МИЛЛИЙ СЕРИАЛЛАРНИ КЎРИБ...
Яқиндагина фильм ва сериалларда ўзбек тилининг аҳволи жўнидан ёзган эдим. Бугун эса “Севги йўлида” номли турк сериалининг 1-фасли тугади. Сериал қаҳрамонлари – Мерон, Осиё, Имронларнинг тақдирини синчиковлик билан кузатдим. Сюжет туркча, исмлар туркча, муносабатлар туркча, мусиқа туркча (айниқса, аёл овозида ижро этилган ариоза), урф-одатлар туркча (аёл эрини “сен”лаши), ўзбек киносида турклардаги каби аёллар қамоқхонасининг кўрсатилиши ғирт туркона бўлгани ҳолда, сериал ижодкорларининг исм-шарифлари ўзбекча эканлиги мени ниҳоятда ажаблантирди.
Айниқса, бешикдаги боласини ҳам “сиз”лайдиган ўзбек учун аёл кишининг ўз эрини “сен”сираши кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шаккоклик бўлиб туюлди менга.
Энди “Бир ками тўлмаган дунё” ҳақида. Сериалнинг 1-фаслининг илк қисмини кўрдим. Тил шу даражада қашшоқки, сериал муаллифлари учун ҳам сиз уялиб кетасиз. (Тил камбағал эмас, қашшоқ деяпман.) Айтайлик, муаллифга “Ҳаммаси яхши бўлади” деган иборани ишлатишни тақиқлаб қўйинг – бир сатр ҳам ёзолмайди. Ишонмасангиз, интернетдан олиб кўринг. 2-фаслнинг 1-қисмида ушбу ибора неча марта айтилганини эринмай санаб чиқинг. 25-30 минутлик битта қисмда-я!
Бизнинг оила зиёлилар оиласи. Ҳар бир янги спектакль, кино, сериални муҳокама қилиш одат тусига кирган. Асар яхши бўлса – хўп-хўп. Ғирт бедаво, бир чақага арзимайдиган, саводсиз бўлса, баҳо аниқ. “Ҳаммаси яхши бўлади” деб қўямиз...
“ЎЗБЕККИНО”, “ЎЗБЕКТЕЛЕФИЛЬМ”, “ЎЗБЕКФИЛЬМ”, КИНО ВА СЕРИАЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРАДИГАН ХУСУСИЙ ТЕЛЕКАНАЛЛАР РАҲБАРИЯТИ ДИҚҚАТИГА!
Мен ижодий ҳаётимда бир мартагина “Ўзбектелефильм” суратга олинган “Чархпалак” сериалидаги лўли Марям образини ёзишда “сан”-“ман”ни ишлатганман. Акс ҳолда у лўли бўлмасди. Кузатишларимга қараганда, кино ижодкорлари, намойиш этишга рухсат берадиган мутасаддилар, бадиий кенгаш аъзоларининг деярли барчаси “лўли” экан! Улар орасида биронта ўзбек бўлганида “Эй, ўртоқлар, адабий ўзбек тилида бунда олмош йўқ-ку! “Сен”- “мен” деган олмошлар бор!” деган бўларди.
Ғафур Ғулом кундалик турмушда “сан”-“ман” деб сўзлашган, аммо ёзишга келганда “СЕН етим эмассан”, МЕН – яҳудийман!” деб ёзганлар. СЎЗнинг ҳурмати тор маҳаллийчилик манфаатидан устун турган. “Сан”-“ман” сўзлашув жараёнда оғир ботмайди, лекин саҳнадан, экрандан эшитилса қулоқни қириб ўтиб кетади.
Мен “Ўзбектелефильм”да, кейинчалик “Ўзбеккино”да бадиий кенгаш аъзоси бўлганман. Атрофимдаги сафдошларимга қараб ҳайрон бўлардим: ўзбек киносининг куни шуларга қолдими? Тўғри, уларнинг орасида киномиз ривожи йўлида сочи оқарган, бутун умрини шу соҳага бағишлаган оқсоқол ижодкорларлар ҳам бор эди. Лекин аксарияти паспортида “ўзбек” деб ёзилган эса-да, миллати мавҳум шахслар бўлган. Улар учун “миллат”, “тил”, “миллий ғурур” деган тушунчалар, ўзларининг тили билан айтганда – “до лампочки”. “Ўзбек” деган сўз “қолоқ” деган сўз билан баробар турар эди.
Энг шармандали жойи шундаки, отаси (мактаб кўрган кекса актёр) “сен” деб гапиради, ўғли ёки қизи (мактаб кўрмаган “умуртқасиз” актёр) “сан”-“ман”лайди. Битта қишлоқда яшаётган аҳолининг ярми “сан”лайди, ярми “мен” дейди.
Телевидение режиссёри Ғайрат Убайдуллаев бир ибратли воқени гапириб берган эдилар. Бир куни телевидение раҳбарияти менга СССР халқ артисти, санъатимиз дарғаларидан бири Шукур Бурхонов ҳақида кўрсатув тайёрлаш вазифасини юклади. Суратга оляпмиз. Менинг ишорам билан барча техника ишга тушди.
Шукур аканинг гулдирак овози ҳамма ёқни тутиб кетди:
- Мен 50 йилдан ортиқ умримни ўзбек санъатига бағишладим...
Мен, калтафаҳм, “мен” деган сўзни ниҳоятда расмий маънода тушуниб:
- Шукур ака, ўзингизни бўш қўйиб, худди уйингиздагидек ёки чойхонада ўтиргандек, “сан”-“ман” дейверинг.
Шукур аканинг овози момақалдироқдай гумбирлади:
- Мен форсийда гапираётганим йўқ, “ман”-“сан” десам! Эшитган одам айтмайдими, “Қариган чоғида Шукур Бурхоннинг томи кетиб қолибди” деб?
Бу ҳам СЎЗ ҳурмати!
Афсуски бу сўзлар сценарийдан ташқари бўлгани учун ёзувда сақланиб қолмаган. Йўқса “томи кетганлар” учун буюк санъаткордан буюк сабоқ бўлиб қоларди.
Бадиий кенгашлар “лўлича” олмошлар ишлатилган картина, сериалларни бошқатдан овозлаштириш учун қайтарса, фильм ижодкорлари мулла минган эшакдай мулойим тортиб қолишади. Чунки қайта овозлаштириш катта ҳаражатлар талаб этади.
Ушбу фикрлардан тўғри хулосалар чиқарилмаса, “лўли” сўзини қўштирноқсиз ишлатишга тўғри келади...
Шароф Бошбеков - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, драматург.
2020 йил.