Бизнинг боламизни бегона тарбия қилмасин...
Замон шиддат билан тараққий этгани сайин инсоният маънавий бўҳрон қуршовида қолмоқда. Шундай таҳликали замонда фарзандларимиз қалбини соф сақлаш, миллий юксалиш ҳиссини мустаҳкамлаш давр талабидир. Маънавиятимизни асраб қолиш ҳам ғоят долзарб вазифага айланган. Бунга қандай эришамиз?
Ёш китобхонларнинг, барча адабиёт ихлосмандларининг севимли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди ТЎХТАБОЕВ ЎзА мухбирининг шу мавзу атрофидаги саволларига жавоб берди.
– Қайси бир даврада бўлмасин ижодкорларга яратилаётган имкониятлар ҳақида, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўлқинланиб гапирасиз. Бундай шукроналик ҳиссини нимадан ёки қаердан оласиз?
– Бугун мамлакатимизда кўтаринки шукуҳ кезиб юрибди. Яратувчи ва бунёдкор кайфият тўлқинланиб оқаётган Амударё бўйларида “қури-қури” деб қўй боқиб юрган, ризқимизга ризқ қўшиб юрган чўпонлар даврасидан тортиб Сирдарёнинг икки қанотида ширин ва нордон, сарҳил меваларни етказиб бераётган боғбонлар юзида, “Олтин водий“ дея эътироф этиладиган Фарғона, Андижон, Намангандан то воҳалардаги кишилар чеҳрасида хурсандчилик, келажакка умид ва ишонч балқиб турибди. Айни вақтда эса бу нарса бизнинг маънавий хазинамиз –адабиётимизга ҳам сингмоқда, ижодкорлар асарларида ўз аксини топмоқда. Адибларимиз бугунги давр мавзусининг тагига беркиниб ётган фикрларни, фалсафий мушоҳадаларини кенг оммага эркин ва ўз ҳолича етказиб беришга ўзларида куч топаётир.
Шу ўринда болалар адабиётида ҳам баъзи ўзгаришлар, янгиликлар бўлмоқда. Баъзи, деган сўзимга эътибор беринг. Сўнгги икки йил ичида бу йўналишда мен саноқлигина асар ўқидим. Набижон Боқиев “Гул етим”, Отабек Қувватов қадимий эртаклар асосида маълумотлар тўплаб роман ёзибди, Шукрулло Абдуллаев исмли укамиз ҳайвонот олами ҳақида бири-биридан ажойиб эртаклар битибди. Аввало, уларга раҳмат айтаман. Аммо юртимиздаги болалар сонига ҳисоблаганда буларнинг ёзгани жуда оз. Улар денгиздан томчи холос...
– Бугунги болаларнинг илмга, китоб ўқишга қизиқишини қандай баҳолайсиз. Уларда мутолаага чанқоқликни кўрасизми?
– Албатта, бизнинг болаларни китобдан ажратиб бўлмайди. Президентимиз ўз маърузаларида 3 ёшдан бошлаб болаларда интеллектни ривожлантириш зарурлигини кўп таъкидлаяпти. Бугунги болалар туғма истеъдод ва юқори салоҳият билан мактабга қадам қўймоқда. Унинг дунёқарашини шакллантириб, ишлов бериш ўқитувчининг вазифаси. Мактабга шошиб кетаётган қизалоқ кўзида китобга бўлган меҳрни кўраман. Орқасида бир даста китобни тутган болакай кўзида мутолаага бўлган иштиёқни сезаман. Чунки азал-азалдан уларнинг ота-боболари илм ўрганиш йўлида заҳмат чеккан, китобни нондан азиз билган.
– Биз фарзандларимизга зарур адабиётларни етказиб бера олаяпмизми?
– Йўқ. Аслида бизнинг энг катта камчилигимиз ҳам шунда. Бугун катта-катта ижодкорларимиз оммавий ахборот воситаларида, хусусан, телевизорда “Болага китоб берайлик, болага китоб берайлик” деб даъват қилмоқда. Бу яхши, аммо ҳеч бир ёзувчининг “мен болаларга шу китобимни бераман, бу йил мен шу асарни болаларга атаб ёздим“ деганини эшитмадим. Болар адабиётининг эса аҳволи жуда ночор. Бир нечта асарларни санаганимиз билан бутун бошли адабиёт юзага келиб қолмайди. Бизнинг болаларга катта майдонга эга бўлган мукаммал адабиёт керак.
Тўғри, болаларимиз иқтидори ҳар жабҳада намоён бўлмоқда. Кимё, математика каби аниқ ва табиий фанларни бемалол, қийналмасдан ўзлаштирмоқда. Демак, энди уларга маънавиятини оширадиган китоблар беришимиз керак. Чунки бадиий асарсиз мурғак бола руҳиятини поклаш мушкул иш, маънавиятини гўзаллаштириш қийин вазифа. Илгарилари ҳамма газеталарнинг тўртинчи бетида болаларга бағишланган асарлар бўларди. Ёзувчиларимизнинг барчаси болаларга аталган сара асарлар ёзишга интиларди. Ёдимда, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Миртемир, Асқад Мухторлар болаларга бағишланган кўп асарлар ёзди. Ўша вақтларда катта-катта ёзувчиларимиз болаларга китоб бағишлашганди. Қани айтингчи, ҳозир қайси ёзувчимиз келажагимиз мевалари учун асарлар ёзмоқда? Ачинарлиси, вилоятларда болалар адабиётига оид китоблар чиқаяпти, аммо адади шунчалар камки у китоб бир маҳаллага етаяпти холос, вилоятдан четга чиққунча тугаб қолаяпти.
Ёзувчилар уюшмаси қошида болалар адабиёти бўлимини очиш керак. Телевидениеда болалар адабиётига бағишланган битта бўлим ташкил этилса, болажонларимизнинг бадиий адабиётга бўлган эҳтиёжи озроқ бўлсада қопланарди. Ҳудудларда эса болалар учун кутубхоналар, барча солиқлардан озод этилган китоб дўконлари очилса, биз болажонларимизнинг китобга бўлган чанқоғини қондирган бўлардик.
– Фарзандларимиз бошқа миллат эртакларини ўқиб катта бўлаётир, хориж мультфильмларини кўрмоқда. Бунинг оқибати нима бўлади?
– Бугун мамлакатимизда 100 дан ортиқ нашриёт фаолият олиб бораётганмиш. Уларнинг деярли барчасида мўмай пул топиш мақсади мужассам. Шу мақсадда Европа мамлакатлари эртакларини таржима қилиб, нашр этмоқда. Жанубий ва Шимолий Америка эртаклари ҳам чоп этилди, энди навбат Африка эртакларига келган бўлса, ажаб эмас.
Менинг уларга айтадиган бир гапим бор: бизнинг боламизни бегона тарбия қилмасин. Европаликларнинг ота-оналари меҳрибон экан – болаларига бир дунё эртаклар ёзиб кетибди, ёзаяпти. Бизчи? Биз фарзандларимиз учун қандай маънавий озуқа бера олаяпмиз? Бизнинг ота-оналар бугун фарзанди ўқиши учун ўзбек эртакларини тополмасдан сарсон. Қора кўзмунчоқларимиз ажнабий эртакларни ўқиб, телевизордан ўзгалар менталитети тарғиб қилинган эртак-мультфильмларни томоша қилиб улғаймоқда. Ўй-фикри бизга бегона ўгай қизнинг ўч олиши, қўш хотинли ҳукмдорлар, эр танлаган ёш қизчалар ҳақидаги мультфльмлар фарзандимизга нима беради, ахир! Шу кетишда биз беғубор болаларимизни йўқотиб қўйишимиз тайин.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 600 дан зиёд аъзоси бор экан. Қани эди, ҳар бир ёзувчимиз ўз маҳалласида яшовчи ота-боболаридан эртаклар ёзиб олса, уларни тўплаб китоб ҳолида тақдим этса...
Республикамизда болалар адабиёти масаласига бағишлаб катта бир йиғин ўтказилса, конференциялар қилинса, болаларга атаб китоб ёзган, аммо чоп этолмай юрган ижодкорларнинг китоблари ҳомийлик асосида чиқарилса қандай яхши бўларди.
Бугун ёзувчиларимиз бахтиёр. Улар “қулочларни кенг ёзиб“, жавлон уриб ижод қиладиган давр. Ўзим ОАВда кўп “чиқиш“ қиламан. 10 йил давомида болалар китобхонлигига бағишланган кўрсатувда, 24 йил “Ўйла, изла, топ” кўрсатувида иштирок этдим, ҳозир “Худойберди бобо меҳмонда“ дастурида болажонлар билан ишлаяпман. Сирасини айтганда 70 йилдан буён болажонлар учун қалам тебратиб келмоқдаман. Болалар адабиётининг йирик дарғаси дўстим Анвар Обиджон ҳам заҳмат чекиб китоблар ёзмоқда. Аммо юзлаб ижодкорларимиз бор, улар ҳам адабиётдаги камчиликларни, болалар адабиёти учун зарур бўлган кемтикларни тўлдирса, яхши бўларди.
Дилобар МАМАТОВА суҳбатлашди.
2019 йил.