Энг асосий мухлисам йўқ...
Энг асосий мухлисам йўқ...
"Онам ҳеч қачон ўлмайдилар, ҳар доим бор бўладилар, ҳали улгураман", – деган хаёл одамни алдаб қўяр экан. Онам ҳамманинг онасига ўхшаган меҳрибон, дуогўй, куйди-пишди аёл эдилар. Лекин мен учун ҳаммадан яхши эдилар. Бутун умри меҳнат билан ўтган, колхозда кетмон чопадими, бешик тебратиб тонг оттирадими, қўлидан ип-игна тушмаган, ҳақиқий ўзбек аёли эдилар мани онам! Лекин бошқа аёлларга ўхшамаган, эркакларни ҳам ҳайратлантирадиган бир жиҳатлари – онам то нафақага чиқкунларига қадар 40-60 метр баландликдаги кўтарма кран бошқарган биринчи ўзбек аёлларидан.
Касб тақозоси билан иш кийимида юрсалар ҳам, ҳеч қачон бошларидан рўмол тушмаган онам! Ишдан бўш вақтларида, менга ўхшаб вақтини ижтимоий тармоқларга сарфламасдан, кўрса кўзни яшнатадиган сўзаналар, кашталар тиккан онам! Ҳар биримизнинг сепимиздаги кашталар – онажонимнинг меҳнатлари. Умрларининг сўнггигача менинг ҳожи онам, ҳожиакбар онам тикиш-илиш, экин-тикин қилишдан зерикмасдилар. Кўнгиллари шоир, санъаткор онам... куй-қўшиқни ёқтирардилар... яхши шеър, яхши китобни қўлдан қўймасдилар... гул экиб, кўкартиришни, парваришлашни яхши кўрардилар. Хоналарида иккита телевизор турарди. Бири ўзларига ёқадиган каналлардаги концерт, сериалларни томоша қилиш, бири эса мани эфирларимни кўриш учун. "Телевизордан кўрсам ҳам мавқим босилади-да, узоқ йўл, тез-тез келолмасанг", – дердилар.
Туғилган кунларини жуда-жуда интиқиб кутардилар.. Йўқ-йўқ, совға олиш илинжида эмас, ҳаммамиз йўқлаб боришимиз, бирга ёнларида бўлишимиз учун. Лекин айнан ўша кун ўзлари бизни бўзлатиб кетишларини на онам, на биз хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик..
Онамсиз ўтган шу вақт оралиғида ҳаёт мени шу қадар чирпирак қилдики... Ўзим ёзиб, ўзим ўқиб, ўзим йиғладим... Онамни соғиндим...
Ҳар доим соғинаман, лекин бу соғинчни юрагимнинг энг чуқур жойига яширганман. Эфирни ҳам қизиғи қолмади, телевидениедан ҳам кетдим. Чунки, энг асосий мухлисам йўқ энди...
Шоҳира ҲАМРО.