Оналарга осмонини совға қилганлар


   Қишлоғимизнинг энг чеккасида, дарёга туташ жойда Қиммат момо ёлғиз яшар эдилар. Айтишларича, унинг турмуш ўртоғи урушдан яримжон бўлиб қайтиб, узоқ касалликдан сўнг вафот этган, орадан ўн йиллар ўтиб катта ўқишда ўқиб юриган ёлғиз ўғли,   таътилга келиб уйидаги радионинг симларини тўғрилаш учун томга чиққанида ток уриб, бевақт ҳаётдан кўз юмган экан. Ўша – ўша Қиммат момо якка ўзи яшайди. Қишлоқдагилар уни ҳеч қачон ёлғизлатмайдилар. Баҳор келиши билан момонинг кўчага қараган дераза ойнаси ланг очилади.
   Ўтган ҳам қайтган ҳам албатта бирров тўхтаб саломлашиб ўтади. Умрининг охирларида момо яхши юраолмай, “Қизғалдоқли” қирда ўтадиган наврўз сайлига бораолмай қолдилар. Кўклам таомлари: кўк сомса, кўк чучвара, сумалак, ҳалим қўни- қўшни томонидан диярли ҳар кун момонинг дастурхонида бўй таратар эди. Аммо, момонинг армони баҳор чоғида “Қизғалдоқли” қирга чиқиб осмонни томоша қилиш экан. У ҳали наврўз келмасдан бу армонини қишлоқдаги бошқа жамалак дугоналарига ҳам айтибди. Бошқа кампирлар ҳам айни наврўз куни “Қизғалдоқли” қирга чиқиб атроф оламни, кенгликларни, мусаффо осмонини томоша қилиш истагини билдиришибди. Уларнинг бу орзусини ушалтириш учун қишлоғимиз йигитлари зўр режа ўйлаб топдилар. Ҳамма ўша кун келишини интиқ кутди. Наврўз тонгида тўртта юк машинасига қишлоқ нуронийларини, шу жумладан Қиммат момони ҳам миндириб “Қизғалдоқли” қирга олиб бордилар. Қирга етгач, машиналарнинг қанотлари туширилди. Шундай хурсандчиликлар бошландики асти қўяверасиз. Кексалар дуоси билан бошланган наврўз сайлида моможонлар худди тахти равонда ўтирган маликаларга ўхшардилар. Ўша-ўша бу меҳрибончилик одатга айланди. Кейинги йилларда ушбу эзгу ишнинг номини қишлоқдошларимиз “Оналарга осмонни совға қилиш”- деб атайдиган бўлдилар. Наврўз куни ким қаерда бўлмасин етиб келади ва у ҳам албатта шодёнага ҳисса қўшиб, пири бадавлатлар дуосини олади. Мендан эса  азизларим янги шеър сўрайдилар.
***
Уч ой қишда шифтга боққан кўзлар бор,
Йўлга қараб соғинч эзган  кезлар бор,
Қарзимиз бор, улардан: нон, тузлар бор.
Оналарга осмонни совға қилинг.
Қирни – яшил тўнларни совға қилинг,
Кун кўрмаган, кунларни совға қилинг,
Ой эгилган тунларни совға қилинг,
Оналарга осмонни совға қилинг.
Улар бизга кўкламни совға қилган,
Кўклам тиккан гиламни совға қилган,
Тирикликни, оламни совға қилган,
Оналарга   осмонни совға қилинг.
Эгатларга экилдилар биз учун,
Жим – жим ерга тикилдилар биз учун,
Бўронларда букилдилар биз учун,
Оналарга осмонни совға қилинг.
Битта осмон нима бўбди йигитга,
Ботди онанг кўрпадаги чигитга,
Бир кунгина ёнбошласин булутга, 
Оналарга осмонни совға қилинг.

КЎК СОМСАНИНГ ИФОРИ

   Баҳор кунларининг бирида онам тандирга кўк сомса ёпаётган эдилар. Мен уларга ёрдамлашаётган эдим. Катта кўчадан қишлоғимизнинг нарига чеккасига келин бўлиб тушган   Ойсара  янга ўтиб  кетдилар. Бу гўзал келинчакнинг либослари шунчалар ўзига ярашар эдики, ҳар кўрганда маҳлиё бўлиб қолар эдим. “Хадича момонинг келини Ойсара янга, анави янги келин ўтиб кетаяпти. Кийган кўйлаги шунчалар чиройлики, гуё бир даста лолақизғалдоқ юриб кетаётгандек” – дедим. “Ҳозир ўша янги келинчак ўтиб кетдими?”- деб сўрадилар она. “Онажон, шу янги келин “- деган ном унга қачонгача берилган?” - дия сўрайман. “То битта ширинтой чақалоқни олиб келганча”-дейдилар меҳрибоним. Онам сомсаларни тандирдан узиб бўлиб, бир тақсимчага тўрт дона сомсани солдида устини тоза сочиқча билан ўраб мени ўша янги келин - Ойсара янганикига жўнатиб юбордилар. Мен сомсаларни уларникига кўтариб кириб борганимда Ойсара янга юзимдан ўпибдию, тақсимчани олиб, тортиниб- нетиб ўтирмай айвондаги нарвоннинг зиначасига ўтириб олиб паққос тушира бошлади. Мен умримда бунақа сомсахўрни кўрмаган эдим. Анграйиб турганимда ичкаридан Ойсара янганинг қайнонаси Хадича момо чиқиб қолди.  Момо негадир мени  имлаб чақириб “Барака топгур онанг жуда ақлли аёлда, келинимни бошқороғу эканини қандай билди-я, ҳозир келиним кўчадан келиб “ Кўк сомса егим келаяпти, Муқимтош  опа  кўк сомса ёпаяпти шекилли, дарвозасидан ўтаётиб, хушбўй ҳиддан ақлдай озай дедим” - деб қолди.    
 Мен унга “Ҳозир бориб Муқимтошжондан сомса олиб келтириб бераман”-деб турувдим.  Мен эса “Келинни кўрсатиб “Қаранг момо сизга ҳам бермасдан ўз еб қўйди”-дедим. Шунда момо “Майли, майли келиним бошқоронғу” –деди шивирлаб. Мен аллақачон бўш қолган тақсимчани уйга олиб қайтарканман онамдан “Нега шундай бошқаронғуни келин қилишган, сиз ҳам  сомсани кам бериб юборибсиз. Анави янги келин сомсани қайнонасига ҳам бермай паққос туширди”-дедим. Онам кулиб “Бошқаронғу деган ,бу яхши гап, бу демак ҳадемай ўша янги келинчак  Хадича момонгга жажжигина набира туғиб беради-дегани”-дедилар севиниб. Бу гапдан мен ҳам хурсанд бўлиб кетган эдим.
  Ҳали ҳамон думоғимга кўк сомсанинг ифори урилиши билан ёдимга ўша тоғ бағридаги қишлоғим, париларга дарс бергудек фаросатли қишлоғим аёллари келади. 

Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот