Ўзимизни ўзгартирмай туриб, жамиятни қандай ўзгартирамиз?


“Ўзингиз яшаб турган жамиятни, инсоният макон тутган ер куррасини ўзгартириш қўлингиздан келмас экан, ҳеч бўлмаса ўзингизни ўзгартиринг!” - деган эди Жалолиддин Румий. Бу мақола орқали баъзи бир инсонларга кўзгу тутмоқчиман. Иш доирасида кўп одамлар билан учрашишга, уларни тинглашга, имкон қадар ҳуқуқий маслаҳат ва амалий кўмак беришга интиламиз.

Бугун ҳам суҳбатимиз шундай бўлишини кутгандим, аммо бундай бўлмади. Суҳбатдошимиз ўз фикрларини норозилик оҳангида бошлади, гўёки юртимизда ривожланиш ва ўзгаришлар бўлмаётганмиш. Анча вақт суҳбатдошимни тинглашга, фикрини бўлмасликка тўғри келди. Ва ниҳоят, бир соатга яқин вақт ўтиб, ўзининг негатив фикрларини тўхтатган суҳбатдошим “... хуллас шу гаплар”, - деб қўйди.

У юртимиздаги таълим тизими, соғлиқни сақлаш тизимида, хуллас, барча соҳаларда ўзгаришлар сезмаётганини баён этди. Аммо, мени ушбу мақолани ёзишга мажбур этгани бошқа нарса бўлди.

Мен унга ўзимизнинг иш йўналишимиз бўлган сиёсий партия тизимидан келиб чиқиб, саволлар беришга ҳаракат қилдим: “Хўп, сиёсий партиялар ҳақида фикрингиз қандай?” дегандим, тамом тутилдим. 

“Сиёсий партиями? Ўзи борми улар? Депутатлар сайланади ва шу билан 3 ёки 4 йилми йўқ бўлиб кетишади. Улар ҳеч нарса қилмайди. Давлатнинг пулини еб, оила боқишади...” - каби фикрлари мени ёзишга ундади. 

Ҳар биримиз меҳнатимиз орқали оиламизга ҳалол ризқ олиб боришни, фарзандларимизга луқмасини ҳалол едиришга интиламиз. Мен ҳам ундан қолишмай, қилаётган меҳнатимизни, яъни амалга оширилаётган ишларни исботламоқчи бўлиб, партиямиз томонидан кўтарилган бир қанча ташаббуслардан мисоллар келтирдим. 

Масалан, ёшларни олий таълимга қамровини ошириш бўйича таълимда квоталар сонини ошириш кераклиги бўйича таклиф берганимиз ва бу бугунги кунда амалга ошаётганини; фуқароларнинг ҳар хил судларга қатнаб, ортиқча сарсонгарчиликларини олдини олиш бўйича судларни бирлаштириш лозимлигини кўтариб чиққанмиз — бу бўйича ҳам ўзгаришлар бўлди; мактабларда ўқувчилар сони ортиб бораётганлиги янги мактаблар қуриш кераклиги бўйича берган таклифларимиз президентимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, бу бўйича махсус қарорлар чиқарилиб, қурилишлари бошланганлиги тўғрисидаям гапириб ўтдим.

Хуллас, бу каби халқни қийнаётган кўплаб масалаларни олиб чиққанимиз ва бир қанчаси ижобий ҳал бўлаётганлигини айтиб бўлганимдан сўнг, у кишига баъзи саволларни беришга тўғри келди.

“Ҳурматли фуқаро, сиз Ўзбекистондаги қайси сиёсий партияга аъзосиз?” деганимда, ҳеч қайси партияга аъзо эмаслигини айтиб ўтди.

— Хўп, партияларнинг сайловолди дастурларидан хабарингиз борми?  
— Йўқ, нега билишим керак?  
— Улар нималар билан шуғулланишини биласизми?  
— Партиялар мени умуман қизиқтирмайди.  
— Хўп, сиз яшаётган ҳудуддан сайланган депутатни биласизми?  
— Йўқ, билишни ҳам хоҳламайман.  
— Хўп, сайлов жараёнида қайси депутатга овоз бергансиз?  
— Ҳеч қайсисига, уларнинг бирортаси бирор муаммони ҳал қилганини эшитмаганман.  
— ОАВларни кузатиб борасизми? Газеталарни ўқийсизми?  
— Йўқ, телевидениени кўрсам, нафратим қўзийди.  
— Хўп, майли, сиз депутатлар ҳеч бир муаммони ҳал қила олмайди деяпсиз, сиз муаммоларингиз бўйича биронта депутатга мурожаат қилиб кўрдингизми?  
— Йўқ, уларга ишонмайман — деган жавобларни олдим.
Сиз шу жойда қандай йўл тутган бўлардингиз? 

Аввало, фуқаро бирор масалага норозилик билдиришдан олдин, норозилигига сабаб бўлаётган муаммо бор ёки йўқлиги ҳақида ўзига савол бериши керак. Агар бу тасдиқланса, кейингина бундай фикрга келиши мантиқан тўғри бўлиши керак эмасми, аслида? 

Фараз қилинг, олдингизда таом турса–ю, уни сиз истеъмол қилмасангиз, таом айбдорми? Баъзиларга ўша таомни оғзига едириб қўйсанг ҳам, “Вой, тузи кам бўлибти экан” - деб қўяди. 

Барчамиз бир ҳақиқатни англашимизни истардим. Бизга четдан ҳеч ким келиб, юртимизни гуллатиб, муаммоларимизни ҳал қилиб бермайди. Ўз ҳаётимиздаги муаммоларимизни ўзимиз ҳал қилишимиз лозим. Аввало, муаммо нимадалигини ва муаммонинг ечими бўйича тегишли мутасаддиларга мурожаат қилишни ўрганишимиз керак. 

Биз ўзимизни ўзгартирмас эканмиз, атрофимизни ўзгартира олмаймиз. 

Атоқли давлат арбоби, донишманд ва Ҳиндистон миллий қаҳрамони Махатма Ганди шундай деган эди: “Агар дунёнинг ўзгаришини истасанг, олдин ўзингни ўзгартир!”.

Гулнисо САИДОВА,  
“Адолат” СДП Марказий аппарати бошқарма бошлиғи.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот