ШОНЛИ ЙЎЛ
Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудири – Сарвиноз Маманова билан суҳбат.
– Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг ташкил топган йили ва тарихи ҳақида қисқача маълумот беринг.
– Самарқанд вилоят мусиқали драма театри 1914 йилнинг 15 январида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси билан ўз ижодий фаолиятини бошлаган. Театр дастлаб, “Самарқанд мусулмон труппаси”, 1914-1918 йилларда эса “Самарқанд мусиқа, драма ва адабиёт дастаси” деб юритилган. 1922 йилнинг 24 февралидан бошлаб “Самарқанд ўзбек труппаси” номи билан шаҳар маориф бўлими ихтиёрида фаолият юритган.
Театрда 1914-1920 йилларда “Мазлума хотин”, “Эски мактаб, янги мактаб”, “Бахтсиз йигит”, “Жувонбозлик қурбонлари” (Ҳ. Шукурулло), “Аршин мололан” (У. Ҳожибеков), “Эр ва хотин”, “Униси бўлмаса, буниси”, “Асли ва Карам” (У. Ҳожибеков), “Рашкчи эр” (А. Ратковиский), “Ўн беш яшар ўсмир”, “Бахтсиз йигит” (Номэк Камол), “Темур сағанаси” (А. Фитрат), “Жувонмарг”, “Номоз ўғри”, “Аҳмоқ”, “Аравакаш”, “Шўринг қурсин”, “Миркомилбой”, (А. Бадрий), “Бахтсиз куёв” (А. Қодирий) каби спектакллар саҳналаштирилган. Таниқли бастакорлар Ҳ. Абдурасулов, А. Миржалолов, Г. Бауэр ва бошқалар бу асарларга мусиқалар басталаган.
Миллий чегараланишдан сўнг пойтахтга айланган Самарқандда “Ўлка Намуна Сайёр” труппаси ташкил қилиниши билан Самарқанд ўзбек театри “Кўк кўйлак” агиттеатри номи билан фаолият юрита бошлаган. Мазкур жамоага Толибжон Содиқов,Зиёдулла Шаҳидий, Гавриэль Муллақандов, Бақо Тожиев, Ғани Абдуллаев, Дони Зокиров, Набижон Ҳасанов каби таниқли актёрлар, бастакорлар ва режиссёрлар келиб қўшилди.
Ўтган асрнинг ўттизинчи-қирқинчи йиллари Самарқанд ўзбек театрининг тараққиёти учун муҳим босқич бўлди. Шу йилларда “Амирича”, “Фарҳод ва Ширин”, “Маликаи Турандот”, “Ғунчалар”, “Рустам”, “Уйғониш”, “Майсаранинг иши”, “Адолат”, “Бой ила хизматчи”, “Нурхон”, “Гулсара”, “Ҳаёт қўшиғи”, “Оила номуси” каби асарлар саҳна юзини кўрди.
1934 йилда театр рус драма театри билан бирлаштирилиб, А.Лоҳутий номидаги Бирлашган Давлат театри , 1944 йилдан бошлаб эса Ҳамид Олимжон номидаги ўзбек Давлат мусиқали драма театрига айлантирилди. Шу йили театрнинг биринчи мусиқали асари - “Тоҳир ва Зуҳра” спектакли намойиш этилди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда театрда йирик ижодий ҳаёт бошланди. “Бой ила хизматчи”, “Холисхон”, “Қутлуғ қон”, “Алишер Навоий”, таржима асарлардан “Сепсиз қиз”, “Момақалдироқ”, “Ревизор” каби асарлар алоҳида аҳамиятга эга.
1964 йилнинг 18 августида сўнгги бор қайта ташкил қилиш бўлиб ўтди ва театр соф драматик жанрга кўчди. 1992 йили театр Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд Давлат драма ва мусиқали театрига, 2016 йил Вазирлар Маҳкамасининг буйруғига асосан Самарқанд вилояти мусиқали драма театрига айлантирилди.
– Театрингизда янги раҳбар тайинлангандан сўнг, қандай ўзгаришлар бўлди? Театрнинг янги режаси ва мақсади нималардан иборат?
– Театримизда Ботир Тугалов раҳбар бўлганидан сўнг бир қатор ўзгаришлар бўлди. Жумладан, медиа ва маркетинг билан ишлашга бўлган талабни оширди. Театр тарихини акс эттирган “Шонли йўл” китобини нашрга тайёрлаш, медиа марказ очиш бўйича ташкилий ишларини бошлади. Барча ходимлар учун умумий форма жорий этилди. Театр миллий брендини ошириш мақсадида ноширлик бўлими, ходимлар учун жисмоний машқлар билан шуғулланадиган спорт зал, барча ходимлар учун овқатланиш учун ошхона ташкил этиш бўйича тегишли амалий ишлар бошланди.
Халқ учун кўришли, севимли ва ўлмас янги спектаклларни саҳналаштириш, театримизнинг миллий брендини яратиш. Бўлим бошлиқларининг малакасини ошириш, хориж тажрибаси билан яқиндан таништириш учун сентябрь ойида Малайзияга юбориш режалаштирилган. Зеро, ўз касбининг чинакам мутахассиси бўлган ходимлар билангина театр равнақини ошира олиш мумкин.
– Театр фаоллари томошабинларни жалб қилиш учун қандай усуллардан фойдаланишмоқда (акциялар, реклама, ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ва бошқалар)? Сизнингча, бу усулларнинг қайси бири кўпроқ самара бермоқда?
– Ижтимоий тармоқлар орқали рекламалар жойлашни кўпайтирдик. Бунинг натижаси ўзига яраша. Одамлар ҳозирги кунда шоу, енгил-елпи кўнгилочар дастурларга ўч. Акция ва турли манфаатли ўйинлар тарзида янада кўпроқ томошабинларни жалб этишимиз мумкин. Бу бўйича ҳам кичик лойиҳалар амалга оширдик. Жумладан, ўзи атиги 40 минг сўм бўлган чиптани 15-20 минг сўмга ҳам тушириб акция қилдик, (Ваҳоланки ўзи 15 ёшгача текин) аммо натижа ҳаминқадар бўлди. Инстаграмда рекламаларни кўпайтириш бўйича мақсадли режалар тузганмиз. Одамлар бўладиган спектакллар ҳақида кўпроқ хабар топсагина театрга ташрифи ошади деб ўйлайман. Бундан ташқари спектакллардан шов-шувли трейлерлар тайёрлаш ҳам яхши натижа беради. Энг аввало, халқимизга яхши таниш, таниқли инсонлар театрга бориб туриш тарғиботини қилса мақсадга мувофиқ. Сабаби, ўзингиз ҳам ўйлаб кўринг, кўп реклама қилинган маҳсулотнинг бозори жуда чаққон. Спектакль ҳам шундай. Фақат маънавий жиҳатдан улкан. Инсонлар театр билан муносабатини яхшилашса бу уларнинг фақат ўзларига яхши. Сабаби репертуаримизда яхши, таъсирли спектакллар жудаям кўп.
– Театрнинг моддий-техник базаси қандай? Замонавий технологиялардан фойдаланаяпсизларми?
– Театрнинг моддий-техник базасини мукаммал дея олмайман! Саҳна учун катта экран ҳозирги кунда жуда зарур. Бундан ташқари, оркестр жамоаси учун зарур бўлган баъзи чолғу асбоблари етарли эмас. Аммо, барча керакли чолғу асбобларни олиш юзасидан раҳбарият томонидан амалий ишлар кўрилмоқда. Самарқанд шаҳрининг туристик марказлардан бири эканлигини инобатга олиб ҳам энг замонавий технологияларни жорий этиш зарур.
– Театрда ишлайдиган ижодкорлар (режиссёрлар, актёрлар, драматурглар ва ҳ.к.)нинг қайси бирлари йил давомида фаол бўлиб, қандай ютуқларни қўлга киритишди?
– Театримизда ўз касбининг чинакам эгалари кўп. Жумладан, бош режиссёримиз Шуҳрат Санақулов, бош дирижёр Ўктам Тилавов, бош хормейстер Азиз Мўминовлар йил давомида жуда кўплаб катта саҳна асарлари яратишда, оммавий тадбирларда фаоллик кўрсатиб келишади. Бундан ташқари А.Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» асари асосида А.Холмўминов томонидан саҳналаштирилган спектакль ниҳоятда муваффақиятли чиқди. Ушбу спектаклдаги актёрлик маҳорати хорижда ҳам юқори баҳоланди. Ундаги актёрларнинг ҳеч бирининг дублёри йўқ эди. Ҳар бир роль эгаси ўз ролига ўта масъулият билан ёндашиб, муваффақиятли роль ижро этишган. Мен уларнинг ҳар бирини юксак баҳолайман. Озарбайжон Республикаси Шуша шаҳрида 2023-йил 31-октябрдан 5-ноябрь кунига қадар бўлиб ўтган I-Халқаро “Турксой” театрлар фестивалида Самарқанд вилояти мусиқали драма театри Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” спектакли билан қатнашиб, “Энг яхши спектакль” номинациясида ғолиб деб топилди. 2024 йил “Лайли ва Мажнун” спектакли “Янги Ўзбекистон юлдузлари” маданият ва санъат миллий мукофотининг “Йилнинг энг яхши спектакли” дея эътироф этилди. Мазкур спектаклда Лайли образини гавдалантирган истеъдодли актриса Шоҳсанам Облоқулова эса “Йилнинг энг яхши актрисаси” номинацияси ғолиби бўлди. 2024-йилда Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё халқларининг IX Халқаро театр фестивали”да “Лайли ва Мажнун" спектакли ижодий жамоаси ғолиб деб топилиб, Гран-прини қўлга киритди ва 3 миллион тенге (6000 АҚШ доллари) пул мукофоти билан тақдирланди. Менимча, яхши асар ўзига-ўзи йўл топади, деганлари шу бўлса ажаб эмас!!
– Театр ижодий жамоасининг жамоатчилик билан алоқалари қай тарзда йўлга қўйилган? Ижодий жамоа ва жамоатчиликнинг бундан кўнгли тўлаяптими? Жамоатчилик фикри билан қай даражада қизиқасизлар?
– Бизнинг театр маъмурияти кенг қамровда жамоатчилик фикрини йиғиб боради. Ҳар бир фикр эътибор марказимизда. Бироқ, биз барчанинг талаб ва хоҳишларини бажара олмаймиз. Бунинг сира иложи ҳам йўқ. Биз энг аввало халқнинг манфаати йўлида, театр ички имкониятидан келиб чиқиб тўғри қарорларни қабул этишимиз керак! Ижодий жамоа ва жамоатчиликнинг бундан кўнгли тўлаётганига эса шубҳам йўқ!
– Театр репертуаридан ўрин олган мумтоз ва замонавий асарларнинг қайси бири томошабинларни кўпроқ ўзига жалб этмоқда?
– Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” спектакли ҳар қандай ёшдаги томошабинни ўзига жалб этмоқда. Менимча, бундан минг йиллардан кейин ҳам ҳазрат Навоий ижоди қадрланса керак! Ҳозирги кунда ижодий мукаммал асар топиш жуда мушкул. Замонавий асарлардан ковид пандемиясига оид Қ.Норқобил асари асосидаги «Одамга ёрдам беринг» спектакли ва С.Имомали қаламига мансуб «Ўжар қайнона» комедик спектаклига томошабиннинг қизиқиши кўп.
– Сўнгги йилларда саҳналаштирилган энг оммабоп спектакллар деб қайси спектаклларнинг номини келтириб ўта оласиз? Улар қандай жиҳатлари билан омма эътиборини ўзига қарата олди?
2023 йил А. Холмўминов томонидан саҳналаштирилган А. Навоийнинг «Лайли ва Мажнун», 2021 йилда Ш. Санақулов томонидан саҳналаштирилган А. Навоийнинг («Қуш тили»)«Ишқ бўстони» спектакллари жуда оммалашди. Ҳеч қандай мажбуриятсиз ушбу спектаклларни қидириб келувчилар кўплаб топилади.
– Репертуар танлашда театр раҳбарияти ижодий жамоанинг фикри билан ҳам ҳисоблашадими? Умуман, асарларни танлаш борасида қандай мезонлардан фойдаланасизлар?
– Асар танлашда ижодий жамоанинг фикри билан танишилади. Бадиий кенгаш жамоаси танланган асарларни саралайди. Қолаверса, ҳар йили 1 та ёшлар учун кўп қўйилса (сотса) бўладиган асар ҳам танлашимиз шарт. Мураккабликни доим ҳам одамлар тушунавермайди. Шу сабаб ижтимоий сўровномалар ўтказиб, томошабин фикри билан ҳам танишиб чиқамиз. Асар танлашда энг аввало унинг маънавий жиҳатдан юксаклигига, қолаверса томошабинни кўпроқ жалб этадиган комедик жанрларга ҳам эътибор берамиз.
– Спектаклларнинг чипта нархлари қай тартибда ва кимлар томонидан белгиланади?
– Энг аввало аҳолининг турмуш тарзидан келиб чиқиб, бадиий кенгаш томонидан белгиланади. Марказий Осиёдаги энг арзон чипталар бизда бўлса керак деб ўйлайман. Сабаби, менимча 20 минг сўм, 40 минг сўмга спектакль томоша қилиш бу жудаям арзон нарх. У ҳам бўлса 15 ёшдан юқори бўлганлар учун. 15 ёшгача бўлганларга текин. Нарх белгилашда умумий сарф-харажатлардан келиб чиқиб умумий сумма белгиланади.
– Театрнинг янада ривожланиши учун қандай имконият ва муаммолар мавжуд?
– Театрнинг янада ривожланиши учун бизда жуда катта база мавжуд. Маҳоратли актёр ва ижодкорлар бизда етарли. Яхши спектаклларимиз ҳам кўплигини инобатга олиб имкониятимиз юқори дейиш мумкин. Фақат муаммо техник жиҳатдан замонавий фотоаппарат ва бошқа ускуналар харид қилишимиз керак.
– Театр ходимларининг малакасини ошириш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
– Бизда ҳар ойда ўз касбининг чинакам мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари графиги шакллантирилган. Театр жамоаси катта: вокал, драма, хор, оркестр, бутафор, реквизит, саҳна ишчилари, овоз режиссёри, чироқ усталари, рассомлар, пардозчи, либосчи, маъмурият, бухгалтерия, адабий бўлим, техник, медиа. Ҳар ойда малакали мутахассис тегишли бўлимга маҳорат дарс ўтади. Бўлим бошлиқларининг малакасини ошириш, хориж тажрибаси билан яқиндан таништириш учун сентябрь ойида Малайзияга юбориш режалаштирилган.
– Театрингиз халқаро ҳамкорликни ривожлантираётгани қувонарли. Шу ўтган давр мобайнида қайси мамлакатлар билан ижодий ҳамкорлик борасида меморандум имзоланди?
– Бугунга қадар 5 та давлатнинг 7 та театри билан меморандумлар имзоланган. Новосибирск мусиқали театри, Беларус республикаси Бобруйск шаҳри «В. И. Дунин-Марсинкевич номли Могилёв вилояти драма ва комедия театри», Озарбайжон давлат академик мусиқали драма театри, Шимкент шаҳридаги ўзбек театри, Остона шаҳар ҳокимлигининг “Жастар театри”, Абулқосим Лоҳутий номидаги Давлат академик драма театри, Собит Раҳмон номидаги Шаки давлат драма театрлари билан меморандумлар мавжуд. Келгуси 2 йил ичида 25 та давлат билан меморандумлар имзолаш режалаштирилган. 5-7-май кунлари «Баҳодир Ялангтўш» спектакли билан ижодий жамоа Грузия республикасига боради. Қолаверса, таниқли грузиялик режиссёр Каха Гогидзени театримизга таклиф этиш режалаштирилган. У бизда янги спектакль саҳналаштиради, бу албатта актёрларимиз учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.
– Ёш ижодкорларга қандай шароитлар яратилган?
– Улар йилда икки маротаба ўз касбининг мутахассисларидан маҳорат дарсларини олади. Яхши ишлаган ходимлар учун мукофот пули бериб борилади.
– Театрнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали берилаётган хабарлар томошабинлар сони ортишига қай даражада нафи тегаяпти?
– Ўзига хос тарзда натижа бермоқда. Бирон эълон ёки реклама, албатта, томошабинни жалб этмай қолмайди. Ижтимоий тармоқ орқали спектакль рекламасини кўриб келаётган томошабинлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
– Театрнинг реклама ва маркетинг стратегияси қандай натижаларни бераяпти?
– Катта натижа беряпти. Аммо маркетингни янада кенг қамровли тарзда оширишимиз керак. Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизни қамраган бир даврда маркетингсиз биз ҳеч қандай натижага эриша олмаслигимиз бу айни ҳақиқат. Маркетинг бўйича янги мутахассисни ишга олишимиз лозим.
– Театр томошабинлари билан фикр алмашиш учун қандай усуллар мавжуд?
– Ижтимоий тармоқларимиздаги саҳифаларимизда мурожаатчилар учун махсус бот мавжуд. Қолаверса, улар директорга тўғридан-тўғри таклиф ва фикрларини айта олиши мумкин. Ижтимоий тармоқлардаги сўровномалар ҳам яхши самара беради.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.