КУЛДИРИБ, ПИНҲОН ЙИҒЛАГАН АЁЛ
18 октябрь – Роза Каримова таваллуд топган кун
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Шуҳрат” медали соҳибаси, “Телевизион миниатюралар театри”нинг актрисаси, севимли санъаткоримиз – Роза Каримова билан суҳбат.
— Роза опа, Сизни болалигимиздан буён турмуш ўртоғингиз – Эргаш ака Каримов билан “Телевизион миниатюралар театри” ва қатор қисқа метражли комик фильмларда ижро этган ролларингизни мароқ ила севиб томоша қилиб келганмиз. Гарчи, Сиз саҳналарда барчага кулги улашувчи, тасаввуримизда ҳамиша табассум қилиб юрувчи аёл тимсолида муҳрланиб қолган бўлсангиз-да, санъаткорларнинг ҳаёти фақат ўйин-кулгилардангина иборат эмаслигини яхши биламиз. Шу саҳнада ўтган ҳаётингиз мобайнида қандай машаққатларга дуч келгансиз?
— Дарҳақиқат, айримлар санъаткорларнинг турмушини, ҳаёт тарзини енгил, фақат хурсандчиликлардан иборатдек тасаввур этишади. Аслида, ҳаёт қонунлари барча учун баробар бўлганидек, саҳна, санъат ҳам бошқа соҳалар сингари рақобатчилар билан лиммо-лим. Улар орасида қанийди ҳамма рақиблар ҳам мард бўлишса ва очиқ майдонга чиқишса... Афсуски, рақобатга ҳасад, ғайирлик, пайт пойлаб, оёқдан чалишга уринишлар, ғирромликлар, иғво, фисқу фасодлар ҳам ҳамоҳанг бўлади!
Гапни иш фаолиятимни эндигина бошлаган кезларимдан бошласам. У пайтлар янги телевидение ҳали битмаган эди. 1963 йили раҳбарият ишонч билдириб, менга ўз соҳам бўйича режиссёрлик вазифасини топширишди. Аммо ўзгалар ютуғини кўролмайдиганлар ва ичиқоралик қилувчи, олдингизда ўзини дўстдек тутиб, ортингиздан ғийбат қиладиган, ёлғон миш-миш тарқатадиган мунофиқлар бизга кўп маротаба панд беришга уринишди. Айниқса, режиссёрлигимдан ташқари, Эргаш ака билан “Телевизион миниатюралар театри”ни ташкиллаштирганимиз телевидениедаги айрим шахсларга ёқмаган бўлса, баъзи бир театр актрисаларига малол келди. Ўшанда, дастлаб “Икки тийин” деб номланган интермедияни намойиш этган эдик. Эргаш ака харидор, мен эса сотувчи қиз ролида чиққандик. Харидор ниманинг нархини сўрамасин, сотувчи қиз “Икки тийин” деявергач, Эргаш аканинг жаҳли чиқиб, “Ҳамма ишинг бир тийин!”, – дейди.
Миниатюра театримизнинг нишона сонлари эфирга узатилгач, Зулфия опанинг шахсан ўзлари бизни табрикладилар.
Бу орада мазам қочиб, қаттиқ бетоб бўлиб қолдим. Ошқозоним яллиғланган экан. Ўша даврларда вилоятларга тез-тез жўнатиб туришарди ва боришимиз сиёсий талаблар билан боғлиқ ҳамда мажбурий эди. Касаллигим боис, боролмадим ва касалхонада ётиб, 17 кун даволанишимга тўғри келди. Шундай оғир ётган дамларимда, телевидениенинг баъзи раҳбарлари ҳолимдан хабар олиш, далда бериш ўрнига, “вилоятларга бормаслик учун ўзини ёлғондан касал қилиб кўрсатиб, касалхонага ётиб олган”, деган сохта миш-миш тарқатишибди. Бош режиссёрнинг ёрдамчиси аввалига мени режиссёр ассистенти вазифасига ўтказишганини айтиб, бир дардимга ўн дард қўшган бўлса, тузалай деганимда, бош режиссёр мени ишдан бўшатмоқчи эканлиги ҳақидаги совуқ хабардан буткул ҳафсалам пир бўлиб, дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Ҳаттоки, унинг оғзаки буйруғи билан бўлим муҳаррири поликлиникага бориб, менинг касаллик варақаларимни шифокорлардан кўрсатишларини талаб қилиб, текшириб кўрибди. Сохта бемор эмаслигимга ишонч ҳосил қилишгач, мени руҳий касал эканлигимга шифокорларни ишонтиришга уринишган: “Роза Каримовани руҳий касаллар шифохонасига ётқизиш керак”, дея уқтиришиб, ўзимизнинг содда тил билан айтганда, каминани жиннига чиқаришмоқчи бўлишган.
Шундан сўнг, Минвод сиҳатгоҳида ошқозонимдаги ярани даволатиш, саломатлигимни тиклаш учун тегишли дори-дармонларни олиб, даволандим.
— Ишга чиққанингиздан сўнг ишингизда ижобий томонга бирор-бир ўзгариш бўлдими ёки?..
— Мажлис қилишиб, кун тартибидаги муҳокамага мени эгаллаб турган вазифамдан озод этиш, яъни ишдан бўшатиш масаласини қўйишмоқчи бўлишди. Асос: нима эмиш – мавқеимдан фойдаланиб, нуқул миниатюраларда чиқармишман, қолган ишни эса эплолмас эмишман. Бу мен учун чидаб бўлмайдиган даражада ғирт туҳмат эди! Хўрлик ва аламларимни ичимга ютиб, бош муҳаррирнинг қабулига кирдим. “Сиз муҳарририятни бошқариб турибсиз. Бироқ нима учун баъзи бир ғаламисларнинг ноўрин бўҳтонларига чидаб келишим керак? Ахир менинг ҳам сабр-бардошим метиндан эмас-ку. Нега менга маънавий ва руҳий азоб беришаяпти? Уларга қанақа ёмонлик қилдим? Уларга нима керак ўзи? Эгаллаб турган вазифам керакми?” – дея йиғлаганча, арз-ҳол қилдим. Аммо у шикоятимга лоқайд муносабатда бўлгач, яна гапимда давом этдим: “Бир ой ишга узрли сабаб билан келолмаган бўлсам, бундан барчангиз хабардорсизки, касалхонада эдим. Мен атай касал бўлибманми? Бу ёқда соғлигимдан айрилганим камлик қилгандек, энди ўзим севган ишимдан ҳам мени маҳрум қилмоқчимисизлар?! Хўш, қани, инсоф билан айтинг-чи, шунча пайтгача қайси кўрсатувни узиб ёки бузиб юбордим? Бирор маротаба огоҳлантириш ёки танбеҳ олдимми?! Агар сиз ҳам чора кўрмас экансиз, обкомга мурожаат қилишга мажбур бўламан”, – десам, у “билганингизни, қўлингиздан келганини қилинг”, – қабилида жавоб қайтариб, елка қисгач, телевидениедан кўзларим жиққа ёшга тўлганча, ўпкам тўлиб, йиғлай-йиғлай чиқиб кетдим...
— Телевидениеда ишлар шунчалик ҳам кўпмиди?
— Ўша дамларда телевидениеда бор-йўғи битта студия бор эди, холос. У ҳам бўлса, атиги иккита тугмача билан бошқарилар эди. Ўшанда ҳозиргидек замонавий, илғор ва мураккаб техник асбоблар қаёқда эди, дейсиз! Мақтаниш эмас-у мен ўз ишимни қойилмақом бажарардим ва шунинг учун ҳам, ишимдан камчилик топиша олмасликларига қатъий ишонардим. Биргина баҳона — касал бўлиб, ишга чиқа олмаганим, аниқроқ қилиб айтганда, уларнинг талабини бажара олмай, вилоят сафарига бора олмаганим эди.
Шундан сўнг, тўппа-тўғри обкомга бориб, Убай Бурҳоновга учрашдим. Бирмунча фурсат ҳаммаси изига тушиб кетгандек бўлди. Аммо телевидение раисининг ўринбосари ўзининг хотинини ёнига ишга олганидан сўнг, яна машмашалар бошланди. У аёл дағал, қўрс ва қўпол бўлибгина қолмасдан, “қўрққан олдин мушт кўтарар” қабилида иш юритувчилардан ҳам экан. Бошқалар “Эр-хотин бирга ишлашаяпти дейишмасин”, деган фикрда ўзидан қўрқиб, мени турмуш ўртоғим, яъни Эргаш ака билан бирга ишлаётганликда айблаб, менга кутилмаганда оғзаки ҳужум қилиб қолди. Ўша даврларда эр-хотиннинг бир идорада ишлаши расман мумкин эмасди. Лекин ҳеч ким: “Ҳой, ўзинг-чи, ўзингни эринг ишга олди-ку”, деб айтмади. Ҳар ким ўзининг ишдан четлатилишидан қўрқиб, бир чеккада мум тишлаб ўтираверди.
Азбаройи жанжаллардан безганим, курашавериб асабларим чарчагани учун, тинчгина аризамни ёзиб, киноредакцияга ишга ўтиб кетдим. Ҳар ҳолда у ерда рақобат, мансаб талашишлар йўқ эди.
Биз Эргаш ака билан томошабинларни хушнуд қилиш мақсадида, “Телевизион миниатюралар театри”нинг пойдеворини мустаҳкамлашга уринардик ва ҳар хил ҳажвий ҳикоя, ҳангома, интермедияларни экранга чиқарардик.
Кунларнинг бирида бир таниқли журналист тўй қилиб қолди. У бизнинг хонадонимизга келиб, тўйида хизмат қилиб беришимиз, яъни интермедия ижро этишимизни сўради. Аммо у пайтлар санъаткорларнинг тўйга бориши мумкин эмасди. Бу баҳона айрим раҳбарларга қўл келиши, улар кези келганда, шуни рўкач қилишиб, бизга нисбатан кескин чоралар қўллаши мумкин эди. Шу боис, Эргаш ака хушмуомалалик билан, унинг талабини рад этдилар. У эса жаҳлдан қизариб-бўзариб: “Ҳа, энди таниқли, машҳур артистсизлар-да, биздақаларни писанд қилмай, бурнингизлар осмонда! Каттаконлар айтса, кўрамиз бормаганингизни! Биз энди кичкина одаммиз. Кўрамиз ҳали! Сизларга кўрсатиб қўяман, шошмай туринглар!”, – дея ўдағайлаганча, зарда қилиб кетди. Орадан кўп ўтмай, бир мажлисда ўша журналист бизни, тўғрироғи Эргаш акани танқид қилиб қолди: “Нега “Телевизион миниатюралар театри”га фақат хотинини чиқаради? Ёки бошқа актрисалар қуриб қолганми? Роза Каримованинг мутахассислиги нима ўзи? Актрисаликми ёки режиссёрликми? Эргаш Каримов бу борада қариндош-уруғчиликка йўл қўймоқда, ўртоқлар!”, – деб қолди.
Ҳамма юрак ҳовучлаб, қани давоми нима бўларкин, деб турган бир паллада, Убай ака Бурҳонов сўзга чиқиб, улар бизга ҳавас қилишларини, кўрсатув томошабинларга ҳам манзур бўлаётганлигини хатлар ва қўнғироқлардан билиб олиш мумкинлигини айтиб, бизни қўллаб-қувватладилар. Зулфия опа ҳам “Саодат” журналида бизни мақтаб ёздилар.
— Ўша журналистнинг ноўрин танқидига жавобан нима дея оласиз?
— Энди, бояги журналистнинг танқидига эътироз сифатида шу масалага ойдинлик киритиб ўтадиган бўлсам, аввало, телевидениеда “Телевизион миниатюралар театри”ни репетиция қилишга алоҳида жой ҳам, ишдан ташқари қўшимча иш вақти ҳам ажратилмас, қисқа вақт ичида ролларни ёд олиб, намойиш этишимиз лозим эди. “Ҳамза” театридаги актрисаларни телевидение раҳбариятининг бу талаби қониқтирмас эди. Улар рол ижро этиш, вақт, грим, пардоз, қолаверса, энг асосийси, қўшимча маош талаб қилишарди. Биз эса, уйда ҳам эр-хотин бирга, ишдан сўнг дам олиш ўрнига, репетиция қилардик. Санъатга иштиёқ туйғуси Эргаш акада ўта кучли, биз биргаликда ижодимизнинг қирраларини серқирра қилишга интилардик. Баъзи санъаткорлар хусусида гоҳ-гоҳида “Фалончи артист фалон тўйда бўкиб ичибди”, деган гапларни эшитиб қоламиз, аммо Эргаш ака тўйларда ичганларини кўрмаганман. У киши ҳақида фақат ижобий сўзларни айтишим мумкин. Бизни тўйга айтиб келишса, Эргаш ака ўзлари бормасдилар, аммо қизиқчи жуда зарур бўлса, уларни Ҳусан Шариповнинг олдига жўнатардилар. Негаки, Ҳусан Шарипов ўшанда ҳам ишнинг кўзини биладиган, тўй-томошаларни қизитадиган санъаткор эди. Ҳозир ҳам у кишини ҳамма ҳурмат қилади. “Оқ-тепа” маҳалласида Ҳусан Шариповнинг “Санъаткор” деб номланган чойхоналари қаерда, деб сўрашса, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма билади.
Эргаш ака билан гастролларга бирга борсак, айрим “мард” эркаклар: “Ҳа, хотинингизни ҳам гастролда бирга олиб юрибсиз? Хотинингиз рашкчими ёки хотинингиздан қўрқасизми?”, – дейишса-да, Эргаш ака табиатан оғир-вазмин инсон бўлганликлари учун, бу гиж-гижларга парво қилмасликка уриниб, гапни устомонлик билан ҳазил-ҳузилга буриб юборардилар.
— Гап-сўзларга Сизнинг муносабатингиз қанақа эди? Аҳамият бермасликка уринармидингиз ёки хафа бўлармидингиз?
— Аёл кишининг кўнгли гулдай нозик бўлади. Гарчи, Эргаш ака бундай ҳар-хил пичингларга мардонавор дош берсалар-да, менинг кўнглимга оғир ботарди, аммо санъатни севганим учун барчасига тишимни тишимга қўйиб аранг чидардим. Баъзан, “бор-э”, деб қул силтаб, интермедиялар ижро этишдан воз кечиб юборай десам-да, санъат – жону дилим бўлгани учун, қолаверса, томошабинларнинг кулгуларини кўриб, жамики қайғуларим бир зумда унутиларди. Томошабинларнинг олқишлари менга завқ бағишларди! Улардаги қаҳ-қаҳа, самимий, беғубор кулги менинг қалбимга кўчарди. Мен ҳам уларга қўшилиб, астойдил қувонардим. Шундай пайтлар, “Халқимга кулги улашиш, кўнглига қувонч бағишлаш учун ҳам санъатни тарк этмайман”, – деб яна ижодий изланишларга бел боғлардим.
— Термиз шаҳридаги “Маннон Уйғур” номидаги театрда ҳам бирга ишлаган экансизлар?
— Ҳа, 1958-59 йиллар ўша ерда ишладик. Мазкур даргоҳ мусиқали театр бўлганлиги учун, қўшиқлар ҳам айтардим. Концертлар қўяр эдик. Эргаш ака ҳам яхшигина хониш қилардилару, бироқ қўшиқнинг авж пардасига овозлари етмай қолар, шу туфайли доирачиларга “авжида доирани қаттиқроқ чаласизлар, овозимни доира овози босиб, товушим билинмай кетсин”, деб, ўшанда ҳам шундай қалтис вазиятлардан усталик билан чиқиб кета олганлар.
— У ерда Эргаш ака билан боғлиқ кулгили ҳангомалар кўп бўлган, деб эшитгандим.
— Эргаш ака жуда кўнгилчан, кўпинча бировларнинг раъйини қайтармасликка ҳаракат қиладиган инсон. Бир куни мухлис йигитлардан бири Эргаш аканинг ихлосманди эканлигини айтиб, у кишидан дастхат олиб, “Термиздаги туркманларнинг зўр носвойи, бир чекинг”, деб, Эргаш акага бир отим нос узатибди. Эргаш ака ҳам умри бино бўлиб, носни чекиб кўрмаган бўлса-да, йигитнинг шаштини қайтармаслик учун ноилож ҳалиги носдан тил остига ташлабдилар. Шу чоқ мажлисга киришлари керак экан. Ходимлардан бири шоша-пиша: “Эргаш ака, нима қилиб турибсиз, бўлинг тезроқ, мажлис бошланаяпти, киринг”, деб ҳовлиқиб, шоширибди. Эргаш ака ҳам оғизларидаги нос билан шошганча мажлисга кириб кетибдилар. Бир пайт қарасалар, бошлари айланиб, кўзлари тиниб, томоқлари нос таркибидаги оҳакдан қақраб кетибди. “Қулт” этиб ютинган эканлар, носни ютиб юборибдилар. Ранглари оқариб кетганини кўрган мажлис аҳли саросимага тушиб қолишган.
Кейинчалик гап нимадалиги маълум бўлгач, анчагача ҳазилкашлар: “Эргаш ака, зўр нос бор, чектирайми?”, – дея ҳазиллашиб юришди.
— Фарзандларингиз?
— Бир ўғил ва бир қизимиз бор. Ўғлим – Эркин ҳозирда Ўзбекистон ва Болгария қўшма корхонасининг бошлиғи. Тошкент политехника институтини тугатиб, Болгарияга аспирантурада ўқигани кетди ва уч ярим йилда у ердан техника фанлари номзоди бўлиб қайтди.
Қизим – Озода – болалар шифокори.
Эр-хотин санъат соҳасида фаолият юритиб, гастролларда юрсак-да, фарзандларимизни тўғри тарбиялашга, Ватанимиз ва халқимизга муносиб авлод қилиб вояга етказишга интилдик. Ҳаётимизда яхши кунлар кўп бўлди. Лекин кўнглимнинг бир четини хижил қиладиган воқеаларни, шу чоққача ҳеч қайси журналистга айтмагандим, Сизга айтдим. Яна бир воқеани сўзламоқчиман…
Қизимизнинг ҳам кўнгли мен сингари жуда нозик. Бу воқеа бундан ўн тўққиз йил бурун рўй берганди. Аммо ҳалигача худди заҳар ютгандек, юрагимнинг бир четида турибди… Қизим стационар даволаниш учун ётганди. Унинг олдига машҳур актрисалардан бири келибди (кечирасиз, исмини айтишни жоиз топмайман). У уялмай-нетмай, қизимга: “Мен адангни севардим! Аданг ҳам мени яхши кўрарди. Бироқ онанг уни илиб кетди” каби бўлмағур сўзларни айтиб, ўн саккиз ёшли нозик-ниҳол қизнинг юрагига ханжар ургандек, кўнглини вайрон қилибди. У аёлнинг бировнинг оиласи билан нима иши бор экан? Ёш қизнинг ота-онасига бўлган эътиқодини сўндиришга интилиш – бу, ўтакетган виждонсизлик!
Сизга у актрисанинг ўтмиши ҳақида қисқача сўзлаб берсам. У биздан бир курс қуйида ўқирди. 2-курсдалигимизда, у 1-курсда таҳсил оларди. Ўша аёл бир йигит – касалманд режиссёр билан учрашарди. Ўқишга кирган йили-ёқ учрашувлар, ишқий можароларни бошлаб юборди. Эргаш ака билан эса, иттифоқо, “Том Сойернинг саргузаштлари” пьесасини институт саҳнасида ижро этишганда, бир-бирларини кўришган, холос. Улар ҳатто ўзаро салом-алик ҳам қилишмас эди.
У беҳаё 2-курсдан 3-курсга ўтганда, режиссёр йигит ўлиб қолди. Ана ўшанда-ёқ, “чинакам истеъдодини” намойиш қилиб, ҳақиқий, антиқа томоша кўрсатган. У вафот этган йигитнинг уйига бориб, аза очиб, марҳумнинг ота-онасига: “Биз бир-биримизни ўлгудек севардик, усиз менга ҳаётнинг қизиғи йўқ, мен ҳам ўлишни истайман, у менга уйланмоқчи эди, мен сизларнинг бўлажак келинингизман”, – деб йиғлаган.
Хуллас, ўша жонон аёл орадан кўп ўтмай, яна бир йигит билан “юриб” кетди. У қизимнинг дилини хуфтон қилиб кетгач, қизим бу гапни бизга дарҳол айтмай, анчагача ичига ютиб юраверибди. Кейин ундан бу тафсилотларни эшитгач: “Нега ўша пайт дарров бизга буни айтмадинг?” – деб сўрасам, у: “бу гап адамга нисбатан туҳматлигини билганим, адамга ишонганим учун индамадим, аммо ич-ичимдан йиғладим”, – деди.
У аёл ҳозир таниқли актриса. Ўшанда унинг олдига бориб: “Эй, енгилтак, суюқ оёқ, сен 1-курсдан-оқ режиссёр йигит билан юрганингни, у ўлгач, бошқаларга илакишганингни, нечтасининг қўлида қўғирчоқ бўлганингни ҳамма институтдагилар кўрган-билган-ку! Нега бир оила шаънига доғ туширмоқчи бўласан?”, – деб жанжаллашгим келди-ю ўзимни босдим. Чунки, уни тушунаман. Оиласи, боласи йўқлиги учун аламзада. Шу боис, бировларнинг тинч-тотув турмушларини бузишга уринади. Уни Худонинг ўзи жазолаб қўйган: бир умр бефарзанд ўтди. Умрбод бир тирноққа зор бўлиб яшади.
— Роза опа, ўтган йили Сиз ҳам, Эргаш ака ҳам роппа-роса 70 ёш юбилейингизларни нишонладингизлар. Буни қарангки, Сиз октябрь ойининг 18 куни, Эргаш ака 26 куни туғилган экансизлар. Туғилган кунингизлар орасидаги фарқ деярли бир ҳафтадан сал ошиқ. Сизларни таваллуд топган айёмингизлар билан газетамиз ходимлари ва мухлислари номидан табриклаймиз! Сизга ва Эргаш акага бахт-саодат, соғлик, узоқ умр тилаймиз. Юзингизни кулги, лабингизни табассум тарк этмасин. Илоҳим, нимаики эзгу ниятларингиз бўлса, бари рўёбга ошсин!
— Мен ҳам ўз номимдан ва Эргаш акангизнинг номидан газетангиз ходимларига ҳамда мухлисларига қувонч, кулги ҳамиша ҳамроҳ бўлишига тилакдошман!
Суҳбатдош - Музаффар Муҳаммадназар.
18. 10. 2006 йил.
Манба: "Оила тилсими" газетаси.