БУ ДУНЁДА ҲЕЧ КИМ АБАДИЙ ЭМАС!


МУҚАДДАС ҲОЛИҚОВА: “БУ ДУНЁДА ҲЕЧ КИМ АБАДИЙ ЭМАС!”


   Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Ҳолиқова яратган образларни мароқ билан томоша қиламан. Айниқса, унинг режиссёр Дурдона Тўлаганованинг “Ёлғиз қўйинг” сериалида яратган Саври хола образини кўриб, севимли актрисамизни қайтадан кашф қилган мухлислар кўп бўлди, деб ўйлайман. Саври холанинг ота-онаси эрта вафот этиб кетган қўшни қизларга онадек меҳрибончилик қилиши, қизларга маслаҳатлар бериб, тўғри йўлга солиши, ўз жигаридай бу қизларнинг тақдирига куюниши ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, деб ўйлайман. 
   Биз Муқаддас Ҳолиқовани кўпроқ комик актриса сифатида билардик. Айниқса, “Севгинатор” фильмидаги қайнона ролидан кейин томошабинлар уни янада кўпроқ ёқтириб қолган эдилар. 
   У нафақат комик ёки драматик, балки тарихий ролларни ҳам маромига етказиб ижро этади. У “Жалолиддин Мангуберди”, “Юлдузли тунлар” каби спектаклларда тарихий образларни гавдалантирган, “Қаллиқ ўйин”, “Кўнгил”, “Андишали келинчак”, “Куёв”, “Хотинлар гапидан чиққан ҳангома”, “Талваса”, “олтин қиз”, “Ўзгалар дарди” спектаклларида бир-бирига ўхшамайдиган ранг-баранг роллар ижро этган.
   Биз севимли актрисамиз Муқаддас Ҳолиқова билан ўзбек миллий сериалларидаги роли, ковид касаллигига чалингани ва қандай қилиб оёққа тургани ва бошқа қадриятларимиз ҳақида суҳбатлашдик.  


“УЗОҚ ҚАРИНДОШДАН ЁНИНГДАГИ ҚЎШНИ ЯХШИ!”


– ”Ёлғиз қўйинг” телесериалидан кейин сиз билан жуда суҳбат қилгим келганди. Меҳрибон, ҳаёт синовларини, айрилиқ, йўқотишларни метин ирода билан енгиб ўтган ўзбек онахони образи сизнинг талқинингизда жуда чиройли чиққан. Ўтмишда қўни-қўшни муносабатлари қандай бўлгани ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
– “Ёлғиз қўйинг” сериали ғояси, ижодкорлар олдига қўйган мақсад,  менинг оғриқларим, дардларим билан ҳамоҳанг бўлган бўлса керак. Одамлар ўртасида меҳр-оқибатнинг йўқолиб бораётгани албатта, кишини ўйга толдиради. Илгариги пайтда қўшнилар тансиқ таом қилса, бир-бирига илинар, бир косада қўшнисига ҳам олиб чиқар эди. Қўшнилар қариндошдай бўлиб кетар эдилар. Бир-бирларининг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиб, қўшнининг ёнида турардилар. “Маҳаллада дув-дув гап” фильмида кўрган бўлсангиз, Марьям Ёқубованинг қаҳрамони қўшниникига эшикдан бормай, ўртадаги туйнукдан ўтаман, деб қисилиб қолади. Илгариги даврда қўшнилар бир-бирларидан хабар олиш учун ана шунақа туйнуклар, даричалар қолдирар эдилар. Ҳозир бунақа туйнуклар у ёқда турсин, ўртадаги деворлар осмон қадар бўлиб кетган. Илгари эсингизда бўлса, “Узоқ қариндошдан ёнингдаги қўшни яхши!” дейилар эди.  Лекин ҳозирги пайтда қўшнининг бошқа қўшнилар билан иши йўқ. Кирди-чиқди камайиб кетяпти. “Ёлғиз қўйинг” сериалида кўтарилган мавзу шу томонлари билан менга маъқул бўлди. 
    Қаҳрамоним онасиз қолган қўшни қизларга оналик қилади, уларга яқиндан маслаҳатлар беради. Узатилишида, куёв танлашда – баъзида қаттиққўллик билан, баъзида ширин гапириб, қизларга тўғри йўл кўрсатади. 


“БУНДАЙ МУСИБАТГА ЧИДАБ БЎЛМАЙДИ!”


– Сериалдаги қаҳрамонингиз Саври хола ўғлидан айрилади, ундан кейин неваралари автоҳалокатга учрайди...Битта одам учун бу фожиалар кўплик қилмайдими? Сценарийда шу жойига эътироз билдирмадингизми?
– Тўғри, битта одам учун бу фожиалар жуда кўплик қилади. Менинг назаримда бошига бундай мусибатлар тушган одамнинг юраги ёрилиб кетиши керак!
    Афсуски, ҳаётда бошига сериалдаги каби мусибатлар тушган одамлар бор. Ўзимнинг Ҳакима исмли холам шундай айрилиқларга учраганлар.  Шу холам аввал ўғилларини йўқотдилар. Ўғиллари вафотидан етти йил ўтиб, неваралари нобуд бўлди. Худди ўғиллари ўлган санада, ҳовлидан югуриб чиқиб кетган болани машина уриб юборган. Ана шундай оғир мусибатларни бошидан кечирган холамиз жуда бошқача - бағри кенг аёл бўлганлар. Кўрган-кечирганлари туфайли одамларни қадрлайдиган, қаноатли ва дуогўй эдилар. Менинг ижройимдаги Сарви хола образи шу холамнинг прототипи десам ҳам бўлади. Қаҳрамонимнинг қўни-қўшниларга маслаҳат беришлари, дуогўйликлари, ҳақиқатни шартта-шартта гапиришлари – ҳамма-ҳаммаси холамни эслатади. 
    Қаҳрамоним Саври хола “келинимни қиз қилиб, ўзим узатаман!” дейди. Холам ҳам бева келинларини ўзлари узатишни хоҳлаганлар. Ўша вазиятларни, келинга совчи келгандаги ҳолатларини ҳам кўзим билан кўрганман. Шуни тасаввур қилиб ўйнадим. Шунинг учун ролим табиий чиққан, деб ўйлайман. Наинки, менинг холам, ҳозир ҳам қишлоқларда бунақа бағри кенг, орияти кучли, адолатли кайвони онахонларни кўплаб учратиш мумкин.  


“ЛЎЛИЛАРДА ЭР-ХОТИННИ ФАҚАТ ЎЛИМ АЖРАТАР ЭКАН!”


– Яқинда “Мени сев” сериалида лўли аёл ролини ижро этдингиз. Юришларингиз қўпол, гапларингиз дағал, лекин самимий. Фильм қаҳрамонлари биз кўчада кўриб юрадиган лўлиларга ўхшамас экан. “Биз лўлимиз, ориятимиз кучли” дейди қаҳрамонлар. Лекин кўчада айрим лўлилар гўдакларини рўкач қилиб ёки мурғак болани тиланчилик қилишга мажбур қилишади. Шу томонлари бироз фарқли. Сиз бунга нима дейсиз?
– “Мени сев”сериалидаги қаҳрамоним эри ҳаётдан эрта кўз юмган ва бир ўзи болаларини оёққа қўйиш учун елиб-югурган аёл образидир. Бутун оила ташвишини, унинг моддий таъминоти, шу билан бирга бари муаммоларни ўз елкасига олгани учун аёл эркакшода бўлиб кетган.  Шунинг учун у эркаклардай шаҳдам юради, гаплари ҳам ўқдай. Чунки у аёл мана-ман деган эркаклар кўтаролмайдиган оила юкини кўтаради. Фарзандларини ёлғиз оёққа қўяди. Шу тадбиркорликни ҳам аввал ўзи бошлаб, кейинчалик бу ишларни ўғилларига топширади. У фарзандлари улғайгунича тадбиркорликнинг бошида ўзи туради. Уларни тарбияси масаласи ҳам осон эмаслигини сиз сериални кўриш жараёнида кузатасиз.  
    Биласизми, бизнинг мақсадимиз, лўлиларни ёмонлаш бўлмаган. Бир сериалда уларнинг бари қатламини қамраб олиш қийин, албатта. Биз уларни бир этник гуруҳ сифатида кўрсатиб беришни истадик. Уларни ортиқча мақташга ҳам, ёмонлашга ҳам уринмадик. Уларнинг ҳам ўзига яраша қадриятлари бор. Уларда ҳам юрак бор, уларнинг ҳам ўз ҳақиқати бор. Қолаверса, “лўлилар оила қурдими, эр-хотинни фақат  ўлим ажратади!” деган фикрни сериалнинг икки-уч жойида қайтарганмиз.  Ваҳоланки, биз ўзбекларда ҳам шундай бўлиши керак эди. Юртдошларим мени кечиришсин, лекин бизда ажрашишлар кўп бўляпти. Лўлиларга урғу берганимизнинг сабаби, “Лўлиларки, оилани муқаддас деб биляпти, нега биз ўзбеклар бу масалага енгил қараяпиз?” деган ғояни ўртага ташлаш эди. Лўлиларни оилапарвар, ҳақиқатгўй қилиб кўрсатдик. 


“САҲНАДА ҲАММА ОҒРИҚЛАРИМНИ УНУТАМАН!”


– ”Кўнгил” спектаклидаги ролингизни ҳам кўрганмиз. Ажойиб образ. Бизни ҳайрон қолдирган нарса, деярли бир соат давом этадиган спектаклда саҳнада адл юрасиз, пошнали туфлиларда жисмоний ҳаракатлар қиласиз. Саҳнадаги ҳаракатларингизни кўриб, сизга ҳавас қилганмиз. Бу ҳаракатларнинг ортида қандай оғриқлар борлигини биз билмаймиз. Бунинг учун доим шуғулланиб турасизми? 
– “Кўнгил” спектаклини биз бундан ўн беш йил олдин қўйганмиз. У пайтларда ёшроқ эдим. Бу спектакль эллик йиллик юбилейим арафасида саҳналаштирилган эди.
   Биласизми, одам ҳамма нарсага ижобий нуқтаи назардан қараса, ҳар қандай вазиятда унинг яхши томонини ўйласа, доим бардам юради, қуввати камаймайди. Агар эътибор қилган бўлсангиз, доим ҳамма нарсадан нолиб юрадиган одамнинг иши орқага кетади. Шунинг учун ҳеч кимдан нолимасдан, қилган ишингиздан завқланиб, илҳом олиб ишласангиз, ўша баланд пошнада ҳам юраверасиз, белингиз оғриса ҳам буни ҳис қилмайсиз. 
    Албатта, иссиқ жонмиз, мени ҳам белим оғрийдиган пайтлар бўлади. Лекин парда ортида белим оғриб турган бўлса, саҳнага чиққанимдан кейин шу оғриқлар таққа қолади. Балки бу залда ўтирган мухлислар, томошабинлар олдидаги масъулият туфайлидир? Айтмоқчиманки, шу ролни берилиб ўйнаганим учун ҳам, балки ўша оғриқларни сезмасман. Ҳар ҳолда санъатга бўлган муҳаббатим, санъатга бўлган эътиборим, санъатсиз яшай олмаслигимдандир. Касал бўлсам ҳам, саҳнага, халқнинг олдига чиққанимдан кейин, уларнинг томошадан завқ олаётганини кўриб, тузалиб қолгандай бўламан. Улардан илҳом оламан, уларнинг олқишларини кўриб, ўзим ҳам ёшариб кетгандай бўламан! 


“БИР БОШГА БИР ЎЛИМ, ҲЕЧ КИМ АБАДИЙ ЭМАС!”


– Коронавирус пайтида касаллик юқтирган ва даволаниб тузалиб кетган экансиз. Лекин оғир касалликдан туришингизга бир воқеа сабаб бўлган экан. Шуни яна бир эсласангиз. 
– Ҳа, коронавирус пайтида қаттиқ оғриганман. Мен ўзимдан эмас, фарзандларимга юқишидан қўрққанман. Ўша пайтда “битта оилада касал чиқса, ҳамма касал бўлар экан, ҳамма қирилиб кетар экан,!”деган фикр мени ваҳимага солган. Энг қўрққаним шу бўлган. Чунки айнан ўша йўллар ёпилган, кўча бошларига бетонлар қўйилган, касаллик авж олиб, ваҳимали гаплар тарқалган пайтда мен коронавирус бўлганман. Ўша пайтда “кимки коронавирус бўлса, у билан мулоқотда бўлган ҳамма оила аъзоларига юқар экан” деган гап тарқалган. Ҳақиқатан ҳам, ҳушимдан кетган пайтимда, бу тушимда бўлганми, хаёлимдами, билмайман, онам роса туришга ундаганлар, “тур болам, ҳали шунча ишинг бор, турақолгин!” деб роса гапирганлар. Шунда мен “опа, чарчадим, бирпас дам олай!” деганман. Шу пайтда келинойимнинг оналари кўз қири билан менга қараб, “шунча иши бору, чўзилиб ётишини қара!” деганлар, тушимда. Буни эшитиб, мендаги орият, уят, қудадан ҳижолат бўлишлик,  мени туришга ундаган. Авваламбор худо, ундан кейин қудамизнинг тушимга кириб, шундай деганлари ҳам сабаб бўлган, деб ўйлайман. Шу баҳона кўзимни очганман. Ковид пайтида ҳам одамлар яхшилик ҳақида ўйлаб, ижобий бўлсалар, касаллик ундай одамни енга олмаган, ўлимгача олиб бормаган. Аммо “бўлди – тамом, энди нафас ололмайман!” деб ўйлаган одамларнинг ростдан ҳам сунъий нафас олдирадиган аппаратга тушиб қолганларини кўрдим. Ўзини “мен касал эмасман, Аллоҳ ўзи шифо беради, Аллоҳ шундоқ мўъжизасини кўрсатади!” деб яхши гумонда бўлганлар, яшаб кетишди. Лекин бир бошга бир ўлим, бундай ўйлаб қарасангиз, ҳеч ким абадий эмас. “Ажалим шундадир” деб қабул қилиш керакдир балки. Ҳар қандай вазиятда ижобий бўлишга ҳаракат қилиш керак. “Балки қазойи қадарим шудир” дея дуойи фотиҳаларни ўқиб ётиш керак. Аллоҳдан қилган гуноҳларимиз учун кечирим сўрашимиз керак. Шунда касаллик ҳам, ўлим ҳам сизга ваҳимали туюлмайди. 


“НЕГА РОЛНИ БУНАҚА ИЖРО ҚИЛЯПСИЗ?”


– Энди Зебинисо қизингиз билан ижодий мулоқотларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Роль борасида бир-бирингизга маслаҳатлар берасизми? Оилада танқидчи ижодкор бўлгани яхшими?
– Қизим Зебинисонинг санъат йўлини танлашида, мен билан бир жамоада ижод қилишида Аллоҳнинг менга бўлган меҳрибончилигини кўраман. Чунки мен шунча касалликларни бошимдан кечирганимдан кейин ўзим ёлғиз юра олмадим, ёнимда бир одам бўлиши керак эди. Шундай пайтда Зебинисо менга тиргак бўлди. У менинг ҳамкасбим, театрда ҳам хонамиз битта, гастроль сафарларига ҳам бирга борамиз, қолаверса, театр саҳнасида, репетиция жараёнларида бир-биримизга далда бўламиз. 
    Гастролга бирга борган пайтларимизда ҳамиша ёнимда юрди. Чунки менга узоқ жойга ёлғиз бориш, оғир юк кўтариш мумкин эмас эди. 
    Энди танқид масаласига келсак, масалан, режиссёр унга бир йўналиш берганидан кейин мен ҳам она, ҳам санъаткор сифатида бу йўналишни ўзгартира олмайман. Чунки режиссёр образни шундай кўряпти ва актрисага ўзи тўғри деб билган вазифани беряпти. Мен эса унга ролни бошқача ўйнашни таклиф қилсам, албатта, режиссёр “нега бунақа ижро қиляпсиз!?” деб уни койиб бериши мумкин. Бу ҳолда биринчидан, нотўғри маслаҳат берганим учун қизимнинг олдида обрўйим тушади. Иккинчидан, “Санъат аслида бунақа экан-ку, сиз тушунмабсиз” деган фикр туғилади. Шунинг учун режиссёрларнинг ишига аралашмайман. Лекин гапирганда нутқига, қаерга урғу қўйиш кераклигига, қаерда тўхтаб, тин олиш лозимлигига, кимга қараб гапириш кераклиги, диалогнинг моҳиятини озгина бўлса ҳам айтиб кетаман. Баъзида урғу нотўғри қўйилса, маъно чиқмайди. Шу томонларига эътибор бераман, лекин ижросига мен аралашмайман. 


“БОЛАСИНИ БИР КЎРИШГА ЗОР ОНАЛАР!” 


– Театрда қандай янги спектакллар қўйиляпти? Томошабинларни қайси янги спектаклни кўришга таклиф қилган бўлардингиз? 
– Албатта, мен ўзим қатнашган спектаклларни айтишим мумкин. “Жалолиддин Мангуберди” катта тарихий спектакль, “Юлдузли тунлар” бу ҳам Пиримқул Қодировнинг тарихий асари асосида яратилган катта спектакль. Ундан кейин “Ўзгалар дарди” спектаклини кўришларини таклиф қилган бўлардим. 
   “Ўзгалар дарди” спектакли айнан нафақа ёшидаги кексаларга бағишланади. Бу саҳна асари кекса ота-оналарнинг фарзандини бир кўришга зор бўлиши, фарзанди беэътибор бўлиб қолганида, оналарнинг қанчалик қийналиши, изтироблари ҳақида ҳикоя қилади. Баъзи бир  шу спектаклни кўргани келган ёшлар, театрдан чиққанларидан кейин ҳеч бўлмаса, онасига бир қўнғироқ қилиб қўяди.  Санъатнинг кучи, тарбиявий аҳамияти ҳам шунда!
– Муқаддас опа, “Бекажон” мухлислари номидан мароқли суҳбатингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Оила аъзоларингизга, ўзингизга сиҳат-саломатлик тилаймиз ва сиздан янада ажойиб, ўзига хос роллар кутиб қоламиз.

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот