Нафиса тошойна рўпарасида ўтирганча рўмолини ечди. Қоп-қора сочларини ёйиб тарай бошлади. Рўмолчаси билан кўзлари атрофидаги сурма юқини артди. Юзидаги пардоз бўёқларини ювиб ташласада у чиройли эди. Ухлашга шай бўлгач чироқни ўчириб, тунги чироқни ёқиб, деразадан ташқарига разм солди. Ҳовли қоп-қоронғу, қайнона-қайнотаси, овсинининг ҳам чироқлари ўчирилган. Сигарет чекиб келаман деганча чиқиб кетган эри Акбар ҳовлида кўринмади. Нафиса соатнинг ўн бирга қараб кетаётганини кўриб ухлашга ётди. “Бирпасда саҳар бўлиб қолади. Ҳовлиларни супуришим керак, хамир қоришим керак” деганча ухлаб қолди. Эрталаб уйғонганида кун ёришиб қолган, Акбар унга орқа ўгирганча қотиб ухларди.
Нафиса эрталабки юмушларини бажариб бўлиб ётоққа қайтиб кирди.
– Акбар ака туринг, ишга кечга қоласиз, - деди эрининг елкасидан охиста туртиб.
– Яна бир оз ётай, ўзим тураман, - деди Акбар.
Нафиса уйдан ҳовлига чиққан Акбарнинг ҳар доимгидан ўзгача кийиниб олганига, қўлидаги йўл сумкасига қараб ажабланди.
– Тинчликми, нега сафарга кетаётган одамга ўхшаб сумка кўтариб олдиз?
– Ростан сафарга кетяпман, - деди Акбар оёқ кийимини кияркан.
– Қанақа сафар Акбар ака? – Нафиса кўзларини жавдиратиб тикилди. -Тўйимизга хали бир ой ҳам бўлмаган бўлса, ишхонангиз чиллалик куёвни сафарга юборадими?
– Жа ғалати гапларни гапирасанда Нафиса. Ишхона чилла-пиллани биладими? Вазифам шу, биласан-ку масъулиятли лавозимдаман, бормасам бўлмайди. Бор-йўғи уч кунга кетяпман.
Акбар кетганидан кейин Нафисанинг кўнгли ҳувиллаб, ёлғизланиб қолгандек сезди ўзини. Қайнонасининг меҳрибонлик билан “ҳадеб ғивир-сивир қилаверманг, уй иши тугамайди, бир пас дам олинг, ичкарига кириб мизғиб олинг” дейишига қарамай вақтни ўтказиш учун кун бўйи юмуш билан овора бўлди. Бошқа пайтлари “тезроқ кеч бўлсайди, ухлаб олсайдим” дерди. Негадир эри йўқлигига уйқуси ҳам ўчиб кетди.
Эрининг кетганига икки кун бўлди. Нафиса соат милларини саҳарга тўғрилаб, энди ёстиққа бош қўйганди ҳамки қўл телефони жиринглаб қолди. “Акбар акам бўлса керак” деб шошганича рақамига қарамай тугмасини босди.
– Ало, Акбар ака!
– Нафиса, бу мен Шохидаман, – дугонасининг жарангдор овози янгради.
– Шохида? Ўзингмисан дугонажон, яхшимисан? – Нафиса дугонасининг овозини эшитиб уни ҳам соғинганини ҳис қилди. – Яхшиям қўнғироқ қилдинг. Бир ўзим зерикиб ўтиргандим.
– Нафиса узр, кечаси бўлса ҳам қўнғироқ қилавердим.
– Йўқ-йўқ, овозингни эшитиб хурсанд бўлиб кетдим.
– Нафиса, сенга бир гапни айтиш учун қўнғироқ қиляпман. Тўғри, кайфиятинг тушиб кетади, лекин буни билмасанг бўлмайди, – Шохиданинг овози жиддийлашди.
– Нима экан тинчликми?
– Бугун шаҳарга тушгандим. Кўчада эринг билан Севарани кўриб қолдим. Яхшиямки улар мени пайқашмади.
– Ҳа, Акбар акам кеча ишхонасидан шаҳарга кетганди. Севара ҳам шаҳарда эканми?
– Нафиса, Севарани Акбар билан бирга кўрдим. Улар худди севишганлардек бир-бирларига чирмовуқдек ёпишиб кетишаётганди. Ўзи Севарани енгилтак қизлигини билардиму, лекин ўз дугонасининг кўзига чўп суқишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Шохиданинг шоша-пиша гапирган гапларини тингларкан Нафисанинг борган сари юрак уриши секинлашиб борарди.
– Ало Нафиса, мени эшитяпсанми?!.. – Шохиданинг овози янада олислаб кетди.
Бироздан кейин Нафиса ўзини қўлга олиб, қайтадан Шохидага қўнғироқ қилди.
– Шохида, кўрганларинг аниқми? Балки ўхшатгандирсан?
– Ўлай агар, иккаласини ҳам отнинг қашқасидек танийман-ку! Агар сени яхши кўрмаганимда, сенга ачинмаганимда менга нима деб кетаверган бўлардим. Гапларимга ишонмасанг бориб, ўз кўзинг билан кўр!
– Катта шаҳар бўлса, уларни қаердан учратиб, қаердан топаман?
– Мен уларнинг ортидан пойладим. Биласан-ку, мактабда ҳам изқуварлик қилиб юрардим. Шунчалик жаҳлим чиқиб кетганидан ортларидан пойладим. Эрингни Қўйлиқда уйи борлигини билармидинг?
– Йўқ, билмасдим. – деди Нафиса йиғидан овози қалтираб. – Шохида, сендан ўтиниб сўрайман, менга ўша уй манзилини айт, ўз кўзим билан бориб кўришим керак.
Эрталаб Нафиса супада қайнонаси билан чой ичиб ўтираркан, асабдан бармоқлари, лаблари титраганча чой ичишга қийналарди. Буни сезган қайнонаси Нафисага тикилиб қаради.
– Қизим, мазангиз бўлмаяптими? Рангингиз кетиб қолибди, нимадан сиқиляпсиз?
– Йўғ-е ойижон, – Нафиса йиғлаб юбормаслик учун ўзини қўлга олди. – шунчаки иштаҳам йўқ, кечаси яхши ухлолмадим, – деди қайнонасидан нигоҳларини олиб қочаркан.
– Қизим, хойнахон сизга кўз теккан бўлиши керак. Тунов куни бозордан келаётсам қўшни аёллар сиз ҳақингизда гапириб туришган экан. Мени кўриб бирам сизни мақташди, бирам мақташди... Ўшанда, ишқилиб келинимга кўз тегмасин деган хавотир хаёлимдан ўтганди-я...
– Ойижон, - қайнонасининг мақтови, куюниб гапириши Нафисани дадиллантирди. – Майлими бугун уйимга бориб келсам. Ойим билан дадамни жуда соғиндим.
Қайнонаси майин жилмайганча Нафисанинг юзини силаб қўйди.
– Майли қизим, майли. Акбарим уйда йўқлигига ҳам зерикяпсиз шекилли. Эриз йўғида бориб келақолинг. Биратўла ойингиз билан бирон нафаси ўткир, яхши кинначига бориб кинна солдириб келинг, хўпми қизим.
Нафиса юмушларини тез-тез бажариб йўлга тушди. Автобусда шаҳарга, ундан Қўйлиққа боргунича ич-этини рашк, алам кемириб борди. Уч ой тинмай совчи қўйиб уйланган эрининг унга хиёнат қилишига ишонгиси келмас, лекин яқин дугонаси Шохиданинг ҳам алдаётганига ишониши қийин эди. Тезроқ ҳақиқатни ўз кўзи билан кўриш учун ўша манзилни топиб борди. Рўпарасидаги тўққиз қаватли уй ёнига келганида эса бояги шашти сусайди. Негадир ҳеч оёғи тортмас, “Қани энди Шохида адашган бўлса. Қандай қилиб бегона хонадонга кираман, нима деб кираман?” дерганча иккилана бошлади. Сўнг Шохидага қўнғироқ қилди.
– Шохида, мен ўша уйнинг тагида турибман. Негадир киришга юрагим бетламаяпти.
– Нимадан қўрқасан? Эрингнинг хиёнатини вақтида билганинг яхши эмасми. Эртага бир кун барибир биласан-ку. Ўзингни қўлга ол Нафиса, иккиланма! Қадрингни бил ўртоқжон!
Шохиданинг ундови Нафисага далда берди. “Нимадан уялишим, кимдан қўрқишим керак. Улар мендан уялсинлар, улар қўрқсинлар!” деганча юқорига дадил кўтарилди.
Эшик тепасидаги рақамга қаради. Миттигина қўнғироқни босмоқчи бўлдию, бармоқлари титрай бошлади. Шу дамда у ортига қайтиб кетишга ҳам тайёр эди. Лекин шунча йўл босиб нимага келганини ўйлаб бор алами билан тугмачани босди. Бироз ўтиб эшик қия очилиб, Севара кўринди. Нафиса диққат билан унга тикиларкан, у ҳам ҳайрат билан қотиб қолди.
– Нафиса?!
Одамнинг юзи иссиқ деганларидек Нафиса Севарани кўриб яна хаёлидан “Балки Шохида адашгандир, Севаранинг йигитини Акбар акамга ўхшатгандир” деган ўй ўтди. Шундай бўлсада таклифни кутмай ичкарига бостириб кирди. Креслода орқа ўгириб телевизор томоша қилиб турган эркакнинг ёнига умид билан яқинлашди. Уни кўрдию бор овози билан чинқириб юборди:
– Акбар ака!
Акбар сакраб ўрнидан тураркан довдираганидан ранги бўзарди.
– Нафиса... Нафиса... сенмисан? Сен қа-қаердан келиб қолдинг?
Нафисанинг бўғзига алам тиқилди. Гапиролмади, бор кучини тўплаб Акбарнинг юзига урди. Шундагина ўзида журъат топа олди.
– Хиёнаткор, ифлос, шу ниятинг бор экан нега менга уйландинг?!
– Нафиса, сенга ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман. Аввал кел, ўтиргин, – Акбар Нафисани ўтқазиш учун қўлидан тутди.
– Қўлингни ол ярамас! Ҳаром қўлларинг билан тегинма менга.
Нафиса йиғлаб юборишдан ўзини баъзўр утганча дарвоза томон отилди. Чиқиб кетатуриб ҳамон ҳайкалдек қотиб қолган Севаранинг кўзларига нафрат билан тикилди.
– Эҳ Севар, сенга нима ёмонлик қилгандим? Тўғрисини айт, алоқаларингиз қачондан бошланган?
– Тўйинглардан аввал, – деди Севара хотиржам, кўзларида шумлик пайдо бўлиб. – Биз бир-биримизни яхши кўрамиз. Агар Акбар акамнинг ота-онаси қарши бўлишмаганида биз аллазамон турмуш қурган бўлардик.
– Болаликдан дугонам эдинг-ку, нега аввалроқ айтмадинг, тўйни бузган бўлмасмидим?
– Сен бўлмасанг бошқаси тегарди, мен учун барибир эмасми кундошимнинг кимлиги.
Нафиса ўзини дунёдаги энг хўрланган, алданган аёлдек ҳис этди. Холсиз қадам ташлаганча лифтга кирди, тугмани босиб оғир хўрсинди. Ташқарига чиққанида ғира-шира қоронғу тушган, атрофда одам кўринмас, узоқдан оппоқ бўлиб кўприк кўзга ташланарди. Нафиса кўприкка қараб юра бошлади. Шу пайтда қўл телефони жиринглади.
– Ало, Нафиса! Нима бўлди? Улар уйда эканми? Кўрдингми уларни? Нега жимсан гапирсангчи Нафиса! – шоша-пиша гапирарди Шохида.
– Гумонинг ҳақ бўлиб чиқди. Уларни кўрдим, ўз кўзим билан кўрдим.
– Қўшниларини чақириб, шармандасини чиқармадингми?
– Йўқ.
– Нимага? Севарани боплаб дўппосламадингми?
– Йўқ.
– Нега? Индамай чиқиб келавердингми? Ўзинг ҳозир қаердасан?
– Билмайман, ҳеч нарсани кўрмаяпман, узоқда фақат кўприк турибди, ўшанга қараб кетяпман.
– Кўприк? Қанақа кўприк?
– Билмадим.
– Нафиса, ақлинг жойидамасга ўхшаяпти. Ўзингни қўлга ол эшитяпсанми? Уф... нега бирга бормадима, кўчада одамлардан сўра, бекат қаердалигини сўра Нафиса. Нега жимсан?
Нафисанинг оёқлари зирқирай бошлади. Юрган сари оғирлик қилар, қўл телефони ҳам оғирлашиб кетгандай қўлидан тушириб юборди. Ерга қаради, кўз олди жимирлаб, қоронғида ҳеч нарсани кўрмади. Ҳозир тўхтаб қолса кейин бутунлай юролмай қоладигандек кўприк томон кетаверди-кетаверди...
Қанча юрганини билмайди. Кузнинг изғирин шамоли юзларини ачиштира бошлади. Бир зум тўхтаб, “Қаердаман?” дея атрофга аланглади. Ақлу-ҳушини йиғиб оёғи остига тикилди. Шундагина кимсасиз жойдаги кўприк устида турганини билди. “Кеч бўлиб қолибди, тезроқ бекатга етиб олишим керак. Эй худо ишқилиб кўчада қолиб кетмай” деган хавотир билан шоша-пиша кўприк зинасидан туша бошлади. Шу пайт оёқлари ўзига бўйсунмай қайрилиб кетди. Қулоғи остида қарсиллаган овоз эшитилди, мувозанатини йўқотиб, ҳавода уча бошлади. Сўнг гуп этиб ерга йиқилдию, бутун танасида оғриқ пайдо бўлди.
***
Кечгача қайтмаган келинидан хавотир олган Муборак опа кўчага чиқиб ўтган-кетган йўловчи машиналарга қараб тураркан, зора Нафиса келиб қолса деб умидланди. Борган сари машиналар ҳам сийраклаша бошлади.
Ичкарида ухлаб ётган эрининг тепасига борди.
– Дадаси, Нафиса халиям қайтмади, - деди хавотирини яширмай.
– Қуданг ётиб қолавер деган бўлса қолаверганда, - деди эри Ниғмат ака уйқусираган овозда.
– Келиним ақлли, андишали, агар ётиб қоладиган бўлса албатта қўнғироқ қилиб огоҳлантирган бўларди.
Ниғмат ака хотининг бу гапидан сергак тортиб ўрнидан турди.
– Тўғри айтасан онаси, ўзинг қудангникига қўнғироқ қил-чи.
Муборак опа қудасининг рақамини терди.
– Ало қудажон, ассалом алайкум. Ҳа, менман, Худога шукр, яхши ўтирибмиз.
Узундан узоқ ҳол-ахвол сўрашгач Муборак опа мақсадга кўчди.
– Нафисахон ётиб қоладиган бўлдими? Келавермаганига хавотир олиб қилаётгандим.
Хотинининг қудаси билан гаплашаётганига қулоқ солиб ўтирган Ниғмат ака унинг “вой ўлмасам, ҳали уйга бормаганмиди?” деган бақириғини эшитиб шошиб қолди. Муборак опанинг қўлидан гўшак тушиб кетди, у ёқдан қудасининг хавотирли овози жаранглай бошлади.
Кўп ўтмай дарвозадан Нафисанинг ота-онаси ҳовлиққанча кириб келишди.
– Қизим уйга бормаган бўлса, бу ерга қайтмаган бўлса, унда қаерда бўлиши мумкин?! - деганча тинмай йиғларди Нафисанинг онаси.
– Балки бирон дугонасиникига кетганмикин? – Ниғмат аканинг гапидан ҳаммалари хушёр тортгандек бўлишди.
– Ие, ана хизрни йўқласак бўларкан, - Нафисанинг дадаси дарвоза олдида турган Шохидага пешвош чиқди. Шохида Нафисанинг уйга қайтмаганини эшитиб ҳушини йўқотаёзди. Сўнг бўлиб ўтган гап-сўзларни оқизмай-томизмай гапириб берди. Муборак опа юрагини чангаллаб ҳушидан кетди.
***
Нафиса икки ойдирки беморхонанинг шифтига тикилиб ётибди. Маълум бўлишича, ўшанда эски кўприкнинг зинасидан тушаётиб оёғи остидаги ёғоч синиб кетган, Нафиса зина оралиғидан пастликка йиқилиб тушганди. Эрталаб кўприкка яқин жойдаги қурилишга келган қурувчилар уни топиб олишган эди. “Тез ёрдам” машинаси Нафисани зудлик билан шаҳардаги касалхонага олиб борган ва оғир операциялар, муолажалардан сўнггина Нафиса ўзига келганди.
Жонлантириш бўлимидан палатага олиб чиқилганида анча ўзига келиб қолган, лекин оёқлари ҳаракатни сезмасди. Палатага ота-онаси, Шохида бирин-кетин кириб келишди. Улар Нафиса билан йиғлаб кўришишаркан, Нафиса Шохиданинг йиғидан қизариб кетган кўзларини кўриб унга ачинди.
– Шохида, дугонажон, ўзингни айблашни бас қил. Қайтанга биланим яхши бўлди.
– Кечир мени Нафиса, агар шунақа бўлишини билганимда... Нега айтдима, мени деб шу кўйга тушдинг, - деганча Шохида яна йиғлай бошлади.
– Йиғлама қизим, боламнинг пешонасида шу кўргуликлар бор эканки, содир бўпти. Боши омон қолганига, тирик қолганига шукр, – деди Нафисанинг дадаси қизининг кўнглини кўтаришга уриниб. – Энди бундан буёғига номард эрингни унут! Мана Шохида, энг яқин дугонанг, сирдошинг. Иккалангиз диллашинглар, бир-бирингизга эш бўлиб кўнглингизни кўтаринглар. Худо хохласа шу касалхонадан отдек бўлиб чиқиб кетсанг бўлди. Сени хафа қилдириб қўймаймиз, тўғри уйга олиб кетамиз.
– Ҳа болажоним, - эрининг гапини маъқуллади ойиси. – Худди қиз вақтингда бағримизда қандай ўйнаб-кулиб юрган бўлсанг яна ўша холингга қайтасан. Ишингга борасан, мана Шохида қизим билан яна дугона бўлиб маза қилиб юрасизлар. Э... бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи экан болажонларим. Одамнинг жонидан бошқаси бекор.
Дадаси билан ойиси ич-ичидан қизларига куюб, эзилишсада сиртларига чиқаришмас, иложи борича Нафисани кўнглини кўтаришга уринишарди. Уларнинг меҳрибончиликларидан Нафисанинг кўзларига ёш келди.
– Дада, ойи, энди сизлар бораверинглар. Мендан хавотир олманглар, мен яхшиман, - деди Нафиса жилмайиб. – Шохида, агар вақтинг бўлса бироз ёнимда қол.
– Вақтинг бўлса деганинг нимаси ўртоқжон! Мен бугун кечаси билан олдингда қолмоқчиман. Ҳайдасанг ҳам кетмайман.
Нафисанинг ота-онаси кетишгач дугоналар ёлғиз қолишди. Нафиса ўша кунги манзараларни Шохидага сўзлаб берди.
– Нафиса, Акбар нафақат хиёнаткор, у жудаям қўрқоқ экан. Умримда бундайин номард йигитни учратмаганман, – ўзининг ҳикоясини бошлади Шохида. – Қўл телефонинг жавоб беравермагач, юрагим нотинчликни сезиб уйингга югуриб бордим. Мен билан олдинма кейин Акбар ҳам кириб келди. Ўша вақтда сендан хавотир олганимдан кўз олдимдан нималар ўтмади дейсан. Яқинларингга ҳаммасини айтиб бердим. Қайнонанг яхши аёл экан, ўғлининг номардлигини кўтаролмади, ҳушидан кетди. Кейин даданглар милицияга борайлик, қизимни топиб беришади деди. Шунда Акбарнинг ахволини кўрсанг эди, оёғим тагига тиз чўкиб ялинишга тушди. Милицияга хабар берманглар, Нафисани ўзим топаман деб туриб олди. Кейин машинада Қўйлиқ атрофига бориб сени изладик, суриштирдик. Сен кўприк томон кетяпман деганингни эслаб ўша ердаги қурувчилардан сўрагандик, сени оғир аҳволда касалхонага олиб кетишганини айтишди. Ҳайрият операциядан эсон-омон чиққанингни эшитиб бир оз ўзимга келдим. Касалхонага кириб келаётганимизда Акбарга, агар Нафисага бир нарса бўлган бўлса сени соғ қўймайман деб қасам ичиб киргандим. Врач билан гаплашгунимча қарасам у йўқ, қўрққанидан қочиб кетибди, номард.
Нафисанинг кўнгли ғаш тортди, оёғидаги оғриқ яна азоб бера бошлади.
– Шохида илтимос, у ҳақда бошқа умуман гаплашмайлик. Унинг номини ҳам эшитишни истамайман, – ингради Нафиса.
Шохида ҳамширани чақириб келди. Оғриқ қолдирадиган укол таъсир қилгач яна суҳбатлашиб ўтиришди. Энди улар мактаб давридаги воқеаларни, беғубор ёшлик дамларини эслаб ўтиришди.
Муолажалар тугагач Нафисага жавоб берилди. Энди у қўлтиқтаёқ ёрдамида секин-аста юришни бошлади. Шохида Нафисанинг ота-онасига “Сизлар дастурхон тузаб азиз меҳмонни кутинглар. Уни ўзим олиб келаман” деб йўловчи машинада касалхонага йўл олди.
Ҳайдовчи ўттизларга кирган, истараликкина йигит Шохидани гапга солди.
– Йўл узоқ, қариндошингизни тумандаги шифохонага ётқизмаган экансиз-да?
– Касалхонадан чиқаётган одам менинг энг яқин дугонам бўлади, - деди Шохида.
– Дугонангизга нима қилганди?
Шохида ичидаги тўлиб турган аламларни касалхонага етиб боргунларича сўзлаб кетди.
– Бечора дугонангизга жабр бўлибди, - деди ҳайдовчи йигит етиб келишгач. – Сизга ҳам қойилман, дугонангизни оғир кунида ташлаб кетмабсиз.
– Кўприкдан йиқилиб, уч ой бемор бўлиб ётишида ахир менинг ҳам айбим катта. Ишқилиб оёқлари буткул тузалиб кетсин, бўлмаса ўзимни умр бўйи кечиролмайман.
Шохида тушиб кетаётганида ҳайдовчи кетишга иккиланиб қолди.
– Биласизми, шунча йил ҳайдовчилик қилиб бунақа аянчли тақдир ҳақида эшитмагандим. Менинг ҳам дугонангизга жуда раҳмим келяпти. Агар йўқ демасангиз сиз билан бирга уни касалхонадан олиб чиқсак.
Шохида суюниб кетди.
– Вой, жуда савоб иш қилган бўлардиз. Буюмлари ҳам йиғилиб қолганди. Ҳа, исмингиз нима, энди сиз билан дўст бўлиб қоларканмиз-да!
– Исмим Даврон.
Шохиданинг ортидан палатага кириб борган Даврон остонада тўхтаб қолди, хаёлга толганча ўтирган Нафисани кўриб юраги алланечук бўлиб кетди. У Нафисани юзлари жароҳат натижасида чандиқ бўлиб тикилган, ўзи кўримсиз бўлгани учун эрининг хиёнатига учраган аёл қиёфасида тасаввур қилганди. Лекин Нафисанинг чиройли қош-кўзлари, тиниқ юзларини кўриб қалбида ажиб ҳислар пайдо бўлди.
– Танишинглар, қиёматли дугонам Нафиса, бу эса менинг янги дўстим Даврон ака бўладилар. Дунёда иккита савобталаб инсон бўлса, шуларнинг биттаси, – деди Шохида қувноқ охангда.
– Қўйсангизчи, бу менинг ҳайдовчилик бурчим, – деди Даврон.
– Раҳмат сизга Даврон ака.
Нафисанинг синиқ овози, маъюс кўзлари Давронни янада унга боғлаб қўйди.
Йўлга тушишгач жимликни Шохиданинг қувноқ овози бузди.
– Даврон ака, келгунимизча мен гапириб келдим. Энди навбат сизга, – деди Нафисага қараб маъноли жилмаяркан.
– Нимани гапираман? – Даврон қизларнинг уни диққат билан тинглашга шай турганларидан ҳижолат бўлиб деди.
– Нимани гапирардиз, оилангиз қанақа, рафиқангиз ким, нечта фарзандингиз бор, рўзғор, қозон-товоқ дегандай...
– Менинг таржимаи холим мақталадиган даражада эмас, – гап бошлади Даврон жиддий, бироз ғамгин товушда. – Оддий ҳайдовчиман. Тошкент вилоятида туғилиб ўсганман. Оиламиз катта, саккиз фарзанднинг ўртанчасиман. Отам ёшлигимда вафот этган, онам эртаю кеч экин-тикинга, мол-холга қарарди. Сут соғиб сотиб, шунинг орқасидан бизларни улғайтирган. Мактабда аъло баҳоларга ўқирдим, институтга киришни орзу қилардим, лекин ишлашим, онамга рўзғорга қарашишим, акаларимнинг тўйига ёрдам беришим керак. Шунинг учун мактабни битиришим билан ҳайдовчиликка ўқидим. Мактаб даврида картошка, пиёз, сут сотиш билан шуғулланганман. Хуллас, уч нафар акамдан кейин уйланиш навбати менга келди. Онам “Бегонадан кўра ўзимизнинг қариндошни қизини олайлик. Бору-йўғимизга кўнади” деб амакимнинг неварасига уйлантирадиган бўлишди. Севги, муҳаббат ҳақидаги шеърий китобларни кўп ўқиганимгами жуда романтик эдим ёшлигимда. Бир неча кун ўзим севмаган қизга уйланаманми, муҳаббатсиз қандай яшайман деб қийналиб юрдим. Лекин онамнинг эрта оқарган, ажин босиб кетган юзларига ҳар қараганимда унга жуда ачиниб кетардим. Онам учун ҳам қариндошимизнинг қизига уйландим. Меҳр кўзда деганлари рост экан. Кунлар ўтгани сайин хотинимга меҳрим тушиб, унга боғланиб бордим. Акаларимнинг болалари кўпайгани сайин ҳовли торлик қила бошлади. Овсинлар бўлар-бўлмасга жанжаллашишар, ҳар бирлари уй-жойга эга бўлишга ҳаракат қилишарди. Эндигина кўнгил қўйиб ўрганаётган хотиним камбағаллигимни, ўзимнинг мустақил уй-жойим йўқлигини юзимга сола бошлади. Бир куни жанжаллардан тўйиб чойхонага бориб ўтирсам, ўша ерда беш-олтита йигитлар Россияда ҳайдовчиларга иш борлигини, яхши ҳақ тўланаётганини гапириб қолишди. Қизиқиб қолдим. Кейин мен ҳам уларга қўшилиб ишлашга кетдим. – Даврон бир муддат жимиб қолди, сигарет олиб тутатди.
– Хотиниз узоққа кетишизга қаршилик қилмадими? – сўради Шохида сабри чидамай.
– Биринчи сафар олти ойга кетдим. Хотиним юбормайман деб жанжал қилди. Мен унга кўпроқ пул ишлаб келмасам уй-жой қилолмаслигимни, эртага фарзандларимиз туғилса қийналиб қолишимизни тушунтирдим. Зўрға кўнди. Олти ойда рисқимга яраша пул топиб келдим. Аразлаганча кутиб олган хотиним олиб келган пулларимни кўриб чеҳраси очилди. Мана пул, билганингни қил деб ўзига топшириб қўйдим. Тўйимда тузукроқ нарса бермагансилар деб бир сидра кийим-кечак, тилла тақинчоқлар сотиб олди. Бу пулларни қийналиб топган бўлсамда хотиним хурсанд бўлақолсин деб индамадим. Икки ой дам олганимдан кейин яна кетдим. Шу тарзда ҳар олти ойда келиб бир-икки ой дам олиб яна кетадиган бўлдим. Беш йил умрим сарсон-саргардонликда ўтди. Билмаганлар одамлар чет элга бориб бир талай пул топиб келади деб ўйлашади. Лекин мусофир юртлардаги машаққатлар, қийинчиликлар, совуқда титраб-қақшаб меҳнат қилишлар, буни ўз кўзингиз билан кўрмагунингизча тасаввур этолмайсиз. Бора-бора соғлиғим ишдан чиқа бошлади. Аввалига ошқозон кетди, операция қилдирдим, кейин буйрагимни қаттиқ шамоллатиб қўйдим. Биргина онаизорим куйиб кетганидан “Болам, энди узоқларга кетма, буйрак билан ҳазиллашиб бўлмайди” деб кўз ёши қилди. Хотиним эса топган пулларимни совуриб юборгани майлия, шунча йил Россияда юриб нима орттирдингиз, битта каталакдек уй ҳам ололмадик деб жанжал кўтара бошлади. Сўнгги бор сафарга бориб келишга қарор қилдим. Шу сафаргисида топганимни маҳкам ушлаб, фақат уй оламан деб қасам ичдим. Олти ой эмас, бир йил ишлаб қайтиб келдим. Келсам хотиним кўч-кўронини кўтариб кетиб қолибди. Мен йўғимда бир эркак билан гап-сўз бўлибди. Маҳаллада бош кўтаролмай қолдим. Йиғиб келган пулларимга бир хонали уй олдимда ҳовлидан кўчиб кетдим. Ҳозир бир ўзим яшайман. Ҳаётимдан нолисам гуноҳ бўлар, эрталаб рулга ўтираман, кечгача одамлар билан биргаман. Кечқурун ҳувиллаган, хужрадек бўлсада, иссиқ бошпанамга бориб дам оламан.
– Ўртангларда фарзанд бўлмадими? – сўради Шохида таъсирланиб.
– Йўқ, фарзанд бўлмади. Бўлмагани ҳам яхши бўлган экан. Эркак кишининг хиёнатини кечирса бўлади. Лекин, онанинг гуноҳи фарзанд учун бир умрлик оғир тамға бўлиб қолади.
Ўртага жимлик чўкди. Ҳамма ўз хаёлига ғарқ бўлганди.
– Даврон ака, хафа бўлманг. Атрофингизда ота-онангиз бор, жигарлариз, уришқоқ бўлсада янгаларингиз кўп экан. Сиздек диёнатли, халол, меҳнаткаш одам барибир эртами кеч бахтли бўлиб кетади. Ҳали ҳаётиз олдинда, – деди Нафиса.
Бу тасаллидан Давроннинг кўнгли кўтарилди. “Айтганиз келсин” деганча кўзгудан Нафисага қараркан, унинг кўзидан оқиб тушаётган шашқатор ёшни кўриб ўзининг ҳам кўнгли бўшаб кетди.
Машина Нафисанинг дарвозаси тагига келиб тўхтади.
– Даврон ака, машинадан тушиш йўқ, – деди Шохида шошганча машинадан тушаркан – Ҳозир дарвозани очаман, машинани ҳовлига олиб кирасиз. Оғир кунимизда ёнимизда бўлдиз, энди яхши кунимизда ҳам бирга бўлинг-да!
Нафисанинг ота-онаси Давронни қайта-қайта дуо қилишди. Даврон ҳам меҳмонхона тўрида ўтираркан девордаги Нафисанинг ўн саккиз ёш пайтида тушган суратига ҳайрат билан тикилди. “Эҳ, ҳаёт бунчаям чигал бўлмаса... Шундай гўзал, кўзларидан ҳаё балқиб турган қиз бир номарднинг жуфти халоли бўлсаю, у эса қадрига етмай хиёнат қилса. Нега менга Нафисани эмас, ношукур, енгилтабиат аёлни раво кўрди тақдир?”. Давроннинг хаёлини Шохиданинг ташрифи бўлди. У лаганда ош олиб кирди, унинг ортидан Нафисанинг дадаси кириб келди.
– Сизларни безовта қилиб қўйдим, – деди Даврон.
– Ундай деманг меҳмон, анчадан бери бу хонадонда хурсандчилик бўлмаганди. Қизларимни эсон-омон олиб келганингиз учун сизга раҳмат. Қани ошга қаранг.
– Бошқалар-чи, - деди Даврон ошга қўл уришга ҳижолат бўлиб.
– Қизлар келинойингиз билан ичкарида ўтиришибди. – Шундай деркан Нафисанинг дадаси кўзига ёш олди. – Гулдай қизим бир номарднинг қўлида ўйинчоқ бўлди, хор бўлди.
– Ҳа... Қизингизни тақдиридан хабарим бор, Шохида айтиб берди.
– Шохида ҳам ўзимнинг қизимдек бўлиб қолган. Барака топгур жуда ажойиб қиз. Кўнгли тоза, ширинсўз, меҳрибон. Лекин негадир шундай яхши қизнинг бахти очилмаётганига ҳайронман.
Даврон ўнғайсизланди. Гўёки Нафисанинг дадаси Шоҳидани қўлини сўрашга ундаётгандек туюлди унга.
Орадан бир неча кун ўтгач Нафиса битта хасса ёрдамида кўчага чиқа бошлади.
– Қизим, хали ўзингга келмагандинг. Яна озгина сабр қил, – деди онаси куюниб.
Нафиса онасининг гап оҳангидан, уни кўчага чиқаргиси келмаётганидан ниманидир сезди.
– Ойи, кўнглингиздан ўтаётганларни биламан. Агар мен Акбарни учратиб қолсам яраси яна янгиланади деб ўйлаяпсиз-а? Лекин хавотир олманг, мен аввалги содда, ишонувчан қизингиз эмасман. Ақлу-хушим жойида, иродам шунчалар метинки, йўлимда учраб қолса уни танимай ўтиб кетишга кучим етади. Бундан ташқари Акбарга нисбатан қалбимда зиғирча ҳам илиқлик йўқ, ундан нафратланаман.
Нафиса хассасига таянганча кўчада кетиб бораркан, дўкон тарафдан келаётган бақир-чақирни эшитиб тўхтаб қолди. Дўкон эшигини оёғи билан тепиб очишга уринаётган маст эркакни аввалига танимади.
– Очларинг эшикни, очларинг! Ҳаммангни устидангдан арз қиламан!
Акбарнинг овозини таниб тўхтаб қолди. Унга тикилиброқ назар солди.
Акбарнинг соч-оқоллари ўсган, гандираклаб йиқилаверганидан кийимлари тупроққа беланганди. Шу пайт яна бир ажабтовур манзарадан ҳайрон бўлиб қолди. Қаердандир Севара пайдо бўлди. У Акбарни қўлтиғидан тутди, шанғиллаб бир нималар деганча судрай бошлади. Бу манзарани кўриб Нафисанинг бўғзига хўрлик тиқилди. Шу топда ҳар иккисининг хиёнатини буткул унутиб, уларнинг абгор қиёфасига жуда-жуда раҳми келиб кетди. Кечагина лавозимли ишда ишлаб, кўча-кўйда салобат билан юрадиган Акбарнинг пиёниста қиёфасига киришида, шўх-шаддод, олифта либослари қадди-бастини бўрттириб турадиган Севаранинг ёшига нисбатан анча кекса кўринишга эга бўлиб қолишига гўё ўзи сабабчидай ғалати аҳволга тушиб қолди.
Шу ернинг ўзидан тўғри Шохиданикига борди. Кўрганларини айтиб берди.
– Қайнонанг ўғлининг хиёнатини кўтаролмай, инфаркт бўлиб касалхонага тушиб қолгач, қайнотанг Акбарни оқ қилиб, уйдан ҳайдаб юборди. Акбарнинг борадиган жойи йўқ, яна Севара билан топишиб олишди. Анови Қўйлиқдаги уйи эса харом пуллари эвазига келган экан. Иши судга оширилиб, уйидан айрилди, ишидан ҳайдалди. Ҳозир Севаранинг ҳовлисида яшашяпти. Севаранинг онаси қари, қулоғи эшитмайди. Кўрганларинг ҳаммаси худонинг уларга кўрсатган жазоси.
– Шохида, мен уларни асло қарғамагандим, тушуняпсанми, қарғамагандим, – деди Нафиса ўкинч билан.
– Сен қарғамагансан, лекин энг олий ҳакам ҳаётнинг ўзи. Ўзи билади кимга қандай жазо беришни.
Шохида Нафисанинг олдига янаям яқинроқ сурилиб ўтирди.
– Биласанми дугонажон, ишхонамизда бир йигит бор. Тинмай совчиларини юборяпти.
– Вой ростанми? – Нафисанинг кўзларида қувонч порлади. – Ўзи қанақа йигит? Сенга ёқяптими?
– Яхши йигит-у, лекин сал бўшроқми-ей. Менга Даврон акадака йигитлар ёқади. Биласанми Нафиса, мен Даврон акани яхши кўриб қолган бўлсам керак. Юрган йўлимда уни ўйлаяпман, кечалари тушимга кириб чиқяпти.
– Йўғ-е, Даврон ака ҳақиқатдан ҳам севишга арзийдиган йигит. Шўрлик, қанча қийинчиликларни бошидан ўтказган.
– Шуни айтаман-да, аёлнинг, оиланинг қадрига етади. Ўзи ҳам келишган.
– Даврон ака менга ҳар куни қўнғироқ қиляпти. Агар истасанг бугун унга сенга уйланишини маслаҳат бераман.
– Йўғ-е, индама, тағин мени ўргатди деб ўйламасин. Менга қара, ахир у билан биринчи бўлиб мен дўстлашдим, нега менга бирон марта қўнғироқ қилмаяпти? – деди Шохида аразлаган охангда.
– Ие, халитдан қизғаняпсанми? Мен бетобман, шунинг учун ҳол-аҳволимни сўраяптида.
– Демак мен ҳам касал бўлишим керак экан-да.
– Қўй-е, унақа ёмон ният қилма. Ишқилиб менинг бахтимга сен ҳамиша соғ бўлгин дугонажон, – Нафиса Шохидани қучоқлади. – Сенсиз нима қилардим.
***
Даврон мусиқа тинглганча кроватда хаёлга толиб ётаркан Нафисанинг гоҳ гўзал жилмайишлари, гоҳ маюс бўлиб қолишларини кўз олдига келтирарди. У билан танишган кунидан бери халовати йўқ. Фақат Нафиса ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди. Илгарилари ёлғизликдан зерикиб ўзи йўловчиларни гапга солган бўлса, энди Нафисанинг хаёли билан рул бошқариб бораркан, йўловчилар савол берса, хаёлини бузгани учун асабийлашадиган бўлиб қолди.
Ҳозир ҳам уйқуси келавермади. Шу тобда кўнглидаги ширин дардини Нафисага айтишга қарор қилди. Унинг рақамига қўнғироқ қилдию, журъатсизлик қилиб ўчириб қўйди. Аввал Шохидадан маслаҳат олишга қарор қилди.
– Ало, Шохида...
Давроннинг овозини эшитиб Шохида севиниб кетди.
– Ассалом алайкум Даврон ака, бормисиз? Нега жим-жит бўлиб кетдиз?
– Юрибман, тирикчилик дегандай... Шохида, сиз билан маслаҳатлашадиган гапим бор эди.
Шохиданинг қалби янада ҳаяжонга тўлди.
– Қулоғим сизда Даврон ака.
– Менинг ўтмишимдан яхши хабардорсиз. Нафиса билан тақдиримиз бир-бирига жуда ўхшайди. Нима деб ўйлайсиз, агар Нафисанинг қўлини сўрасам у менга турмушга чиқишга рози бўлармикин?
Шохида гап тескарисига айланиб кетишини кутмаганди, жим бўлиб қолди.
– Ало Шохида, мени эшитяпсизми?
– Ҳа, эшитяпман Даврон ака. – Шохиданинг товуши титради. – Нафиса билан бахтли бўлишга кўзингиз етадими? Уни бахтли қила оласизми?
– Шохида, Нафисани илк кўрганимдаёқ кутганим, орзу қилган аёлимни учратганимни англаб етдим. Юрагимда пайдо бўлган ҳисларни сизга тушунтиришим қийин.
– Бўлди Даврон ака, тушунтиришингизнинг ҳожати йўқ, – деди Шохида ўзини йиғидан тийиб. – Овозингиздаги хаяжондан Нафисани яхши кўришингизни сезиб турибман.
– Шохида, раҳмат сизга, сиз хақиқатдан ҳам яхши дўст бўла олдингиз.
Шохида кўз ёшларини артиб, чуқур хўрсинди. Нафисанинг рақамларини тера бошлади. Банд. Бироздан кейин яна терди, яна банд.
Эрталабдан Нафисанинг ўзи қўнғироқ қилиб қолди.
– Даврон ака билан гаплашдингми? – сўради Шохида салом-алик қилишгач.
– Ҳа... ҳа, гаплашдим, – Нафисанинг узуқ-юлуқ сўзлашидан ниманидир яшираётгани сезилиб турарди. – Даврон акага сени дунёдаги энг яхши қиз эканингни, сендек қиз билан ҳар қандай йигит бахтли бўлишини айтдим.
– У нима деди? – сўради Шохида Нафисанинг ёлғон гапираётганини сезиб.
– Даврон ака ҳам сенга бефарқ эмас экан. Шохидадан сўраб кўринг, совчиларимни юборсам майлими, – деди.
– Ростдан шундай дедими?
– Ҳа...
– Алдамаяпсанми?
– Нега алдарканман дугонажон. Қани эди сен бахтли бўлсанг эди, сени кўриб мен ҳам суюнардим.
– Бўлмаса мен бироз ўйлаб кўрай. Кейин жавобини айтаман хўпми? – Шохида Нафисанинг гаплари чинми-ёлғонми билиш учун Давронга қўнғироқ қилди.
– Даврон ака, – деди Шохида ўзини қўлга олиб. – Нафиса билан гаплашдизми?
– Ҳа, Нафисага уни яхши кўриб қолганимни, менга турмушга чиқишини айтдим. Лекин у негадир жавоб бергиси келмади, фақат йиғлай бошлади. Кейин мен бир бахтсиз аёл бўлсам, ундан кўра Шохидага уйланинг, у сизни албатта бахтли қилади деса бўладими, – Давроннинг кулгуси эшитилди. – Мен унга, Шохида жудаям яхши қиз, лекин биз дўстмиз дедим. Сиз нима деб ўйлайсиз Шохида, Нафиса уялганидан рад этяптими таклифимни ёки мени истамаяптими?
Бу гаплардан Шохида ҳайрон бўлиб қолдида, тезда ўзини қўлга олди.
– Йўқ Даврон ака, Нафиса ҳам сизга бефарқ эмас. У фақат қаттиқ куйгани учун яна турмушга чиқишга чўчияпти. Хавотир олманг, у билан ўзим гаплашаман, – деди қатъий.
Шоҳида қўл телефонини ўчираркан хаёлга толиб қолди: “Даврон менгамас Нафисага кўнгил қўйибдида... Ҳар иккисининг ўтмиши бир-бирига ўхшаш, ҳар иккиси хиёнат қурбони бўлишган. Агар шу топда мен ўзимнинг кўнглимни ўйлаб, уларнинг ўртасига чақир тиканакдек туриб олсам бахтли бўла олармикинман? Яқин дугонамга кўнгил қўйган инсон билан қандай ҳаёт кечира оламан. Кеч бўлмасидан туриб ақлимни йиғиштириб олишим керак. Севимли ёр бўлолмасамда, ҳеч бўлмаганда севимли дўст бўлиб қолишим учун кўнглимга эмас, юрагимга қулоқ солишим керак”.
Шохида бор иродасини жамлаб Нафисага қўнғироқ қилди.
– Нафиса, – деди у овозига хушчақчақ тус бериб. – Сенга айтувдимку, бир йигит совчиларини юборяпти деб. Ўйлаб кўрсам, ёмон йигит эмас экан. Унга турмушга чиқишга розилик бермоқчиман.
– Бахтли бўлиб кетишингга аминмисан, ахир кўнглинг Даврон акада-ку?
– Йўқ, адашган эканман. Яхшилаб ўйлаб кўрсам, Даврон акани шунчаки бир дўст, ака сифатида ёқтирган эканман, – деди Шохида. – Бўлди қарорим қатъий яхшиси ўша йигитга розилик бераман.
Орадан ойлар ўтди. Шохиданинг тўйи бўлиб ўтди. Даврон Нафисага бир неча бор кўнглини очсада, Нафиса унга турмушга чиқишга унамади. У ҳамон Шохидани ўйлар, гўёки Давронга турмушга чиқса Шохидага хиёнат қилаётгандек туюларди. Бир куни Нафиса уйда ёлғиз ўтирганида Шохида кириб келди.
– Нафиса, олдинга совчи бўлиб келдим, – деди Шохида жилмайиб.
– Кимдан? – ажабланиб кулди Нафиса.
– Даврон акадан.
– Қўй, яна ўша мавзуни бошлама, – Нафиса ҳаяжонини яшириб нигоҳларини олиб қочди.
– Нафиса, мен ҳаммасини биламан. Ўшанда Даврон сенга қўнғироқ қилганида сени яхши кўришини билдиргани, сен эса мени хафа қилмаслик учун ёлғон ишлатганингни, ҳамма-ҳаммасидан хабарим бор. Мен ўз тенгимга турмушга чиқдим. У билан жуда бахтлиман-ку. Нега Даврон акани қийнаяпсан? Нега таклифини қабул қилмаяпсан?
Нафиса йиғлаганча Шохидани қучоқлаб олди.
– Ота-онамдан кейин энг яқиним фақат сенсан. Сени йўқотишдан қўрқяпман.
Бу гапларни эшитиб Шохиданинг ҳам кўзларига ёш қуюлиб келди.
– Агар менинг айтганимни қилмасанг ростдан мени йўқотасан, билдингми! – Шундай деб Шохида кўзларини артганча ўрнидан турди. – Сен бошингга тушган бахтсизликни енгдинг ўртоқжон. Бу энди сенинг бахтинг. Ташқарига қара, совчиликка ёлғиз келмаганман.
Нафиса деразадан ташқарига қаради. Дарвоза олдида Шохиданинг эри, унинг ёнида эса Даврон гулдаста кўтариб туришарди.
Раъно МАҲМУДОВА.