ФИРИБ


  Иссиқ сув учун, совуқ сув учун, чироқ учун, газ, телефон, чиқинди... Нафақаси тўла-тўлалардан ортмаётган Хуршида момонинг боши қотди. Ахир уйни таъмирлаш ҳам керак. Бунинг устига иситиш қувурлари янгиланмаса, эрта-индин занг босиб кетган темир қувурларнинг бирон жойи ёрилиб, ҳов бир галгидай ҳаммаёқни қайноқ сувга ботириши аниқ. Икки қаватли ғиштин уйларда қувурлар бошқа домлардагидек ертўлада эмас, чордоқда жойлаштирилган. ЖЭКдагилар эса: «Қувур йўқ, пайвандловчи йўқ» ва ҳоказо баҳоналарни рўкач қилиб, таъмирлаш ишларини бажаришни пайсалга солиб келади. Йигирма йил деганда фақат умумий йўлакни оҳак билан оқлаб кетишди, холос. Ўшанга ҳам уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш пулидан ташқари, ҳар бир хонадондан қўшимча солиқ олишди. Аслида, сотиб олиниб, ишлатилган оҳак ва чала-чулпа иш қилган икки йигитнинг хизмат ҳаққи шунча пулга арзимас ҳам эди.

  Чоли вафот этганда, дастлаб ёрдам пули бериб турган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам айниди-қолди. Момо ўша ерга пул сўраб борди-ю, шундоқ ҳам нимадандир авзойи бузилиб, жиғибийрон бўлиб ўтирган маҳалла оқсоқолидан дашном эшитди:

— Бўлди-да, энди! Ҳадеб «пул-пул» деяверасизларми? Роса жонга тегдингизлар-ку, ўзиям. Тўғри, боқувчисини йўқотган, моддий ёрдамга муҳтожларга қўлдан келганча кўмаклашамиз. Чолингизнинг дафн маросими, жанозаси-ю маросимлари учун баҳоли қудрат ёрдамимизни аямадик. Лекин ўғлингиз бор. Ҳеч кимингиз бўлмагандаям бошқа гап эди, – деди-ю «гап тамом», дегандек аллақандай қоғозларга нималарнидир ёза бошлади.

 Хуршида момо «зора раҳми келса», деган умидда унинг қаршисида бир муддат мўлтираб тураверди. Раис ҳам унга ўхшаганларни кўраверганидан кўзи пишиб кетганми ёки безор бўлганми, ҳар ҳолда «миқ» этган садо чиқармади.

— Бўлмаса мен кетақолай, – кампирнинг овози титраброқ чиқди.

   Маҳалла раиси унга «ҳалиям шу ердамисиз?» дегандек оғриниб қаради-ю зўр-базўр бошини қимирлатиб қўйиш билан кифояланди.

  Эшикдан кўчага чиққан заҳоти Хуршида момо ўпкасини тутолмасдан, йиғлаб юборди. Худо раҳмат қилгур чоли тирик бўлганда, кимларнингдир олдида сарғаярмиди? Ўғлингиз бормиш… Ўғли бир ой, икки ой деганда аранг вақт топиб, хабар олиб кетишини-ю, шунда ҳам маоши камлиги боис рўзғорига бир амаллаб етказаётганидан тинмай нолишини билмайди-да. Уялганидан бўлса керак, онасига нон-пон, у-бу егулик олиб келади. Хуршида момо алам билан хўрсинди: “Эрим келтирган нонни ўйнаб-ўйнаб ейман, болаларимникини ўйлаб-ўйлаб, деб зап топиб айтишган экан-да...”

   Эшигини кунда, кун ора тақиллатиб, гоҳ чироқ идорасидан, гоҳида иссиқ сувдан ва яна қайси бир идоралардан келиб турган ходимлар бўлмаганда ҳам бошқа гап эди. Неваранг тенгги тирмизакларнинг «чироғингни ўчираман, газингни ўчириб қўяман» каби дўқ-пўписа қилганлари қари одамга баттар алам қиларкан. Куни кеча биттаси келиб: «Чироқ идорасиданман, қарзларингиз кўпайиб кетибди, тўламасангиз, чироғингизни ўчирамиз», деганча огоҳлантириб кетди. Ойма-ой ҳамма тўловларга баҳоли қудрат пул бериб келаяпти, аммо егуликка, “қора кунга” ҳам пул қолиши керак-ку, ахир. Электр ҳисоблагич бўйича тўламаганмиш. Ҳисоблагич деган ўлгур ғириллаб айланса, айб кимда? Ўзи шундоқ ҳам кундузи кўзойнаксиз яхши кўрмаса, қоронғуда туртиниб-суртиниб, йиқилиб тушмайдими? Қариган чоғингда ҳеч кимни ёлғиз қолдиргулик қилмасин экан. Ўғлидан олдинги бешта фарзанди турмади… Якка-ю ёлғиз арзандаларини асраб-авайлаб ўстиришди, аммо у ҳам оилали бўлгач, бола-чақа, рўзғор ташвишларидан ортмайди. Тўғри, ўғли бир неча марта: «Она, бизникида турақолинг, бу уйни неварангизга хатлаб беринг», ҳам деди. Лекин келиннинг қош-қовоғига қараб кун кечиришдан ёмони йўқ. Ҳа, майли, ишқилиб омон бўлишсин.

   Кампир уйига кириб, газ плитаси устига сув тўлдирилган чойнакни эндигина қўйган эди ҳамки, яна эшигини кимдир қоқди. Йўлдан чарчаб келган, ҳали нафас ростлашга улгурмаган кампир оғриётган оёқларини аранг босиб, эшикни очди ва жилмайиб турган хушрўйгина жувонни кўрди.

— Мен иссиқ сувданман, – ўзини таништирди жувон. – Иссиқ сув учун қайси ойларда тўлаганингиз ҳақидаги қоғозларингизни олиб чиқиб кўрсатинг-чи.

— Уйга кирақол, болам, ташқарида турма, – деганча, Хуршида момо уни ичкарига таклиф қилди.

   Барча тўлов қоғозларини кўздан кечирган жувон момонинг икки ой учун қарзи борлигини, агар ҳозир тўламаса, иссиқ сувни ўчириб қўйишларини, устига устак, вақтида тўланмагани учун жарима сифатида қўшимча пул ҳам олинишини писанда қилиб ўтди.

   Кампирнинг арз-ҳолини эшитгач, жувон юмшагандай бўлди:

− Майли, ҳеч бўлмаса, ўтган ойдаги қарзингиздан қутулинг, бу ой учун эса “тўланди”, деб қоғоз ёзиб қўяман. Кейин ўзим келаман, нафақа олганингизда берарсиз. Кекса киши экансиз, иссиқ сувингизни ўчириб қўйишса, қийналиб қоласиз. Жарима солишса, бундан бешбаттар ёмон...

Кампир суюниб кетиб, ётоқхонада, ёстиғининг тагидаги кафанлиги учун йиғиб қўйган пулидан кераклигини олиб чиқиб, жувонга тутқазди.

— Илоё, барака топ, қизим! Кексаларни эъзозласанг, асло кам бўлмайсан... Бир пиёла чойга нима дейсан? Уйма-уй юравериб, томоғинг ҳам қақраб кетгандир-а, болам?

— Сизни овора қилиб қўяман-да... Лекин бир пиёла чой бўлса, ҳақиқатан, ёмон бўлмасди. Ростдан ҳам чанқаб турувдим. Авлиё эмасмисиз, мабодо? Эндигина чой сўрагим келиб турувди, фақат сизни уринтиришдан истиҳола қилиб тургандим, − ширингина кулимсиради жувон.

— Во-ой, овораси бор эканми, жон болам, мен ҳозир, — деганча, Хуршида момо ошхонага ўтиб кетди.

   Пиёлалар чой юқидан қорайиб қолганини кўрган момо идишларни шу аҳволда меҳмонга олиб чиқишдан уялди-да, жўмракдан иссиқ сувни очиб, шоша-пиша юва бошлади. Мана, иссиқ сувнинг афзаллиги. Совуқ сувда, биринчидан, доғлар яхши кетмайди, иккинчидан, қўли совуқ ейди. Момо пиёла барибир яхши тозаланмаганини кўриб, бир сиқим туз олди-да, кўнгилдагидек обдон ювди. Унгача чой ҳам қайнаб қолди. Кампир чойнакка қуруқ чой солаётганида, тўлов қоғозларини қўлида тутган жувон унинг ёнига келди.

− Келинг, ёрдамлашиб юборай.

   Жувон қайноқ темир чойнакни сочиқ билан тутганча, чинни чойнакка қайноқ сув қуйиб, чой дамлади, сўнг уй бекасига бир пиёла қуйиб узатгач, ўзи ҳам бир қултум чойни ошиқиб ичди ва кампирга қараб яна жилмайди.

— Бўпти, опоқижон, мен энди бора қолай. Ҳали кирадиган уйларим кўп. Ҳар бир хонадонда чой ичиб ўтираверсам, ҳаммасига улгурмайман. Ҳа, айтганча, тўлов дафтарчангизга икки ой учун пул тўлаганингиз тўғрисида ёзиб, имзо қўйдим. Майли, раҳмат, бўлмаса, мен кетдим.

Кампир уни дуо қила-қила кузатиб қўйгач, дастурхонни йиғиштириб қўйиш учун ошхонага қайтиб кирди. Момо ҳаётда шундай олижаноб одамлар ҳам борлигини ўйлаб тўлқинланиб кетганди. Маҳалла раисига ўхшаган кишилар қаёқда-ю, мана бунақа инсоний фазилати борлар қаерда.

   Хуршида момо аёлни ғойибона дуо қила-қила кўзойнагини олиб, қоғозларга кўз югуртирди. Аммо на ўтган ой учун, на бу ой учун тўлов қоғози тўлдирилмагани, умуман, ҳеч нарса ёзилмаганини кўриб, ҳайрон бўлди. Ё тавба, қариб, кўздан қолдимми, деса, бошқа йилларнинг тўловига кўзи ўтаяпти-ку. Хуршида момонинг кўнгли алланечук ғаш бўлиб, ётоқхонасига кирди-ю ёстиғининг бир чети кўтарилиб қолганини илғаб, юрагида қаттиқ санчиқ турди. Кампир зипиллаб бориб ёстиқни кўтарди. Ёстиқ таги бўм-бўш эди. “Балки, боя пул олганимда, қолгани каравотнинг остига тушиб кетгандир”, деган сўнгги илинжда кампир пастни ҳам титкилаб, қўллари билан каравот остидаги полни пайпаслаб, пулини қидирди. “Ҳа, уйинг куйсин-а”, – дея қарғанди момо. Нимага йўқ нарсани қидираяпти? Ахир, тўлов дафтарига ҳеч нарса ёзмаганидан ҳам ҳаммаси кундай равшан бўлиб турибди-ку. Ҳа, жувон уни лақиллатиб кетгани аниқ. Ярамас, уялмай-нетмай, куппа-кундуз куни чув тушириб кетса-я! Эртага идорасига бориб, ҳамманинг олдида уни боплаб, адабини беради.

   Момо иссиқ сув идорасидагиларни ҳам қўшиб қарғай бошлаши билан яна эшик тақиллаб қолди. Кампирнинг юраги “шув” этиб кетди. Ҳа, бу ўша. Виждони қийналган. Қайтиб келган. Ҳозир пулни қайтариб, кечирим сўраса ҳам керак. Бироқ момо уни дарҳол кечирмайди. Бирпас қовоғини солиб туради-да, сўнгра: “Майли, янглишиш бандага хос. Ёш экансан, бошқа бунақа номаъқулчиликни қилма. Агар ўзинг айбингга иқрор бўлиб келмаганингда, ишхонангга бориб, расвойингни чиқарардим”, – дейди.

   Хуршида момо тақиллаётган эшикни жаҳл билан очди-ю... дами чиққан пуфакдай шалвираб қолди. Остонада йигирма ёшлардаги йигитча турарди. Момо аламини ундан олди:

— Ҳа, ер ютгур, қайноқ сувда куйиб ўлгур, куйдирги чиққур, иссиқ сувларинг бошларингдан қолсин! Боримдан айрилдим. Бир сўмим қолмади!

   Йигит кампирга анграйиб қараб тураркан, хиёл очилган оғзини юмиб, бир ютиниб олди. Сўнгра, турли одамлар билан ҳар-хил муносабатда бўлавериб, кўзи пишиб кетган, шекилли, довдираб қолмади. Бир зумда ўзини қўлга олиб, хушмуомалалик билан кампирни овутди:

– Опоқижон, бўлди, бўлди, ўзингизни босинг. Пулингиз бўлмаса кета қолай. Бироқ менга айтинг-чи, иссиқ сувдан келганимни қаердан билдингиз? Фолбин ёки кароматгўй эмасмисиз, мабодо?

— Хизрни йўқласам бўларкан, – пичинг қилди аламзада Хуршида момо. – Эшакни эсласанг, қулоғи кўринади, деганлари рост экан. Ҳм, биринг кетиб, иккинчинг келибсан-да... Сен нимамни олгани келдинг? Тилбузарними? Ёки жонимни олгани келдингми? Гапир, яшшамагур! Шеригинг қайси гўрга даф бўлди?

   Воқеанинг бундай кескин тус олишини кутмаган йигит ҳайрон бўлиб қолди.

− Кечирасиз, мени ҳеч қанақа шерик-перигим йўқ. Нималар деяпсиз? Режа бўйича...

— Ҳа, оғзингдан қонинг келгур, мана шу режадан гапир! Қанақа режа тузувдиларинг иккаланг? Эҳтимол, навбатдаги режага кўра, мени гумдон қилиш учун келгандирсан-а? Гувоҳ қолдирмайсанлар-ку, сенлар! Бу фикр мен мияси айниган кампирнинг хаёлига нега илгарироқ келмади.

— Гапимни охиригача эшитасизми-йўқми, – йигит йиғламоқдан нари-бери бўлгудек аҳволда эди. – Режага асосан, бу ҳудуд тақсимоти менгагина берилган. Ким келгани-ю қанча пулингизни ўмарганидан мутлақо бехабарман!

— Ҳозир мелисани чақирсам, ҳа-аммаси эсингга тушади. Мана бу қурт еган миянг ҳам яхши ишлаб кетади. Ҳа-а, эсингни киритиб қўйишади. Ўғри, фирибгар, шеригингни яхшиликча топиб бер, акс ҳолда...

— Шеригим йўқ, деяпман-ку...

— Шунақами? Унда ўзингдан кўр босқинчи! — кутилмаганда кампир жонҳолатда чинқириб бақирди. – Вой-до-од! Ёрдам беринглар, уйимга ўғри тушди, иккинчиси мени ўлдирмоқчи, қутқаринглар, бўлмаса мени ўлдириб қўяди, вой-дод!

   Зинапоя йўлаги олдида бақирганидан, кампирнинг овози акс-садодек жаранглаб кетди-ю, пастки қаватдаги қўшнилардан бири — майкачан, гавдали эркак югуриб чиқиб, аввал кампирга, кейин йигитчага бир хўмрайиб қараб олди-ю, дўриллаган овозда сўради:

— Тинчликми? Нима гап? Нима шовқин? Қани ўғри?

— Ўғри рўпарангда турибди-ку, болам. Ушла, бўлмаса қочиб кетади.

   Қўшни эркак бирданига йигитнинг қўлини орқасига қайириб, оёғининг суягига қаттиқ тепди! Оғриқнинг зўридан йигит бақириб юбориб, чўккалаб йиқилишига бир баҳя қолди, аммо юқорига кўтарилиб турган қўлини омбурдек маҳкам қисиб турган қўл унинг йиқилишига йўл қўймади.

— Гапир, муттаҳам, опоқининг нимасини ўғирладинг?! – дўқ урди қўшни.

— Буямас, шериги ўғирлади, бу мени ўлдиришга келган экан...

    Алқисса, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан йигит жиноий ишда айбланиб, суриштирув-тергов ишлари бошлаб юборилди. “Иссиқсувтаъминот” идорасида ишловчи барча аёлларнинг суратлари Хуршида момога ва “таниб олиш” учун йигитчага кўрсатилди. Хуршида момо уйига келган жувон уларнинг бирортаси ҳам эмаслигини айтгач, қолаверса, йигит “терговга ёрдам беришдан бўйин товлаб, ўз айбидан тониб, жиноий шеригини яшираётгани” учун асосий гумон яна унга тушди.

   Терговчи йигитга ўқрайиб тикилган кўйи саволини такрорлади:

   — Менга қара, сен нимада айбланаётганингни тушунаяпсанми? Нафақат ўғриликда, балки, кампирнинг жонига қасд қилишга уринишда ҳам айбланаяпсан. Мана, даъвогарнинг ўз қўли билан ёзиб берган аризаси. Сен ўша таниш хотинни яшириб нотўғри қилаяпсан. Агар чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, ҳаммасини рўйи-рост гапириб бериб, ўша асл жиноятчини топиб беришга ёрдамлашсанг, сени фақат жиноятни яширишда айблаймиз ва жарима билан чиқиб кетасан, бўлмаса, ўзингга қийин. Ўйлаб кўр!

− Мен “Иссиқсувтаъминот” идорасида ишласам, ахир...

− Сен жиноят содир этган пайтингда ҳеч қаерда ишламагансан! – терговчи унинг гапини кескин бўлди. — Ана, бошлиғинг ёзиб берган ҳужжатларга яхшилаб қара, Эргаш Алиев. Сен жиноят содир этишдан бир ҳафта аввал ишга келмаганинг учун, бошлиғингнинг буйруғига кўра ишдан бўшатилгансан. Ҳамкасбларинг ҳам сенинг ишга сабабсиз равишда келмасликларингни тасдиқлаб, ёзиб беришган. Ма, ўқи!

   Эргаш эшитган гапларига ишонқирамай, терговчи узатган бир даста қоғозларга кўз югуртирди. Чиндан ҳам шундай эди. Эҳтиёткор ва қўрқоқ бошлиғи Алиевнинг милицияга тушиб қолганидан хабар топгач, ҳар эҳтимолга қарши уни аввалги сана билан ишдан бўшатиб юборган эди. Бунга қўшимча равишда йигитнинг ҳамкасбларидан ҳам унинг ишга масъулиятсизларча ёндашуви тўғрисида тушунтириш хатлари ва рапортлар олиб қўйганди... Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Бу ерда қандайдир англашилмовчилик бўлса керак. Ё терговчи сохта қоғозларни кўрсатаяпти, ё бўлмаса ҳамкасблари унга нисбатан хоинлик қилишибди. Шундоқ ҳам бир неча кун давом этаётган терговлар таъсирида тузук ухлай олмаётган Эргаш энди бутунлай ҳолдан тойганини ҳис қилди. Бунақанги руҳий тазйиқлар уни буткул чарчатиб юборганди, аммо ишхонадагиларининг ёзиб берганлари ўлганнинг устига чиқиб тепган билан баробар бўлди.

— Ҳожатга чиқиб келсам майлими? – деб сўради у терговчининг рухсат беришига унчалик ишонмаса-да.

— Нима, ёлғон тўқишни ўйлаб олишинг учун фурсат беришим учунми? Тез жавоб бер, у хотин қаерда яшайди?!

— Бундай қилишга ҳаққингиз йўқ!

— Ие, ҳали ҳақ-ҳуқуқингни талаб қиладиган бўлиб қолдингми? Бир қари кампирни шилиш, уни шеригингни таниб қолгани учун ўлдирмоқчи бўлганинг ҳам ҳақ-ҳуқуқинг доирасига кирадими?

— Мен ҳеч кимни шилганим ҳам, ўлдирмоқчи бўлганим ҳам йўқ, бу ҳаммаси уйдирма, сафсата!

— Сафсатани биз эмас, сен айтаяпсан! Мен далилларга ишонаман. Айбсизлигингни хўп, ана, исботла, бўлмаса! Бўпти, сен кампирнинг ва ҳамкасбларингнинг гаплари билан танишиб чиққанинг ҳақида мана бу қоғозларга имзо чек. Қолгани судда маълум бўлади. Айбинг бўлмаса, қўйиб юборишар, балки.

   Эргаш терговчи узатган қоғозларга имзо қўйиб берди.

   Судда эса, Эргашнинг ўз айбига иқрор бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатларга қўл қўйиб бергани маълум бўлди. Эргаш терговчи берган бўш қоғозларнинг тагига имзосини қўйибди, у эса қоғоз тепасига чиройли айбловларни ёзибди. Аммо унинг бу гапларига на суд раиси ишонди ва на суд ҳайъати. “Нега ўқимасдан қўл қўясан, нима саводсизмисан, бундай бўлиши мумкин эмас”, дейишиб, унинг ялиниб-ёлворишлари, ўзини оқлашга уриниб айтган сўзларини расмиятчилик юзасидангина тоқат қилиб эшитишди. Аммо барибир, суд ҳукми билан тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Отаси ёллаган оқловчининг уринишлари ҳам зое кетди. Чунки ҳужжатларда унинг ўз айбига иқрорлиги битилган эди...

   Орадан кўп ўтмай Хуршида момо кўп қаватли уйда яшайдиган жияни Салиманинг уйига меҳмонга борди. Шу ерда дам олиб ўтирганида эшик қўнғироғи жиринглади, кейин даҳлиздан таниш овоз эшитилгандек бўлди. Эшикни жияни очган бўлса-да, сабри чидамаган Хуршида момо овоз келган тарафга юрди.

— Электр идорасиданман, тўлов қоғозларингизни кўрсатинг... Э-ҳе, анча қарзингиз бор экан-ку...

   Жувонни кўрган момонинг кўз олди қоронғулашиб, оғзи қуруқшади. Э, ҳа, бу ўша фирибгар-ку! Ўша!

— Салима, ушла уни, мени тунаган фирибгар ўғри хотин шу! — дея жонҳолатда бақирди момо.

   Жувон хотиржамлик билан момога қаради, кейин беписанд оҳангда гапирди:     

— Воо-ой, нега туҳмат қиласиз?! Ким фирибгар?! Ўзларинг ўғрисанлар! Электрни ўғирлаб ишлатаяпсанлар!  – жувон кўзларини олайтириб, дўқ урди. — Мана менинг ҳужжатларим.

Хуршида момо бўш келмади:

− Ҳужжатларинг қалбаки! Салима, тез мелисага тилпон қил!

− Нима-а? Милицияни керак бўлса, мана мен чақираман, ҳали ҳам тўловни тўлашдан бўйин товлаганларинг, ҳам туҳмат қилганларинг учун тегишли жойда жавоб берасанлар!

   Дарҳақиқат, жувон қўл телефонида кимгадир қўнғироқ қилди.

—  Алё, бу ички ишлар бошқармасими? Менга Султонов керак эдилар. А, сизмисиз, Мирза Аҳмедович? Увайсий кўчаси, 20-уй, 15-хонадонга тез ходимларингизни жўнатинг! Ҳа, жуда яқин. Ҳа, ҳа, тўлов тўлашдан бош тортишса майлийди, менга туҳмат ҳам қилишаяпти.

   Хуршида момо билан Салиманинг оғизлари очилиб, анграйиб қолишди. Улар ўзларига келиб улгурмасдан, иккита фуқаро кийимидаги киши келиб, ўзларини “Жиноят-қидирув бўлимиданмиз”, деб таништиришди, ҳужжатларини кўрсатишди ва ҳаммани ўзлари билан идорага олиб кетишларини айтишди.

— Тез, тез, эшикни қулфлаб, пастга тушинглар, сиз эса, юринг биз билан, мошинада ўтириб туринг, – дейишиб, жувонни пастга олиб тушиб кетишди.

   Хола-жиян эшикни қулфлаб, пастга тушганларида эса, ташқарида ҳеч зоғ йўқ эди...


Музаффар Муҳаммадназар. 2005 йил.

    Манба: "Китоб дунёси" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот