Ҳусниддин Шарипов таваллуд топган кун (1933-2015)


  Ҳусниддин Шарипов (1933.10.2. Наманган вилоятининг Поп шаҳрида туғилган — 2015 йил вафот этган) — шоир. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1983), Ўзбекистон халқ шоири (2012).
  Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг ўрмон-мелиорация факултетини тугатган (1949—54). «Наманган хақиқати» газетасида адабий ходим ва масъул котиб (1956—60), «Ўзбекистон маданияти» газетасида адабий котиб (1960-62), «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири (1962-69; 1976-77; 1982-83), Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1984—93) бўлиб ишлаган.
  Дастлабки тўплами — «Ниҳол» (1956). Ҳусниддин Шарипов «Кўнгил буюргани» (1961), «Қуёшга ошиқман» (1963), «Тупроққа қасида», «Ернинг қалби» (1965), «Мен сизга айтсам» (1968), «Лирика» (1970), «Ҳаяжонли дақиқалар» (1980), «Оҳ, гўзал» (1981), «Хирмон» (1985), «Яна висол» (1987), «Ёр истаб» (1992) сингари шеърий китоблар ҳамда «Дўстим Тожиддин» (2001) номли воқеий қисса муаллифи.
   Ҳусниддин Шариповнинг шеърий ижодида оназаминга чексиз муҳаббат, ўз меҳнати ва бунёдкорлик фаолияти билан мамлакатнинг гуллаб-яшнаши йўлида тер тўкаётган замондошларга ҳурмат, юксак инсоний қадриятларга садоқат туйғулари тасвири устуворлик қилади.
   Ҳусниддин Шариповнинг шеърий ижодида достоннавислик муҳим ўринни эгаллайди. У, айниқса, 60—70-йилларда достон жанрида самарали ижод қилиб, шу давр ўзбек достоннавислиги тараққиёт тамойилларини белгилаб берган: «Қуёшга ошиқман» (1961), «Боғ кўча болалари» (1962), «Тановар» (1965), «Сотволдидан салом» (1968), «Қилмиш-қидирмиш» (1976), «Инсоф диёри» (1979), «Қалтис юриш» (1999) ва б. Илмий-техник тараққиёт даврининг маънавий муаммоларига бағишланган «Бир савол» (1972) шеърий романи ҳам бор.
   Ҳусниддин Шариповнинг «Сени севаман» (1958), «Ота ўғли» (1964), «Афсона» (1975), «Чоллар ва кампирлар» (1979), «Карвон бехатар бўлмас» (1986), «Ёр истаб» (1993) сингари пьесалари республикамиздаги мусиқали драма театрларида саҳналаштирилган. Бир қанча шеърлари қўшиқ бўлган.
   Жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (2000).










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот