МЕҲРНИНГ ГЎЗАЛ ТАРБИЯСИ


  Шундай устозларимиз борки, улар биз учун ибрат мактабидир. Жамила опа Шермуҳамедованинг ҳам айтаётган ҳар бир сўзи, атрофдагиларга бўлган муомаласи, юксак диди, салобати  шогирдлар учун ибрат мактабидир. Талабалигимизда Жамила опанинг: “Курсдошларим турли байрам ва йиғинларга кетишганида, эгнимда тузукроқ кийимим йўқлиги учун бора олмаган кунларим ҳам бўлган. Ўшанда мен ўзимга ҳозир фақат ва фақат ўқишим, илм эгаллашим керак. Ҳали турли-туман кўйлаклар кийишга ҳам, байрамларга қатнашишга ҳам улгураман. Асосийси, билим олишга кеч қолмаслигим керак, дея ўзимга тасалли бериб, ётоқхонада китоб билан ёлғиз қолганман”, деган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. Бугун эса Жамила опа ранг-баранг кийимлардан афзал бўлган бир қатор шогирдларнинг мураббийи, халқимизнинг ҳурмати ва эъзозидаги инсон! Жамила опанинг болалик хотираларини сизларга улашар эканман, устозимизга тан-жонлари соғ, умрлари узоқ бўлишини тилаб қоламан. 

МЕҲРНИНГ ГЎЗАЛ ТАРБИЯСИ

  Мактабларда ўтказилаётган бир қатор маънавий-маърифий тарғибот тадбирларига борганимизда фалсафа фанлари доктори, профессор, халқаро тоифадаги нотиқлик  бўйича мураббий, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Жамила опа ШЕРМУҲАМЕДОВА билан тез-тез кўришиб турамиз. Гарчи мактабларнинг тадбирлар зали ўқитувчи ва ўқувчилар билан лиқ тўла бўлса-да, Жамила опа сўзга чиққанларида сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолади. У кишининг маданият билан кийиниши, маънавият билан гапириши, тадбир иштирокчиларига юксак одоб билан мурожаат қилишлари ҳаммани сеҳрлаб қўяди... 
  Бир учрашувда ўқитувчилар ва ўқувчилар ойлаб тайёрлаган саҳна асарлари-ю, ёд олинган шеър ва қўшиқларидан воз кечиб, фақат Жамила опанинг нутқини, у кишининг маслаҳатларини тинглаш истагида эканликларини эшитиб, биз ҳам лол қолдик.
   Бугун биз юртимизнинг ана шундай севимли фарзанди бўлиб камол топишига замин бўлган Жамила опанинг болалик хотиралари билан танишамиз.

“БЕСАБР” ЧИРОҚ

  Мен 1950 йил 18-июнда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида, ҳозирги Қоракўл шаҳрида зиёли оилада таваллуд топганман. Исмимни раҳматли дадам Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссасидаги  қаҳрамондек   жасур, қатъиятли бўлсин, деган ният билан  қўйган эканлар. 
  Оилада 12 та фарзанд – 8 ўғил, 4 қиз эдик. Мен ўн биринчи фарзанд бўлсам-да, ота-онамнинг энг эркатойи эдим. 
  Отам, Тошпўлат Шермуҳамедов – кўп китоб мутолаа қиладиган, жуда ўқимишли инсон бўлиб, биз фарзандларига китоб ҳақиқий бойлик – кўнгилни юксалтира оладиган улуғ неъмат эканлигини англатиб улғайтирганлар. Отам ҳар шанба куни кундалик ва  дафтарларимизни синчиклаб текшириб чиқардилар. Кейин ҳаммамизни бирга мактабга олиб бориб, синф раҳбарларимиздан бирма-бир одоб-ахлоқимиз, ўқишимиз ҳақидаги фикрларини сўраб, устозларимизга бераётган билимлари учун миннатдорчилик билдирардилар. 
  Уйимизда танбур, тор, дутор, чанг, пиаонино, доира – деярли ҳамма чолғу асбоблари бор эди. Отам гоҳ танбур, гоҳ тор чертиб қўшиқ айтардилар. Бундай баланд пардали, ширали овоз ҳозир кам учраса керак. Отам араб тилини мукаммал билган. Унинг арабча ҳуснихати жуда чиройли эди. Қуръонни ҳам ниҳоятда тиниқ ва гўзал қироат қиларди. 
  Биз уйда ҳеч қачон бекор ўтирмас,  беҳуда кўча кезиб юрмасдик. Уй ишларида кўмаклашардик, китоб ўқирдик, мусиқа асбобларини чалишни ўрганардик.
  Уйимиз гўё маънавият ўчоғи эди. Жуда катта кутубхонамиз бор эди. “Қобуснома”, “Меҳмоннома”, “Ҳусннома”, “Одобнома” номли китобларни қайта ва қайта ўқирдик. Отам бизни билим олишга янада қизиқишимиз учун ҳафта давомида кўпроқ аъло баҳо олган, бадиий китоб ўқиганларга алоҳида совға берардилар. Бундай рағбатга эришиш учун биз тинмай ўқишга ҳаракат қилардик.  
  Мутолаага шунчалик берилиб кетган эдимки, кеча-ю кундуз фақат китоб ўқирдим. Онам ҳамма нарсада меъёр бўлишини айтиб, мени койиб қўярдилар. Айрим асарларни ўқиётганимда, воқеалар ривожига шу қадар киришиб кетардимки, тун билан кунни фарқига бормасдим. Гоҳида онамдан танбеҳ эшитмаслик учун тунда ўрин ичига мойчироқ ёқиб, бошимгача  кўрпага  ўраниб асарнинг давомини ўқирдим. Бир куни кўрпанинг ичида қизиб кетган чироқ лов этиб ёниб кетган. Ўша пайтдаги аҳволимни тасвирлаб беролмайман.  “Бесабр” чироқ тунда китоб ўқишларимни ошкор қилиб қўйган. Шу воқеадан сўнг ота-онам мени ҳар куни вақтида ухлашимни назорат қиладиган бўлишди...

ОТАМНИНГ ЎГИТИ

  Онам Сонагул Шермуҳамедова бағри кенг, меҳрибон аёл эдилар. Отам билан иккиси бизни меҳр-муҳаббат, оқибат, садоқат, иймон, инсоф, шукроналик муқаддас туйғу эканлигини тушунтириб, уқтириб катта қилишган. Онам ҳеч бир егуликни увол қилмасдилар. Увол қилиш гуноҳ эканлигини қайта-қайта таъкидлар эдилар.  Шунданми, уйимизда ерга, шолчага нон ушоғи ҳеч қачон тўкилмаган. Мана шу одат менда ҳозиргача сақланиб қолган. 
  Онам жуда кўп халқ лапарларини билардилар. Ҳанузгача онам айтган мунгли аллалар қулоғим остида жаранглайди. Бу алла, бу меҳрли овоз мени сеҳрлаб қўяр, ухлаб қолганимни сезмасдим.  
  Уйда эркаклар ва аёлларнинг вазифалари аниқ қилиб қўйилган эди. Ҳовлимиз ёнида кичик ва катта қудуқ бор эди. Акаларим шу қудуқлардан сув тортиб олишарди. Отам қизларга челакда сув кўтаришга рухсат бермасдилар. Қиз бола гулдек нозик, шунинг учун унга оғир кўтариш мумкин эмас, бу ишни биз эркаклар қилишимиз керак, деб таъкидлардилар. 
  Аҳамиятли томони шундаки, биз жуда кам шамоллар эдик. Чунки дадам бизни тез-тез шифокор кўригига олиб бориб, қон таҳлилларидан тортиб тишларимизгача текширтирар эдилар. Овқатланишимизга алоҳида эътибор берардилар. Ҳар бир сабзавот ва полиз экинларининг таркибини ўрганиб чиқардилар. Картошканинг таркибида крахмал бор деб, овқатга солдирмасдилар. Алоҳида қовуриб ёки қайнатиб берардилар.
 Ертўламизда катта-катта хумлар бўларди. Отам олма циркасидан тортиб, турли шифобахш ичимликларни ҳам ўзлари тайёрлар эдилар...
  Минг афсуски, 9-синфда ўқиётган пайтимда отам вафот этдилар. У кишининг доимо: “Фарзандларим! Ҳеч қачон ўғрилик қилманг, ёлғон гапирманг, оилага, ватанга хиёнат қилманг, юксак иймонни бошингизга тож қилиб яшанг...” дердилар. Мен шу ёшимгача отамнинг мазкур ўгитларини ўзим учун шиор қилиб яшадим. 
  Шу кунга қадар мен “Меҳнат Шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 25 йиллиги”, “Ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда қўшган улкан ҳиссаси учун” Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг кўкрак нишонлари совриндори ва бир қатор халқаро дипломлар соҳибаси бўлдим. 
   Гоҳ кичкина, гоҳ катта ютуққа эришишимдан қатъий назар, хаёлимдан фақат биргина: “Ота-онамнинг руҳларини озгина бўлса-да шод эта оляпманми?!” деган ўйлар ўтади. Уларга муносиб фарзанд бўлиш иштиёқи яна халқимнинг бағрига етаклайди...

БОЛАЛИКНИНГ ГЎЗАЛ БОҒИ

  Болалигимда велосипедда тез-тез оилавий сайрга чиқардик, дарёга чўмилишга борардик. Самаджон акам менга сузишни, Баҳодир акам эса велосипедда қўрқмай учишни  ўргатар эдилар. Сузиш – оғиз ва бурун сувга тўлишига қарамасдан олдинга интилишга,  яни ҳар қандай вазиятда ҳам қийинчиликдан чиқиб кетиш, ақл, ҳаракат, орзу, умид, ирода, сабр туйғуларини шакллантириб, ҳаётда мустақил бўлишга ундайди. Велосипедда учиш эса ўзига ишонч, жасорат ва қатъиятни шакллантирар экан. Мен ҳозир ўша кунларни эсласам, болалигим камолот хазинаси бўлганлигига амин бўламан.  
  Мактабим уйимизга яқин эди.  Онам саранжом-саришталикни яхши кўрар, биз қизлардан ҳар куни тозалик ишларини ўз вақтида, тўлиқ бажаришимизни талаб қилардилар. 
  Бир куни эрта тонгдан ота-онамнинг хоналарини йиғиштириб, тозалаб чиқдим-да, шошиб кийимларимни алмаштириб, мактабга кеч қолмаслик учун югурдим. Синфга кириб борганимда синфдошларим мени кўриши биланоқ қиқир-қиқир кула бошлашди. Мен ҳайрон бўлиб: “Нимага куляпсизлар?!” деб сўрадим. Улар эса бошимни кўрсатиб яна кулаверишди. Бошимга қўлимни текказиб билдимки, хонани йиғиштираётган пайтимда отамнинг шляпаларини кийиб олган ва шошганда буни бутунлай унутган эканман. Ўшанда аҳволимга ўзим ҳам роса кулгандим... 
  Синфимизда ўғил болалар кўп эди. Мен  синфбоши эдим. Оилада ҳам, синфда ҳам ўғил болалар ичида ўсганим учунми табиатан ўғил болалардек – бир сўзли, қатъиятли, чўрткесар бўлиб улғайдим.  
  География фанидан устоз Валида опа Исоқова дарс ўтардилар.  Кўпинча менга “Бугун дарсни сен ўта қолгин. Яна қон босимим кўтарилди”, – дердилар. Мен харитада жойлашган давлатлар ўрнини пухта ўрганган эдим. Доскага илинган харитани кўрсатиб, синфдошларимга дарс ўтардим. Сўзим якунида эса ҳазиллашиб:  “Мен албатта шу давлатларнинг ҳаммасига бораман”, – дердим. Чин дилдан қилинган ниятга Худойимнинг ўзи етказар экан. Шу кунгача менга бир қанча давлатларга бориш, иш тажрибаларини ўрганиш насиб этди.  
  Агар халқимизнинг юрагидан озгина бўлса-да жой олиб, ватанимнинг корига яраётган бўлсам, бунда бобом билан бувимнинг ҳам хизматлари катта.  Чунки бобом билан бувим ўз даврининг илғор кишилари бўлишган. Уларнинг ҳар бир суҳбатлари биз набиралари учун катта дарс эди. 
  Суҳбатларнинг бирида бобом бир воқеани гапириб берган эдилар. Бобом билан бувим турмуш қуриш арафасида бўлишганида Бухоро амири Олимхоннинг сарбозлари бувимни олиб қочиб кетишган экан. Чунки бувим шу қадар чиройли бўлган эканларки,  улар бу гўзал фақат амирга муносиб деб ҳисоблашган.  Бобом қайлиғини қайтариб олиб келиш учун қўрқмай тўғри амир ҳузурига борган. Шунда амир: “Агар 10 сарбозимдан еттитасини курашда енгсанг, қаллиғингни ҳам, саройнинг энг қимматбаҳо тақинчоғини ҳам олиб кетасан”, – деб шарт қўйган. Ўша пайтларда биз томонларда миллий кураш анча ривожланган, бобом кураги ерга тегмаган полвонлардан бўлган экан. Бобом ҳамма сарбозларни ер тишлатиб, бувимни ҳам, қимматбаҳо тарихий тақинчоқни ҳам олиб қайтган экан. Бувим бобомнинг жасур ва довюраклиги ҳақида фахр билан менга сўзлаб берардилар...  
  Мен болалигимни гўзал боғга ўхшатаман. Ота-онам, бобом билан бувим у катта боғни шу қадар қайноқ меҳр билан парвариш қилишганки, мен ҳозиргача ана шу меҳр-муҳаббатнинг тафти билан яшаяпман. 

Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА
***
МEHRNING GO‘ZAL TARBIYASI

  Maktablarda o‘tkazilayotgan bir qator ma’naviy-ma’rifiy targ‘ibot tadbirlariga borganimizda falsafa fanlari doktori, professor, xalqaro toifadagi notiqlik  bo‘yicha murabbiy, “Ma’rifat” targ‘ibotchilar jamiyati a’zosi Jamila opa SHERMUHAMEDOVA bilan tez-tez ko‘rishib turamiz. Garchi maktablarning tadbirlar zali o‘qituvchi va o‘quvchilar bilan liq to‘la bo‘lsa-da, Jamila opa so‘zga chiqqanlarida suv quygandek jim-jit bo‘lib qoladi. U kishining madaniyat bilan kiyinishi, ma’naviyat bilan gapirishi, tadbir ishtirokchilariga yuksak odob bilan murojaat qilishlari hammani sehrlab qo‘yadi... 
Bir uchrashuvda o‘qituvchilar va  o‘quvchilar oylab tayyorlagan sahna asarlari-yu, yod olingan she’r va qo‘shiqlaridan voz kechib, faqat Jamila opaning nutqini, u kishining maslahatlarini tinglash istagida ekanliklarini eshitib, biz ham lol qoldik.
 Bugun biz yurtimizning ana shunday sevimli farzandi bo‘lib kamol topishiga zamin bo‘lgan Jamila opaning bolalik xotiralari bilan tanishamiz.

“BESABR” CHIROQ

  Men 1950-yil 18-iyunda Buxoro viloyatining Qorako‘l tumanida, hozirgi Qorako‘l shahrida ziyoli oilada tavallud topganman. Ismimni rahmatli dadam Chingiz Aytmatovning “Jamila” qissasidagi  qahramondek   jasur, qat’iyatli bo‘lsin, degan niyat bilan  qo‘ygan ekanlar. 
Oilada 12 ta farzand – 8 o‘g‘il, 4 qiz edik. Men o‘n birinchi farzand bo‘lsam-da, ota-onamning eng erkatoyi edim. 
Otam, Toshpo‘lat SHermuhamedov – ko‘p kitob mutolaa qiladigan, juda o‘qimishli inson bo‘lib, biz farzandlariga kitob haqiqiy boylik  – ko‘ngilni yuksaltira oladigan ulug‘ ne’mat ekanligini anglatib ulg‘aytirganlar. Otam har shanba kuni kundalik va  daftarlarimizni sinchiklab tekshirib chiqardilar. Keyin hammamizni birga maktabga olib borib, sinf rahbarlarimizdan birma-bir odob-axloqimiz, o‘qishimiz haqidagi fikrlarini so‘rab, ustozlarimizga berayotgan bilimlari uchun minnatdorchilik bildirardilar. 
Uyimizda tanbur, tor, dutor, chang, piaonino, doira – deyarli hamma cholg‘u asboblari bor edi. Otam goh tanbur, goh tor chertib qo‘shiq aytardilar. Bunday baland pardali, shirali ovoz hozir kam uchrasa kerak. Otam arab tilini mukammal bilgan. Uning arabcha husnixati juda chiroyli edi. Qur’onni ham nihoyatda tiniq va go‘zal qiroat qilardi. 
Biz uyda hech qachon bekor o‘tirmas,  behuda ko‘cha kezib yurmasdik. Uy ishlarida ko‘maklashardik, kitob o‘qirdik, musiqa asboblarini chalishni o‘rganardik.
Uyimiz go‘yo ma’naviyat o‘chog‘i edi. Juda katta kutubxonamiz bor edi. “Qobusnoma”, “Mehmonnoma”, “Husnnoma”, “Odobnoma” nomli kitoblarni qayta va qayta o‘qirdik. Otam bizni bilim olishga yanada qiziqishimiz uchun hafta davomida ko‘proq a’lo baho olgan, badiiy kitob o‘qiganlarga alohida sovg‘a berardilar. Bunday rag‘batga erishish uchun biz tinmay o‘qishga harakat qilardik.  
Mutolaaga shunchalik berilib ketgan edimki, kecha-yu kunduz faqat kitob o‘qirdim. Onam hamma narsada meyor bo‘lishini aytib, meni koyib qo‘yardilar. Ayrim asarlarni o‘qiyotganimda, voqealar rivojiga shu qadar kirishib ketardimki, tun bilan kunni farqiga bormasdim. Gohida onamdan tanbeh eshitmaslik uchun tunda o‘rin ichiga moychiroq yoqib, boshimgacha  ko‘rpaga  o‘ranib asarning davomini o‘qirdim. Bir kuni ko‘rpaning ichida qizib ketgan chiroq lov etib yonib ketgan. O‘sha paytdagi ahvolimni tasvirlab berolmayman.  “Besabr” chiroq tunda kitob o‘qishlarimni oshkor qilib qo‘ygan. Shu voqeadan so‘ng ota-onam meni har kuni vaqtida uxlashimni nazorat qiladigan bo‘lishdi...

OTAMNING O‘GITI

  Onam Sonagul SHermuhamedova bag‘ri keng, mehribon ayol edilar. Otam bilan ikkisi bizni mehr-muhabbat, oqibat, sadoqat, iymon, insof, shukronalik muqaddas tuyg‘u ekanligini tushuntirib, uqtirib katta qilishgan. Onam hech bir yegulikni uvol qilmasdilar. Uvol qilish gunoh ekanligini qayta-qayta ta’kidlar edilar.  Shundanmi, uyimizda yerga, sholchaga non ushog‘i hech qachon to‘kilmagan. Mana shu odat menda hozirgacha saqlanib qolgan. 
Onam juda ko‘p xalq laparlarini bilardilar. Hanuzgacha onam aytgan mungli allalar qulog‘im ostida jaranglaydi. Bu alla, bu mehrli ovoz meni sehrlab qo‘yar, uxlab qolganimni sezmasdim.  
Uyda erkaklar va ayollarning vazifalari aniq qilib qo‘yilgan edi. Hovlimiz yonida kichik va katta quduq bor edi. Akalarim shu quduqlardan suv tortib olishardi. Otam qizlarga chelakda suv ko‘tarishga ruxsat bermasdilar. Qiz bola guldek nozik, shuning uchun unga og‘ir ko‘tarish mumkin emas, bu ishni biz erkaklar qilishimiz kerak, deb ta’kidlardilar. 
Ahamiyatli tomoni shundaki, biz juda kam shamollar edik. Chunki dadam bizni tez-tez shifokor ko‘rigiga olib borib, qon tahlillaridan tortib tishlarimizgacha tekshirtirar edilar. Ovqatlanishimizga alohida e’tibor berardilar. Har bir sabzavot va poliz ekinlarining tarkibini o‘rganib chiqardilar. Kartoshkaning tarkibida kraxmal bor deb, ovqatga soldirmasdilar. Alohida qovurib yoki qaynatib berardilar.
 Yerto‘lamizda katta-katta xumlar bo‘lardi. Otam olma sirkasidan tortib, turli shifobaxsh ichimliklarni ham o‘zlari tayyorlar edilar...
Ming afsuski, 9-sinfda o‘qiyotgan paytimda otam vafot etdilar. U kishining doimo: “Farzandlarim! Hech qachon o‘g‘rilik qilmang, yolg‘on gapirmang, oilaga, vatanga xiyonat qilmang, yuksak iymonni boshingizga toj qilib yashang...” derdilar. Men shu yoshimgacha otamning mazkur o‘gitlarini o‘zim uchun shior qilib yashadim. 
Shu kunga qadar men “Mehnat Shuhrati” ordeni, “O‘zbekiston Respublikasi davlat Mustaqilligining 25 yilligi”, “Yoshlarni Vatanparvarlik ruhida tarbiyalashda qo‘shgan ulkan hissasi uchun” O‘zbekiston Mudofaa vazirligining ko‘krak nishonlari sovrindori va bir qator xalqaro diplomlar sohibasi bo‘ldim. 
    Goh kichkina, goh katta yutuqqa erishishimdan qat’iy nazar, xayolimdan faqat birgina: “Ota-onamning ruhlarini ozgina bo‘lsa-da shod eta olyapmanmi?!” degan o‘ylar o‘tadi. Ularga munosib farzand bo‘lish ishtiyoqi yana xalqimning bag‘riga yetaklaydi...

BOLALIKNING GO‘ZAL BOG‘I

  Bolaligimda velosipedda tez-tez oilaviy sayrga chiqardik, daryoga cho‘milishga borardik. Samadjon akam menga suzishni, Bahodir akam esa velosipedda qo‘rqmay uchishni  o‘rgatar edilar. Suzish – og‘iz va burun suvga to‘lishiga qaramasdan oldinga intilishga,  yani har qanday vaziyatda ham qiyinchilikdan chiqib ketish, aql, harakat, orzu, umid, iroda, sabr tuyg‘ularini shakllantirib,  hayotda mustaqil bo‘lishga undaydi. Velosipedda uchish esa o‘ziga ishonch, jasorat va qat’iyatni shakllantirar ekan. Men hozir o‘sha kunlarni eslasam, bolaligim kamolot xazinasi bo‘lganligiga amin bo‘laman.  
Maktabim uyimizga yaqin edi.  Onam saranjom-sarishtalikni yaxshi ko‘rar, biz qizlardan har kuni tozalik ishlarini o‘z vaqtida, to‘liq bajarishimizni talab qilardilar. 
Bir kuni erta tongdan ota-onamning xonalarini yig‘ishtirib, tozalab chiqdim-da, shoshib kiyimlarimni almashtirib, maktabga kech qolmaslik uchun yugurdim. Sinfga kirib borganimda sinfdoshlarim meni ko‘rishi bilanoq qiqir-qiqir kula boshlashdi. Men hayron bo‘lib: “Nimaga kulyapsizlar?!” deb so‘radim. Ular esa boshimni ko‘rsatib yana kulaverishdi. Boshimga qo‘limni tekkazib bildimki, xonani yig‘ishtirayotgan paytimda otamning shlyapalarini kiyib olgan va shoshganda buni butunlay unutgan ekanman. O‘shanda ahvolimga o‘zim ham rosa kulgandim... 
Sinfimizda o‘g‘il bolalar ko‘p edi. Men  sinfboshi edim. Oilada ham, sinfda ham o‘g‘il bolalar ichida o‘sganim uchunmi tabiatan o‘g‘il bolalardek – bir so‘zli, qat’iyatli, cho‘rtkesar bo‘lib ulg‘aydim.  
Geografiya fanidan ustoz Valida opa Isoqova dars o‘tardilar.  Ko‘pincha menga “Bugun darsni sen o‘ta qolgin. Yana qon bosimim ko‘tarildi”, – derdilar. Men xaritada joylashgan davlatlar o‘rnini puxta o‘rgangan edim. Doskaga ilingan xaritani ko‘rsatib, sinfdoshlarimga dars o‘tardim. So‘zim yakunida esa hazillashib:  “Men albatta shu davlatlarning hammasiga boraman”, – derdim. Chin dildan qilingan niyatga Xudoyimning o‘zi yetkazar ekan. Shu kungacha menga bir qancha davlatlarga borish, ish tajribalarini o‘rganish nasib etdi.  
Agar xalqimizning yuragidan ozgina bo‘lsa-da joy olib, vatanimning koriga yarayotgan bo‘lsam, bunda bobom bilan buvimning ham xizmatlari katta.  Chunki bobom bilan buvim o‘z davrining ilg‘or kishilari bo‘lishgan. Ularning har bir suhbatlari biz nabiralari uchun katta dars edi. 
Suhbatlarning birida bobom bir voqeani gapirib bergan edilar. Bobom bilan buvim turmush qurish arafasida bo‘lishganida Buxoro amiri Olimxonning sarbozlari buvimni olib qochib ketishgan ekan. Chunki buvim shu qadar chiroyli bo‘lgan ekanlarki,  ular bu go‘zal faqat amirga munosib deb hisoblashgan.  Bobom qaylig‘ini qaytarib olib kelish uchun qo‘rqmay to‘g‘ri amir huzuriga borgan. Shunda amir: “Agar 10 sarbozimdan yettitasini kurashda yengsang, qallig‘ingni ham, saroyning eng qimmatbaho taqinchog‘ini ham olib ketasan”, – deb shart qo‘ygan. O‘sha paytlarda biz tomonlarda milliy kurash ancha rivojlangan, bobom kuragi yerga tegmagan polvonlardan bo‘lgan ekan. Bobom hamma sarbozlarni yer tishlatib, buvimni ham, qimmatbaho tarixiy taqinchoqni ham olib qaytgan ekan. Buvim bobomning jasur va dovyurakligi haqida faxr bilan menga so‘zlab berardilar...  
Men bolaligimni go‘zal bog‘ga o‘xshataman. Ota-onam, bobom bilan buvim u katta bog‘ni shu qadar qaynoq mehr bilan parvarish qilishganki, men hozirgacha ana shu mehr-muhabbatning tafti bilan yashayapman. 

Suhbatdosh Nilufar JABBOROVA










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот