БОЗОРЧИ ХОТИН ҒАВҒОСИ



* * *

  Шаҳар чеккасида жойлашган каттагина буюм бозори ошхонаю қаҳвахоналарга ҳамда пуллик бадрафхоналарга шу қадар бой эдики, биринчи бор кўрган одам беихтиёр харидорлар бу ерга фақат овқатланишу, ҳожатини чиқариш учун келиб-кетишар экан-да, деган таассурот уйғониши мумкин эди.

 Дарҳақиқат, шу фикрни тасдиқлагандай, бозор тонг қоронғусидан кабобларнинг дудигаю “Қайноқ сомса! Уйланмаган қўчқорнинг думбасидан!.. Хоним!.. Перашки!.. Манти!.. Норин!.. Дезвира ош!..” сингари чорловларга тўлиб кетар ва бақир-чақир то қоронғу тушгунча тинмасди. Намозшомдан кейингина бу издиҳом сал пасаяр, пештахталару қатор жойлашган ойнаванд мўъжаз дўконлар бўшаб қолар, аммо шунда ҳам овқат бозорида одам гавжум бўларди.

  Ҳали тонг ёришар-ёришмас, ҳали савдо бошланмасдан туриб сиз бу бозорда ястаниб ўтириб олганча, лаззатдан кўзлари юмилган ҳолда қайноқ сомсанинг думба мойини оқизиб пок-покиза тушираётганларни ё бўлмаса жаҳд билан кабоб чайнаётганларни истаганча кўришингиз мумкин эди. (“Буларнинг жағлари оғриб кетмасмикан?..)

 Булардан ташқари, баъзилари косада исиқ лағмону ликопчада ҳасип, айримлари нўхат шўрва ёинки ош кўтарган сон-саноқсиз аёллар худди шарпалардай уёқдан-буёққа тинмай бориб келишар ва улар айнан ўзларига буюртма бериб қўйган мижозларини адашмай топиб олишларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушламай илож йўқ эди.      Бу ҳол беихтиёр бир файласуфнинг ҳикматли гапини ёдга туширарди: “Ҳар қандай тартибсизликда ички тартиб бор...”

   Бу бозор ичидаги бозор эди.

   Қимирлаган жон борки, шу ердан ризқини териб еб юрарди.

  Ҳа, асосий мақсад қандай йўл билан бўлмасин ризқини териб олиш эди. Мақсад эса воситани оқларди. Шу сабабли ҳалоллик, иймон, тўғрисўзлик  деган тушунчалар кўплаб расталару йўлакларни четлаб ўтарди. Зеро бу ерда савдо қилаётганлар бемалол кўзларини бақрайтириб туриб сизни алдаб-аврашлари одатий ҳолга айланганди. Бу ерда хитойнинг арзон моли Кореянинг ё бўлмаса ҳаттоки Япониянинг асл моли сифатида сотилаверади. Яна сотувчи киприк ҳам қоқмасдан

— Ўзи бир танишимга олиб қўйгандим, биласиз, асл молнинг ишқибози кўп бўлади. Майли, сизга насиб қилган экан. Аммо-лекин пулингиз ўзингиз билан кетаяпти, — дея миннат қилиб ҳам қўйишни унутмайди-ю, яна ваъдани қуюқ бериб юбораверади: — Биз ҳам куни шу ердамиз, ака (ёки кеннойи), ёқмаса, бемалол келаверинг, алмаштириб бераверамиз.

     Табиийки, мабодо уч-тўрт кундан кейин олган нарсангиз ёқмай қолса-ю, кўтариб келсангиз худди шу сотувчи кўзларини ола-кула қилганча, сизни умрида биринчи маротаба кўраётгандай ажабланиб қарайди, қўлингиздаги молга-ку, дунёда шундай маҳсулот борлигидан энди хабар топаётган ғофил бандадай синчиклаб қарайди, қайта-қайта қарайди, ушлаб, эзғилаб, авра-астарини ағдариб, ҳаттоки ҳидлаб кўради,  сўнг эса якуний хулосасини эълон қилади:

— Йўқ, буни мен сотишим мумкин эмас, ака (ёки кеннойи). Адашибсиз. Бозор катта бўлса. Ҳар хил одам бор. Одам одамга ўхшайди-да.

  Ана шундан кейин додингизни худога айтиб қолаверасиз. Мабодор астойдил эътироз билдиришга тушиб кетсангиз, устомон сотувчининг ёнида ўтирган худди ўзига ўхшаш ҳамкасблари бақир-чақир қилганларича дарҳол унинг ёнини олишга тушиб кетишади:

— Адашяпсиз, ака (ёки кеннойи). Биз бу кишини яхши биламиз. Сизни алдаши мумкин эмас...

  Баҳсни шу ерда тугатганингиз маъқул. Жуда кўнглингиз тўлмаса, бўралатиб бир сўкиб (ўзингизни, албатта) қўйинг-да, бу безбетлардан нарироқ кетинг. Акс ҳолда... Акс ҳолда нима бўлишини тасаввур этиш унчалик мушкул иш эмасдир. Зеро, фалакнинг гардиши айланиб, қарға қарғанинг кўзини чўқиши мумкиндир, аммо ҳеч қачон сотувчи харидорнинг ёнини олмайди. Улар учун битта қонун бор: сотувчи ҳамиша ҳақ. Эпладингми, қандингни ур! Ахир харидор дегани сал ҳушёрроқ бўлсин-да. Аммамнинг бузоғига ўхшаб лаллайиб тургандан кейин ҳар қандай сотувчига ҳам алданиб қолаверади-да...

   Хуллас, шунақа гаплар.

  

* * *

    Матлаб севишиб турмуш қурди.

  Талабалик чоғи гуруҳдоши Акромнинг уйига бордию, унинг гўзал синглиси Ҳалимага ошиқ бўлиб қолди.

    Институтни битириш арафасида тўй бўлиб ўтди.

    Шундан кейин ёш эр-хотин шаҳарда яшай бошлашди.

    Ҳалима жуда тортинчоқ, камтарин аёл эди. У ҳеч қачон эрига тик боқмас, қўпол гапирмас, Матлаб топиб келганига қаноат қилиб яшарди.

   Тан олиш керак, тирикчилик машаққатли тарзда ўтарди. Матлаб бир пайтлар ўзига икки хонали уй ҳадя қилган заводда садоқат билан ишлар, нисбатан тузуккина маош ҳам оларди. Аммо бу ёғи ўзбекчилик, қариндош-уруғларнинг нимаси кўп, тўй-маъракаси. Бирига бориб, иккинчисига бормасанг хафа бўлишади, “Шаҳарда яшаб бурни кўтарилиб кетган” дея ғийбат қилишади.

   Ишқилиб, даромаднинг асосий қисми шундай ташвишлардан ортмасди. Қолганига яшашнинг ўзи бўлмасди.

Яхшиям Ҳалима мактабга фаррош бўлиб ишга кириб олган. Ҳар куни тонг саҳарда кетиб, икки соатча мактаб ҳовлисини супуриб келади. Кечқурун яна шу аҳвол.

   Аввалига Матлаб хотининг юмушидан уялиб юрди. Аммо Ҳалима топиб келган озгина маош баъзан рўзғорнинг у-бу камчилигига ярагач, кўникиб кетди. Ўзича “Тирикчиликнинг айби йўқ”, деган қарорга келди. Ҳатто шанба кунлари саҳарлаб хотини билан бирга чиқиб, унга кўмаклашадиган бўлди.

   Вақт эса шувиллаб ўтаверди.

    Ҳалима иккиқат бўлди, туғиш таътилига чиқди.

  Фарзандли бўлишди. Ўғил. Яхши ниятлар билан унинг исмини Сардор деб қўйишди.

     Чақалоқ туғилгандан кейин ташвишлар ҳам кўпайди. Ҳали у, ҳали бу... Бешик, сумак, кийим-кечак, қутловга келган меҳмонларни қабул қилиш...

     Шусиз ҳам учма-уч кун кўраётган оилада етишмовчилик кучайди.

     Ҳалима... ўша тортинчоққина, эрига сира тик қараб гапирмайдиган Ҳалима кунларнинг бирида столдан кўз узмай, оҳиста пичирлади:

— Сутим етмаяпти, дадаси. 

     Матлаб хотинига ҳайрон бўлиб қаради.

— Нега етмайди?

     Аёл елка қисди.

     Матлаб савол беришни қўймади.

— Сутни кўпайтириш учун нима қилиш керак экан?

     Ҳалима яна пичирлаб жавоб қайтарди:

— Яхши еб-ичиш керак экан. Калорияли овқатлардан...

     Матлаб тилини тишлаб қолди.

  

* * *

     Бор бўлса, ким ҳам рафиқасидан, боласидан аяб ўтиради?! Аммо йўқ ёки кам бўлса-чи?

     Матлабнинг боши қотди.

     Аммо буни билдирмаслик учун ишга эрта кетиб, кеч қайтадиган бўлди.

     Тан олиш керак, ойда бир-икки марта гоҳ Матлабнинг, гоҳ Ҳалиманинг уйидан неварага аталган, аслида эса ота-она учун мўлжалланган озиқ-овқат келиб турар, бу ёш оиланинг оғирини анча енгил қиларди.

Шу алфозда бир йилдан кўпроқ вақт ўтди.

— Қўшнимиз Марям опа бор-ку, — деб қолди бир куни Ҳалима одатига кўра нигоҳини қуйига қадаган кўйи паст овозда, — ўша киши бозорда ишлаяпти экан.

— Хўш? — деди Матлаб хотинига тик қараб.

— Ўша киши мениям бозорга чақираяпти. Ёрдамлашиб турсам бўларкан. Уч-тўрт сўм бериб тураркан.

     Матлабнинг оғзи ланг очилиб қолди. У эҳтимол туянинг думи ерга тегишини тасаввур этарди, аммо умр йўлдоши Ҳалиманинг пештахта ортида туриб савдо қилишини асло хаёлига ҳам келтиролмасди. Шу сабабли очиқдан-очиқ:

— Сен бозорни эплолмайсан, — деди.

     Шу билан бу мавзудаги гурунг тугаши лозим эди. Ҳар қалай, Матлаб шундай деб ўйлаганди. Бироқ мутлақо кутилмаганда Ҳалима яна гапини давом эттирди:

— Савдо қилмайман. Мол-полини олиб келиб, уёқ-буёқни супуриб-сидириб турарканман. Бир кунда икки-уч соат борсам бўларкан.

— Бола-чи? — баттар ҳайрон бўлиб сўради Матлаб.

— Марям опанинг бир кексароқ холаси бор экан, ўша киши энагалик қилиб тураркан.

     Матлаб масаланинг бу томони ҳам чуқур ўйланганидан ҳайратга тушди. Шу сабабли сал аччиғи чиққанини яширмасдан, тўнгроқ оҳангда деди:

— Топганинг энагага кетаркан-да.

     Эвоҳ, Матлаб яна янглишган эди, яъники масаланинг ушбу томони ҳам олдиндан ўйлаб, режалаштирилиб қўйилган экан.

— Йўқ, Марям опа энаганинг пулини ўзим алоҳида тўлаб тураман деди...

     Бу сафар Матлаб ҳазилакамига ҳайратланмади.

— Э... — деди у беихтиёр ажабланиб, — барини пишитиб қўйибсанлар-ку! Холаси дегин. Қўйнидан тўкилса қўнжига экан-да. Нима, кунига икки-уч соат борганингда, Марям опангнинг оғирини шунча енгил қилиб қўясанмики, у шунча меҳрибонлик қилса! 

— Билмасам, — паст овозда гапирди Ҳалима. — Қарияпман, шогирдлар керак деяётгандай бўлувди.

     Матлаб истеҳзоли илжайди.

— Шогирд устага керак, сотувчига эмас!..

     Ҳалима индамади.

     Матлаб узоқ вақт ўйланиб қолди.

     Тўғри, фарзанд учун нафақа пули олишади. Лекин уч-тўрт сўм ошиқча пул зарар қилмасди-да. Бу ёғи ёз келаяпти, қариндош-уруғлардан камида тўрт-бештаси тўй қилиши аниқ. Барига тўёна керак. Ахир вақтида улар тўёнасини бериб қўйишган. Тўёна эса қарз билан баробар...

     Ахийри икки кунни ўтказиб, Матлаб дастурхон устида минғирлади:

— Майли, бир-икки кун бориб кўр-чи. Лекин... сенинг бозорчи бўлиб кетишингга ишонмайман-да... Бозор бети қаттиқ хотинларнинг жойи. Сенга ўхшаганлар чув тушиб қолса керак. Ўзиям қимматига олиб, арзонига сотсанг керак.

     Бирдан дув қизариб кетган Ҳалима оҳиста пичирлади:

— Яхши ният қилинг, дадаси. Ҳарна уч-тўрт сўм келиб турса...

     Матлаб бирдан тан олди:

— Менам шуни айтаяпман-да, хотин...

  

* * *

     Орадан беш ойга яқин вақт ўтди.

     Дастлаб, Ҳалима бозорга чиққан кунлари кўнгли нимагадир ғаш тортган Матлаб бир неча марта унинг орқасидан пойлаб борди. Дарҳақиқат, Ҳалима пештахтани, ён-атрофни супуриб-сидирар, савдо қизиган пайти Марям опа айтган маҳсулотни чопиб бориб омбордан олиб келарди. Мана шу арзимаган иши эвазига мактабда фарррошлик қилганига нсбатан уч-тўрт баробар кўп пул оларди...

     Аммо бора-бора Ҳалима тузуккина бозорчи бўлиб кетди чоғи...

     Ҳар қалай, уйга уч-тўрт эмас, ундан кўпроқ пул кела бошлади уйга.

     Буни кўриб Матлаб ҳайрон қоларди. Ҳатто бир гал бадхоҳлик билан кўнглидаги айтиб ҳам юборди:

— Нима, бозорларингда хўроз ҳам олтин тухум туғиб юрадими, бунча ташийсан?

Ўшанда Ҳалима айбдорона бош эгган ва одатига кўра пастгина овозда:

— Марям опамга ҳам осон эмас экан. Нарсасини сотгунча тутуни чиқиб кетади, — деганди.

Матлаб кулиб қўя қолди:

— Бунақа пул топадиган бўлса тутаб кетсаям арзийди...

Рўзғорга пул ҳамиша керак.

Қачон шундай бўлиб қолди, номаълум, бироқ кейинчалик шанба-якшанба кунлари Сардорга Матлабнинг ўзи қараб турадиган бўлди. Ҳарна энага бериладиган пул иқтисод қилинади...

  

* * *

  Кейинги пайтларда Матлаб бир нарсага сал аҳамият бера бошлади. Тўғри, аввалига эътибор бермасликка уринди. Аммо...

  Очиғи, Ҳалима ўзгариб бормоқда эди.

  Аввалига аёлнинг юзи офтобда қорайди, сўнг чангда кўп юрганидан бўлса керак, лаблари пўрсиллаб ёрилди. Бора-бора Ҳалиманинг юриши қўполлашди, таъбир жоиз бўлса эркакча шартта-шартта, катта-катта қадам ташлайдиган бўлди. Кутилмаганда озғингина, хипча бел Ҳалима... семира бошлади. Жувоннинг ўзи буни мойли овқатларни кўп тановул қилаётганига йўйди. Шунда Матлаб беихтиёр бозорда тонг саҳардан буюртма сомсанинг мойини оқизиб еяётган жувонларни эслади...  Ва буларнинг бариси аёлнинг тилига таъсир қиладиган бўлди. Яъни жувоннинг гап оҳанги ўзгариб, дадиллаша бошлади. Баъзан у арзимаган масала борасида ҳатто беихтиёр ўз эрини жеркиб солар ва шу заҳоти қизариб-бўзариб, дарҳол тилини тишларди. Лекин кейинчалик бу одат кучайса кучайдики, асло камаймади. Матлаб буни кўриб кўрмаганга, эшитиб эшитмаганга оларди ўзини.

  Зеро энди Ҳалима эрини жеркиб ташлаганида ҳам қизармас, нигоҳини олиб қочмас, аксинча, тик қараб тураверарди. Бунақа пайтлари уялиб кетадиган Матлабнинг ўзи нигоҳини олиб қочадиган, гапни бошқа мавзуга буриш учун нималарнидир минғирлайдиган бўлиб қолди.

  Илло, Марям опанинг содиқ шогирдига айланган Ҳалима энди пештахтага, савдога ўтган ва уйга жарақ-жарақ пул топиб кела бошлаган эди.

  Пулнинг қудратини қарангки, шу маъсума, хоксор, тортинчоқ аёлни шаддод, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, тўрт сўм пул устида улгуржи харидорлар билан ёқа бўғишадиган сотувчига айлантирди...

  

* * * 

— Яқинда Марям опа билан Эмиратга бориб келаман, — деб қолди шундай кунларнинг бирида ишдан ҳориб қайтган Ҳалима тўкин дастурхон устида.

Энди санчқисида ликопчадан бир бўлак қазини олиб, оғзига солган Матлаб тўхтаб қолди. Сўнг хотинига саволомуз қаради.

— Амирликда нима қиласан?

— Мол олиб келамиз, — пинагини бузмай жавоб қайтарди Ҳалима.  Сўнг бежирим сумкачасидан паспортини ва олтита сурат олиб чиқарди: — Буларни олиб эртага паспорт столига боринг. Менга виза очдириб келинг. Бир-икки сўм бераман десангиз тезлаштиришади. Фақат ортиқча сахийлик қилманг. Ставкаси бор. 

Бу... Ҳалиманинг биринчи марта эрига иш буюриши эди.

  Матлаб оғринди.

  Аммо ўзини босди. Ётиғи билан гапиришга уринди.

— Эртага ишга эртароқ бормоқчийдим...

  Хомуза тортиб, кўзларида ёш билан ўрнидан тураётган Ҳалима ҳам жойида тўхтади-да, бир муддат эрига қаттиқ тикилиб тургач, қатъий оҳангда, сўзларни дона-дона қилиб деди:

— Ўша заводда оладиган арзимаган носвой пулингиздан воз кечиб қўя қолинг. Болага қараб турасиз.

Матлабнинг юраги симиллаб оғриб кетди.

Оғзида қази. Туфлаб ташлай деса ноқулай, чайнайин деса хотинининг пулига келган.

Ана, Ҳалиманинг ўзи қовоқ уюб, жиддият билан тикилиб турибди.

  “Емоқнинг қусмоғи ҳам бор, деганлари эҳтимол шудир”, деган ўй ўтди Матлабнинг кўнглидан. У тан олади, хотини топган пуллар эвазига қаддини сал тиклаб олди, тўй-маърака дарагини эшитса юрак ҳовучламайдиган бўлди, уй ҳам ўша маблағ орқасидан таъмирланди, ҳатто хотинининг маслаҳатидан кейин Матлабнинг тўрт хонали уй излаб юргани ҳам ҳақиқат... Лекин...

— Амирликка бормай қўявер, — иложи борча юмшоқ оҳангда гапирди Матлаб. — У ёққа борганлар тўғрисида ҳар хил гаплар эшитганман...

Ҳалима эрига... ачиниб, йўқ, эҳтимолки андак беписандлик аралаш нафрат билан қаради-да:

— Бекорларнинг бештасини айтибсиз, — деди. — Хотин киши ўзига тўғри бўлса бўлди-да. Юраман деган хотин шу ердаям юраверади. Юраман деган хотин ҳожатхонага бориб ҳам ишини битириб келаверади...

Ҳа, ҳа, Матлаб янглишиши мумкин эмас эди, бу сўзларда беписандлик оҳанги кучли эди.

  Матлабнинг миясига қон тепди. У жаҳл билан столни муштлади:

— Бормайсан дедимми, бормайсан! Мен сенга эрманми ё хизматкорманми?! Бу уйда менинг айтганим бўлади! Тамом-вассалом!

  Ҳалима... чўчимади. Қўрқиш ҳақида-ку, гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аёл худди ёш боланинг хархашисини тинглаётгандай хотиржамлик билан жойига қайтиб ўтирди-да, эрига қаттиқ тикилиб тургач, оҳиста, аммо ўта совуқ оҳангда деди:

— Бу уйда сиз кўп эрлик қилдингиз... Кўп вақт қош-қовоғингизга қараб яшадим.  Энди бу уйда мен эрман. Ҳақиқий ҳаёт нималигини энди билдим! Бозорга чиққандан кейин! Энди менинг йўлимни тўсолмайсиз. Агар ёқмаса, марҳамат, чиқиб кетинг. Катта кўча! Лекин эртага ялиниб келманг. Барибир уйга киритмайман. Сизга ўхшаган мижғов эркаклар ҳар қадамда тиқилиб ётибди. “Гаҳ” десам тўққизтаси югуриб келиб, қўлимга қўнади!..

  Ҳа, Ҳалима, ўша... яқин-яқингача эрига тик қарай олмайдиган, уялиб-қимтиниб турадиган, тортинчоқ, маъсума Ҳалима шу гапларни айтди.

  Қўшни хонада беланчакда ётган Сардор уйғониб кетиб, биғиллаб йиғлай бошлади.

  Матлаб чиндан ҳам хотин киши ўзини эр санаётган бу уйдан биттагина костюмини елкасига ташлаб, мардларча чиқиб кетиш учун ўрнидан ирғиб турди.

  Аммо биғиллаб йиғлаётган бола...

  Матлаб беихтиёр иккиланиб қолди.

  У жовдираб хотинига қаради.

  Ҳалима унга... истеҳзо билан тикилиб турарди.

  Матлаб бир нарсани тушунди: кетса, бу уйга қайтиб келолмайди. Ҳатто истаган тақдирида ҳам. Зеро, Ҳалимадай ёшгина, бунинг устига бой хотиннинг бир ишораси билан югуриб келишга тайёр эркаклар анча-мунча топилиши аниқ...

  Матлаб... иккиланиб туриб қолди.

  Бола йиғиси кучайди.

  Матлаб... индамай ўрнидан турди ва елкасини қисганча қўшни хонага ўтди ва Сардорнинг беланчагини тебрата бошлади...

  Эрининг ортидан истеҳзо билан қараб қолган Ҳалима илжайди. Сўнг яна бир бор эснаб қўйди ва ўз-ўзидан мамнун тарзда ётоқхонага йўл олди.

 

  Орадан бир ойга яқин вақт ўтди.

  Ҳалима ўзининг устози Марям опа билан Бирлашган Араб Амирлигига учиб кетди.

  Хотинининг талабига кўра арзимаган маош бераётган заводдан бўшаган Матлаб уйда Сардорга қараб ўтирадиган бўлди...

 

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот