Кўрик – баайни пишган ўрикдир
Театрларда янги спектаклларнинг Бадиий Кенгаш кўригидан ўтишининг аҳамияти хусусида сўз юритганда, премьерага тақдим этилаётган асарларни ғўра (довучча)га, кўрикдан ўтиб, пишитилган ва томошага тайёр спектакльни эса пишган, ширин ўрикка ўхшатишимиз бежиз эмас. Театр санъати – бу ижодкорлик ва ижтимоий ҳаётдаги муайян воқеаларни ўз ичига қамраб олган, қисқа вақт ичида томошабинга маънавий озуқа берадиган мураккаб дунё. Янги спектакльнинг театрда саҳналаштирилиши – янгича фикрларни, юқори даражадаги ижодий ишлар мажмуасини ўзида жамлайди. Бундай жараённинг ажралмас қисми – бадиий кенгаш кўригидан ўтиш ҳисобланади. Бадиий кенгашнинг театрдаги аҳамияти, унинг спектакль муваффақиятидаги ролини таҳлил қилсак.
Бадиий кенгаш – бу ижодий жамоа аъзоларининг ўзaрo мунозара қилишлари асосида асарни ютуқ ва камчиликларини муҳокама қилишлари, драматург, режиссёр ва актёрларнинг янги ишлари билан танишиш, танланган мавзуларни саралаш жараёни. Кенгаш иштирокчилари, режиссёрлар, актёрлар ва бадиий раҳбарлар биргаликда спектакльнинг моҳиятини, долзарблигини ва томошабин учун қай даражада қизиқарли ва аҳамиятли эканини кўриб чиқишади. Ушбу жараёнда ҳар бир иштирокчи ўз фикрлари, таклифлари билан иштирок этиб, тавсия этилган бадиий лойиҳага турлича муносабат билдиришлари орқали асарга турфа муҳит олиб келишади.
Театрда бадиий кенгашнинг ўрни – бу мураккаб ижодий жараёнга ижобий таъсир кўрсатишда намоён бўлади. Бадиий кенгаш иштирокчилари спектакллардаги диалоглар, саҳна безаги, воқеалар жараёнидан ё илҳомланишади ё қайсидир жиҳатлардан кўнгиллари тўлмай, ҳафсалалари пир бўлади.
Спектакльни бадиий кўрикка тақдим этгунларига қадар театр ижодкорлари тинимсиз меҳнат қилишади, ролларини ёд олишади, буларни инкор қила олмаймиз. Спектакльнинг дастлабки жараёнида, ҳар бир актёр, режиссёр ва сценарист ўз фикрлари орқали спектакльни янада ривожлантиришга интилади. Шу сабабли, мазкур спектакль режиссёрдан тортиб ҳар бир актёр учун қадрли бўлиб қолади ва уни танқид қилишларини исташмайди. Аммо театршунослар ва танқидчилар соҳа мутахассислари сифатида томошабин нигоҳи билан ёндашган ҳолда баҳо беришади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, спектаклдаги бир қараганда кўзга ташланмайдигандек, кўз илғамайдигандек, томошабин эътибор бермайдигандек туюлган камчиликлар яққол намоён бўлади.
Танқидчининг мақсади – спектакльнинг захирасини тўлдириш, такомиллаштириш ва етук санъат асари сифатида шакллантиришга хизмат қилади. Бадиий кенгаш туфайли, спектакльнинг янада мувофиқлашуви ва муваффақияти ортади.
Бадиий кенгаш жараёнлари текширувчи механизм сифатида ишлайди. Янги ғоялар, мақсад ва моҳият, технологиялар, саҳна безаклари, танланган мусиқалар театрдаги ижодий жараёнларни янада ривожлантиришга ёрдам беради. Бадиий кенгаш аъзолари ўзларининг ижодий фикрлари билан спектакльнинг нозик жиҳатлари, ҳаққоний кўринишларини театр жамоасига кўрсатишлари орқали кўмаклашади.
Мухтасар қилиб айтганда, театрларда янги спектакльнинг бадиий кенгаш кўригидан ўтиши – спектакльнинг муваффақияти, самарадорлиги ва мукаммал даражада акс эттирилиши учун ҳам ғоятда муҳимдир.
Усмон ЭРАТОВ – Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси раис ўринбосари, театршунос ва санъатшунос.