Самарқанд Лайлиси
Cамарқанд вилоят мусиқали драма театрининг истеъдодли актрисаси – Шоҳсанамхон Облоқулова билан суҳбат.
– Театрингизда ўзингиздан ташқари, актриса – Шоҳсанам Раҳимова ва хор жамоасидан – Шоҳсанам Мардонова, жами учта Шоҳсанам бор экан. Ишхонада Шоҳсанам деб чақиришса, бошқа ҳамкасбларингиз ҳам «Қайси биримизни чақиришаяпти?», – деб билолмай қолган пайтларингиз ҳам бўлганми?
Бу исмни СИЗга ким қўйган? «Шоҳсанам ва Ғариб» спектакли саҳналаштирилса, мабодо, Шоҳсанам ролини ижро этишни орзу қилганмисиз?
– Ҳа, театримизда ҳақиқатан ҳам учта Шоҳсанам бор.
Менимча, 1990–1995-йилларда бу исм жуда машҳур, ўзига хос «тренд», яъни ўша даврда урфда бўлгани билан боғлиқ. Бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради ва биз баъзан бир-биримизга: «Сени чақиришаяптими ё меними?», – дея иккиланган пайтларимиз кўп бўлган. Кейин бунинг ечимини топишди. Ҳозирги пайтда бизни исмимиздан ташқари фамилиямизни ҳам қўшиб чақиришади.
Шоҳсанам исмини менга бувим қўйган. Адабиётни яхши кўргани учун бўлса керак, айнан шу исмни танлаган. Шоҳсанам исмининг маъноси «Гўзаллар, сулувлар маликаси» эканини таъкидламоқчиман. Ўша даврларда Шоҳсанам, Санамлар ҳақида қўшиқлар ҳам яратилган.
Севимли хонандаларимиз – Моҳира Асадованинг «Мен Шоҳсанам», Муҳриддин Холиқовнинг «Парирўй санамлар» каби қўшиқларини ёдга олиш мумкин мисол тариқасида.
«Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» спектаклига келсак, агар театримизда бу асар саҳналаштирилгудек бўлса, мен бу ролни бажонидил ижро этган бўлардим.
– Ҳомиладор бўлганингизда ҳам гастроль сафарига чиққансиз, ҳатто янги туғилган чақалоғингиз бўлганида ҳам роллар ижро этган экансиз.
Бу жасорат, мардлик ва фидойиликми ёки ўз касбига бўлган масъулият туйғусими?
Яқинларингиз ва ҳамкасбларингиз буни қандай баҳолашди?
Лайли ролига дублёрингиз йўқмиди? Ёки ғалаба қозониш учун фестивалда қатнашишга қарор қилдингизми?
– «Лайли ва Мажнун» спектакли чиндан ҳам мураккаб ва алоҳида ёндашувни талаб қилади. Ҳомиладорлик пайтимда ҳам бу ролни ижро этишимга тўғри келди. Оиламда шифокор опам бунга қаттиқ қаршилик кўрсатди.
Билмадим, буни масъулият деб аташ мумкинми, балки мен шунчаки бу ролни жуда севгандирман ва уни ўзим ижро этишни хоҳлагандирман.
Саҳна ортида ишлайдиган ҳамкасбларим ва техник ходимлар мен саҳнага чиққанимда доим: «Эҳтиёт бўл, ўзингга эътибор бер,» деб мендан хавотир олиб туришарди.
Ҳомиладорлик – бу касаллик эмас ва мен ижод қилишим, фаолиятимни давом эттиришим мумкинлигини тушунган ҳолда ишладим.
Фестиваллар мен туққанимдан кейин бошланди. Фарзандимни фестивалда қатнашиш учун онам ва яқинларимга ишониб топшириб кетардим.
Йўқ, «Лайли ва Мажнун» спектаклида дублёримиз йўқ эди. Биз қисқа муддатда ишладик ва ҳамма таътил пайтида ҳам меҳнат қилдик.
– Онангиз ва бобонгиз педагог бўлишган экан.
Ижодга ва мутолаага қизиқишингизга улар сабабчи бўлишганми?
– Тўғри, бобом ва бувим ўқитувчи бўлишган. Лекин адабиётга қизиқишни аям уйғотганлар.
Санъатга бўлган иштиёқимни пайқаб, аям ўзлари санъат коллежига олиб борган. Айтиш мумкинки, Аям менинг илк устозим бўлган.
– 2017 йилда таниқли турк драматурги Тунжер Жужан қаламига мансуб «Кўчки» спектаклида Келин ролини ижро этгансиз. Бу роль сизга муваффақият келтирди ва Сиз «Халқаро театр куни»да «Энг яхши аёл роли ижрочиси» мукофотига сазовор бўлдингиз. Шунингдек, Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган «Минг нафас бир овоз» XI халқаро театр фестивалида, Остона шаҳрида ўтказилган «Самғау» VI халқаро театр фестивалида иштирок этгансиз.
Ўтган йили Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган IX Марказий Осиё халқаро театр фестивалида «Лайли ва Мажнун» спектакли «Энг яхши спектакль» деб топилди ва бош мукофотга сазовор бўлди. Ушбу фестиваллардан олган таассуротларингиз ҳақида сўзлаб беринг.
– Аслида, Ўзбекистон халқ артисти – Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган «Кўчки» спектаклидаги Келин роли мен учун чинакам маҳорат мактаби бўлди. Бу менинг чет эл саҳнасида роль ижро этиш борасидаги дастлабки тажрибам эди ва шу сабабли бошида бироз ҳаяжонландим. Лекин устозларим ёрдамида бу вазифани уддалай олдим. Ўзимизнинг саҳнамизда ролларни ўйнаган бўлсам, бошқа давлат саҳнасида нега хавотирланишим керак? Ахир, улар ҳам биз сингари кишилар, томошабинлар-ку, деган фикр далда берди.
Фестивалларда рақиблардан чўчимасдан саҳнага чиқиш учун кучли асарларда иштирок этиш муҳим. Баъзида ўзингизга ишонишингиз керак, лекин агар сиз саҳнага асар берган кучни ҳис қилиб чиқсангиз, сиз ихтиёрий равишда ғайриоддий қобилиятларингизни тўла-тўкис намоён қила оласиз!
Бу ишонч ва қатъият, албатта ўз натижасини беради. Айниқса, тақдирлаш маросимида Ўзбекистон – Самарқанд, театримиз номи тилга олинганда, биз худди спортчилар сингари қувонч кўз ёшларимизни тия олмадик.
– Гастроль сафарларида турли мамлакат вакиллари бир-бирларидан ўрганадилар. Театр жамоаси билан бошқа мамлакатларга борганингизда улардан нималарни ўргандингиз, улар ўзбек санъаткорларидан нималарни ўргандилар?
– Фестивалларнинг асосий мақсади – маҳорат даражасини баҳолаш. Турли давлат театрлари ўз асарларига қандай ёндашишларини кўриш қизиқарли. Биз қайси даражада эканлигимизни ва қанчалик олдинга силжишимиз мумкинлигини таққослаймиз. Бу жуда фойдали деб ўйлайман.
Қайси давлатлар маҳорат бобида биздан ўзиб кетганини ва ортда эканини аста-секин ўзаро муҳокама қиламиз. Албатта, ўрганадиган нарсалар кўп. Масалан, Қозоғистон театрларининг актёрлари бош роль ёки эпизод ўйнашидан қатъи назар, уларнинг пластикасига қойил қоламан. Улар ўз устида профессионал даражада ишлашади.
Аммо айрим мамлакатларнинг театрларида менталитет нуқтаи назаридан бизга ҳар доим ҳам тўғри келавермайдиган жиҳатлар ҳам бор.
– Нафақат Самарқанд мусиқали драма театри мисолида, балки умуман мамлакатимиз театрларида қандай ўзгаришлар бўлишини истар эдингиз?
Театрларда қандай масалалар ўз ечимини кутмоқда?
– Ҳозирги кунда театрларга эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳолат.
Давлатимиз томонидан ҳам мумтоз, ҳам замонавий асарларни саҳналаштириш учун буюртмалар берилмоқда.
Замон шиддат билан ўзгариб бормоқда, технологиялар кучайиб бораяпти. Бу макон ва замонда ахборот оқими эса жуда катта. Телефон ва интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Менимча, театрлар оммавий ахборот воситалари ходимлари билан фаол ишлаши лозим.
Мисол келтириб ўтадиган бўлсам, қайсидир қўшиқ унчалик яхши бўлмаса-да, уни ҳар куни эшитаверсангиз ёки ойнаи жаҳон, телефонингизда тинимсиз янграб турса, охир-оқибат миянгизга ўрнашиб олади ва ёд бўлиб қолади.
Худди шу каби, спектакллар ҳам одамларнинг фикру хаёлидан жой эгаллаши керак. Агар спектакллар ва уларнинг ижрочилари саналмиш актёр ҳамда актрисалар ҳақидаги маълумот ОАВ ва интернетда, ҳамма жойда мавжуд бўлса, одамлар бу қандай асар эканлигига қизиқиб қолишади. Ҳозирги даврда театрларга, ҳатто актёрларга ҳам тарғибот сув ва ҳаво каби жуда зарур.
– Театрда ҳам бошқа соҳалар каби рақобат ва ҳасадгўйлар учраши табиий. Агар бош роль Сизга насиб этган бўлса-ю, бирор актриса ўз мақсадига эриша олмай, гапи ёки хатти-ҳаракати билан Сизни ранжитса, бундай вазиятда қандай йўл тутасиз?
– Менинг бир одатим бор: режалаштирган ишимни албатта бажараман. Агар мен ўз олдимга мақсад қўйган бўлсам ва бу роль менга ёқса, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам ижро этишга ҳаракат қиламан.
Сиз айтган вазиятларни сезсам ҳам, бунга унчалик эътибор бермайман. Диққат эътиборимни ўз ролимга қаратаман ва энг муҳими шу.
Агар сиз иш билан эмас, балки «Нега бундай дедингиз?» ёки «Нега бундай қилдингиз?» деган саволлар билан овора бўлсангиз, ғийбат ва деди-дедиларга ўралашиб қолсангиз, охир-оқибат роль сиз учун иккинчи даражага тушиб қолиши мумкин.
Мен учун ҳаётда кимларнидир асоссиз гаплари ва фикрлари эмас, роль ҳақидаги гап-сўзлар муҳимроқ.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР
суҳбатлашди.
Манба: «Ижод чашмаси» журналининг № 7 (51)-сони. 2025 йил.