ДАРЁ ОРТИДАГИ ЙИҒИ


   
 Адиб, шоир, таржимон ва драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист - Қўчқор Норқобил “Дарё ортидаги йиғи” қиссаси учун 1990 йилда Усмон Носир номидаги мукофотга сазовор бўлган. 

Қўчқор НОРҚОБИЛ

ДАРЁ ОРТИДАГИ ЙИҒИ
Қисса

МУҚАДДИМА


   Сен у ёқдалигингда отанг шўрлик чўкиб қолди. Бир куни сендан хат келганда устунга суяниб ўқиди. Кўзлари ғилтиллади. Бизни кўрмасин, деб ичкарига кириб кетди. Эркакнинг йиғлагани ёмон бўларкан, болам. Шундан попиросга ҳам ружу қўйди...


(Аммамнинг айтгани) 


   Уруш мурдалардан ҳайбатланади. Қонни севади. Руҳингга карахтлик тамғасини босади. Дийдангни қотиради. Шунда сенда шубҳа туғилади: кўксингдаги тоғми ё.. Уруш ҳеч қачон ўзини оқлай олмайди. Айниқса, Афғондагиси. Қалтис сиёсатнинг қайроғидан ўткирлашган ойболта янглиғ тириклик илдизини кесиб лаззатланаверади. Илоё, томирига ўт тушсин урушнинг. Мен Афғонни қазилган ўрага ўхшатаман. Унда сену биз ётибмиз. Бу урушнинг “ижодкор”лари тепамизда нури сўнган нигоҳимизга қарашга ботинолмай туришибди энди. Қўлларида белкурак. Кўмай десалар, кўзларимизга тупроқ ташлашдан қўрқишади...


***


   Мен отамни йиғлатган, онамни кексайтирган уруш ҳақида ёзмаслигим нечоғлик оғирлигини ҳис қилган ҳолда бу ишга қўл урдим. Икки йиллик талотум юрагимга тиғ бўлиб санчилаётган кунлар хотираси жонлантирган воқеалар, ўзим каби кимларнингдир кўз қораси, суюкли фарзандлари билан кечган дамларим, айримларига жанггоҳлардан қайтиш насиб этмаганлиги боис, уларнинг руҳим ҳақида ҳам баҳоли қудрат қоралайин, дедим.

I

Келганимизга бор-йўғи икки ой бўлди. Ҳануз бизни жангга олиб чиқишгани йўқ. Қисм ички ҳаёти билан танишув имконини беришяпти чамамда. Кўз қотиб, у-бу нарсани эшитиб, шароитга мослашишимиз учун жудаям зарур эди бу. Қиш кунлари бўлганлиги сабаб, саф майдонида қор кураймиз, ошхонага хизматга юборишади, озиқ-овқат омборидан иш топилиб қолади. Хуллас, ғимир-ғимир. Қисм эса тинч ва осуда, янги келганлардан бошқа деярли ҳамма аллақаерларга жангга кетган. Зобитлар ҳам саноқли қолган. Яъни, полкда фақатгина хўжалик ишлари билан бандлари. Очиғи, уларнинг кўплари уруш кўрмаган, номигагина Афғонда жанг қилишаётганди. Яна бизнинг олдимизда керилиб-серилишига ўлайликми. Айниқса, аскарлар ошхонаси хўжайини прапоршик Ничмониянинг: “Бу ерни Афғон дейдилар. Тузалмасанглар ҳаммаларинг ўлиб кетасан, лапашанглар”, дея ўдағайлаши ҳам дастлабки кунлардагидай қўрқинчли туюлмай қолди. 
Ничмония эслатмаса ҳам, Афғондалигимизни билиб турардик. Казармалар бир тусдаги қалин панел деворлар билан тикланиб, сариқ бўёқ чапланганди. Баъзан уларни ажрата олмай ўзимизники қолиб бошқа роталарга ҳам адашиб кириб кетаверардик. Полкнинг кунчиқар томонидан Қобул шаҳри бинолари кўриниб турар, шимолда эса юз қадам нарида айланасига кузатув нуқталари қўйилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида танк ёки “БМП-2”лар турарди. Улар ҳечам жангга чиқишмас, тўсатдан бўладиган ҳужумларга шай турарди. 
Ҳар куни ошхонада идиш-товоқ ювишу омборхонадан озиқ-овқат ташишга бораверишдан кўра хавотирув қизиқиш аралаш ҳақиқий жангга боришни афзал кўраётгандик. Ким билади, инсон ҳамиша ўз олдида содиру муқаррар воқеаларни кўришга шошилаверар? 
Эрталабдан саф майдонида урушга чиқмаган мундирли хўжайинлар бизни ишга бўлаётиб, полк кетган жойдаги аҳвол ҳақида қисқача ахборот беришарди. Бошқаларни билмадим-у, бунақа пайтлар менга титроқ тушарди. Шу тинчгина ҳаётга, бамайлихотир зобитлар галасига қараб, қаепдадир шу полкнинг аскарлари ўлаётганига ишонмасдим.
Полк жангдан қайтишига икки кун қолганда биз — янгилар, яъни “салага”ларни  қоровулга юборишди. Қоровулхона қисм жанубида жойлашганди. Биринчи марта совут ва каска кийдим. Истаганча ўқдон олсам бўларкан, буни устига ўқ-дори ҳам текин.
Полк теграсидаги ҳар бир кузатув нуқтасида учтадан аскар алмашиб туради. Кимдир ҳали кўрмаган ўқ-дори омборига, яна ким ёнилғи сақланадиган жойга, биров техника паркига тушди. 
Қоровулхона гаупвахтасида иккита “дук” қамалганди. Уларни кўришга қизиқардим. Кечаси маҳбус эшиги олдига келиб уч-тўрт марта мўраладим. Гаупвахта бетондан қурилганди. Зим-зиё ичкари жудаям совуқ, йўлакка киришинг билан кўланса ҳид димоғни ёради. Худди ахлатхонага ўхшайди. 
Бу ердаги ҳар нарсага қизиқиб, синчилик қилаётган қоровул бошлиғи, ёшгина лейтенантнинг ҳам Афғонга келганига уч-тўрт кун бўлганди. У ўзини жуда муҳим ҳарбий топшириқни энг оғир вазиятда бажараётгандай ҳис қиларди. Кечаси билан билан сменаларни жўнатаётиб, ўқдонларни қайта-қайта текширар, ҳушёрлик ҳақидаги сабоғини канда қилмасди. Бунинг устига уёқдан-буёққа юраркан, бетиним чекарди. Гоҳида қоровулхона тўрига, ўз хонасига кириб олиб, тўппончасини артар, ўқларини ситиб олар, тағин жойлаштирар, худди кинолардагидай оёқларини чалиштириб, стулда ястаниб олган кўйи қўлидаги қуролни айлантираверарди. Бу менинг кулгимни қўзғатаётганди. Зобит дегани сал босиқроқ бўлмайдими?
— Аскар!!!
— Мен, ўртоқ лейтенант!
— Егулик опкелишдими?
— Худди шундай, ўртоқ лейтенант!
— Ҳозир, сен билан бирга анавилар олдига овқат олиб кирамиз... – у духларга ишора қилаётганди. 
Эшикларни шарақлатиб очдик. Орқароқда қурол ўқталиб турдим. Қоронғу ва зах хонада ҳеч ким кўринмасди. Ичкари шунчалик сасиб кетгандики, қайт қилгим келди.
— Тур ўрнингдан! — қичқирди зобит.
Нимадир қимирлади қоронғуда!
— Йўлакка чиқ!
Соч-соқоли ўсиб, қоқсуяк юзига яра тошган маҳбус йўлак ёруғида деворга суяниб қолди. Унинг зимистонга кўниккан кўзлари ичкарига кираётган ёруғликдан қамашарди.
— Ўтир! — оёғи билан ер тепди лейтенант.
Маҳбус чўкаётиб тиззалари қалтираётганини, зўрға ўз вазнини тутиб турганини сездим. 
Унинг олдига эрталабки нонуштада аскарлардан қолган балиқ қилтаноғи ва нон ушоқлари аралаш картошка қўйдим. Маҳбус кўзини идишдан узолмай, қимир этмасдан ўтирарди. Зобит овқатни унинг ёнига қолган балиқ қилтаноғи ва нон ушоқлари аралаш картошка қўйдим. Маҳбус кўзини идишдан узолмай, қимир этмасдан ўтирарди. Зобит овқатни унинг ёнига оёғи билан сурди. “Дух” икки қўллаб идишга ёпишди. У бош кўтармай овқатланарди. Ҳар эгилганда елкасидан буртиб турган қоқ суяклари уни янада аянчли кўрсатарди. Зобит сигарет тутатган, кўйи тик турар, қизиқсиниб термуларди. Унга бу ҳолни томоша қилиш ёқаётганди. Мени эса тезрок чиқиб кетгим келар, лекин анави керилма хўрознинг измидалигим учун иложим йўқ эди.
Зобит ғилофидан тўппонча чиқариб, унинг тумшуғига тиради.
— Қани тур... Овқатланиб бўлгандирсан, душман. Ҳозир сен билан суҳбатлашамиз...
Душман унинг гапини тушунмасди. Зобит қўли би­лан “тур”, деб ишора қилди.
— Душманмисан?..
— ...
— Шўравини ёмон кўрасанми? 
Махбус дағ-дағ титради.
— Хўш, нечта шўрави отдинг?
Шўрави сўзини эшитгач, душман сергак тортди. Дағ-дағ титраб қичқирди:
— Дўст! Шўрави дўст!
— Нима деди? — менга қаради зобит.
— У отмапти ўрток лейтенант, у бизга дўст эмиш.
— О-о-о! Оббо ит-эй.
Зобит кеча келганига, ҳали қоровулхонадан бошқа ерни кўрмаганига қарамай, ўзини афғон жабркаши, гўё кўп жангларда қатнашган, уруш кўрганлардек тутарди.. Бу менинг ғашимга тегмоқдайди.
— Эй, душман! Сенларни жангда отиб ташлаш керак. Қанжиқлар!!!
Зобит уни эрмак қила бошлади. Қўли билан ишора қилиб, холдан тойгунча ўтириб турғизди. Махбус кўзлари чиққудай бўлиб бизга термулар, бўйни елкаларига қисилиб борарди. Озғин ва нимжон қўлларини юзига яқинлаштириб, бақириб йиғлай бошлади.
— Ё Оллоҳ! Ё Оллоҳ!!!
Афтидан, калтак еявериб безор бўлиб қолган. Ҳар бир ҳаракатимиздан учиб тушарди. Чидаб туролмадим. У эса ерга юзтубан бўлиб чинқиряпти: “Ё Оллоҳ! Ё Оллоҳ!!!”
— Отиб қўя қолинг, яхшиси! Ёки ўзим...
Зобит ялт этиб қаради. Сергак тортди. “Ҳузур-бахш” ўйинга чек қўйилди. У менинг бу саъй-ҳаракатдан норозилигимни фаҳмлаганди.
— Тентакмисан, аскар, кирит ичкарига!
Махбус ортидан шарақлаб ёпилган темир эшик илгагига каттакон қулф осилди.
Кузатув нуқтасидан қайтганимдан сўнг қоровулхонадаги аскарлар, душманнинг ўзбекчани билишини айтишди. Зобит ўқраин йигит билан ичкарига кириб яна қийнабди. У душманнинг афт-ангори, ҳатти-ҳаракати ҳақида ҳаяжонланиб гапираётганди.
— Сенинг юртдошинг, — деди у кинояомуз, — Бухородан экан, ўзбекчаниям билармиш.
Тушлик овқатни яна мен киритдим. Зобит дам олаётган эди. Эшикни очишим билан ичкаридан ихраган овоз эшитилди.
— Чиқинг буёққа. Овқатланинг.
Овоз тинди. Хлор ва сафро ҳидига базўр чидардим.
— Чиқинг. Овқатланинг. Истамасангиз қайтариб кетаман...
У эшикка суяниб турарди. Юзидан қон сизади. Қабоғи ёрилиб кетган. Соч-соқоли қип-қизил. Чайқалиб йўлак ўртасида ўтириб қолди. Олдига косани қўйиб, ташқарида турдим. Унинг бошида туришга ҳожат йўқ эди.
Беш дақиқа ўтар-ўтмас ичкариладим. У бош кўтар­май ўтирибди. Овқатга қарамабди ҳам.
— Ўзбекчани биласизми?
У бош силкиди.
— Чиндан душманмисиз? 
Индамади...
— Бухорога борасизми?
Бемажол қўлларини ерга тираб туришга шайланди. Танаси бир томонга босиб, қўли майишди. Ёнбошига йиқилди. У жудаям енгил эди. Турғазиб қўйишга қийналмадим.
— Мен душман эмас! — қалтирай бошлади у. — Бобом бухоролик ўтган. Айт, мени уришмасин. Ўлдиришмасин. Оилам Ҳиротда. Бешта болам бор. Барибир ҳўқумат уларни боқолмайди.
Ҳаддан ошиқ жирканиб, ташқарида турган сержант удағайлади:
— Бас қил, Қўчқор, қама энди.
— Ҳали овқат емабди.
— Вой, ит эмган. Унга ўзим едираман.
У йўлакдан шаҳдам одимлаб, махбус ёнига келди. Сержант қўл урилмаган косани олгани ҳамоно у юзини беркитди. Сержант ғужанак танасига зарб билан тепди. Ағдарилиб тушгач, шўрвани юзига сепди.
— Ёрдамлаш, ирғитайлик.
Жойимдан жилмадим. Ўзимда на ачиниш, на ғазаб сезардим.
— Сенга айтяпман, овсар. Тез бўл!..
Мен оёғидан, у қўлидан ушлаб зах хонага ташладик. Сержант бамайлихотир чиқиб қулф урди.
— Ҳайвондай бераҳмсан...
— Ҳей жўжа, ҳали бир-икки марта урушга чиқ, кейин биласан.
Сержантга ортиқча гап қилмадим. Унинг қайси бир жангда оғир яралангани ҳақида эшитгандим. Шундан бери хизматни полкда ўтаркан. Икки-уч ойдан сўнг эса уйига қайтади.

II

Икки-уч марта қисқа муддатли ҳарбий юришларга чиқдик. Унчалик отишма бўлмади ҳисоб. Гардезда бир қишлоқни тозаладик. Иккита пулемёт, мақтанса арзигулик ўқ-дори топдик. Жалолободдаги Қоратоғда беҳуда уч кун юрдик. Саланг йўлида истеҳкомда турдик. Шу тариқа урушнинг унча-мунча машқини ола бошлаган эдик.
Баҳор кирди. Бу орада ротадаги кўпрок муддат хизмат қилганлар билан ҳам танишиб олдик. Баграмга тайёргарлик кўриларди. Душман қисмимизга қарашли иккинчи батальон жойлашган нуқталарни яксон қилибди. Аҳён-аҳёнда кучли тўқнашувлар юз бериб турарди.
Кутилган кун келди: тунда қисмдан чиқиб кетишимиз зарур. Ҳарбий тўрваларга уч кунлик озиқ-овқат, ўқ-дори жойладик. Казарма ичи ашқол- дашқолларга тўлиб кетди — бўшаб қолган ящиклар, қоғозлар уюми. 
Унда-мунда граната ва мушаклар сочилган. Тўрвага сиғмайдиган нарсаларни аскарлар каравот, тўшаклар остига бекитиб ташлашди. Агар командирлар кўриб қолгудай бўлса гаранг қилади, барибир уриб-сўкиб олдиради. Яхшиси кўздан панага тиқиш керак. Муҳими, озиқ-овқат кўпроқ бўлсин. Ўқ-дори машиналарда ҳам тиқилиб ётибди. Зил-замбил юкни кўтаришнинг ўзи бўладими?..
“Қария”  аскарлар анча эпчил чоғи, аллақачон ишни ҳал қилиб, ечинмасдан каравотга чўзилишган. Фақатгина мен каби, ёлчитиб жанг қилмаганлар ҳар нарсага қизиқсиниб, дуч келганини тўрвага уради.
— Бунча куйиб-пишмасанг. Ёт энди, — деди ёнимда ётган Рашид.
— Озгина қолди.
— Жуда қизиқсанлар... Ҳали кўнгилларинггаям уради. Мен ҳам энди келганимда сендай эдим, ҳатто биринчи рейдга икки бронжилет олиб борганман. Ажал етса, қочиб қутулолмаслигини ўйламабман.
Кўзим илинган экан. Чўчиб уйғондим. Полк штабига — томга ўрнатилган карнай, тун қўйнини ваҳимага солиб даҳшатли ванғиллагани ҳамоно ҳар бурчакда тасир-тусир бошланди.
— Ротаааа!!! Тревога!!! — рота командирининг қичқириғига сержантларнинг ҳам чийилдоқ, дўрилдоқ овозлари эш бўлди...
Менинг юкимни кимдир кўтариб кетибди. Дуч кел­ганини мен ҳам елкаладим. Дуруст... Ўзимникидан анча енгил.
Чироқлари кўриниб турган техникалар тизилган майдонгача халлослаб югуриб бордик. Улар жўнашга шай, гуруллаб турарди. Ҳар қайси взвод ўзига қараш­ли БМП-2 га жойлашди. Ҳеч вақт ўтмай йўлга тушдик.
Колоннанинг учи-куйруғи кўринмасди. Қобулни оралаб ўтаётганимизда, пастқам бинолар кўримсиз, лекин дунёнинг етти иқлимидан келтирилган буюмлар билан лиқ тўлган дўконлар олдида дўкондорлар мўлтираб туришар, уйқусини ҳаром қилган “кесиқсизлар” гўрига ғишт қалаётганди. Шаҳар зир титрарди гўё. Техникалар тутунига тўлган марказий кўча атрофида тизилган, чироқлари ёниқ уйчалар деразасидан одамлар ҳайрату қўрқув аралаш қараб туришарди. Шўравининг қўпол ва қудратли танклари олдидан чиқишга ботинолмаган шаҳарлик ҳайдовчилар машиналарини йўл четида тўхтатишган эди.
Тонгги ғира-ширада Бағрам вилоятига кириб келдик. Олдиндан хавфсиз деб белгиланган жойда тўхтадик. Энди харитада кўрсатилган нуқталар бўйича ротама-рота ҳаракат қилишимиз зарур эди.
Атрофда жимлик. Баграмда бошқа вилоятлардаги каби қалъалар кўп экан. Улар энди оқараётган тонг қўйнида жудаям салобатли ва сирли кўринади. Сўқутдан этинг жимирлайди. Аллақандай, ҳали сенга номаълум, лекин бўлиши муқаррар ваҳима ҳоким. Дилинг бетаскин. Қалбингда ғулу. Хавотир ҳар дақиқа хуруж қилаверади. Бўлажак хавфу хатар олдида шайланиш нақадар оғир кечади.
— Ҳандак қазинглар, — деди тун бўйи онда-сонда алоқадаги чақирувга жавоб берган, лекин бизга чурк этмай келган взвод командири.
Бўлинма мудофаага киришди. Ҳар ким ўзига ётиб отиш учун ҳандак қазий бошлади. Белкуракнинг қаттик ерда тақиллагани, ҳаракат эвазига сувдонлардаги сувларнинг чайқалиши, оғир-оғир нафаслар эшитилади. Биздан ўн-ўн беш қадам наридаги қўрғонда афғон армияси байроғи кўриниб турарди. Шу бизга озроқ илинж берарди. Ҳарҳолда улар бор, бу ерларда душ­ман изғимаса керак.
Ишлар меъёрига етгач, командириинг кўнгли тўлди чоғи, овқатланишга рухсат этилди. Қоғоз қутичалар очилди.
Уларда аскарий кунлик овқат — темир идишларда гўшт, картошка, боршч ҳамда узум суви, оққанд, қиём, сут, нонқоқи бўларди. Ҳарҳолда тузўқкина тамадди қилишга арзийди. Олов ёқилди. Қозончалар очилди. Уч-тўрт жангчи ўтин тергани кетишди. Сигарет олгани машина ичига кирганим заҳоти борлиқни қаттиқ портлаш тутди. Назаримда, ер силкингандай эди. Кимнингдир даҳшатли чинқириғи эшитилди. Ташқарига отилдим. Ёнгинамиздан қора тутун кўтарилар, чанг-тўзон ичида уч-тўрт аскар ўймалашарди.
— Ҳеч ким жойидан жилмасин! Қимирламанглар! — дея командир буйруқ берди...
— Қўчқор, ҳамма жой миналаштирилган! — Ма­шина тагидаги Юранинг рангида қон қолмаганди.
Портлаган жойга қандай борганимни билмайман... Чуқурча ёнида бир оёғи чўрт узилиб кетган Вася дунёни бошига кўтариб додларди. У яримжон танасини уёқ-буёққа ташлаб, боши билан ер чизар, чидаб бўлмас аянчли аҳволда эди. Нималар деяётганини тушуна олмадим. Командир зудлик билан қон сизмаётган жойига игна санчиб, оғриқни қолдирувчи суюқлик юборди. Ярадор кўп ўтмай тинчиди...
Сапёрлар ротасидан взвод билан бирга чиққан зо­бит Васянинг танаси, қондан шалаббо бўлиб кетган иштонини ушлаб, лабларини тишлаган ҳолда бош чайқади.
— Бўлиши мумкинмас...
— Нима деганинг бу, — сўради командир.
— Минани айтяпман... 
— Тушунмадим.
— БМТ[1] тақиқлаб қўйган мина ишлатибди.
— Наҳотки?!
— Бунга тушганларнинг юздан биригина насл қолдиришади. Тўғридан-тўғри тухумни йиртиб кетади. 
— Уни ҳам?.. — ишора қилди командир.
— Афсус...
— Қанақасига, Серёга, ахир... бу даҳшат-ку.
— Кўраяпсан-ку. Аскарнинг иштонига қара.
— Ҳей, онангни фалон қилайлар. Ҳайвонлар! Ҳаром тўқинггаям алишмаслик керак уларни.
Ўзидан кетган Васяни машинага ортдик. Жангчилар дорда юргандай ҳозиргина юрган ўз изларидан қадам босишарди.
— Витя, бу ерда туриш мумкин эмас. Алоқа орқали хабар қил, — деди сапёр лейтенант Ермилингга.
— Нега ановилар бизни огоҳ этишмади? — лейте­нант ёнимиздаги сарондайлар[2] кузатув нуқтасига ишо­ра қилди.
— Ий, барини уларнинг... Қаердан биласан, балки ўзлари қўйишгандир.
— Ишониб бўлмайди уларга. Барибир бизни ёктиришмайди-ку.
Вася тиббий бўлинмага жўнатилди.
Тутаётган ўйиқ ер олдида ётган, нималигини англаб булмайдиган, бизга маълум ярим оёқни кўмишга фақат сапёр зобит журъат қилди.
Нонуштаси заҳарга айланган жангчилар эс-ҳушини йўқотиб қўйди. Энг ёмони руҳан зарба емоқда эдик. Ҳеч қанака отишмасиз, оғир аҳволда қолдик. Худди кўзи кўр одам сингари талмовсираш жудаям аянчли эди. Бир қадам хато юрсак, портлаймиз. Танамиз тилка-пора бўлади, наслимиз қурийди. Бу — шармандали урушнинг яна бир шармандали кўриниши, инсон ҳаётининг сариқ чақага ҳам арзимаслиги, хўрлик устига хақорат муҳрининг босилиши эди.
Биз эгаллаган ерга мина зарядлари сочилганига шубҳа қолмади. Бир уйча жойни синчўп тиқиб айланган сапёр еттита мина топди. Бунақада ҳожат чиқариш учун ҳам жилишга қўрқасан. Бизга нисбатан руҳий курашнинг энг олий йўлини топишганди.
— Яна кимнингдир шўри қуримай, тезроқ кетайлик... — сўкинди сапёр.
— Комбатга алоқада маълум қилдим. Биринчи бўлинма ҳузурига қайтишга рухсат берди.
Лейтенантнинг гапи ўз ҳандақлари ёнида ҳадиксираётган жангчилар кўнглига осойиш берди. Зум ўтмай машинага ҳамма юк тўрваларини ортди. Қозончаларни олишга қимтинган аскарлар гулханлардан кўз узолмай машина устида ўтиришарди. Эгасиз қолган жанг тўрвасига ҳали очиб улгурмаган, ўтинга кетган аскарнинг кунлик овқати, темир идишларини солиб қўйдик. Саккиз кишилик бўлинма билан келган БМП-2 да етти нафар жангчи ўтирарди. Машина оғир силтанди.
— Менга алам қилаётир, иложи бўлса анавиларнинг қўрғончасини яксон қилсак эди. Қара, бизни хуш-хушвақт кузатишяпти. Қорамиз ўчгунча дурбинда кузатиб ҳам туришади, — деди Юра ёнимиздаги афғон аскарларининг қўрқонига ишора қилиб.
Иккала зобит ҳам ўзини эшитмаганга олди.
— Истаган жойга бурнимизни тиқаверсак бундан баттари бўлади, — қўшилди сержант йигит.
Зобит бизга маҳзун термулди. Сапёр босиб-босиб тутатарди.
— Ўртоқ лейтенант! Ҳозир биз кетаётган маши­на минага тушиб, баримиз ўлиб кетсак, иттифоқдагилар нима деб хотирлашади, — киноя билан сўради Андрей Бочкарёв.
— Албатта, оғир жангларнинг бирида портлаб кетишди, қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар, жасурлик кўрсатдилар, дейишади, — деб кесатди ўқраин Юхумўқ.
Командир бош эгди. Гапимиздан изтироб зоҳир юзида қаҳрли жилмайиш пайдо бўлди. Бу йиғи билан баробар эди.
— Юра, ўйлаб кўр-а, ўз уйида тўполон қилган болакайни етти ёт бегона бўлатуриб сен дўппослайверсанг, ота-онасининг қаҳри келмайдими? Минг қилса ҳам жигарбанди. Ўз пушти камаридан яралган арзандасини сенсиз ҳам ўзлари таъзирини бериш қўлидан келмаса-да, бир амаллаб инсофга чақирар...
Биз шоир деб ҳурмат қиладиган Кузменко бу гал ҳам ҳақ гапни айтган эди.
Машина буруқсиган тутун қолдириб, ечимсиз саволлар юкидан зўрға олға силжир эди.

III

Афғон бағори ҳам ўзимизникидай бўлади. Қисм атрофидаги ўрикзор оқ гулга бурканган тиниқ кунлар бошланди. Яқинимиздаги қишлоқда болаларнинг қий-чуви эшитилар, ҳавони тўлдириб варраклар учарди. Гўё бу ерларда уруш бўлмагандай...
Биз баҳорни ҳеч қанақа рейдсиз ўтказишни истардик. Начора. Уруш ҳеч нарса билан ҳисоблашмайди. Ҳархолда бу ерга курортга келмаганимизни ҳис қилардик. Шу боисдан баҳор ҳам омонат эди.
Штабдан икки-уч кундан сўнг Чорикорга “сафар” қилишимиз ҳақида хабар келди. Жангчиларни яна ваҳм босди. Негаки, у ёқда вазият нечоғлик танглиги, бизни “яхшилаб”гина “меҳмон” қилишлари сир эмасди. Қиём неча-неча жангларда Чорикордан олдинлари энг оғир талофат ва йўқотишлар билан қайтганини билардик. Энг кўп қурбон ўша ерда бўлади. Чорикорни Афғоннинг “оловли нуқтаси” дейишарди.
Юриш тағин тунда бўлди. Қобулдан чиққач, кенг ялангликда тунадик. Доира шаклида қуршалган “оромгоҳ”да гитаралар тилга кирди. Гулханларнинг олов тили рақс айлади. Тонгга довур жангчилар қўшиғи тинмади.
Юлдузлари сергак Баграм осмонига термулиб ётарканман, ашулачи Юранинг ўлим, жанггоҳ ҳақидаги қўшиқларини кўнглим сув бўлиб тинглардим.
Назаримда, Юра айтаётган воқеа худди бизнинг ҳам бошимизга тушадигандай эртага.
— Мўмин?!
— Нима?
— Худога ишонасанми?
— Мен ҳар куни худо дейман. Ўлмайин, омон-эсон қайтайин дейман... Ўзинг-чи?
— Мен ҳам.
— Афғондан қаҳрамон бўлиб қайтишни  истайсанми?
— Ордени бошини есин афғоннинг. Кўрмасак ҳам, куймасак ҳам яхши бўларди.
Эрталаб Чорикорга қийналмай кирдик. Бирорта ҳам ўқ овози эшитилмади. Бизнинг взвод “мудофаа”га туриши зарур. Тиззага довур майса бўй чўзган, атроф алвон кўрпа тўшалгандек. Лолақизғалдоқзор оралаб югургинг келади.
Машиналар тағин истеҳкомга қўйилди. Ортдаги йўлдан келаётган озиқ-овқат юкланган армиямиз тизими қабила ичкарисидаги аскарларимиз кузатув нуқтасига етгунча ҳушёр туришимиз лозим эди. Йўл бўйлаб БМП-2 ва танклар рўпарадаги дарахтлар тўсган қўрғонларга қарама-қарши тизилди.
...Баграмдан сўнг БМП-2 га операторлик қилардим. Милни тушириб, снарядларни отувга шайладим. Ма­шина атрофида лейтенант Ермилин ва механигим Ри­нат ҳам ўзларига отишга қулай жой ҳозирлашди. Назаримда, ҳеч қанака жанг бўлмайдигандай...
Йўлдан юк машиналари ўта бошлади. Кутилмаганда қаршимизда, йигирма-ўттиз қадам нарида граната-мёт ишлаб қолди. Машина ичкарисига кириб, мўлжалга ҳам эътибор бермай босув нуқтасини итардим. Бесаноқ снарядлар ўчди. Қўрғон чанг-тўзон ичида қолди. Қирғин бошланди. Ҳар томондан ўқ ёмғири ичида қолдик. Очиғи, ўқ овозию гумбурлашлар қайси томон­дан келаётганини ҳам фаҳмлай олмасдик. Машина қаттиқ силкиниб, механик хонаси томондан юзимга олов урилди. Эсанкираб қолдим. Жонҳолатда қопқоқни итариб, ташқарига отилдим. Душман машинани гранатамёт билан ўрганди. Бир амаллаб балчиқ ариққа сакрадим. Бош кўтаришга имкон йўқ. Қўрққанимдан оператор хонасида автоматимни ҳам қолдирибман. Нима қилишимни билмай қолдим. Тўсатдан бошланган тўполонни ақлимга сиғдиролмасдим. Рўпарамдаги қалъалардан тўп-тўп бўлиб чиқиб келаётган, узун-узун кўйлак, кенг иштон кийган, салла ўраган душманларни аниқ кўриб турардим.
Кўз олдим қоронғулашди... Карахтман. На қўрқув, на ҳаяжон қолди менда. Назаримда бу тушга ўхшарди. Ўзимча нималарнидир айтиб тиловатлар қилдим. Кўз олдимдан энг яқин кишиларим — ота-онам, ёру дўстлар, уйим, қишлоғимиз, бири қўйиб, бири ўта бош­лади. Лаҳза сайин ўлимни кутавердим. Ана улар яқинлашмоқда. Ҳозир ўқдонида ўқ тугагунча баданимни илма-тешик қилиб юборишади. Ариқдаги балчиқни шунчалик қисган эканман, бармоқларим оғриб кетди. Бошимни балчиққа тобора тиқа бошладим. Менинг ҳечам ўлгим келмасди. Хаёлимда эса онам... Хаёл сургудай ҳолатда бўлмасам-да, кўз ўнгимда фақат кичкинагина ҳовлимиз қотиб қолганди. Дунё билан сўнгги бор хайрлашмоққа бошимни кўтардим. Улар ўн-ўн беш қадамча қолганди. Миямга келгани шу бўлди: “Наҳотки асирга тушсам?..” Жонҳолатда эмаклай бошла­дим. Ариқ саёз бўлса-да, танамни кўрсатмасдан ҳаракат қилардим.
Душман пайқади чоғи, БМП-2 сиртига чинғиллаб ўқлар тега бошлади. Қулай фурсат, бор-йўғи уч-тўрт дақиқада югуриб қолиш керак. Мени аллақандай осмоний қудрат, илоҳий куч бошқарарди. Танам кимнингдир ақли билан ишларди гўё. Балки бу онамнинг олислардан йўл кўрсатишимиди?
Бироз ўрмалаб, қандай қилиб ариқ ёнидаги ўрага тушганимни билмайман. Мен бошқа одамга айлангандим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмас, фақат олдинга югурардим. Токзорга ўтишим билан олдинда танклар кўринди. 
...Энди ўйласам, биз ўшанда мутлақо қуршовда қолган эканмиз, танклар эса ёрдамга келаётганди. Ҳанузгача таажжубланаман! Қандай қилиб, духлар оёғи остидаги душманни отодмади экан...
Танк панасида хавфсиз жойга етиб келгач, тиббий бўлинма машинаси ёнида лейтенант Ермилинни суяб Гурган Ринатга кўзим тушди. Командир қаттиқ жароҳатланганди.
— Қўчқор   тирикмисан! — кўзларини очиб-юмиб бош силкиди.
— Тирикман, ўртоқ лейтенант! Қуролим ҳам машинади қолиб кетди.
— Ҳозир танк билан судраб чиқишади. 
Бошим шанғиллаб теварак-атроф гир айлана бошлади. Бизникилар қочиб чиқарди. БМП-2 ва танклар ёнида паноҳ топган пиёдалар урилиб-сурилиб югуришарди.
Токзор ичкарисидан елдай учиб келаётган БМТ-2 биз турган тиббий бўлинма майдонига келиб тўхтади. Бу тўртинчи взводники эди. Рота командиранинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, катта лейтенант Шерстюкнинг боши кўринди. У машинадан шаҳд билан ерга сакради.
— Машинани нега ташлаб чиқдинглар?! Механикни топ.
— Тешиб ташлашди.
— Нима қипти? Қочгандан кўра ўша ёқда ўлсанглар яхшироқ эди. Сенларни деб ротани ерга уришади энди.
— Имкони бўлмади, ўртоқ катта лейтенант! 
— Қўрқдингларми? Буни уруш дейдилар... Ҳозироқ танкчилар билан ичкарига кирасизлар. Машинани тортиб келинглар.
Ўлим олдидан тўлғонганим — жанггоҳга қайтиб ки­ршига юрагим довламасди.
Қалтираб зобит ортидан эргашарканман, ичкарида — ҳозиргина биз ташлаб қочган тарафдан танклар кўринди. Икки танк бизнинг машинани судраб келарди.
Машина сирти илма-тешик бўлиб кетганди. Танкчи зобит совут ҳамда автоматимни бераётиб қаттик қучоқлади. Кўзларимдан ёш сизди. Бўғзим ачишиб ҳўнграб юбордим. 
— Хафа бўлма, аскар! Омадинг бор экан. Сен қаҳрамонсан. Манавини кўр.
Унинг қўлидаги автомат мили икки жойидан тешилганди. Ким билади, ичкаридан вақтида чиқмаганимда нима бўларди. Автомат оператор хонасига суяб қўйилганди. Балки ичкаридалигимдаёқ мили тешилгандир? Менинг ҳаётимга наҳотки шу бош бармоқдай темир қалқон бўлди?
— Буни Москвага юбориш керак, — деди зобит.
— Занғар, келиб-келиб теккан жойига қара, — қўшилди Ринат.
Автоматни зобитлардан кимдир суратга олди. Ма­шина олдида, қўлимда тешик милли қурол билан, XX аср шўро аскари қиёфасида расмга тушдим. Машинани эса шу яқин орадаги кузатув нуқтасига қолдиришга буйруқ олдик.


IV

Кеч кирди. Қўшин Баграмга яқин ялангликда дам оларди. Азбаройи, асабим шу қадар толиққан эдики, нималар юз бергани, энди нималар бўлаётганини англай олмасдим. Кўз олдимда турли хил шарпалар сузарди, холос. Машиналарнинг гулдираб қолишлари, яна алламбало шовқин-суронлар ичида қолгандай, ўзимни қўярга жой тополмасдим. Ўз танамни кўтаришга бемажол кўйи, машина тагида чўзиларканман, уст-бошимдаги қотган қон ҳидидан кўнглим беҳузурланарди. Бўғила бошладим. Зўрға кўзларимни очаман. Тепамдаги бошпанам — БМПнинг тумшуғи тобора каттариб бораётгандай. Машина ичи гўё қонга лик тўлган-у, унда менинг хаёлимдан элас-элас ўтаётган ота-онам, ўқаларим сузиб юргандай. Мен эса қопқа тепасида туриб уларни кузатаяпман. Ана отам, кейин ўқам шўнғиётир. Қонли гирдоб узра онамнинг чеҳрасини кўриб қоламан. Ана у ҳам... кўринмай кетди... Тағин гирдоб юзига чиқди. Сочлари қип-қизил...
— Она-жооон!!! О-о-о!!!
Бошим нимагадир қаттиқ урилди. Бу шамол, чанг-тўзондан тўсиш учун қўйилган, девор вазифасини ўтовчи снаряд қутиси эди....
Бошимнинг оғриғи баттар зўрайди. Тарс ёрилгудай. Орқа томондан ҳар сония болға билан кимдир бешафқат урарди. Мен эса тезроқ бошим мажақланиб кетишини, сўнгсиз оғриқдан халос бўлишни истардим. Ҳеч нарсани қабул қилолмай қўйдим.
Орадан “узоқ йиллар” ўтиб, кўзимни очдим. Тепамдан ротадошларим — Мусурмон, Нурмахон, механигим Ринат ўтирарди.
— Қалайсан?
— Сал-пал тузўқ, — бош силкийман. Роса қийналдинг-а? Яхшиям дўхтир зобит жонингга ора кирди.
— Озгина тобим қочди.
— Ҳозирам қалтираяпсан. Энди дадилроқ тут ўзингни. Икки соатдан сўнг полкка қайтамиз. Мен, Ҳайдарнинг машинасида кетаман...
— Сени ўн учинчига қўйишди. Бурсўқ кантузия бўлибди. Ҳали госпиталга олиб кетишди.
— Ҳайдарни... топишолмадими? — мен “ўлигини” деёлмадим.
— Йўқ. Энағарлар, ўлигини ҳам беришмади. Неча маротаба гаплашди бизникилар, — Ринат қўлларини мушт килиб гапира бошлади. — Улар шунчаликка боришади.  Бизнинг жасадимиздан ҳам хун олишади.
— Нега энди?
— Мурдани пулга ёки техникага алишадилар, итлар, — деди Мусурмон.
Ҳангу манг бўлиб қолдим. Мен бундай бўлишини ақлимга сиғдиролмасдим. Наҳотки жангчининг жонсиз танасини ҳам?...
— Ёмон томони ҳалок бўлган жангчиларимизни суратга тушираркан. Кейин Покистонга жўнатишади. Банда бошлиғидан мўқофот олишади, ҳаромилар,— деб давом этди биздан олти ой кўп муддат Афғон кезган Мусурмон.
— Агар беришмаса-чи?
— Бўлиши мумкин эмас. Дивизия штабига хабар келган, эрта тонгда оларканмиз...
Чорикор жанги тезда тугаганига қарамай, кўпчилик яраланганди. Уч жангчи жасади эса изсиз йўқолди. Булар ротадош аскарлар — Ҳайдар, Самад ҳамда прапоршик Каливатов эди.
Шунчалик карахт аҳволда қолганмиз. Ҳатто кечагина биз билан бирга юрган, кулишиб ўйнашган дўстларимиздан ажралганимиз ҳам шунчалик мусибатли туюлмасди, айни кунда. Бу эса ўша чоғлар дийдаси қотган ўғлонларнинг бошига тушган фожиа эди, холос. Уруш ҳамма нарсага қодирлигини, кўп нарсалар содир бўлишини вақт ўтган сайин кўра бошладик.
— Қўчқор, чекасанми, йўлга яхши?
— Нима у?
— Дори...
— Майли... ол бу ёққа.
Ринат эндигина ўралган “Донские” сигаретини тутатди. Милтиллаган чўғ тун қўйнида қўлдан-қўлга ўтиб даврани уч марта айланди. Сўнгги бор тортишимда танам бўшашиб, миямга нимадир “тўқиллаб” урилди, Вужудим енгиллашиб уча бошладим. Мен билан ҳамма нарса учар, юзим музлаб борарди. Дунё азобларидан мутлақо қутилгандим. Беихтиёр кула бошладим. Ўзимни тўхтата олмасдим. Рўпарамдагилар қиёфаси ажабтовур шакл олар, мендан узоқлашиб кетишар, зўр-базўр нималар дейишаётганини англардим. Ким­дир йиғларди ҳам. Хуллас, мен иккинчи маротаба ўз-ўзимдан узоқлашдим. Назаримда, бу ҳаётда йўқ эдим.
Қанча ухлаганимни билмайман. Бақириқ-чақириқлардан уйғониб кетдим. Машина гур-гурлаб турарди. Ғира-шира тонгда қайтишга тараддуд бошланди. Одатдагидай командир йўл олдидан ротани сафлади. У ҳам руҳсиз. Уни биринчи бор шу аҳволда кўришим. Олдингидай тантанали нутқ ирод этиб буйруқ бермади. Боши эгик. Уставга қарши ўлароқ саф олдида лабидаги сигаретни узлўқсиз тортади. Уйқусизликдан қизарган кўзлари қуюқ тутун аро аянчли боқади.
— Йигитлар, оғайнилар! Кеча сафимиздан уч киши кетди. Яхши йигитлар эди. Азаматлар эди... Улар ме­нинг хотирамда бир умр сақланади. Бу лаънати Афғонистон азобини қалбимиздан ҳеч нарса суғуриб ололмайди. Бир-биримизни авайлайлик... Ўқаларим, эҳтиёт бўлинглар, — унинг кўзидан ёш сизди, — дўстларимиз хотирасига сўқут сақласак.
Саф қимир этмади. Бошларни ҳасрат эгганди. Ҳам­манинг қалбига шаҳид уч жангчининг муборак номи ёзилаётганди. Кўп ўтмай бутун қисм саф тортди. Қайтиш олдидан аввалгидай уқтирилди. Жангчилар соч-соқолини тартибга келтириши, техникаларда сочилган ўқ-дориларни яшириши лозим. Чунки Қобул яқин. Шаҳарни оралаб ўтиш учун, ўзимизни мажбурий қиёфага солишимиз керак. Иложи бўлса, қуроллардан ўқдонлар ечиб олинса яхши бўлади. Шаҳарда хорижий мухбирлар, сиёсатчилар йўлимизга муштоқ ўтиришарди. Ясан-тусан, дабдаба билан Қобулдан ўтиш зарур. Гўё ҳеч нарса кўрмагандай. Бизнинг талофатлар эвазига жанг қилаётганимизни кўришмасин улар. Имкони борича хушҳол, яхши кайфиятда кулиб ўтиш керак. Барибир чет элликлар суратга олишади.
Бу сунъий, ёлғон саъй-ҳаракатлар киши ғазабини қўзғатарди. Биз бегона ерларда сарсону хор бўлиб юрганимизни яширардик. Ҳақиқат — босқинчи эканлигимизни тан олмасдик. Ваҳоланки, хорижликлар ҳар нарсадан воқиф эдилар. Шўро армияси аскарларининг беҳуда сарсон-саргардон бўлиб юрганлигини яхши билишади. Мен эса тағин бир аччиқ ҳақиқат — дину эътиқодимиз бир бўлган ўз қариндошларимга тиғ кўтараётганимни, мусулмон фарзандларини зор қақшатаётганини ҳис қилардим. Аммо мен ўрис армиясининг ихтиёри ўзида эмас ўзбек аскари эдим.
Шаҳарга киришимиз билан машиналарда тартиб сақланди. Мудраётганлар уйғонишди. Бутун бошли ко­лонна, маслаксиз тўс-тўполон қилиб юрган шўро арми­яси бегуноҳларча шаҳарни ларзага солиб ўтарди. Биз­нинг бўлинма ёнида эса америкача рақамланган маши­на шаҳар четигача бирга келди. Орқа ўриндиқда ястаниб олган, топ-тоза кийинган қора кўзойнакли муҳожир сигарет узатди. БМП устидан энгашаётган Юрани кўриб Мўминнинг ғазаби қўзиди.
— Ҳой, казёл, тўғри ўтир. Энкайма!
— Нима ишинг бор?
— Ўлиб бораяпсанми?
— Ишинг бўлмасин...

Юра яна узалишга ийманди. Мўмин ғудранди.

— Иложи бўлсаю битта граната ташлаб гумдон қилсанг, сигарет-мигарети билан.

— Ўчир овозингни...

Хорижий машина секинлай-секинлай ортда қолди. Мўмин унга қарата нафрат билан туфлади. Хаёлидан нималар ўтаётгани менга қоронғу эди. Бирпасдан сўнг Бочкарёв юзига қаҳрли тус бериб, сувтекин аскарий сассиқ, сигарет тутатди. Ҳар ким ўз ўйи билан банд. Колонна полк сари илдамлади.
Эртасига маълум бўлди. Учала мурдани ҳам беришибди. Дивизия штабида экан. Ўликларни олиб келиш учун сиёсий ишлар бўйича командир ёрдамчиси лейте­нант Шерстюк ва взводдош Мусурмон тайинланди.
Икки кун ичида ротага қайтган Мусурмон ўзгариб қолди. Ҳеч кимга гапирмайди. Нима бўлганини сўрасак, анграяди. Нимадир ёдига тушади чоғи, юзларини буриштиради. Индамай, телбанамо узоқлашади. У бир ҳафта шу алфозда юрди. Зобитлар ҳам ўз майлига қўйиб беришди. Афтидан улар Мусурмоннинг нега гарангсифат бўлиб қолганини сезишганди. Мен асаб касалига йўлиққанмикин, деб хавотирда эдим.
Бир куни рота тушликка кетгач, казармага кирдим. Мусурмон ерга тикилган кўйи каравотда бир ўзи ўтирарди.
— Нега ошхонага бормадингиз? У-бу нарса олиб келайми?
У бош чайқади.
— Мазангиз бўлмаса, айтинг, тиббий қисмга юборишади.
У миқ этмади.
— Ҳозир ротнийга айтаман... Бу ҳолда қийналиб кетасиз.
— Суз берасанми?
— Нима учун?
— Ҳеч кимга оғиз очма. Учаласининг ҳам олатини кесиб олишган экан, ҳаромилар. У йиғлаб юборди. Елкалари қаттиқ-қаттиқ силкинарди. Тошдай қотиб қолдим. Бир зум ўзимни йўқотиб қўйдим. Мусурмон иродали йигит эди.
— Ҳей, энасини фалон қилайлар...
— Сўкинма. Мен иккинчи бор кўришим. Жонга тегди, ука. Тезрок қутулсайдик. Олдинги йил Чорикорда биттасини тирик ҳолда дарахтга осиб, олатини кесиб ташлашди. У дух эди. Ҳануз қулоғимдан чинқириғи кетмайди. Душманга ҳам ҳақоратли-ку бу жабр?
— Нега ундай қилдилар?
— Духлар ҳам авваллари бизникиларга шундай жазо қўллашган. Разведкачилар командири шу кўйга тушган иккала жангчиси учун ўч олганди.
Мен ҳали кўп нарсалар кўришимга яна бир бор ишондим. Оёқларим қалтираб ташқарига чиқдим. Рота овқатдан “Россия” қўшиғини айтиб қайтарди.


V

Бир ой дам олдик. Ҳар куни механик ва операторлар техника парки, пиёдалар дала машқи, баъзан ошхона, қоровулхонага топшириқ олишарди... Куним деярли машинамни тузатиш, снарядларни тартибга келтириш, отув милини тозалаш, алоқани текшириш билан ўтарди. Хуллас, бўлғуси жанг олдидан ҳозирлик кўриларди.
Кечқурунлари казарма ичи қий-чувга тўларди. Пиё­далар қора мойга ботган “броня” (механик ва операторларни шундай дейишади) устидан ўзларича мазах қиладилар. Иккала томон ҳам ўзаро бир-бирини камситгани-камситган. Броня ундоқ, пиёдалар бундоқ... Лекин қуролдошлар билан бу тахлит сўкинишларнинг ҳам ўзига яраша лаззати бор эди. Айниқса, учинчи бўлинма командири Рашидга худо берарди.
Бу кеч ҳам у “қўшиғи”ни бошлади.
— Ҳа, бечора броня. Ўзингга қарасанг ўласанми. Қўлларинг одамникига ўхшамай қолибди. Нима бало, бензинга чўмиласанларми дейман. Уф, расво қилдинглар ҳаммаёқни, сассиқлар.
Каравотига чўзилаётган Рашидга механиклар бошлиғи Амин ака бир пой этик ирғитди. Этик тўғри унинг бошига тегди. Рашид бўралаб сўкди.
— Ҳой, чўчқа, пехотадан қўлингни торт, — ҳужумга ўтди иккинчи взвод сержанти Хайриддин.
Биз томонга ёстиқ зинғиллаб қцолди.
— Агар броня бўлмаса холаларингни учкўрғондан кўрардинглар, — ғўлдирайди Мўмин ечинаётиб.
— Тоққа амманг чиқаяптими? Шу араванг билан текис йўлда зўрға юрасан, — бидирлайди пиёдалар бўлинмаси командири Саид.
— Сен сўқимларни ўша тоғингга довур ортиб борамиз. Йўқса, ярим йўлда фотиҳангни ўқиб қўярдик, — дейди оператор Нурмахон.
Ротада ўзбеклар кўплиги боис, бошқа аскарлар ҳам ҳар кунги “жанжал” сабабини тушунишади. Улар биз­нинг бунчалик дўстона уришишларимизга ҳавас ҳам қилишади.
Хуллас, ур-тўполон, ҳазил-ҳузул билан аскарлар уйқуга кетишади. Зобитлар ҳам кўникиб қолишган.
Кўзим илинган экан. Кимнингдир туртишидан уйғониб кетдим. Мўмин ички оқ либосда арвоҳга ўхшаб турарди.
— Тур, ичамиз.
— Эй, бор-ей...
— Ов, сени Рашид чақиряпти. Айримчалик қилма. Туғилган кунини нишонламоқчи. Ҳамма кутиб ўтирибди.
Казарма чироқлари ўчган. Рашиднинг каравоти олдида беш-олти киши йиғилганди.
— Чарчадингизми,  ўғилтой,— минғирлайди  Хайриддин.
— Қани, бизгаям қуй, — дейман унга. 
Ғарибона аскарий дастурхон ўзига яраша тузалган. Ошхонадан келтирилган қайнатма балиқ, сариёғ, оқ-қанд ҳамда қисм дўконидан “Сиси” ичимлиги, турли хил конфет ва печенье ҳарид қилинганди.
Ўртада, бир литрлик шишада, иккита “столичный” турибди. Бири озроқ тарқатилган. Хайриддин кружкага босиб қўйди. Бошқаларга яримдан. Бу билан мени жазолаганди.
— Ароқни модел олиб келдингларми?
— Ҳа, ўзимизникидан. Коля суратчи росаям қурумсоқлик қилди. Ҳар шишасини 100 чекдан сотди.
— Вой ярамас-ей, ўзи Қобулдан йигирма чекка сотиб олади, — сўкинди Саид.
— Улар Афғонга пул қувиб келишган.
— Даҳшат... Кимдир урушда қурбон бўлиб жон берса-ю, кимдир бойиб қайтса бу ердан, — деди Му­сурмон.
— Нимасини айтасан. Ишга юборилганларнинг деярли бари чет эл буюмларини орқалиб кетиш, бойлик орттириш учун келишган.
Чиндан ҳам, Афғонга келган фуқаролар аскарларнинг ғазабини қўзитарди. Негаки, ҳар куни казарма олдидан тушликка бошдан-оёқ ажнабий кийиниб ўтишар, қолаверса, тайинли бирор иш билан шуғулланиши ҳам бизга қоронгу эди...
Анчагача ўтирдик. Менинг кайфим ошди. Иложи борича гапирмасликка ҳаракат қилдим. Ринат зобитлардан бирортаси кўриб қолмаслиги учун эшик олдида-ги тунги навбатчини огоҳлантириб қўйди. Бемалол чека бошладик.
— Агар ўлмай қайтсам, ўлмай қайтсам, албатта, албатта.... сизларсиз тўй қилмайман. — Мўмин гапини йўқота бошлади. — Эҳҳ... Ҳозир биз тенги олифталар ресторану барларда ўтиришибди. Киноларни ҳеч кимга беришмайди: Ўлим ҳақида ўйлашмайди ҳам... Лекин, ошналар, ўлмасам меникига боринглар, тўй қиламан. Агар қайтолмасам, бу ердан уйга бориб онамга айтинглар, мен рози бўлиб ўламан.

Эшитдингларми?

— Ётиш  керак,   йигитлар, — дейман  бошим    айланиб.

— Шошмай тур, — қўлини ҳаволатди Амин ака, — падарига лаънат, Афғонда юрганим учун ҳам аҳдлашган қизим ташлаб кетди. Ким билади, соғ-омон қайтадими-йўқми, деб ўйлагандир. Совчилар келса рози бўлибди.
Амин ака бўш шишага бошини тираб жим қолди. Сўкиниб қўйди. Менинг ёдимга Саланг йўлида мудофаада турган пайтимиздаги бир воқеа тушди. Ҳеч қа­нақа отишма бўлмаганди ўшанда. Икки кун йўлни қўриқладик. Эртага қайтамиз, деган кунимиз Амин ака автоматини елкалаб тоғ томонга сой ёқалаб кетди. Тушлик тайёрланди ҳамки, у келмади. Хавотирланган взвод командири мени ҳамда украин Юрани унинг орқасидан юборди.
Амин ака ҳарсангда қимир этмай, сувга тикилиб ўтирарди. Ёнидаги тош устида эса сурат, хушрўйгина қизнинг сурати.
Бизнинг келганимизни пайқаб елкаси оша қаради. Ўрнидан қўзғалиб, суратни қўлига олди. Телбанамо ҳаракат билан уни олисроқдаги тошга суяб қўйди. Бизнинг ёнимизга қайтгач, унга узоқ тикилди. Нега ундай қилаётганини на Юра, на мен билардик.
У елкасидан автоматни олди. Узоқдаги хушрўй қиз суратига қуролни тўғрилади. Бу ҳаракати ноўрин эканлигини айтиб, автоматни олмоқчи ҳам эдик, уришиб берди. Бир зум гавдаси титраб турди-да, сукунатни автоматнинг тариллаши йиртди. Тошга суянган сурат эса аллақачон титилиб бўлган эди. Учаламиз ҳам жим қайтдик. Биз икки-уч ойдан сўнг уйига жавоб бериладиган Амин акага бирор нарса дейишга ботинолмасдик...
...Нимадир қарсиллаб кетди. Ўрнига, дам олишга жўнаган Ринат тумбани ағдариб юборди. Мўмин ўзи ҳам тушунмаётган қайсидир хорижий қўшиқни хиргойи қилиб, ўзини каравотга ташлади. Анчагача кўзим илинмади. Полкда бир хилда, бесамар ва беҳуда ўтаётган кунлар жонимга тегаётганди. Эртага ҳам шу: парк, ҳарбий дала машқи, шўрлик пиёдаларга балки қоровулхона ёҳуд ошхонага топшириқ. Агар ҳарбий юриш бўлса кун тезрок ўтади, лекин бунинг ҳечам ҳавас қиладиган томони йўқ эди.

VI

Ўлиб-тирилиб тозалаган техникаларимизнинг бир кунлик дала машқидаёқ дабдаласи чиқади. Шунинг учун ҳам оғир жангга чиқмасак, паркда техникаларга қўл учида қарардик. Буни яхши билган зобитлар, машиналарни синчиклаб текширар, у ерини ундоқ, бу ерини бундоқ қил, деб бошни қотирар, машина ичи-сиртини синчиклаб текширарди. Пишиқроқ операторлар, умуман жангга чиқмайдиган бузуқ БМПлардаги пулеметларни ечиб, ўзлариникига ўрнатишар, текширув пайтида “ҳаммаси жойида”лаб жаврайверарди.
Бундай пайтлар ўрисчани амал-тақаллаб гапирадиган механик Мўмин машинаси устига чиқволиб: “Ма­шина отдай учади, ўртоқ...” деб қулоқни еб қўяр, Ринат эса ёғ қўлларини коржомасига суркаб: “Тузатамиз”дан нарига ўтмасди. Исмат аламини биздан олти ой кейин келган оператори Козловдан оларди: “Айёр казёл, сенга шу ерни тозала демабмидим. Қачон одам бўласан гўрсўхта? Калитни опке...” ва ҳоказо.
Мен механигим, доимо ғамхўрим, кўплаб оғир дамларда бирга қолган, ҳали яна қанчалаб жаҳаннамларда бирга бўлиш насиб этадиган дўстим Ринатдан оҳиста сўрадим.
— Бизники қалай? Расво бўлмаймизми, ишқилиб?
— Парво қилма, бир гап бўлар!
Ротадаги зобитларга агар дала машқида юқоридан, юлдузи йириклардан кимдир қатнашгудай бўлса кун туғарди. Хуллас, оддий аскардан тортиб рота командиригача ўша кундан эсон-омон қутилиб олишни ўйларди. Ҳеч ким ротанинг нуфузли зобит олдида шарманда бўлишини, полкда бу ҳақда овоза тарқалишини истамасди. Тўғри-да, шунча жангу жадалларда бели қат­тиқ келган аскарлар учун аллақандай машқда — уруш-уруш ўйинида изза бўлишдан ортиқ уятли ҳол бормикин?!
Эртага дала машқи деган кунимиз тушдан сўнг жангчилар казарманинг у ер-бу ерини супуриб-сидириш, атрофни тозалаш мақсадида полкда қолишди. Бу — тушдан кейин уйқуни ураверинглар, дегани. Аскардан зийрак халқ йўқ, “тозалик куни”ни ҳаммамиз яхши тушундик! Казармада озроқ ур-тўполон бўлди-да, ҳамма ўзини каравотга отди. Ҳатто эринганлар, ташқарига ҳам чиқмай паналатиб ётоқ жойида папи­рос тутатишди. Кенг казарманинг бир бурчида қўшиқ янгради. Мен уйга соғ-омонлигимдан нарига кетмай уч-тўртта хат ёздим. Сўнгра узала тушиб ҳовлимизни эсладим. Пушта ток, бостирма, оғилхона, куймаланаётган онам... Ҳозир биз томонларга ҳам яшиллик югургандир. Ишқилиб мен боргунча катта энам ўлмай турсин. Бечоранинг кўзлари хира тортиб қолганди. Отам нима қиляптийкин? Ҳали ҳам бировларнинг боғини юмшатиб пул топаяптимикин? Энди, эсон-омон уйга борсам, отамнинг ёнида бўламан. Аввалларидай сира-ям уялмайман. Боғ юмшатишга, пахса уришга кўмаклашаман. Ўз кучинг билан пул топсанг, нимаси уят. Қишлоқнинг қизлари деб, отам билан мардикор ишлашни ор билибман. Шўрлик етти болани боқаман деб, силласи қуриб бўлди. Начора, даланинг қирқ-ўттиз сўмига қараб бола боқиб булармиди? Менинг бечора отам, кимнинг боғида ишлаяпсиз ҳозир? Отажон, мен ўлсам Сизга янаям қийин бўлади, чўкиб қоласиз. Мени шу умидда бировларнинг хизматини қилиб улғайтибмидингиз? Оғзингиз энди ошга тегаман деганда тўнғичингиздан айрилиб ўтирсангиз. Қишлоқдошларим айтса керак: “Бечора боласининг ҳузурини кўрмади, қиёмат бўлди. Ҳар банданинг раҳмини ўзинг е, қодир эгам!”
Чакакларимдан ёш сизар, ёстиғим жиққа ҳўл эди. Менинг тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди. Юзимни ҳеч кимга кўрсатмаслик учун ёстиқни қучоқлаб юзтубан ётдим. Ичим ёниб борарди, димоғимдан аланганинг аччиқ ҳиди ўрларди.
Уйқуга кетган эканман, оёғимдан кимнингдир туртишидан кўзимни очдим. Ўгирилиб қарадим. Тепамда Ринат турибди. Кўзлари қизаринқираган, юзидан қон қочган, бошини ортига ташлаб чайқаларди.
— Чекасанми?
— Тек ўтир, уйқум келяпти.
Ихтиёр ўзингда. Бу сафаргиси бир тортқилик экан. Дарров миянгга тепади,— у чўнтагига қўлини тикиб, чайқала-чайқала шерик излагани кетди.
Орадан ҳеч дақиқа ўтмай гурс-гурс қадам товушлари эшитилди. Яна уч аскар Ринатга қўшилиб казармадан чиқиб кетаётганди. Зобитлар сезишмасин дейишган чоғи, ташқарида чекишмоқчи. Нашанинг ўткир ҳиди тез тарқалади. Кўча-куйда, жанггоҳда чекишгани камлик қилгандай, казармада ҳам тутатсалар, албатта зобитларнинг ғашини келтиради.
Тонг ёришгач, механик ва операторлар паркка жўнашди. Ҳаммамизда бронжилет ва кичкина АКС (у) қуроли бор эди. Машиналар парк ташқарисидаги майдонда взводма-взвод қатор қилиб тизилди. Алоқалар текширилди. Башнянинг қандай бурилаётганини синаб кўрдим. Отув мили кўнгилдагидай кўтарилиб тушарди.
Рота зобитлари “маҳфий” топшириқни “обдон” тушунтирдилар. Бу гал ҳам худди илгаригисидан фарқи йўқ, менинг кўнглим жойига тушди: машиналар дастлаб “жанг майдонида” занжир шаклида тарқалар, яъни саф тортарди. Мен отув милини туширишим, алокада ҳушёр туришим зарур. БМПлар сафи бузилмай олдинга ўқдай учарди. Бу пайтда машинани механик на оператор чинакам урушдагидай ёпиб олишлари ло­зим. Шу тезликда жангга кирган машиналар кенгликдан ўтиб олингач, тор йўлда яна тизилишар, бир чақиримдан кўпроқ масофадан сўнг тағин кенглик бошланар ва олдинда баландликлар кўринарди. Машиналар яна тизилиб, баландликлар этагига етгунча тезлик ошириларди. Тепаликка уч юз-тўрт юз қадам етмасдан машина тўхтатилар, рўпарадаги тепаликда нишон кўринар, пиёдалар сакраб тушиб машина атрофида ётиб олишарди. Рўпарадаги душман техникасига эса БМП-2 дан ўқ узардим. Агар снаряд бехато кетса нишон, албатта, йиқиларди.
Машина келиб тўхташи биланоқ кузатув ойнасидан нишонни ахтардим. Милни ҳар тарафга буриб кўрдим. Негадир нишондан дарак йўқ. Ички алоқада Ринат нега отмаяпсан, деб сўради. Мен нишон кўринмаяпти, ўзи тўғри келдикми, дедим. Биз ҳар доим шу ерга келиб турардик, деди у. Башня ойнасидан атрофни кузатдим, бошқа БМПлар ҳам ўз йўналишлари бўйича етиб келишганди. Машиналар оралиғидаги масофа юз эллик-икки юз қадамча келарди. Ёнбошдаги ўн олтинчи гумбурлаб ота бошлади. Ён тарафимдаги йигирма учинчи ҳам ишга тушди. Негадир менинг қаршимда душман “машинаси” кўринмасди. Ана, кичкина-кичкина нишончалар пайдо бўлди, деди Ринат. Улар олтита бўлиб, ҳар жой ҳар жойдан кўтарилди. Булар душман пиёдалари эди. Демак, чалғитиш учун кичкина нишонларни кўтаришибди, мен буларни БМП отув милида эмас,
 пулемёт билан йўқотишим керак эди.
— Рўпарамдан “Серсоқоллар”[3] чиқишди. Ўқ отишга рухсат беринг! Қабулга ўтаман! — дедим командирга алоқада.
— Ишга кириш! — командирнинг кескин жавоби эшитилди.
Мен серсоқолларни пулемётдан битталаб ер тишлатдим. Ринат ички алоқада “яшавор”лаб турди. Кўп ўтмай яна кўтарилишди. Тағин гумдон қилдим. Учинчи гал катта нишон — танк пайдо бўлди. Мен уни БТ снаряди билан тешиб ташладим, сўнгра ик­кинчи тасма ОФЗ снарядини отдим, бу осколкали снаряд бўлиб, тешилган танк ичидан чиққан душ­маннинг насибаси эди, тўртинчи сафар эса “пиёда­лар” билан бирга “танк” кўтарилди. Олдин танкни йўқот, кейин пиёдаларга от, деди Ринат. Мен унинг айтганидай қилдим.
— Жанг тугади, душман йўқотилди, — дедим алоқада командирга.
— Орқага қайтишга рухсат бераман! — шанғиллади у.
— Ринат, машинани орқага бур, кетамиз, — дедим механикка.
— Яшасин тинчлик!
Машина бир гала зобитлар қуршовида машқларимизни кузатиб ўтирган дивизия командири жойлашган нуқтага қараб елдай учарди. Бир маҳал нимадир карт этди. Башнянинг бошқарув мосламасидаги ёниб турадиган қизғиш чироқчалардан бири учганди. Тамом! Машқдан қайтаётганда отув мили ҳамиша машина ҳаракатига қарши тарафга йўналтирилиши керак эди. Мен кузатув ойнасидан қарадим. Зобитлар ва дивизия командири саросималик билан мени бир-бирларига кўрсатишар, отув мили улар турган жойга тўғриланиб қолганди. БМП тобора яқинлашиб борарди.
— Башняни орқага қайтар, нима бўлди сенга, — деб Ринат қичқирди.
— Бурилмаяпти. Ток йўқ.
Ринат машинани энишга олиб тўхтатди. Мен куйган чироқчани   алмаштирдим.  Алоқада   рота командири куйиб-пишиб ҳол сўрар, тезрок ҳаракатланишни буюрарди. 
— Ўн тўртинчи, сенга нима бўлди?
— Чироқча...
— Тезроқ қимирла!
— ...
Орадан уч дақиқа ўтар-ўтмас Ринат машинани юргизди. Мен отув милини тескарисига қаратдим. Ҳаммадан охири биз етиб келдик. Механик ва операторлар бир сафга тизилди. Баланд кузатув нуқтасидан ҳарбий кийими ўзига нечоғлик ярашган генерал-майор салобат билан тушиб келди. Тахтадай қотиб турардик. У менинг рўпарамга келиб бошдан-оёқ разм солди. Бироз жим турди. Шундагина ўзимни ҳарбиёна таништиришим лозимлиги хаёлимга келди.
— Катта сержант Норқобилов! — дедим кекирдагимни узгудай бўлиб.
— Яхши. Бопладинг! Сафдан чиқ, ўртоқ катта сер­жант!
— Хўп бўлади! — мен жон уҳмида қадам ташлаб олдинга чиқиб, сафга юзма-юз турдим.
— Дала машқини аъло даражада бажаргани учун катта сержант...га ташаккур билдираман, — генералнинг ортидаги зобитлар ҳам ғоз туриб, қўлини чеккасига келтирди.
— Совет Иттифоқига хизмат қиламан!..
Сафда турган Мўминнинг юзида кулги ифодаси қалқди.
— Сафга туринг.
— Хўп бўлади!
Яна ўшандай юриш билан ўз жойимга келдим. Ёнимда турган Мўмин пичинг қилди:
— Ўла-ўлгунимча Совет Иттифоқига хизмат қила­ман, дедингми?
— ...
Энди навбат пиёдаларга етганди. Улар техникадан ўқка тутилган тепаликларга қисқа сакраш билан эмаклаб чиқиб бориши кўзда тутилар, шўрликлар азоб тортишарди. Кун исиб қолганди. Жангчилар тепаликка чумолидай ўрмалаб чиқишар, автоматларнинг тариллашидан чинакамига уруш бўлаётгандай эди, гўё БМП-2 лар пастда кутиб турар, “уруш” тугаши билан пиёдалар олиб қайтиларди.
Тўполон кечгача давом этди. Тўсатдан биринчи взвод командири лейтенант Ермилин рота командири­дан “жанг-ни тўхтатишга изн сўради. Бирор кор-ҳол юз бергани аниқ эди. Жон қулоғим билан нималар бўлаётганини тинглардим.
— Нега барвақт тугатишибди? — сўради  Ринат.
— Кимнидир отиб қўйишибди, — жавоб бердим. 
— Қанақасига?.. 
— Бехосдан отишган-да. Жойида ўлибди. Ермилин айтди, тиббий бўлинманинг кераги йўқ экан.
Бронядагилар ким ўлганидан бехабар эдилар. Ҳар ким, кимнинг ҳаётига нуқта қўйилгани, бу лаънати Афғон тағин кимнинг бошига етганини тезроқ, билишни истар, айни чоғда ич-ичидан нимадир узилгандай бўларди. Ҳаммаёқ бир зумда сув қуйгандек бўлиб қолди. Фақатгина тепаликдан тушаётган пиёда аскарлар бронжилетларининг тақиллаши эшитиларди.
Мурдани БМП-2 га жойладик. Унинг белидан кетма-кет теккан ўқ темир сувдонини илма-тешик қилиб ташлаганди. Унинг кийимлари қон, юзи дока тусига кирган, лабининг иккала бурчида қуюқ ва қорамтир қон қотиб қолганди. Очиқ ҳолда қолган кўзларининг қорачиғи орқага тортиб кетган. Унинг аянчли аҳволига боқиб, кишининг бадани жимирлаб кетарди. Бу хизматга келганига уч ой бўлиб қолган бухоролик йигит эди. Зобитлардан бири жасад ортилган БМПда тиббий қисмга, акт тузгани кетди. Кечқурун ротада: афғон урушида, жангларнинг бирида жасурлик кўрсатиб ҳалок бўлди, деган қорахат тайёрланди. Жангчилар ҳеч қандай аянчли воқеа рўй бермагандай уйқуга кетишди.

VII

Эрталабдан ёға бошлаган ёмғир тушликка бориб авжига чиқди. Осмон қорайиб, кундуз хира тортди. Полкнинг саф майдони четидаги ариқчаларда сув килкиллаб оқарди. Май ойи ўрталари бўлишига қарамай, баҳор осонликча таслим бўлишни истамаётганидан далолат эди бу.
Ёмғир казарма деразаларига бетиним урилар, кар­тон деворлардан, ичкарига чакка томарди. Аскарлар ётоғидан зах ҳиди келарди. Мен ташқарида ўйнаётган ёмғирранг сепкилларга боқиб, эртага ҳам, индинга ҳам шу ҳол такрорланишини хоҳлардим. Ҳеч қанака юмушсиз казармада ётиш жуда яхши бўларкан. Лаънати паркка бориб бошдан-оёқ лойга ботиб ишламайсан, адирма-адир халлослаб, ҳеч ким дала машқида югурмайди ҳам. Аммо шу яқин орада урушга чиқишимиз эҳтимоли борлигидан кўнглимга ғашлик чўкаётганди. Агар уруш Чорикорда бўлса, урди худо. Бирор кичикроқ тоққа чиқилса унчалик ёмон эмас. Панжширдан бошқа тоғларда отишма камроқ юз беради. Аммо ҳар қандай жангда ҳам кимдир ҳалок бўлиши керак. Ким у? Ким? Балки... Хаёлимга келган фикрдан қўл-оёғим бўшашиб кетди. Мен ўлишни истамайман! Ҳар қандай вазиятда ҳам омон қоламан. Ота-онам ҳузурига, юртимга соғ қайтаман. Отамнинг суянгани — мен. Эй ху­до, ишқилиб шу ерларда ўлиб кетмайин... Чўнтагимни титкилаб сўнгги сигаретни тутатдим. Аччиқ тутунни ўпкам тўлгунча тортдим. Бироз енгиллашгандай бўлди кайфиятим. Казармада ғала-ғовур кўтарилган — хизматга энди келганлари эса оқ ёқа тиқишар, қайиш тўқасини ялтиратар, этик мойлашар, хуллас, ҳарбий ўқувдаги одатини тарк этишганича йўқ. Уларнинг ичида бақувватлари ҳам, қуролни зўрға кўтарадиганлари ҳам бор эди. Қизиқ, инсон боласи икки-уч ой ичида кексайиб, қурол ишлата билиш керак пайти ўзини-ўзи ҳимоя қилиш даражасида чаққон ва эпчил кишига айланиб қолиши мумкинми? Урушда ҳар нарса содир бўлади, уруш одамларни қисқа вақт ичида, умуман бошқача қиёфага солади. Этигини тозалашни зўрға эплаётган анави нимжон Михайлов ҳам икки-уч марта жангга қатнашиб, кўзи пишгач, ерга урсанг кўкка сапчийдиган бўлиб қолади. Ҳали бошига не савдолар тушишидан бехабар бояқиш. Балки мен Михайловдан олдин ўларман?.. Иккаламиз ҳам ўлмасмиз балки. Чўнтагимга қўлимни тиқдим. Бўшаган қути ва тўқилган тамакидан бошқа нарса йўқ эди. Ринатдан папирос сўрадим. У ётган жойида бир қути “Донские” ирғитди. Бу сафар тортганимда бошим оғриб кетди. Танам мажолсизланди. Охирламаган папиросни полга ташладим.
— Яшасин Совет оператори! Казармани “курил-ка”га айлантирган жангчига шон-шараф! — қичкирди Ринат.
Унга ҳеч нарса дегим келмади. Кўнглимга қил сиғмаётганди. Ташқарига чиқдим. Ёмғир ҳамон босиб ёғар, осмоннинг қовоғи баттар тунд эди. Бундай пайт ҳеч жойга сиғмайсан. Қаерларгадир бош олиб кетгинг келади. Мен ҳарбий хизматдан олдинги истакларимга эришажак кунларни қумсаётгандим. Қанийди ҳозир қишлоғимнинг қоқ ўртасида бўлиб қолсам! Уст-бошим шалаббо бўлиб кетса ҳам, ҳар бир сўқмоғини яёв айланардим. Узумзорларда токлар энди барг чиқазиб қолган. Сен эса охири кўринмас узумзорни ёмғирда оралаб юрибсан. Оёқларингта сақичоқ лой ёпишиб, ғалати овоз чиқаради. Юрган сайин юргинг келади. Кетаверасан, то ҳолдан тойгунингча. Йиқилсанг... Ни­ма қипти? Она қишлоғингнинг ери. Ўзингники... Узала тушмоқ ҳам жонга роҳат.
Казарма эшиги очилиб, кепкасини бостириб олган Ринат кўринди. Мен усти тунука билан ёпилган чекиш жойида ёмғирдан паналаб турардим.
— Ҳа, хаёлпараст. Нега одамлардан қочадиган бўлиб қолдинг?
— Ёмғир яхши ёғаяпти.
Менда чиндан ҳам кейинги пайтлар одамовилик пайдо бўлаётганди.
— Ҳа, кўнгилдагидай... Лекин учинчи ротанинг шўрига шўрва қайнайдиган бўлди.
— Нега?
— Жанг халталари, ўқ-дориларни тайёрлашаяпти.
— Шундай ёмғирда зарил кептими?
— Бутун рота жанговар ҳолатда тоққа чиқар экан. Телевизорга туширишармиш.
— Нега энди айнан ёмғир маҳали телевизорга олишмоқчи?
— Эй, кўрдингларми, шўро аскарлари шундай пайтда ҳам қаҳрамонона жанг қилишмоқда, дейишса керак.
Одамларнинг раҳмини келтиришмоқчи дегин.
— Ҳа, ёлғон жасоратлар акс этган ҳужжатли фильмлар эртага Совет Иттифоқи экранларида намойиш қилинади. Ана, учинчи рота ёмғирда ҳам душман ҳужумини қайтараяпти, деган тескари тарғибот юрғизишади. Ўзинг айт, бундан ортиқ шармандалик, аблаҳлик бўлиши мумкинми?
— Бечора учинчи ротадагилар! Телевизорда кўринамиз деб, ўн чақирим йўлга шалаббоси чиқиб пиёда боришаркан-да. Ҳали тоққа чиқишиб, қаерларгадир автоматдан ўқ ҳам отишар?..
— Бўлмасам-чи! Фильм жонли чиқиши керак-ку. Аскарнинг қадри билан неча пуллик ишлари бор.
Ринат чўнтагидан сигарет олиб тутатди. Унинг оғзидан чиқаётган тутун ҳам ҳавода буралиб юқориларди. Зум ўтмай саф майдонидан уч қатор бўлиб тизилган учинчи рота аскарлари ўтиб кетди. Қўшни казармадан чиққанига қарамай, уларнинг кийим-боши нам бўлиб кетган, каскаларидан оқаётган сув бўйинларига оқар, жанг тўрваси ҳамда қурол кўтариб олишган эди. Ротанинг ёнида ғоз юриш қилиб бораётган катта лейтенант эса аҳён-аҳёнда “Бургутлар!!!” деб қўярди. То улар олислагунча бронжилетларининг тақиллаши эшитилиб турди.


VIII

Баҳор чекиниб, ёруғ ва ҳароратли кунлар бошланди. Офтобурар паллада табиатнинг ҳар бир мавжудоти ботинида бўшанглик етилади. Бунақа ҳолатда кишига ҳеч нарса ёқмайди. Агар ротадагиларга дала машқи, қоровулхонага бориш ҳақида батальон штабидан буйруқ келса, асти қўяверинг. Жангчиларнинг қовоқ-тумшуғи осилиб, кўпчилик дарров касал бўлиб қоларди.
Шундай мудроқли кунларнинг бирида полк карнайи важоҳатли чийиллаб, казарма устидаги каптарлар тинчи бузилди. Икки дақиқа ўтар-ўтмас саф майдонида тўкис қуролланган аскарлар тизилишиб турарди. Полк командири ҳарбийча саломдан сўнг, барча зобит ва прапоршчикларни ҳузурига чорлади.
— Бирор совуқ хабарнинг иси келаяпти, — деди Мўмин.— Урушга чиқамизов. Ишқилиб худо урган жойга бормайлик-да. 
— Афғонистоннинг қаерида оромгоҳ бор? — дея кесатдим мен.
— Ҳарҳолда, тирик қайтишингга ишонадиган жойлар топилиб колади...
— Панжшир ё Чорикорга дейишса-чи?
— Нафасингни ел олсин!
— Ел оладими, сел оладими, бўлиши мумкин...
— Броня зудлик билан — паркка, пиёдалар — жанг тўрвасини тайёрласин! Битта БМП дўхтирлар билан боради. Кечқурун йўлга тушамиз, — деди рота командири қатъий оҳангда.
Кун оққач, парк ортидаги майдонга машиналарни олиб чиқдик.
— Ўн тўртинчи, сен тиббий қисмга борасан! — деди рота техниги, прапоршчик Довгий.
Мен дўхтирлар билан бирга бўлишдан қувондим. Ринат икковимиз полк “тиббий қисмига етиб келганимизда дўхтирлар ҳамма ашқол-дашқолларини ташқарига чиқариб бўлишган, ёнида дўхтирлар белгиси туширилган кўкимтир, иккита усти ёпиқ машинага зарур жиҳозларни юклашаётган эди. Бизни кузойнак тақиб олган катта лейтенант карши олди.
— Иккинчи ротаданми? Яхши бўлди. Мен сизлар билан бораман.
— Манави машиналар ортидан юрамиз, — деди у очиқкўнгиллик билан қўл бериб.
— Қачон йўлга тушамиз, ўртоқ катта лейтенант? — сўрадим мен.
— Икки-уч соатдан кейин. Қоринларинг қалай, очмисизлар?
— Унчаликмас. У-бу нарса берсангиз ёмон бўлмасди, ўртоқ катта лейтенант, — жавоб қилди Ринат.
Дўхтир зобит худди ёш болага ўхшарди. Биз билан тезда чиқишиб кетди. Афтидан, у бизга ёқишга ҳаракат қилаётганди. Машина тагига ичкаридан темир стол олиб келишди. У ўз қўли остидаги сержантларга тузукроқ егулик келтиришни буюрди. Дастурхонга бир зумда чўчқа гўшти, олча қиёми, бир қути “Друг” сигарета, қиёмсут, сариёғ, сутли кофе тортилди. Ринат қўллари­ни ишқаб-ишқаб столга чўзилди.
— Булар тозаликни севишади. Қўл ювсак яхши бўларди, — дедим мен ўзбекчалаб.
— Қўявер. Урушдалигимизни сезишсин-да. Маши­на устига чиқиб сув олиш ёқмаяпти.

Зобит бизга тушунмагандай қаради.

— Бу ҳозир озгина мизғиб олсам, деяпти. Йўлда кўзи илиниши мумкин. Бирор корҳол юз бермасин. Тун бўйи йўл юрамиз. Нима бало, тамадди қилмайсанми, майли, борақол, — дедим мен.
Ринат кўзини олайтириб қараб қўйди. Зобит инсофлик чиқиб қолди. “Овқатланиб олсин”, деди. “Ҳа, май­ли, у-бу нарса еб ол, тезроқ”, дедим. Дурустгина нонушта қилдик. “Уйқуси келган” Ринат биз билан баравар ўтирди. Зобит аскарларига оромида ухлатувчи дори олиб келишни айтди. Ринат, мен яхши ухлайман, ҳожати йўқ, деди. Ичавер, биз машинага у-бу ортамиз, тақир-туқур кўп бўлади, ҳали алоқани ҳам текшириб кўришим керак. Сенга халал бермайлик, дедим. 
Ринат ўзбекчалаб бақириб берди:
—     Ҳой, сен жуда ақлли бўп қопсанми. Намунча минғирлайсан. Бор, тошингни тер...
— Нима гап? —дея суриштирди зобит.
— Машинани тузатаман, деяпти.
— Машина бузуқми?
— Йўқ, ўртоқ катта лейтенант!
— Арзимас нарса. Ёғни текшириб кўрмокчи. Паркдан тўғри бу ерга келдик, — деб қўшиб қўйдим мен.
— Текширинг! — буйруқ берди зобит.
Машина бенуқсон эди. Катта лейтенант бўлмаганда Ринат мен билан жиққамушт бўлиб қолиши тайин эди. У норизолик, билан ёғ идишга ўлчагич симини тиқиб кўрди, олддаги темир қопқани ёпиб, буралғични маҳкамлади. У ўзидан-ўзи сўкинар, мени кўрарга кўзи йўқ эди.
— Ринат, мен ухламоқчиман. Алоқа ҳам жойида, — дедим атай зобитга эшиттириб.
—     Менга деса ўлиб кетмайсанми, — пўнғиллади у. 
Кечки соат ўнда юриш бошланди. Иккала “Урал” ортидан ҳаракатга тушдик. Колоннага тиббий қисмдан чиқиладиган йўл орқали полк ҳудуди тугаган жойда туташдик. Колонна узундан-узун, уч-қуйруғи кўринмас эди. Полк йўлга ҳамиша шундай дабдабали кўринишда, тўйга бораётгандай чиқарди. Қайтишда эса...
Қатор дўконлару пастқам бинолар тартибсиз жойлашган Қобулнинг марказий кўчасига тушиб олдик. Йўл кенг ва асфальтланган. Ғала-ғовурли, ҳарҳолда осуда шаҳардан тезда чиқиб кетмасликни, шаҳар йўли янада давом этишини истардим мен. У ёқда нима бор? Зимистон, даҳшат, Эркинроқ нафас ололмайсан. Кунинг битиши ҳам ҳеч гапмас. Ёнимда шлемофон кийиб олган катта лейтенант жон қулоғи билан алоқани эшитиб борарди. Мен то манзилга етгунча алоқада туриш шарт эмаслигини билардим. Машина сафда кетаётибди, тўхтаса тўхтайсан, юрса юрасан. Мен шлемофонимнинг радиостанция узатгичига уланадиган жойини узиб қўйдим. Ўзимни шаҳар бўйлаб маши­нада сайр қилаётгандай, урушга кетмаётгандай ҳис эта бошладим. Бир лаҳза бўлса-да, хаёл кўзгусидан қўрқувнинг қора кўланкасини сидириб ташласанг, қандай яхши!
Колонна Қобул ҳудудидан Баграм вилояти текисликларига чиқиб олди. Бироздан сўнг узумзорлар, кейин полиз экинлари яшнатган майдонлар бошланди. Биз жуда ҳам тез ҳаракат қилаётгандик. Агар шу кетишимиз бир соат давом этса, Чорикордан ўн чақирим берироқдаги ялангликка етишимизни чамаладим. Демак, азонгача ҳордик чиқазиш мумкин.
Ўйлаганимдай, кечки уч яримда ялангликда тўхтадик. Полк техникалари ҳимоя доирасини ясашди. Миллар оғзи хавфли жойларга қаратилди. Ҳар бир рота алоҳида дам олишга жой ҳозирлади. Пиёдаларнинг кўпчилиги машиналар устидаги қоп-кўрпага ўралиб олишди. Айримлари машина тагида ётадиган бўлди. Гулхан ёқиш ман қилинди. Мен кунлик бериладиган улушимдан гўштли тунука идишни олиб очдим, совуқлигича паққос туширдим. Устидан узум шарбати ичдим. Афғонда бериладиган овқатдан нолимасак бўларди...
Катта лейтенант Ринат иккимизни чойга таклиф қилди. “Урал” ёнида иккита дўхтир зобит ва сержантлар нонушта қилаётганди. Мен овқатланмайман, де­дим. Ринат улар билан бирга тамадди қилди. Мен машина ичкарисига тушдим. Ухлашга қулай бўлсин деб, қоп-кўрпамнинг бош тарафига шлемофон солдим. Полк аскарлари аллақачон пинакка кетишган, техника­лар атрофини айланиб ўтаётганда фақатгина қоровулларнинг қадам товуши эшитиларди. Тун тинч ва осуда эди. Эртага нималар бўлиши ҳақида ҳеч ким ўйлашни истамасди.
Кўзимни очганимда тонг ёришган, аскарлар тўда-тўда бўлиб нонушта қилишар, у ер-бу ерда гулханлар ёнарди. Қиздирилган гўшт ҳиди димоққа уриларди. Жангчиларнинг айримлари машина устида мудраб ўтирар, баъзилар папирос тутатарди. Бизнинг дўхтирлар ҳам аллақачон уйғонишган, ўша темир стулга қиздирилган картошка ва карам шўрва, колбаса идишларини очиб қўйишганди. Мен мулозимат қилиб ўтирмадим. Дарров аскарий тўрвамдан оққанд ва қиёмсут олиб, уларнинг ёнига тушдим. Катта лейтенантнинг айтишича, биз ичкарига кирмас эканмиз. Бирор хилватроқ ерда туриб, ярадорларга ёрдам кўрсатиш, зарур пайти уларни Баграм шаҳридаги госпиталга олиб бориш кўзда тутиларди. Яъни, биз полк тиббий қисми ҳисобланардик.
Чорикорга дастлаб қисмнинг илғор ротаси — кузатувчилар кирди. Ортидан танкчилар батальони, сўнг пиёдалар йўл олди. Охирида, кечаси дам олган жойимиздан икки чақирим берироқда биз ўрнашдик. Бу ер умуман, хавфсиз эди...
Зум ўтмай тўс-тўполон авжига чиқди. Кучли портлашлар эшитилди, танк ва БМПлар гумбурлаши тонгни тўзғитиб юборди. Ер силкинар, важоҳатли қасирлашлардан қулоқлар том битарди. Узоқроқда кўринган қўрғонлардан чанг кўтариларди кўкка. Ким қаёққ отаётганини билиб бўлмасди.
БМП олдидан икки кишилик ҳандак қазиб қўйдик. “Урал”лар устига ток кесиб ёпдик. БМП тумшуғини узумзор тарафга тўғриладим. Чорикорга яна битта полк кирди. Ортидан десантчилар батальони ҳам ўтди. Ичкарида қиёмат қойим содир бўлаётган эди. Алоқа тинмай ишлар, полк командирининг овози тез-тез эшитилар, унинг ҳам саросимага тушиб қолганини англаш қийин эмасди. Илгари кирганларни душман тутдай тўкаётганди. Бизнинг олдимизга ҳам унча-мунча “эрэс” снаряди кетма-кет келиб тушди. Атроф чанг-тўзон ичида қолди.
Ўзимни ичкарига урдим. Узумзорни БМПдан ўқка тутдим. Кузатгичдан ток новдаларининг силкингани, ўша ердан олов кўтарилгани, япроқларнинг баландга тўзғиши кўриниб турарди. Мен кўнглим тўлмаган жойларга отардим. Қопқани очиб ташқарига бош чиқазганим заҳоти ҳавода ғалати овоз чиқариб снаряд учди. Бу миномёт эди. Душман яқин орада, биздан тахминан икки юз-уч юз метр нарида отаётганди. Мен алоқа орқали вазиятни рота командирига хабар қилдим. У “мен сени тушундим, “Таблетка”[4] диққат билан кузат, бирор кор-ҳол бўлса, ҳимояга тур”, деди. “Бу — бен, сизни тушундим, кузатаман ва мудофаада тураман, қабулга ўтаман”, дедим.
— Ишга туш, Таблетка! — деди Бубен. 
Мисли кўрилмаган, шиддатли отишма кетарди. Ҳатто жанг майдонидан олисдаги биз учун ҳам тинчлик йўқ эди. Бизнинг ён-веримизга ҳам снарядлар тушар, бундай танг аҳволда ҳали қолиб кўрмаган дўхтирлар машина тагидан чиқолмай қолишди. Ҳар снаряд ванғиллаб учганда, менинг ичимдан нимадир узилгандай бўлар, аъзойи-баданим бўшашиб кетарди. Тобора ҳолсизланиб борардим. Оёқларим қалтирай бошлади, хаёлим ўзимда эмас эди.
Ҳавони йиртиб тағин бир снаряд учди. Унинг ваҳимали      товушидан ич-ичингдан тамом бўлишинг ҳеч гап эмасди. Қўрқинчли ванғиллаш чор атрофни титратиб юборди. Мен, шу снаряд устимизга тушади, тамом, энди асфаласофилинга кетдик, деб ўйлардим. Йўқ, хайриятки, у БМПдан ўн-ўн беш қадам наридан қўним топди, қора тутун кўтарилиб кичик темир парчалари, тошу кесак атрофга учди. Катта лейтанант ва қолганлар “Урал”нинг тагига кириб олишганди. Ўзимча ўйладим: агар жиндек берироққа мўлжал олишса, БМП билан қўшмазор бўламан, нарироққа олишса “Урал” — пурали билан нариги дунёга кетишади. Эй худо, тезрок, тугасайди!
Олдинда қасира-қусир авжига минган. Гўёки еру кўк зириллар, кўз олдим хиралашиб борарди. Алоқанинг “ту-ту”лаши, турли хил хитоблардан қулоқларим тош битиб қолаёзди. Ютинсам, бошимда нимадир ғийқиллаб овоз беради. Шлемофонни ечай десам, чақириб қолишлари мумкин. Бошимдан тер куйилар, аъзойи-баданим қизиб борарди.
— Таблетка, Таблетка... мен Бубен, қабулга ўтаман.
— Бубен, мен Таблетка, эшитаман.
— Таблетка, ҳозир қутичада уч юзинчи қалам боради.
— Сизни тушундим, Бубен. Уч юзинчи қаламни қабул қиламан ва нуқтага элтиб қўяман.
Зум   ўтмай рўпарадаги дарахтлар ичидан; БМП-2 отилиб чиқди. У биз тарафга ўқдай учиб келарди. Ринат машинани ўт олдирди, катта лейтенант ва иккита дўхтир сержант “Урал”дан замбил туширишди Ярадор ортилган БМП-2 шу тезликда келиб бизнинг ёнимизда бурилиб олди. Машина устидан сакраб тушган икки аскарнинг ранг-рўйига одам қараб бўлмас, кир-чир юзларида аллақандай тундлик қотиб қолган, йилтираб турган нигоҳларида қўрқувдан ҳам даҳшатлироқ нимадир зоҳир эди.
Улар зудлик билан “десант” — орка бўлмани очишди. Ичкаридан ярадор аскарни тортиб олдилар. У бехуш, уст-боши қон, алланима деб бақирар, тўлғанар, хаёли кирарли-чиқарли эди. Ярадорни замбилга ётқизиб, машинанинг орқа бўлмасига жойладик. Уни кечиктирмай Баграмдаги ҳарбий госпиталга олиб бориш керак эди. Катта лейтенант менинг ёнимга чиқди! Иккала сержант машина устига жойлашиб олди. Ринат БМПни Баграмга ҳайдади. Машина қишлоқнинг тор кўчаси оралаб пастқам кулбалардан ҳадигу хавотир билан қараётган одамлар юрагига титроқ солиб, елдек учиб борарди. Ҳар силкинишидан жони халқумида турган ярадор йигитга нечоғлик азоб бўлаётганини ҳис этиб турардим.
Баграм госпиталида ярадорни жуда тез қабул қилишди. У энди тинчиб қолганди. Боя машинага ортаётиб катта лейтенант оғриқни мутлақо сездирмайдиган укол қилган экан.
Биз орқага қайтдик. Ринат машинани бемалол, шошилмай бошқариб борарди. Ҳеч биримиз жанггоҳга қайтиб киришни истамаётгандик. Қолаверса, у ерда бизни яхшилик кутмаётгани маълум эди. Доимо инсон учун юрагини олдириб қўйган бирор ишни қайта такрорлаш азоб бўлади. Чунки кўнглинг безиллаб қолади. Урушда ҳам бир талофат еган жойга қайта оёқ босиш учун нечоғлик даҳшатли ҳолни бошдан кечирмок ке­рак. Назарингда, рўпарангдан ўлим чиқиб қоладигандай бўлаверади. Ҳар бир лаҳзада куннинг битишини, шу ёруғ дунёни кўриш бошқа насиб этмаслигини кўнглингга туйиб туриш нақадар қийии. Бутун борлиғингни нимадир таталайверади. Сени ўзингга ўхшаган яна бир махлуқ кузатиб тургандай туюлаверади. Ичингда хуруж қилаётган, тоғ янглиғ улканлашаётган қўрқувни бекитмокчи бўласан. Ўзинг билан ўзинг олишиб, ироданг деворлари емирила бошлайди.
Жанггоҳга киришимиз билан рота командири ало­қада тағин “уч юзинчи қалам” бораётганини маълум қилди. Боя турган жойимизда, “Урал” олдида иккита БМП турар, қолган дўхтирлар машина панасига ётқизилган ярадорларга ёрдам кўрсатарди. Улар иккита эди. Бири бошидан яраланган бўлиб, юзи аралаш қуюқ қон сизарди. Ўқ иккинчисининг сонидан тегибди. У тинмай дод солар, шимининг бир томони почасига довур қип-қизил қон эди. Иккаласига ҳам оғриқдан чалғитадиган дори берилди. Уларни ҳам госпиталга ташлаб келдик. Бу ўйин кун бўйи давом этадиганга ўхшарди. Тушга бориб жанг яна кучайди. Ярадорлар сони тобора ортиб борарди. Баграм билан Чорикор орасида бўзчининг мокисидек қатнардик. Ҳаммаёғимдан қон ҳиди келар, кўнглим айниётган эди. Биз элтган ярадорларнинг иккитасининг госпиталда жони узилибди. Мен ўша бошидан яраланган ва елкасидан ўқ еган аскарларнинг куни битганига шубҳа қилмасдим.
Тўғридаги қалъалар томондан чиқиб келган БМПда яна битта ярадор одиб келишди. Унинг баданига қараб бўлмасди. Ҳамма жойига кичик-кичик темир парчалари санчилиб қолган, уст-боши алвон тусига кириб бўлганди. У дунёни бузиб дод соларди. Ярадорни энди замбилга солаётувдик ҳамки қишлоқ тарафдан полк командири ёрдамчиси майор Купинни олиб юрадиган БTP келиб тўхтади. Машина ичидан Купиннинг боши кўринди. У ерга сакраб тушиши билан ярадорни олиб келган зобитга ўшқирди. 
— Нима бўлди!!!
— Ярадор. Темир парчаси...
— Ҳали бронжилет киймабдими, аблаҳ! Мана олифталикнинг оқибати. Сенинг кўзинг қаерда эди?
Зобит каловланиб турарди. Купин замбилда алаҳсираётган аскарнинг бошига келиб турди, жаҳл билан қичқира бошлади.
— Казёл... Нега бронжилет киймадинг. Хе, онангни...
Ярадор баттар қичқира бошлади.
— Ўчир овозингни!
Купин аскарни тепкилай бошлади.
— Ҳозирнинг ўзида ўттиз бешта ярадор бор полкда. Ўн бир киши ўлди. Казёллар. Бронжилет кийишмайди, булар. Оқибати мана!
У қисмда энг раҳмсиз зобит саналарди. Ҳатто, зобитларни ҳам ҳузурига чақириб, тарсаки тортиб юбораверарди. Шунинг учун ҳам бутун бошли қисм Купин деса дағ-дағ титрарди. Лекин, мен жони узилай деб турган ярадор аскарни тепкилашини ҳеч тасаввуримга сиғдира олмасдим.


IX

Полкка қайтгач, икки кеча-кундуз мижжа қоқмадим, бошим гувиллар, ютинсам қулоқларимда нимадир чийилларди. Асабим зор қақшарди. Ротадошлар билан суҳбатлашишга ҳам мажолим йўқ эди. Назаримда ҳамма нарса бетартиб, аралаш-қуралаш бўлиб кетгандай. Катта казарма ичи ва ташида ғимирлашаётган аскарлар ҳам кўзимга ёмон кўринар, наинки улар билан гаплашиш, балки уларни кўришни ҳам истамаётгандим. Мен қаттиқ толиққандим, хилватни қумсаётгандим. Иложи бўлса сукунат қўйнига бош олиб кетсам. Бошимнинг орқа томони эса лўқиллаб оғрир, хаёлимда Чорикор жангининг олақуюн манзараси аҳён-аҳён жонланиб қоларди. Бундай ҳолларда атрофда нималалар содир булаётганини ҳам унутиб, ўзимни қўярга жой тополмасдим. Ички бир оғриқ хуружидан аъзойи танимни титроқ босар, мен оёқда туриб алаҳсирардим. 
Учинчи куни иссиғим чиқди. Кўзларим ёшланиб, нимадир санчилар, уйқусизлик тобора иродамни емириб бормоқда эди. Нафас олсам оғзи-бурнимдан ўт чиқаётганди. Ҳолсизлана бошладим. Мен тузалиш ўрнига дардим оғирлашаётганини сездим. Бу кетишда яхшиликдан умид йўқ ҳисоби. Қайси гўрданам дўхтирлар билан жангга кириш насиб қилган экан, оқибати: кўз ўнгимда оғзи-бурнидан қон сизаётган ярадорларнинг оқиш юзларига янада аянчлироқ тус бераётган сўниқ нигоҳлари қотиб қолган эди. Қулоқларим тагидан эса алоқанинг “туту”лаши, ўқларнинг чийиллаши нари кетмасди.
Ошхонага, эрталабки нонуштага ҳам бормадим. Ри­нат қоврилган балиқ олиб келди. Иштаҳам йўқ эди. Бошим тобора оғирлашиб, кўзларим хира торта бошлади. Казармадаги шовқин-сурон эса баттар асабимни қақшатар, кенг дунё биргина мен учун торайиб қолганди. Ринат ёнимга келиб ўтирди. Мен каравотда ёнбошим билан ғужанак бўлиб ётиб олдим. Гўё шундай қилсам ҳаммаси ўтиб кетадигандай, бутун борлиғимни ўз исканжасида сиқувга олаётган бу ҳолат чекинадигандай. Ринат бошимга қўлини теккизди.
— Иссиғинг борга ўхшайди. Дўхтирга учраш. Қаеринг оғрияпти, ўзи?
— Миям тирқираб отилиб кетай деяпти. Мажолим йўқ.
— Сени ўзим олиб бораман. Индамаса, ўн кун бўлса ҳам ётаверасан — ўлганингча.
— Ётқизишса керак... Ё ишонмайдими?..
— Нима бало, уларга албатта, бирор жойингдан қон чиқиб туриши шартми, — кесиб гапирди Ринат.
Дўхтирхона саф майдонининг нариги тарафида, бизнинг казармадан икки юз эллик қадамлар чамаси нарида жойлашганди. Ринат иккимизни ҳамшира қиз қарши олди. У одатий сўров — нима бўлди, қаеринг оғрияпти, дея дафтарига нималарнидир ёзиб қўйди. Ҳарорат ўлчагични қўлтиғим тагига қўйганини ҳисобга олмаганда боя казармада Ринат ундан яхшироқ ҳол сўраганди.
— Буни ётқизасизларми? 
Ринатнинг кутилмаган саволи ҳамширага эриш туюлди чоғи, саволга савол билан жавоб қайтарди.
— Нега энди, аҳволи дуруст, бироз шамоллабди. Иссиғи, ҳам унчалик баландмас.
— Демак, ўлим ҳолатда келса қабул қиласизлар-ми? — зардаси тошди Ринатнинг.
Менинг эса ўз аҳволим ўзимга аён эди. Ринатни янада яхши кўриб кетдим.
— Ахир тушунсанг-чи, менга ran тегади... Буш жой Ким йўқ.
— Шундай де, қани бошлиғинг ўзи?..
Ҳамшира қиз бир ўжар аскар Ринатга, бир менга қараб деди:
—     Ҳали бирор аскар бу ерга келиб дўқ урмаган. Майли, катта лейтенантни чақираман... Кўрамиз, дағ-дағангнинг баландлиги қандай бўларкан. Ўргилдим сендақа инсонпарвардан... Фақат сен Афғонда жанг қиляпсанми?
У дўппослаган болакайни онасига чақмоқчи бўлган эрка қиздай коридор бўйлаб пилдираб қолди. Ринат унинг ортидан бўралаб сўкди.
— Ҳе... сендай фоҳишани!..
Ҳаял ўтмай ҳамширанинг ортидан кўзойнакли зо­бит чиқиб келди. У биз билан урушга кирган катта лейтенант эди.
— О,саломйигитлар!Хабарлашайдепсизлар-да. Жуда яхши... Кайфият қалай, кайфият?!
У иккаламиз билан ҳам самимий қўл чўзиб саломлашди. Мен мазам қочиб турганини айтдим.
— Чакки бўлибди, — деди у. — Жанг асорати. Анчагина чарчаган куринасан. Асабга таъсир қилган шекилли...
— Ўртоқ катта лейтенант! Бу ўч-турт кун сизнинг қўлингизда даволансам, деб келди, — қўшилди Ринат.
— Айни муддао. Ярим соатдан кейин машина бў­лади.  
Катта лейтенантнинг бизга бу чоғлик қадрдонлигини пайқаган ҳамшира тараддудланиб қолди. Гўё муҳим ишни унутган каби коридор охирига чопқиллаб кетди.
— Ундай бўлса мен ротага бориб келай, у-бу нарса олишим керак, — дедим.
— Сен ўтир шу ерда, Ринат келтиради.
Ярим соатдан кейин Қобулга жўнаш учун машина шай турарди.
Ринат казармадан сочиқ, совун, тиш порошогим ва тозалагичимни олиб келди. Чўнтагимда ўттиз чек бор экан. Ринатдан эса йигирма чек қарз олдим. Катта лейтенант бу орада касаллигим ҳақида кўрсатма тайёрлади. Ҳатто, мен боришим керак бўлган бўлимнинг бош врачи яқин ўртоғи экан, хат ёзиб берди.
— Бир ҳафтада тузалиб кетасан. Сенга яхшилаб! қарайдилар, — деди у машинага чиқаётганимда қўлимни сиқиб.
Ринат билан қучоқлашиб хайрлашдим. Унинг кўзлари нам эди.. Юрагим сув бўлиб кетди. Қанчалаб қийин дамларда бирга бўлган метин иродали дўстим­нинг йиғлаганини биринчи бор кўришим эди. Бўғзимга аччиқ нарса тиқилди. Бу ҳали отилишга шай кўз ёшларим эди. Лабларим пирпираб, нигоҳимни олиб қочдим.
— Мен тезда қайтаман, ошна. Биз ҳали бирга бўламиз, уйга ҳам бирга қайтамиз,— дедим зўрға.
Машинада мендан бошқа тўртта аскар бор эди. Иккитаси сариқ билан оғриган, ана бири қўлтиқтаёққа суянган, оёғи танғирайиб шишиб кетганди. Тўртинчи аскар ўпкам шамоллаган, деди. Mен унинг сил касалига дучор бўлганини сезиб турардим. Мендан сўрашганда, бошим ғувиллайди, деб жавоб бердим. “Кантузиямисан?” деди қўлтиқтаёқли. Худо асрасин, дедим, бироқ ичкибирваҳмдантитрабкетдим. Наҳотки? Қобулга етгунча контузия бўлганмикинман, деган ўй кемириб борди миямни. 
Қобулда бизни касалликнинг турига қараб бўлимларга ажратишди.. Қўлтиқтаёқлини Марказий касалхонага олиб кетишди, тўртовимиз эса юқумли хасталиклар госпиталида қолдик. Мени тўртинчи бўлимга жойладилар. Катта лейтенант бериб юборган хатни ҳамши­ра қиздан бўлим бош врачига етказишни илтимос қилдим. 
Касалларнинг кўкимтир кўйлак-иштонида ўзимни бошқача сеза бошладим. Гўё ёш болага ўхшаб қолгандим. Палата кенг ва шинам эди. Олтита каравот қўйилганди. Мен дераза олдига жойлашдим. Ҳамшира оқ чойшаб олиб келиб, жой ҳозирлади. Уйқим келганди, бироқ хонадошларим билан яхшилаб танишиб олиш истаги кучайиб борарди менда. Эшикка яқин каравотда сариқ сочига мос юзлари кенг, қийиқ кўз, бўйни йўғон, бесўнақай гавдаси қўлларининг узунлигини ҳам яшириб турган йигит ёнбошлаб олиб мени кузатарди. У жудаям бақувват эди. Афтидан украин ё белорус бўлса керак. Ким билсин, балки ўрисдир. Ҳарҳолда палатадагилар ичида у ажралиб турарди. Мен унга ўзимча “йўғон бўйин” деб ном қўйдим. Бошқалар ўзим каби ирик-чирик аскарлар эди. Йўғон бўйин атрофга беписандлик билан боқар, шу ерда ҳам ўзига бино қўйгани сезилиб турарди. У госпитал кийимини ҳам торайтиб тикиб олган, бошқаларникидай иштон-кўйлаги кулгили тарзда хилпираган, кенг эмасди. Негадир у касал одамга сираям ўхшамас, бошқа аскарларни ёнига чақириб уни қил, буни қил, деб иш буюрарди. Кимнидир сувга юборди, яна бировни ошхонада ошхонада овқат қачон тайёр бўлишини билиб келиш учун жўнатди. Ҳатто бурчакдаги каравотга қўлидаги гугурт қутисини отиб, ухлаётган беморни уйғотди. Аскар чўчиб ўрнидан туриб, “йўғон бўйин”нинг олдига югуриб келди.
— Эшитаман.
— Дембиллар[5] қўшиғини айт...
Аскар уйга кетадиганлар тўқиган, беҳаё сўзлар қоришиқ қўшиқни айта бошлади. “Йўғон бўйин” ён-бошлаган кўйи ҳиринглар эди:
— Етади, бор ухла! Аскар афтидан олти ой хиз­мат қилган эди. Лекин мен Афғонда ҳали “қариялик” ҳукми мавжудлигини билмас эканман. Бизнинг, қисм-да бунчаликка боришмайди. Урушга тез-тез чиқиб туришимиз боис ҳаммамиз бир ота-она болаларидек қадрдонлашиб кетгандик. Кўп хизмат қилганлар анчагина босиқ бўлиб қолишганди. Хуллас, аскар аскарнинг ҳурматини жойига қўярди. Бу ерда эса... Мен анави олифтанинг жангга чиқиб, руҳий дунёси озор топганига, ўлим билан рўбарў келганига, бир лаҳза бўлса-да, инсоний қадр-қиммат учун қон ютиб йиғлаганига ишонмасдим. Кўзимга балодай кўрина бош­лади у.
— Тўхта!..— қичқирди у эндигина каравотига ечиниб, чойшабни кўтараётган ҳалиги аскарга, — бу ёққа кел!!!
Аскарнинг кўзларидан мунг тошар, бошини куйи солиб эшик томон борарди.

— Мен қачон уйга кетаман?

— Уч ярим ойдан озроқ, яъни бир юз ўн икки ку­ну... — у соат ва дақиқаларни ҳам тўлиқ айтди.

“Йўғон бўйин”нинг бир ярим йил хизмат қилгани, у госпиталнинг “шеф”и эканлигини билиб олдим. Менинг нафсониятим қўзиди. Агар бизнинг ротадаги ёш, аскарга шундай қилганингда, онангни кўрардинг, дарров манглайингда қизил гул очиларди... Уйқум қочиб, каравотга чўзилдим, очиғи, қаерга тушиб қолганимни тасаввур қилолмасдим. Наҳотки, шу палатада жангчилар ётишган бўлса? Бошимнинг ғувиллаши зўрайиб борарди. Тик этган товуш қулоғимга ёқмасди. Аскарлардан бири чўккалаб олиб пол артарди. Зарил кептимикин, бемор ҳолига? Бу ерда бор-йўғи икки соат мобайнида ҳамма нарса телба-тескарисига содир бўлаётганлигини ҳис килдим. Агар даволайдиган госпитали шу бўлса, бир кун ҳам туролмасам керак: манавилар қандай чидаяптийкин? Ё урушга чиққандан кўра шундай яшаш авломикин улар учун. Йўғ-е...
Палатага ҳамшира қиз кириб келди, мени бош врач чақираётганини айтди. Мен унинг ортидан эргашиб, коридор бўйлаб юрдим. Чап қўлдаги эшиклардан бирига кирдик... Аллақандай, қоғозларга тикилиб ўтирган кичик жусса корейс майор менга синчковлик билан тикилди. Бошдан-оёқ бироз разм солди.
— Хўш, жангчи, аҳволлар калай?.. Чорикорда жасорат кўрсатибсан. Яхши, яхши... Хафа бўлма, тезда соғайиб кетасан... Ҳозир ўзингни қандай тутаяпсан, тузукмисан? — У кетма-кет савол берар, гапиришимни ҳам кутмай улаб кетарди.
— Ёмонмас, бироз қулоғим...— дедим.
— Қайғурма, бу жудаям қўрқинчли эмас... Керакли дори-дармонлар оласан... Аня, — деди у ҳамширага қарата, — жангчидан текширувга қон олинг, эрталабга тайёр бўлсин.
Мен чиқиб кетаётганимда, бош врач, “ўзим сен билан тез-тез хабарлашаман, нима камчилик бўлса айтиб тур”, деди меҳрибонлик билан.
Палатага киришим билан бемор аскарлар тинчиб қолишди. Ҳаммаси менга қараб туришарди. Оҳиста чўзилдим ақлим жойимга. Ҳамшира дори бериб кетди. Иссиғимни ўлчади, кечқурун яна хабарлашажагини айтди.
Бир кунни амаллаб ўтказдим. Тун бўйи — ҳалиги қилтириқ аскар Игнатьев уйга кетувчилар қўшиғини айтиб, Гаврилов пол ювиб чиқди. “Йўғон бўйин” ва тағин иккита аскар карта ўйнашини канда қилмади. Фақатгина мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Бирортаси, исминг ким, қаерликсан ёхуд қайси полкдан келдинг, деб ҳам сўрамади. Эрталаб ҳамшира қиз ҳол сўраб кирди. Менга ҳар қанақа муолажа ўрнига фақат тинчлик, осойишталик ҳаводек зарур эди.
– Тузуқмисиз, жангчи? — ҳамширанинг овози кечагидан ёқимли эди.
— Чидаса бўлади, — дедим мен, — иложи бўлса — тинчроқ палатага ўтсам.
Палатадагилар Андрей деб гиргиттон бўлаётган “йўғон бўйин” киноя билан ҳуштак тортиб бошини чайқади.
— Аня, бизларни ҳам алоҳида, махсус хоналарга жойласанг-чи, — кесатиқли оҳангда гап қотди бурчакдаги каравотда оёқларини чалиштириб чалқанча ётган аскар.
Мен унинг атайин, мазах қилиб сўзлаётганини пайқадим. Палатадагилар Андрей ва унинг измида, яъни улар “хўжайин”, бошқалар иккаласига қарам эди, назаримда.
Аня чиқиб кетгач, қилтириқ аскар ёнимга келиб, наша сўради. Мен чекмайман, умуман, чўнтагимда олиб юрмайман, дедим,
— Афғонга келганингта қанча бўлди? — дея ундан сўрадим.
— Уч ой. Нима сен, наша чекмоқчимисан?
— Йўқ, Андрей сўраяпти.
Мен ётган жойимда Андрейга қарадим. У — “Бело­морканал” тамакисини тушираётганди. Бўшаб қолган папирос қоғозга тамаки аралаш наша эзиндисини сола бошлади. У бу ишни шунчалик тез ва усталик билан бажарардики, асти қўяверасиз. Зум ўтмай папирос тайёр бўлди. Андрей бояги кесатиқли гап қилган аскар билан ташқарига чиқиб кетди. Таврилов яна эшик олдида чўнқайиб пол артишга тушди. Менинг унга раҳмим келди.
— Гаврилов, бу ёққа кел,— дея чақирдим уни.
У остонада тик турган кўйи, менга ажабсиниб қара­ди. Негаки, бу палатада Андрейдан бошқа уни ҳеч ким бунақа оҳангда чақиролмас эди, нимаики иш буюрса фақатгина Андрей ҳақлидай эди. Гўё Гаврилов, менга бирор юмуш буюради, деб ўйлади шекилли, тош қотиб тураверди.
— Ке, дўстим, гап бор, — қайтардим мен. 
Гаврилов тепамда нурсиз кўзларини ерга кадаб турар, “менда нима ишинг бор”, дегандай бош эгиб олганди.. Қаршимда инсоний ҳис-туйғуларига нимадир чанг солган, ўз қадру қимматини унутиб қўйган ўн тўққиз ёшли йигит эмас, эс-ақлидан жудо бир одамсифат махлуқ турарди. Мен бу одамнинг бизникидай исми-шарифи, юраги, кўзлари борлигига, кўнгил дунёси ҳам вайрон бўлмаган, бироқ таёқлар зарбига бардош беролмай қўрқув туйғусига вақтинчалик маҳкум бўлганига ишонч ҳосил қилдим. Юраги безиллаб қол­ган бу ўғлоннинг иродасини бу ерда икки-уч муштумзўр синдириб бўлгани алам қиларди.
— Гаврилов, бор, дамингни ол. Сен палатанинг фахрий   фаррошлигидан  бугундан   бошлаб  озодсан!

Гаврилов безрайиб тураверди. 

— Нима бало, гапимнн тушунмадингми? Латтани ташла, жойингга бориб ёт!
Буйруқ оҳангини итоаткорона қабул қилишга ал­лақачон кўникиб бўлган Гаврилов каравотига бориб ўтирди. У ҳар қандай одамнинг раҳмини келтирадиган даражада нимжон ва ориқ эди. Унинг эзгин ҳолатидан кўнглим бузилди. Палатадагиларнинг бари, буёғи қандоқ бўлар экан, деган маънода мум тишлаб ўтиришар эди. Улар Андрей ва бояги киноячи аскарни кутишмоқда эди.
Ҳаял ўтмай иккови олдинма-кейин кириб келишди. Андрей ўз жойига чўзилар экан Игнатьевга қўшиқ куйлашни буюрди. Игнатьев ҳам шуни кутиб тургандек “чирк-чирк...” деган бепарда қўшиқни бошлаб юборди. Кейин Андрейнинг хизмат муддати тугашига қанча вақт қолганини ою кун, соату да­қиқаларигача айтиб берди.
— Бугун  бизнинг   палатадан  бўлимга навбатчи туриши керак. Кимнинг гали келди?.. Бундай ўйлаб қарасам, оиламизнинг янги аъзоси бир хизмат қилсалар, чакки бўлмас экан.
Андрей менга шаъма қилаётган эди. Мен очиғи бунақанги буйруқни кутмаган эдим. Қоним қайнаб кетди. Охири нима бўларкан, деб тишимни тишимга қўйиб ётдим.
Кечқурун билагига латта боғлаган эски навбатчи бўлинмамиз остонасига бориб тунги қоровулликни қабул қилишимни айтиб чиқиб кетди. Андрей ётган жойида, қизарган кўзлари еб қўйгудек бўлиб, менга қаради. Мен, нега энди аллақаердаги кимсанинг гапини олишим керак экан, деб ўйладим. Хўш, Андрей ким бўлибди? Ёки мени ҳам манавилар каби кўзидан ўтини оламан, деб ўйлаяптими? Йўқ, ошна! Мен бу ерга сенинг  шармандали  ўйинларингга чидайвераман, деб келмаганман. Сен билмасанг, мен ўз қадримни биламан. Қолаверса, менга буйруқ беришга сираям ҳаққинг йўқ... Хаёлимдан шуларни ўтказиб ётарканман. Андрейнинг тўнғиллагани баттар ғашимни келтирди.
— Эй, сен бориб навбатчини алмаштир. Кутиб қолди, — деди у менга қарата сўзларини чўзиб-чўзиб.
— Нима?
— Сен навбатчисан!

— Нимаааа?

— Сен бу кеча навбатчисан, кармисан, нима бало? 

— Менинг навбатчилик қилишим кераклигини сенга ким айтди? — дедим бепарволикка тиришиб.
Андрей ётган жойидан бир сапчиб турди ва ғоз ўтириш қилиб қўлларини сонига қўйди. Важоҳатини сездирмаслик учун гап оҳангини пастлатди.
— Мен айтдим.
— Сен кимсан ўзи?
— Эй, шундай де, зўрсан-ку! Демак, навбатчи бўлмайсан?
— Керак бўлса навбатчиликка ўзинг тур. Мени Гаврилов деб ўйлаяпсанми?
— Эй ўзбек, бас қил, — деди Андрей билан бирга наша чекиб келган аскар.
Бошқалар нафас ютиб ўтирардилар.
— Охирги марта сўраяпман, турмайсанми, казёл.
— Гапимни эшитгандирсан, казёл!
— Владик, эсини киритиб қўйиш керакка ўхшай-ди, — улар мен томонга юришди.
Бошқалар жим эди. Бошқалар йўқдек эди, гуё.
Мен кад ростлаб турганим ҳамоно кўкрагимга тушган кучли мушт зарбидан каравотга ўтириб қолдим. Қулоқларим том битиб оғзимда тахир таъм туйдим. Еру осмон чаплашиб кетган эди. Мен зўрға турдим ва йиқилиб кетмаслик учун каравотни ушлаб олдим. Учин­чи бор белимга тепки тушди. Каравот силтаниб кетди. Бас қилинглар, дедим инқиллаб.
— Қалайсан, босмачи, навбатчиликка энди турарсан? 
— Бас қилинглар, — дедим ва каравот тепасидаги ушлагични суғуриб олдим. Андрей ва унинг шериги кўзимга балодек кўринарди. Темирни кўтариб уларга ташландим. Менинг ажинам отлангани шу эди. Бор куч билан Андрейнинг белига туширдим. У ихраганча гупуллаб қулади. Владик кутилмаган ҳамла энди ўзига аталганини сезиб “қўлингдагини ташла, жиннимисан!” дея орқаси билан эшик томон юра бошлади. У қочиб чиқмоқчи эди.
— Қонингни ичаман, — дедим унга ҳансираб. 
Владикнинг ранги оқариб кетганди. Эшикка икки-уч қадам қолганда темир билан бошига туширдим. У чинқириб ташқарига отилди. Каравотим ёнида биқинини ушлаган кўйи Андрей қотиб турарди.
— Энди сени қонингни тўкаман, итвачча!
Мен қўлимдаги темирни маҳкам ушлаб олгандим. У орқага чекина бошлади. Қўрққанидан “керак эмас, ташла темирни!” дея жаврарди.
— Бугун сени қонингни тўкишим шарт, ифлос! — дедим мен.
Очиғи, нималар қилаётганимни англай олмас эдим. Андрейни ўлдириб қўйишпм ҳеч гап эмасди. Жон-жаҳдим билан тағин белини мўлжаллаб урмоқчи эдим, у чап бериб қолди, ўзимни ўнглагунимча эса узоқлашиб бўлган Андрей эшикка қараб юрурди. Мен кўзим тиниб каравотимга зўрға етдим. Негадир аъзойи-баданим дағ-дағ титрарди. Иситмам чиқаётган эди. Аммо юрагимда заррача қўрқув йўқ эди, балки анавиларни хуморимдан чиқиб калтаклаганимга кўнглим жойига тушгандир. Уёғи нима бўларкин, деб ётишдан бошқа иложим йўқ эди.
Палата жим-жит, қолганларнинг забони йўқ эди, гўё. Бу сўкутни Гавриловнинг оёқ товуши бузди.
— Ҳозироқ деразадан ташқарига чиқиб кет. Йўқса улар бошқа палаталардан юртдошларини олиб келишади. Сени майиб қилиб қўйишади.
Мен Гавриловга ҳечқиси йўқ, дегандай қўл силтадим. Буларнинг олдида мард бўлиб охиригача туриб беришим кераклигини, қочган қўрқоқлик эканини ҳис қилгандим. Гавриловга яқинроқ келиш учун имладим. У мен томонга бироз энкайди.
— Бу ерда қандай қилиб болта топсам бўлади, — секингина, бошқалар эшитмайдиган қилиб сўрадим. 
Гаврилов сесканиб тушди.
— Қўрқма, ҳеч кимни чопмайман. Анави ифлосларни қўрқитиб қўймоқчиман.
Мен, бу кеча, албатта, улар ўчини олишади деган хаёлга бордим. Гавриловнинг айтишича, госпитал ёнбошидаги қисмга қарашли ҳаммом ўтхонасидан болтатопиш мумкин экан. Қисм ва госпитал ораси ўн беш-ўн қадам келарди. Чиндан ҳам ўтхонада олов ёнар, бурчакда, кундалар орасида болталар ётарди. Мен кичкинасини кўринмайдиган қилиб қўйнимга солдим ва палатага олиб келдим. Билинтирмай ёстиғим остига қўйдим ва хавотир билан қараб турган Гавриловга кўз қисдим. У тушунди..
Мен  Андрей билан Владикнинг келишини кутиб ётдим. Қоронғу тушиб бўлди ҳамки, мени ҳалиги эски навбатчи сўраб келмади. Орадан икки соатлар ўтгач палата эшиги очилиб, тасур-тусур қилиб тўртта ўрис кириб келди. Мен уларни каравотда ёнбошлаб кузатардим. Ортидан Андрей ва Владик кирди. Владикнинг ўнг қабоғи шишиб кетган, қонни ювиб ташлаган чоғи, кўк яктаги ёқалари нам эди. Тўртови ҳам менга яқинлаша бошлади. Беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим. Госпиталдан тузалиш ўрнига, ўлигим чиқади шекилли, деган ўйга бордим. Барибир уларга иложим етмаслиги, ўртада копток бўлишим аниқ эди. Ёстиқ тагидан шаҳд билан болтани олиб каравот ёнига ўтдим.
— Қани, битта-биттадан келинглар. Шошилманглар, ҳаммангни чопиб ташлайман, — дедим кескин оҳангда.
Улар каловланиб қолишди. Болта кўтариб пешвоз чиқишимни кутишмаган шекилли, таққа тўхташди. Ҳаммасининг кўзи менда эди. Андрей эшик тутқичидан маҳкам ушлаб олган, Владик каравотга суяниб қўли билан шишган қовоғини ушлаб ўтирарди. Улар манави тўртталаси менинг таъзиримни беришларига роса ишонганди. Бироқ, ҳаммага жон керак. Бир зум қотиб қолишди. Мен ўнғайроқ бўлиши учун ўнг қўлим билан болта сопининг учидан ушлаб бир-икки ҳаволатиб қўйдим.
— Қасам ичаман, бирортангни чопиб ташламагунча тинчимайман, — дедим ғазаб билан, — қани, яқинрок келинглар.
— Ҳа, эй ўзбек, ўзингни бос, юртдош, нима кераги бор шунча ғавғони, — деди улардан бири сиполик би­лан. У афтидан чўчиб турарди.
— Хўш, нима демоқчисан...
— Яхшиси келишайлик, тентаклик қилма...
— Нимани келишасан...
— Бор-йўғи бир йил хизмат қилибсан-ку? Бу кеча навбатчилик қил. Ахир, ҳамма жойда ёш аскарлар хизматда бўлишади, қолаверса бу сен учун зарурат.
— Нега энди сен дам олиб, мен навбатчи бўларканман.
— Менчалик хизмат қилсанг, сен ҳам дам оласан.
— Бор гапинг шуми? Биринчидан, сенларга малай тутинмайман. Иккинчидан,   касалман, асабим ёмон... Яхшиси, кетинглар...
— Майли ётсин, — деди улардан бири, — эрталаб гаплашамиз.
Улар билан Андрей ва Владик ҳам чиқиб кетди. Мен болтани бошимга қўйиб ухламоқчи бўлдим. Бошқалар гўёки ҳеч нарсани эшитмаётгандай, жим эди. Ёнимга биргина Гаврилов келди. Палатада ҳокимият қулаганидан анча саросимага тушиб қолганди у. Гав­рилов билан кечки ўн нккиларгача гаплашиб ўтирдик. У Москва шаҳридан бўлиб, севган қизи, иккита синглиси бор эди. Отаси заводда ишлар экан. Онаси — уй бекаси. Институтга кириши учун бир балл етмай қолибди. Эсон-осон борсам, албатта, ўқишга кираман, деди у. Гавриловнинг айтишича, бўлимда врач билан келишса бўлар экан, яъни бош врачга пул беришади-да, қисмига қайтмай шу ерда юраверишади. Айримлар шу ердан уйга қайтар экан. Гаврилойга ўхшаган тўрт-бешта “кичик ияклар” эса палаталарда, тозаликни сақлаш, бўлимнинг майда-чуйда юмушлариии бажариш учун жудаям зарур. Агар ёш аскарнинг бўйни бўш мумкин чиқиб қолса, то хизмати тугагунча шу ерда қолиши мумкин эди. Касаллик варақасига боплаб, яроқсиз деб ёзишлари кифоя. Жангда ўлимга дуч келаверишдан кўра шу ерда димиқиб яшашни аъло билгувчиларнинг топилишига шубҳа қилмасдим. Бу беҳуда урушда ҳар қандай қинғирликлар содир бўлишига яна бир карра ишондим. Урушнинг табиати шундай, унда иштирок этувчилар ўз инсоний қиёфасидан аллақачон маҳрум бўлиб улгурадилар.
Бошимнинг ғувуллаши баттар қўзиди. Миямда қовоқарилар уя қуриб олгандай эди. Бошимни кўрпа тагига қанчалик буркамай, бефойда эди. Қовоқарилар бири қўйиб, бири учишни канда қилмасди. Қовоқарининг учиши гоҳо, мия томирларимни кимнингдир арралаши билан алмашарди. Мен баттар азоб тортардим, бир лаҳзагина ором истардим, бироқ, мия томирим қалинлашаверар, арранинг ғир-ғирлаши эса сираям тинмасди.
Ҳамширадан дори сўраш мақсадида коридорга чиқдим. Ҳаммаёқ сув сепгандай жимжит эди. Коридор ўртасида дам олиш жойи бўлиб, диванлар қўйилган, телевизор ўрнатилганди. Дам олиш жойидан кейинги, ичкарисидан парда тортилган ойнаванд эшик ҳамширанинг ётоғи эди. Мен эшикни тақиллатдим. Ҳеч қанақа яна бўлмади. Ухлаётгандир, деган ўй билан эшикни яна тақиллатдим. Ичкаридаги гоҳ ҳансираган овоз, гоҳ шивир-шивир бемалол эшитилиб турарди. Мен қизиқсиниб пардалар туташган тирқиш орқали ичкарига мўраладим. Каравотда икки тана бири-бирига қапишиб ҳаракатланар, аёл кишининг кайф билан ихраши яққол қулоққа чалинарди. Улар дунёнинг жамики айшу ишратлари устидан ғолиб келганликларини нишонламоқда эдилар. Мен суқ билан қарашни ўзимга эп кўрмасам-да, ичкарида содир бўлаётган ҳолдан ич-ичимга ғайритабиий титрок кирди. Афсуски, бу лаззат бошқага, келиб-келиб Андрейга насиб қилганидан ёнардим. “Энағарди, майиб қилиб ташласам бўларкан...”
Эрталаб ҳамшира қиз дори келтирди. У кўзимга чўғ бўлиб кўринса-да, кечаги кунни Андрей билан ўтказгани ғижинимни келтирди. Саломига ҳам индамай қўя қолдим. Гавриловнинг айтишича, Андрей унга “Панасоник” маркали магнитофон ва япон рўмоли совға қилибди. Деярли ҳар кеча айшу ишрат сураркан... Аня бўлимдаги бошқа бемор аскарларнинг ҳам кўнглини овлайди. Бир кечага 50 чек берсанг етади, деди Гаврилов. Мен ҳамма билан ётаверадими, дегандим, у бир ярим-икки йил хизмат қилган аскарларни ёқтиради, дея жавоб килди. Госпиталь баттар таъбимни тирриқ этди. Тушга яқин бош врачга “менга жавоб беринг, қисмга қайтаман...” деб туриб олдим.
— Ҳали тузалиб кетмагансан, — деди у.
— Ҳечқиси йўқ. Қисмда яхши. Барибир госпиталда даволана олмайман...
Бош врач Аняга икки соат ичида ҳарбий кийим келтириб, керакли коғоз ва ҳужжатларимни тўғрилаб беришни тайинлади.
Мен палатада Гаврилов билан хайрлашдим. Андрей ва Владик бурчакда карта ўйнашарди. Бошқалар жим эди... Кенг, ёруғ ташқари тобора кенгаймоқда эди. Қисмдагилар олдига қайтаётганимдан кўнглимдаги хижиллик тарқаб борарди.

X

Чорикорда иккала кузатув нуқтамиз қийин аҳволда қолганлиги ҳақида хабар келди. Душман кеча-кундуз тинчлик бермаётган экан. Кузатув нуқталарини қайси йўл билан бўлмасин кўчириш керак эди.
Кузатув нуқталари Чорикорнинг ичкарисида жойлашган, хар бирида 10 чоғли аскар, БМП ва танк мудофаада турарди. Аммо Чорикордай ажалнинг уясида бу ҳеч нарса эмасди. Негадир шу пайтгача кузатув нуқталарини эгаллаб олишмагани мени ҳайратга соларди. Негаки у ердан бутун бошли армия керагича совға билан гандираклаб чиқарди. Шу боис ҳам полкой “Чорикордаги нуқталар ва аскарларимизга душман тегмайди. Улар дўстлашиб олишган”, деган гаплар юрарди. Очиғини айтганда, мен бунга ишонардим. Олдинги гал Чорикорга кирганимизда, ҳимояда турувчи таниш аскар “бизнинг олдимизга духлар тез-тез ташриф буюрадилар...” деганди. Мен сизларга тегмайдими, кундаёқ йўқ қилиб ташлайдилар. “Содда экансан, агар қасдлашишса бир кундаёк йўқ қилиб ташлайдилар, у-бу нарса бериб турамиз”, деб жавоб қайтарди. Мен бу урушда нималар содир бўлаётганини оғриниб ҳис этгандим. Умуман, инсон ҳаёти, ўй-орзулари кимнингдир қўлида ўйинчоқ бўлаётганини англаётганинг сайин юрагингда нишлаётган чексиз нафрат туйғуси ич-этингни сирқиратиб емирарди. Бу биргина менинг ҳаётим, уй-орзуларимнинг увол бўлиши эмас, балки миллионлаб кишилар такдирининг ёвузлик комида топталиши, орзу-армонларининг чил-парчин қилиниши эди. Йигирманчи аср юзига оёқ қўйилиши — тарих саҳифасига қора чапланиши эди. Кейинчалик бу доғ бесаноқ кўнгилларда мангу бўлиб қолишини уша заҳотиёқ пайқаш имконида эмаслигимни карахту лол бўлиб қурол тутганлар, одам ўлдирганлар яхши билишади. Урушда одамий қиёфада бўлмайсан, ҳаммаси тугагачгина сен ҳам инсон эканлигинг, ҳақоратланганинг ёдингга тушади. Хотира азоби, деган бир оғир дард ҳаётингнинг энг сўнгги лаҳзаларигача сенга азоб бераверади, англайсанки, уруш доимо ғалаба қилиб келган, урушда қатнашганларнинг бари мағлуб бўлиб дунёдан кўз юмадилар...
Душманнинг Чорикордаги кузатув нуқталаримизга шунча пайт талофат етказмай, қўққисдан ҳужум қилиб қолиши қисм аскарларининг ҳам баҳсу мунозарасига сабаб бўлмокда эди. Ҳақиқатан ҳам душман Шўро армияси кузатув нуқталари ўрнашган жойларни олдиндан билмасмиди? Мен агар душман ҳужум қилса, бир кечадаёк уларни дабдала қилиб ташлайди, деб ўйлардим. Ҳарқалай кузатув нуқтасидагилар духлар билан келишиб кун кўраётганига ҳам шубҳа қилмасдим. Ҳозиргача индамабдими, демак шафқат қилишибди. Кузатув нуқталарини кўчиришдан бошқа илож йўқ. Чорикорга жангга чиқишимиз тайин бўлгач, мен каби ротадошларда ҳам ички бир норозилик пайдо бўлган эди. Бу ўкинчга ўхшаш ботиний изтироб уларнингюз-кўзларига    соя   ташлаганди.   Мен   паркда БМП-2 нинг отув мили ва снаряд ленталарини ҳар галгидан яхшироқ қилиб тозаладим. Ҳар эҳтимолга қарши ўқ-дори бўлмасига тўрт яшик Ф-1 гранатасини солиб қўйдим. Пулемёт учун 7,62 маркали олти қути ўқ олдим. Снарядлар етарли эди.
Чиқиш тунги соат учга мўлжалланган эди. Техника паркидан юмушларини бажариб келгач, механик ва операторлар кечки овқатдан кейин, уйқуга ҳозирлик кўришди. Пиёда аскарлар жанг тўрвасини тайёрлаш билан банд эдилар. Бундай пайт казарма ичи худди бозорга ўхшаб кетади. Ҳамма нарса очилиб-сочилиб ётади. Ҳали у етишмайди, ҳали бу. Кимдир бошқа аскарнинг ҳандаққурагини ўзининг тўрвасига урса, бошқаси кимнингдир қўдонини ўғирлаб олади. Хуллас, то зобитлар текшируви бошлангунга қадар ҳар бир аскарнинг жанг тўрвасида учтадан сувдон, олтитадан зиёд ўқдон, резина сувидиш, учта қизил, кўк ранг хабармушак, оловмушак, дудмушак, ўқдори, учтадан Ф-1 ва РГД-5 гранатаси ҳамда ичига жангчининг исми-фамилияси ва уй адреси, қурол номери ёзиғлиқ қоғозча солинган иккита 5,45 диаметрли автомат гилзаси бўлиши шарт эди. Жангда бу нарсалар аскар учун ҳаводек зарур.
Тақир-туқурдан, аскарларнинг бақириқ-чақириғидан уйқум келмас эди. Атайин кўзимни юмиб кўрдим, бироқ хаёл мени уз йўриғига бошлади. Ёнимдаги каравотда ётган Ринатга қарадим, у ҳам ухламабди. Олдинда содир бўладиган жангни ўйлаб юрагим ўйнарди. Кўнглим ғашлигидан ҳолсизланиб борардим. Дунё зимистон, кўнглимга чироқ ёқса ёришмасди. Мен тағин Ринатга ўгирилдим. У нималарнидир хаёл суриб ётади. Ринат ҳам, мен ҳам, бошқалар ҳам қўрқаётгандилар. Ҳамманинг танаси беихтиёр ҳаракат қилар, руҳан қўрқинч лашкари тузоғида тўлғонишарди. Чунки, эртага кимларнидир ўлим кутаяпти. Кимлардир, албатта ўлиши керак! Қони тўкилиши шарт. Бу — урушнинг лаънати қонуни. Кимларгадир дилга азоб бахш этгувчи манави ёғоч казармани кўриш ҳам индинга насиб қилмайди. Кимларнингдир кўзлари мангуга юмилади. Ҳаммамиз ўзимизни ўша КИМЛАРНИНГДИР орасида ҳис этардик. Гўё эртага кунимиз битадиган Омон қайтишинг учун ҳам ҳеч ким кафолат беролмасди. Ўша КИМЛАРДИР, — мен эдим, Ринат эди. Ҳаммамиз эдик.
Аъзойи-таним бўшашиб кетди. Ич-этимда нимадир қирилаётган эди. Мени қўрқув, беҳуда ўлиб кетиш ўйи кемирмоқда эди. Зўрға ёстиғим тагидаги суръалар ёзилган дафтарни олдим. Ўқисам, бироз енгиллик ҳис қиладигандек эдим. Менга бу дафтарни Салангга борганимизда отаси самарқандлик ўтган ўзбек кишиси ортиқ қилганди. У одамнинг “сизни шўрава ҳароб қилди, ота юртни ғайридинга талатмок увол”, деган гаплари жаранглади қулоғимда. Мен мусулмонмисан, деган сўров олдида айтилиши фарз бўлган суръани ўқидим. Ўзимча хилу хешим, етти пуштим, азиз-авлиёларга тиловат қилдим. Эй, худо шу ерларда ўлиб кетмайин. Худо йўлига айтган, бойлаганларим бор... Нас­иб этса, эна ҳовлида қурбонликлар қиламан... Униб-ўсган қишлоғим нақадар олисларда қолганидан юрак-бағрим ўртаниб кетди. Кўз ўнгимда тағин бировнинг ҳовлисида пахса девор тиклаётган отам пайдо бўлди. Сурхоннинг афғондагидай иссиғида оилам хору зор бўлмасин, деб бировларнинг юмушини бажараётган отам, айни дамда мени эслаётган бўлсалар керак. Олов кечиб ўғлининг бошидан нималар ўтаётгани ҳақида қайғуриб ўйлагани сайин эгик қадди баттар эгилиб қолгандир. Ё раббим! Отамга раҳминг келсин. Менинг ортимдан қонлар ютиб, бўзлаб қолишини истамайман. Омон борсам олти укамнинг бошқалардан кам бўлмаслиги учун ҳам отамга ёрдам бераман. Девор деса, девор урамиз, устачилик деса, устачилик қиламиз, ишқилиб мудом кўмак берамиз. Шунда энам менинг ҳам катта одам бўлиб қолганимга ишонади. Фақат ўлиб кетмай! Укаларимнинг кўзлари жавдираб қолмасин. Нима гуноҳи бор уларнинг? Акасидан ажралган гўдакларнинг, кўз ёшлари бу урушни бошлаганларнинг кўзини кўр қилса эди...
Ринат ётган  томонга   тағин  ўгирилиб  қарадим. У юқорига термулган кўйи хаёл сурарди.
— Ринат...  
— Ҳа... — у ялт этиб қаради.
— Ошхонадан озиқ-овқат олиб, машинага қўйиб келсак бўларкан.
— Ҳеч нарса ёқмаяпти.
— Балки уч-тўрт кун қолиб кетармиз. Чорикорда. Таниш ошпазлардан   жиллақурса   гўшт, сабзи-пиёз олайлик. 
— Чорикор сенга бошқа жой бўлса эканки, бемалол овқат пишираверсанг.
Менингча бу сафар ҳам оладиганимизни олиб қайтсак керак. Айтишларича, биз кўчиришимиз зарур нуқталар анча ичкарига жойлашган экан.
— Ҳаммаси ўзимизникилар айбдор. У ердаги аскарлар ё тинч аҳолига ўқ отишган ё бирор бемаънилик қилишган...
— Қизиқ, шу пайтгача нуқтадагилар отишмаси яшаётган эди.
— Улар душманга товон тўлаб келишарди.Чорикорда сену менга отилган миналар, пулемёт ўқларининг ҳаммаси ҳам Покистондан келтирилган деб уйлайсанми?
— Буни яхши биламан.
— Билсанг, ошнам, бу сафар лаънатилар ё танк ё БМП сўрашган бўлиши мумкин. Нуқтадагиларнин эса бундан эсхонаси чиқиб кетган...
— Қўйсангчи...
— Боя паркда рота техниги шундай деди. Агар кузатув нуқтасидаги аскарларимиздан бирортасинм қўлга туширишса борми, омон қайтишлари эвазига бир эмас, иккита танк сўрашлари мумкин.
— Сен душманни танкларимиз эвазига асирга тушганларни алмаштиришига ишонасанми?
— Биласанми, чорикордагилар учун техника жудаям зарур.
— Тоғлик эмасда у жой.
— Энди ўзингга келдинг... Бизга ўхшаб улар минглаб техникаларнинг ҳожати  йўқ.  Иккита-учт БМП билан бутун бошли армияни эплайдилар...
Ринат ётган жойида сигарет тутатди. У оғир-оғир, босиб-босиб тортарди. Казармада эса жонлари қўрқув талвасасида қолган, ихтиёрсиз, лекин вужудлари ҳаракатланаётган кимсалар ғимирлардй.
Полк қишлоқни оралаб кетди. Кузатув нуқталар жойлашган томонга қаратилган техникалар қишлоқ аҳлининг кўзига балодай кўринаётгани тайин эди. Биз Чорикорга қарашли қишлоқда турардик. Олдинда қуюқ дарахтлар билан ястанган ям-яшил водий кўриниб турарди. Бу жанггоҳ эди. Ундан омон-эсон чиқишнинг эса ўзи бўлмасди.
Эрталабки нонуштани техникалар устида қилдик. Аскарларнинг фикри-зикри тўрт-беш чақирим нарида кўзга ташланиб турган яшил дунёда эди. Ҳаммамиз бирор тасодиф рўй бериб, орқага қайтишни жуда-жуда хоҳлаётгандик. Техникалар устида буйруқни кутаётган аскарларнинг ранг-рўйи қўрқув зўридан сарғайиб кетган, бироқ, ҳамма сиртига сув юқтиргиси келмас, ҳар ким ўзини бефарқ қилиб кўрсатар, аммо кўзлар кўзларга тўқнашганда мунглар зоҳир қароқдардан бир оғир дард, юракларнинг безовталигини англаш мумкин эди. Барчамизнипг суянчиғимиз сигарет эди. Жангчиларнинг яшагиси келарди. Биз истак-хоҳиши Ватан ниқобини кийган давр сиёсати қўлида эзғиланаётган шўрпешоналар эдик, холос. Бизни шармандаларча алдадилар, руҳан мажруҳ қилиб ташладилар, энди билсам. Қисқаси, Кремлнинг гуноҳлари бўйи баробар юксалаётган эди. Негаки бу ёқларда эндигина оққорани таниётган йигитлар қирилаётган эди, тириклар ҳам ўлиб бўлган эди.
Полк икки соат ўтди ҳамки, қимирламади. Барибир содир бўлиши муқаррар даҳшатни кутаётганингда юрак зўриқади, асаблар зириллаб оғрий бошлайди. Қизиқ — инсон қувончга ҳам, мусибатга ҳам бирдай ошиқар экан.
Мен Ринатга “Ҳали-вери кирмасак керак, бирор егулик қиздирмаймизми”, дедим. Биз гўштли консервани очиб, қиздирдик. Овқатлангач, яна сигарет тутатдим. Ринат механик бўлмасига тушиб уйқуга кетди. Кўп ўтмай устига карнай ўрнатилган БТР сафбошига қараб юрди. Унда кўзойнакли, сочи елкасига тушадиган фуқаро қийимидаги икки киши, бир полковник ва тўрт аскар бор эди. БТР Шўро элчихонасидан келган бўлса керак. Икки-уч дақиқадан сўнг карнай орқали душманга қарата мурожаат янгради. Унда қандай гаплар айтилганини билмасак-да, ҳарҳолда, тинч ва дўстона муносабатда бўлишга, беҳуда қон тўкмасликка даъват этилаётганини тушуниб турардик. Мурожаатнома элчихонадан магнитофонга ёзиб келинган эди. Тўрт маротаба қайтарилгач, карнай орқали Қуръони карим оятларидан ўқилди. Қандай бўлмасин душман ғазабини тушириш, сулҳ тузишимиз шарт эди. Бироз ўтгач, дарахтзор ичидан кетма-кет уч бор биз тарафга узилди. Ҳамма ўзини машиналар ортига урди. Бу душманнинг норозилик билдирганидан далолат эди. Рўпарадан миномётлар ишлаб, атрофимизга снаряд келиб туша бошлади. Сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. Энди дарахтзорга киришимиз, қирғин-барот
 бошланиши кафтдагидай аниқлашди. Ҳозиргина афғонча жавраган карнай ўрусча қўшиқ куйлаб юборди. Бу айна пайтда бизнинг устимиздан яна бир карра мазах қилинаётганидан дарак эди. Биз “Жангчилар орден билан тақдирланурлар...” қўшиғи остида жангга кираётган эдик. БМПлар оғир силтанди, дилларда хавотир. Карнайда эса ҳам хазин, ҳам жарангли қўшиқ эшитиларди: “Баландлик... баландлик... Жангчилар ор­ден билан такдирланурлар...”
Ўн беш-йигирма қадамлар олдинда кетаётган танк минага тушиб портлади. Механикнинг шу заҳоти жони узилди. Экипаж аъзолари ярадор бўлишди. Тўрт-беш қадам нарида тағин танк портлади, сўнгра сапёрлар ротасига тегишли БТР минага тушди. Ҳали йигирма қадам юрмасдан шунча талофат кўрдик. Ҳаммаёқ миналаштирилган, ҳар қадамда ажал уруғи экилганди. Мен ички алоқада Ринатга эҳтиёт бўлиб юришни, олдиндаги машина изидан ярим қарич ҳам четга чиқмай бошқаришни қайта-қайта уқтириб борардим. Узумзор бошланиши билан отув милини пастлатдим. Машина устидаги пиёдалар сакраб тушишди. Бизнинг взвод шу ерда қолиши ва олдинга разведкачилар кетиши керак эди. Биз бошқа техникаларни олдинга ўтказиб юбордик. Пиёдалар ўзларига хандак тайёрлашди. Кузатув нуқталарига етгунча ҳар икки юз-уч юз қадамда биттадан бўлинма қолдирилди. Мен атрофии яхшилаб кузатдим. Ичкарига кираётганларга қараганда унчалик хавфли бўлмаса-да, ён томондан ҳужум қилишлари мумкин эди. Техникалар узлуксиз минага тушаётганди. Қисмимиздаги танкчилар батальони кўп талофат кўрди. Тағин икки танк минага тушганини хабар қилишди. Устига-устак душман ичкарида биздан беш-олти чақирим нарида қаттиқ қаршилик кўрсатарди. Ҳатто олддаги танклар яқинига келиб, гранатомёт билан бемалол мўлжалга олишаётганди. Кузатув нуқталаридан анча узоқда жойлашган бўлсак ҳам, шундоқ ёнимизга мино­мёт снарядлари туша бошлади. Ўнг тарафдан душман автоматдан ўқ узиб бош кўтартирмай қўйди. Мен авто­мат ишлаётган тарафга БМПдан ўқ отдим. Душманлар миномётлардан ота бошлади. Пиёдалардан бири оғир яраланди. У оғриқнинг зўридан дод-вой солар, дунёнинг бунчалик шовқин-сурони унинг даҳшати олдида ҳеч нарса эмасди. Мен алоқада комбатга хабар қилдим. У ярадорни тиббий қисм жойлашган ерга олиб чиқишни буюрди. Тиббий қисмда ярадорларнинг ҳисоби йўқ эди.
Яна ўз жойимизга қайтдик. Пиёдалар оғир аҳволда қолишганди. Бетиним тушаётган миномёт снарядлари шўрликларнинг ўтакасини ёриб юборар, ҳар вағиллаганда бари ерга қапишиб оларди. Мен эса кузатув ойнаси орқали снаряднинг қаерга келиб тушганини, темир парчалари аралаш чанг-тўзон ҳаволаганини кўриб турардим. Ўтаётган ҳар бир лаҳза мен учун кунлардан узунроқ туюлар, тезроқ чиқиб кетишимизни истардим.
Бироздан сўнг душман уяси жойлашган томонга артиллерия ўт оча бошлади. Биз худди ракета янглиғ учаётган снарядларни осмонда бемалол кўриб турардик, улар мўлжалдаги жойга тушиши билан кучли портлаш эшитилар, дунёнинг бир томони ўпирилиб кетганга ўхшарди. Снарядлар — қишлоқ томонга учар, жанг майдонидан анча нарига бориб тушарди. Душман албатта, қишлоқ ичкарисига чекиниши шарт эди. Негаки, анча талофатлар эвазига армиямиз Чорикорнинг ичкарисига кириб борганди. Аскару техникаларнинг сон-саноғи йўқ эди БМП-2 ва танк, БТР ва тошбақасимон “Саушка”лар дарахтзор ичра туриб қолган, ҳаракатланиши жуда мушкул эди. Артиллерия эса Чори­кордаги қишлоқларни тинмай элакдан ўтказарди. Бизга кўринмас жойда қўним топган тўпчилар бўлинмаси ҳам ишга тушди. Тўплардан отилган снаряд қишлоқ юзасидан ўн-ўн беш қадам баландликда қуюқ тутун қолдириб портларди. Хуллас, неки тирик жон бўлса, шўрига шўрва қайнарди. Чорикорда гуноҳкору бегуноҳ Одамларни аёвсиз қираётганимизни ҳар бир аскар билиб турарди, бу галги юришимиз чиндан ҳам даҳшатли эди. Артиллерия тингач, осмонда самолётларимиз учди. Дунёни ларзага солиб, ҳозиргина хонавайрон қилинган, ер билан битта бўлган қишлоқлар устидан тонналаб бомбалар ташланди. Ақл бовар қилиб бўлмас ҳолдаги қирғин-қиёмат бўлаётганди. Шу даҳшатли манзаранинг барини одамзод амалга ошираётгани. Тасаввурга сиғмасди. Уруш инсоният ақлу идрокига бўйсунмай қолиши, унда ҳам ўзига яраша шаккоклик мавжудлигини англадим. Бу шаккоклик ер юзидаги жами фожиаларнинг энг улкани ҳамда энг мусибатлиси. Энг мусибатли деганимнинг сабаби шуки, урушда бир ёки ўнлаб эмас, юзлаб, минглаб, ўн минглаб одамларнинг ҳаёти бир лаҳзадаёқ интиҳо топади. Уруш учун инсон умрининг тугаши; тириклик булоғининг қуриши ҳеч қачон фожиа саналмайди. Уруш — ўлмак демакдир. Одамлар ўз оёқлари билан унинг қаршисига борадилар-у, энди ўлишлари муқаррар эканлигини ҳис қилишгач, эсанкираб қоладилар. Бу ерда кишилар бир-бирининг
 бошига етмайдилар, аксинча уруш уларнинг ҳаётига зомин бўлади. Урушга сен қотилсан, дейиш аҳмоқликдир. 
Чорикорда жанг бўларича бўлди. Бизникиларга нисбатан афғонлар ўн баравар кўпрок кирилди. Қишлоқда бирор майса тик қолганига гумон қиламан. Ҳаммаёқни снаряд бўлаклари кўмиб ташлаганди. Қишлоқ дарахтлар ортида, биз турган ердан анча нарида эди. Отишмаанча сусая бошлади. Онда-сонда душман АКМлари ишлаб қолар, ўша ёққа эса бизникилар тан­ку БМП, БТР ва миномётлардан ўт очишга тушар, душ­ман томонга ўқ ёғиларди. Дарахтлар ичкарисидаги сўқмоқдан бирин-кетин техникалар чиқиб кела бошла­ди. Олдинда разведкачилар бўлинмаси йўл бошлаган эди. Сўнгра шалағи чиққан БМП ва танкларни судраган баҳайбат ва қудратли махсус таъмирловчи техни­калар кўринди. Улар ичкаридан кўчирилаётган нуқталарга тегишли эски техникаларни судраб чиқишарди. Кузатув нуқтасида туравериб занглаб кетган, фақатгина отув мили, ишлайдиган бу ҳарбий машиналарни бизнинг қисмда портлатиб ёки бирор тепаликдан қулатиб, акт тузиб қўя қолишарди. Энди улар афғон урушига яроқсиз эди. Мен техникаларнинг ҳар бирига диққат билан қарардим. Танк судраб чиқаётган навбатдаги БМП-2 кўзимга таниш учради. Юрагим ҳаприқиб кет­ди. Дарҳол унинг ёнбошидаги рақамга қарадим. Олти юз ўн тўртинчи... Бу бизнинг ўша жангда, Чорикорда қолдириб чиққан машинамиз эди.
— Ринат, олти юз ўн тўртинчини олиб чиқишмоқда, — дедим ички алоқада.
— Кўраяпман,ўзимизнингқадрдонмашинамиз, қара, кўзга қандай иссиқ кўринади.
— Олти марта тешилгандан кейин ҳам фойдаси текканга қойилман.
— Ҳарбий билетинг ҳам машинада қолиб кетганди, ҳозир бориб кўр.
— Эй, қўйсанг-чи, биз машинани ташлаб қочганимиздан сўнг душман ичкарини текшириб кўрган, танкчилар батальонидаги майор айтувди-ку, душман машинага чиқишта улгурган, деб.
— Агар танкчилар бўлмаганда машина душман қўлида қоларди.
Юрагим эзилганча машина ортидан кузатиб қолдим. У шунчалик менга қадрдон бўлиб қолган экан. Ринат ҳам шу ҳолатни бошидан кечираётганини сезиб турардим. Сўнгги техника ичкаридан чиқиб келгач,мудофаада турганларга ҳам сўқмоқ орқали ортга қайтишга буйруқ берилди. Артиллерия тағин ишга киришди. Ҳозиргина халос этилган кузатув нуқталари жойлашган ерга қарата отишар эди. Биз кучли шанғиллашлар ва ваҳимали портлашлар остида изимизга қайта бошладик. Меи бу жангда уч соат эмас, балки уч йил иштирок этгандай, узок вақт мобайнида осуда ҳаётдан айро яшагандай эдим. Бошим ғовуллаб оғрир, кўнглим алағда бўла бошлади. Қанийди, одам оёғи етмайдигап хавфсиз жой бўлса-ю, мазза қилиб ухласам!
Чорикорга кирверишда тўхтагам жойда тағин бироз оёқ илишга рухсат берилди. Қишлоқда эса эрталабгидай япаски уйлар томи устида болалар ўйнашмас, ҳаммаёқ сокин ва осойишта эди. Аскарларнинг юз-кўзлари тутун ва чангдан қоп-қора бўлиб кетганди. Мен машина ичкарисидан сигарет олиб тутатдим. Бошимнинг зил-замбиллигига бироз барҳам берилгандай эди. Айлана қилиб танклар мудофаага кўйилган ялангликда аскарларнинг бетартиб ҳаракати, бақир-чақири ҳукмрон эди. Мен қорним анча очиққанини ҳис этдим. Машина ичкарисидан картошкалик консервани олиб очдим ва ерда ўт ёқиб овқат иситаётган Бочкарёвга узатдим. У менинг овқатимни гулханга қўйди. Мен пиёда аскарлар даврасига ту     шишдан кўра, машина устида овқатланишни афзал билдим. Негаки, қаттиқ чарчагандим. Пастга тушиб чиқишга ҳам мажолим йўк эди.
Бочкарёв қизиган картошка шўрвалик консервани узатди. Мен иштаҳа билан овқатланиб бўлганим ҳамоно олти юз йигирма тўртинчи БМП-2 нинг механиги Мўмин чақириб қолди. Мен нима гап, деб сўрадим. У кулимсираб қўли билан имлай бошлади. Пастга тушиб Мўминнинг олдига бордим. 
— Нима дейсан? 
У бу ёққа чиқ, дегандай қўлини чўзди. Мўминнинг бирор қизиқ воқеадан хабардор бўлганлиги сезилиб турарди.
— Нима дейсан? — такрор сўрадим.
— Юхумик сумак топиб олибди. Бизнинг бўлинма истеҳкомда турган жойда эски қалъа бор эди, ўша ердан.
— Қанақа сумак? 
— Чақалоқларнинг сумаги. Нима қипти шунга?
— Мендан бу нима, деб сўради, тамаки солинадиган трубка, дедим. Ирғишлаб қолди, бирам хурсанд бўлди-ей, асти қўяверасан. Терисига сиғмай юрибди,
 шўрлик.
Юхумик тўртинчи бўлинма командири ўринбосари эди. Бақувват, яғриндор, қўллари белкуракдай. Анчагина соддалиги боис, ротадагилар уни тез-тез мазах қилиб турар, бироқ ҳаммамиз яхши кўрардик.
— Билиб қолса, сени уриб ўлдиради, — дедим.
— Олдин томошани кўр, кейин бир гап бўлар. Мўмин Юхумик тушлик қилаётган тўдани кўрсатди.
— Ҳозир чекиб қолади, ўлай агар, бу ўрислар шуни ҳам билишмас экан. Ҳидлаб-ҳидлаб, олдин бирор ашаддий кашанданики экан, ҳечқиси йўк, деб қўйди. Бу Чорикордан эсдалик эмиш. Уйига олиб кетармиш... — Мўмин қорнини ушлаган кўйи ётиб-ётиб куларди.
Бирпасдан кейин Юхумик чўнтагидан сигарет олди ва қўйнидан Мўмин айтган сумакни чиқариб, сигарет тамакисини тўка бошлади. Ёнидаги ўрис ва украин йигитлар қизиқсиниб қарашарди. Сумак боши тамакига тўлгач, чинакам трубкалардай, лабининг бурчига олиб борди ва гугурт чақиб тутатди. Мен ўзимни тўхтатолмай кулиб юбордим. Мўмин машина ичида кулавериб, ғужанак бўлиб қолди. Бир маҳал “трубка” қўлма-қўл бўлиб давра айлана бошлади. Даврадагилар хурсанд эди.
Кеч кириши билан қисм йўлга тушди. Мен тезроқ полкка етиб боришни истардим. Коля суратчидан бир шиша “столичний” сотиб оламан-да, бир ўзим майдалайман, бу ҳарҳолда нашадан яхши-кy, деб ўйладим.. Менинг жуда-жуда ароқ ичгим, дунёни унутгим, кайфиятимни кўтаргим келарди.
Ҳали олдинда нималар кутаётгани, тақдири азалда нелар битилгани номаълум эди. Умуман, урушнинг эса чеку чегараси бўлмаслигини нафақат мен, балки ҳам­мамиз, ҳатто афғон халқи ҳам ўкинч билан тан олаётганди.


XI

Кўкда юлдузлар ғужғон. Осмон бирам яқин, тиқилганинг сайин баландлашаётгандай бўласан. Сунбуланинг сокин ва титроқли бундай кечалари, кўнглинг ёлғизликни қўмсайди. Тун сени дунёнинг майда ва улкан ташвишлари чангалидан юлқиб ўз бағрига яшираётгандай туюлади. Ҳеч ким билмас олис­ларга кетишни хоҳлайсан. Ҳатто доимо талотўп аримайдиган, бақир-чақирларнинг макони аскарлар казармалари ҳам сеҳрланиб қолганга ўхшайди. Ҳаммаёқда жимлик. Казарма эшиги олдидаги тунги навбатчилар ҳам қуролига суянганча хуррак отишади. Узоқларда, Баграм ва Погман томонларда ёнувчи ўқлар отилиб, қизил нуқталар тизмасинп ҳосил қилади. Казармада паркдан чарчаб қайтган, қимир этмай        ухлаётган механик ва операторлардан бошқалар қисм ошхонасига навбатчиликка кетишган. Мен кеч соат биргача қисм атрофини айландим: чироқлари ёниқ турган қисм штабида навбатчи зобитнинг чекаётгани деразадан кўриниб турарди. Саф майдони бўйлаб ошхонага келсам, навбатчилик қилаётган ротадош пиёдалар ошхонадаёқ уйқуга кетишибди. Менинг қорним очиққанди. Бир амаллаб аскарлар овқатланадиган иккала залдан би­рита киришим керак эди. Мен биринчи зал эшигини тақиллатдим. Ичкаридан, сержант Труцюкнинг овозм эшитилди. Мени таниб эшикни очди. Унинг кўзлари қизариб кетган, оғзидан бадбўй ҳид анқирди.
— Ҳа,  иш  ўрнига  байрам   қиляпсизми, жаноби олийлари?
— Кир, биров кўрмасин, — у қўлимдан ичкарига тортиб, эшикни қулфлади.
Стол ва тахта ўриндиқлар қўйилгай узун зал ялтираб турар, ҳаммаёқ эрталабки нонуштага ҳозирланган эди. Тўрдаги стол дид билан безатилган. Юхумик би­лан Анишин чайқалиб ўтиришарди. Тўрт жангчи эса ўриндиқларда чўзилиб, хуррак отарди.
— О, байрам зўр-ку! — дедим иштаҳа билан.
— Кел, ўрток сержант. Айни пайти, уйқу қочмайди, — Юхумик жой кўрсатди.
Уларнинг учаласи ҳам маст эди, бироқ столда ароқ шишаси кўринмасди.
— Тугатибсизлар-ку?  Ҳа   майли,  шунисига  ҳам шукр.
— Бир сенга етади, — Анишин гандираклаб бориб ёнимиздаги стол тагидан худди “тройной” одеколонига ўхшаш иккита шишача олди. Булар — қисм магазинида отилаётган, юзга суртиш учун фойдаланиладиган “Атиргул суви” эди. Мен ҳали бунисини ичиб кўрмаган эдим. У шишачалардан бирининг оғзини очиб кружкага яримталаб қуйди. 
— Қани, кўтар! 
— Шуни ичаяпсизларми?
— Ароқ тополмадик, борига барака, кўтар! — қўшилди Юхумик.
— Қандайбўладибуёғи... — дедимкаловланиб. 
— Ол, энди, биз ўлмадик-ку, зўр кайф беради, миномётчилару разведкачилар доимо шундан ичишаркан. Ҳам арзон.
Труцюк ўзига ҳам қуйди. Биз икковимиз бирга кўтардик. Ичим ёниб кетди. Чиндан ҳам ичимликдан атиргул ҳиди келарди. У бироз бемаза эди, бироқ, бошга яхши тепаркан. Мен иккинчи кружкани кўтарганимда унча нохушлик сезмадим. Учинчисини тўлатиброқ қуйишди. Анишин ва Юхумик сулайиб қолди. Тру­цюк тағин мен билан бирга олди. Мен юзим совий бошлаганини, мажолим қолмаётганини сездим! Труцюк қаршимда тебраниб ўтирарди.
— Юра, мен казармага боришим керак,— дедим.
— Шу ерда ётиб қолавер.
— Йўқ, менга сигарет бер, кетаман.
Юра сигарет узатди. Мен маст бўлгандим. Ташқарига зўрға чиқдим, кўнглим айнаётганди. Оёқларим оғирлик қилиб, бошим карахт бўлиб қолганди, гўё. Менга казарма эшиги олдида рота командири дуч келди. Уни пайқамабман. Ўзи туртиб тўхтатди. Боя ошхонада оғзимга солган сигаретни, лабимдан туширмай чекиб келаётгандим. Миямга ҳарбийча салом бериш фикри урилди. Мен ўнг қўлим билан эмас, чапини чеккага теккизганимни ҳам билмайман. Рота команди­ри қўли билан ўнг қўлимни чеккамга олиб борди.. Мен иккаласини ҳам қулоғимга теккизиб тураверибман.
— Намозни эрталаб ўқийсан, аскар. Қаерда санғиб юрибсан?

— М... М...

— Бу нима қилиқ, қаерда ичдинг? Жавоб бер! Мен гапиролмасдим. Командирнинг бақиргани, бўралаб сўкканини сезиб турардим. У навбатчини чақириб, жойимга олиб боришни тайинлади. Икки аскар мени судраб бориб каравотимга улоқтиришди...
Эрталаб бошим гангиб уйғондим. Биринчи залдаги навбатчилар ухлаб қолишгани туфайли нонушта ярис соатга кечикди. Рота командири Юхумик, Труцюк ҳамда Анишинни роса тузлади. Улар кечаси ротага навбатчиликка турадиган бўлди. Менга ҳам бирор жазо бормикин, дегандим, ҳайрият, индамади. Афғонда аскарни тушунадиган зобитларни, беҳудага мужик демасдик. Бизнинг рота командиримиз ҳам ана шунақа, қўл остидаги жангчиларига нисбатан кечиримли ва меҳрибон эди. Анави учаласи анчагина ошириб юборишган эди. Командир уларни кечаси ичгани учунмас, топшириқни бажармагани учун жазолаган эди.
Ротада гап тарқалди: Чорикорга қилган юришимиз учун полкка медаль ва орденлар келибди. Тақдирланганлар орасида бизнинг ротадан кўпчплик бор экан. Мен Чорикорда бўлиб ўтган ўша жангни эсладим. Жуда оғир кечган эди. Ўшандагидай отишмани ҳали кўрганимча йўқ! Жангдан сўнг алаҳсиб юрганим, олти юз ўн тўртинчи БМП-2 машинани Ринат иккаламиз ташлаб қочганимиз, мили тешилган автоматим, душман уч аскарнинг мурдасини ўғирлаб, олатини кесиб ташлагани, Мусурмоннинг учала аскар ўлигнинг ҳам хор бўлганини кўриб, қисмда уч кун гарангсиб юргани — бари-бари кўз ўнгимда жонланди. Мен ўша жангда ўлиб кетмаганим учун яна бир бор шукур қилдим.
Кечқурун рота командирининг техника ишлари бўййича ўринбосари, прапоршчик Довгий казармага келди. Meн Ринат билан каравотда ёнбошлаб ётардим. Довгий казарма ўртасида тик туриб мени имлаб чақирди. У ширакайф эди.

— Табриклайман. Бронядан сен, Мезенцев, Бурсук тақдирланибди.

— Ким айтди?

— Полк штабида рўйхатни кўрдим. Эртага тарқатишади.
— Бошқа ҳеч ким йўқми, ўрток прапоршчик? 
— Йўқ.

— Ринат ёки Мўминни ҳам тақдирлашлари керак эди...

— Э, қўявер, ҳаммаси замполитнинг[6] иши. Ўзига яқинларни ёзади у.
— Менинг замполит билан ҳеч қанаанги яқин алоқам йўқ, ўртоқ прапоршчик!..

— Ахир, сенинг машинанг ёниб кетди!

— Нима қипти? Машина Ринатники ҳам. У механик-ку.

— Эй, ҳаммасига туфла. Мен механик ва операторлардан етти кишининг исми-шарифи мукофотга ёзилганини кўрганман. Бари шунчаки рўйхат учун қилинган экан. Замполитнинг ўзи штабда тўполончилар деб беш аскарни рўйхатдан ўчирибди.
— Ноҳақлик-ку бу!!!
— Юр, ташқарига чиқайлик, гап бор. Казармадаги аскарлар бизнинг орамизда кечган суҳбатни фаҳмлаб улгуришмади. Довгий билан ташқарига чиқдим. Уни болаларча соддалиги, аскару зобитга бир хил муомалада бўлиши, ўзини баланд тутмаслиги учун бир мен эмас, бошқа жангчилар ҳам яхши кўрарди.
У мени казарма четидаги хандаққача эргаштириб борди. Одам одамни элас-элас танийдиган маҳал эди.Зобитлар уйи томондан хорижий куй-қўшиқ эшитиларди.
— Қўчқор, сени яхши кўраман, сенга ишонаман. Лаънати Афғонистон жонимга мана шундай тегди. Ҳаммасига тупураман. Билдингми, роса эзилиб кетдим. Ротада мени ароқхўр деб ўйлашади. Нима қилай, куйганимдан ичаман. Ҳатто шу ерда — уруш бўлаётган жойда ҳам минг карра ифлосликлар рўй бераяпти.
— Қўйинг, ўртоқ прапоршчик. Оз қолди. Ҳаммаси ўтиб кетади.
Довгий анчагина қизиган эди. Кайфи ошганидан кўнглидаги бор аламларини тўкиб соларди. Менинг дилим ғашланди. Прапоршчик ҳақ гапни айтаётган эди.
— Менга қара, Ринатга берилиши керак бўлгай медални штабдаги жанг кўрмаган жўжа зобитлардан бири ўз юртдошига ёзиб юборганига қандай чидаш мумкин? Биласанми, қанчалаб кишилар пана-пастқам жойларда ўтириб, жанг кўрмай қаҳрамон бўлиб қайтишмоқда.

— Ўлиб кетмайдими бари!

— Тўғри, қўл силташ керак буларга. Аммо ротанинг ўзидаёк қанча ноҳақликлар бўлаётганидан хабардормисан? Менга фарқи йўқ, кимнинг қайси миллатданлиги. Лекин зобитлар, ҳа-ҳа, сизлар билан бирга жангга чиқадиган зобитлар нима учун сизларни бунча ёқтиришмайди. Ўзбекистондан бўлганларинг учунми?
— Буни ўзим яхши биламан. Лекин ҳаммаси ҳам унақа эмас. Тоза юраклари ҳам бор.
— Лекин кўплари сиз — ўзбекларни ёмон кўришади, тўполончи, гапга кирмас дейишади. Мана, мен олти йилдан бери шу ерда жанг қиламан. Бироқ бирор ўзбекнинг қўрқоқлик қилганини билмайман.
— Қизиққонлигимиз учун хушлашмаса керак.
— Зобитлар даврасида неча бор талашиб-тортишганман. Сени, Мўмин ва Ринатни, ҳамма ўзбеклари юракдан ҳурмат қиламан. Мен Афғонистонда ўзбекларнинг бир-бирига қанчалик оқибатли эканлигини билиб олганман. Ўрисларга қараганда сизларда миллатдошлик туйғуси анча юксак.
— Ўртоқ прапоршчик, шахсан мен сизни ротадаги зобитларнинг энг ажойиби деб биламан. Юринг, сизни моделгача кузатаман.
— Эй, моделда нима қилардим. Ҳозир ҳар қайси зобитнинг хонасида биттадан хонимча бор. Бу зобит зотига.... бўлса бас экан. Қанжиклар қаердан ҳам Афғонга хизматга келишди экан, — Довгий полкда хўжалик юмушларини бажараётган аёлларни сўка бошлади. Улар чиндан ҳам кейинги пайтлар қисмда жуда кўпайиб кетганди. Аскарларнинг кўзини куйдириб юришарди.
Биз Довгийнинг хонасида ичиб ўтирардик. Девори картондан тикланган модел коридорида қадам товушлари, эшикларнинг очилиб-ёпилиши эшитиларди. Дов­гий гапидан чалғий бошлади. Турли хил суратлар илинган шинамгина хона ва чет элларда тайёрланадиган ширинликлар билан безатилган стол менинг кайфиятимни кўтарарди. Очиғи, бунчалик ором олиб, бемалол ўтирмагандим ҳали. Мен дам олардим. Фақатгина Довгийнинг полкдаги ҳаёт ҳақида ижирғаниб алжирашлари, ундан-бундан норози гап очиши ошиқча эди. Бир бир шишани майдаладик. Довгий бошини у ёқ-бу ёққа ташлаб... ни кўришни истайсанми, деб сўради. Мен “аёлларга ҳушим йўқ, казармага бораман”, дедим. Довгий кийимларини ҳам ечмай ғудраниб ўзини каравотга отди. Мен ташқарида аёллар моделидан чикиб келаётган биринчи рота командирига дуч келдим. У ўзича хиргойи қилиб, ўтиб кетди. Кайфи баланд эди. Казармалар чироғи ўчган эди.
Эрталаб аскарлар саф майдонига тизилишди. Кунлик иш режими белгилангандан кейин, нонуштага рухсат берилди. Бугун ҳамма қисмда бўлиши тайинланди. Москвадан телевидение ходимлари келишибди, мукофотлар тарқатиларкан. Тушлик маҳалига бир соат қолганда қисм карнайи ваҳимали ванғиллади. Ҳамма саф майдонига йиғилди.
Мукофотларни дивизия командири топширди. Менга “Жанговар хизматлари учун” медалини беришди. Ўша жангда яраланган, биз билан бирга бўлган взвод командири Ермилин “Қизил юлдуз” орденини олди. Учинчи киши — Ермилин ва менинг ёнимдан бир қадам ҳам жилмаган, неки даҳшатли манзара юз берган бўлса, ҳаммасидан воқиф Ринатга ҳеч нарса ёзишмагани ўнғайсизлик туғдирди. Мен Ринатнинг олдида ҳижолат чека бошладим. Сафдошлар орасида, уни кўз югуртириб топдим. Медал чўнтагимга оғирлик қилаётган эди. Ҳеч ким кўрмайдиган жойга кетгим, ротадошлар кўз олдидан яширингим келарди. Қаттиқ ҳижолат чекардим. Қанчалик бепарво бўлишга ҳаракат қилмай, кўнглимнинг бир бурчида ғашлик чўкиб ётарди.
Тушликдан сўнг қисмимизга Англия ва Италия мамлакатларидан журналистлар келишди. Рота командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, катта лейтенант Шерстюк менга “журналистлар саволларига сен жавоб берасан”, деб айтди. У, биз доимо ҳимояда турамиз, урушга чиқмаймиз, инқилоб тарафдоримиз деб гапиришимни уқтирди.
Улар уч киши эди. Учаласи ҳам қора кўзойнак тақиб олган, сочлари ўсиқ, ўрта ёш эди. Қисм штабидаги хоналардан бирида мен ва улар савол-жавоб қиларди. Учаласи ҳам ўрис тилини пухта билишар экан. Гап оҳангидан уларда шўро аскарларига нисбатан ачиниш ҳисси борлигини сездим. Журналистларнинг “сиз ўзингизни қаҳрамон ҳисоблайсизми?”, деган сўрови юрагимга ғашлик солди. Яна улар, “сиз ҳали ёшсиз, лекин Ватанни ҳимоя қилиш учун ўзга юрт чегарасидан ошиб ўтиш шартмиди?” дейишганда, тамоман ўзимни йўқотиб қўйдим. Улар мен сингари минглаб алданган шўро аскарларига ачинишаётганди. Мен журналистларнинг бундан кейинги саволларига жавоб беролмаслигимга амин бўлдим. Ўзимни беҳол сезаяпман, деб ротага қайтдим. Казармада кутиб турган катта лейтенант “нима бўлди?” деб сўради. Мен, “хориждагилар бу ерларда беҳуда сарсон-сарсардон юрганлигимизни яхши билишади. Совет Иттифоқининг раҳми келмаса ҳам ўшалар бизга ачинишмоқда!” — дедим кесатиб. Шерстюк нигоҳи билан ер чизарди. Менинг эса ўкириб-ўкириб йиғлагим келарди. Шерстюк менинг нимага шама қилаётганимни тушунди. Meн афғон халқини хонавайрон қилишни истамайман, ҳаммамиз алданганмиз, деганимда эсанкираб қолди. Менинг қаршимда ўзини гуноҳкордай ҳис қиларди. Аслида Кремлнинг истибдод ҳоким сиёсати эзиб ташлаган халқнинг фарзанди, шўро армиясининг аскари эканлигидан жирканаётганини у ноҳақликка йўймаётганди. Ҳамиша шовқин-сурон ҳоким казармада аскарлар ўз ишлари билан банд эдилар. Кимдир тумбочкага кўкрагини бериб хат ёзмоқда, кимдир ҳарбий кийимига тугма қадайди, яна биров тасма тўғноғичини артмоқда. Қилар иши нотайин жангчилар эса у ёқдан-бу ёққа ўтаверадилар. Мен бу ерда ҳаммамизнинг бетайин эканлигимизни англадим.


XII

Сунбуланинг охирлари. Ёзнинг ҳарорати пасайган. Бепоён узумзорлар ястаниб ётган Баграм вилоятида айни пишиқчилик. Тоғ ёнбағиригача чўзилган экин майдонларида турли-туман полиз маҳсулотлари етилган. Йўл четидаги қишлоқ аҳлига қарашли бу экин майдонларида маҳсулотлар шўро армияси учун етишрилгандай гўё. Биз уларни хоҳлаганимизча териб олсак ҳам, ҳеч ким нима қилаяпсан, демасди. Машиналарни картошка ва помидорлар билан тўлгаздик.Саримсоқдан тортиб бақлажонгача бизга “мунтазир” эди.
Деворларни ўпириб ўтаётган оғир техникалар полизларда таққа тўхтаб қолар, шуни кутиб туришган пиёдалар эса ерга сакраб тушишар, ўзиники сингари нима дуч келса териб машинага юклашарди. Хуллас, биз Баграмдаги экинзорларни пайҳонлаб борардик. Қисм белгиланган жойга етиб боргунга қадар дуч келган уй ҳайвонларини ҳам отавердик. Йўлда эшак ва қўй-қўзилар, ҳатто сигирлар ўлиб ётарди. Тўс-тўполон ичида ким нима қилаётганини билиб бўлмасди, бироқ бир нарса маълум — шу ишларнинг барисини шўро аскарлари ҳавас билан бажараётган эди. Зобитлар эса кўриб-кўрмасликка олишарди. Нима ҳам дейишсин? Бундай ҳол биринчи маротаба бўлаётган эмасди. Мен ҳали бу ишларим учун бир умр виждон азобида қолишим муқаррарлигини тушунардим. Ич-ичимдан зил кетардим. Биз ваҳшийлар эдик. Аммо бизни шу ишларни қилишга Кремль сиёсатининг қонли қўли мажбурлаётганди. Мен афғондаги жамики қирғинлар учун ўрис давлати сиёсати айбдор деб ҳисоблайман.
Экинзордан кейин яйдоқ дала ястаниб ётарди. Ўнг ва сўл тарафимизда қишлоқлар кўриниб турарди. Полк шу қуп-қуруқ ерда жойлашди. Ҳар жой-ҳар жойга танк ва БМП-2, БТР ва “Савушка”лар қўйилди. Пиёдалар машиналарга яқин жойлардан хандақлар қазишди. Қишлоқ узоқ, узумзор икки-уч чақирим нарида эди. Бу ялангликда қандай қилиб жанг қилишимизга ҳайрон бўлдим. Умуман, шу сафарни юришимиздан қандай мақсад кўзда тутилганини ҳеч ким билмасди.
Ҳар галгидек қишлоқни дастлаб артиллерия ўққа тутди. Мен иккинчи бўлинма командири лейтенант Си доровдан “қишлоқка кирамизми?” деб сўрадим. У, шу ердан қайтсак керак, деди. Икки-уч марта қишлоқ томондан “эрэс” снарядлари учиб келганини айтмаганда, бизга қарата унчалик қаршилик кўрсатишмади. Ялангликда бемалол дам олардик. Ҳар-ҳар замонда танклардан қишлоқ томонга ўт очиларди, бу ҳам номига, душманни чўчитиб қўйиш учун қилинарди. Бир кечани тинч ўтказдик. Мен кечаси уч марта БМП-2 дан узумзор томонга ўт очдим. Тунги қоровуллар ҳар беш дақиқада автоматдан ўқ отиб турдилар. Тонг ёришгач, қишлоқ аҳлининг турнақатор тизилиб тоғ томонга кўчиб кетаётганини кўрдик.
— Эндиқишлоқкакирсак керак, — дедиРинат.
— Яхшиси зобитдан сўра, шу билиши мумкин.
— Ўртоқ лейтенант! Ростданам шу ердан қайтамизми, ё... — мен қишлоққа ишора қилдим.
— Йўқ, қишлоққа кирмаймиз, — деди десант бўлмасида дам олаётган Сидоров.

— Бечораларга қийин бўлди, ҳаммаси болалар аёллар...

— Чамамда, шўрави қишлоққа бостириб киради, деб қўрқишган шўрликлар.

Зобитнинг уларга ачинганини ҳам, мазах қилаётганини ҳам сезмадим.

— Артиллерия дабдаласини чиқариб бўлди-ку, бундай отишма билан кичкина қишлоқ нари турсин, шаҳарларнинг ҳам кулини кўкка совуриш мумкин. Манави тоққа қочиб чиқаётган бечоралар, тирик қолишганига шукур қилишаётгандир, — деди Ринат. У ҳақ гапни айтган эди.
Узумзор томонни кузатаётган аскар чопиб келди. У рўпарада бир гала қўйлар юрганини айтди. Meн Ринат ҳамда лейтенант Сидоров машинадан чиқиб аскар кўрсатган томонга қарадик. Чиндан ҳам кунлботар томонда қўйлар ўтлаб юрарди, улар бу ерга қандай келиб қолгани номаълум эди, чунки қишлоқлар анча узоқ бўлиб, бу атрофда уй кўринмасди.
Зобит пиёда аскарлардан икковини қўйларни ҳай даб келиш учун юборди.
— Кабоб ўз оёғи билан келаяпти,— деди у.
Мен охири қандай тугашини кутардим. Ринат механик бўлмасига кириб ётиб олди. Ҳаял ўтмай иккала жангчи ўн иккита семиз-семиз қўйларни ҳайдаб келди. Бўлинма жангчиларининг оғзи қулоғида эди. Зобитга ҳам худо берди.
— Қўчқор, сўйишни биласанми, — деб сўради у мендан.
— Чумчуқниям сўйиб кўрмаганман...
— Ринатдан сўраб кўр, балки у билар... 
— Менга қолса отиб ўлдириш керак. Шу ҳам муаммо бўлди-ю, — деди механик бўлмасида ётган Ринат.
Охири аскарлардан бири қўйларнинг энг семизини автомат милига ўрнатиладиган ўтмас пичокда бўғизлади. Машинада қозон бор эди. Думба ёғига гўшт қовурдик. Бир қўйнинг гўшти етти кишига бемалол етди. Қолган қўйларга қоровуллар кўз-қулоқ бўлиб туришди. Лейтенант батальон командирига алоқада махсус, келишилган частотага ўтишни илтимос қилди. Ўзаро махфий гаплар айтилиши лозим бўлса, ҳар бир батальонда алоқада махсус частота бўйича иш юритиларди. Сидоров комбат билан алоқада бемалол гаплашди. Зум ўтмай комбатни олиб юрадиган БМП-2 келди. Лейтенант тўртта қўйни бериб юборди. Тағин иккитасини қисм командирига “совға” қилди. Кечқурун тағин биттасини сўйдик. Бу бекорчиликдан нима қиларини билмай қолганлар учун харна бўлса-да, эрмак эди. Негаки, биз унчалик оч эмасдик. Машинада кунлик озиқ-овқат етарли эди.
Эрталаб биз турган жойга прапоршчик Довгий келди. У қзй боқаётганимизни эшитганди. Сидоров Довгийга ҳам бир қўй инъом қилди. Довгий ўзида йўқ хурсанд эди. Механик Мўминга қўйни эҳтиётлаб машинага босишни буюрди. Сўнгра мени ўзгача бир яқинлик билан имлаб чақирди.
— Анави узумзорга бордингларми?
— Йўқ...
— Кеча биз Мўмин билан икки бидон узум тердик. 
— Шунча узумни нима қиласиз, ўртоқ прапоршчик? 
— Кўраяпсанми, — У БМП-2 орқасида сув солиш учун олинган махсус бидонларга ишора қилди, — иккови ҳам узумнинг суви билан тўлиб турибди. Эрта-индин ачиб винога айланади. Ўзиям сувли узум экан.
— Полкка қайтиб борганда мазза қиларкансиз-да? 
— Механик ва операторларга етади. Парада ишлаётганда бир-икки кружка симириб қўйсанг, бай-бай. Тетик бўлибюрасан...
Довгий улфатларга хос кайфиятда қўл ташлаб хайрлашди.
Учинчи куни Баграмга кираётиб қандай вайронагарчилик қилган бўлсак, ундан ҳам беш баттарр ўйинлар кўрсатиб қайтдик. Экинзорларни тағин яксон этдик, қишлоқларни ўққа тутдик, бузилган уй ва қўпорилган деворларгина омон қолди. Аҳолиси қўрққанидан ташлаб кетган қишлоқлар харобага айланган эди. Биз инсоний ҳис-туйғуларини унутган, ҳар қандай ёвузликдан тап тортмайдиган, лекин дунё ёвузликдан иборатлигини англаб улгура олмаётган махлуқларга айланган эдик... Эй, худо! Бундан ортик шармандалик бормикин?!. Дунёга шунчалик гуноҳ иш қилиш учун келганмидим?
Қисмда яна аввалгидай сокин ва зерикарли кунлар бошланди. Куз ойлари умуман жангга чиқмадик. Икки-уч марта дала машқида бўлдик. Уч марта полк чегарасини Пагман тоғлари томонидан душман ўққа тутди. Кунлар анча совиб қолганди. Қишки уст-бош беришди. Қавс ойининг ўрталарида ёғингарчилик бошланди. Бу орада биздан олти ой аввал хизмат бошлаган Мсурмон, Рашид ва Хайриддинлар уйига қайтишди. Казарма файзсиз ва ғариб кўриниб қолди. Ротада “қария” аскарлардан бирига айланган эдим. Негаки, хизматнинг охири кўриниб қолаётган эди. Ринат “иложи бўлса, бошқа жангга чиқмаслик керак”, деди. Мўмин энди бизни жангга олиб боришмаса керак, деган фикрни айтди. Мен ҳам, гарчанд зерикарли бўлса-да, қисмда қолишни, омон-эсон уйга қайтишни ўйлаётган эдим. Афғонистон жонимизга текканди. Беҳуда ва бемақсад юришлар, даҳшатли жанглардан юрак олдириб қўйган эдик. Ҳаммамиз жангга киришдан қўрқардик.
Қавснинг охирларида бутун армия Хост тоғларига юриш қилди. Харитада кўрсатилган жойга уч кунда етиб бордик. Шу ердан ҳар бир рота — ўзига юклатилган махсус топшириқни бажариши керак эди. Бизнинг батальон кичикроқ бир тепаликда жойлашди. Олдинда баланд тоғлар қад кўтарган, тоғ ёнбағирларида эса арчалар ўсиб ётарди. Бунақанги чиройли манзарани ҳеч қачон кўрмагандик. Муздай ҳаво кўнгилга ором бахш этарди. 
Биз турган тепаликка миномёт снарядлари келиб туша бошлади. Душман бизнинг шу ерни танлашимизни олдиндан биларди, чамаси, тўғридаги баланд чўққилардан бизни роса мўлжалга олишарди. Уч киши яраланди. Ахвол танг эди. Мен бошимни тош панасига бекитиб олдим. Душман автоматлардан ўққа тутганини ҳисобга олганда, рўпарадаги тоғ чўққилари бир чақирим ҳам келмасди. Тағин артиллерия жонимизга оро кирди. Тоғлар гард, ураган ва тўплар билан ўққа тутилди. Сўнгра икки соат мобайнида самолётлар бом­ба ташлади. Душман тиниб қолди. Биз шомгача бироз нафас ростладик. Агар биз тоғларга чиқиб олсак, тоғлар ортидан қишлоқларга бориш йўллари бизнинг қўлимизга ўтарди.
Тоғни эгаллаш ҳам осон кечмади. Гарчанд душман қаршилик кўрсатмаса ҳам, баландликка кўтарилиш азоб бўлди. Жангчилар хориб қолишди. Энг юқори чўққини бизнинг бўлинма эгаллади. Қисм тоғда уч ой қолиб кетди. Янги йилни ҳам тоғда кутдик. Бу орада Шўро матбуоти бир неча бор биз ҳақимизда ёлғон мақолалар эълон қилди. Айникса, “Известия” рўзномаси “Афғонистон армияси шўро қўшинлари ёрдамида Хост тоғини эгалладилар ва вилоятдаги барча йўллар душмандан озод қилинди», деб ёзди. Аслида биз афғон армиясини бу юришда кўрмаган эдик.
Хут ойининг охирида қисмга қайтдик. Соч-соқолимиз ўсиб кетган эди. Мен жавзога қадар кунларни эсон-омон ўтказишни истардим. Агар ҳамал ойида жангга бормасак, шу охиргиси бўлади, деб ўйлардим. Чиндан ҳам бошқа жангга чиқмадик.. Кунлар ўтмасди ҳисоб. Баҳорда уйга қайтадиганлар учун энди дам олишга, фақатгина қисмда бўлишга рухсат бердилар. Қолганлар Гардез вилоятига жангга кетишди.
Мен, Ринат ва Мўмин қисмда ҳар куни ичардик. Кунлар узун, тунлар азобли эди. Ҳар биримизнинг ўй-хаёлимиз уйга қайтишда бўлиб қолган эди...


















БОСИНҚИРАШ

Ҳ и к о я

Мен тағин қанча яшайман, билмадим, бироқ жуда кўп яшадим. 24 йил умр кечирганим ёлғон, бир ёки икки асрдан ўтдим. Ҳануз юрагимда болалаётган мусибатнинг моҳиятини англай олмай карахтман. Кўнглимни остин-устун қилиб ташлаган фожианинг таг-тубига қачон етаман. Мен ўзимни қачон тушунаман? Менга нима бўлган ўзи?
Ҳаётда ортиқчалик қилиб яшаш оғир. Йўқ, ҳаётда эмас, ўзинг учун кераксизлигингни ҳис, этиб туриш, нақадар... (ёзолмадим).
Кўзларимда қотиб қолгани шу; мен — жангчи, қуролимни кўксимга босиб эмгаклайвераман, теграмдан ўқлар учади... Хориганман — юзларим кир-чир, аллақаёқларга жангга кетаяпман, жангдан қайтаяпман, тоғлар, гумбирлашлар, қонлар, яралар, ўликлар, нигоҳлари тошга айланиб қолган, юракларида ваҳима ўрчиган тириклар...
— Қўчқор, сен ёшсан!
— 19 га кирдим, ўртоқ майор.
— Мен уч боламга ачинаман.
— Мен онамни соғиндим, ўлишдан қўрқаман.
— Онанг кексайиб қолганми?
— Ўттиз етти ёшда...
— Даҳшат...
— Бизни ушлаб олсалар, нима қиламиз.
— Бунақаси кетмайди. Ўлиш ё қолиш... Ўзингни отасан, тамом...
...Уруш азоблари хотирага айланмайди, аксинча ҳар куни давом этаверади. Мен ҳали урушдан қайтиб келмадим. Онажон, неча ёшдасиз. Ўнта ўн тўққиздан ошиқроқ яшадим. Яна қанча йилдан кейин ҳаммаси интиҳо топади. Юрагим оғрияпти. Онажон, уруш тугамаяпти, Сизни соғинаяпман. Ёшингиз ўттиз еттидами, ҳалиям, Онажон?
...Хотинимга гул совға қиламан ва яна ёлғон табассум, шеър ўқийман, ошналар даврасида май сипқириб сўз айтаман, тамаки тутатаман... бироқ, менга нима бўлган, руҳиятимни туманлар қоплаган... Урушларга кетиб қолавераман. Йўқ, жанг тугамаган. Эртага биз отишгани кетаяпмиз. Бу гал ўламан, ҳеч бўлмаганда яраланиб қайтсам керак. Кеча Шуҳрат билан Аваз ҳалок бўлди, олдингиси Вася ҳамда Зайцевнинг бошига етди.
Ҳамиша фожианинг ичида юрсанг, без бўлиб бораверар экансан. Ҳеч нарса қўрқинчли бўлмай туюлади. Жамики ваҳмларнинг сўнгги манзили — ўлим эканлигини англасанг мушкулинг осонлашади. Нима қипти, бир бошга битта ўлим. Бугун ё эртага, нари борса индин... ўламан. Мен урушда одам эмас эдим: бемаъно, бемақсад ивирсиган, инсоний туйғуларидан жуда, томирида қони музлаб бораётган махлуқ эдим, холос. Агар XX аср фожиасига ҳайкал изласалар, менинг симбатим ҳар қандай рамзийликни ўн чандон босиб кетади. Уруш... фожиа... мен... унчалик ваҳимали туюлмаган... қурбонлик...
18 ёш..., ҳали нигоҳлари дунё рангларини фаҳмлаб улгурмаган маъсумликда, туғилганига пушаймонлар еб, ич-ичига титроқ тушган, тентакнамо бўлиб қолган йигит... чекаётган нашангдан бир тортарлик қолдир. Бу зил-залворли дунёдан бироз баландлайлик,.. парвоз қилайлик. Meн сенга сувдонимдан қолган сўнгги қултумни бераман. Ўзимми? Тишимни лабларимга қаттикроқ боссам ҳам сизади... ичаман.
Онажон... ёшингиз ҳануз ўттиз еттидами? Сочларингиз ўша куни мен олисларда ажал билан олишган, фақатгина Сиздан мадад сўраган кезлари оқариб кетдими? Мен 24 ёшда эмасман, мен жаҳаннам чангалидан тасодиф туфайли, Сизнинг бахтингиз ва ўзимнинг бахтсизлигим учун тирик қолганман. Тақдирнинг қалтис ўйини — ўлиш машқини бажараётганимда ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси нақадар узунлигини, ер юзида барча одамларнинг умрини қўшганда ҳам, улардан кўпрок яшаб қўйганимни англадим.
Баъзида урушни соғинаман... Ишонинглар одамлар, тоғларга чиқиб кимларнидир отгим келади. Тасаввур қилолмайсиз, жангдан ҳоргин қиёфада, соғ-омон қайтиш, қўрқув даҳшат билан ўлим сари интилиш, ҳеч нарсани англаш маҳол бемаъно, сўниқ қиёфаларни кўз олдимга келтириш менга ҳузур бағишлайди.
Мен қуролни яхши кўриб қолганман. Портлашларми, тур-турига ажрата бемалол оламан, бомба, мина, минамёт, “эрэс” снаряди, АГСлар. Улар ҳар куни руҳимда портлайди.
— Ичамизми?
— Қуй, Иқбол.
— Нимага индамайсан?
Иқбол мен гапирмайин, қуй-да, жим ўтир. Ҳаммаси кўз олдимга келаяпти... Фақат ўзим билан сўзлашишни хоҳлайман. Ҳа, ошнам, чарчадим... Одам боласини хотира эзғиларкан... Биласанми, урушда қатнашганлар бир-бирига дуч келиб қолишса, ботинан оғринадилар, юрагини таталаётган ўкинчдан кўзларига мунг тошади. Улар таҳқирланишгани, хўрлик азобини тортишгани учун ҳам бу дунёга сиғмай қолишганини билишади. Уруш инсонни қайси жамиятда ҳам чиқиндига айлантириб ташлайди.
Мен ошиқчаман, сенинг қўлларинг тоза — қуй Иқбол, таҳур майдан қуй, кўнгил мени зулматдан олиб чиқсин.


II

УРУШ

(баллада)

Ҳуши учар заминнинг 

Зириллаб тўзғир ҳаво.

Қулар ярадор тоғлар

Замбил ахтарар дунё.

Чинқирайди майсалар —

Тўйиб кетар жонидан.

Бир хўплам қон... томади

Осмоннинг сувдонидан.


III

Кеча Хеменгуэй келди ўйимга. Тонггача гаплашдик. Мен айтдим, урушда тирик қайтиш билан урушда ўлишнинг фарқи йўқ, дедим. У уруш даҳшатини англаб улгурганлар ақлдан озадилар, деди. (Бу содир бўлиши муқаррар ҳақиқатлигига, ишонаман).
Урушдан омон қолган кишининг яшаши азобдир, дедим. Бундан нима қилиб қутулса бўлади, наҳотки?..
У, сира ҳам иложи йўқ. Уруш ҳақиқатни ёзиш, айтиш мушкул бўлган энг оғир мавзу, деди.
— “Алвидо, қурол” уруш фожиасини ҳамда азобланаётган инсон юрагини очиб ташлаган шоҳ асар.
— Мен уни ёзаётганимда ҳаётимда кўп мусибатларни кўрдим: Отам ўзини отди, хотиним ўлди, бироқ шунчалик оғир изтиробларга ҳам чалғий олмадим.
— Уруш ларзага солган кўнгил фожиаси олдида барча оғриғу кўргуликлар ҳасрати чекинади, демоқчисиз.
— Ҳа, шундай. Одамни енгиб бўлмайди.
— Мен урушда ҳеч ким ғалаба қилмайди. Уруш одамзод устидан ҳар доим ғолиб келган деб ўйлайман...
Хеменгуэй “Алвидо, қурол”ни ташлаб кетди. Мен китобни “Ассалом, курол” деб очдим.



IV

Уруш ҳақидаги ягона қиссамни қачон тугатаман, билмадим. Роса қийналаяпман. Кечалари тушларим ҳам айниди буни устига. Хаёлим ўзимда эмас, чамамда, атрофимдагиларни унутиб қўяяпман. Сўнгги бўлими гугасайди,бирор жойга кетардим. Дам оламан, ҳеч ким менга халал бермайди. Чалғиш учун дўхтирда маслаҳат беришса, ёмон бўлмасди.
Урушни тасвирлаш ўлимдан ҳам бешбаттарроқ. Оёқ-қўлим бўшашиб, ичимни нимадир беаёв кемираверади. Мен ҳақиқатни, мусибатни бор бўйи билан кўрсатиб беролмай қийналаяпман. Ўз кўзим билан кўрган воқеаларни бошқаларнинг кўзи, юраги, кўнглига сингдириб юбориш, ҳеч бўлмаса ўзинг ҳис қилган оғриқнинг ярмини англашлари учун жонингни қиймалашинг зарур экан.
Кўзим олдида тўхтаб қолган совуқ манзара, лохас сукунат. Чайқалаётган замину осмон тобора бир-бирига яқинлашаверади — ҳозир қапишиб кетади. Ўлик жимлик бағридан ажал ҳиди анқийди. Қорачўғинг тортишиб оғрийди. Кўзларинг бу совуқ ва дилни сесканитирувчи борлиқдан қўрқади. Иродангнинг қириндилари тўкила бошлайди. Қўрқувдан кафандай оқарган юзингдан ҳеч қандай ҳолни англаб бўлмайди. Ўзингни қўярга жой тополмай қоласан, ичингдан тўкила бошлайсан.
Бироз ўтади — ҳавони зириллатиб снаряд учади. Дунёни остин-устун қилган портлашдан бақириб юбрасан. Одамзоднинг қўрқувидан чинқирган кезлари юзлари тиришиб, сочлари сонияда оқариб кетади. Қонлари тўхтаган томирингдан совуқ тер отилиб, баданинг шилимшиқлашиб қолади — Сен — тирик мурдасан. Ўлим шунчалик қўрқинчлими? Яна ванғиллаб снаряд учаяпти. Назарингда ҳавони йиртиб ташлаётгандай. Шу снаряд худди сенга келиб тегадигандай ерга ётиб олиб, бошингни бекитасан.
Жанг бошланади. Бечора замининг кўксини пайҳонлаб оғир техникалар илдамлайди. Қий-чув, кўкка учган чанг-тўзон, қуюқ ва ачимтир тутун, визиллаган ўқлар, оҳ-воҳлар — бари-барисидан эсинг оққудай бўлиб, ўзингни урушнинг ихтиёрига топширасан.
...Ҳеч нарсани идрок қилолмай ўзимни дарахт панасига отдим. Тепадан шалдур-шулдур қилиб шоҳлар синиб тушаяпти. Пўсти титилиб ичидан оқ ўзаги кўриниб қолган синиқ новдаларга юзингни яқинроқ келтирсанг порох ҳидини туясан. Агар одамнинг қўл-оёғини ҳам темир парчаси чўрт узиб кетса нима бўларкин. Томирлари кўриниб, ичидан суяк бўртиб чиққан, узилган оёқнинг қони тепага сачраса керак.
Men нима деяпман ўзи? Худди шундай бўлувди-ку? Ўқдан бошимни ерга паналатиб “ўлмайин”лаб тиловатлар қилиб ётгандим. Хаёлимда агар юзимга ўқ тегса, ўрни кавак бўлиб қолади, ёки ўқ кирган жойда кичкина тешик пайдо бўлиб чиққан жойни ўпириб, суякларим пайрахадай сочилиб кетса керак деган ўй
 ўрнашиб қолганди. Чаккамдан ўқ тешиб ўтса калламнинг бир томони қўпорилиб, кўзим косасидан чиқиб кетади. Оғриқни сезмаёқ бир силтаниб ўлсам керак. Йўқ, бошимда жуда-жуда қисқа сонияда нимадир қарсиллаб, атроф ёришиб, кўзимдан олов отилиб чиқади. Дунё оппоқ туман ичига ғарқ бўлади. Бир пастда
 ҳаммаси тугайди. Хаёлимни тиғлаб ўтган лаҳзалик ўйлар шунчалик қўрқинчли эдики, мен ўлимни кутавериб чарчадим. Бир маҳал дарахт танасининг ердан
 икки-уч қарич баланддаги қисмидан пўстлоқлари сачраб кетди. Ўқ танага мих каби ёриб кирди. Мен ваҳима ичида ерни шунчалик чангаллаб олдимки, бармоқларим зирқираб
оғриди. Ёнимда чанг кўтарилиб даҳшатли гумбурлашда беихтиёр отилиб кетдим. Чалқанча ётардим,осмон чириллаб айланаяпти. Қорнимда нимадир босиб турибди. Қулоқни ёргудай чинқириқдан ён-веримга аланглаладим. Ҳамротам Зайцев тупроққа беланиб тўлғониб ётибди. Унинг чинқириғи ҳар қандай гумбурлаш ва портлашни босиб кетган. Жанггоҳда Зайцевнинг ҳайратли даражада ўкириши ҳоким. Ўрнимда қўзғалиш учун бошимни кўтардим. Қорнимда босиб турган нарса ёнбошимга оғди. Юзимга иссиқ ва шилимшиқ, этни жунжиктирадиган суюқлик сачради. Сапчиб ўрнимдан турдим. Олдимда сонидан узилиб кетган оёқ ётарди. Унинг хилвираб гўшти чиқиб турган жойдан тизиллаб қон отилаяпти. Ранги дока тусига кирган Зайцевнинг кўзи осмонга битиб қолган. Узилиб кетган оёқ ўрнида кўрсаткич бармоқ узунлигидаги суяк оқариб чиқиб турибди. Унинг иштони ва гимнастёркаси шалвираб кетган эди. Тупроқ қип-қизил қон билан қоришган. Мен танадан айрилиб қолган оёқни мурда ёнига қўйдим. Оёқ зил-замбил оғир эди. Отишма бўлаётганини мутлақо унутдим. Дарахтлар қасирлар, осмондан темир парчалари ёғарди.


V

Кечаси ташқарига чиқишдан қўрқаман. Зинапоядан учинчи қаватга бир оёқ дурсиллаб чиқиб келаётгандай бўлади. У мени гоҳида таъқиб қилади. Остонада пойабзал кияётсам баъзан тумшуғим тагида пайдо бўлиб қолади. Тик турган кўйи тебранаверади. Кўзларим тиниб кетади, бақириб юбораман. Оёқ ҳамиша қўнжи қонга ботган этик ҳамда Зайцевнинг ўша жигарранг шимининг бир томонини кийиб келади.
Соат неча бўлдийкин. 12 дан ўтгандир... Бир нима дурсиллаяпти. Иккинчи қаватга етди... Мана учинчи қават зиналарига кўтарилди... ҳозир, ҳозир... менинг эшигимга ўзини уради. А-а-а-а-ааа!


VI

Бугун шоир Эшқобил Шукур билан инсон ва адабиёт ҳақида гаплашдик. У шеър ўқиди. Мен ҳеч нарса ёзолмаяпман дедим. Буни шоир руҳиятга йўйди. Баъзан одамда шундай ҳол кечаркан. Ойлаб бир мисра ҳам битолмай юрасиз, деди. Мен нега бундай аҳволга тушганимни билмадим, бироқ кўнглим хижил, умуман қаерларгадир бош олиб кетишни истайман, қаерга, ўзим тушунмайман, дедим. Ниманидир таъсирида қолгансиз, хаёлингизни чалғитинг деди шоир. Мен урушда кўрган воқеаларни тез-тез эслайдиган бўлиб қолганман, очиғи, жанггоҳларни қумсаяпман, одам ўзига мунчалик мусибатлар келтирган кунларга қайтишни хоҳлаб қолиши мумкинми, деб сўрадим. У менга анграйиб қаради, сўнгра нигоҳини олиб қочди. Айтдики, фожиалар ўтиб кетгандан кейин, бир куни ардоқли хотирага айланиши ҳам мумкин. Мен оғриқдан лаззатланиш — азоб, инсон учун бундан ортиқ кўргулик бўлмаса керак, УРУШ барибир башарият устидан ғалаба қилишига имон келтираяпман дедим. Эшқобил Шукур эшитмаганга олди.


VII

Тақдир, менинг қўлимга 18 ёшда қурол тутқазганингдаёқ, ёзиғимга уруш исканжасида қолиб кетиш битилган экан. Мен қанча кишини отган бўлсам, шунча мартаотилганман.Қўлимқон,кўзимқон,оғзим қон... асрим сен ҳам қонсан. Бизлар қотилмиз.
Юрагим санчияпти. Ҳали кўксимдаги отилмай қолган ўқлар хуруж қилаяпти. Уларни барибир отишим керак. Кимга, қаерга?


VIII

— Қўчқор, уйимизни соғиндим, тезрок қутулсайдик. Охиригача омон қололамизми?
— Менам чарчадим, баридан. Бошда борини кўрамиз, дўст.
— Бу лаънати урушдан бирга қайтсак, Тошкентга тушибоқ оёқдан қолгунча ичардик.
— Қанийди, дўст...ҳаммамиз тус-тугалборсак. 
— Агар орамиздан ҳеч ким ўлиб кетмаса: биргалашиб ресторанга кирардик-а? 
— Ҳа.
— Сенинг шоирлигинг қўзиб шеър айтардинг. 
— Албатта, чекишдан қолдир. 
— Насиб қилармикин?
— Совуқ ният қилма Шуҳрат! Кўрасан. Ҳаммаси тугайди.
— Мен бор овоз билан шеър айтаман. Одамлар ҳайрон қолишса керак? 
— Қизиғи йўқ менга.Сенлар истасанглар стол устига чиқиб шеър ўқийман. Факатгина омон қолсак, бас.
— Ростданми?
— Рост, ошналар, рост. Ресторану барлар, кинотеатрлар, чиройли нигоҳлар бари бариси — бизники бўлади?
— Айтганинг келсин? Эҳ-ҳа...
Йўк, Шуҳрат, йўк, айтганинг келмади. Бизнинг тенг ярмимиз у ерларда қолиб кетдик. Менинг кўнглим ярим бўлиб колди. Дунёнинг бир томони қўпорилган энди, дўст. Гўримга, очиқ мозоримга шеър айтайинми, Шуҳрат. Шеър айтгилигим қолдими мени, Шуҳрат. Юрак дардга, қасидагаэмас — марсиягатўла,Шуҳрат. Сўнгги бор кўзларинг юмилаётган пайт нега менинг қўлларимни бунчалик қаттиқ қисдинг, қадрдон. Юрак бағрим зирқираб, кўзларимдан ёш тирқиради, бўғзимга тиғ санчилди. Сенинг ўлгинг келмаётганди, сенга насиб қилмаган ҳаётда мен тирик қолаётгандим. Шуҳрат, дўст, сен манови осмону булутлар билан лаҳза ичида видолашаётиб, лабларинг қалтиради: “СЕН БА­РИБИР ШЕЪР АЙТГИН”. Айтаман, дўст, айтаман, ёниблар айтаман; куйиблар айтаман, тўзғиблар айта­ман. Алвидо, дўст, алвидо!!!


IX

— Хўш, нима истайсиз, йигитча.
— Яхши қиз, олтита графин пиво.
— Битта ўзингизгами..?
— Ҳа, нима қипти. Мен бугун майхонангизни ёндираман.
— ...
Дастёр қизнинг кўзлари олайиб кетади... У мени озроқ етишмаса керак, деб ўйлади. Барибир столга 6 графин пиво олиб келди. Ёв қувгандай пулини ҳисоб-китоб қилди. Дунё чайқалаяпти. Дунё гўё океан қаърига чўкишга маҳкум кемадай омонат. Одамлар оёқлари осмонда, бошлари билан юришмоқда... Одам-лаааррр, бошлааариии билаанн юришмооқда-да. Бош-ш-лаа-рии билааннн-нуҳҳ! Куффф!




X

Бўғзимда қирқ жоним потирлаётир,
Қароғим-лаосмон,тоғу-тошёнар.
Онам мени шу дам хотирлаётир,
Хайр, онам учун йиғланг, ошналар.
Дунё тирноғимга арзигани йўқ
Не кўрдим.
Дунёси қилаверди қасд.
Мени кўкрагимга қадалганшу ўқ
Онамнинг кўксини тилкар бехос.
Розийдим, шу ерда чириблар ётсам,
Бир лаҳза бошимга келса Ватаним.
Ўлаяпман,
онамнинг бағрипи қўмсар
Қонимга чайилиб хор бўлган таним,
Хайр, онам учун йиғланг, ошналар!!!

XI

Кема бир чайқалиб, стол билан қўшилиб қуладим. Устимга бўм-бўш графинлар чангирлаб тушди. Шифт гириллаб айланаяпти. 'Гепамда шифт билан бирга кимларнингдир симбати гириллаяпти. Миршабларга ўхшайди. Ҳа, худди ўшалар. Тошдай огғир бошимга бир парса урилди, кўзимда ўт чақнади, бироз ҳушимга келдим. Уртўқмоқ ушлаган икки миршабни аниқ кўриб турибман. Улар мени тепкилаб-сепкилаб эшикка судрашаяпти. Иккаласидан бири қўйиб бири силкалаяпти.
— Кетганича ич-да, аҳмоқ.
— Э, бу журналист экан-ку?
— Қўявер, ўзини билмай ётибди, аҳмоқ бўлиб қолган.
— Опанинг журналида ишларкан.
— Чўнтагидаги нарсаларни қайтариб сол.


XII

Бy кеча сира ҳам уйқум келмаяпти. Баданимда сувараклар ўрмалаб уйқу бермаяпти. Бурга талаб ташлади. Юзимга нима томаяптийкин? Нега бунча иссиқ — Шифтда осидиб турган нарса нега тебранаяпти? Нима ўзи у... А-а-а-а?! Одамнинг қўлими, одамнинг кўлииии.Онажоооннн!


XIII

Қўшин Али-ҳилидан қайтаётиб бир қишлоқни вайронага айлантириб ташлади. Уйлар, деворлар ўпирилиб қолди. Танклар ҳовли экинларини ғажилаб ўтди.Мол-ҳолларни отиб кетавердик. Боғлардаги меваларни ўзимизники сингари ўйнаб тердик. Биз киришимиздан аввал артиллерия ва самолётлар, тик учарлар ўққа тутган қишлоқда одам зоти қолмаганди. Взвод деразалари чил-чил синиб тўкилган кулба олдидан ўтаётганда Бачкарев менга ярми ўпирилган девор томонни қўли билан кўрсатиб, бақрайиб тураверди. Унинг гапиришга мажоли йўқ эди. Мен Бачкарев имо қилаётган томонга қарадим. Девор тагида уч яшарлар чамасидаги қип-яланғоч болача, ичак-чавағи чиқиб ўлиб ётарди. Мен юзимни беркитиб олдим. Оёқларим қалтираб, бошим айланиб кетди. Дам-бадам ўхчирдим. Жағим тақиллаб, баданимдан совуқ тер оқа бошлади. Мен бутун бошли взвод, бутун бошли армиямизни ер ўз комига тортиб кетишини жуда-жуда хоҳлардим. Менга тирикликнинг қизиғи қолмаганди.
Кўзларимда қотиб қолган бу манзарани ҳеч нарса йўқота олмайди. Мен уни ўзим билан олиб кетаман. Қулаган девор ва...
....Тўшагимни нимадир ўзига тортаяпти. Оёқларимга аллақандай ёмшоқ нарса тегиб турибди. Мана, энди тиззаларимга довур эмаклаб келди. Баданим музлаб бораяпти. Қарашга қўрқаман. У қорнимга ўрмалаб келади, ёнбошимга ағанаб, мен билан ётаверади. Этим дургиб, сескана-сескана қарайман. Шунда... ириб-сириб ётган, тимсоҳ терисига ўхшаш баданларидан суюқлик сизаётган, қоп-қорайиб кетган чақалок иккала қўли билан юзимга чанг солади. Бўғилиб кетаман. Овозим чиқмайди...
— ...Нима бўлди Сизга?
— Сув опке хотин, сув, — босинқирадим. Хотинимуйқусирабошхонагаюгуради. Ёнимда ётган ўғилчам чинқириб йиғлайди. Мен ҳануз ўзимга келолмай боламни юпатаман.
— Уха қил, ўғлим. Қани, уха қил, энди...
— Мана, сув, ичиб олинг. Э худо, юрагимни чиқариб юбординггиз... Бугунам қўрқдингизми?
Мен жимман. Тонггача ўғлим ва хотинимнинг бошида ўтириб чиқаман. Кўзим илинишидан қўрқаман.

XIV

Урушнинг яна бир мусибати бор. Фожиа шундаки уруш инсон қони орқали ўтиб авлодлар ирқида ҳам у асоратини қолдиради. Ҳар лаҳзаси йиллардай чўзилиб ўтган уруш манзараси инсонни ҳайвоний қиёфага айлантириб, қарам қилиб ташлайди. Жанг кўрганлар бир умр урушнинг исканжасида яшайдилар.
Ҳали икки ёшга тўлмаган ўғлимнинг ўйинчоқ автоматларга ёпишиб олишига ҳайрон қоламап. У камазлар, юразлар, турли машиналардан кўра, ҳозирдан қурол билан ўйнашни яхши кўради. Ўғлимнинг кўнглидаги қизиқиш, менинг қонимда гоҳ-гоҳида хуруж қила­ётган асов ғалаён орқали ўтмадимикин.
— Болам, ташла, қўлингдагини. Ахир қурол...  Бу билан мен, сен, ойингга ўхшаш одамларни отадилар (Йўқ, мен отганман).


XV

Мен афғон уруши ҳақида нима ёзган бўлмайин, ўзимни босқинчи армиянинг, гуноҳи беадад сиёсатнинг қўли қон аскари деб ҳисоблаганман. Биз босқинчимиз. Тамом. Бошқа ҳеч қанақа шарҳу изоҳни хоҳламайман. Фақат афғон уруши қатнашчиларини тағин хўрламанг-лар — байналмилал жангчилар деманглар. Сенларга давлат мурувват кўрсатаяпти, деб майдалашманглар.
Афғонда жанг қилган шоир Наби Жалолиддин, одамлар бизга раҳм қилинг, ҳар нарса деб ортимиздан гапирманг, агар биз ортиқчалик қилаётган бўлсак (?) мустақиллик майдонига тўплаб отиб ташланглар деб ёзди. Йўқ, Наби, бизни отишолмайдилар. Агар афғон урушининг ҳақиқий гуноҳкорлари керак экан, Наби,Сену менга ўқ етмай қолади. Қанчалаб министрлар, генераллар, ақлли бошлар отилиши керак. Мен охирида ўзимни ўққа тутиб бераман. Шундаям, ҳали дунёнинг разилликларидан бехабар ўғлимнинг тинч ва осуда ҳаёти учун, боланг ҳеч қандай урушни кўрмайди, деган мамлакат учун.
Наби Жалолиддин! Бу урушнинг гуноҳкорлари беҳисоб, жўра!

XVI

Ёмғир эзиб ёғаяпти. Шом чоғи. Сақичоқ лойтепаликка чиқаяпман. Одам боласининг қораси кўринмайди. Негадир елкамда қуролим, ёнимда ўғилчам ҳам бор. Совут нимча ҳам кийиб олганман. Бир маҳал рўпарамда қурол тутган, соқолли кишилар пайдо бўлди. Уларга қарата ўқ отай десам, автоматим ишламайди. Ўғлимни кўтариб, гандираклаб пастликка югурдим. Улар бизни қувиб келишарди. 

АСОPAT

Ёзиш  азоб. Ёзиш ҳам ўйлаш 

каби жонимга тегди.

Муаллиф 

Ҳ и к о я

I

Уйқум келаяпти, кўзимни юмишга қўрқаяпман. Сукунатнинг қўйнида ваҳм. Тун ором олишимни пойлаяпти, чамаси бўғиб ташлашга шай тургандай. Чироқни ўчирмайман, мен ухламаслигим керак... Онажон, бу азобнинг чеки-чегараси бормикин? Ҳозир ҳамма одамларнинг жонларига тун оро кирган маҳал, яъни, кундузни ғурбат деб билгувчилар мана шу жимликнииг қоп-қора қучоғидан ҳузур-ҳаловат кўришмоқда. Нега улар кундуздан безиб қолишган, шомни пойлашади?.. Мен доимо кундуз бўлишини, кишилар бир-бирига дуч келиб юришларини хоҳлайман. Кўчаларда ҳаёт қайнасин. Ҳамма ухлаб қолганда тун қўйнида, ер юзидаги парча жонзодлардан кўпроқ шарпалар пайдо бўлади. Улар истаган маҳали, деразангдан мўралаб қарайдилар, эшигингнинг ўн жойидан қулф урсанг-да, товуш чиқармай ичкарига кириб оладилар, тўшагингни оҳиста кўтариб темир панжалари билан бўға бошлашади... Овозинг чиқмай тўлғонасан. Сенга ҳеч ким ёрдам беролмайди... Нафасинг қайтиб, зўриқасан, шар­палар кўзларинг олдида липиллаб ўтиб туришади... улар жуда кўп.


II

Бу кеча чироқни ўчирмадим...

Тиқиллаётган нима? Эшик очилгандай бўлди... Соат учдан ўтаяпти. Хонада кимнингдир оёқ товуши эшитилди. Дарпарда ўз-ўзидан йиғилиб қолмайди. Эшик тағин очилди... Кўзларим уйқухона остонасида. Балким деразадан тушар. Йўқ, деразага бурилиб қарасам, чалғийман... Уйқухона эшигидан қайтсин-да, ишқилиб... у нима бўлса ҳам. Дарвоза ғийқиллаб очилаяпти... Қўрқувдан кўзларим юмилиб кетди... Шу аснода юзимга совуқ, шилимшиқ бир нарса шапиллаб тушди. Жон уҳмида қўлимни юзимга босдим, қотиб турган аъзойи баданимни музлатиб юборган шилимшиқ бир лаҳзада қимирлаб, юз-қўлим орасида питиллай бош­лади. Нақадар даҳшат. Беихтиёр уни баттар юзларимда эзғилаб ташладим. Қаншаримдан бўйнимгача илмилиқ қуюқ сув тирқираб сочилди. Жон талвасасида бақириб уйғондим... Тўшагимда эзғиланган, оғзи очилиб ўлиб қолган калтакесак чалқанча ётарди. Томирларим бўртиб кетди, мен бунчалик айтиш ожиз аҳволда ўзимни йўқотиб чинқирмагандим. Хона чирпирак бўлиб айланаётганди. Хона ёп-ёpyғ эди. Мен чироқни ўчирмай ухлагандим.


Ill

Ташқарида тун ютмоққа шайлигини унутиш учун ҳамма хоналарнинг чироғини ёқиб қўйдим. Ошхона деразасини ланг очиб тамаки чека бошладим. Туйқус эшик зарб билан очилиб увада, иркит ҳарбий кийимда, қўлида автомат, афт-ангори таниб бўлмас даражада кир-чир бўлиб кетган Қўчқор кириб келди. Унинг уйқусизликдан қизариб кетган кўзларида мунг қотиб қолган. Ҳорғинлик аломатидан ёноғининг қоқ суяклари янада бўртиброқ кўринади. Қу­рол дастагини қисиб олган қўлларига яра-чақа тошган. Хонани тер ва аллақандай ачитқи ҳид қоплади. У аскарий кирза этигини ғижирлатиб бир-икки қа­дам ташлаб, қўл ювғичга суяниб сўради.
— Чекаяпсанми?
— Ҳа,
— Ол буёққаям.
— ...
— ...Чарчабсан. Кириб ётавер.
— Сен сўрама,   мен  айтмайин...  Жудам   чарчадим... Нарёғда роса   ясашди. Отишмани кўрсанг эди... Даҳшат. Еру-кўк зириллаб кетди. Ҳамма нарса тир тўзғиди.
— Биламан. Аваз ўлди. Ермидин яраланди. Машинангни уриб ташлашди. Полк жангдан қочиб чиқди, Разведвзводнинг тенг ярми қирилиб кетди. Асрга тушиб қолаёздинг...
— Сен қаердан биласан.
— Ахир мен...
— Тушунмаяпман...
— Сен менинг жангда қолган, урушларда юрган ўзимсан, жигар. 
— Бўлиши мумкинмас... Наҳотки.... нaҳoтки? Мен тирик қайтаманми?
— Бунисини билмадим... Балки сен умуман урушда қолиб кетарсан, қайтмассан.
— Тушунмадим.
— Жигар, урушдан тирик қайтганимга ишонмайман. Мен ҳар куни жангда юраман. Мана бугун ҳам Сен — менинг ўзим урушда юрибман.
— Нега ухламаяпсан. Соат тўртга яқинлашди... Сенинг ўрнингда бўлганимдайди... Уф чарчадим...
— Менга қара Қўчқор, бугун число неча ўзи?

— 17 февраль.

— Уч кундан кейин яна жангга чиқаман. Колеватов ҳалок бўлади бу сафар. Валис яраланади. Сен ҳали бехабарсан, уруш ҳаётингда жуда узооок давом этади, жигар. Яхшиси бу кеча дамингни ол. Ўрнингга мен кетаман. Нима фарқи бор ахир, биз битта одаммиз. Фақат Жавоҳир йиғлаб қолади, йўқлигимни билдирмай тур... Нариги хонада ухлаяпти.
— Нималар деяпсан. Мен урушдаман-ку? Ким у Жавоҳир?
— У урушда юрган Менинг, яъни бир умр отишмалap ичида яшашдай мусибатга маҳкум бахтиқаро инсопиинг (ҳаётнинг қиёфаси бунчалик чиркинлигини тасаввур қилолмаган) бегуноҳ фарзанди. Кўнглинг тўқ бўлсин, у отасининг олисларда қурол кўтариб юрганини билмайди, мурғак юраги билан менинг дарду дунём нотинчлигини бирозгина ҳис қилади. Ўғлим орамиздаги бесарҳад жарликни бир куни, улғайгач фаҳмлай олади. Мен фарзандимни ҳар доим қурол эмас, қўлларида гул кўтариб юришини хоҳлайман. Унинг қўллари қон бўлишига сираям чидайолмайман. Тушунаяпсанми, отасини уруш комига тортиб кетган болаларнинг гуноҳи йўқ. Улар тип-тиниқ, беғубор бўлиб қолишлари керак. Уруш кўрган одамларнинг гуноҳини ҳеч нарса юволмаса-да, тақдир уларнинг бошига солган кунлардан болаларини асраши керак.
— Жуда ошириб юбораяпсан. Урушдан кейин тинч замонда яшаш ўйинчоқ бўлиб қолади. Ҳеч қандай қўрқув юрагингни кемирмайди, ичингни ваҳима тилкаламайдн. Кунларинг заҳар-заққум бўлиб ўтмайди. Се­ни ҳеч ким отмайди, бошқалар учун сен ҳам қурол ўқлаб ўтирмайсан. Душман деган гап ҳам хаёлингдан кўтарилиб кетади. Тоза ва озода юрасан. Ёруғ кунлар... кенг ва озода шаҳарлар. Сени ўлдирмайдилар... ихтиёринг ўзингда бўлади. Сен бошқаларнинг назарида қаҳрамон бўлиб қоласан.
— Йўқ, Қўчқор, йўқ... Аксинча Сен ҳаётда одамлардан узилиб яшайсан. Урушдаги жасурликларинг бир кун сени шундай қийнайдики, атрофингдаги минглаб нигоҳлар қаршисида ўзингни қўярга жой тополмайсан. Сен ўзингдан ва ўша орзу қилган ҳаётингдан бегоналашиб борасан. Ич-ичингда тошиб келаётган саволлар дастидан бекингани жой тополмайсан. Сен ўзингни-ўзинг яшира олмай кун кечирасан. Аслида энг даҳшатли кунлар урушдан кейин бошланади.
— Қўчқор, сен ақлли гапларингни қўятур ошнам, айт, нима қилишим керак... Мен иложсизман. Ҳар сония ўлим чангалида яшаётганингни, билиб турсанг, фақат ўз жонинг учун қайғураверсанг ҳам ақлдан озиб қолишинг ҳеч гап эмас. Биласанми, жанг олдидан шунчалар қўрқаманки, беихтиёр тиловатлар қилавераман. Уруш майдонига киргандан сўнг эса мутлақо бошқа одамга айланиб, карахт аҳволга тушаман. Юрагим ўрнида тош пайдо бўлади...
— Буни яхши биламан... жангда одамлар эмас, қонсираган йиртқич маҳлуклар бир-бирини ғажилайдилар. Ўлим билан ҳаётнинг ораси бир қадам бўлгани сингари, одамда йиртқичона қиёфа ҳамда кайфиятнинг тўсатдан пайдо бўлиши хам таажжубли ҳол эмас.
...У чап қўлидаги автоматни елкасига осди. Киф-имга қоқиб, эшик томон юрди. Қадди букчайиб кетаяпти. Боши ҳам. Эшик тутқичидан ушлаб мен томонга оҳиста бурилиб қаради. Кўзлари маҳзун... Қиёфасидан ҳеч қандай маъно уқолмадим.
— Майли, мен кетдим. Жавоҳирга эҳтиёт бўл... Сендан бир хабар олай девдим. Ҳа, айтгандай, онамдан хат олдим. Хавотирланма. Уйда ҳаммалари соғ экан. Мени кутишаяптикан. Омон бўлсак қайтармиз... Хўп энди... Жавоҳирни эҳтиёт қил...
У аскарий этикларини ғижирлатиб қадам ташлаган кўйи ғойиб бўлди. Ҳали ўзи бехабар, бироқ ҳис қилиб турган даҳшатли кунлар сари кетиб бораяпти. Олисда БМП-2 нинг гурсурлаган овози тун сукутини чилпарчин қилди. Борлиқ ҳарбий техникаларнинг тўс-тўполон қи­либ ҳаракатланиши, танк ва БМП-2 занжирининг шағирлаб айланиши домида қолиб кетди. Командирларнинг бақир-чақири, аскарларнинг сўкинишлари эшитилаяпти... Ўша таниш, гоҳида мени ўзи томон чорлайдиган, юрагимнинг туб-тубида алланечук ҳаяжон уйғотувчи қадрли манзаралар сари кетаётган ўша менимни ҳам эргаштириб олди... 


IV

1987 йилнинг 17 феврали, тонгги соат 5.00. 
БМП-2 оғир силтаниб бораяпти. Ўнқир-чўнқирда машинанинг тумшуғи пастлаб юқорилайди. Уйқум ўчиб кетади. Башня ёнида жойлаштирилган, ичидаги ўқ-дорилари яримлаган яшиклар шарақлаши асабга тегади. Кўзим ич-ичига тортилаяпти, тобора. Шлемофоннинг аҳён-аҳёнда ғийқиллаши, командирларнинг алоқада бақириб-чақиришларидан бошим иккига бўлиниб кетишига оз қолаётир. Тонгги ҳавода этим жунжикаяпти. Кечаги жангда нималар бўлганини яхши англай олмаяпман. Очиғи эслаш имконида эмасман. Назаримда елкамда бировнинг бошини кўтариб юргандайман.
Қизиқ, жанг олдида ҳеч ким бир-бирига гапирмай қўйди. Фақат кўзлар сўзлашдилар, видо айтдилар... Кейин-чи, кейин нима бўлди... ҳамма томонда қалъалар қад кўтариб, яланғоч дарахтлар тобора ваҳима уйғотган жангжонда қиёмат қўпти. Дарахтлар қарсиллаб синди, деворлар қулади, ҳавонинг кўкси тилка-пора бўлиб кетди, борлиқни тутун қоплади. Портлашлардан, инграшлардан гангиб қолдим. Ҳа, ариқда беркиниб олдим. Тумшуғим олдидан снарядлар визиллаб ўтаверди. Рўпарамда душманни аниқ кўрдим... Қадрдон дўстлардан кимлардир йўқ эди...
Икки кун мижжа қоқмадим. Кўзим тиниб кетаяпти. Қобоғим оғирлашиб бораяпти. Ҳозир уйларида, яқинлари ҳузурида оёқ узатиб ётган одамлар нақадар бахтли. Уларни эрталаб осуда ва тинч ҳаёт қаршилайди. Улар одамга ўхшаб овқатланишади, ювинишади, кийинишади, кўчаларда эмин-эркин юришиб ёлғондакам бўлса-да табассум қилишади бир-бирларига. Атроф тинч бўлади, атрофда ўқлар учмайди. Қўллари, юзлари, кийимлари топ-тоза одамлар кўчаларни тўлдириб ишга борадилар, ишдан қайтадилар... Бахтли-бахтли кунлар, тахтли-тахтли кунлар ҳақида қўшиқлар тўқишади. XX аср эса бир қултум сув сўраб, ҳали дунёда кун кўрмай қонига беланиб, хор бўлиб жон бераётган биз каби аскарликка мангу маҳкум этилтан болалари тепасида зор қақшаб кўз ёш тўкаяпти. XX аср — Онажон, кўз ёшларингни асра. XX аср — Онажон, юраклари метинлашиб дил дунёси зимистон бўлган сўқир фарзандларингни кечир, майли улар шону-шавкат, улуғ байрамлар мадҳини сел янглиғ тошиб куйлайверсин. XX аср — Онажон, биз каби қўллари баногоҳ қон бўлган қотил фарзандларингдан ҳеч нарсани сўраман. Онажон, вақти соати келса рози-ризо бўлиб хайру-хушлашайлик.

V

...Икки кундирки, мижжа қоқмадим. Қобогим оғирлашиб бораяпти. Лаънати уруш нега менинг бошимда бунчалик ўралашиб қолди.
Чидаш керак, ҳозир тонг ёришади, кундуз, одамлар, иш... чалғиса бўлади. Бироқ анави Қўчқор шунчалик кўникиб кетганки, урушда юриб ҳам менчалик азобланмаяпти. У ҳаммасини яхши билади, лекин идрок қилиш учун имкони йўқ. Уруш ҳаётлари бир умрга расво бўлган жангчиларга содир бўлаётган фожиани ҳис қилиш, фаҳмлаш учун сира ҳам вақт бермайди. Уруш­да дастлаб инсоний тафаккур деворлари қулаб, ботиний исён алангаси ўчирилади. Одамлар қуролга айланиб қолишади, яъни автомат қўндоғидан тутиб, тепкини босиш учун, ўлиш ва ўлдириш учун жангга сочиб юборилган қурол.
Мен ҳам қурол эдимми?.. албатта... Мен қурол эдим, урушнинг қўлидаги одамлар ясаган қурол эдим, холос. Темир қуроллар дош беролмаган жанглардан омон чиқдим, кўзларим қотиб қолди, юрагимнинг борлигини унутиб қўйдим. Танклар ёнди, замбараклар портлади, самолётлар қулади — урушнингюраги ачишди, аммо мен йиқилдим, мен йиғладим, мен ўлиб-тирилдим — урушнинг раҳми келмади... Мен шунда ўзимнинг кўзларим, юрагим, қўл-оёқларим борлигига — одам эканлигимга, нафас олаётганимга ишонмай қўйдим.
Анави Қўчқор урушнинг қўлида эрмак бўлганинм, таҳқирланганини, гуноҳлари оёғидан осмонга етиб қолганини фаҳмлай олмаяпти. У бир куни, худди мана шундай пайтлари ўз юрагини ўзи еб, тўлғонишидап бехабар. Ҳаммаси учун қийналиши, ўз ёғида қоврилишидан огоҳ бўлганда эди, ўзини отиб ўлдирарди ё эсидан оғиб қоларди... Ҳеч ким ҳеч қачон урушдан қайтиб келмаган.
Мен чекаяпман, нариги хонада ўғлим, хотиним дам олаяпти. Улар мени ўша куни жангдан қайтаётиб бахтли санаган, оёқ узатиб ухлаётган одамлар... Бошпанангиз бахтсиз бўлган бахтли одамлар, нега мен сиздан узилиб қолдим. Уруш менинг ҳаётимда қачон тугайди? Наҳотки... 

VI

Шўравини роса савалашаяпти. Тоғ тепасида яхшилаб ўрнашиб олган душман сайҳонликда мўрмалахдай гизилган ҳарбий техникаларга қарата тинимсиз ўт очмоқда. Танк БМП-2 ва БТРларнинг олов пуркаб тинимсиз ишлаши ҳам уларнинг шаштини пасайтиролмайди. Осмон қарсиллаб ёрилиб кетаётгандай. Ер ўз ўқидан чиққудек алпозда зириллайди. Беихтиёр гужанак бўлиб оласан. Тишларинг ғижирлайди. Қўрқувдаи кимларнидир бўралаб сўкасан, ич-ичингдан мувозанатингни сақлаб турган кўринмас иплар таранглаша бошлайди. Ўзингни зўрға босиб турасан бироздан сўнг аъзойи баданинг тир тўзғаб, манови кўкка совурилаётгаи тупроқ, тошлар синиғига қўшилиб кетишинг ҳеч гап эмас. Сен тупроқдан ҳам юмшоқлигинг, тошлардан қаттиқроқ ва яна тоғлардек собитроқлигингни унута бошлайсан. Гангиган алпозда дуч келган томонга ўт очасан. Ҳарсанг панасида бекиниб, ёнаётган дунёга лаънатлар ўқийсан...
— Қўчқор, тур ўзингни тут. Сен барибир бу жангда ўлмайсан.
— Қаердан келдинг, яхшиси кет. Кўриб турибсан-ку! Ҳаммаёқни дабдала қилишаяпти...
— Ҳозир қуёш чиқади, ухлай, олмаяпман, жигар. Барибир сенинг олдингга қайтишдан бўлак чорам колмади. 
— Оилам ширин уйқуда. Бу ерда кун ботаяпти. Сен қайтишинг керак. Мен ўзимни зўрға эплай олсам гургайди. Қара, ҳар ким ўзига ўзи ортиқчалик қилаяпти.
Нариги, иккинчи ротадан бир аскар оғир яраланди. Ерга ётиб олди, дод солаяпти... Осмондан юракни тарс ёриб снарядлар ёрилаяпти. Атрофда бақир-чақир. Қўчқор ўкинч билан жароҳатланган аскарга қараб қўйди. Унинг манглайидаги ажинларни бемалол санаса бўларди. Юзи негадир кўкариб кетган. Техникалар аскарлар ўлаётган, яраланаётган нишабликдан 100—150 қадам пастда жойлашган. Тепадан бемалол нишон олаётган ҳимоячилар шўравининг кунига маймунлар йиғлаётгадан тобора авжга чиқишмоқда. Қўчқор янада тош панасига қапишиб олди, у ҳар гал ёнидан ўқ учиб ўтса, тўлғониб қўярди. Ҳар бир ўқ, ҳар бир портлаш даставвал унга тегиб, уни тилкалайди. Лаҳзалар йиллардан кўпрок чўзилиб ўтаяпти. Шунинг учун ҳам урушнинг бир куни инсон умридан ўн баробар узунроқ, узоқроқ давом этади. Қўчқорнинг ҳаётида, ҳали 19 баҳорни қаршилаш илинжида турган шўрпешона йигит ҳаётида эса қорайиб ўтган бундай кундузларни олдинда яна қанчаси кутиб тургани ёлғиз худога маълум эди. Уруш юқумли касалликка ўхшайди, инсон ирқида оқаётган қонни бузади, унинг кейинги кунларининг барини зимистонга айлантиради. Қон кўрган, ўлдирган, қурол тутган одамнинг фарзанди томирида ҳам урушнинг даҳшатли воқеалар асорати туфайли қолган ёвузлик оқиши муқаррар. Урушга кирган кишиларнинг авлодлари руҳида йиллар ўтиб қирғин-баротга мойиллик сезилади. Шафқатсизлик қон суриши ҳақиқат.
Агар одамзод ҳайвон ўлдирмаганда, қушларни отмаганда, балиқ тутмаганда, гўшт емаганда эди (қонни кўрмаганда эди) бунчалик бир-бирини ғажиламаган бўлар эди. Табиатан одамнинг қотилликка ўтиши унинг жониворлар гўштини истеъмол қилган кунидан бошланган.
Манови лаънати қонга ўч урушларнинг ҳам бошига кун тугмасди, агар шундай бўлмаганда.
...Мен яна хаёлга чалғиб кетдим. Нималар бўлаяпти ўзи? Ҳозир Қўчқор взвод командири Ермилиннинг темир парчаси юлиб кетган қўлига қараб, эсанкираб қолгандир. Ермилин тоғу тошни ларзага солиб чинқирганди, ўзини жон ўхмида ҳар ёққа урганди. Бир пастда тинчиди бояқиш. Гимнастёркаси қип-қизил қонга бўялган, тирсагининг юқорисидан чўрт узилган озғин қўли иккига бўлиш учун синдирилган, аммо қайсидир пайрахаси тутиб турган бурчак шаклидаги заранг таёққа ўхшаб қолганди...
...Қўчқор эгилиб унинг танасини замбилда кўтариб бораётганда, бу бемақсад жанг ниҳоясига етдими ё ҳали ҳам давом этаяптими, англай олмай гарангсир эди. Дарвоқе, Ермилин ёруғ олам билан хайрлашганда, у жон талвасасида харсангга бекиниб ётганди. Ярим соатлар (ярим аср)дан сўнг, барибир уриниш беҳудалигини англаган, боши елкасида турган ҳарб арконларидан бири буйруқ берган шекилли, жангчилар оғир техникалар олдига туша бошлашди. Бу жанг тугаганидан дарак эди. Қўчқор Ермилинни пастда, тиббиёт бўлинмаси жойлашган нуқтада кўрди, Уни замбилда оқ чойшабга ўраб қўйишибди. Фақатгина юзи очиқ... Худди устидан оқ чойшаб тортиб ухлаётган одамга ўхшайди. Мен ўша кўпи Ермилдин ярадорга, ҳушсиз одамга айланиб қолишини истардим.
Қўчқор, жигар, кўп ботаяяпти. Сен ўз командиринг ўлигини кўтариб, унсиз йиғлаб бораяпсан. Тиззаларинг қалтираб қадам ташлаяпсан. Сен ўзингни тирик қолганлигингга ишонч ҳосил қилиш учун танангга оғирлик қилаётган бошингни кўтариб, атрофга зўрға қараб қўясан. Салобатли тоғлар, осмон ва яна худди ўзинг каби ўлик-тиригини англай олмай чайқалиб бораётган аскарлар, қуролларнинг темир нимчаларга тегиб тақиллаши, сувдонларнинг чайқалиши кўнглингда баттар лоҳаслик уйғотади. Атрофдаги совуқ маизарани идрок қилаётганинг сари жангдагидан кўра аянчлироқ аҳволга тушаяпсан... Яхшиямки, жанг пайти ҳеч нарсани идрок қилмайсан... Йўқса, сен ўзингни ич-ичингдан талаб еб-битирардинг. Азобларнинг бари урушдан кейин бошланади... Бир соат, бир кун, бир йил, ўн йил ва бутун ҳаётинг давомида, ҳатто қабргача ярим қадам қолганда ҳам Сен ҳозиргина ўққа учган кимнингдир ўлигини кўтариб кетаётган бўласан. 
Қўчқор, жигар, сен ҳали менга қараганда бахтлироқ одамсан. Гарчанд олов ичидан, даҳшат комидан минг бир азоблар чиғириғидан вайрон бўлиб чиқсанг-да, сен ҳозир менга ачинсанг арзийди. Урушда юрган одамдан кўра урушдан қайтган одамга қийин бўлади. Ичкиликка муккасидан кетган одам кўнгли тусаган кезлар нақадар аянчли аҳволга тушади. У барибир, бу дунёни ўша бир шишага алмаштириб юборади. Фаҳшни ёқтирган одамдан жиркангандан кўра, ўша фаҳшнинг домидан чиқиб кетиш азоблигини англасак кифоя. Уруш ҳам худди шунақа, унинг қопқонига тушганлар бир умр ўлжага айланиб қолади. Урушдан ярадор, соғ-омон, асир бўлиб қайтмайдилар, балки бир умр азоб чекиб юрадилар.


VII

Тонг, ёришди. Учинчи қават деразасини ланг очиб охирги сигаретани чекаяпман. Заминнинг туғлари — тераклар кўкка санчилган куйи, шитирлаб турибди. Олис осмоннинг бурчи қип-қизил. Қон тирқираб отилган. Худди у ёқларда жанг бўлаётгандай. Осмон яраланган. Салқин шабада олислардан уруш ҳидини — ўлакса сукунатнинг бағрида яширинган қўрқувни олиб келади... Орадан жуда кўплаб тонглар отгандай... Мен яна аввалдек бўлиб ўтган ёки ҳали яна кўп тонглар отиши билан юз бериши мумкин кунларни кўраяпман. Мен тушунолмаяпман, мен қачон урушга борганман, ё қачон урушга бораман. Нега вақт ўтган, тонглар отган сайин мен учун уруш бошланаверади? Умуман, мен ўзимни қаердан топишим керак? Уруш тугаганига фалон йил бўлдими, ё бошланишига шунча вақт қолдими?
Ўғлим йиғлаяпти. Уйғонди. Эшик очилди. Хотиним ётоқхонани йиғиштираяпти. У ҳам менинг бу савдойи кайфиятим, аҳволимдан тўйиб кетган кўринади. Тўғриси, мен уларга қандай шароит яратиб бераяпман. Ўз дардим гирдобида уларни ҳам бир куни ғарқ қилиб юбормасайдим. Уруш энди менинг тонгларимни ҳам юлқиб олаяпти. Кечаларим, кундузларим аллақачон урушники бўлиб кетган.


VIII

Тоғ ортидан кўтарилган қуюқ қирмизтус манзара осмонга ёйилиб кетаяпти. Кенглик бағрида қизғиш ранг тобора хира тортиб, мовийлашиб бормоқда... Чайқалиб бораётган усти ёпиқ “Урал” машинам Қобул шаҳрининг тор кўчаларидан бирида унга бурилди. Мен брезент матодаги туйнукдан бошимни чиқариб атрофга қарадим... Кўчада одамлар сийрак. Айрим дўконларнинг очиқ эшиклари олдида мудраб ўтирган, бир-бириникидан айтарли фарқ қилмайдиган кийим кийган одамлар бизни совуқ нигоҳ билан кузатишади... Маши­на бирортасининг дўкони ёнидан ўтаётиб секинлашса, шўрлик дўкондор талвасага тушиб қолади. Қўрқиб кетганидан тавозе билан таъзим қилади. Тонгу шом ваҳима ичида яшаётган халқнинг шўравини кўрарга кўзи йўқ эди. Мана бугун ҳам, эрта тонгдан шаҳардан ўтаётган машинани кўрган афғонларнинг ботинан нафратлар ўқиётгани, имконини топиб гумдон қилиш пайтида туришганини билиб турардик. Менинг назаримда афғонлар чап қўлидаги болтани орқасига яшириб, ўнг қўлини саломга чўзишарди. Улар бурилишингни пойлаб туришади, бурилдингми, тамом — тос-тубангдан болта тушади. Лекин бундай усулни қўлласалар, улар­ни мунофиқ, манфур, хиёнаткор, хоин деб аташ ноўрин. Умуман, биз — ҳаммамиз, шўро армияси Афғонистон­да ҳар қандай ўлимга лойиқмиз. Бизни худо кечирмайди. Бу гуноҳлар бежавоб қолмайди...
Машина Қобул четидаги хароба уйларни оралаб ўтаётганда кўнглим алланечук бўлиб кетди. Бу кулбаларнинг эгалари қаерларга кетишдийкин?.. Қўпорилган уйлар, қулаган деворлар... Ҳатто баъзи харобаларда кўрпа-тўшак, сандиқ, жавонлар, девор синиқлари остидан кўриниб турибди. Аёлларнинг кийим кечаклари кўзга ташланади... Айрим деворларнинг ўпирилган қисмида дераза ва эшиклар бус бутун қолган... Қишлоқ яқинда вайрон қилинганда ўхшайди. Артиллерии ўққа тутган. Йўқса, бунчалик ағдар-тўнтар бўлиб кетмасди... Уйларнинг айримлари ҳали ҳам тутаб ётибди...


*     *     *

Қўчқор, сен хаёлингга ҳам келтирмовдинг. Ўша хароба уйлардан бири Сеники эди... Ўтган куни Сенинг болалигинг кечган тупроқли кўчалар, Сенга қадрдон, юрагингга сингиб кетган энг гўзал манзаралар, қишлоғингнинг пахсадан тикланган пастқам уйлари, толлар, тераклар, боғлар ҳаммаси яксон қилинди. Бомбалар остида қолди... Энди бор-йўғи — ҳувиллаган хароба. Яхшилаб қара, нақадар аянчли. Боққанинг сайин юзларинг тиришиб бораяпти. Кўраяпсанми, анови Сенинг уйинг, тутаяпти, анави ярим қулаб, ичкарисидан тутун кўтарилаётган уй — қўшнинг Ўтаган муаллимингники, берироқдаги оғилхона — Раҳмонкул бобонгники.
— Бу ердагилар (...) қаёққа кетишди? Қани... одамлар... қани... даҳшат... йўқ бу менинг уйим эмас, менинг қишлоғимга ухшаркан... фақат...
Худди сенинг уйинг бу. Қара, ана, харобалар ичидан олти укангни эргаштириб ота-онанг чиқиб ке­лаяпти. Уввос солиб йиғлаётганлар — ҳамқишлоқларинг. Фақат уларни кўрмаяпсан. Йиғи овозини эшитаяпсанми?
— Ҳа, эшитаяпман.
— Ота-онанг, уларга эргашиб келаётган укаларингни-чи...
— Энди кўраяпман, танияпман, Қўчқор...
— Ўзингни тут жигар, ҳали бундан даҳшатлироқ воқеалар содир бўлади.
— Айт, наҳотки уларни...
— Ҳа, уларни ўзинг, мен, ҳаммамиз хонавайрои қилдик. 
Отам мени ҳарбийга кузатаётгандаги кийимда... Эски куйлак, оддий шим... оёғида бир томонга қийшайган ботинка... Боши ҳам... Энг кенжа укам Азимжонни опичлаб олган... Отамнинг гавдасидан барибир куч ёғилади... Одамларнинг деворини тиклаб, мардикорлик билан бола боқаётган Отамга мен болалигимдан ачиниб улғайганман. Отамга ҳамиша менинг раҳмим келган.
Кўз олдимда қуюқ туман пайдо бўлаяпти. Энди ҳеч нарсани кўрмаяпман. Отам қани, қани онам... дилдираган жигарларим қаерда? Уларни ким хонавайрон қил­ди... Ким?! Ким?! Ким?! Эй худо, бу қандай кўргулик?! Менинг ўтлар ичида қолган оғаларим, тиртўзғиган, чангдай учган жигаргўшаларим, бевақт ёнганларим — зор қақшаган, чирқиллаган полапонларим, бунча мен­га термулмасангиз, бунча мени таъқиб этмасангиз... кўзларингиз бунча ўткир... мени қийнаманглар, мени бунча азобламанглар...
Кунлар ўтаверди...  Мен ўша, хароба бўлиб кетган қишлоқдан ўтганимдан сўнг энг оғир азоб — оёқда тик турган куйи, кўзларим очиқ ҳолда юрсам-да, алаҳсираш касалига йўлиқдим. Агар қўшин бир қишлоқни вайрон қилса, ёхуд олдиндан яксонланган қишлоқларни оралаб ўтаётсак, ичкаридан, қўпорилган бинолар, вайрона иморатлар, орасидан ота-онам укаларимни эргаштириб чиқиб келаверарди. Атрофдан юракни лохас қилувчи йиғи, — қий-чув эшитиларди. Уруш — бу менинг кўз ўнгимда култепага айланган қишлоқ ва хонавайрон бўлган ота-онам, укаларим ва ҳамқишлоқларимнинг ўз-ўзига гиря айтувидир, йўқловидир. Урушда мен хонавайрон бўлдим. Бутун инсоният сингари ўзимни йўқотиб қўйдим... Мен бир пайтлардаги Қўчқорни жангга ташлаб келдим. Тамом, энди у ҳеч қачон қайтиб келмайди... Энди у бугунги Қўчқорга тинчлик бермайди, ўз ёнига чорлайверади, баъзан уни ўзи билан олиб кетади. Кунларим айқаш-уйқаш гоҳ хотира, гоҳ бугуннинг измида кечаётган Қўчқорнинг юраги — бутун танаси иккига бўлиниб кетган. У Сизнинг орангизда, айни пайтда урушда яшаши мумкин. Агар уни бирор кун ахтариб тополмасангиз у уруш­да жанг қилаётган, ё карахт аҳволда, ажал ва ҳаёт оралиғида гарангсиб, ўзини ўлимга чоғлаётган бўлади... 


IX

Ишхонада шоир Рустам Мусулмон билан суҳбатлашаяпмиз. У менинг кеча қораланганларимни ўқиб у ер-бу ерига хулоса ясади... Мен ёш шоир ва  ва адабиётчига ёзганларим маъқул келганлигини пайқадим. Рустам афғон урушида қатнашганларнинг ҳаммаси унинг фожиасини англаганларида англаганларида эди, дунёни уларнинг оҳ-воҳлари тутиб кетарди, деди.
—   Дўст Сизга чинданам қийин — деди у.
— Ҳамма қатори... бир меп урушга борганманми?
— Сизга шунинг учун ҳам қийинки, фожиаки сиз ёза биласиз... Уруш ҳақида ёзишга маҳкумсиз. Энди Сизни бошқа бирор мавзу чалғитолмайди. Ёзиб овунасиз. Бу ўша урушга кирган пайтдагидан ўн баробар оғирроқдир. Эслаш даҳшат нарсаларнинг яраларн юракдан сира ҳам кетмайди.
Мен дўстимнинг гапларида сунъий таптапаворлик кўрмадим. У менинг юрагимдаги оғриқли ҳақиқатни гапираётибди.
— Рустам...
— Эшитаман, дўст...
— Ёзиш азоб... ёзмаслик ундан ҳам азоб. Рустам жим қолди. Қўлёзмани давомини кўздан кечира бошлади. — Ора-сира жиринглаган қўнғироқларга ҳам эътибор бермайди... Бир маҳал, орадан ҳеч вақт ўтмай у кириб келди. Худди эрталабкидай қуролини елкасига осиб олган, бошида шлемофон... уст-боши кир-чир. Эзғин аҳволда босиб-босиб тутатаяпти. Кўзлари мунгли. У ҳозир Файзиободга урушга кетаяпти. Бугун число... 1987 йил. Ҳа, худди шу пайт у Файзиобод йўлида қуршовда қолади. Унга қараб туриб йиғлагим келаяпти. Э менинг жигарим, ёш бошинг билан ҳали шундай мусибатларни кўрасан. Эҳ менинг қадрдоним... Сен топ-тоза эдинг. Ке, бағримга босай жи­гар... Мен Сени тез-тез соғиниб қолаяпман... жигар, чида энди, сенга раҳмим келгани учун бироз йиглаяпман, сен... яхши боласан Қўчқор... Уруш бизни шу куйга солиб ташлади... Ҳаммасига минг лаънат, Қўчқор. Ҳа, урушнинг...
— У кўзларидан ҳам тошиб менга термулиб турибди. Бориб бағримга тортай десам, ич-ичимдан тўкилаяпман. Мадорим йўқ. Мени уни шунчалик соғинаяпманки, ботинимдан олов хуруж қилиб, юрагим гурсиллаб кетаяпти. Мен ҳозир ҳеч жойга сиғмай қолаяпман.
— Жигар, ўзингга эҳтиёт бўл. Мени десант ўзингни асра...
— Ҳечкиси йўқ. Пешонада борини кўрамиз. Қўчқор, биз кеч соат учда Файзиободда бўламиз. Ҳозир йўлдамиз. Баъзида отиб туришибди. Мен нима кўрган бўлсам, кундаликка ёзиб кетаяпман.
— Ҳаммасини қайтадан бошланиши, бир куни яна бари такрорланиши, сарғайиб қолган тамакиранг қоғоздаги хотираларни китоб қилиб ёзишинг учун керак бўлади... Ўзингни ўзинг азоблашинг учун заруратдир бу.
— Мен кетаяпман... Сени соғингандим. Майли, омон-эсон юр.
— Майли жигар... Кўп чекмагин... Урушдан кейин ҳам “яшашинг” керак...
— ...
У хона ичида пайдо бўлган оқ туман ичида кўринмай қолди. Гўё ҳозир оппоқ нурга айланди-ю хонадаги ҳамма нарса — шкаф, стол-стул, эшик, девор, китоб жовони ва қоғозларга сингиб кетгандай... Унинг кўзла­ри, ғамгин юзи қароқларимда ўрнашиб қолди...
— Дуруст, дўст... Файзиободдаги жанг лавҳасини даҳшатли тасвирлабсиз. Уруш азоби вақт ўтган сайин инсон руҳиятида кучайиб боради... бу — ҳақиқатни барча уруш ҳақида ёзадиган ёзувчилар исботлашган, — деди Рустам сокин қиёфада.
— Сиз ўқиган бўлимни мен жанг пайти ёзганман. Ннмани кўрган, қандай ҳолатда турган бўлсам, шун­дай қилиб қоғозга туширганман.
Рустам жим, қоғозга тикилиб сигарет тортаяпти. Рустам барибир қаршисида мен йўқлигимдан бехабар. Рустам, Сенинг ҳузурингда мана шу хотира дафтар қолган холос. Қаршингдаги Мен, ўриндиқда ўтириб сигарет тутатаётганим ёлғон. Мен урушдаман, дўст. Сенинг адабиётдаги ҳеч қанақа изоҳингнинг зарурати бўлмайди, менинг урушдан қайтиб келмаётганимга... Мен ўзимнинг ичимдаман, дўст, Қўй, яхшиси менинг ёзганларим, тасвирларим ҳақида гапирма!..
Рустам ўрнидан қўзғалди. Мен — айни дам Файзиободда, атрофи тоғлар билан ўралган қишлоққа кираверишдаги кўчаларнинг бирида, қўрқувдан титраб ўлимимни кутаяпман. Ҳар тарафдан чийиллаб снарядлар учаяпти. Йўл тақалган олддаги тепаликка қочиб чиқаётган тинч аҳолини катта сержант Ахумик пулемё'г билан битталаб ер тишлатаяпти. Сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетган. Боғлар ёнаяпти, уйлар қулаяпти, тинч халқ қирилаяпти. Самолётлар бомба ташлашдан эринмайди. Шундай ваҳимали қарсиллашу портлашлардан тентаксираб қолсан. Назаримда рўпарамдаги юксак тоғлар уруш яна озгина давом этса ўрнидан қўзғалиб кетадигандай, қулайдигандай. Ҳаво ўқ ва бомбалар тафтидан қизиб кетган. Порох ҳиди димоқни ёради... Мен бошимни кўтлролмайман.
Кўзим олдида онам пайдо бўлди... Бошида гарди рўмол. Онам менга мададга келди. Онам мени асрайди... Онажон, мени кечиринг. Сизни кўп қийнадим. Кунларингиз заҳар-заққум бўлиб кечаётганига мен айбдорман. Онажон ёрдам беринг, асранг мени, жон Она...
...Мени ҳамиша, ҳар бир жангда мунис, жигарпора Онам асраган. Агар менга Онам олислардан қўл кўрсатмаганда, тепамга келиб турмаганда, менга отилган ҳар бир ўққа кўксини тутмаганда, ёлворишларим, чорлашларимни эшитмаганда ўлиб кетардим. Бироқ волидаи улуғимнинг урушларга чорлаган, овораи сарсон қилган мен мана шу мисраларни ёзаётган кун қадрдон халоскоримнинг, онамнинг неча ёшга кирганларини билолмайман. Мен 19-20 да уруш кўргандим. Ўшанда онам 37 ёшда эди. Бугун менинг ёшим номаълум, онам эса неча бор 37 дан ўтди, фақат ўзи билади. Фарзандлардан олдин оналар кексаядилар...
Она сочларингизга қиров тушибди. Менинг ҳам бошимга оқ оралади. Она, мен ҳамма одамлардан кўра кўпрок яшадим. Она, бироқ Сиз мендан кўра юз баробар кўп нарсани кўрдингиз, Она — Сиз эрта кексайдингиз. Она, Сизни урушларга эргаштириб кетган до­им ўзи билан бирга олиб юрган ўғлингизни кечиринг...


X

Бу кеча ҳам хона чироқларини ўчирмадим... Уйқум келмаяпти. Умуман мен ҳеч қачон ухламаганман. Бу кеча ўзим жангдан келаман... Эртага ҳам, индинга ҳам, ҳар кун менинг ҳаётим бир зайлда ўтади. Мен ўзимни Сизнинг орангизда юрганимга, ҳаммангиз қатори ҳаётингиздаги ташвишлар билан ўралашиб, умр кечираётганимгада ишонмайман. Мен йўқман, фақат битта Қўчқор бор. Урушларда қолиб кетган Қўчқор. У ҳар куни ҳузуримга келади.

ХУН


Менинг уйимга ҳар кеча танк кириб келади...

... Сенинг уйингга ҳар доим мен кириб бораман.


Мен ёзишга чоғланганимда соат тунги бирдан йигирма дақиқа ўтганди. Одатдагидай у ташқаридан қайтиб келди. Ҳаво анча совуқ эди. Куз ёмғири эзиб
 ёғади. Айрим уйғоқ хонадонлар даричасидан таралган хира ёғду, ҳаводан чирик хазон ҳидининг анқиши унинг юрагини баттар ғаш қилди. У шаҳарнинг марказий
 кўчаси бўйлаб кетган йўлакда узоқ тентигач, ёзиш керак деган уйга борди. Ёмғирпўши ёқасини кўтариб, чўнтагидан папирос чиқазиб чарсиллатиб гугурт ёқди... Шаҳдам қадамлар билан “артистлар ётоқхонаси” (ўзи яшаётган жойни шундай дейди)га қайтди. Ётоқ гуноҳу савобини бўйнига олиб донг қотиб ухларди. Саккизинчи қават йўлагидан тасур-тусур қилиб хонага кирди. Соат,тунги бирдан йигирма дақиқа ўтганди. У ёзишга чоғланди... Майли, у ёзаверсин. Унинг кўзида тонг отади энди... Биз эса, азизим, бугунги бўлиб ўтган воқеага қайтамиз.
...Соат ўн бирда келдинг... 
Сен сўзсиз қараб турдинг... 
Мен сўзсиз қотиб турдим... 
Сен журналинглар яхши чиқаяпти дединг 
Мен балким дедим.
— Ишлар қалай?
— Кетаяпти.
— Нималар қилаяпсиз?
— Ҳеч нарса.
— Мана, олиб келдим, қиссангизни — елим халтачангдан қўлёзмаларни олиб узатдинг.
Мен ҳеч нарса демадим. Сен давом этдинг.
 — Умуман, яхши. Яхши ёзилган.
— ...
— Сизга чинданам кқийин, — дединг ерга қараб.
— ...Уйдагилар яхшими?    
— Ёмонмас... Мен Сизга бир нарса айтмоқчийдим, агар кўнглингизга олмасангиз.., — бир оз жим турдинг, кейин, — энди бошқа мавзуда ҳам ёзишга уриниб кўринг. Ишонаман, Сиз бошқа нарсалар ҳақида ҳам чиройли ёзаоласиз. Масалан, муҳаббат, болалик... шунга ўхшаш тушунчалар ҳам бор-ку ҳаётда. Ҳа, шунақа гаплар...
— Мен гўзал ҳаёт тўғрисида ёзиб кўрмаганман-да. Келинг адабиётдан четлашайлик.
— Э, йўўқ. Мен фикримни тугатай. Фақат зулмат, йўқ зулмат эмас, нима десамийкии, ҳа, ҳалиги, фожеа, ўлим, даҳшат, уруш, қўрқинчли воқеалар ҳақида ҳикоя қилавериш, дунёни фақат совуқ қилиб тасвирлаш совуқ қилиб тасвирлаш билан ҳеч нарса ютиб бўлмайди. 
— Кимдир ютқазса нимаси ёмон.
— Мана кўрдингизми, Сизнинг миянгизда писимистик қараш ўрнашиб қолган. Бу ҳамма ёзганларингизда сезилаб туради. 
— Мен оптимистман.
— Тўғридир, лекин совуқ манзаралар, ўлим, кишининг этини музлатадиган қўполдан қўпол диологлар, хуллас мусибатнипг сувратини беришга интилиш, кечирасиз, ўқувчининг асабига тегиши мумкин.
— Бўпти, бундан кейин ёзмайман.
— Ёзинг. Фақат уруш ҳақидамас.
— Одам ўзини алдайоладими?
— Йўқ.
— Демак, бошқаларни ҳам ғирт... кечирасиз ноқулай-ку!
— Адабиёт — бу санъат!
— Шу билан бирга ҳаёт. Мен ўзим ҳақимда ёзаётиб бошқалар ҳақида ёзган бўлишим керак. Хемингуэйни ўқигансиз-ку.
— Хемингуэй унчалик ёқмайди. Қанакадир совуқроқ...
Мен Сенга бошқа ҳеч нарса демадим... Сен узоқ гапирдинг. Гапларини тушунмадим. Мен ўзимни зулумотда чоҳга қулаган йўловчидай ҳис қилдим. Қизиқ, нега шу пайтгача Сенинг ёзувчилигинг, руҳиятинг мени қизиқтирмади? Умуман, Сени нега кутдим, ўзи? Мен бугун мутлоқ иккита қутб эканлигимизни тушундим — биз бошқа одамлармиз.
Очиғи, менга раҳмингиз келиши, оналар каби бошимни силаб эркалатишга мойиллигинг борлиги боис шундай муносабатда бўлишингни пайқагач, ўзимни шу қадар ожиз сездимки, ҳатто ички бир ғашлик уйғонди. Нима, мен ёш боламанми?.. Яхши ёки ёмон ёзишим сени қизиқтиришини истамасдим. Мен энага эмас, туну кун руҳиятимни банд этган, танк ва самолёт, портлашларни четга суриб хаёлимга бостириб кирган бир санамни сабрсизлик билан кутаётгандим. Икки йилдан бери мен Сенга қаттиқ боғланиб қолгандим.
— Тушунинг фақат мен Сизга ёрдам беролайман. Ҳаётни бунчалик фожега айлантирманг. Ишонинг Сиз иродалисиз. Агар бунга ишонмаганимдайди ўзимни қийнаб ўтирмасдим.
— Нега ўзингизни қийнаяпсиз?..
— Сиз карахтсиз. Одамлар ичига қайтинг. Бу кетишда кўп нарсани йўқотасиз.
— Тушунмадим.
— Мени кечиринг... дилингизни огғритдим. Бугун барибир айтишим керак эди. Мен яхши кўраман Сиз­ни... Одамларнинг шафқатига зормассиз Сиз.., — овозинг қалтираб чиқди. — Одамлар Сизни тасвирлаётган, ўзингиз иштирок этган даҳшатлардан ижирғанишади. Эй худойим, бунчалик жирканч ўйинлари бор-а, ҳаётнинг. Мен ҳар ҳолда адабиётни тушунаман... Ле­кин, лекин, одам ўлдирганингиз, ваҳшийликлар ҳақида ҳикоя қилишнинг нима кераги бор... Одам ўз қотиллигини ёзиши мумкинми?
— Ҳа.
— Бош чайқаб, орқага тирсалдинг. Юзингда афсус-надомат белгиси зоҳир эди.
— Энди шу кетишда ёзавериб, ҳаётни давом эттираман деб ўйлайсизми?
— Ҳа, нима, ҳаёт тўхтаб қоладими?..
Оғир уф тортиб, бўшашдинг. Назаримда мунғайиб қолгандай эдинг.
— Кўрасиз, ёзганларингиз шуҳрат топмайди... 
Мен нечоғлик ўзимни босишга урунмай, гапларингни назарга илмасликка ҳаракат қилмай, бу бемаъни суҳбатга чек қўйиш керак эди.
...Сен кетдинг. Ташқарида ёмғир ёғарди... Хазон тўшалган йўлакдан тез-тез қадам ташлаб кетишингни саккизинчи қават деразасидан кузатиб турардим... Мен ўзимни тутолмай йиғлардим. Мен тағин бир ўрганиб қолган одамимни йўқотганим учун хўрлигим келиб йиғлаяпман.
...Ташқарида ёмғир шитирлайди. У устма-уст папи­рос тортиб столга мук тушган кўйи ёзиб ўтирибди. Гоҳ сўниқ кўзларини деворга қадаб жим қолади, гоҳ қўнишиб олиб ёзишга тушади. Хона ичкарисини тамаки тутуни қоплаган. Бундай эзғинди қиёфада ўтириб ишлаш ўзига мароқли туюлаяпти чамаси, бармоқлари орасидаги “Прима”ни лабига тез тез олиб боради, чўзиб тутун чиқаради. Кулдон вазифасини ўтовчи пиёла тамаки қолдиқларига тўлган. Хонада ҳамма нарса тартибсиз, коса-товоқ, кийим кечакларнинг аралаш-қуралаш бў­либ сочилиб ётибди. Фақатгина девордаги уч қават қилиб осилган узун осма жавонда китоблар дид билан терилган.
Унинг кўзларида ёш ғилтиллади. Сўл қўлини чеккасига тираб телбанамо бўлиб ўтирибди. Девордан ёшли кўзларини ололмай, қўли билан стол устидаги сигаретни  пайпаслаб топди-да, лабига қистирди. Хазин нигоҳини тағин қоғозга тикди.
...Ойдин тун қўйнида қорайиб кўринган тепаликда икки шарпа липиллаб ўтди. Кейин яна иккитаси... Бироздан сўнг тағин икки шарпа енгил ҳаракат билан ҳандаққа тушди. Ихраган овоз эшитилди. Қоровуллар ҳандақда уйқуга кетганини сезган душман уларни овозисиз, абжирлик билан қўлга олди. Оёқ-қўли танғилган иккала аскарни ҳандақдан судраб чиқишди-да, тепаликнинг орқа тарафига олиб ўтишди. Тепаликнинг ҳандақ жойлашган томонида — сайҳонликда биринчи ўқчи взводи орқага қайтишга тайёрланаётган эди. Яшил мушак кўкка отилиши билан қоровуллар тушиб боришлари керак эди... Энди қоровуллар тушолмайди-лар...
Душман Жалол билан Виталийни сўқмоқ бўйлаб қишлоқнинг бошланишидаги харобалардан бирига олиб кирди. Қўл-оёғини ечишди, Жалолнинг темир нимчасига осилган каскани олиб, шу яқин ўртадан сув келтирди. Галма-гал иккаласининг бошидан қуйди. Қўрқувдан нафасларини ичига ютиб тахта бўлиб қол­ган иккала аскар хансирар, беихтиёр инғиллаб қўйишарди. Улар тепасида турган узун кўйлак-иштин кийиб олган олтита дух[7]ни кўргач талвасага тушиб қолишди. Виталий деворни пайпаслаб эмгаклаб қоча бошлади. Орқасидан тушган оғир зарбдан бели қийшайиб кетди. Оғриқнинг зўридан инграб йиқилди. Жалол чўккалаб олиб қимир этмай ўтирарди. Эси кирарли-чиқарли, дармони қуриб борарди.
Кўкда тўлин ой туриб қолгандай. Атроф сутдай ёpyғ. Душман алланималар деб ғудуллашди... Икковини ҳам деворга тираб қўл-оёғини яна танғиб боғладилар. Жалол жон уҳмида ерга таппа ташлади-да йиғлаб бақира бошлади:
— Ўлдирманглар! Ўлдирманглар! Мен мусулмон! Мен мусулмон, — у душман оёғи остида тўлғонар, қалтираб зор қақшарди... — алҳамдуллоҳ мусулмон, аз.
Рўпарада автомат ушлаб турган душман унинг оғзига тепиб юборди. Чалқанча ўгирилган Жалол изиллаб йиғларди.
— Онажон! Онажон... Ўлдирмасинлар. Ўлдирманг­лар!!!
Анчагача гунгу кар қотиб турган Виталий чўккалаб олиб ялиниб ёлворди.
Я не шурави, я дўст... Я бахшиш. Не убивайте... Не убивайте мне. Я некого нестрялял.
Икки душман уни елкасидан маҳкам тутди. Учинчиси автомати милига ўрнатилган шомполни суғуриб унга яқинлашди. Оёқ-қўли танғиб боғланган Виталий харчанд урунмасин душманнинг чайир ва озғин қўлларидан юлқиниб чиқолмади. Ҳалиги, шомполни қўлига олган дух унга яқинлашиб келди-да, шомполни унинг қулоғига тиқиб, автомат қўндоғи билан иккинчи учидан зарб билан урди. Виталий бир силтаниб ерга кундадай ағанади. Оғзидан қуюқ ва қора қон сизди. Сўнгра, мурданинг шимини ечдилар-да олотини кесиб олиб, ёнига қўйдилар. Бу ёвуз ижро ҳансираб, ўқчиётган Жалолнинг кўз ўнгида бажарилди.
Виталийни тинчитган учала духдан бири кичик жуссани “ялангбош” хароба бурчига — тепалик тарафга кузатиш учун чаққонлик билан чопиб борди. Қулаган девор панасида атрофга аланглаб, бирор ҳадик йўқлигига ишонди чоғи, шерикларига ўгрилди. Мурда тепасида чўққайиб олиб ер титаётган икки душман бир зумда унга қараб қолишди. Кузатувчи, ҳеч ким йўқ, ишорасини қилиб қўлини ҳаволатди. Шериклар бараварига уни қўли билан имладилар. Ялангбош девор олдида энгашди. Нимадир тақирлади. У аллақандай қопни кўтариб шериклари олдига зипиллаб келди. Ше­риклар қопни сабрсизлик билан очдилар-да, учта тўнкарилган товоқсимон нарсани олдилар. Ҳатто “тўнкарилган товоқ”нинг ўртасидан чиқиб турган тиқин ҳам ой ёруғида алайна кўриниб турарди... Ялангбош чўнқайиб олиб учала “товоқ” нинг ҳам “тиқин”ини бураб, нималардир қилди. Шериклар мурда атрофига учала “товоқ”ни ҳам кўмиб қўйдилар.
Жалол ҳолсизланиб йиқилди... Жалолнинг тепасида турган душманлардан бири уни ёнбош қилиб ётқизди-да, биқинидан пичоғини суғирди. Пичоқ тиғи ярқираб кўриндн. Қўрқувдан мутлоқ хаёлоти бўлиб қолган йигитнииг кўзлари олайиб кетди.
Виталийни саранжом қилганлар девор панасидан тепаликни кузатиб туришди. Улардан бири буёқдагилар — хароба ўртасидагиларга “пишинг”[8] деб қўйди. 
Пичоқ ялтилларди. Оёқ-қўли чандиб боғланган Жалол ҳарсиллаб тўлғонди. У ётган жойида бошини ўнгу сўлга ташлаб бақира бошлади. Тепасида энгашаётган духнинг совуқ тиржайиши жонини суғуриб олгандай бўлди. Дух бандининг манглайидан қаттиқ босиб орқага итарди. Шериклари эса оғир, лорсиллаб-лорсиллаб, талвасага тушаётган йигитнинг танасини маҳкамроқ ушладилар.
— Аллоҳу акбар! — душман пичоқни жуда қисқа лаҳзада ҳаволатиб омин ўқиди-да, Жалолнинг бўғзига тортди. Пихиллаган овоз эшитилди. Духнинг билагига иссиқ қон сачради. Йигитнинг калласи сўлга оқди. Унинг тили чиқиб қолганди. Душман қорачиғи орқага тортиб кетган каллага бироз қараб турди-да, чиқиб қолган тилни кесиб олди.
...Улар сўқмоқ бўйлаб қишлоқ томонга югуриб кетишаётган маҳал, кўкка яшил мушак отилди. Тепалик жим эди. Кўп ўтмади, сайҳонликдан яна яшил мушак учди. Техникалар кетишга шай ҳолда саф тортган. Взвод икки аскарнинг тепаликдан қайтишини кутаяпти. Қисм командири алоқа орқали йўлга тушишга рухсат берди — взвод белгиланган жойда разведкачилар би­лан учрашади, сўнг қишлоқнинг жануб томонидан ай­ланиб қисмга қўшилади,
Тепалик сеҳрлангандай... жим эди.  Пастдагилар “уйқуга чўмган” қоровулларни энасини ахтариб, кетма-кет огоҳлантирувчи ўқ уздилар.
— Бу қандай отишма буўлди, тағин? — сўради қишлоқ, четида разведкачилар билан бирга ҳимояда турган комбат алоқа орқали.
— Ҳаммаси жойида. Ҳозир йўлга тушиш олдидан нуқтадаги қаламлар[9]ни  чақираяпмиз, — жавоб  қилди взвод.
— Қаламларни таёқ[10] билан чақириш  керакми? Балки улар ухлашаётгандир, — зардаси тошди баталион командирининг.
— Асло! Ҳозир тушишади, кейин.., — комбат ало­қани узиб қўйди, бошқа эшитмади, — хо, онангни.., — сўкинди қулоғидан алоқа қурилмасини олаётиб взвод командири Ермилен.
Тепаликка юборилган олти аскар қоровулларни топишолмади... Ермилен довдираб қолди... Взводга ваҳм оралади. Машиналар устига чиқиб мудраётган аскар­лар тағин ҳандақларга беркинишди — ҳимояда туришди. Ермилен “иккита қалам”нинг изсиз йўқолганини комбатга маълум қилди. Комбатнинг фиғони фалакни тутди.
— Топасан! Беш минут вақт ичида топасан! Йўқ-са...й тебе награда, — деди у чийиллаб.
Ермиленни ҳаяжон босди. Нима қилиш керак. Агар бирор нарса ундириш илинжида қишлоққа киришган бўлса, мушак отилди, кўришгандир... тез қайтишади. Қишлоқда душман зоти йўқ, ҳаммаси қари-қартанг, аёллар ва болалар... Бемалол юришгандир. Ермилен ўз ўйларини ҳақиқатга айланишини истарди.

— Мушак отинглар, — буюрди у.

Ҳавони кетма-кет шиғиллаган овоз тутиб, кўкда яшил мушаклар порлади. Энди қишлоқ четида, комбат жойлашган тарафда ҳам мушаклар отилаверди. Орадан ўн дақиқа ўтди ҳамки, аскарлардан дарак бўлмади... Ермилен ҳеч бир ўзгариш йўқлигини айтди Комбатга. Майор унга заҳрини сочди, — шундай сўкдики, лейтенантнинг бадани жунжикиб кетди. Қисм командири алоқада Комбатни онасини фалон қилди. Охир-оқибат армия қўмондони дивизия командирига қишлоқни ўққа тутишни, қандай қилиб бўлмасин йўқолганларни ўлик ё тиригини топиб ҳисобот бериш        ни буюрди.
Артиллерия ишга киришди. Қишлоқ аҳли кутилмаган бало-қазонинг ичида қолди. Гумбурлаган портлашлар, снарядларнинг олов пуркаб ёрилиши ҳамда локмондай темир парчаларининг ҳар томонга визиллаб учиши қиёмат-қойимнинг ўзгинаси эди. Пастқам кулбаларнинг том ва деворлари қулаб тушар, атрофни қий-чув, дод-фарёд тутганди. Одамлар даҳшат ёмғири ичида қолишганди гўё. Пана-пастқамга беркиниб олишнинг сираям чораси йўқ. Қишлоқни артиллерия элакдан ўтказаётганди. Бироздан сўнг ҳар тарафдан мўлжалга олиб ўт очаётган тўплар ҳамда ураганларнинг уни ўчди. Одатдагидай қисмнинг разведкачи ва пиёдалар қишлоққа оралади, беркинди...
...Взвод қишлоқ чеккасидан айланиб изга қайтаётганда Ермилен аскарларга харобани текшириб кўришни буюрди. Ичкаридан ҳаллослаб югуриб чиққан аскарнинг жони бўғзига тиқилиб қолганди.
— Шу ерда! Икковиниям ўлиги ётибди, ўртоқ лей­тенант, аскар ҳансирар эди, ўлдиришибди.
Взвод ичкарига кирди. Аянчли аҳволда ётган мурдаларнинг ёнига ҳеч ким юрак ютиб яқинлашолмасди. Вазиятни сезган Ермилен “томошабин”ларга ўшқирди.
— Нима учун қараб турибсанлар. Олиб чиқинглар.
Жалолни уч ўзбек аскари бориб кўтаришди. Лейте­нант ёнига иккита аскарни олиб Виталийнинг тепасига келди. Улар мурдани кўтаришгани ҳамона атроф бир­дан ёришиб ваҳимали портлаш эшитилди. Миналаштирилган жасад ҳамда уч жангчи одам бўйи баробар кўтарилиб тушди. Ичак-чавоғи чиқиб қолган Ермилен шу заҳоти жон таслим қилди. Аскарларнинг бирини икки оёғи узилиб тушган, қип-қизил қонга бўялган юзига қараб бўлмасди. У аҳён-аҳёнда оғзини очар, жон беролмай қийналарди. Қон унинг атрофида ҳалқоб бўлиб қолганди. Учинчи жангчининг икки оёғи ажралиб кетган, шими почасидан шовуллаб қон сизарди. У тамом бўлган эди.
Тонг пайти... Жасадларни машинага жойлашди... Баталион тағин қишлоқни оралаб юриш қилди...
...У... бошини қўллари орасига олиб турди-да, кўзларини чирт юмди. Ваҳмли сукунат. Юрагинг тарс ёрилай дейди... Эзғинди алфозда ўрнидан қўзғолди.
 Ётоқ дсразасида ёмғир сизарди. Ташқари зим-зиё тун.Чўнтагидан папирос олиб чекди. Хона ўртасида тик турар, бошининг зир қақшаб оғриётганига чидай олмасди. У... хонанинг сувоқлари кўчаётган деворига ғижиниб қаради. Шаҳд билан стол ёнига келиб ҳалиги қўлёзмани майда-майда қилиб йиртиб ташлади. Боши ғувуллаб, юзи чўғдай қизиб юрарди. Ухлашга қанчалик урунмасин барибир хаёлида турли хил манзаралар намоён бўлар, у турли-туман воқеаларнинг айқаш уйқаш тасвирини ажратиб ололмасди.
Эшик тақиллагандай бўлди. У ўрнидан туришга қанча урунмасин зил-замбил бошини кўтаролмади. Нимадир гурилларди. Кўзларини очиб қаради. Кенг майдон... Унга танк яқинлашиб келарди. У ўрнидан туриб қочмоқчи бўлди. Бироқ танк унга жудаям яқинлашиб қолди. У аниқ кўрди — танк устида оппок афғон аёли либосида Сен ўтирибсан. Қўлингда бир тутам қоғоз — ҳозиргина йиртиб ташланган ҳикоянинг қўлёзмаси. У қимирлай олмасди. Танк ғилдирагига кийдирилган тимсоҳ терисига монанд занжирнинг даҳшат­ли айланиши уни эзғилаб ташлашини ҳис қилиб қўлларини кўтариб бақира бошлади.
...Танк унинг дастлаб оёғидан босди... кейин... У жони борича бақириб ўрнидан туриб кетди. Эшик устма-уст тақиллади... У эшикни очиши ҳамона тахта бўлиб қолди. Остонада, Ермилен, Жалол, Виталий ҳамда минага учган икки йигит туришибди — аскарларнинг ички оқ кийимида... Қўл-оёғи увишиб кетди. Эшикка суяниб йиғлайберди. Уларнинг қарашлари сокин ва беозор, юзларидан нур ёғиларди гўё. Улар бир зумда ғойиб бўлишди. Тағин гур-гурлаган овоз эшитилди. Ётоқ йўлагида қип-қизил — қонга ботириб олинган кичкина танкчалар саф тортиб келишарди. Танкчалар — ўйинчоққа ўхшамасди, ичида одамиям бор. У эшикни ёпиб, стол панасига бекиниб олди. Танкчалар эшикни ўчириб киришди... Ҳаммаси хона ўртасида тизилишди. Уларнинг миллари столга тўғирланган эди... У кўзларини чирт юмиб бақира бошлади... Ҳозир танкчалар ўт очишини, тилка-пораси чиқиб кетишини ўйлаб, баданини жиққа тер босди. У қанча пайт бақирганини билмайди, — кўзини очиб қараса, хонада қонга беланган чақалоқлар эмгаклаб юришарди...
Кейин у ўзига келолмади... Анчага довур ҳеч нимани англай олмай ётди...
...Қўрқа-писа кўзларини очганда эса дераза ойнасидан бир парча осмон кўриниб турарди. Худога шукр тонг отибди. Ёмғир ҳам тинибди. У ўрнидан тураётиб лабига учуқ тошиб кетганини сезди. Илкис столга қаради: Кеча ёкиб юборган қўлёзма тахланиб турарди. У стол ёнига югуриб келди.
Қўлёзманинг ўчирилган, чизилган, тузатилган жойлари ҳам аввалгидай. У ҳикояни қўлига олди — унинг тагида кечаги — ёниб тамом бўлган қўлёзманинг кули ётарди. Кулга теккан бармоқлари қоп-қора доғ бўлди. У жигарранг плашини эгнига илиб, ҳикояни қўйнига солди.
Унга ҳаво етишмаётгандай эди. У кеча танкчалар ўрмалаган йўлак бўйлаб оёғи ocтига қарамай тез-тез юриб лифт тугмасини босди. Ҳаво намхуш ва тоза эди. 
Тонгги кўчаларни тўлдириб кетаётган бахтли одамлар орасида мен телбанамо бўлиб, кечаги рўй берган воқеалар исканжасидан қутулолмай борардим. Дастлаб Сен ишхонамга келдинг... кейин... кетдинг... Мен уйга қайтдим... Тунги соат биру йигирмада ёзишга тушдим... Кейин... кейин... Миямда оғриқ турди. Хазонларга қоришиқ йўлакларда тунги ёмғирдан сўнг кўлмакчалар пайдо бўлган эди. Мен то сенинг уйингга етгунга қадар ҳеч нарсани эслай олмадим. Фақат ҳикояни ёққанимни биламан. Унда манови қўйнимдаги нима? Мен қўлёзмани яна бир марта қўйнимга қўл солиб ушлаб кўрдим.
Қўнғироқ тугмасини узоқ босдим.
— Ким у?
— Мен...
— Сиз?! — қия очилган остонада ҳайрон қараб турардинг, — киринг, ичкарига. Тинчликми?
— Мен кеча ҳикоя ёздим, — Сенга қўлёзмани узатдим, — олинг жуда чарчадим... Шуни бериб кетай девдим. 
Ажмбсиниб қарадинг.
— Шунинг учун... Уф, бу кетишда... ахир..,  —   юзингда ачиниш ҳисси зоҳир бўлди.
Меи ҳеч нима демай орқамга бурилдим. Зинапоядан пастга тушгунимча ортимдан қараб турганингни ҳис қилдим. Катта йўлга туташ йўлак четидаги ўриндиққа бориб ўтирдим. Негадир ҳолсизлигимданми ё бошқа бир сабаб бўлибми, бир қадам ҳам юргим келмасди — оёғим тортмаётгандай ҳеч қаерга...
Бошқа чора йўқ, дедим, нега, нима учун шу ўйга келганимни билмайман. Ниманинг чораси, қандай чо­ра... Мен ўрнимдан турдим... зинапоядан, худди ўз уйимга бораётгандай кўтарилдим. Қўнғироғинг тугма­сини босдим. Худди шуни кутиб ўтирган каби эшикни дарров очдинг.
— Келинг,.. — 
— Келдим... Энди Сизникида қоламан...
— Сен тош қотиб турардинг... Тилинг калимага келмай қолди. Мен бош эгдим...
— Сизга нима бўлди, — дединг... ниҳоят.
— Қўрқаяпман!
Бироз довдирадинг,.. сўнг рангинг оқарди ва ниҳоят йиғлаб юбординг.

[1]. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти.
[2] . Афғон аскарлари.
[3]. Маҳфий ном, яъни душман (пароль).
[4]. Маҳфий номлар (пароль).
[5]. Ҳарбдан бўшатилувчилар
[6]. Сиёсий ишлар бўйича қисм командири ўринбосари.
[7]. Дух — душман
[8]. Пишинг — тезроқ, тез бўл маъносида.
[9]. Нуқтадаги қаламлар — тепаликдаги қоровуллар.
[10]. Таёқ — қурол, қуролдан ўқ отиб.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот