ТЕЛЕВИДЕНИЕ МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА
ТЕЛЕВИДЕНИЕ МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА: ТЕЛЕВИЗОР КЎРГАН ЧАҚАЛОҚ
("Телевидение менинг тақдиримда" китобидан...)
Бола эдим. Уйимизда “Рекорд” деган кичкинагина, оқ-қора кўрсатадиган телевизоримиз бўларди. Онам раҳматлининг айтиб беришларича, мен туғилганимда давлат берган суюнчи пулига сотиб олишган экан(анча йиллар, адашмасам, мактабни битиргунимчаям хизмат қилган). У пайтларда чекка бир қишлоқ аҳли учун ўта антиқа буюм бўлган ана шу “техника мўъжизаси” туфайли уйимиз қўни-қўшниларга беминнат “кинохона”, “концерт зали”га айланган экан.
Ўша вақтларни эслаб, онам яна бир қизиқ гапни айтардилар. Уй ишларини қилаётган пайтда онам бир-икки ойлик чақалоқни, яъни, мени бешикка боғлаб, бешикни телевизорнинг рўпарасига қўйиб қўярканлар. Мен бўлсам йиғлаш ўрнига, бешикдан бошимни чиқариб, кўзларимни катта-катта очганча, диққат билан телевизор кўрар эканман. Шунда онам, қайнонасига “Ая, буни қаранг, худди бир нарсани тушунаётгандек томоша қилади-я”, деб, гўдак ёшимдан бу қадар “телеишқибоз”лигимга икковлариям ҳайрон қолишар экан.
Ҳозир шу гаплар эсимга тушса, одамнинг тақдири туғилмасиданоқ пешонасига битиб қўйилган бўлади, деган гап рост экан-да, деб ўйлайман. Боиси, мана, чорак аср бўляптики, ҳаётим телевидение билан боғланган. Тўғри, бу сермашаққат ва серзавқ соҳага кириб келгунча қаерларда ишламадим, дейсиз. Чунки биз институтни тамомлаб, ростмана ҳаётга қадам қўя бошлаган пайтларимиз бир тузум тугаб, янгисини қуриш энди-энди бошланган, анчагина бесаранжом йилларга тўғри келди. Ўшанда ҳаётда ўз ўрнимни топиш, янаям тўғрироғи, тирикчилик илинжида кўп кўчаларга бош суқиб кўришимга тўғри келган. Мактабда ўқитувчилик, далада деҳқончилик, клуб мудирлиги, маънавият бўлими, ҳатто оз-моз бизнес ҳам... санасам саноғи кўп. Фақат, тўғрисини айтсам, бу ишларнинг биронтасидан кўнглим тўлмас эди. Дадам раҳматлининг таъбири билан айтганда, “нимадир... каттароқ иш” қилгим келаверарди.
Ва ниҳоят, 1996 йилнинг илк баҳор кунларида тақдир ўша “каттароқ иш”га рўбарў қилди. Таниқли журналист, у пайтда “Халқ сўзи” газетасининг Фарғона водийси бўйича фотомухбири Тоҳиржон Ҳамроқулов атроф туманлар орасида биринчи бўлиб, Бағдодда телестудия очаётгани қулоғимга чалиндию ичимга “ўт тушди”. Ўша куниёқ Тоҳир акага учраб, ҳали ўзи йўқ телестудияда ишлаш ниятимни баён қилдим. У киши ҳам дангал одам экан. Шартта қўлимга микрофон тутқаздию ёнимга тасвирчини қўшиб, далага ҳайдади. Иш бошланиб кетди. Ҳали тугаб битмаган колхозлар юборган юк машиналарнинг бортига чиқволиб, чанг-тўзон дала йўлларини кезамиз, “қайноқ меҳнат жараёнлари”ни тасвирга тушириб, содда, дўлвори деҳқонларга, сувчилару ишчиларга микрофон тутамиз, интервьюлар оламиз. Хуллас, бўлажак телестудияга ҳозирги тил билан айтганда “контент” йиғамиз.
Шу тариқа ярим йилдан ошиқ вақт ўтди. Бу орада қуп-қуруқ ердан “Бағдод ТВ”нинг биноси қад кўтариб битди, керакли ускуналар ҳам ўрнатилди. Кузакда иш бошладик. Ёмон ишламадик шекилли, тез орада мўъжазгина телеканалимизнинг довруғи водийга тарқалди, мухлисларимиз пайдо бўлди.
Бироқ тақдир экан(яна тақдир “ҳазрати олийлари”), орадан икки йилча ўтиб, Тошкентдаги ҳамкасблардан, ўзингизни пойтахтда, марказий каналларда бир синаб кўрмайсизми, деган таклиф тушди. Тўғриси, ўшанда роса иккиланганман. Чунки ёшим ўттизга етган, учта бола, рўзғорнинг юкиям анча оғирлашиб қолган эди. Бироқ, ростмана телевидениеда ишлаш, “катта қозонда қайнаш” истаги устун чиқиб, таваккал қилдим. Тошкентга келиб, яхши одамлар, бағрикенг устозларнинг қўллаб-қувватлови билан, эндигина иш бошлаган “Ёшлар” телеканалининг “Давр” ахборот дастурлари муҳарририяти жамоасига қўшилдим.
Ўша пайтларга бугунги кунимдан назар солиб, тўғри қилган эканман, деб ўйлайман. Чунки не-не пиру устозлар ўтган бу муқаддас даргоҳда йиллар давомида ишлаб, одам танидим, касбга садоқат, меҳру муҳаббат нималигини билдим ва ҳозир ҳам ўрганиб келяпман.
“Давр”да кечган даврлар алоҳида ҳикоя бўлса, кейинчалик “Маҳалла” телерадиоканалида, “Тошкент” радиосида, “Ўзбекистон 24” телеканалида ишлаган пайтларимнинг ҳам ҳар бир куни ҳаёт дарси бўлди.
Ўрни келганда айтишим керак, кўпминг кишилик бу жамоада ишлаш насиб қилган мен ва мен каби кўплаб ходимлар бу йиллар давомида устозларнинг катта тажриба мактабини ўтган бўлсак, ўша даврлардан буён Миллий телерадиокомпаниямиз ҳам том маънодаги юксалиш, тараққиёт босқичларидан ўтиб, бугун дунёнинг энг замонавий компанияларидан бирига айланди.
Ҳамма нарса қиёсда билинади. Ҳозир “Ёшлар” телеканалида илк иш бошлаган кунларимизни, ҳар бири ғиштдай-ғиштдай келадиган кассеталарни қўлтиқлаб, эфирга сониялар қолганда чопа-чоп югурганларимизни эслаб, азбаройи иштиёқимиз баландлигидан ўша пайтдаги шарт-шароиту техника-ускуналарнинг абгорлигиям кўзимизга кўринмаган экан-да, дейман.
Бугун-чи? Ўтирган жойимизда компьтеримизнинг битта тугмасини босиб, дунё тармоғидан истаган маълумотимизни оляпмиз. Тасвирчиларимиз ихчам, рақамли телекамераларда тип-тиниқ, юксак сифатли тасвирларни олиб келишяпти. Монтажчи йигит-қизларимиз уларни қуввати зўр компьютерларда қайта ишлаб, томошабин талабига мос шаклу шамойилга келтиряпти, яна битта тугмани босиб, тайёр маҳсулотни тўғридан-тўғри эфир серверига етказиб беряпти. Марказдаги студияларимиздан ёки наинки мамлакатимиз, ҳатто дунёнинг энг олис нуқталаридан ҳам кунда-кунора жонли эфирга чиқаётганимиз бугун оддий ҳолга айланди. Буларнинг бари шу 10-15 йилнинг нари-берисида кўз ўнгимизда рўй берди, лекин осонликча бўлмаганиниям ҳамма кўриб-билиб турибди.
Бу натижалар Миллий телерадиокомпания аталмиш забардаст даргоҳда раҳбариятдан тортиб, оддий ходимлар: муҳарриру муҳандислар, режиссёру тасвирчилар, чироқ, монтаж усталари, ҳатто фаррош опа-сингилларимизу ҳайдовчиларнинг, хуллас ҳамма-ҳамманинг бир мақсад, бир ғоя атрофида бирлашишига шароит ва муҳит яратилгани, улкан жамоанинг астойдил меҳнатлари, ўз иши учун жон куйдириши ва албатта, давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори, рағбати маҳсули.
Ана шу эътибор сабаб, кейинги йилларда Миллий телерадиокомпания вакиллари Президентимиз фармонларига кўра юксак мукофотлар билан тақдирланаётган юртдошларимиз сафларининг энг олдинги қаторларида, номдор, нуфузли халқаро танловлар совриндорлари рўйхатларининг бошида туришибди. Улар орасида ўзим ҳам 2021 йилда “Дўстлик” орденига лойиқ кўрилганимни айтсам, бу нокамтарлик эмас, аксинча, фахр ва шукр демакдир.
Ўрни келганда, кўнглимдаги яна бир гапни айтсам. Телеэкран одамни элга тез танитади. Кўча-кўйда одамлар сизга алоҳида эътибор билан қарашади. Демак, бугун бизни тўртта одам таниб, давраларда тўридан жой кўрсатаётган бўлса, ҳаммаси шу даргоҳ туфайли. Ўзим ҳам шу кунгача нимаики топган бўлсам, шу ердан топдим. Нимагаки эришган бўлсам, шу ерда эришдим, шу ердан нон-туз еб, шу жамоадан яхшилик кўрдим.
Шуларни ўйлаб, ўзимча хулоса қиламан: демак, ўша бешикда телевизор кўриб ётганимдаёқ телевидение менинг пешонамга, қисматимга битилган экан ва бу тақдиримдан миннатдорман.
Соҳибжон Алижонов,
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси
“Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази” директори
*******
ЯХШИЛАРГА ЁНДОШИБ
Соҳибжон Алижонов 1968 йил 23 сентябрь куни Бағдод туманининг Бағдод қишлоғида туғилди. Отаси Назиржон ака деҳқон, онаси Зулайҳо опа мактаб ошхонасида ишлаб, шу ердан нафақага чиққан. Уларнинг бош фарзанди бўлган Соҳибжон ҳам маҳалладаги тенгқурлари қатори аввал болалар боғчасига, етти ёшга тўлгач эса шу қишлоқдаги 6-ўрта мактабнинг 1-синфига ўқишга борди. Ота-онаси фарзандининг келажагига катта умид билан қарашди. Шу боис кичкиналигиданоқ унинг ўқишига, ўқиганда ҳам яхши ўқишига эътибор билан қарашди. У ҳам бу ишончни имкон қадар оқлашга ҳаракат қилди. Буни шундан билса ҳам бўладики, Соҳиб Алижонов ҳали 5-6 синфларда ўқиётган пайтидаёқ, мактаб кутубхонасидаги китобларни “хатм” қилиб бўлиб, жамоа ҳўжалиги кутубхонасини “ишғол” қилишга ўтган эди.
Баъзан қизиқарли, баъзида зерикарли дарслар, болалик шўхликлари, ўша йиллари мактаб ўқувчилари учун ҳам “урф” бўлган пахта яганаси, қатқалоқ, терим каби юмушлар билан мактаб даври ҳам ниҳоясига етди. Соҳибжон 1985 йилнинг июнь ойида дадаси Назиржон аканинг етовида Тошкенти азимга йўл олди. Бу ерда уларни Назиржон аканинг эски қадрдони, аслида ўзи ҳам Бағдоднинг Чўринди қишлоғидан бўлган, ўша пайтда Республика радиосининг режиссери бўлиб ишлаётган Олимжон Ҳайдаров кутиб олди. Унинг йўл-йўриғи, маслаҳатлари билан Соҳибжон Тошкент давлат маданият институтининг Маданий-маърифий ишлар факультетига ҳужжатларини топширди ва талаба бўлди. Ўқиш даврида радиога, телевидениега қатнаб бу соҳанинг сир-асрорларини аста-секин ўргана бошлади. Ниҳоят “олтин давр” ҳам якунланиб, 1992 йили олий маълумотлилик дипломи қўлга тегди.
С. Алижонов меҳнат фаолиятини собиқ “Москва” давлат хўжалигига қарашли клуб мудирлигидан бошлади. Ўша йиллари мамлакатимиз эндигина мустақил бўлган, миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни тиклаш бошланган эди. У ҳам бу ишга эътибор билан қаради. Шу йили клубда ташкил этилган бадиий ҳаваскорлар жамоаси аввал туманда, кейин вилоятда ўтказилган “Алла” номли танловда ғолиб бўлди. Танловнинг республика босқичида эса совриндор бўлиб қайтди.
1996 йилдан С. Алижоновнинг фаолиятида янги давр бошланди. Шу йили таниқли журналист Тоҳиржон Ҳамроқуловнинг ташаббуси ва ҳаракатлари билан атроф туманлар ичида биринчилардан бўлиб Бағдод телестудиясини ташкил этиш ишлари бошланди. Бу хабарни эшитган Сохибжон Тохиржон ака билан учрашди, бўлажак телевидениеда ишлаш ниятини билдирди. Тохиржон ака унинг бу ниятини қўллаб-қувватлади, ишонч билдирди.
С. Алижонов 1996-1998 йиллар, яъни “Бағдод ТВ” да ишлаган даврини тележурналистлик фаолиятида жуда муҳим деб билади. Гарчи у кейинчалик ва ҳозир ҳам Республика марказий телеканалида ишлаётган бўлса-да, айнан ўша пайтда касбининг асоси, пойдевори қўйилган деб ҳисоблайди.
Бағдодлик таниқли ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг таклифи ва ёрдами билан С.Алижонов 1998 йилнинг сентябрь ойидан пойтахтда, “Ёшлар” телеканалининг “Давр” информацион кўрсатувида иш бошлади. У бу ерда “Давр”нинг биринчи раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фурқат Зокиров, жамоадошлари Файзулла Юнусов, Гули Икромова, Собиржон Турдиев, Юлдуз Очилова каби журналистлар билан бирга “катта қозонда қайнади”, тобланди. Унинг долзарб мавзулардаги лавҳалари, репортажлари эл назарига тушди, ўзи ҳам танилди.
2000-2006 йилларда С.Алижонов Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Президентнинг Маданият, матбуот ва ОАВ бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматида ишлади, бу ерда ҳам устозлар мактабини ўтади. Ишдан ажралмаган ҳолда, 2002-2003 йиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олди.
С. Алижонов 2006 йилнинг август ойидан 2014 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий телерадиомпанияси “Ёшлар” телерадиоканали “Давр” ахборот дастурлари муҳарририятининг бош муҳаррири вазифасида ишлади. 2015-2019 йилларда эса “Маҳалла” телерадиоканалининг директори, “Ўзбекистон 24” телеканалининг бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатди. Айни пайтда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясини “Аҳборот-таҳлил мультимедиа маркази”нинг директори сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари, Қонунлар ва бошқа муҳим порматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, аҳамияти акс этган телемаҳсулотлар тайёрлаш борасида фаолият олиб бормоқда.
Соҳибжон Алижонов қаерда, қайси лавозимда ишламасин, ўз вазифасига чин дилдан ёндошишга, астойдил меҳнат қилишга ҳаракат қилди. Чунки у ўз касбини яхши кўрарди. Яна бир гап. Соҳибжон Алижонов шу кунга қадар нимагаки эришган бўлса, барчасини унга ҳаёт йўлида учраган яхши одамларнинг кўмаги, туғилиб ўсган юртида унга ҳамиша омад тилаб турган бағдодликларнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли деб билди ва улардан доимо миннатдор яшади. Бугун мана шундай дарёдил инсон орамизда йўқ. Аллох, ох,иратларини обод қилсин. Омин!
Шуҳрат ҲАЙИТОВ - МТРК "O‘zbekiston tarixi" телеканалининг директори, тележурналист.