ҲАЁТ ОРТГА ҚАЙТМАЙДИ
Нигора иш столидаги қоғозларни тахларкан, соатга қаради. Иш вақти тугашига ҳали анча борлигини билиб ўрнидан турди, деразадан ташқарига разм солганча хаёлга чўмди: “Ҳа... куз ҳам охирлаб қолди, кечагина жазирама ёз эди, бирпасда куз ҳам ўтиб кетди-я. Тезроқ болаларнинг эгнига иссиқ кийим, оёғига этик олмасам бўлмайди. Тағинам Аллоҳнинг раҳмдиллиги, шунча вақт қўйиб берди-я, бирон кун шариллаб ёмғир ёғмади. Эрта-индин дам олиш куни, бозорга бориб болаларга кийим-бош оламан”.
Шу хаёл билан кўчага термулиб тураркан, телефоннинг қўнғироғи хаёлини бўлди. Аста гўшакни кўтарди.
- Эшитаман!
- Ойи, бу мен Асқарман! – гўшакдан ўғлининг хавотирли овози эшитилди.
- Асқар, нима гап, тинчликми?
- Дадам касал бўлиб қолдилар. Тез келинг, ойи…
Нигоранинг кўз олдида бир неча кундан буён иштаҳаси бўлмай, паришон юрган турмуш ўртоғи Азимнинг рангпар қиёфаси гавдаланди.
- Асқар, сен боғчага бориб укангни олиб кел, дадангларга айт, мен ҳозироқ “Тез ёрдам”га қўнғироқ қиламан-да, сўнг уйга бораман.
Нигора гўшакни қўйиб, идора раҳбарининг олдига кирди.
- Кечирасиз, Илёс Афзалович, менга вақтлироқ жавоб бера олмайсизми?
Нигоранинг ранги оқариб кетганини, кўзлари хавотирли боқаётганини кўрган бошлиқ меҳрибонлик билан сўради:
- Нима гап?
- Уйдан қўнғироқ қилишди, хўжайиним бетоб бўлиб қолибди.
Илёс Афзалович Нигорани меҳнаткашлиги, очиқ кўнгиллиги билан бошқа ходимлардан ажралиб тураргани учун ҳурмат қиларди. Бунинг устига Нигора дилбар аёл бўлсада, чиройини кўз-кўз қилмас, юриш-туришидан, гап-сўзларидан нақадар оилапарвар, вафодор ёр, меҳрибон оналиги билиниб турарди. Ҳозир ҳам эрининг бетоб бўлиб қолганидан изтироб чекаётганини кўриб, Нигорага нисбатан ачиниш аралаш меҳри тобланди.
- Майли, борақолинг, - деди вазмин оҳангда.
- Раҳмат, - Нигора кўнгли хотиржам чиқиб кетаркан, Илёс Афзалович ортидан гап қотди:
- Нигорахон! Агар ёрдам керак бўлса бемалол айтаверинг.
Нигора бошлиқ хонасидан қайтиб чиқиб, “Тез ёрдам”га хабар қилди. Шоша-пиша плашини кийиб, югурганча кўчага чиқди. У автобусда кетаркан юраги шошар, эрининг беғамлигидан аччиғи келарди: “Неча марта айтаман, дўхтирга чиқинг, дўхтирга чиқинг деб... Йўқ, ўлиб қолса дўхтир отига йўламайди. Мана оқибати, ишқилиб касали унча хавотирли бўлмасин-да...”. Шу ўйлар билан уйига етиб келди. Дарвоза ёпиқлигини кўриб “Тез ёрдам” ҳали келмаганлигини англади. Ичкари уйга кириб борганида эри Азим кроватда оғриқнинг зўридан ғужанак бўлиб олганча ётарди.
- Азимжон ака... – Нигора эрига томон энгашди. – Тузукмисиз?
- Ни-гор... келдинг-ми?
- Нима бўлди? Қаерингиз оғрияпти? – Нигора эрининг пешонасига кафтини қўйди. - Вой ўлмасам, оташ бўлиб ёнаяпсиз-ку, - шундай деганча телефонга ёпишди. Яна “Тез ёрдам”га сим қоқиб тезроқ келишларини илтимос қилди.
Врачлар Азимжонни ўткир ичак касаллиги билан касалланганлигини аниқлашди.
- Эрингизнинг касали оғир, юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетамиз, - деди шифокор.
Нигора эрига бир нима бўлиб қоладигандек ваҳимага тушди.
- Йўқ, йўқ, улар юқумли касал эмаслар, бошқа касалхонага олиб боринглар.
Нигоранинг норозилигидан шифокорнинг жаҳли чиқди.
- Менми врач, ё сизми? Қаерга олиб боришни ўзимиз яхши биламиз!
Сўнг Нигоранинг куйиниб турганлигини, ҳали у кўп кунлар изтироб чекиши мумкинлигини ўйлаб раҳми келдида:
- Синглим, - деди босиқлик билан. - Ҳечам хавотир олманг. Нимагадир юқумли касалликлар шифохонаси деса ҳамма қўрқиб кетади. Аслида энг малакали мутахассислар ўша ерда, тушундингизми?
- Кечиринг, шунчалик қўрққанимдан...
Нигора шу топда оналик меҳрини ҳам унутмади. Катта ўғлига овқат қаердалигини, қайтиб келгунича укасини ташқарига чиқармай олиб ўтиришини қайта-қайта тайинладида, машинада Азимжоннинг ёнига ўтириб касалхонага жўнади.
Юқумли касалликлар шифохонаси. Касаллар йўлакда навбат кутиб туришибди. “Тез ёрдам” замбилида ётган Азимжоннинг аҳволи борган сайин оғирлашгани учун уни тўғри жонлантириш бўлимига олиб киришди. Нигора саросимага тушган кўйи даволовчи шифокорнинг чиқишини илҳақлик билан кутаркан, атрофни кузатди. Ўриндиқда ўтирган одамлар ҳам яқинларининг аҳволидан хавотирланиб барчаси унсиз ўтирарди. Шу пайт шифокор кўринди, ҳамма ўтирганлар умид билан унга томон тикилишди.
- Шарипов Азимжоннинг яқинлари ким? - унинг овози шу қадар жиддий жарангладики, Нигоранинг ҳуши учаёзди. Ўзини қўлга олиб, шифокорнинг ёнига борди.
- Мен билан юринг, - хонасига бошлади шифокор.
Нигора хонадаги деворларга осилган оғир касалликлар ҳақидаги суратларни кўриб баттар юрагига ғулғула тушди.
- Биласизми синглим, эрингиз ўткир дизентерия касаллигига чалинган, - вазминлик билан гап бошлади шифокор. - Шу сабабли ичаклар заҳарланган. Ундан кейин “сариқ” аломати ҳам сезилаяпти. Икки хил касаллик билан курашиш организм учун жуда оғир кечмоқда.
Нигора ҳеч бир сўз айта олмас, томоғи ғиппа бўғилиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.
- Биз қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Аммо айтиб қўйишим лозим, шифокор бироз сукутга чўмди, - эрингизнинг ҳаёти қил устида.
- Нималар деяпсиз? - Нигора бор кучини жамлаб баъзўр овоз чиқарди.
- Қўрқманг, Худонинг марҳамати кенг, умри узоқ бўлса тузалиб кетади.
Шифокор “энди сизга рухсат”, дегандек ўрнидан туриб, эшикни очди.
- Жон дўхтир, мен шу ерда қолай, эримга ўзим қараб тураман.
- Мумкин эмас, қолаверса қарайдиган ҳамширалар бор.
Нигорани жонлантириш хонасига киритишмади-ю, лекин эшик тагида қолишига қаршилик қилишмади. Нигора кўчага чиқди, аранг телефон топиб, қўшниси бўлмиш Манзура холага сим қоқди.
- Манзура хола! Бу мен, Нигораман. Ҳа, тинчлик, “реанимацияга” олишди. Холажон, сиздан илтимос, бугун болаларимнинг олдига чиқиб ётинг, илтимос ёлғиз қолишмасин. Азимжон акамнинг аҳволлари оғир, ёнида бўлишим керак...
Нигора Манзура хола билан гаплашгач болаларидан кўнгли хотиржам тортди, тонггача ўриндиқда ўтириб чиқди. Ҳеч ким бир оғиз “нега бу ерда ўтирибсан?” демади. Ахир бу ер шифохона эмасми, беморларнинг яқинлари кечаси билан келаяпти, кетяпти. Ҳамширалар қўлларида дорими, қонми, алланималарнидир кўтариб кириб чиқишмоқда. “Жонлантириш бўлими” эшиги очилди. Қўлида папка кўтарганча кечаги салобатли шифокор чиқиб келди.
- Ие, Шарипова, ҳали ҳам шу ердамисиз? – деди у Нигорага ачиниш билан боқаркан.
Шифокор кўчалик кийимида бўлгани учун Нигора аввалига уни танимай турди, кейин оғриқдан лўқиллаётган пешонасини ушлаб, зўраки жилмайди.
- Вой, ассалому алайкум, кечирасиз танимабман.
- Ҳеч қиси йўқ, эрингизнинг аҳволи кечагидан тузук. Керакли дориларни ёзиб кетяпман.
- Раҳмат сизга, - Нигора ёшига номуносиб тарзда қўлини дуога очди. - Илоё болаларингизнинг роҳатини кўринг, - дея юзига фотиҳа ўгирди.
Нигоранинг эри учун бунчалик ташвишланаётганидан шифокор ачиниб:
- Барибир киритишмайди, яхшиси уйингизга бориб дамингизни олинг. Кечроқ келиб хабар оларсиз, - дедида чиқиб кетди.
“Тўғри, - ўйлади Нигора шифокорнинг ортидан қараб қоларкан, - бу ерда ўтирганим билан нима фойда? Бориб болаларимдан хабар олай, Манзура холаниям қийнаб юборишгандир ҳойнаҳой”.
Нигора бекатга яқинлашганда яқин атрофдаги ошхоналардан таралаётган овқат ҳидини сезиб, қорни жуда очганлигини англади. Кеча ўғли ишхонасига қўнғироқ қилганида энди тушлик вақти бўлаётганди. Демак бир ярим суткадан бери туз тотмаганлигини эслади...
Уч кундан сўнг Азимни палатага олиб ўтишди. Бу кунлар ичида Нигора на еб-ичганини билди, на ҳаловатини. Кечалари алоқ-чалоқ туш кўраётиб чўчиб уйғониб кетади, шу билан тонггача мижжа қоқмай Азимнинг тепасида ўтириб чиқади. Икки кун ўтиб, энди касалхонага кириб келганди ҳамки, даволовчи шифокор билан ҳамширанинг талмовсираб югуришаётгани устидан чиқиб қолди.
- Нима бўлди, хўжайиним яхшимилар? – сўради Нигора ҳамширанинг ортидан бориб.
- Оғирлашиб қолдилар, - ҳамшира шундай деганча реанимация бўлимига кириб кетди.
Нигора шунчалик қўрқиб кетдики, юраги увишиб, қўллари, лаблари титрай бошлади. Кейин маълум бўлишича Азимга қайсидир укол ёқмай реакция берган экан.
Шу воқеадан сўнг уч кун ўтиб Азимни палатага олиб ўтишди. Энди Нигоранинг югур-югури янаям кўпайди. Эрталаб ўғилларини мактаб, боғчасига кузатадида дорихонага югуради, ундан касалхонага. Азимнинг ёнида ўтириб овқатини едиради, унинг ётавериб увишиб қолган оёқ-қўлларини, сирқираётган белини уқалаб қўяди. Сўнг уйига чопади, кечқурун болаларини тинчитиб, эри учун алоҳида пиширган овқатини кўтариб, яна касалхонага югуради. Касалхонадаги беморлар ҳам Нигорани таниб қолишди.
Бир куни Нигора чой дамлаш учун касалхона ошхонасига кирди. Ортидан ўрта ёшлардаги, бемор бўлсада пўрм кийиниб, пардоз қилиб олган аёл идишларини кўтариб кирди.
- Сизда гапим бор эди, - деганча аёл Нигоранинг сипо, ўзига ярашиб турган кийимига, қадди-қоматига суқ билан тикилди.
- Бемалол опа, ёрдамим керакми?
- Мабодо худди ўзингизга ўхшаган синглингиз йўқми ўргилай? Менга жуда ҳам ёқиб қолдингиз.
- Йўқ, нимайди? – деди Нигора нимага суриштираётганлигини фаҳмлаб, - синглим йўғ-у, жиянларим ҳали кичкина.
- Шу денг, ёлғизгина ўғлим бор. Уйим-жойим дейдиган, сиздек чаққон, эрига меҳрибон келин қидираётгандим.
- Вой опажон, шу ерда ҳам яхши-яхши ҳамшира қизлар кўп-ку, бирини суриштира қолмайсизми?
Жувоннинг ҳозиргина кулиб турган очиқ чеҳраси тундлашди.
- Нималар деяпсиз ўргилай! Кеп-кеп ҳамширани келин қиламанми?!
Нигора табиатан содда, мулойим бўлгани билан ноҳакликка дуч келганида жим туролмайдиган одати бор эди, у ҳам жиддий тортиб аёлга юзланди:
- Бу нима деганингиз, опа? Шу ҳамширалар эмасми сизнинг жонингизга оро кираётган?!
Аёл Нигоранинг гапидан бир оз паст тушиб, айёрлик билан жилмайди.
- Ўргилай, унақа демоқчимасдим. Менинг ўғлим олийгоҳда ўқийди, шунинг учун келин ҳам олий маълумотли, чиройли бўлсин дейман-да.
Нигора чойнакни кўтардида, индамай чиқиб кетди. “Тавба, шунақаям хотин бўладими-я, ҳам чиройли, ҳам ўқимишли эмиш. Бунақалар келиннинг ёғини ялайди”, деб қўйди ўзига ўзи.
Нигора эрининг оёқларига вазелин суртиб уқалаб ўтираркан, Азим унга тикилиб қолганди.
- Ҳа, дадаси, мунча тикилиб қолдиз? – деди Нигора ҳижолат чекиб.
- Яхшиям сен бор экансан хотин. Бўлмасам аллақачон ўлиб кетармидим...
- Э, нафасингизни ел учирсин-а, иккита ўғлингизни ташлаб қаерга кетардингиз. Уларни ўқитиш, уйлантириш, уйли-жойли қилиш керак ҳали. Осонликча қутилиб кетмоқчимисиз?
Хотинининг мана шундай ҳазиллари Азимга куч-қувват бағишлар, шифокорларнинг муолажасидан ҳам кўра Нигоранинг пишириб келган ширин таомлари, уста мутахассислардек уқалаши Азимни яна асли ҳолига қайтарди. Бир ойга бормай батамом тузалиб, уйга жавоб беришди.
***
Азим қўли гул уста, яхшигина ҳунари ҳам бор. Касалхонадан чиққанидан бери қўли-қўлига тегмайди, доимий мижозлари буюртмаларини кутишмоқда эди. Бу ёқда шифохонадан касаллик варақасини олиши керак, боришга эса вақти йўқ. Унинг ўрнига Нигора борадиган бўлди.
Нигора ишхонасидан жавоб сўраб, тушлик ҳам қилмай йўлга отланди. Автобусда кетаётиб бир неча бор боши айланиб кетди. Ҳаво етишмаётгандек ўзини лохас сеза бошлади. Шифохона бекатига етиб келгунича аранг чидади, автобусдан тушган заҳоти чуқур-чуқур нафас ола бошлади. Касалхонага кирганида ҳамшира шифокор бандлигини, бир оз кутиб туришини айтди. Ҳамширанинг гаплари Нигоранинг қулоғига элас-элас эшитилди. Ўзини идора қила олмай гурсиллаб полга йиқилди. Ҳамшира тезда навбатчи шифокорни чақириб келди, беҳуш ётган Нигорани қабулхонага олиб киришди. У ўзига келганида эса тепасида эрини даволаган таниш шифокорни кўриб ажабланди.
- Шарипова тузукмисиз?
- Менга нима қилди? – Нигора ўрнидан туриб ўтирди.
- Ўзингизни билмай анча вақт беҳуш ётдингиз. Сизни яхшилаб кўрикдан ўтказамиз, қон анализи олинган, ҳозир жавобини олиб келишади.
Нигора шошиб соатига қаради.
- Вой ўлмасам, ишхонадан бир соатгагина жавоб олгандим.
- Шарипова, бунақа беғам бўлиш ярамайди, озгина кутинг.
Шифокор шундай деб чиқиб кетди, бироздан кейин таҳлил қоғозини кўтариб кирди.
- Айтингчи, ота-онангизми, қариндошларингиз орасида бирон киши “қанд” касаллиги билан оғриганми? – сўради Нигорага жиддий боқаркан.
- Йўқ, нима эди?
- Ташхислар натижасига кўра, сизда қанд касаллиги бор экан.
- Нима? Бўлиши мумкин эмас, мен ҳеч қачон соғлиғимдан нолимаганман. Фақат кечадан буён бироз бошим айланаётувди холос.
- Демак шу яқин орада қаттиқ қўрқишдан ёки вақтида овқат емай асабларингиз зўриқишидан келиб чиққан.
Врач Нигорага бу касаллик хавфли эмаслигини, лекин ўзини парваришламаса ҳунук оқибатларга олиб келишини, айниқса зинҳор асабийлашмаслигини уқтирди.
Нигора кўчада кетаркан юраги сиқила бошлади. “Энди нима қилдим-а, қаёқданам шу дардга йўлиқдим. Ўғилларим улғаяётган бўлса, шунча ташвишим каммиди...” деганча ўзини ўзи ич этини еб борарди.
Бу вақтда Азимжон дўстлари билан тушлик баҳона сўлим анҳор бўйидаги кафеда чақчақлашиб ўтиришарди.
- Э, биродар, кўтармайсанми энди, - Азимжонга тихирлик қилди улфатларидан бири.
- Қўйсангчи, ўзим яқингинада нариги дунёдан қайтиб келдим, - Азимжон дўстларига ҳаваси келаркан, уларни ялинтиргиси келди. Худди ўз хоҳиши билан эмас, бировнинг зўрлиги билан ичса соғлиғига ҳеч нарса қилмайдигандек…
Бироздан кейин “ол-ол”, “кўтар-кўтар”лар ўз кучини кўрсатиб Азимжон маст бўлиб қолди.
- Ўғил бола гапни айтайми? – Ботир унинг елкасига қўлини қўйиб ялтоқланди.
- Айт, нима гап экан?
- Худо сенга касалликни нариги дунёга жўнатиш учун эмас, бошқатдан ҳаётга қайтариш учун берганди, тушундингми?
Азимжон унинг гапини маъқуллаб бошини силкитди.
- Сен устасан, қўли гул, чўнтаги тўла пул устасан. - Ботир беўхшов хохолаб кулди. - Аммо яшашни билмайсан оғайни. Мана, кечагина ўлай деб ётувдинг, ўлиб кетсанг уй-жойинг, йиққан дунёинг ҳаммаси бир пул бўлиб қолиб кетарди.
- Тушунтириброқ гапир... – деди Азимжон Ботирнинг кесатиғидан нима демоқчи бўлаётганини тушунолмай.
- Ҳадеб болам-чақам деявермай, ўзинг учун яшашни ҳам ўргангинда дўстим. - Азимжоннинг елкасига меҳрибонлардек қоқиб қўйди.
Ароқ таъсиридан кайфи ошиб қолган Азимжон касалхонада тортган азоблари эсига тушиб кўзига ёш олди.
- Дўстим... сен ҳақиқий дўстсан. Ота-она, хотин, бола-чақа ўз йўлига, лекин сен дў..ўс..тим...сан. Раҳ..ҳмат дўстим, кел, дўстлигимиз учун ичамиз.
Улфатчилик қизиб, “қалин дўстлар” устахонада чала қолиб кетган ишларни ҳам унутишди. Салқин анҳор бўйида кайфлари тарқалгунча дам олиб, сўнг тарқалишди.
Кайфи тарқаган бўлса-да, боши лўқиллаб оғриётган Азим дарвозадан кириб келаркан, Ботирнинг гапини эслади, юраги сиқилди. Нигора диванда бошини боғлаб олганча хаёл суриб ўтирарди. Унинг бу ҳолатини кўриб Азимнинг баттар ғаши келди.
- Ҳа, тинчликми? – деди энсасини қотириб Азимжон.
- Мазам бўлмаяпти, дадаси, - деди Нигора хаста товушда.
Азимнинг таъби хира тортди, “шуниси етмай турувди”, дея пичирлаганча ётоққа кириб кетди. Унинг пичингини Нигора эшитмади. У шу топда эрининг “Нега тобинг бўлмаяпти, бирон дори олиб келайми, қаеринг оғрияпти” дея куйиниб, атрофида парвона бўлишини жуда истарди. Лекин...
Азимнинг бепарво ичкари уйда ухлаб ётиши Нигорага жуда алам қилди. Бир оздан сўнг ичган аналгинининг таъсиридан бош оғриғи қолиб, жони ором олди. Кўнгли ҳам тинчлангандек бўлиб: “Нега ўпкалаяпман, ҳамма эркаклар ҳам шу-да, балким ишдан чарчаб келгандир”, деди-да, ўрнидан туриб, ошхона юмушларига шўнғиб кетди.
Эрталаб нонушта қилиб ўтиришаркан Нигора бир сўз демай иштаҳа билан қаймоққа нон ботириб ер, эрининг дам-бадам қараб қўяётганини пайқамасди ҳам. “Намунча овқат ейди бу, ўзи шундоғам семириб кампир бўлиб кетяптию...”, шундай деркан Азимнинг хуноби ошди.
- Нима бало, бошинг қоронғими, - деди кесатиб.
Эрининг жеркишидан Нигоранинг иштаҳаси ғиппа бўғилди-қолди.
- Нега унақа дейсиз, дадаси?
- Менинг олдимда ҳадеб кавшанаверма. Умуман камроқ есанг бўларди, шундоғам семириб кетяпсан.
- Дадаси, кечадан бери нега тобинг бўлмаяпти, деб сўрамадингиз ҳам, - Нигора дастурхон четини ўйнаб ўтираркан ҳали ҳам эрининг бир оғиз илиқ сўзига муштоқ бўлиб тикилди.
- Нимангни сўрайман, соппа-соғсан-ку! - Азимжон бетоқатланиб ўрнидан турди. Дарвоза ёнидаги тошойнага қараб кийимларини тўғриларкан, - Бугун кеч келаман, - дея эшикни зарб билан ёпганча чиқиб кетди.
Нигора деразадан термулганча унинг ортидан қараб қоларкан юраги сиқила бошлади: “Тавба, одамам шунчалик ўзгарадими-я, яқингинада жони оғриб ётганда яхшиям сен бор экансан, дея меҳр билан боққан кўзлар, энди бунчалик душманига қарагандек таъқиб қилмаса? Ёки мени ёлғондакам эркалик қиляпти, деб ўйлаяптимикан? Ҳа-я, тузалмас дардга чалинганимни қаёқданам хаёлига келтирсин. Балким ётиб олсам ростакамига ичи ачир, минг қилса ҳам эрим-ку... Йўғ-е, нималар деяпман, Худо сақласин, ишқилиб ҳеч қачон ётқулик қилмасин, эримга оғирлигим тушмасин-да...”
Шундай деркан ўз хаёлидан ўзи хавотирланиб ўрнидан турди. Дастурхонни йиғиштириб ишга отланди.
***
Нигора очиқ турган лифтни кўрди-ю, югуриб лифтга кирди. “Тўхташ” тугмасини босиб турган Илёс Афзаловичга бехосдан урилиб кетди.
- Вой, кечирасиз Илёс Афсалович, асаллому-алайкум.
- Яхши келяпсизми Нигорахон?
- Раҳмат, - Нигора ҳижолатланди. Ичида эса “Тавба, қаёқданам лифтга шошдим-а, кеч қолганимни билиб қолди”, деб қўйди.
- Турмуш ўртоғингиз тузукми? – сўради бошлиқ.
- Ҳа, анча яхшилар, ишга тушиб кетдилар.
- Жуда яхши. - Илёс Афзалович бошқа саволга тутмади.
Улар лифтдан чиқишгач Нигора ўз хонаси томон юрди. Илёс Афзалович бўлса: “Нигора жуда оқкўнгил аёл-да, қачон қараса югургани-югурган. Анча қийналганга ўхшайди, ранглари ҳам кетиб қолибди. Ишқилиб шунча куйиб-пишганига яраша эри қадрига етармикан?” дея ортидан кузатиб қолди.
Нигора қанча уринмасин қўли ишга бормай, кўз олди қоронғулашиб, журналдаги ёзувлар чалкашиб кетаётгандек бўлаверди. Унинг бу аҳволидан ҳамхонаси Саида ажабланди:
- Нигора, сенга нима бўлди, бугун хаёлинг жойида эмасми?
- Саида, ғалати бўлиб кетаяпман, бошим айланаётганга ўхшайди.
- Дўхтир чақирайми? - Саида хавотирга тушди. - Ҳеч бунақа бўлмасдинг-ку?
- Саида, илтимос бир пиёла ширин чой қилиб бер.
Саида югурганча чойнакка сув қўйиб келди-да, токка улади.
Иссиқ ширин чой Нигоранинг баданидаги титроқни босгандек бўлди, бир оз ўзини енгил сеза бошлади.
- Яхшиям сен бор экансан Саида.
Қўйсанг-чи, қўрқитиб юбординг-а, ўзи эрталаб нонушта қилмаганмидинг?
Нигора ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди.
- Саида, мен “диабет” бўлиб қолдим.
- Нима?..
- Ҳа, ўтган куни эрим ётган касалхонага маълумотнома олиш учун боргандим. Ўша ернинг ўзида ҳушимдан кетиб йиқилдим.
Нохуш хабардан Саида ўзини йўқотиб қўйди, лекин сир бой бермай, унинг кўнглини кўтаришга уринди:
- Вой ўртоқжон-ей, нега қўрқасан? Ахир қанд касаллиги бой касал дейишади. Ўзингни парваришлаб, вақтида даволаниб юрсанг ҳеч нима қилмайди!
Нигора дастрўмоли билан юз-кўзини артаркан:
- Мен доим касал бўлиб қолишдан қўрқардим, - деди хўрсиниб, - ҳамиша соппа-соғ бўлиб, меҳнат қилиб юрсанг ёқаркансан, минг яхши хотин бўлмагин касал бўлсанг барибир эринг ачинмас экан.
- Э, қўйсанг-чи, шунақа гапларни. Ўзинг-чи, эрингнинг ортидан жон олиб, жон бермадингми? Ана кўрасан, у ҳам сенга шундай меҳрибончилик қилсинки...
- Авваламбор ётиб қолмай. Мабодо оғриб қолсам эримнинг ачинишига кўзим етмаяпти.
Эртаси куни Нигора ишга келмади. Саида бошлиқнинг олдига кириб, Нигоранинг тузалмас дардга чалиниб қолганини билдирди. Илёс Афзалович Саидадан эшитган нохушликдан эзилиб, ўрнидан турди. Сигарет тутатиб, деразадан ташқарига термулди. Чинор дарахти шохларининг шамолда оҳиста тебранишини, батамом сарғайиб қовжираган барглар бирин-кетин узилиб, ердаги хазонларга қоришаётганини томоша қила бошлади.
Илёс Афзаловичнинг энг севган фасли куз. У табиатан оғир-босиқ, кўнгли ўта юмшоқ инсонлар тоифасига кирар, куз фасли унга ўтмиш хотираларини эслатгани учун ҳам жуда қадрли эди...
“Ҳа, баҳорда инсон гўзалликка, қувноқ ҳаётга интилади. – дея ўйга чўмди Илёс Афзалович. - Гўёки ҳаёт фақат чиройли кийиниш, ўйин-кулгудан иборатдай. Ёзда эса одам фақат дам олгиси келади. Қўлинг ишга ҳам бормай узоқ-узоқларга кетиб қолгинг, китобларда ўқиган, киноларда кўрган, аллақайси, дарахтларида хурмо-ю, бананлар ғарқ пишган ўзга мамлакатларда бўлиб қолгинг, бутун ғам-ташвишингдан қочиб кетгинг келади. Куз эса ўзгача: хиёбонда кетар экансан, хазонларнинг шитирлаши қулоғингга шивирлайди. Гўёки, инсон, кўзингни каттароқ оч. Ахир дунёга яшаш учун келгансан, яшаш нима учун берилган? Ўлмоқ учун, ўлим эса ёлғон дунёдан боқий дунёга ўтиш учун. Боқий дунёга ўтаётганинг маҳал ёлғон дунёда орттирган яхши-ёмон амалларинг сарҳисоб қилинар. Бас, шундай экан, ортингга назар сол, туриш-турмушинг, мақсад-интилишинг тўғрими, деяётгандек... Афсуски мана бу дарахтларнинг, хазонларнинг тили йўқ... ”
Шу фалсафаларни ўқиб турган Илёс Афзалович кузнинг айнан шу хислатларини ёқтирар, шу ўгитлари учун севарди.
***
Нигора икки ҳафта ишга чиқмай, керакли муолажаларни олди. Азимжон дори-дармон учун кераклича пул берарди-ю, бироқ Нигоранинг касалидан асло хавотирга тушмади. Маишатхўр улфатлари аллазамон унинг юрагини тошга айлантириб, фикру-хаёлини заҳарлашга улгуришганди. Энди жуфти-ҳалолига совуқ, ўзга аёлларга эса суқланиб назар ташлайдиган бўлиб қолди. Авваллари бир-биридан ширин, шўх ўғиллари белига қувват бағишлаган бўлса,энди келаётган мўмай даромад куч-қувват бераётгандай.
Азим устахона дарвозасини қулфлади.
- Бугун иш ҳаққимиз чакки бўлмади, - деди Ботир лаб-лунжини кулгудан йиғолмай. .
- Тўғри айтасан. Юр, ресторанга бориб, бир мазза қилмаймизми?
- Э, жуда зўрсан-да, - Ботирга Азимжоннинг таклифи мойдек ёқиб, уни аврашга тушди, - Худди кўнглимсан оғайни!
Ботир билан Азим ресторанда ўтиришаркан, янграётган мусиқа овози, ароқнинг таъсиридан кайф қилиб, ҳузурланишарди. Азим жаҳл билан тарелкасини нари сурдида гап бошлади:
- Шу десанг уйдан безиб кетяпман. Хотинимнинг ҳали у ерим оғрияпти, ҳали бу ерим оғрияпти деявериши хит қилиб юборди.
- Дўстим қўй, кўп сиқилаверма, Худога шукр қил белингда қувватинг, чўнтагингда пулинг бор... Бир имо қилсанг мана ман дегани қошингда мунтазир бўлади.
Ёшгина официант қиз стол ёнига яқинлашди. Унинг келишган қадди-қомати, гўзал ҳуснига Ботир тикилиб қолди. Қиз столдаги бўшаган шиша ва тарелкаларни йиғиштира бошлади. Қандай қилиб Азимнинг кўнглини олишни ўйлаб ўтирган Ботир бир зумда миясига келган фикрдан қувонди-да, вақтни бой бермай секин ёнидаги фужерни туртиб юборди. Чиройли биллур идиш ерга жаранглаб тушди-да, чил-чил синди.
- Во-й! – официант қиз бақириб юборди.
- Ие-ие, - Ботир ҳеч нарсадан бехабардай, ўзини қизга ачингандай тутиб ерга энгашди, - чакки иш бўлди-ку, а!
- Вой, энди нима қиламан? Ахир бу қиммат туради, пулини қандай тўлайман, - қиз кўзига ёш олди.
Ботир қизнинг ҳолатидан у бу ерда пул учун ишлаётганини, турмуши ночорлигини англади. “Бундайларнинг ҳимоячиси, яқинлари деярли бўлмайди, - ўйлади Ботир. - Акс ҳолда тунги ресторанда ишлашига йўл қўйишмаган бўларди”.
- Майли, ҳамма бало-қазо шунга урсин! - Ботир ўзини қизга ён босаётгандек қилиб кўрсатди.
Қиз ердаги шишаларни териб оларкан, пиқиллаб йиғларди.
- Ишга тушганимга энди ўн беш кун бўлувди, ҳали иш ҳаққимни ҳам олмаганман.
Азимнинг унга раҳми келди. Ресторан хўжайинини чақиртирди. Унинг қўлига фужернинг пулини бераркан:
- Мен бу қизнинг акаси бўламан. Уни олиб кетмоқчиман, - деди.
Ресторан хўжайинига Азимнинг гапи ростми-ёлғонми ҳечам қизиғи йўқ эди. Шунинг учун суриштириб ўтирмади.
- Агар у кетса, бу ердаги вазифаларни ким бажаради? – деди таъна қилиб.
- Қизнинг кунлик иш ҳаққи қанча? – сўради Азим бўш келмай.
- Ўн минг сўм!
- Мана сенга йигирма минг сўм. Энди қизнинг жавобини бер.
Хўжайин Азим берган пулни оларкан: “Йигирма минг десам бўларкан, суриштириб ўтирибдими...” деган фикр хаёлидан ўтди.
Ботир билан Азим қизни “ҳимояларига” олиб кўчага чиқишди. Ўйлаган режаси яхши кетаётганидан Ботирнинг қувончи ичига сиғмасди.
- Дўстим, - деди у Азимнинг елкасига қўлини қўйиб, - негадир мазам бўлмаяпти. Қизни ўзинг кузатиб қўярсан, майлими? Хафа бўлиш йўқми?
- Йўқ-йўқ Ботир, нега хафа бўларканман, менимча кўп ичиб юбординг. Юр сени машинага солиб юбораман.
Азим машина тўхтатди, ҳайдовчига пул бериб Ботир билан хайрлашди. Қиз билан ёлғиз қолишгач Азим аста гап бошлади.
- Агар қарши бўлмасангиз бироз яёв юрсак, еган-ичганимиз хазм бўларди, - деди жилмайиб.
- Майли, - деди қиз ҳижолатли оҳангда, - барибир иш вақтим тугашига хали вақт бор эди.
- Исмингиз нима?
- Сабиҳа.
- Сабиҳа? Ҳечам эшитмаган эканман бундай исмни.
Улар қоронғу хиёбон бўйлаб оҳиста юриб боришаркан, Азим ўзини бўйдоқ йигитлардек хотиржам ҳис қилар, уйда уни хавотир билан кутаётган бетоб хотини, икки нафар ўғлини хаёлига ҳам келтирмасди. Дам-бадам Сабиханинг чиройликкина чеҳрасига қараб қўяркан, ўзича: “Бу қиз мени акасидай қабул қиляптимикан ёки йигит киши сифатида унга ёқаяпманми”, дея қизни синамоққа фурсат кутиб борарди.
- Сабиҳа?
- Лаббай.
- Кафеда ишлашингизга яқинларингиз қарши эмасми?
- Менинг яқинларим бор эди. Ҳозир йўқ, ҳеч кимим йўқ. Ойимлар болалигимда ўлиб кетганлар, ўгай онам қўлида катта бўлдим. Биргина акам борлар, фақат уларга суянардим. Дадамни ёмон кўраман, умуман, яқинларим ҳақида эслашни истамайман, - деди Сабиҳа ўкинч оҳангида.
Азимжон қизнинг алам билан боқаётган кўзларига тикилди.
- Нега акамга суянардим, деяпсиз, ҳозир-чи?
Соҳиба қадамини янаям секинлатди, ҳикоясини бошламоқчидай оғир хўрсиниб қўйди.
- Акам мен учун ёлғизгина жигарим, ҳимоячим эди. У бир бойваччанинг ҳайдовчиси эди. Бир куни унинг машинасини маст ҳолда ҳайдаб, жарликка ағдариб юборди. Яратганнинг қудрати билан ўзига ҳеч нарса қилмадию, лекин машина ёниб кул бўлди. Ўша хўжайини доим бизникига келганида менга еб қўйгудек тикилар, акамдан чўчиб менга гапиролмасди. Бунинг устига оилалик эди. Акам иш билан чиқиб кетгудек бўлса, ёнимга келардида, шошиб уйлангани, хотинини ёмон кўришини айтиб нолийверарди. Мен қанчалик ғашим келмасин унинг гапларини жим эшитишга мажбур эдим. Сабаби, акам унинг берган иш ҳаққи эвазига бизларни боқарди. Авария содир қилди-ю, ўша номард, хотинбоз акамга ёпишиб олди. “Бир ой ичида машинамни тўлайсан ёки умрингни қамоқда чиритаман”, деб пўписа қила бошлади. - Сабиҳа томоғига йиғи келиб, жим бўлиб қолди.
- Кейин-чи, кейин нима бўлди? – сабрсизлик билан сўради Азим.
- Кейин мен унга иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқдим. Менга алоҳида уй олиб берди. Кўчага бир қадам ҳам чиқармасди. Қимматбаҳо либослар, музлатгич тўла озиқ-овқатлар... Икки-уч кунда бир келардию, хотинидан қўрқиб тезда қайтиб кетарди. Мен эса шаърий хотини бўлсамда, расмий никоҳдан ўта олмай, унга тўла ҳаққим йўқлигидан азият чекардим. Ҳеч кимникига боролмайман, ҳеч ким мени йўқлаб келолмайди ҳам, юракларим қон бўлиб кетарди. Бир куни кундошим кириб келди. Жуда хурсанд бўлиб кетдим. Уни тўрга ўтқаздим, дастурхон тузаб, борини олдига қўйдим. Энди менинг ҳам сирдошим бор деб хаёл қилибман, ёшлигимга борган эканман. Бир пайт индамай ўтирган кундошим дабдурустдан столни ағдариб ташлади. Ер билан битта бўлиб ноз-неъматлар сочилиб кетди. Аввалига ўзимни йўқотиб, довдираб қолдим. Унинг ўткир панжалари сочларимни шу қадар тортардики, оғриқдан чинқирардим. Шу пайт эрим келиб қолди. У зўрға хотинини мендан ажратиб олди, йўлакда йиғилган қўшнилар ҳайрон. Ҳаммага томоша бўлдим. Буни қарангки, кундошим мени кўргани келди деб суюнибману, у эрининг уйланганидан бехабар орқаваротдан эшитиб, мени излаб келган экан. Ахир у ҳам аёл эди-ку, ҳаётнинг синовларини кўрган эди-ку. Менинг дардимни, эрига не сабабдан текканимни суриштирса бўларди-ку... Ўшанда эрим кундошимнинг оёқлари остига тиз чўкиб ялинди. Менга эса худди фоҳишага қарагандек муомала қилди. Қўни-қўшнилар олдида шармандаликка чидай олмай ҳамма нарсани ташладим-у, уйдан чиқиб кетдим. Эрим ортимдан чақирмади ҳам. Ярим кечаси совуқда тарашадек қотиб, уйга кириб бордим. Акамга бор воқеани айтиб бердим. Акам унинг олдига бориб хўрланган синглисининг аламини олишини истадим. Бироқ акам, туғишган жигарим дардимни етти ёт бегоналардек бепарво эшитди-да, уйида бир кечагина қолишимга рухсат берди.
Азим Сабиҳанинг ҳикоясини худди кино кўраётгандек тинглаб кетарди. Сабиҳа кўз ёшларини артиб, давом этди:
- Шу воқеага ҳам ярим йил бўлди. Акам эрим билан мени яраштиришга уринди, аммо номард эрим хотини менга деб сотиб олган уйни олиб қўйганини, болалари ёшлигини рўкач қилди, мен учун қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтди. Акам учун эса бир буюм эдим холос, менга яна пулдор куёв қидира бошлади. Бу ҳақоратларга чидай олмай, ҳеч кимга билдирмай уйдан чиқиб кетдим. Иш қидира-қидира мана шу ресторанга ишга кирдим. Хўжайинини ўзингиз кўрдингиз, жуда зиқна одам. Итдай ишлатиб арзимаган ҳақ беради.
- Ҳозир қаерда яшаяпсиз? – сўради Азим Сабиҳанинг ҳикоясидан таъсирланиб.
- Бир ижарачи кампирникида. Бечора пул сўрамайди. Ишларини қилиб, егулик бериб турсам кифоя, - шундай деб Сабиҳа тўхтаб, Азимжоннинг кўзларига ўткир, сирли нигоҳлари билан тик боқди - Биласизми, баъзида мажбур бўлиб теккан бўлсам-да, эрим билан яшаган дамларимни қўмсайман. Ҳар ҳолда иссиқ уйим, рўзғорим бор эди. Бекорга нолиган эканман, ҳозирги қийин шароитимни ўша, зерикарли бўлса-да, тўла-тўкис турмушим билан солиштирсам жуда алам қилади. Нега ўз ҳуқуқимни ҳимоя қилмадим? Нега кундошим билан, эрим билан охиригача курашмадим, дея ўз-ўзимдан нафратланиб кетаман. Қайси айбим учун мана шундай, кимлардандир қолган овқатга хор-зор бўлиб, қаҳратон совуқларда кафеда ишлашим, яна маломатларга қолиб яшашим керак, дея ўксинаман.
Соҳибанинг одамнинг раҳмини келтириб майин, ҳокисор алфозда гапираётган дардлари Азимнинг кўнглини юмшатиб, ўзини қизга нисбатан хомийдек, масъулдек ҳис қилишга ундади.
У Сабиханинг хумор кўзларидан оқиб тушган икки томчи ёшни дағал бармоқлари билан сидирди, меҳри товланиб, бағрига босди. Ўзини ёлғиз, ҳимоячиси йўқдек, ҳеч кимга керакмас ташландиқ сезиб юрган қиз умрида туймаган меҳрни Азимнинг бағрида туйгандек бўлди. Энди унга барибир эди, отаси, жигаридан топмаган эътиборни Азимдан топишига умид қилди. Унинг хотини, бола-чақаси борми-йўқми, унга даҳли йўқдек. У ўз қадрини, ўзи бекалик қилиши учун ўз бошпанасини, рўзғорини топса бўлгани, унга фақатгина шу керак эди. “Мени ҳеч ким ўйламайди-ку, нега мен бировлар учун қайғуришим керак? Бас, энди ортга чекинмайман”. Сабиҳанинг қатъий қарори қалбини тўлдирди.
Азим Сабиҳани уйигача кузатиб қўйди. Қиз кириб кетгач Азим ҳувиллаган кўчада ёлғиз ўзи қолди. Шундагина оиласи ёдига тушиб уйи томон йўл олди.
***
Азим чойни қайтараётиб, ўзига синовчан қараётган хотинининг кўзларига қарашга ботинолмади. Кўнглидаги оғу билан кирган шайтон эса унга тасалли бера бошлади:
“Намунча ҳижолат тортасан? Уй-жойини бутлаб, рўзғорини қойиллатиб қўйган бўлсанг! Ундан кейин бир мусофир, ҳимоясиз аёлга ёрдам қилмоқчисан, бунинг нимаси гуноҳ? Эшшакдек ишлаб, пул топганингдан кейин, қандингни ур-да! Нега энди бутун умринг касалманд хотинга тобе бўлиб ўтиши керак?”.
Азим қулоғи остида ғўнғиллаётган овоз ғойибдан келаяптими ёки туш кўряптими, билолмасди. Боши гангиб, ёстиққа ёнбошлади. Нигора эрининг тунд қиёфасини кўриб, кун бўйи тинмай ишлайвериб толиқибди, деган хаёлга борди.
- Дадаси, жуда толиқибсиз, жа унақа берилиб ишлайверманг-да. - шундай деб эрининг оёқларини уқаламоқчи бўлди.
Азим Нигоранинг меҳрибончилигидан ғаши келиб, унинг қўлини силталаб ташлади.
- Чарчадим, чироқни ўчир! Эрталаб вақтли уйғот.
Нигоранинг кўнгли ғалати бўлиб кетди. Бу ерда бирон гап борлигини аёллик қалби билан ҳис этди.
Азим туни билан алаҳсираб чиқди. Кўзига алланималар кўрина бошлади: “Зимистон қоронғуда хонада шайтон кафтларини бир-бирига ишқаб, у ёқдан бу ёққа хурсанд чопа бошлади. Сўнг Сабиҳа қиёфасига кириб, Азимжоннинг кўз қорачиғларига жойлашиб олди”. Бу кўраётганлари тушими ёки ўнгими, ўзи ҳам билолмас, кайф таъсирида боши лўқиллаб оғрир
Эртасига барвақт устахонага борди. Лекин ҳечам қўли ишга бормади. Ҳамон Сабиҳанинг гўзал чеҳраси кўз ўнгидан кетмаганди. Вақтлироқ эшикни қулфлади-да, яна ресторанга, Саҳибанинг олдига йўл олди.
Сабиҳа эртасига ишга бормади. Кечаси билан ухлолмай, ўз ҳаётини сарҳисоб қилиб чиқди. Бегона эркакнинг уни бағрига босгани, дардини тушуниб, ҳамдардлик билдиргани, у эса қаршилик қилгиси келмаганини эслаб вужудини ҳаяжон эгаллади. “Агар, - ўйлади Сабиҳа, - мени деса албатта излаб келади. Борди-ю, келмаса, ўша қадримни, иффатимни оёқ ости қилмоқчи бўлган, ширакайф хўрандалари оч бўри каби ташлангудек муомала қиладиган ресторанга бошқа қадам босмаганим бўлсин. Яхшиси бошқа иш топаман, бахтимни бошқа ердан излайман”.
Шу хаёллар оғушига ғарқ бўлиб ўтираркан эшик тақиллади. Сабиҳа шошганидан елкаси билан битта ёйилган шаршарамисол сочларини йиғиштиришга улгурмай ўзини дарвозага отди. Эшикни очганида остонада қўлида катта пакет тутганча Азим турарди.
- Вой сизмисиз? - қувончдан Сабиҳанинг кўзлари порлаб кетди. – Кираверинг, марҳамат.
- Сизни қидириб, ишхонангизга боргандим, йўқ экансиз. Тўғри шу ерга келавердим, - Азим қўлидаги пакетни узатди. - Манавини олиб қўйинг.
- Вой, Азимжон ака, нима қилардиз овора бўлиб.
Ичкаридан бели бироз букчайган, юзларини ажин босган ижарачи кампир чиқиб келди. У Азимни Сабиҳанинг қариндоши деб ўйлаб қуюққина сўрашди.
- Хола, қаранг овора бўлиб шунча нарса кўтариб келибдилар. - Сабиҳа пакетдаги патир-қази, гўшт, ғарқ пишган узумларни стол устига қўя бошлади.
Нарсаларни кўриб ижарачи кампир Азимга мамнун тикилди.
- Қизим, сен чой дамлаб келгинда аканг билан бафуржа гаплашиб ўтиринглар. Мен меҳмон йигитга яхшилаб ўзим ош дамлаб берай, - шундай деб нарсаларни йиғиштириб, чиқиб кетди.
Улар ёлғиз қолишгач Азим кўз остидан Сабиҳанинг оёғидан бошигача разм солар, унинг келишган қадди-қоматига суқланиб қарарди. Шундай ёш, кўҳликкина аёл унинг хотини бўлиши мумкинлигини ўйлаб ич-ичидан суюнарди.
Сабиҳа ҳам ўзича мушоҳада юрита бошлади: “Азимжон акам бекорга келмаган, яна шунча нарса кўтариб келганичи. Агар қўлимни сўраса ҳеч иккиланмай рози бўламан. Қизиқ, оиласи, бола-чақаси бормикин? Сўрасаммикан? Йўқ, зинҳор сўрамайман. Ҳақиқатни билганим билан нима ўзгаради, яна бахтимни йўқотишим, шундай меҳрибон одамдан айрилиб қолишим мумкин. - Сабиҳа Азимжоннинг келишган гавдасига, бир оз оқ оралаган сочларига разм солди. - Тўғри, ёши мендан анча катта, лекин мен бошқа кимга ҳам муносибман? Азимжон ака сингари қўли очиқ, пулдор эркаклар кўчада қолмаган ахир...”, деди ўзига ўзи.
Ҳар иккиси ўз ўйи билан банд. Азим ўз кўнглининг нафси йўлида гуноҳга ботаётгани хаёлига ҳам келмас, назарида ҳимоясиз бир аёлга кўмак бераяпти-ю, савобга қоладигандек. Қиз эса ёши ўтиб бораётгани, қачонлардир, кимнингдир жуфти-ҳалоли бўлиб, қаланғи-қасанғилардан шаънини ҳимоя қилажаги ҳақида қарор чиқармоқда эди.
Бироқ кимнингдир бахтини оёқости қилиш эвазига, икки гўдакнинг кўз ёшлари эвазига ҳар иккиси ҳою-ҳавас қасрини қураётганларидан бехабар эдилар. Тўғрироғи, дилкўзлари қоронғулик билан тўсилган эди. Шу тобда улар фақатгина ўзларинигина ўйлардилар. Жимликни биринчи бўлиб Азим бузди.
- Сабиҳа, менга турмушга чиқинг, - деди дабдурустдан.
Сабиҳа чиройли жилмайди-да, шаҳло кўзларини ерга боқди. Буни розилик аломати деб билган Азим янада дадилланди.
- Ҳозирча шу ерда яшаб тураверасиз. Шаҳар марказидан икки хоналик уй сотиб олмоқчиман. Ҳужжатларни тўғрилаганимдан кейин олиб кетаман. Сизни албатта бахтли қиламан, Сабиҳа, - деди Азим унинг қўлларидан тутиб.
Азим ваъдасида турди. Уч ойлар ўтмай Сабиҳани шаҳарнинг энг гўзал гўшасида жойлашган икки хонали уйига кўчириб борди. Шундан кейин икки-уч кунлаб уйга келмайдиган, хотини, болаларини “иш билан кетяпман” деб алдайдиган одат чиқарди.
Орадан йиллар ўтди. Азим Нигора билан ажрашиб Сабиха билан яшай бошлади.
***
Бугун Нигора ишдан барвақт чиқиши керак эди, сабаби, ўғиллари арча олиб келишини қайта-қайта сўрашганди. Эрининг уни ташлаб кетганига ҳам ўн йилдан ошди. Ўғиллари ҳам анча улғайиб ёнига киришди. Бироқ, баъзида қилиқлари ёш болани эслатади. Нигора хонасида ўтираркан эрталабки воқеани эслаб кулди:
“- Ойи, бугун албатта арча олиб келинг хўпми? – деди ўғли Асқар.
- Вой тавба, Асқар, кап-катта бола бўлганларингда арчага бало борми-я...
- Йилда бир маротаба бўладиган байрам-да ойи. Мен ўзим салат учун керакли масаллиқларни олиб келаман.
- Айтгандай, биронта дўстларингиз бўлса чақираверинглар, - дея Нигора ўғилларининг кўнглига қўл солди.
Кичкинаси келиб уни қучоқлади.
- Ойи, янги йил оилавий байрам, бизга ҳеч кимнинг кераги йўқ. Сиз ҳар куни ишда, биз ўқишда бўламиз. Келинг, лоақал янги йил кечаси уччаламиз мазза қилиб ўтирамиз”.
Нигора фарзандларининг қувноқ гап-сўзларини эсларкан, уларнинг аҳиллигидан хурсанд бўлди. “Бечора ўғилларим, балки мен учун байрамни сабрсизлик билан кутишаётгандир, демак арчани ҳам мен учун безатишмоқчи экан-да. Қани энди номард оталаринг ҳам биз билан бўлса эди”, шундай деб Нигора кўзига ёш олди.
У асло ёлғизлигидан изтироб чекмасди, фарзандлари унинг борлиғи. У фақат бир нарсадан, ўғиллари ота меҳрини кўролмай ўсаётганларидан куюнарди. “Қани энди маблағим бўлсайди, байрам дастурхонини зўр қилиб безатардим. Агар арча сотиб олсам, қимматбаҳо ширинлигу, мандаринларга пул етмайди-да. Майли, дилбандларимнинг сазаси ўлмасин. Ҳозироқ дўконга бораман-да, энг чиройли арчани харид қиламан”, шундай деб кайфияти кўтарилганча бошлиқ ҳузурига кириб борди.
- Келинг Нигорахон, қани марҳамат, - Илёс Афзалович уни ўтиришга ундади.
- Йўқ, раҳмат, бир оғиз...
- Менинг ҳам сизда гапим бор эди.
Нигора ноилож ўтирди. Бошлиқнинг айтмоқчи бўлган гапи нима ҳақидалигини билмаса-да, юраги безовта ура бошлади. Илёс Афзаловичнинг бошқаларга нисбатан унга ўта мулойим муносабатда бўлиши, айниқса эри билан ажрашгач Саидадан бор ҳақиқатни суриштириб, унинг шахсий ҳаётига қизиқиши Нигорани анча ташвишга солиб қўйди. Илёс Афзалович яхши инсон, хушмуомала, камтарин, Нигорага кўп бор яхшилик қилган, раҳбар сифатида ёлғиз аёллигини инобатга олиб, мукофот пуллари бериб турган бўлсада, аммо Нигора у ҳақда эсласа ўз-ўзидан уялар, ўғиллари олдида гуноҳ иш қилаётгандай қўрқиб кетарди.
- Менга бирон топшириқ борми Илёс Афзалович? – орадаги жимликни бузди Нигора.
- Хўш, бу йилги ҳисоботлар тайёр бўлса эртагаёқ бошқармага жўнатинг.
- Тайёрлаб қўйганман, қўл қўйсангиз бўлди.
- Яхши...- бошлиқ яна ўйланиб қолди-да, Нигорага жиддий нигоҳ ташлади. - Нигорахон, шахсий ҳаётингиздан бохабарман. Турмуш ўртоғингиз бетоблигида чеккан изтиробларингиз ҳам кечагидай ёдимда.
- Ҳа... нима ҳам қилардим, тақдир экан, - Нигоранинг кўнгли хотиржам тортди, худди яқин сирдоши билан суҳбатлашаётгандай ҳис қилди ўзини.
- Алимент олиб турибсизми?
- Ҳа, ҳар ойнинг охирида ўғилларим у билан учрашиб туришади.Кичкинам Азаматжон жуда шўх, ҳаётга қувноқ назар билан қарайди. Бунинг устига отаси ташлаб кетганда жуда ёш бола эди. Шунинг учунми учрашувни сабрсизлик билан кутади. Каттам Асқаржон унинг акси, жидий, мулоҳазали. Отасининг олдига ҳам менинг қистовим билан баъзўр боради.
- Иккинчи оиласидан фарзанди борми?
- Йўқ.
Илёс Афзалович жаҳл билан сигаретига ўт ёқди. Ўрнидан туриб дераза олдига бориб сигаретани чуқур-чуқур торта бошлади.
- Нигорахон, шахсий ҳаётингизга аралашганим учун мени маъзур тутинг. Лекин сизни кўрсам... Қани эди иложи бўлсами ўша номард, сиздек покиза аёлнинг қадрига етмаган аблаҳни адабини бериб, оёғингиз тагига тиз чўктирсам!
Нигора бошлиқнинг авзойини кўриб ғалати аҳволга тушди. Хушмуомала, табиатан юмшоқ инсоннинг бундай аҳволга тушишини тасаввур ҳам қилмаганди.
- Нигорахон, сиз жуда хато қилибсиз. Эрингиздан ўч олиш учун умуман фарзандларингизни ёнига йўлатмаганингиз маъқул эди, ундан кўра тирноққа зор бўлиб ўтгани маъқул эмасми?
Илёс Афзалович икки бор уйланган, бироқ фарзанд кўрмаганди. Бефарзандлиги бир бўлса, унинг бойлигига учиб тегиб олиб, сўнг фарзандсизликни баҳона қилиб, унинг орқасидан бойлик орттириб, яна ёлғизлик домига ташлаб кетган аёл бир кўргулик бўлди. Ўта маданиятли бўлган бу инсон асло ўзини йўқотиб қўймади. Бутун борлиғини илмга, машаққатли меҳнатга сарфлади. Ҳалол топган пуллари эвазига очган фирмасидан тушаётган даромадни эса савоб ишларга сарфлай бошлади. Сўнгги хотинининг найрангларидан кейин умуман уйланмасликка онт ичганди. Бироқ Нигорани ҳар кўрганда, “Ҳаётда иффатли, муниса аёллар ҳам бор экан-ку”, деган фикрга келадиган бўлди. “Агар Аллоҳ менга иқтидор, давлат бермаганида, балки тақдир Нигора сингари аёл билан учраштирармиди, мен ҳам ота бўлиш бахтига эришармидим”, деган сон-саноқсиз хаёллар кечалари унга уйқу бермасди.
Нигора Илёс Афзаловичнинг ҳозирги аҳволи сабабини англаб бошини
қуйи эгганча индамай ўтираверди. Бошлиқ деразани очиб сигарет қолдиғини улоқтирди, хонага кирган енгил шабада унинг изтиробини тарқатгандай бўлиб, кайфияти бироз кўтарилди.
- Қаранг, Нигорахон, одамлар қаергадир шошилишмоқда. Барча оиласи, бола-чақаси ташвиши билан елиб-югурмоқда. Барибир мендан кўра сиз бахтиёрсиз, сизни ҳам уйда фарзандларингиз интизорлик билан кутишяпти. –Илёс Афзалович жим бўлиб қолди. Бироздан кейин деразани ёпиб ўрнига келиб ўтирди. - Сизга жавоб, Нигорахон, кетаверинг.
- Раҳмат сизга, Илёс Афзалович, - Нигора шу топда ёлғизлик ғамида қийналаётган оқкўнгил инсонга юракдан ачиниб ўрнидан турди. Эшик тутқичини ушлаган замон Илёс Афзалович ёнига келиб йўлини тўсди.
- Айтгандай, хаёлимдан кўтарилибди, манавини олинг, илтимос - қоғозга ўралган пулни узатди.
- Бу нима?
- Ўғилларингизга арча олиб беринг. Янги йил кириб келганда мени ҳам бир бор эсланг...
- Вой тавба, ҳозиргина арча сотиб олиш ниятида сиздан вақтли кетишга ижозат сўрамоқчи эдим-а!? - Нигора қўлига тушган пулдан эмас, балки Илёс Афзалович билан унинг нияти бир хил чиқаётганидан ҳайрон бўлиб қолди.
- Ана кўрдингизми Нигорахон, демак, иккимизнинг ҳам ниятимиз холис экан. Агар йўқ демасангиз фарзандларингиз билан танишиш учун янги йил оқшоми сизникига борардим.
- Йўқ-йўқ! Нималар деяпсиз? - Нигора шошиб қолди.
Илёс Афзаловичнинг қиёфасида ҳижолатлик зоҳир бўлди.
- Кечиринг, ўйламай гапириб юбордим. Агар совғамни олмасангиз, қаттиқ ранжийман.
Нигорага пул қанчалик зарур бўлмасин агар бошқа одам берганида асло олмаган бўларди, бироқ рўпарасидаги эркакнинг кўзлари шунчалик таскинга зор эдики...
- Илёс Афзалович, биласизми, сиз жудаям мард, оқкўнгил инсонсиз. Ҳар вақт оғир кунимда мушкулимни осон, дардимни енгил қилиб келгансиз. Сизнинг ҳаётингиз ҳали олдинда, албатта бахтингизни топасиз. Сизнинг зурриёдингиз эътиқодингиз, тушкунликка тушганларга қилаётган эзгуликларингиздир, - деди Нигора астойдил таскин бериб.
***
Нигора қорларни ғарчиллатганча босиб бораркан, бошлиғининг салобатли, шу билан бирга мунғайган қиёфаси кўз олдидан кетмасди. “Европаликларнинг табиати қизиқ-да, - деди Нигора ўзига ўзи, - бева аёлга ёрдам қўлини чўзган инсонни миннатдорчилик тариқасида бемалол уйига ҳам таклиф қилаверишади. Яқинлари суриштиргудек бўлса, “дўстим” дея таништиришади. Бизда-чи, отилмаган тош ҳам, теша тегмаган туҳмат гап ҳам эрсиз аёлга бориб тақалаверади. Агар одамлар нотўғри тушуниб гап-сўз қилмаганида Илёс Афзаловични албатта уйимга янги йилни бирга кутиб олиш учун таклиф қилармидим. Ҳалиям бўлса чақирайми-я, ахир шунча кўрсатган яхшиликларига бир бор мен ҳам жавоб қайтарсам нима қилибди..”
Нигора каттагина арчани қучоқлаб олганча бир қўлида оғир сетка, уйига кириб борди. Ўғиллари қийқиришганча пешвоз чиқиб, дарҳол арчани безатишга ҳозирлана кетишди.
- Ойи, шунча нарсага ҳаражатни қаердан олдингиз? Мандариннинг ўзи палон пул туради-ку? – деди Асқаржон.
- Сизларга бошлиғимиз ҳақида гапиргандим, эсингиздами, Илёс Афзалович! Янги йил билан табриклаб пул берди. Жуда зўр одамда ўзиям. Ҳалол, мард, ақлли... - Нигора ўзи билмаган ҳолда уни оғзидан бол томиб мақтаркан, сумкадаги нарсаларни бўшатарди. Бир пайт нимагадир кўнгли ғашланди. Ялт этиб ўғилларига қаради. Асқар қўлидаги ўйинчоқни арча томон узатганча ўйчан, онасига тикилиб турарди. Она-бола узоқ вақт бир-бирларидан ҳижолат тортиб, ишлари ҳам унмай жимиб қолдилар. Азаматнинг қувноқ овози уларнинг ўртасидаги жимликни бузди.
- Ойи, ўша бошлиғингиз шунча пулни қаёқдан олади?
- Унинг ўз фирмаси бор. Тушган даромадидан савоб бўлсин деб ночорларга беради.
- Ойи, унинг оиласи борми?
Нигора Асқарнинг шу бир оғизгина саволидан кўп нарсани илғаб олгандек бўлди. Ҳақиқатни айтай деса ўғлининг жавдираб турган кўзларидан уялди.
- Ҳа ўғлим, оилалик, бола-чақалик одам.
“Тавба, баъзи ҳолларда фарзандингнинг тинчлигини ўйлаб ёлғон гапиришга ҳам мажбур бўларкансан, - ўйлади Нигора, - қани энди ёлғоним чин бўлса. Эй Худо, боя нималарни хаёл қилгандим-а, Илёс Афзаловични сал бўлмаса меҳмонга чақирмоқчи бўлибман-а. Эй яратган эгам ўзинг ҳамиша тўғри йўл кўрсат, шайтон васвасасидан ўзинг асра”. Кўнглидан шуларни кечираркан, Нигоранинг дили ёришди. Иккала ўғлининг ҳатти-ҳаракатларидан, иштиёқ билан арча безатаётганларидан завқланиб уларни кузатиб ўтирарди. “Ўғилларим кап-катта бўлиб қолишибди-я, шундоқ ҳам оталаридан кўнгиллари қолган, менга ҳам ишонмай қўйишса, қандай ҳаёт кечиришади? Йўқ, асло, Илёс Афзаловичдан ҳеч қачон, ҳеч нарса таъма қилмаганман. Унинг ўзи ҳар сафар мажбурлаб ёрдам қўлини тутади.Агар савоб йўлида ёрдам қилаётган бўлса мендан қайтмаса Худодан қайтсин, агар мендан бирон илинжи бўлса қилган яхшиликларига асло рози эмасман”.
Ўғли Асқардаги жиддийлик, қатъият Нигорага ўтди, у ҳам ўғилларига кўмак бериш учун арча ёнига яқинлашди.
Янги йил кечаси Нигора жуда шод эди. Бўлмасам-чи шинамгина уйи арча билан безатилган. Дастурхонда норин-у, салатлар, барчаси бисёр. Ўғиллари телевизорда намойиш этилаётган “Гап йўқ” кўрсатувини кўриб ичаклари узилгудек кулиб ўтиришибди.
Нигора ойнадан ташқарига разм солди. Гупиллаб ёғаётган қорга қараб аста пичирлади:
- Ўзингга шукр, етказган тинчлик кунингга, едирган ноз-неъматларингга, кийдирган либосларингга беадад шукрлар бўлсин. Шундай паҳлавон ўғилларим бағримда, бошқа яна нима керак менга?! - Шундай деркан, кўз олдига эри Азим келди. “Аҳмоқ, шундай ўғилларинг бўлса-ю,тирноққа зор бўлиб яшасанг. Ҳар замонда бир кўрганинг билан оталик лаззатини, бахтини ҳис қилармидинг? Майли, шу йўлни танлаган экан, бахтли бўлсин”, деб қўйди.
Нигора шу қадар бахтиёр эдики, уни ташлаб кетган бўлсада, Азимга нисбатан ёмонликни раво кўрмасди. Эри билан ажрашган дамлари Саида билан дардлашиб ўтирган кунни эслади:
Ўшанда Саида ачиниш билан койиганди:
“- Сенам пишиқроқ бўлмадингда. Олдингга болаларингни эргаштириб ўша мегажиннинг ёнига борганингда, қиёмат қойим қилганингда, эринг қайтиб келарди. Лаллайиб ўтираверганингдан кейин ёш экан, чиройли экан деб ёпишди-қўйди.
- Эй, қўйсанг-чи, Саида, касал бўлганимдан кейин нима қиламан ялиниб.
- Вой-вой-вой, гапини қаранглар, касал бўлиб эртаю-кеч ялпайиб ётганинг йўғ-у, уйим-жойим, болаларим деб елиб-югурсанг, ундан кейин эрингни деб шу касалликни орттириб олдинг.
- Қўявер ўртоқ. Зўрлик билан олиб ўтирганим билан кўнгли бошқада бўлса нима ҳам қилардим.
Саиданинг жиғибийрони ошди.
- Шунчалигам юрагинг кенгми?! Сен тугул мен аламимдан чиқолмаяпман. Ҳеч бўлмаса олдига бориб, шрмандасини чиқариб келмайсанми?
- Менам жим юрганим йўқ. Ўша қизни таниганлар аввалги уйининг манзилини айтишганди. Уй эгаси бир муштипаргина кампир экан. Ундан қизнинг қисматини эшитиб тўғриси ачиндим. Ёшгина экан, айб фақат эримда, уни алдаган, аросатда қолганлигидан, ҳимоясизлигидан фойдаланган...”.
Саида билан бўлган тортишувни эсларкан, Нигора ўзидан кўнгли тўлиб, қалбига оппоқ қордек соф туйғулар оралади. “Мен ҳеч қачон улардан ўч олмайман. Менинг шундай фарзандларим бор, улар эса ёлғиз. Шунинг ўзи ҳаётнинг уларга кўрсатган жазоси эмасми?”.
Нигоранинг назарида эри билан кундошининг уни хўрлагани тақдирнинг синови эди. Эрининг хиёнатига бардош бераётгани туфайли ўғиллари соғ-саломат, оқибатли, меҳнаткаш бўлиб улғайишаяпти деб ҳисобларди. У яна бир бор паға-паға ёғаётган қорга завқланиб тикилди-да ўғилларини дуо қилди. Сўнг маромига етиб пишган товуқ гўштини чиройли ликопчаларга безатиб, болалари ўтирган меҳмонхонага олиб кирди.
Соат миллари ўн иккига бонг урганида иккала ўғли Нигорани қучоқлаган кўйи “ура-ура”лаб бақиришларидан уй деворлари кўчиб тушай деди.
Бу пайтда бошқа бир хонадонда эса жим-житлик ҳукм сурмоқда.
Азим эрталабдан ичиб олди. Унинг аҳволидан Сабиҳанинг кўнгли кетиб ижирғанди.
- Ҳеч бўлмаса шу бугун одамбашара бўлиб ўтирсангиз-чи?
- Нима ишинг бор, сенинг пулингга ичаяпманми?
Сабиҳа иложи борича босиқлик билан гапиришга уринди. Бугун байрам, шундай кунда эри билан урушишни истамади.
- Майли Азимжон ака, бугун байрам, ичсангиз ичибсиз-да. Мен дастурхон безайман, сиз арчани ясата қолинг.
Азимнинг кўнглига қил сиғмасди. Диванда ётаркан, икки кун олдинги манзарани кўз олдига келтирди. Ўша куни машинасини светофорда тўхтатганида шундоқ ёнгинасидан Нигора чопганча ўтиб кетди. Қўлида оғир сумка, қўлтиғида кўм-кўк арча, юзида табассум, у жуда хурсанд эди.
Азим Нигора билан бирга яшаган дамларини, янги йил кечаси ўғиллари Асқаржон билан Азаматнинг қийқириб, арча атрофида қувнаб ўйнаганларини бирма-бир эслади. Эслади-ю, уларни, ҳаттоки беозор, нима деса ҳам итоат қилиб қараб тураверадиган Нигорани ҳам қаттиқ соғинганини ҳис қилди.
“Балки Сабиҳадан зерикдимми? – ўйлади Азим. - Аслида Сабиҳани севармидим? Балким уни севмагандирман, бу шунчаки ҳавас бўлгандир? Умуман, севги нималигини қалбим билан ҳис қилганмидим? Агар бу туйғунинг нималигини тушунганимда кўз очиб кўрганим Нигорадан воз кечмасдим, жигаримнинг бир пораси бўлган зурриёдларимдан юз ўгирмасмидим? Бу шунчаки ҳавас эди холос. Афсуски буни жуда кеч тушундим...”.
- Азимжон ака, ҳалиям арчани ясатмадингизми?
Сабиҳанинг мажбуран ўзини қувноқ кўрсатиши Азимнинг тўлиб турган асабини таранглаштирди.
- Арчани нима қиласан? Ёш боланг бормидики, атрофида ўйнаса?
- Нима, арча фақат болалар учунми? Арча - байрам маликаси.
- Маликаси? - Азим заҳарханда кулди, - болали уй бозор, боласиз уй мозор дейдилар. Бунақа маликалар болали уйга ярашади.
Эрининг пичинги Сабиҳанинг юрагига ханжар санчгандай бўлди.
- Ҳали туғмаганлигимни юзимга соляпсизми? Болани шунчалик яхши кўраркансиз, нега оилангизни ташлаб кетдингиз?
- Шайтон йўлдан урди.
Уларнинг бу сафарги жанжалига гумон, рашк, араздан устун турган аччиқ ҳақиқат ҳам аралашди. Бундан Сабиҳа ваҳимага тушди. Азимнинг оёқларига тик чўкди.
- Азимжон ака, сизга неча бор айтдим, хотинингиз билан ажрашманг, у билан ҳам, мен билан ҳам яшайверинг дедим. Фарзандларингиз билан бўлинг, мендан хабар олиб турсангиз кифоялигини неча бор уқтирдим, ўзингиз хоҳламадингиз-ку!
Азим Сабиҳани куч билан итариб юборди.
- Биламан, сенга пулим, уй-жойим керак эди. Балким атайин туғмаётгандирсан?
- Нима? - Сабиҳа қотиб қолди. - Бу нима деганингиз? Шунча гуноҳ қилганингиз каммиди? Нега туҳмат қиласиз? - ҳўнграб йиғлаганча ётоққа кириб кетди-ю, қайтиб чиқмади.
“Бекорга Сабиҳани хафа қилдим, - ўйлади Азим, у менинг этагимга ёришиб олмаганди-ку, ҳамма айб ўзимда. Лаънати Ботир! Қўйнимга илондек кириб олган экан, илондек авради, йўлдан урди”.
Азим ётоққа кириб чироқни ёқди. Сабиҳа юзини ёстиққа босганча йиғларди.
- Сабиҳа, мени кечир, айб ўзимдалигини яхши билсам-да, аламимини сендан олдим.
Сабиҳа юз-кўзини артиб, оғир уҳ тортди.
- Азимжон ака, эсингиздами, собиқ эримнинг хотини бошимга қай кунларни солганини айтиб бергандим. Энди ўйлаб кўрсам, сизнинг хотинингиз фаришта экан. Қаранг, орадан шунча йил ўтиб кетибди-ю, лоақал бирон марта ўртамизга суқилмади ҳам, шу пайтгача бир-биримизни кўрмай бамайлихотир яшайверибмиз. Сиз билан кечирган бахтиёр дамларим, яхши кунларим шу аёл туфайлидир. Азимжон ака, энди кўзим очилди, уни хор қилиб ташлаб кетганингиз туфайли Худо бизга фарзанд бермаяпти.
- Сабиҳа, сен яхши хотин бўлдинг, аммо эркак киши учун бу камлик қиларкан, - Азимнинг кўзларига ёш қуюлди.
- Боринг Азимжон ака, боринг. Оилангиз олдига қайтинг.
- Қайси юз билан бораман...
***
Янги йил оқшомида инсонлар ўтган умрини сарҳисоб қиладилар. Азим ҳам ёлғиз ўзи диванда телевизор кўриб ўтираркан хаёли бошқа ёқларда кезарди. Шу йиллар мобайнида Сабиҳа билан хўп давру-даврон гаштини сурди. Базму-жамшидларда қадди-қомати келишган, ёшгина, чиройли хотинини олдига солиб давраларга кириб борганида дўсту-душманлари унга ҳавас-ҳасад билан қарашди. Омад ҳам келганда келаверди. Ойнинг охирида ўғиллари билан учрашиб турар, уларга керагича пул бериб турди. Шу билан ўз оталик бурчини бажараяпман дея кўкрагини кериб юраверди. Аммо уни ўлим ёқасидан олиб қолган, у туфайли бетоб бўлган аёлига хиёнат қилганини тан олгиси келмас, тўғрироғи, касалманд хотинини ҳаётидан ўчириб ташлагиси келганди. Бора-бора ҳаётнинг ўткинчилигини тушуна бошлади. Айниқса таниш-нотаниш қазо қилиб маҳаллага аралашиб қабристонга борганида ўз нафси йўлида қилган гуноҳ ишларини ўйлаб юраги ўқтин-ўқтин санча бошлади. Нимагадир охирги пайтларда, энг қирчиллама ёшида ўлим ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолганди.
***
Азим телевизорни ўчирди. Сабиҳанинг устига адёлини ёпди-да, ўйлаган мақсадини амалга ошириш учун ошиқди. Машинада яхлаб улгурган сирпанчиқ йўлдан кетиб бораркан, Нигорага айтиши керак бўлган гапларини ўзига-ўзи такрорлаб борарди:
- Нигора, биламан сен мендан нафратланасан. Мен оғир гуноқ қилдим, лекин сен покиза, фаришта аёлсан. Шунинг учун мени кечириш учун сабр-тоқат топа оласан. Илтимос, ўғилларимиз ҳаққи-ҳурмати мени кечир. Кеч бўлсада, кўзим очилди, қолган умримни сенга, болаларимизга бағишламоқчиман. Адашган қалбимга имон олиб киришимда ёрдам бер, Нигора!
Азимни хаёл чалғитдими ёки қаршисидан тезлик билан келаётган машинанинг ҳайдовчиси мастмиди, шиддат билан бир-бирига урилди.
...Азимнинг қулоқлари остида овоз эшитилди. Кимдир гоҳ узоқ-узоқлардан, гоҳ баланд овозда яқиндан сўзламоқда эди:
- Тез, тез бўлинглар, ҳар дақиқа ғанимат! Томирига, томирига юборинглар.
Азимнинг боши чирпирак бўлиб айланди-ю бироздан сўнг ўзини енгил ҳис қила бошлади. Энди у туш кўра бошлади: “Қандайдир кимсасиз далада кетяпти. Бир пайт шамол турди, кучли бўрон унинг кўкрагидан орқага томон итара бошлади. У негадир тескари юриб кетарди. Ортига ўгирилди. Орқада зимистон қоронғулик, олдинга боқди, оппоқ гуллар, мусаффо осмон. Ортида яна даҳшатли манзара. Кимдир гуллар териб юрибди. “Ие, Нигора-ю” деди Азим ҳайрон бўлиб.
- Нигора, ёрдам бер, қутқар!
Қаердандир ўғиллари чопиб келишди. Онасини қучоқлаб олишди. Нигора, ўғиллари Азимга хотиржам қараб туришарди. Узоқдан Сабиҳа ҳам кўринди. У Азим томон чопиб келарди. Шу пайт Азимни қоронғу зулмат куч билан ўзига торта бошлади.
- Нигора, Сабиҳам, ёрдам беринглар! – бор овози билан бақирди Азим.
Сабиҳа қўлларини чўзганича югуриб келди-да, бир пайт таққа тўхтади. У кўзларини жавдиратиб:
- Азим ака, иложим йўқ, - деди.
- Нигора, менга ёрдам бер!
Азим бор кучи билан Нигорани чақирди. Яна Сабиҳанинг овози эшитилди:
- Азим ака, у сизга номаҳрам-ку, қандай ёрдам беролади?..”
Азимнинг юзига ура бошлашди. “Шап-шуп, шап-шуп”...Азим оғриқни ҳис қилмасдию, тарсаки овозини аниқ эшитиб ётарди.
- Шарипов, кўзингизни очинг, эшитяпсизми, Шарипов? – шифокорнинг овозини элас-элас эшитди.
- Ҳа... – баъзўр ингради Азим.
Эрталабга яқин бироз ўзига келди. Тепасида йиғлаб ўтирган Сабиҳани кўрди. Бор кучини тўплаб уни чақирди:
- Сабиҳа...
- Мен шу ердаман, Азимжон ака...
- Нигорани чақир, илтимос.
- Сизга зўриқиш мумкинмас, Азимжон ака, Худо хоҳласа тузалиб олинг, албатта келадилар.
- Йўқ Сабиҳа, мен ўламан, - Азим қуруқшаган лабларини ялади, - сув бер.
Сабиҳа пахтага сув ҳўллаб, унинг лабларини намлади.
- Ўлимимдан олдин Нигорадан кечирим сўрашим керак. Сен ҳам мендан рози бўл.
- Ундай деманг, мени қўрқитманг - Сабиҳа ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади.
Хонага шифокор кирди. Сабиҳани имлаб хонадан чиқариб юборди-да, беморнинг томирига тинчлантирувчи укол қилди. Чиқиб келаётиб:
- Бемор бироз ухласин, - деди.
- Доктор, тузалиб кетадими? - Сабиҳа нажот билан сўради.
- Бир нима дейиш қийин. Юраги ҳам касалманд экан, агар бардош беролса. Яна Худо билади, биз қўлимиздан келганини бажардик.
- Ҳозир ухлаяптиларми?
- Ҳа, бирон соат ухлайди.
Сабиҳа шошиб қолди. “Бирон соат ухлайди. Унгача хотинини, ўғилларини топишим керак. Агар Азимжон акам уларни кўролмаса, бутун умр азобда ўтиб кетаман!”. Сабиҳа шундай деганча касалхонадан кўчага отилди. Тўғри Ботирнинг уйига қараб югурди.
Азим Ботир билан орани очиқ қилганига анча бўлганди. Ботир Азимнинг шахсий ҳаётини ҳам, ишхонасидаги ишларини ҳам алғов-далғов қилиб юборгани эвазига ўзи ҳам камомадга учраб, қилмишлари учун жазосини олганди. Анча ўзгариб, пушаймонда яшаётганди. Азимнинг автоҳалокатга учраганини эшитиб сиқилди. Машинасида Сабиҳани Нигоранинг уйига олиб борди.
- Мен шу ерда пойлаб тураман. Сизларни касалхонага олиб бораман - деди Ботир.
Нигора кеч ётган бўлсада, вақтли туриб уйларни йиғиштираётганди. Негадир кўнгли безовта бўлаверди. Ичкарида қотиб ухлаб ётган ўғилларини бирма-бир қараб чиқди. Безовта ураётган юрагини тинчлантириш учун валерианка таблеткасини тили остига ташлади. Шу пайт эшик кетма-кет жиринглади. Нигора эшикни очди-ю остонада сочлари тўзғиган, шаҳло кўзлари йиғидан қизариб кетган кўҳликкина жувонни кўрди.
- Келинг синглим, тинчликми?
- Кечирасиз, ассалом алайкум.
- Валайкум ассалом, сизга ким керак?
Сабиҳа Нигорани илк бор кўраётган бўлса-да, унинг илиқ чеҳраси тасалли кутаётган вужудига хуш ёққандек бўлди.
- Нигора опа, - Сабиҳа ўзини кундошининг бағрига отди. - Азимжон акам... ўляптилар, аварияга учрабдилар, кеча кечқурун сизнинг олдингизга кетаётганларида… - Сабиҳанинг ҳаяжонланиб гапираётган пойинтар-сойинтар гапларига тушунолмай Нигора ҳайрон бўлиб қолди.
- Тўхтанг-тўхтанг синглим, аввал ичкарига кирайлик. – Сабиҳани меҳмонхонага бошлаб кирди. - Мана бу ерга ўтиринг.
Сабиҳа ўтириб кўз ёшларини сидирди.
- Мени кечиринг Нигора опа. Бизни шайтон йўлдан урди. Мен, мен... ўшаман, сизнинг оилангизни бузган Сабиҳаман.
Нигоранинг ичидан қиринди ўтди. Нима қиларини, нима деярини билолмай бемажол стулга ўтирди.
- Нигора опа, майли, мени уришинг, уринг, қарғанг, фақат илтимос, тезроқ мен билан касалхонага борсангиз. Азимжон акам ўлим ёқасида, охирги илтимосларини бажармасам кўзлари очиқ кетади.
Нигора воқеадан бохабар бўлгач ўзини йўқотиб қўйди.
-Наҳотки Азимжон акам...
-Ҳа Нигора опа, аҳволлари жуда оғир, тезроқ етиб бормасак бўлмайди!
Нигора ҳар бир дақиқа ғаниматлигини тушуниб кўчалик кийимларини кийиб чиқди. Ўғилларини уйғотиб уларга ҳам вазиятни тушунтирди.
***
Барчалари “Жонлантириш бўлими”га кириб борганларида Азим ҳали ҳам карахт эди. Унинг бир томонида Сабиҳа, бир томонида, Нигора ўғиллари билан тикилиб, кўз ёши тўкиб ўтиришарди. Сабиҳа илтижо билан Нигорага боқди.
- Нигора опа, мени кечирасиз-а?
- Ҳозир бунинг мавриди эмас, - Нигора Сабиҳанинг қўлини тасалли бергандек сиқиб қўйди. Бу Сабиҳага анча далда берди.
- Нигора... Асқар...Азамат... болаларим! – Азим алаҳсираб, оғриқдан бошини ҳар ёнга ура бошлади.
- Азимжон ака, улар шу ерда, ҳаммалари олдингизда
- деди Сабиҳа бўғиқ товушда.
Азим баъзўр кўзини очди, тепасида ўтирган қадрдонларини кўрди.
- Нигора...
- Лаббай, - Нигора эрининг қўлини ушлади.
- Нигора, Нигор худди аввалгидай тепамда кўз ёши тўкиб ўтирибсан-а, худди аввалгидек,эсингдами? Ўшанда мени деб кўп азоб тортдинг. Мен бўлсам... -Азимнинг кўзидан кетма-кет ёш думалади. Сендек покиза аёлга хиёнат қилдим.
- Куйинманг дадаси, тақдир-да, ҳаётимизга шу кўргуликлар битилган экан-да, - Нигора ўша бир неча йил аввалгидай эрининг аҳволидан ташвишланиб йиғлай бошлади. Худди орадан ҳеч қанча вақт ўтмагану, гуноҳ ишлар содир бўлмагандай Азимга куйинарди.
- Ҳаёт дедингми? Қанийди, Нигора, ҳаёт ортга қайтсайди... Афсус, бунинг иложи йўқ. Сени бошимда кўтармасмидим, бетоб чоғларинг мен ҳам сенингдек парвона бўласмидим. Афсус, ўғилларимнинг энг ширин дамларини кўролмай ўтдим, оталик меҳримни беролмадим.
Азим қўллари қалтираб юқорига кўтарди.
- Асқаржон! Азамат, ўғлим!
- Дада... - Асқар отасининг юзига энгашди, - дада биз сизни яхши кўрамиз.
- Дада, энди биз билан яшайсизми? - Азамат йиғи аралаш отасининг қўлларини тутиб юзига босди.
- Болаларим, мен сизлар билан яшамоқчи эдим. Сизларнинг олдингизга ошиқаётгандим, лекин, насиб қилмади. Сизлар кечирсангиз ҳам ҳаёт мени кечиролмади, - Азим бўғилгандай ихраб гапира бошлади.
- Нигора! Мендан рози бўл. Илтимос, мени ўғилларим, зурриёдларим кўмишсин. Ҳеч бўлмаса сўнгги кунимда сизлар билан бўлай. Мени кечиринглар азизларим, сен ҳам Сабиҳа. Нигора, мендан рози бўл! Қанийди, қанийди ҳаёт ортга қайтсайди... Нигора...
Азим сўнгги нигоҳларини Нигорага қадаган кўйи сўнгги нафасини чиқарди-да, армонли кўзлари очиқ ҳолда жимиб қолди. Нигора беозорлик билан эрининг юзларини силади.
- Биз сиздан розимиз дадаси, розимиз, - силаб-сийпаб эрининг очиқ қолган кўзларини юмиб қўйди.
Азимнинг васиятига амал қилган ҳолда уни Нигора уйига олиб кетаркан, касалхона эшиги тагида унсиз, ҳайкалдек ўтирган Сабиҳанинг ёнига яқинлашди.
- Сабиҳа, биз ким бўлишимиздан қатъий назар инсонмиз. Аллоҳнинг хом сут эмган бандаларимиз. Биз билан юринг, маъракаларини биргаликда ўтказишимиз керак.
Сабиҳа “қандай қилиб?” дегандай Нигорага ҳайрон боқди.
- Азимжон акам фарзандларимнинг отаси бўлса, сиз эримнинг ҳам шаърий, ҳам қонуний хотини бўлгансиз. Гина-кудуратни унутайлик-да, парвардигор олдида биргаликда бурчимизни бажарайлик.
Марҳумнинг йигирмаси ўтгунга қадар Сабиҳа Нигоранинг олдидан бир қадам ҳам жилмади. Билмаганлар Нигоранинг синглиси бирам оқибатли экан-а, дея хулоса чиқаришди, билганлар, Нигоранинг бунчалик оқилалигига, донолигига таҳсинлар ўқиди.
***
Орадан йиллар ўтди.
Нигора ишхонаси, ўғиллари ташвиши билан овуниб ҳаёти давом этаверар, қанд касаллиги ҳам анча барҳам топиб, безовта қилавермасди. Ўғли Асқар ўқишни битиргач, каттагина ташкилотга ишга жойлашди. Азамат ҳадемай ҳарбий хизматдан қайтади. Сабиҳанинг тақдири эса Нигорага номаълум эди. Азимнинг маъракаларидан сўнг уни бошқа кўрмади. У ўз йўлидан кетганди. Лекин Сабиҳа Нигоранинг турмушидан бохабар бўлиб турганлигини шу бугун, Асқарнинг никоҳ тўйи куни англади.
Бугун Нигоранинг орзу-умидлари ушаладиган кун. Тўрда, чўғдек гилам остида хушнуд ўтирган келин-куёвларни кўргани сайин Нигоранинг кўзлари тўймаяпти. Дам-бадам Аллоҳга шукрона ўқиб, фарзандларига бахт тиламоқда. Тўйбоши микрофонни табрик сўзига берди.
-Азизлар, даврамизга олисдан ташриф буюрган меҳмонимиз кириб келибдилар. Нигора онамизни табриклаш ниятида эканлар. Марҳамат!
Нигора бир қўлида микрофон, иккинчи қўлида катта гулдаста қучоқлаган Сабиҳани кўриб ҳайрон қолди. Микрофондан Сабиҳанинг овози жаранглади. У келин-куёвларни табриклагач Нигора томон ўгирилди.
- Азизлар, бугун мен мана шундай фарзандларни дунёга келтириб, қанчадан-қанча машаққатларга бардош бериб, шундай бахтли кунларга етиб келган аёлга, онага таъзим қиламан!
Нигора майда қадамлар билан Сабиҳанинг ёнига яқинлашди.
- Сабиҳа! Сизмисиз?
Нигора ўтмишини эслаб Сабиҳани бағрига босди. Улар йиғлашиб узоқ вақт бир-бирларини бағирларидан қўйиб юборишмади. Тўйбоши усталик қилиб она ҳақидаги мадҳияни бошлаб юборди.
Тўй ўтиб, ёлғиз қолишгач Нигора Сабиҳа билан анча ёзилиб суҳбатлашишди, юракдан дардлашишди. Кетар чоғи Сабиҳа Нигорага қоғозга ўралган бежирим қутича узатди.
- Нигора опа, мана бу мендан Асқаржоннинг тўйига совға. Илтимос, қўлимни қайтарманг. Ишончим комил, Азимжон акамнинг руҳлари энди безовта бўлмайди.
- Сабиҳа, нима қилардиз овора бўлиб. Келганингизнинг ўзи мен учун совға. – Нигора қутичани олиб қўйди.
- Опажон, энди менга рухсат, кетишим керак, - деди Сабиҳа отланаркан.
- Бемаҳалда қаёққа борасиз? Сизни қўйиб юбормайман, - деди Нигора астойдил.
- Бормасам бўлмайди. Ҳа, айтгандай, ишхонамда бир ҳамкасбим бор. Ўзи жудаям яхши инсон. Икки йил аввал хотини учинчи фарзандини дунёга келтираётиб вафот этган экан, тақдиримни шу инсон билан, унинг фарзандлари билан боғламоқчиман.
- Ростанми... – Нигоранинг кўзларида севинч порлади. - Жуда яхши, савоб ишга қўл урибсиз Сабиҳа. Онасиз қолган болаларга чин дилдан меҳр берсангиз, бир кун келиб албатта мукофотини оласиз.
- Раҳмат Нигора опа. Қанийди сиз билан узоқ-узоқ вақт суҳбатлашиб ўтирсам, лекин иложим йўқ.
Нигора билан Сабиҳа хайрлашишди. Уларнинг ўртасидаги ришта Азим билан боғлиқ бўлгани учун кўзда ёш билан хайрлашишди.
***
Тўйнинг ширин ташвишлари ҳам ўтди. Нигора фарзандлари билан чой ичиб ўтиришаркан, Сабиҳанинг совғаси ёдига тушиб қолди. Шошганидан эрининг сурати орқасига қўйган эди. Ўрнидан туриб сурат орқасидан Сабиҳанинг совғасини олди. Ихчамгина ўралган қутичани аста очди. Унинг ичида қандайдир ҳужжатлар, конверт ва калит бор эди. Нигора конверт ичидаги тўрт қатордангина иборат хатни ўқий бошлади. Унда шундай сатрлар битилганди:
“Нигора опа, бу шаҳар марказидаги икки хоналик шинам квартиранинг калити. Асқаржонга отасидан совға сифатида қабул килинг”.
Нигора хаяжонланиб, эрининг суратига боқди. Қулоғи остида Сабиҳанинг гаплари жаранглади: “Азимжон акамнинг руҳлари энди безовта бўлмайди”...
Нигоранинг назарида Азимнинг суратдаги жиддий қиёфаси хотиржам жилмайгандай бўлди.
Раъно МАҲМУДОВА