Альфред Нобель (1833-1896)
ҚАШШОҚЛИКДАН БОЙЛИККАЧА: вайронгарлик ва эзгулик орасидаги одам
Дунёда Нобель мукофоти ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Шунингдек, бу юксак халқаро унвонга сазовор бўлишни орзу қилган инсонлар ҳам талайгина. Лекин Нобель мукофотининг асосчиси Альфред Нобелнинг қашшоқликдан то беҳисоб бойликка қадар босиб ўтган сермашаққат ҳаёт йўли ва ихтиролари ҳақида ҳамма ҳам билавермайди.
Ихтирочининг ўғли
Альфред Нобель 1833 йилнинг 21 октябрида Стокгольмда камбағал қурувчи оиласида дунёга келади. У 4 ёшга тўлганда, Нобеллар оиласи қийинчиликлар туфайли Санкт-Петербургга кўчиб келишади. Отаси Иммануэль асли қурувчи бўлса-да, вақти-вақти билан турли ихтироларга қўл урар, баъзида бунинг уддасидан чиқиб, яхшигина пул ишлаб ҳам оларди. Айниқса, у пар билан ҳаракат қиладиган машина ихтироси орқасидан оилавий шароитини бирмунча яхшилашга эришди ва ўғилларининг нуфузли ўқув юртларида таҳсил олишига шароит яратди. Иммануэлнинг тўрт нафар ўғлидан фақат Альфредда отасининг ихтирочилик қобилияти бор эди. У кимё фанини ўрганиб, машҳур кимёгар олимлардан назарий ва амалий билимлар олиш билан чекланмай, ўзи ҳам ҳаёт учун хавфли бўлган турли тадқиқотлар олиб борарди.
Альфред Нобель нитроглицерин – сульфат, азот кислотаси ва глицерин аралашмаси ихтиро қилинганини, лекин уни амалда қўллашнинг иложи йўқлигини биларди. Чунки жуда оз миқдордаги нитроглицериннинг устига болға билан урилса, портлаши маълум бўлиб, муаммо эса мазкур портлашни тўлиқ назорат қилиш мушкуллигида эди.
1858 йилда Иммануэль Нобелнинг кичкина фабрикаси таназзулга учрагач, оиласи билан яна Швецияга қайтиб кетди. Альфред Стокгольмга келгач, акаси Людвигнинг устахонасида ишлаш давомида, нитроглицерин устидаги тадқиқотини янада кучайтиради. Шу тариқа, у ўзининг “Нобелнинг портловчи мойи” деб аталган биринчи швед патентини олишга муваффақ бўлади. Альфред Нобель отаси ва акаси Эмиль билан Хеленеборгда устахона очиб, хавфсиз портловчи моддалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ният қилади. Лекин бу жараён жуда қалтис эди. Биринчи уриниш фожиали якун топади, 1864 йили уларнинг устахонаси портлаб, кули кўкка учади ва бир неча ишчилар қаторида Эмиль Нобель ҳалок бўлади. “Йиқилган курашга тўймайди”, дейишганидек, бу ҳалокат Нобелларни фикридан қайтаролмайди.
Кетма-кет содир бўлган муваффақиятсиз синовлар ва жаноб Нобеллар корхонасида ишлаб чиқарилган зарарли маҳсулотлар оқибатида кўплаб қурбонлар ва талафотлар ошиб бораверади. Шу сабабли, Швеция ва унга яқин давлатлар “Нобелнинг портловчи мойи”ни ишлатиш, уни бир мамлакатдан бошқа мамлакатга олиб киришни тақиқлаб қўйди.
Муваффақият калити
Бу тақиқлар Альфред Нобелнинг иродасини букиш ўрнига, аксинча, унинг ихтирочилик қувватини янада оширди. Тез орада у нитроглицеринни дунё бозорига сотишнинг хавфсизроқ усулини ўйлаб топгач, Нобелнинг портловчи маҳсулотини темирйўл туннели қуриш ва шахталарни очиш учун харидорлар сони ошиб борди. Хеленеборгда содир бўлган фожиадан атиги олти ҳафта ўтгач, Альфред Нобель дунёда ягона АО Нитроглицерин корхонасига асос солди. Нитроглицерин ва кизельгур бирикмаси муваффақият калити бўлди.
1863 йил детонаторга патент олган Альфред Нобель икки йилдан сўнг тинимсиз ва машаққатли тадқиқотлар натижаси ўлароқ динамитни кашф этди.
Грек тилидан олинган, “dynamis” – куч, қудрат маъносини англатувчи динамит Нобель номини бутун дунёга машҳур қилди. Динамит савдосидан унинг чўнтагига пул дарёдай оқиб кирарди. Энди Альфред динамитга янада қудратли тус бериш ва уни сув остида ҳам қўллаш устида бош қотирарди, натижада, бунинг ҳам уддасидан чиқди. Динамит яратилганидан 10 йил ўтгач эса ихтирочи олим ўзининг яна бир улкан кашфиётини амалга оширди. Нитроглицерин ва пироксилиннинг тенг бирикмасидан ташкил топган баллистит ёки нобель порохи қудрати билангина эмас, портлатилганда кам тутун чиқариши билан аввалгидан фарқ қиларди.
Ихтирочилик ва тадбиркорлик фаолияти Нобел учун улкан даромад манбаига айланди.
У Париждаги қароргоҳида туриб, Европанинг турли бурчакларидаги 20 дан зиёд корхонани шахсан ўзи бошқарарди. Альфред Нобель Шотландия, Вена, Стокгольмга ташриф буюришни канда қилмасди. Айниқса, АҚШ, Швецария ва Италияда динамит савдоси қизғин эди, у ҳаттоки Осиёда ҳам динамит ишлаб чиқарувчи корхона қуради.
Уни “ўлим савдогари” деб атай бошлашди
Динамит қисқа муддатда Нобелга шон-шуҳрат ва мислсиз бойлик келтирди.
Аввалига, динамит кон шахталарини очиш, йўл қуриш ва эски биноларни бузишда ишлатилган бўлса, кейинчалик динамитнинг куч ва қудратидан ҳарбий мақсадларда фойдаланила бошланди. Альфред пацифистик ғоялар тарафдори бўлса-да, катта бойлик васвасаси устун келиб, у 10 дан ортиқ динамит ва турли портлатувчи қуроллар ишлаб чиқарадиган завод, фабрикаларни йўлга қўйди.
1888 йилда Каннда Альфреднинг катта акаси Людвиг Нобель вафот этди. Шунда француз газеталаридан бири адашиб Людвигнинг ўрнига Альфред Нобелга аталган таъзияномани чоп этади. Сарлавҳаси шундай номланган эди: “Ажал сотувчиси вафот этди!”. Мақола муаллифи Альфред Нобелни бойлик орттириш мақсадида динамит кашф этгани ва унинг савдоси оқибатида кўплаб ўлим ҳолатлари содир бўлаётганида айблаганди. Шундан сўнг бошқа газеталар ҳам Нобелни “Қон устига қурилган миллиардер”, “Ўлим савдогари” дея атай бошлашди. Бу айбловлар унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилди. Альфред Нобель халқ уни қудратли қурол ихтирочиси эмас, Ер юзида эзгулик тарқатувчи инсон сифатида хотирлашини астойдил истади ва бунга эришишга аҳд қилди.
Энг эзгу васият! Мукофот кимга?!
“Мен, Альфред Нобель, бутун мол-мулкимни хизматчиларим қимматли қоғозга айлантиришини, жамғарма ташкил этишини ва фоизини ўтган бир йил давомида инсониятга энг кўп фойда келтирган одамга мукофот тариқасида берилишини васият қиламан.
Мазкур фоизлар 5 қисмга бўлиниб, биринчи қисми – физика, иккинчиси – кимё, учинчиси – физиология ёки тиббиёт соҳаларида оламшумул янгилик яратган ва ихтиро қилган, тўртинчиси – адабиётда энг олий инсонийлик тимсолини ифода этган асарга, бешинчиси – халқлар ҳамжиҳатлиги, қулликка барҳам бериш, ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олиш ва Ер юзида тинчлик барқарорлигига муносиб ҳисса қўшган инсонларга берилсин.
Алоҳида истагим шуки, номзоднинг миллати тақдирланишига таъсир қилмаслиги шарт, фақат энг муносибларгина Нобель мукофотига сазовор бўлишсин”.
Шундай қилиб, 1895 йил 27 ноябрда тузилган мазкур васият бўйича дунёдаги энг машҳур ва энг нуфузли Нобель мукофоти пайдо бўлди.
Бугунги кунда ҳар йили Нобель мукофоти ғолибларига Альфред Нобелнинг сурати туширилган олтин медаль ва 1,4 миллион миқдоридаги АҚШ доллари тантанали топширилади. Тақдирлаш маросими йилнинг 10 декабрида Альфред Нобель вафот этган кун Стокгольм ва Ослода бўлиб ўтади.
Яна бир муҳим жиҳати, Нобель мукофотини ҳеч ким, ҳеч қандай куч бекор қилолмайди.
Рус тилидан Фарида ҚОРАҚУЛОВА таржимаси.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.