатиб айлантириб юборадики, бу кескин ҳаракат гўё чавандознинг қилич сермашидаги оний ҳолатга ўхшаб кетади. Раҳим бово катта дарвозанинг очиқ “бола эшиги”дан кирди-да, кампирига бир пас серт солиб турди. Кампир сезди. Ишини тўхтатиб чолига илкис қаради. Чол ўзича қовоқ уйди. Шунчаки бостирма томон юрди. Ҳовлида қиладиган ишнинг тайини бўлмаса ҳам унга-бунга уринмоққа шайланди. Ишқилиб кампир эрталабки гапни қўзғамаса бўлди.
— Келдингизми? Қачон бораман деяпсиз?
  Чол ортидан қамчи егандай бир чайқалиб тўхтади: “Оббо, яна бошлади!” Кампирга ўгирилди.
— Қаерга? Нима деяпсан? 
  Момо энди гулдуради:
— Талмовсираб тол кесасиз-а? Шундаям ота бўладими-я? Шу болани агарам бир жойдан орттириб келган бўлсамам, шу бола чиппа-чиниминан ўгай бўлсаям, бир бориб кўрай демайсиз-а. Ё шу бола чиниминан ўгайма-а? Отаям шундай бўлама?!
— Телпонда гаплашиб турибмиз-ку. 
Чол чўнтагидан уяли телефонни олиб кампирига кўрсатди, кўрсатмаса гапига ишонмайдигандай.
— Шу кенжангиз ҳам шу зормотоҳди қайси гурданам обберди, сизга. Телпон қулоқ бўлар, икки кўз бўлолмайди, кўнгил бўлолмайди, меҳр бўлолмайди. Одамни одамдан узоқлаштираркан...
  Кампирнинг тилидаги тугун ечилди. Чол бундай пайтда унга бас келолмайди. Гумбир-гумбур гап билан уради. Эшитади энди эшитадиганини. Лекин жим турсаям бўлмайди.
— Ҳозир боғда иш қайнаган пайт. Қараб турмасам, бола-чақа узумни ташиб кетади. Мол-ҳолга ким қарайди?
— Баҳона қиманг. Ўртанчингиз бор! Қарайди. Хотини ҳам орбонглаб не қиларини билмай ухлагани ухлаган. Қишлоқда узум итирқини. Бола бақирага берсангизам олмайди. Ўзингизга бир гап бўган. Уй билан боғ орасида оталак-куталаксиз. Мол-ҳол, қўй-қўзига ҳам қирғин келсин... Итга тиним бор, қушга тиним бор, сизга тиним йўқ, биз ўлсак бошимизда мол-ҳолингиз, қўй-қўзингиз уввос солса не ажаб?!
  Чолникиям тутади. Қўлидаги ўроқни томорқага ирғитади. Лекин кампирига ҳеч нима деёлмайди. Ғудранади, “Уккағор бахшининг қизи...” Даҳлизга қараб юради. Токчадаги челакдан чўмичда сув олиб ичади. Кампир юмшайди:
— Ҳой, совуқ сув ичманг қодоғингиз тош қотади, чой ичинг, иссиқ чой бор! Тумшаймасдан келинг энди, буёққа!
  Биз тавба қилдик дейлик, лекин чолга тақдир чизиғини кампири чизиб қўйгандай туюлаверади, ҳой тилимизнинг куфурини ел олсину, лекин айни чоғ чолнинг ўзи шундай ўйлади. “Энағарди қизи эллик йилдан ошди йўлимни чизиб беради, чизиғимдан чиқма дейди... Энди бўлди, гапига қўйдим, ўзимнинг билганимни қиламан! Ўғлимникига оёғим тортмай турибди, кейин бораман. Кейин ҳам хоҳласам бораман, хоҳламасам йўқ!”. Чол қатъийлашди. Оқ аралаш ўсиқ қошини чимириб, пешонаси тиришиб хотинига ботиқ нигоҳлари ёв қараш қилди, қаердан пайдо бўлди, ёноқ суяклари бўртган озғин ва кичик  кулча юзида қаҳр ўти алангалади. Оқарган сийрак, эчки соқолини озғин ва чайр қўлининг титроқли бармоқлари билан силагандай бўлди. Узоқдан қараган одам чол сўл қўли билан юзига фотиҳа тортаётибдими деб ўйларди. Кампирга ҳам шундай туюлди.
— Бовоси, келинг  чой-пой ичиб олинг. Келинг. Майли, бормасангиз бормабсиз... 
Кампирнинг туйқус майин тортгани чолни эсанкиратиб қўйди. Қулоқларига ишонмади. Анграйиб қараб турди, меники тоқ, сизники жуфт — сизники маъқул, деб бировга, айниқса, чолига осонликча ён босиб қўявериш кампир учун жон таслим қилиш билан баравар эди. Шундай бўлгач чол анграймай ким анграйсин. 
  Чолнинг қалбида ойда йилда бир қўзғалиб қоладиган тўпалоннинг тошқини кампирнинг бир оғиз илиқ гапи туфайли босилди қолди. Супага чиқиб кампирининг  ёнига келиб ўтирди. Кампир устига сочиқ ёпилган сирли идишнинг қопқоғини очиб чинни косага ширгуруч солиб узатди. Чол кампирга кўз остидан сер солди: йўқ, аврамаяпти, эллик йилдан бери билади, бунга авраб-алдаш бегона, шартта заҳрини сочиб, чақади қўяди. “Уккағор бахшининг қизи-ей... Ажинаси отланиб қолса дунёни чирпирак қилади-я. Гулдурамай ўлгурнинг гаплари чин, ўзимам бола-чақамга ҳам ёпишавермайман. Шундай чакин бўлсам нима қилай? Уккағорнинг қизи сизни элга қўшаман деб бўларимча бўлдим,  кесакдан ўт чиқди, тошга тил  битди, сиз эсам диму дирс бўлиб ўтдингиз, Сиз билан ўтган эсиззгина умрим-а, сизга одам иси ёқмайди деб ёзғираверади. Бу гаплариям чин. Лекин одам иси ёқмаган билан сенинг исинг ёқади, Тошбуви”. Чол ўзича илжайиб қўйди-да, бўшаган косани кампирига узатди:
— Яна ярим коса бер. 
  Кампирнинг чеҳраси ҳам гул очди:
— Зўрлик қилмасмикан, мана чойдан ичиволинг.
  Чол яна илжайди:
— Беравер! Зўрлик қилса йўлини топамиз.
  Чол бу косаниям кўрмагандай қилди. 
  Ширгуруч — сутда пишган гуручбўтқада эриган сариёғ юқи чолнинг сийрак соқолида ялтираб турарди.
— Бовоси, соқолингизни аритволинг... Ҳалиям ёш болага ўхшайсиз. Ким билсин, одам кексайгач, аллахиёл бўлиб қоларкан. — Кампир жуда оҳиста, овоз қўймай, майингина гапирди. Чол унинг юзига разм солди. Ёноқларида икки томчи ёш сизибди. Қаршисида Гулдурак кампир эмас, бир бурдагина мумсик, бир муштипар турибди. Ичидан нимадир узилгандай, бошидаги сийрак соч толалари ўрнига бесаноқ игналар санчилгандай бўлди, сесканиб кетди чол:
— Ие, Тошбуви, сенга нима бўлди?
  Кампир уф тортди. 
— Ўзим шундай бовоси, ўзим шундай.
  Гулдураган овоз ўрнида синиқ ва ўксик иҳроқ. Кенгашда хоннинг ҳеч кимнинг хотинидай бўп ўтирадиган кампирнинг доғули симмати-сайидан урвоқча йўқ. Чолнинг эти увишди:
— Сенга нима бўлаяпти? 
— Гапимни эшитинг бовоси. Гапимни эшитинг. Уф-уф... Бовоси, ҳеч сезяпсизми, зеҳнимча болаларимиздан узоқлашиб бораётгандаймиз.
— Ундайчакин гапни қўй, Тошбуви. — Чолнинг ҳам овози қалтираб чиқди. — Шу каттамизникига борганимиз бўлсин, бугуноқ йўлга тушамиз. 
  Кампир энди ўзини тутолмади. Ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Кўз ёши ёноғини шўриш этди.
— Борасизми, бормайсизми, ўзингиз биласиз. Мен буни айтмаяпман бовоси, болалар бизданми, биз болаларданми узилиб боряпмиз. Бир бизамас, бошқа тенгқурларимиз ҳам шундайга ўхшайди... Шундан қўрқишимиз керак бовоси, шунга йиғлашимиз керак бовоси...
— Бу нима деганинг?
— Деганим, демаганимма? Беш болани кўкайимиз қуриб, кўк томиримиз чириб катта қилдик, қиз энди майли, бировга аталган омонат, жойини топди — уди-кетди. Тақдири имдод — азали одат бу. Бахтли бўлишсин. Ойда йилда бир келади, кўриб сув ичган дарахтдай яшнаймиз. Уч ул-чи, уч ул! Уллар ҳам ҳар жойга сочилди, насибаси экан омон-эсон юришсин! Кенжамизни кўрмайсизма, иши Шерободга овушганакан, уям келиндиям олди-кетди, нима деймиз давлатнинг иши. Неварамди эсласам, юрагимнинг суви оқиб кетаяпти, бовоси. Бир томирим чирт узилгандай, ҳоли-мадорим қурияпти. Сиз эркак кишисиз, Сиз буни билмайсиз бовоси. Уч боламни тупроққа қўйганимда, уч болам ерни тўйдирганида куйиб кул бўлганман бовоси. Ўшандаёқ томирларим чириб бўлган бовоси. Менинг қуруқ савлатим қолган, қуруқ говорам қолган бовоси. Гапирганимда мен гапирмайман, гулдураган овоз отамнинг овози. Отамдан қолган бир ҳовуч нур гапиртиради, бовоси. Бахшининг қизи бўлмай мен ўлай, яхшининг қизи бўлмай мен ўлай... Увв-ей...
  Кампир уввос тортиб йиғлаб юборди. Чол ўрнидан туриб эсдан оққан сиёқда супани айланиб гандираклаб юра бошлади.
— Қўй энди, бас қил Тош... Ўзингди бос Тош...
  Чол ҳансираган алфозда даҳлизга кирди. Чўмичда сув оп келиб кампирнинг юзига сепди. Кампир бир тўлғаниб ҳардамхаёл қиёфада жимиб қолди. Кўзини дастурхондан узмай иҳради.
— Катта улимизнинг қишлоққа доримаганига беш йилдан ошди, — кампир ўзига-ўзи ингради. — Ҳамсая-овул ўғлингиз катта одам, келишга вақти бўлмаса керак-да, — дейди, — лекин мени юпатиш учун айтишади, буни биламан. Ўтирик гапираман, улим ўтган куни кеп кетди, иши кўпда, иш кўп, ҳар икки-уч ойда  кеп кетиб турибди, дейман. Сиз эсам телпонда гаплашиб турибмиз-ку деб овунасиз. Кеча момо улингиз телевизорда чиқаяпти деб Сулув ҳамсоянинг қизи чопиб кириб келди. Сиз боғда эдингиз. Телевизорни қўйдим. Маъноли гапларди гапираётувди, қирилиб кетгур чироқ ҳам ўчиб қолди. Эрталабгача ухламай чиқдим. Тонг саҳарда ўртанчангиз келди. Эна, икки болангиз ҳам катта одам бўп кетган, мен ўзим рўзғоримни бир амаллаяпман, бирови ёрдам берай демайди, дейди. Бовоси шу боғ ўлгурди ҳам, қўрадаги ҳамма қўй-қўзи-ю, оғилдаги новвосниям, сигирдиям берайлик шунга. Сизминан менга мол-ҳол, дала-боғ, дову-дасканинг нима кераги бор. Қутулайик, қўяйлик. Елкамизга кўч-кўрон ортиб нимаям қиламиз.
  Чол бир сапчиб тушди:
— Нима ўртанчанг шундай дедими? Ўзи сўрадими? 
— Сўрамади. Бундай гапдиям айтмади. Лекин мен кўзидан билдим. Кўзидагини уқдим бовоси.
  Чол бош эгди. Дастурхон четини титроқ қўлларининг озғин бармоқлари билан ожизгина ушлаб титкилай бошлади. Ранг рўйи оқариб, ҳансираётган кампирига қарши боришга юраги дов бермади.
— Майли сен айтгандай бўлади. Ўртанчангни чақир, кечқурун келсин, Қўйга ҳам, молга ҳам, боққа ҳам эгалик қилсин. Эртага эрталаб йўлга чиқамиз. Каттангни бориб кўриб келамиз. 
***
  Энди гапни  “катта”никидан эшитинг.
  Саҳармардонда Деновдан чиққан поезд Тошкент вокзалига етиб келди. Чол- кампирни тўнғич ўғилнинг шофёри қарши олди. Алламбало уловга ўтирғизди. Машина “катта”никига равона бўлди. Кампир хурсанд. Учиб кетаяпти дейсиз гўё. Чоли тушмагурнинг сир бой бермагани билан димоғи чоғ. Машинанинг юмшоқ орқа ўриндиғида ястанган икки дуогўйнинг айни дам кўнглида соғинчми, севинчми туйғулари нечоғли кўпириб тошгани уларнинг ўзи ва биргина Яратганга аён. 
  Машина шаҳар четида, суви тип-тиниқ, зилол, ҳайқириб оқаётган дарё ёнидаги яйраб-яшнаган мевали боғ адоғига етганда сўлга йўл солди. Очиқ дахани кесиб ўтиши ҳамоно чор тарафда қад ростлаган қасрмонанд кўп қаватли уйлар оралаб кетди. “Шаҳарнинг қишлоғи шу бўлса керак” — ўйлади чол. У умрида бундай салобатли иморатларни кўрмаган эди. Ву-йй буларнинг томларини-чи, шифермас, товланади-я, товланади, яна уларни ҳар хил рангга бўяшибдиям. Бундайча фасон-истилда қуришгани-чи, қиррали, қиррасиз, учбурчак, тўртбурчак  томлар.
  Машина мовийга бўялган, тепасига қизил қалпоқ монанд устама ўрнатилган баланд девор билан ўралган дабдабали қаср ёнида тўхтади. Машинадан тушишди. Ҳайдовчи девордан икки қулоч баланд келадиган қалинзирҳ, улкан кулранг дарвоза биқинидаги оқ тугмачани босди. Чол-кампир анграйиб туришибди. Яна босди. Анча вақтдан сўнг тарақ-туруқ эшитилиб, дарбозанинг кичик эшиги очилди. Кўз қовоғи шишинқираб, оқ оралаган сочи тўзғин, майкачан, тиззаиштон кийиб олган ўғли Турдиқулни кўришди. Кампир шу заҳоти ўғлига тармашиб, уни юз кўзидан ўпа кетди, чол илжайибгина турибди. 
— Вой болам-а.  Турди жоним-а! Бўйингдан айланай болам. Соғ омонмисан, тани жонинг совма, эсон-омонгинамисан, айланайин болам...
— Яхшиман, ўзингиз яхшимисиз, келинглар. Келинг... Эй ота, яхши келдингизми? Келинг, келинг.
  Ўғил билан отаям бағирлашди. Турдиқул уларни икки чети анвойи гуллар билан безанган қизғиштус керамика ётқизилган йўлак бўйлаб баланд иморат томон бошлади. Чолу кампирнинг туйун-тақасини кўтарган ҳайдовчи уларнинг ортидан эргашди. Кампир мағрур, чол атрофга алазарок боқади. Ўзиям ҳовлимисан ҳовли экан. Кенг-мўл. Бутун ҳовли сатҳига ям-яшил чим ётқизилган. Яшил майдоннинг қоқ ўртасида шарқираб фаввора отилаяпти, теварагида турли-туман гуллар барқ урган.
  Берироқда мармар ҳовуз. Суви килкиллаб турибди. Унинг ёнида усти чиройли, рангли елимбўз билан ёпилган войишайвон. Оқ, кўк, қизил рангли пластмасса стол-стуллар ўрнатилган. Чимсатҳ охиридаги девор ёнида қаторасига одам бўйидан баланд қилиб ўрнатилган қалпоқчироқ ёриткичлар. Кечаси ёқишган шекилли, ҳали ўчиришмабди, қаторасига ёниб турибди. Йўлак четида ҳам ана шундай оққа бўялган темиртўсин ёриткичлар ёғду сочади. Баланд иморатга етмаси, сўл томонда эса ёғочдан ясалган икки қаватли нақшинкор сўри. Сўрининг ҳам томи бор. Унинг ҳам томи бўялган.
— Ҳозир... Ҳозир. Бир минут. Келинингиз ухлаётувди. Уйғонади ҳозир. Рисол! Рисолат! Меҳмон келди... 
  Улар қора тус ойна билан тўсилган бош-оёқ ойнаванд иморат олдидаги ҳалиги икки қаватли сўрининг биринчи қаватига чиқишди. Ўғил иморат зинасидан кўтарилиб уйга кириб кетди. “Шаҳарда кеч уйғонишаркан”, — ўйлади ота. “Отали олти, энали етти тўйди, булар ухлашаяпти”, кўнглидан ўтқазди эна. 
  Иморатнинг ойна эшиги очилиб келин чиқди. Садағанг кетай буям шу аҳволда —тизза иштонда. Майкаси ҳар ҳолда эриникидан бир нави. Ҳа майли майдалашмайлик, бировнинг эгнидаги илвасин билан нима ишимиз бор. Фақат кампирнинг кўзи билан ер чизгани, чолнинг уёқ-буёққа аланглаб нигоҳ опқочганини айтиб ўтсак кифоя. 
  Келин ҳол-аҳвол сўрашиб дастурхон тузаш учун ичкари кириб кетди. Худо кўнглига солдими, бу гал эгнига халат ташлаб чиқди. Бир пастда хонтахта усти ноз-неъматга тўлди. Келин бир лаган қовурдоқ оп келди. Дастурхон атрофида ўғил қишлоқдаги қариндош-уруғ, хеш-ақрабани сўраб-суриштирди. Келин мулойимгина бўлиб чой узатиб, қайнона-қайнотани егуликка ундаб ўтирди. 
— Болаларинг кўринмайди, болам? — Невараларини уйдан чиқишини сабрсизлик билан ичикиб кутиб турган кампир ўғлига юзланди. 
— Наргиз Германияда. Бекзод лагерга кетган. — Ўғил қуруққина жавоб қилди. 
— Аттанг... — чол иҳраниб қўйди. Кампир чолига қараб жовдиради.
— Майли, илоҳим омон бўлишсин, — деди кампир ичи зил кетиб. 
— Яхши бўлди келганларингиз. Биз ҳам зерикиб ўтиргандик, — келин мулозамат қилди. 
— Болалар келгач, ҳаммамиз жам бўлиб қишлоққа ўзимиз бормоқчи эдик, — ўғил гапни улаб юборди. 
— Яхши, яхши, — деди чол. 
— Болам Чори бованг, Сарви холанг ҳам ўтди. Тожи тоғанг ўсал бўлиб ётибди, дарди оғир, — деди кампир, — қишлоққа бориб туринглар, болам... 
— Ҳовли-жойинг кенг-кенгаш экан, буни қара-я, кинодагидай, — орага тушди чол кампирни чалғитмак, суҳбат ровишини бошқа ёққа бурмоқ учун. 
— Ҳа энди, ота, ҳовли-да бу, ҳовли! 
— Болам, Хуррам тоғангнинг ўғли шу ерда экан, баннисада дейишди, бир бориб кўриб қўйсанг яхши бўларди. Ўтган кун ўпкалагандай бўлди, жиянга тилпон қилдим, яхши гаплашмади, деди-ёв менимча...
— Иш кўп-да, ишим кўп... Майли бораман, — ўғил ланжланди. 
— Ойи, дада, овқатга қаранглар... Қани манави салатдан олинглар, — келин ўсмоқчилади. 
— Ҳовли яхшиякан, — кампири яна бир нимани гапириб юбормасин учун эзмаланди чол, — анави арчаларинг яхши ўсибди, анавилар нима, оқтеракка ўхшайди? 
— Булар берёза ота, берёза.
— Тузук, тузук. Олма-полма, гилос-пилос экмабсан-да, ҳа майли, ҳар жойнинг ўз русуми бор... Болам энди мен турай,таҳорат олсам, намозимни ўқиб, ҳовлингди бир айланай.
  Чол кампирига маънили қараб, ҳар нарсани вайсайверма, дегандай қилиб ўрнидан турди. Ўғил отани ҳовли адоғидаги ҳаммомга бошлади. 
— Ойи, жой қилиб берайми? Бир оз дамингизни оласизми?
— Майли келин, майли шундай қилинг, болам.
  Ҳувиллаган ҳовлида бир куннинг ўтишиям чўзилиб кетди. Айниқса, чол чимсатҳ охирида қатор гуркираб ўсган арчалар ортида кўринмай турган панжарали қўрада айиқданам катта, калласи қўра эшигига зўрға сиғадиган ит сақланаётганига кўзи тушиб орқаси тутди:
— Бунинг девдан тарқаганми? — деди ўғлига.
— Ҳа, энди, Бекзодингиз қизиқади-да, ота! 
— Шундай ажойиб қўрага тўртта қўзини ташлаб қўйсанг ҳовлингга файз кирарди ўғлим, боланг ҳам овунарди, мол-ҳолга меҳр қўярди. Бунинг ўрнига новвос боқсанг ҳам бинойи эди... болаларинг ҳам бекор юрмайди, ит боқаяпти деган гап қайда-ю, уйида мол ҳоли билан андармон деган гап қаёқда.
— Болам ит боқмайди, ота, — ўғил зарда қилди.
— Манави нима?.. Шунга қизиққан жони молга қизиқсин, дейманда, — чол қўлини пахса қилиб қўрани кўрсатди. 
  Ит ириллади. 
— Итни итбоқар боқади. Итбоқаримиз бор.
Ота ўғлига ажабсиниб қаради. Бош чайқаб қаҳрли илжайди. 
— Бу сенга нима каромат кўрсатади?
— Кечаси уй-жойни қўриқлайди. Бу ер шаҳар, ота! 
  Чол итга ўқрайиб қаради. Ит тағин ириллади. 
  ...Оқшом чўкди. Чолу-кампир ҳалиги сўрида чой ичишаяпти. Келин елимичакда ҳовлига шариллатиб сув сепаяпти. Эшик жиринглади. Рисолат қўлидагини ташлаб эшикни очди. Қотмадан келган, паст бўйли киши икки қўлида челак кўтариб девор бўйлаб итхонага қараб юрди. “Итга овқат оп келаяпти. Итбоқари шу экан”, кўнглидан ўтказди чол. Итбоқарнинг изидан эрталабки ҳайдовчи кирди. Ҳаммом томонга юриб иккита одам бўйи хода топиб чимсатҳ чеккасига қоқди. Улар орасига оқбўз тортиб, мармар ҳовуз ҳамда чолу кампир ўтирган сўри орасини тўсди. Сўнг кўча эшик ортидаги машина ўриндиғидан иккита қути олиб келади-да, ҳовуз четидаги столга қўйди. Усти ёпиқ войиш остидаги столлар устига турли хил ичимлик, шишаларни териб мева-чева билан безатди. Чолу-кампир ажабсиниб қараб қўйишди. 
— Бугун меҳмон келадиган кун экан, ойи, дада. Яна меҳмонлар келишаяпти. Машҳур актёр хотини билан келаяпти. Борамиз дейишди, йўқ деёлмадик, — келин тил учида сипойилик қилди. 
— Меҳмонга келма деб бўларканми, меҳмон келгани яхши. Меҳмони кўп уйнинг ризқиям мўл бўлади, айланай, — кампир келинга рўйхушлик берган бўлди. Арча тагида кабоб қўра тозалаётган ўғил ота-онасига бир разм солиб қўйди. Чол яна илжайди. “Дову-дастгангдан ўргилай улим...”
  Чинданам телевизордан тушмайдиган машҳур актёр хотини билан ҳовли ўртасига кириб келганда Рисолат югургилаб уларга пешвоз чиқди. Актёр Рисолат билан чўлпиллатиб ўпишиб кўришди. Хотини ҳам шундай қилди, ўғил Турдиқул ҳам бундай русумни канда қилмади, бир-бири билан юзўпишди қилишгач, ўғил меҳмонларга сўрида ўрнидан тик турган ота-онасини таништирган бўлди. Сўнг меҳмонларни етаклаб, бўзнинг ортига олиб ўтди. Чолу-кампир ҳайрату ажабсиниш билан бир-бирига маъноли қараб чўк тушдилар. Бўз ортида гангур-гунгур, қийқириқ бошланди. Сув шалоплади. Қадаҳлар жаранги эшитилди, кулган ким, қийқирган ким... 
— Бу ерларда ҳаёт бошқача экан, бовоси, — деди кампир.
— Бошқача. Ҳамма нарса бошқача, — деди чол ҳам илжайиб.
— Хўш, энди нима қиламиз, бовоси?
— Эрталаб тонгда кетамиз. Ё қоласанми? 
— Сизники маъқул. Сиз нима десангиз шу! Бу гал сизники жуфт бўлди, бовоси. 
  Кампир бир нуқтада кўз қадаб жимиб қолди. У қароғида айланаётган кўз ёшларини чоли кўришни истамасди. Чол юзини тескари бурди. Кампир енги билан ёшли нигоҳини аритди. 
  “Бўздевор” ортидаги мармар ҳовуз суви яна шалоплади. Аёллар қийқиришди. Итбоқар калласи қозондай қоп қора эшакдай итни ҳарсиллатиб етаклаб чиқди, бир қўлида итнинг занжири, бир қўлида яримлаган ароқ шишаси. Ит сўрига бир қараб ириллаб қўйди-да ҳаммом томон гандираклаб бораётган итбоқарнинг ортидан лўкиллаб эргашди. 
  Орадан чорак соат вақт ўтар-ўтмас чол таҳорат олиш учун ҳаммом сари илдамлади. Елим офтобада сув олиб девор бўйлаб юриб арчалар ёнида чўнқайган чол орқасидан алланима гувиллаб учиб келаётганини ҳис қилди-да, туйқус ўгирилди, ўзи томон шамол тезлигида жон жаҳди билан отилаётган улкан итни кўрди. Миясида чақмоқ чаққандай бўлди. Баҳайбат ит унга зарбу забтда урилиб танасини тилка-тилкалаб ташлаши оний ҳолатда шууридан кечиб оёқ-қўли увишиб бақрайиб қолди. Шу тобда... шу тобда осмон гумбурлаб, ер силкингандай бўлди — борлиқни сўрида сапчиб туриб кетган гулдурак кампирнинг гулдураган овози тутди:
— Тўх-т-а-а-а!
  Ит таққа тўхтади. Бир айланди-да, ғингшиб ортига қайтди. Мармар ҳовуз бўйидагилар тахтадай бўлиб қотиб туришарди. 
  Дунё бехабар итбоқар эса мук тушган кўйи ҳаммом деворига суяниб хуррак отарди. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот