Санамлар шоҳи - Шоҳсанамнинг ютуқлари


       “ЖОНЛИ ИЖРО ҚИЙИН, АММО УДДАЛАСА БЎЛАДИ”

  Шоҳсанам Холмирзаева санъат оламига дадил қадамлар билан кириб келаётган ёш ва умидли хонандалардан. Унинг ўзига хос овози ва ижод услуби кўпчилик тингловчиларда яхши таассурот қолдирмоқда. Айниқса, Шоҳсанмнинг жонли ижрода куйлаши ва “Халқлар дўстлиги” ҳамда “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтган яккахон концертида ҳам фақат жонли  куйлаганлиги санъат шинавандаларининг олқишига сазовор бўлди. Қуйида унинг ижоддаги илк қадами, жонли ижро ва бу йўлдаги машаққатлар ҳақидаги фикрлари билан танишасиз.

“МЕНГА ЎҒИЛ БОЛАНИНГ ИСМИНИ ҚЎЙИШГАН”

  Фарғона вилоятининг Риштон туманида зиёли оилада туғилганман. Онам олий маълумотли ҳисобчи, дадам санъаткор ва ўз даврининг машҳур ҳофизларидан бўлган. Ҳам шоир ,ҳам бастакорлар ва ҳозир ҳам шеърлар ёзиб, ўзлари куй басталайдилар. Абдураҳим ҳофиз, дейишса водийда кўпчилик танийди. Бир қанча ёш санъаткорларга устозлик қилганлар. Оилада учта қизмиз, кенжамиз ўғил. Уйдагилар кейингиси ўғил бўлсин, деган ниятда менга ўғил боланинг исмини қўйишган. Ҳатто дадам амакиларимнинг ўғилларининг суннат тўйига қўшиб, оиламиздаги уч қизга ҳам тўй ўтказишганлар. Шунақа ирим-сирим бор экан шекилли, уч қиздан кейин укам Муҳаммаддиёр туғилган. Ҳозир ҳам амакиларим ҳазиллашиб, ҳар замон мени ўша исмим билан чақиришади. Мен ҳам лаббай, деб жавоб бераман. Аммо ҳозир у исмимни айтолмайман. Лекин чиройли исм эди. Хуллас, болаликдан дадамнинг севикли қизи бўлиб улғайдим. Уйимизга жуда кўп таниқли санъаткорлар келишарди. Табиийки, бундай давраларда қўшиқ куйланиб, мусиқа асбоблари чалинарди. Ана шу оҳанглар қулоғимга маҳкам ўрнашиб қолган эканми, менда ҳам аста-секин санъатга муҳаббат уйғона бошлади. Олдинига ўша давраларда эшитган қўшиқларни ўзимча хиргойи қилиб юрдим. Кейинчалик мактабдаги тадбирларда иштирок этиб, таниқли санъаткорларнинг репертуарларидан куйладим. Эсимда, ўн икки ёшимда илк марта таниқли санъаткор Юлдуз Усмонованинг “Лолажон” ашуласини туманимизда ўтказилган Наврўз тадбирида куйлаганман. Саҳна учун дадамнинг ўзлари мени бозорга олиб бориб, кўйлак ва мунчоқли дўппича олиб берганлар. Ўшанда яхши куйлаганман шекилли, ҳамма қарсак чалиб, мени олқишлашган. Ўқитувчиларим “яхшигина овозинг бор”, деб кўп айтишарди. Уйда дадам ҳам санъатга иқтидорим борлигини, агар астойдил ҳаракат қилсам етук санъаткор бўлишим мумкинлигини айтардилар. Аммо онам бунга қарши эдилар. “Қиз болага тўғри келмайди, санъаткор бўлмайсан. Бошқа касб танла”, дердилар. Онамнинг гапларидан кўнглим чўкса-да, аммо дадамнинг далдасидан яна куч олардим. Дадам “Инсон бу дунёга бир марта келади, ҳар ким ўзи севган касбида фаолият юритиши керак. Мен қизимга ва унга берган тарбиямга ишонаман. Шоҳсанам ҳеч қачон мени уялтирмайди” дердилар. Аммо барибир онам норози эдилар. Ўқишга ҳужжат топширишда ҳам “узоқда ўқимайди” деб  Тошкентга боришимга рухсат бермаганлар. Онамнинг айтганларини қилиб, водийдаги олий таълим даргоҳларидан бирига ҳужжат топширдим. Аммо икки йил  ҳам ўқишдан йиқилдим. Болалигимдан Тошкентда ўқишни орзу қилардим. Чунки дадам “Катта бўлсанг Тошкентга борасан, у ерда Театральний институтининг “мусиқали драма”, деган  факультети бор, ўшанда ўқийсан”, дердилар. Шу факультетда дадамнинг устозлари, раҳматли Рустам Ҳамдамов ўқиган эканлар. Шунинг учунми, дадам доим “Ҳамма ҳам у ерда ўқиёлмайди, иқтидори борлар ўқийди” деб менда кучли ҳавас уйғотардилар. Тошкентда ўқишимни дадам ҳам қаттиқ истардилар шекилли “ўша ерга ўқишга кирсанг сенга чиройли кўйлаклар олиб бераман”, дердилар. Ниятнинг кучини қарангки, Тошкентга ҳужжат топширган илк йилим талаба бўлиш бахти насиб этди. Ўқиш давомида ҳам доим яхши ният қилардим. “Халқлар дўстлиги” санъат саройи ёнидан ўтаётганимда “Эй Худо, менга ҳам шу ерларда концерт қўйиш насиб этсин, илоҳим”, дердим. Лекин етти ухлаб тушимга кирмаган бу  даргоҳда концерт қўйишим. Чунки ҳали-бери концерт қўёлмасам керак, деб ўйлардим. 2018 йили “Туркистон” санъат саройида илк марта жонли ижрода концерт қўйдим. Ташкилий ишларда менга шу ерда яшайдиган амаким жуда катта ёрдам бердилар. Кейинги йили   “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт беришга тайёрлана бошладик. Жуда қатиқ ҳаяжонланганман ўшанда. Айниқса, саҳнага чиққанимда. Ичимда “Шоҳсанам, эсингни йиғ, жонли концерт бераман, деб катта кетдинг, энди ўзингни қўлга олиб, куйла. Сен кучлисан, ироданг етади. Ҳозир ҳамма муаммоларни унут” деганман.  Ахир тўрт минг кишилик саҳнада, устозлар кўз ўнгида куйлашнинг ўзи бўлмайдида. Ҳали биринчи қўшиғимни айтмасимдан томоғим ўз-ўзидан қуриб қолаётгандек бўлаверган. Биринчи қўшиқни куйлаяпману, ўзимга-ўзим ишонмасдим. Ашуламни тугатишим билан кўзимдан ёш чиқиб кетган. Ҳатто раҳмат ҳам айтолмаганман. Кейин сал ўзимга келгач, томошабинларга бу илк концерт дастурим эканлигини, ҳаяжонланаётганимни ва мени қўллаб-қувватлаб туришларини илтимос қилганман. Хуллас, концертда биринчи қўшиғимни устоз санъаткорларнинг “Чаман ичра” ашуласи билан бошладим. Иккинчисида эса Муҳаббат Шамаеванинг “Уяламан”, қўшиғини айтдим. Чунки менга ҳам устозларнинг йўлини берсин, деган мақсадда концентимни ана шундай халқчил қўшиқлар билан бошлашни ният қилганман. Аллоҳга шукр, устоз санъаткорлар яхши баҳо беришди.
  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, устоз санъаткорлардан бири Гулбаҳор Эрқулова ҳам яхши баҳо бердилар. Бир куни кечки пайт менга қўнғироқ қилиб қолдилар. Карантин пайти водийда эдим ўшанда. Телеканалларда эфирга кетган концертимни буюк санъаткор Муҳаббат Шамаева кўрганлигини ва ижром у кишига ёққанлигини айтиб қолдилар. Жуда севиндим.Муҳаббат опани ҳаётда кўрмаган бўлсамда, лекин телеэкранлар орқали яхши танирдим, ижодларига ҳавасим баланд эди. Муҳаббат опа чет элдан Ўзбекистонга келганда мен билан учрашиш ниятлари борлигини айтибди. Бу мен учун кутилмаган эътироф эди. 
  Ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат филармонияси, “Навбаҳор” ашула ва рақс ансамблида хонандаман. Раҳбаримиз Гулмира Мадраҳимова жуда яхши инсон. У киши мени очиқ чеҳра билан ишга қабул қилганлар. Гулмира опа билан ишлаб, менинг раҳбарлар ҳақидаги тасаввурларим буткул ўзгариб кетди, десам хато бўлмайди. Чунки олдин ишлаган жойимдаги раҳбаримиз ҳатто берган саломимизга ҳам алик олмасди. Гулмира опа эса  биз билан қучоқлашиб кўришадилар. Илк марта ишга келганимда хонанда қизларнинг у киши билан эркин муносабатда бўлишини кўриб, “Раҳбар билан ҳам шундай саломлашса бўларканми? ” деб жуда ҳайрон бўлганман. Кейинчалик бу ҳақда Гулмира опага айтганимда кулганлар ва менга бир ривоятни айтиб берганлар. 
  Бир куни подшоҳ вазири, мулозимлари ва аскарлари билан овга чиққан экан. Ов пайти ўрмонда шоҳ адашиб қолибди. Вазир ҳам уни қидириб кетибди. Лекин у ҳам қайтмабди. Шунда подшоҳнинг ўзи уларни қидиришга тушибди ва ўрмон ичидаги кулбада яшайдиган бир кўзи ожиз одамга дуч келиб, ундан мулозимлари ва вазирини сўрабди. Шунда кўзи ожиз одам “сиз шоҳмисиз?”, деб сўрабди. “Ҳа, кўзингиз ожиз бўлса, буни қаердан билдингиз?” деб сўрабди подшоҳ. “Муомалангиздан”, дебди кўзи ожиз киши ва мулозимлар ўрмонда адашиб қолиб, ундан йўл сўраганда қўпол муносабатда бўлганлигини, уларни қидириб келган вазир эса сипо гапирганлигини, у эса юксак даражада муомала қилганлигини ва инсоннинг муомаласидан унинг тарбияси қандайлигини билиш мумкинлигини айтибди. Гулмира опа ана шундай тарбиясига яраша юксак муомала маданиятига эга инсон.
  Жонли ижрода куйлаш жудаям  машаққатли. Шарт-шароитлар талабга жавоб бермайди, деган гаплар ҳам ўринли. Лекин бу фақат баҳона, деб ўйлайман. Чунки инсон астойдил истаса ҳамма ишни уддаласа бўлади. Энг қийин томони, жонли ижрода кўп маблағ сарфланади. Балки шунинг учун баъзи санъаткорлар жонли ижрода концерт қўйишни истамас. Лекин нима бўлганда ҳам жонли ижро санъаткорни чархлайди, имкониятларини оширади ва ўз устида тинимсиз ишлашга ундайди. Жонли ижрода камида 15 нафар созанда жалб этилади. Бу созандалар профессионал даражада бўлиши керак, албатта. Чунки созандалар ўз ишининг устаси бўлмаса шунча ҳаракатларингиз зое кетиши мумкин. Профессионал созандалар жалб қилганингиздан кейин уларга тўланадиган ҳақ ҳам шунга яраша бўлади. Бундан ташқари, репетецияларни санъат саройида ўтказиш керак. Чунки рақсли саҳналарда қаерда туриш чамалаб олинмаса концерт пайти қалтис вазиятлар юзага келиши мумкин. Масалан,раққосалар билан тўқнашиб кетишимиз ҳеч гапмас.  Агар бир-икки кундан ортиқ концерт қўйилса санъаткор яхши мослашиб олади саҳнага. Агар менга ўхшаб бир кун концерт қўйса бунинг иложи йўқ. Ҳатто концертни ёзиб олиш жараёнида чиройли чиққан жойларини монтаж қилиб, улаб юборишнинг ҳам имкони бўлмайди. Шунинг учун мен концертдан олдин фақат рақсли саҳналарини кўриб чиқдим, холос. Чунки ҳар куни у ерда репетеция қилишнинг имкони йўқ. Шукурки, ҳукуматимиз томонидан жорий йилдан бошлаб жонли ижрода концерт қўядиган санъаткорлар учун эллик фоизли чегирма қўлланиладиган бўлди. Бу келгусида жонли ижрода куйлайдиган санъаткорларнинг кўпайишига сабаб бўлса ажаб эмас.
  Концерт учун керакли бўлган маблағни топишда оилам  ва Тошкентда яшайдиган амаким менга яқиндан ёрдам беришди. Айниқса, барча югур-югур ишларда амаким ёнимда турдилар. Барака топсинлар, илоҳим.Худо хоҳласа, барча концертларимни жонли куйлайман, деган ниятим бор. Ҳозирги йўналишим ўзимга маъқул.Миллий-эстрада йўналишида куйлайман. Халқчил куй ва қўшиқлар яратиш ҳаракатидаман. Орзуларим чексиз. Ҳали турмушга чиқмаганман. Касбимни тушунадиган ва мени қўллаб-қувватлайдиган инсонга турмушга чиқиш ниятим бор. 
  Онам бошида санъат йўлини танлашимга қарши бўлган бўлсаларда, аммо ҳозир хурсандлар. Лекин қийналган пайтларим “Мен сенга айтгандим-а, шу йўлни танлама, деб” деган гапни айтиб турадилар. Мен эса “шунақа демангда онажон. Мени дуо қилинг, акс ҳолда ишим юришмайди!” дейман. “Ҳар доим дуодаман, беш вақт намозимда сенга омад тилайман болам”,  деб  кўнглимни кўтарадилар яна. Аммо онамнинг энг биринчи ниятлари тезроқ турмушга чиқиб, ўзимдан тиниб-тинчиб кетишимни истайдилар. “Инсон ғанимат, тезроқ фарзандли бўлганингни, кўрсайдим"  дейдилар.

“СТЕПЕНДИЯМНИ ЙИҒИБ, ИЛК ҚЎШИҒИМНИ ЯРАТГАНМАН”

2010 йилдан 2014 йилгача Ўзбекистон Давлат Санъат институтининг мусиқали драма театр актёрлиги бўлимида ўқишанман. Бизга кучли устозлар таҳсил беришган. Шулардан бири Боир Холмирзаевдир. У киши доим  “Санъаткорга бир фоиз талант, 99 фоиз меҳнат керак. Агар талантинг бўлсаю кучли меҳнат қилмасанг  ҳеч нарсага эришолмайсан” деб кўп айтардилар. Устозларнинг шу ўгити қулоғимга қаттиқ ўрнашиб қолганиданми, талабалик давримда степендиямни йиғиб, илк қўшиғимни яратганман. 
 Ҳақиқатдан ҳам барча устозларимиз жуда фидойи инсонлар эди. Хуллас, илк қўшиғимни яратиш учун Мусахон Нурматов ижодий фаолият юритган “Оҳанг медиа” студиясига борганман. Мени илиқ кутиб олишган. Чунки дадам Мусахон Нурматов билан бирга ижод қилганлар. Ишни якунлагач устозим Нодир Арақуловга, “неча пул бўлади?”,  деганман. Шунда у киши “имконингиз борича бериб кетаверинг”, деб менга нархини айтмаганлар..

“ТЎЙЛАРДА ҲАМ ЖОНЛИ КУЙЛАЙМАН”

  2010 йилдан буён тўй ва тадбирларга чиқаман ва 99 фоиз жонли ижрода куйлайман. Ўзимизнинг гуруҳимиз бор. Қаерга боришимиздан қатъий назар шу гуруҳ билан бирга борамиз. Ижтимоий тармоқлардаги “Ютуб” ва “Телеграм” каналларида тўй ва концертлардаги ижодимизни жойлаштириб борамиз. Қизиқувчилар бўлса шу ердан кўришлари мумкин. Лекин айрим жойларга борганда фонограммада куйлашдан бошқа иложимиз бўлмай қоляпти. Чунки у ерда ҳеч қандай чолғу асбоблари бўлмайди ва тўйнинг бошидан охиригача хизмат қилувчи гуруҳ фақатгина биргина компьютерли мусиқа асбоби билан келган бўлади. Бунақа жойларда “жонли куйлашга менга шароит қилиб беринглар” деб айтолмаймиз. Шароитдан келиб чиқиб иш тутамиз. Агар санъаткорлар фақат жонли ижрода концерт берсин, деган қарор чиқсайди, ўзбек санъати ривожланган бўлармиди. Шунда ижод майдонида фақат энг сара санъаткорлар қоларди. 

“МЕНИ АШУЛАМГА ОҒЗИНИ ҚИМИРЛАТИБ ТАДБИРЛАРГА БОРАДИГАН ҚИЗЛАР БОР”

  Яқинда қизиқ бир ҳодиса бўлди. Укам Жиззах вилоятида ҳарбий хизматда эди. Қайсидир тадбирда саҳнада мени қўшиғим янграбди. “Опам келибдими”, деб қараса бошқа қиз оғзини қимирлатиб, мени ашуламни саҳнада “куйлаётган” эмиш. Ўртоқлари ашулаларимни эшитишар экан. Укамдан “опанг шуми?”, деб сўрашибди. Укам эса “бу қиз мени опам эмас-ку”, дея нима дейишини билмай қолибди.. Демоқчи бўлганим, ҳозир шунақа сохта санъаткорлар кўпайиб кетяпти. Шунинг учун устоз санъаткорлар “ўзбек санъати орқага кетяпти”, деб афсус билан гапиришади. Ниятим, жонли ижрода куйлайдиган санъаткорлар кўпайсин.

Гулруҳ Ёрматова суҳбатлашди. 
Манба: “Бекажон” газетаси.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот