Шаҳодат Исахонова: «Ҳалол кураш инсонни тоблайди»
– Шаҳодат опа, Сиз, бугунги кун ўқувчиси билиши зарур бўлган керакли тарихий ҳақиқатлар борасида изланишлар олиб бораётганингиздан хабардормиз. Тарих ҳақида ёзиш, ниҳоятда машаққатли ва масъулиятли иш, айниқса, аёллар учун. Ана шундай меҳнатларингиз маҳсули бўлиб қатор тарихий романларингиз дунёга келди. Бу нафақат ижодкор учун фахрли, балки, аждодларимиз руҳи шод бўладиган савобли амаллардан ҳам бири деб ҳисоблаймиз.
Романларингизга Иброҳим Ғофуров, Қозоқбой Йўлдошев, Абдулла Улуғ, Жовли Хушбоқ каби қатор нозиктаъб адабиётшуносларимиз муносиб ва юксак баҳолар беришди.
Ана шу машаққатли меҳнат сирларини биз билан ҳам бўлишсангиз...
– Чиндан ҳам тарихий асарлар ёзишнинг ўзига хос мураккабликлари бор. Ўн-ўн беш аср наридаги тарих ҳақида ёзмоққа чоғланган ижодкорни ялдо кечаси ўрмонда адашиб қолган одамга ўхшатаман. Тасаввур қилинг, ҳамма ёқ қоп-қоронғи, гўзал ва ранг баранг дарахтлар, буталар, хуллас, жами наботот олами бир хил қоп-қора рангга бўялган... Тарихнавислар қолдирган қўлёзмалар ҳам айнан шу тахлит. Яъни, фактлар ва жўнгина қайдлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Бундай пайтда мушкулингни осон қиладиган омил билим, тафаккур ва истеъдоддир... Илм нури билан йуғрилган тафаккургина қуюқ қоронғулик қоплаган гўшаларни ҳам ёрита олади...
– Шаҳодат опа, суҳбатларимизда қайд этганингиз каби, Сиз мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган адибасиз. Тўғриси, бошингиздан кечирган воқеа-ҳодисаларни унча-мунча эркак ижодкор ҳам кўтаролмасди, қўлини ювиб қўлтиғига урганича, адабиёт майдонидан этак силкиб чиқиб кетарди. Сиз эса, каллаклангани сари бир япроқ ўрнига юз япроқ ёзадиган дарахтлар сингари ҳеч нарсага паво қилмасдан, сўлимасдан, синмасдан ўсишда, гуллашда ва мева тугишда давом этдингиз ва этмоқдасиз.
Ҳаётнинг бундай бўрону тўфонларидан, синову имтиҳонларидан мардонавор ва зиён-захматсиз ўтиш учун инсонда қандай хислатлар бўлиши керак деб ўйлайсиз?
– "Ҳаёт курашлардан иборат..." деган сўзни мен илк марта раҳматли отамлардан эшитганман. Отам бизга ҳаёт ҳақида, одамлар ҳақида, яхшилик ва ёмонлик, ҳақ ва ноҳақлик, мурувват ва зулм тўғрисида ўз бошидан кечирган турли-туман воқеаларни ҳикоя қилиб берганлар ва бир нарсани кўп такрорлаганлар. "Болаларим, ота-она бағридан кетганларингдан кейинги умрларинг ҳаёт аталмиш денгизда ёлғиз кечади. Унда чўкмаслик учун эса сузишни билишларингиз керак. Билмасаларингиз, чўкасизлар... Чўкмасликнинг ягона йўли эса билим ва яхши тарбия олмоқдир..." Кейинчалик, ҳаётимда юз берган барча воқеа-ҳодисаларнинг оқибатини, натижасини таҳлил қилар эканман, билдимки, отам бизни, шу жумладан мени ҳам шу тарзда ҳаётга тайёрлаган эканлар…
Биринчи курслик пайтим, илк бор ноҳақликка дуч келганимда, ўқишни ташлаб кетишимга сал қолган...
Тошкент давлат университети, филология факультети, журналистика бўлимининг (у пайтда факультет мақомини олмаган эди) биринчи курсида ўқирдим.
Тўртинчи ҳокимият саналмиш матбуотнинг у даврда обрўсига нарвон етмасди. Бўлажак мутасадди ҳисобланмиш бизнинг ҳам йўлимизда яшил чироқлар ёнган пайт... Шеърларим, ҳикояларим кетма-кет "Тошкент оқшоми", "Адабиёт" газеталарида, "Гулистон" журналида босила бошлади.
Колхозимизда юз бераётган ноҳақликлар ҳақида танқидий мақола ёзиб, бир нусхасини "Муштум" журналига, бир нусхасини Ўзбекистон марказий қўмитасига юбордим. Ўшандан кейин бошланди машмаша. Профсоюз мажлиси чақирилиб, Марказий қўмитага юборилган хатимни муҳокама қилишди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, бу журъатимни қоралади. Ва мендан "иккинчи маротиба бундай мақолалар ёзмайман..." деган мазмунда тилхат ёздириб олишди.
Шу ерда мен яна бир нарсани, ўша воқеа менинг ҳаётимда салбий из қолдирмаслиги учун устоз Ойбек домла жон куйдирганларини айтишим керак.
Икки ҳикоям "Она" ва "Кечиккан бахт" ҳикояларим "Тошкент оқшоми" газетасида босилгач, домламиз Ҳулкар Олимжонова (Ойбек домланинг келинлари, шоира Зулфия ва Ҳамид Олимжоннинг қизлари) менга ҳикояларим Ойбек домлага ёққани ва мен билан танишмоқчи бўлганини айтганлар. Ўртада бу воқеа юз бергач, негадир учрашувимиз кечикди. Мен учрашув ҳақида Ҳулкар опага эслатсам, улар Ойбек домланинг бетоблигини айтдилар...
Орадан анча вақт ўтгач, биздан икки курс юқори факультетдошим Тўра ака Норбоев Ойбек домла бир шогирд йигитини юбориб, мен билан кўришмоқчи бўлганларини, лекин мени топиша олишмаганини айтдилар. Ўша йигит факультетимиз профсоюзининг раиси Миркарим аканинг қабулларига кириб, Ойбек домланинг мен ҳақимдаги гапларини етказипти. "У қиз келажаги бор, истеъдодли адиба, уни синдириб қўйишмасин..." дедилар ва ўзлари ҳам у қиз билан учрашиб, суҳбатлашмоқчилар... " дебди.
Афсуски, мен бу гапларни жуда кеч, Ойбек домла оламдан ўтганларидан кейин эшитдим... Ва устоз Ойбекка айтмоқчи бўлган миннатдорчилик сўзларим айтилмасдан юрагимда қолди...
– Мақола танқидий жиҳатдан шу қадар кучли бўлган эдими?
– Менимча, уларга мақоладан ҳам кўра, охиридаги мана бу тўрт қатор шеър ёқмаган эди...
... Қўлларини чўзиб тиламчи,
Дер: "Бир чақа хайр қил, қўзим..."
Уялтирма, ахир онажон,
Бир чақага зорман-ку, ўзим...
– Биринчи тарихий романингиз "Султон Жалолиддин ёхуд Чингизхон тузоғига тушган малика"даги Туркон хотун образи тарихчиларимиз томонидан икки хил талқин қилинади. Сиз уни ўқувчига қай тарзда тақдим этдингиз?
– Хоразмшоҳлар саройининг мулозими, Султон Жалолиддиннинг шахсий котиби, тарихчи Шихобиддин ан-Насавий "Сийрат ас-Султон Жалолиддин" номли хотира асарида малика Туркон хотунга ижобий баҳо берган. Малика маърифат ва илму ирфонга рағбат кўрсатган. Мадрасалар толибларига, буюк алломалар Нажмидлин Кубро, Баҳоуддин Валад, Маждиддин Боғдодий, Лоло каби кўплаб тасаввуф аҳлига ҳомийлик қилган. У нафақат ҳукмдор малика тимсолида, балки ойдин бир шахс сифатида ҳам салтанатда муҳим ўрин тутган.
Афсуски, у ўзининг икки хатоси туфайли бир умр қилган эзгу ишларига чизиқ тортган малика сифатида тарих саҳифаларида салбий "қаҳрамон"га айланиб қолди.
Мамлакат бошига мўғил балоси ёпирилиб турганда валиаҳдликни бош набираси Султон Жалодиддиндан олиб, ўзининг қипчоқ қавмидан бўлмиш набираси Ўзлоқшоҳга беришга ўғли Хоразмшоҳни кўндириши биринчи хатоси эди.
Иккинчи хатоси, Чингизхоннинг ҳийла билан ёзилган фитна хатига ишониб, сарой маликаларини Чингизхоннинг тузоғига туширди...
– Кейинги тарихий романларингиз "Бибихоним" "Нодираи даврон" ва "Гавҳаршод бегим" ҳам адабиётимиз ихлосмандларига муносиб совға бўлди. Маликаларимиз, умуман ўтишдаги аёлларимиз олдида қандай мажбуриятлар бўлган?
– Одамзод яратилибдики, эркак зотининг номи аёл зотининг исми билан қўшиб зикр этилган.
Аёлнинг зиммасига юклатилган мажбуриятлар эркаклар чекига тушган вазифалардан енгилроқ кўринади. Лекин мантиқан, мазмунан ва масъулиятлилиги жиҳатдан тарозига тортиб қаралса, иккаласи ҳам бир-бирисиз кемтик ва номукаммал ҳисобланади.
Темурий маликалар ҳақида гапирилганда энг аввало, улуғ соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг маликаларга бўлган эҳтиромларини қайд этмоқ лозим.
Салтанат эгаларининг қанотлар ҳисобланмиш маликалар ақл-заковати, маърифати, ибоси, вафоси, ҳаёси, иймони билан на фақат жуфти ҳалолларини мафтун этишган, балки, уларга камарбасталик ҳам қилишган.
Шу боис, Амир Темур ҳазратлари келин танлашда ҳам, куёв танлашда аёлларнинг "насаб" и ва "ҳасаб"ига эътибор беришни талаб қилганлар.
Насаб аждодларнинг кимлигини билдирса, "ҳасаб" инсонларнинг иқтидори, истеъдоди даражасини белгиловчи омилдир.
"Қарирсан, қартарсан охир наслингга тортарсан...", "Яхшидан ёмон чиқди деб куюнма, ёмондан яхши чиқди деб суюнма" каби мақоллар бежиз айтилмаган. Насаби улуғ, иймонли инсонлардан ёмон одамлар чиқиш эҳтимоли жуда кам.
"Бибихоним" романида Шод Мулк образи бор. У шаҳзода Халил Султоннинг севгилиси... Ниҳоятда гўзал аёл. Лекин Амир Темур ҳазратлари уни бир кўрганда-ёқ феълидаги ноқисликларни илғайди ва Халил Султоннинг унга уйланишига розилик бермайди. Ҳатто ўлимга ҳукм қилади. Бибихоним ўртага тушиб, уни ўлимдан асраб қолади. Асарни ўқисангиз, Амир Темур вафотидан кейин унинг васияти оёқ ости қилинишига ва салтанат пойдевори нурашига айнан ана шу канизак сабабчи эканлигининг гувоҳи бўласиз.
– Саволим ноўринроқ бўлса, узр сўрайман... Сиз ҳам, турмуш ўртоғингиз Нурали Қобул ҳам бирор жойда ишламадингизлар. Холбуки, иккалангиз ҳам икки нашриётда раҳбар эдингизлар. Ёки ўзингизлар эркин ижодкорликни танладингизларми?
– Бунинг тафсилоти жуда узун. Булар ҳақида "Менинг ҳаётим..." номли хотира эссемда батафсил ёзганман.
Лекин шуни айтишим мумкин, эркин ижодкор бўлишдан олдин бир-икки жойга иш сўраб борганмиз... Менинг биринчи борган жойим телевидениенинг адабий-драматик кўрсатувлар редакцияси бўлган. Бу ерда университетни битирганимдан кейин етти йил ишлаганман ва шоира Зулфиянинг чорлови билан "Саодат журналига ишга ўтиб кетганман. Бу редакцияга боришимни Нурали ака тавсия қилди. "Ўзингиз ишлаган жойингиз, яхши коллектив, асосийси, редакция бошлиғи Аҳмад Аъзам дўстимиз, унинг бошига иш тушганда мен ёрдам берганман, у албатта ишга олади" деб қўймади. "Дўстимиз"дан рад жавоб олганимдан кейин, шу редакцияда бирга ишлашган қадрдоним, ўша пайтда телевидение бўйича раҳбарликка кўтарилган Шаҳноза Ғаниеванинг қабулига кирдим. Шаҳнозахон мени сиёсий кўрсатувлар редакциясига Ирисмат Абдухолиқовнинг ҳузурига юборди. Икки ойча келиб-кетиб юрсам-да, бирор кўрсатувнинг муҳаррирлигини беришмаётганидан билдимки, мени ишга олишмайди.
Тўрва-халтамни кўтариб, бошқа дўстимиз Эркин Аъзам раҳбар бўлиб ишлаётган "Моҳият" журнали редакциясининг эшигини қоқдим.
Эркин дўстимиз мен билан қуюқ суҳбатлашди. Ҳатто кофелар билан сийлади ва "Эртадан ишга келаверинг" деди кетар чоғим.
Эрталаб, ишга боришдан олдин, ҳар эҳтимолга қарши Эркин дўстимизга қўнғироқ қилдим. Яхшиям, шу фикр хаёлимга келибди, йўқса, роса мулзам бўлар эканман. Чунки бугунги муомаласи кечагидаймас, гапларининг каштасини келтиролмаяпти. Хижолат чекаётгани шундоққина овозининг оҳангидан билиниб турибди.
Гапни узоқдан бошлаб, "Мурод Муҳаммад Дўст..." дея чайналиши билан дўстимизнинг мушкулини ўзим осон қилиб, трубкани осиб қўяқолдим. Лекин ўша куни Мурод Муҳаммад Дўст дўстимизга бағишлаб яхшигина мувашшах ёздим...
М У В А Ш Ш А Ҳ
Мозийга боққил, сен, эй, дўст, қаламдош,
Ул берар савобдан, гуноҳдан таълим...
Рўёни ҳақ билма, Ҳақ доим йўлдош,
Огоҳдир, шоҳиддир, гувоҳдан таълим...
Дунёи дунга ким от солди, қисмат,
Майдонда шоҳ қолди, мот қолди қисмат,
Узангидан учди, дод қолди қисмат,
Ҳақнинг ёзиғи бу ногоҳдан таълим...
Адоват, уч олов жонинг куйдирар,
Макр этар, сўнг, хонумонинг куйдирар,
Мисқоллаб топган шаън, шонинг куйдирар,
Ашки қонга дўнган нигоҳдан таълим...
Дунё-ку, тўрт кунлик, таъқиб не кунлик,
Дўстлик не кунлигу рақиб не кунлик,
Ўзингдан сўр, девон соҳиб не кунлик,
Сўнг, ол, бизга қазган ул чоҳдан таълим...
Токи бор дунёда ҳар кас лўттибоз,
Гардунни дор қилур, ҳакамни дорбоз,
Алқисса, фош бўлиб, ул найрангу боз,
Шоҳларга бўлурсан гумроҳдан таълим...
Ҳайрон бўлаяпсизми? Ажабланманг, биз чиндан ҳам самимий дўстлар бўлганмиз...
Бу ҳаёт-да... Ҳаётда "Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга..." деган гаплар ҳам бор-ку...
Тўрт йилми, беш йилми ўтгандан кейин бир куни уйимизга Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбари, Аллоҳ раҳматига олсин, устозимиз билан дўстимиз Турсун Али келиб қолишди. Дарров дастурхон ёзиб, ул-булга уриндим. Устозимиз кетар чоғи бизга қараб, "Ишларинг нима бўлди, бирор ерга жойлашдиларингми?" – деб сўраб қолди. Нурали ака индамади. Мен "Йўқ, ҳалиям уйдамиз", – дедим. Нурали акадан садо чиқмагач, ошхонага чақириб, "Бирор нарса денг, устоз атайлаб ҳол сураб келипти, балки ишга олмоқчидир. Бир вақтлар акага ундай қилганман, бундай қилганман, ёрдам берганман", – дегансиз-ку... Балки ўша гаплар устознинг эсига тушгандир..." – дедим.
Нурали ака қўл силтаб, индамай, чиқиб кетди.
Аёллигимга бориб, устозга иш ҳақида ўзим оғиз оча қолдим. "Устоз, уюшмада бирор иш бўлса, Нурали акани олсангиз яхши бўларди..." – дедим, ийманиб...
"Иккалангга ҳам иш бор..." – деди устоз жиддий оҳангда.
Нурали акага "Кўрдингизми, гапим тўғри эканми", дегандай маъноли қараб қўйдим.
"Қоровулик ўрни билан, фаррошлик ўрни бўш, хоҳлаган вақтларинг келиб ишлашларинг мумкин..." – деди устоз олдингидан ҳам жиддийлик билан...
Нурали ака ўрнидан туриб кетди. Мен жойимда ўтириб қолдим...
Турсун Али хижолатдан қизарганича, "Бизга жавоб..." – деди-да, устозни қўлтиқлаб, эшик томон юрди...
Иш топиш борасидаги изланишларимиз ана шундай ниҳоясига етган...
"Ҳаёт курашдан иборат..." деган нақл шундандир, балки... Лекин кураш ҳалол бўлиши керак. Ҳалол кураш инсонни тоблайди, иймонини мустаҳкам қилади. Адоват, ўч, қасд аралашган кураш зулмга киради. Зулмнинг товони эса зулимдир. Буни ҳар бир инсон англаб етмоғи, адолат ва ҳақ пасангисини тўғри тутмоғи муҳим. Шундагина орзуларингиз ижобатини кўрмоқ насиб этади...
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Маълумот: Шаҳодат Исахонова – 01.01.1949 йил Самарқанд вилояти, Иштихон тумани, Шайхлар қишлоғида туғилган.
Тошкент давлат Университетининг журналистика факулътетини (1966–71) тугатган.
Ўзбекистон давлат Телевидениеси ва радио эшиттириш комитетининг драматик кўрсатувлар редакциясида муҳаррир (1971–79 йиллар), "Саодат" журналида (1979–83 йиллар) муҳаррир, "Ёш Гвардия" (кейинчалик "Камалак" нашрёт-матбаа бирлашмаси" деб номланган, 1983–94 йиллар) нашрётида бўлим бошлиғи, Бош редактор ўринбосари, Бош директор, ўринбосари ва Бош директор вазифаларида ишлаган.
1994 йидан эркин ижодкор.
Ёзувчининг қатор ҳикоя ва қиссалари "Кечиккан бахт", "Она", "Сирли тилак", "Илинж", "Лайлаклар", "Ўч", "Антиқа зиёфат", "Ойиси айтиб берган эртак", "Эшим даллол", "Қирқ кокилли келинчак" ва рус тилида "Заветное желание" каби номларда чоп этилган.
Кейинги йилларда адибанинг "Бибихоним", "Султон Жалолиддин ёхуд Чингизхон тузоғига тушган малика", "Нодираи даврон" ва "Гавҳаршод бегим" тарихий романлари "Турон маликалари" туркумидан чоп этилди.
Самарқанд давлат Драма театрида "Бибихоним", Мудофаа вазирлигига қарашли "Турон" театрида "Ўлан", "Султон Жалолиддин", "Қирқ кокилли келинчак", Қозоғистон республикасининг Чимкент давлат ўзбек драма театрида "Тановар" спектакллари қўйилган.
Асарлари рус, инглиз, араб, ҳинд, бенгал, болгар тилларига таржима қилинган.
Адиба қаламига мансуб "Болакай" номли ҳикоялар тўплами, "Жўралар" номли қиссалар тўплами ва икки тарихий романи "Чингизхон тузоғига тушган малика" ва "Турон маликаси" дунё интернет тармоғига қарашли машҳур "Амазон" китоб савдоси дўконларида, инглиз тилида йигирмадан ортиқ давлат китобхонлари ҳукмига ҳавола этилган.