Судья (ўзбек кино)


СУДЬЯ ЁХУД АЁЛ МАТОНАТИ

     Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси, Киноматография агентлиги буюртмасига асосан “Дилшоҳ медиа” студияси томонидан суратга олинган “Судья” бадиий фильми бош қаҳрамони Азиза тимсолида юртимизда фаолият олиб бораётган барча аёл судьялар образи умумлаштирилиб олинган, дейиш мумкин. Тан олиб айтиш керак, одатда биз кундалик ҳаётда кўриб ўрганган судья аёллар кўпчилигимизнинг кўз олдимизда бироз қаттиққўл, бироз димоғдор ва яна бироз меҳри қаттиқроқ аёл тимсолида гавдаланади. 
    Ишхонадаги судья хоним уйда эрталаб туриб ҳовли супурадиган оддий аёл, қайнона-қайнотанинг ҳурматини жойига қўядиган оддий келин, эрнинг инжиқлик­ларини кўтарадиган оддий хотин, фарзандларининг эркаликларини кўтарадиган оддий она. Бундан бош­қача бўлиши ҳам мумкин эмас. “Судья” фильми ижодкорларининг биринчи ютуғи томошабинни ана шу оддий ҳақиқатга ишонтира олишганидадир.
    Судья либоси ва ҳакамлик курсисидаги Азиза орзу-ҳавас, кўнгил майли, ўткинчи ишқ-муҳаббат дея оила аталмиш муқаддас мунчоқнинг ришталарини узиб, фарзанд­ларидан воз кечаётган ота-оналар можораси ёки отасини хўрлаб, мол-мулк талашаётган ўғиллар ишини қонун доирасида кўрар экан, ҳамиша унинг кўз ўнгида ўзининг отасиз ўтган ёшлиги намоён бўлаверади… 
     Истеъдодли ва иқтидорли ёш киносценаристлар Сардор ва Бобур Ҳамроевлар сценарийси асосида яратилган ушбу фильм Азиза образи орқали мазкур касб эгаларининг иш фаолияти ва шахсий ҳаётини чуқур ёритиб берган. Фильм ижодкорлари томошабинлар назарида совуққон ва ҳис-туйғуга бегона кўринган судья аёлнинг ички кечинмаларини, айрим лаҳзаларда улар ҳам ҳаёт зарбалари олдида ожиз қолиши мумкинлигига ишонтира олишган. 
– Судья аёл ҳаёти, иш фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фильмда шу соҳада фаолият олиб бораётган опаларимиз ўз шахсий муаммоларини, ўз ҳаётини кўриши мумкин. Чунки унда судья аёл ҳар куни иш фаолияти давомида дуч келиши мумкин бўлган ижтимоий муаммолар ёритилган. Шу билан бирга, фильмда судья аёлларнинг ҳам бошқа фуқаролар сингари оиласи, фарзандлари, қайнона-қайнотаси борлиги, уларнинг хизматини қилиши, ҳурматини жойига қўйиши, шу билан бирга маҳалла-кўй олдида ўз обрўсини сақлаши, баъзи маҳалладошларининг тушунмовчиликларини бартараф қилиши – барча-барчаси қамраб олинган, – дейди биз билан суҳбатда фильмда бош қаҳрамон – Азиза ролини ижро этган актриса Шодия Абдуқодирова. 
– Биз “Судья” фильми премьерасига турмуш ўртоғим ва қизим билан Фарғонадан келдик, – дей­ди томошабинлардан бири Раҳимахон ҳожи она Маматова. – Фильмни томоша қила туриб кўнглимда бир қониқиш туйдим. Ниҳоят, бизда ҳам оила даврасида ўтириб, уялмасдан кўрса бўладиган фильмлар ишлана бошлабди. Тўғрисини айтганда, томошабинлар қайнона-келин, бой қиз ва камбағал йигит ёки аксинча, бой йигит ва камбағал қиз каби сийқаси чиққан мавзулардан чарчаб кетди. Бу фильмни кўриб, кўнгил майлига қулоқ тутиб гулдай фарзандларини ташлаб кетаётган, бировларнинг оиласини бузаётган, бойлик илинжида жигарлари билан мерос талашаётганлар ўзларига керакли хулосани чиқариб оладилар, деб ўйлайман. Агар мен шу фильмнинг яратилиши жараёнида иштирок этганимда, шубҳасиз, унинг номини катта ҳарфлар билан ёзиладиган “Аёл матонати”, деб атаган бўлардим… 
     Хулоса ўрнида ўзининг “Қўқон шамоли”, “Аёл қисмати” каби бир қатор фильмлари билан томошабин кўнглига кириб борган маҳоратли режиссёр Дилмурод Масаидов, ёш киносценарист­лар Сардор ва Бобур Ҳамроев, таниқли актриса ва актёрлар Эркин Комилов, Муҳаббат Абдуллаева, айниқса, судья аёл – Азиза ролини маромига етказиб ижро этган Шодия Абдуқодированинг маҳорати фильм савия­сини янада юксалтирган десак, муболаға бўлмайди. Биз фильм ижодкорларига томошабинлар олқишига сазовор бўладиган халқчил фильмлар яратишдек машаққатли ва масъулиятли ишларида ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

Саодат Раҳимова,
“Adolat” мухбири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот