Ҳусан Мусабоевнинг Янги йил табриги
Азизларим! Мени таниган, билган, менга ёрдам берган, қўллаб-қувватлаган жамики дўст-биродарларимни чин қалбимдан Янги йил билан табриклайман! Ўтган йиллар мен учун ҳам яхши, ҳам қайғули, ёдда қоларли бўлди. Кўпгина санъатимиз вакиллари сафимизни тарк этишди...
Рихсибой Мирзараҳимов билан "Маҳалла" телеканалида "Телевизион миниатюралар театри"ни қурбимиз етгунча қайта тикладик. Устозларимиз - Эргаш Каримов, Хасан Йўлдошев, Ҳусан Шарипов, Садир Зиёмуҳамедов каби устозларимизнинг руҳлари қўллаб-қувватласин, деган мақсадда кўпгина ишлар қилдик ва яна "Ретро ҳажвия"га қўл урдик. Бизнинг асосий мақсадимиз - улуғларнинг қилган иши, устозларнинг меҳнати тарихимиздан, хотирамиздан ўчиб кетмасин, улар санъатда шундай яхши нарсалар қилиб беришди-ки, бизга юқори пиллапояларга кўтарилишимиз учун бамисоли зинапоя ясаб кетишди. Биз шу зинанинг орқасидан босқичма-босқич чиқиб келаяпмиз. Биз агар эсламасак, биздан кейин ҳам ҳеч ким эсламайди. Шу учун биз бу хайрли ишни баҳоли қудрат қилишга ҳаракат қилдик. Бунга баҳони кўраётган томошабинлар - мухлисларимиз беришади. Кунда бир неча мухлислар қўнғироқ қилишларидан бошимиз кўкка етади. Куни кеча "Абдулла Авлоний" ролининг бош қаҳрамони - Хоразмлик актёр Алишер Йўлдошевнинг шахсан ўзи қўнғироқ қилиб, янги йил билан қутлаб, миниатюралар театримиз борасида ижобий фикрлар билдирганидан ғоятда қувондим. Демак, саъй-ҳаракатларимиз, меҳнатларимиз бесамар кетмаётган экан.
Барчамизга Янги йил янги янги қувончлар ва хурсандчиликлар олиб келсин, азизларим!
Ҳурмат билан - Ҳусан Мусабоев - "Дўстлик" ордени соҳиби, «Маҳалла» телерадиоканалининг «Телевизион миниатюралар театри» актёри, Ўзбекистон Киноарбоблар уюшмаси аъзоси, актёр, продюсер ва режиссёр.
Кириб келар янги йил,
Қувончларга тўлиқдир.
Узоқдан бонг янграйди,
Қадаҳлар жаранглайди.
Бир-бирини олқишлар,
Самимий табриклашлар.
Бошланиб кетар шунда,
Дўстлар давраларида.
Менинг азиз дўстларим,
Меҳрибон устозларим.
Мен сизни табриклайман,
Сизга соғлик тилайман!!!
Ҳамиша бўлинг омон,
Яшасин бизнинг замон!
Бу шеърни сизга атаб,
Ёзди шогирдингиз Ҳусан!
Бу шеърни Ҳусан Мусабоев 7-синфдалигида ёзган ва бу шеърий машқ ҳозирги "Тонг юлдузи" газетасида чоп этилган.