ЭРКАК ВА АЁЛ БИР–БИРИНИ СУЯМАСА... НИМА БЎЛАДИ?


  Севимли адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Меҳнат Шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Ўткир Ҳошимов ҳаёт бўлганларида яна бир баҳорни қарши олган бўлардилар. Устоз ҳаётлик чоғларида кўп бора хонадонларида бўлиб, турли газета ва журналлар учун интервъюлар олганмиз. Шу суҳбатлардан бирини сизга ҳам илиндик.

- Ўткир ака, ”Дунёнинг ишлари”, ”Икки эшик ораси”, ”Тушда кечган умрлар”, “Ўзбеклар” каби кўплаб асарларингизда ўзбек оналарининг болажонлиги, донишмандлиги яққол  кўриниб туради. Шу ўринда ”Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобингиздаги “Оилани муқаддас деб билмаганлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ”? - деган гапларингизни эслашнинг ўзи кифоя...
- Ҳар бир оиланинг ўзи бир жамият. Мана шу жамиятлар тўпланиб бир халқни ташкил қилади. Оила деб аталмиш жамиятнинг асосий негизини Аёл ташкил этади. Аёл деганда, Онани тушунсак, ҳаммаси жой-жойида бўлади. Чунки, инсон боласи дунёга келиб, кўзларини очганида биринчи бўлиб онасини кўради. Инсон боласининг биринчи насибаси Она сути бўлади. Инсон боласининг биринчи бўлиб қулоғига чалинган илк қўшиқ - Она алласидир. Инсон боласи бошига энг мушкул ишлар тушганида онасини эслайди, энг аввало онасини чорлайди. Оиланинг тинчлиги, мустаҳкамлиги, фаровонлигини Онага боғлаш керак. Аслида қадим замонда-ёқ аёл билан эркакнинг вазифаси тақсимлаб чиқилган. Ота билан онанинг фарзанд туғилгандан кейин баб-баравар куйинишини бир воқеага қиёслагим келди. Сижжакда Оппоқхўжа деган қадрдонимиз бўлардилар. Раҳматли бўлиб кетдилар. Ёзувчилар, олимлар шу қадрдонимизнинг ҳовлисига ёзда бориб дам олардик. Эрталабгача булбул сайраб чиқарди. Бир йили дам олиб ётсак, негадир булбул сайрамади. Сабабини суриштирсак, ”булбул бола очди”, - дедилар. Қаранг, булбул ҳам бола очгандан кейин  сайрамас экан, боласи билан андармон бўлиб қолар экан.
- Эркак оилада йўл бошловчи. Эркак оиланинг ҳимоячиси. Айрим оилаларда эркак ва аёлнинг оиладаги ўрни баъзида алмашиб қолгандек туюлади...
- Сизни тушундим. Оилада эркак камситилдими, бас, бу оилада ўсган болалар ё тарбиясиз бўлиб ўсади ёки қинғир йўлга киради. Адам раҳматли жуда қаттиққўл бўлганлар. ”Аданг келаяптилар, келгунларича фалон-фалон ишларни бажариб қўйинглар”, - деб ойим ҳаммамизга иш тақсимлаб берардилар. Адам бизларни урмасдилар, лекин ҳайиқардик. Бу ўзбек аёлнинг мутелиги эмас, ақли-заковатидан далолат беради. Агар аёл эркагининг ҳурмат-иззатини жойига қўйса, у  ҳам биринчи навбатда аёлини ҳимоя қилади. Худо кўрсатмасин, аёл эри билан баб-баравар қадаҳ уриштириб ичса, бабақлашса, бу оиладан файзу-барокот кетади, фарзандлар ўз ҳолича тарбия топадилар, ёмон йўлга кириб кетадилар. Аёл ёлғиз қолса, болаларини эплаб вояга етказиши мумкин, аммо эркак ёлғиз қолиб кетса, жуда қийналади. Эркак оиланинг таъминотчиси бўлиши зарур. Эркак оила иқтисодиётини қўлга ололмаса, катта муаммолар келиб чиқаверади. Даврада 5-6 эркаклар ўтиришган экан. Улардан бири “Хотиним Дубайда, машина олиб мининг, деб доллар юборибди. ”Нексия” олсаммикан ёки “Матиз”ми?", - деган экан, эркаклардан бири: - “Сен эшак-арава сотиб олақол, судраб юрасан”, - деб пичинг қилибди. Чет элга аёл эмас, эркаги борсин, бўлмаса иккаласи бирга борсин. Хотини доллар жўнатармиш-у эри машина олиб ҳайдаса... Эркаклик ори, номуси қайда қолди ахир? Ҳар бир даврнинг ўз тараққиёти, ўз принциплари бор. Фарзандларимиз ва набираларимиз айнан бизга ўхшасин, демаймиз, уларнинг ўзига хос дунёси бор. Лекин ўз илдизларидан, томирларидан  ажралиб қолишмасин. Уят, андиша, садоқат, меҳр каби тушунчаларни фарзандларимиз унутиб қўйишмасин, агар унутилса, биринчи навбатда оталар айбдор бўладилар. Энди оналаримиз ҳақида икки оғиз сўз айтсам. Ҳадиси Шарифдан бир мисол келтирсам. Пайғамбаримиз (Муҳаммад САВ)нинг “Қайсики аёл уч қизни тарбиялаб вояга етказса, жаннатда меинг ёнимдан жой олади, башарти иккита қизни туғиб тарбияласа ҳам жаннатда менинг ёнимдан жой олади, битта қиз туғиб тарбияласа-да, менинг ёнимда ўтиради”, - деган гапларини келтиришни лозим топдим. Бу гап феодализм энг авжига чиққан, аёлга бўлган муносабат ўта шафқатсиз бўлган оғир дамларда айтилган. Пайғамбаримиз боласини оғир азоблар билан дунёга келтираётган аёлнинг туриш-турмушини, меҳнаткашлигини, куюнчаклигини кузата туриб, гувоҳи бўлатуриб, аёл зотига нисбатан иззат-ҳурматда бўлган. Бу гап аёлга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг энг катта белгиси ҳисобланади.
- Кейинги йилларда тўй-ҳашамларни ўта дабдабали қилиб ўтказиш одат тусига кириб қолди. Матбуотда бу ҳақда кўп ёзаяпмиз. Тўйдан кейин қарзга ботиб қолаётганлар  қанчадан-қанча. Лекин дабдабали тўйларнинг тепасида кўпинча аёлларимиз туришибди-да...
- Илгари фалончининг қизига совчи кепти, дейишса, етти пуштини суриштиришган. Касби ким, аждодлари ким, юқумли касаллиги билан оғриганлар йўқми, телбалар, қамалганлар йўқми, деб роса суриштиришган. Бир воқеа эсимга тушаяпти. Бундан бир неча йил илгари Туркияга сафарга чиқдик. 16-17 ёшлардаги йигитча бизга ҳамроҳ бўлди ва сира ажралгиси келмасди. Суриштирсак, йигитчанинг боболари  марғилонлик бўлиб, қатағон йилларида Туркияга  келиб қолишган. “Мен ўзбек қизига уйланаман”, деди йигит. “Бу ерда қизлар йўқми?” десак, йигит “Йўқ, мен фақат ўзбек қизига уйланаман”, - деди. У ерда  йигит томондан қизникига совчи борса, биринчи навбатда банкда ҳисобида қанча пул борлигини суриштиришаркан. Қанчаси қизнинг номига ўтади, қанақа машина олиб беради, тўйдан сўнг қаёққа саёҳатга боришади, суҳбат асосан шу ҳақда бўлар экан. Бу ахир очиқ савдо-ку! Орадан йиллар ўтди. Ўша йигитни узоқ вақт эслаб юрдим. Минг афсуски, бизда аҳвол бундан ҳам баттар! Тўй яхши. Лекин ҳамма нарса меъёрида бўлгани яхши. Дабдабали тўй ўтказиб, ўзини кўз-кўз қилиш, яшаб турган уйини, ҳайдаб юрган машинасини сотиб бўлса-да, қарс бада-банг тўй ўтказиб тилларда “достон” бўлиш каби воқеаларни эшитиб, кўриб турибмиз-ку. Бундай ҳолатлар кўпинча кўнгилхираликларга олиб келмоқда. Бир мисолни айтиб ўтай. Тошкент ресторанларидан бирида келин томондан элга ош берилаяпти. Куёв томондан 500 та одам келиб ресторанга киришибди. Ҳаммаёқ тирбанд. Келин томондан келишган қариндошлар ташқарида қолиб кетишибди ва дошқозонлардаги ош ҳам тугабди. Шунда келиннинг отаси жуда кескин ҳаракат қилибди. Қўлига микрофонни олиб, шундай дебди: - ”Еган-ичганларингга розиман. Келганларинг учун раҳмат. Энди тўй тўхтатилади! Қудам бугундан бошлаб мени хор қилдими, эртага оёқости қилиб тепкилаб ташлайди”. 
  Нақадар фожеали аҳвол! “Агар хоҳласам, вертолётда келин-куёвни рестораннинг тепасига олиб келиб тушираман!”, - деб биттаси мақтанаётганига нима дейсиз? Чет элда ном чиқарган миллионерлар ҳам тўкин-сочин тўй қилишмайди, шведча стол безатилади, таклифномалар билан киритилади. Агар пулинг чўнтагингга сиғмаётган бўлса, муҳтожларга қараш, уйсизларга уй олиб бер! Оила мустаҳкамлигига энг катта путур етказадиган омиллардан бири - бу дабдабабозлик. Айрим қуда томон бир-бирларини тўйдан олдиноқ ранжитиб қўйишади, дилозорлик бир умрга юракнинг бир четида сақланиб қолади. Бу ёшларга ҳам қаттиқ таъсир қилаяпти.
- Сиз кўп мамлакатларда бўлгансиз, анжуманларда  маъруза  қилгансиз. Ўзбек оиласи, ўзбек аёллари ҳақида ҳам сўз айтган пайтларингиз бўлганми? 
- Бўлган. Шу ўринда Беруний ҳазратлари ўзининг “Ҳиндистон”деган машҳур асарида “Бирон миллат удумларига баҳо беришда “униси менга ёқмади”деб баҳо бериб бўлмайди. Чунки ҳар бир халқнинг ўз тарихи, ўтмиши  ва бугуни бор”, - деган гаплари ёдимга тушди. Масалан, Ғарб билан бизнинг менталитет орасида жиддий фарқ бор ва ҳар бири ўзига хос. Чет элда қиз бола уйига бегона эркакни бошлаб келса-ю, отаси қизининг юзига бир тарсаки тортса, боласи уни судга беришдан тоймайди. Бизда бир аҳмоқ эр ичиб келиб хотинини урса, хотини судга бермайди, жуда жонидан тўйса, маслаҳат сўраб маҳаллага чиқади. Маҳалладагилар унга сабр-тоқат қилишини айтиб, керакли маслаҳатлар беришади, тўғри йўл кўрсатишади. Ҳеч қачон улардан биронтаси “Оилангдан ажраш, бундай эрнинг боридан йўғи яхши”демайди. Эрини чақириб, “Нега аёлингга қўл кўтарасан, эпласанг бола-чақа боқ, агар яна аёлингга қўл кўтарадиган бўлсанг, болаларингни қийнасанг, маҳалладан кўчиртириб юборамиз”, - дейишади. Чет элда эса “маҳалла аёлнинг эркини бўғаяпти”, - деган гапни айтишди. Мен анжуманларда аслида бундай эмаслигини, маҳалланинг кичик ҳокимият эканлигини, оиланинг мустаҳкам бўлиши учун атрофдагилар ўзларини масъул деб билишларини, оила енгил-елпи ҳаёт устига қурилмаганлиги ҳақида кўп сўзлаганман. Японияда аёллар эркаклар олдида икки-уч букилиб таъзим қилишганини тўғри қабул қилишади-ю, лекин ўзбек аёли кўчада эридан икки қадам ортда кетаётганлигини феодализм қолдиғи, деб баҳо беришади. Бизнинг ўзбек аёллари унча-мунчага оиласидан воз кечмайди, сабр-тоқатини, интеллектини ишга солади.
- Кейинги пайтларда болаларимиз турли сайтларга киришаяпти. Энг ёмони, улар эркин муҳаббат, жинс эркинлиги каби бўлмағур тушунчаларни интернет орқали билиб олишаяпти...
- Интернет ХХ асрнинг буюк ихтироси. Назаримда, бу атом электростанциясига ўхшайди. Билиб фойдалансангиз - сизга фойда беради, билмай фойдалансангиз - портлаб кетасиз. Руҳшунослардан бир сўраб кўринг. Болаларнинг энг қалтис пайти 14 ёшдан 17 ёшгача бўлади. Бу ёшда бола ниҳоятда таъсирчан бўлиб қолади ва эътиборни кучайтирмасак, улар ҳар хил вазиятга тушиб қолишлари мумкин. Кейинги йиллар ичида Москвада бир қанча болалар ўз жонига қасд қилган, чунки болалар билиб-билмай ўлим чақирадиган сайтларга кириб қоладилар. Компьютерда “Ралли”деган ўйин бор. Ҳатто шуям болаларимизга қандай қилиб одам ўлдиришни, қўрқитишни, зўравонликни ўргатади. Интернет тармоғида фарзандларимиз нималарни ўрганаётгани, кўраётгани билан қизиқиб кўрдикми? Боласи  компьютерга бораман, деб пул сўраса, бажонидил берадиган, аммо икки минг сўмга китоб оламан, деса, жиғибийрон бўладиган ота-оналар йўқми орамизда?
- Ўткир ака, китобларингиз кириб бормаган хонадон йўқ. Ёзувчининг ёнида чой дамлаб, ширин таомлар тайёрлаб бериб, ҳаммаслак бўладиган аёли бўлмаса унга анча оғир.
- Тўғри айтасиз. Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапларига тан бермасдан иложим йўқ. Домламиз Кибриё опа билан 25 йил яшадилар. Уйларига борганимизда Кибриё опанинг олдида ҳазил билан айтардилар: “Бегона хотинни ўзини олдида мақта, ўзингни хотинингни ўзи йўғида мақта”, - дердилар. Мана, аёлим билан турмуш қурганимизга 40 йилдан ошди, ҳаётда пасту-баландликлар бўлади, етишмовчиликлар, тушунмовчиликлар бўлган. Болаларимга “Менинг онангдан қарз жойим йўқ, энг яхши ёзган китобимни онангга бағишлаганман”, - деб ҳазиллашаман. “Мен учун яхши “ҳайкал”  қўйгансиз”, - дейди аёлим. Энг муҳими, аёлим ижод қилишнинг машаққатли иш эканлигини тушуниб етган. Кўп асарларим аёлимнинг иштироки билан ёзилган. Масалан, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”да “Умр”деган лавҳа бор: Бир куни эркак кечаси уйғониб кетди. Ўйланиб ётди. Қараса аёли ҳам уйғоқ экан. ”Онаси, бу дунёга келиб нима кун кўрдик ўзи?”, - деди эр. ”Билмасам”, - деди аёли. Бу битта оиланинг умри. Инсоннинг умри. Аёлим билан тоққа борганмиз. Ўрмон оралаб кетдик ва бир четда тўхтаб қолдик. Рўпарамизда иккита улкан дарахт бир-бирига суяниб турарди. Биттаси йиқилса, иккинчиси ҳам йиқилиб тушиши аниқ. Яхши эр билан яхши аёл мана шу тарзда бир-бирига суяниб ўтади. Табиатан инжиқлигим бор, кескин гапириб юборадиган одатларим бор. Лекин аёлим мана шуларнинг барчасига чидаб келаяпти, “даданг ишлаяптилар”, - деса бўлди, беш яшар набирам ҳам халақит бермайди. Барча ёзганларимни биринчи бўлиб аёлим ўқиб чиқади. Биринчи китобхоним - Аёлим.

Меҳринисо ҚУРБОНОВА  суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот