Фириб ва чириб кетганлар
Уйимга мебель ясаттириш учун таниш устага қўнғироқ қилдим. У ҳозир вақти йўқлигини, агар хоҳласам бошқа мебелчи танишининг рақамини беришини айтди. Хуллас, танишим айтган мебелчи боланинг телефон рақамини олиб, қўнғироқлашдим. У эртаси куни уйимга келиб, мебель ўлчамларини олди ва 15 кун ичида тайёрлаб беришини айтиб, олдиндан 200$ сўради. Шунда сал кўнглимга шубҳа пайдо бўлди-ю, аммо мебелчи боланинг оғзидан Худо хоҳласа, алҳамдилиллоҳ, иншооллоҳ, деган сўзлар тушмагани учун Худони танийдиган бола экан, деган хаёлда айтган пулини бердим. Орадан бир кун ўтгач, менга қўнғироқ қилиб, ўлчамларни хато олганини, яна келиб ўлчам олмоқчилигини айтди. Хўп, дедим. Ишдан қайтганимдан сўнг кечки пайт бир соқолли бола билан уйимга келди. Яна ўлчамларни олди ва кетаётганида қолган пулни ҳам беришимни сўради. Ҳайрон бўлдим. Буюртма битгандан кейин берилади-ю қолган пул, ҳозир беролмайман, дедим. Ёнидаги боланинг авзойи ўзгаргандек бўлди.Назаримда, у ўша соқолли боладан қарздору, пулини қайтариш учун мендан пул ундиргани келгандек туюлди. Хуллас, қолган пулни мебель битгандан кейин бераман, деганимдан сўнг мебелчи бутунлай йўқолиб кетди. Телҳефон рақамимни қора рўйхатга киритиб, телеграмидан ёзсам, жавоб ҳам қайтармади. Орадан 2 ой ўтди ҳамки ундан дом-дарак йўқ. Муштумдек бола мени лақиллатиб кетгани алам қила бошлади. Суриштириб манзилини ҳам топдим. Келесда яшар экан. Уйини топиб боргандим, дарвозани ҳаётдан бир умр норози бўлиб яшаган бир бобой очди. Мебелчини исмини айтиб, шу ерда яшайдими дейишим билан дарвозадан ирғиб чиқиб, мани сал нарига етаклади. Ҳайрон бўлдим. Кейин билсам мебелчи учига чиққан фирибгар экан. Кўпларни чув тушириб, пулини еяверганидан дадаси безор бўлиб ўғлини итдек калтакларкан. Хуллас, чол набираси мендан олган пулни узоғи билан бир ҳафтада қайтаришини, бу ҳақда ўғлига яъни фирибгарнинг дадасига билдирмаслигимни айтиб, жўнатиб юбррди. Аммо орадан икки ҳафта ўтса ҳамки на пулдан, на мебелдан дарак бўлмади. Ахийри Юнусобод туман ИИБ га ариза ёздим. Аризам Рўзимурод деган бир Худодан қайтган терговчига тушди. У мендан воқеа тафсилотини ёздириб олгач, сувга тушган тошдек йўқ бўлиб кетди. 15 кундан сўнг қўнғироқ қилсам: "ишингизни кўряпмиз", - деди қўрслик билан. Яна 10 кун ўтди. Телефон қилиб, ишим нима бўляпти деб сўрасам чиябўридек ўкириб, "сизнинг арзимас 200$ долларингиздан ҳам муҳимроқ ишларим тиқилиб ётибди", - деб телефонини ўчириб қўйди. Қачон вақти бўлса ўзи чақирар, деб бошқа телефон қилмадим. Орадан 2 ой ўтди. Шундай кунларнинг бирида радиода Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан жонли мулоқот ўтказилди. Шунда уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Вазирликка ёзма равишда ариза қилишимни сўрашди. Ёздим ва ўша куни-ёқ иши кўп Рўзимурод жаноблари манга телефон қилиб, Юнусобод ИИБга боришимни, жавобгар билан юзлаштирув қилмоқчилигини айтди. Авзойидан, думи босилгани сезилиб тургани учун ҳар эҳтимолга қарши овозини ёзиб олишга шайланиб бордим. Кутганимдек бўлди. Кирсам, терговчининг олдида мебелчи турибди тиржайиб. Иккаласи обдон гаплашиб олганлиги кундек равшан. Киришим билан салом йўқ алик йўқ, терговчи манга пўписа қила кетди. Вазирликка ёзибсиз, манга деса БМТ га ёзмайсизми, қўрқадиган жойим йўқ журналист бўлсангиз ўзингизга, ёшингиз кичкина бўлса ўзим билардим, бало баттар, деб валдираб кетди. Жим туриб эшитдим. Вайсашидан касб этикасини этик қилиб кийгани кўриниб турибди. Обдон вайсагач, ман сизга қачон, қайси жойда журналист сифатида мурожаат қилдим ёки бирор марта сизга журналистман, деб писанда қилдимми, аризадаги касби деган жойга иш жойимни кўрсатганман, холос.. Иккинчидан, агар ёшим сиздан кичкина бўлса нима қилардингиз, умуман ёши кичкина мурожаатчиларга ИИБ да қандай муносабатда бўлинади, бу сизнинг йўриқномангизда алоҳида кўрсатилганми, деб савол бердим. Саволга жавоб бермай шаллақилик қилиб мани қўрқитмоқчи бўлди. Шартта хонасидан чиқиб, бўлим бошлиғининг олдига кирдим-да ҳолат ҳақида айтдим. Дарҳол терговчини чақирди. Аммо у кўзини лўқ қилиб айтган гапини тан олмади. Овозини ёзиб олганимни билдирганимдан сўнг гапни айлантиришга тушди. Бошлиғи мени кўзимча терговчига хўжакўрсинга дўқ қилди. Билдимки, қарға қарғанинг кўзини чўқимайди. Бу пайтда соат 22:00 ларга яқинлашиб қолганди. Эртаси куни ИИВ га қўнғироқ қилиб, терговчининг қилиғини айтдим, овозини ёзиб олганлигимни ҳам қистириб ўтдим. Хуллас, орадан ярим соат ўтар ўтмас Юнусобод ИИБ дан қўнғироқ қилиб, боришим кераклигини айтишди. Ишдан чиқиб борсам мебелчи билан Рўзимурод терговчи тарвузи қўлтиғидан тушгандек бўзрайиб туришибди. Иш Рўзимуроддан бошқа терговчига ўтибди аллақачон, мебелчи ҳам менга етказилган зарарни қоплашга шай. Бу ёқдан онасининг қорнидан норози бўлиб тушган бобо ҳам тинмай менга қўнғироқ қиляпти. Аввало, терговчига чора кўришларини талаб қилиб туриб олдим. (Бу ҳақда вазирликка ҳам ариза ёзгандим) Бошлиғи терговчини роса тузлади (бу ҳам ясама дўқдек туюлди менга) ва мендан уни кечиришимни сўради. Мебелчи зарарни қопламоқчилигини айтди. Мен пулимни қайтарса ҳам даъвойимдан ўтмаслигимни, иш судгача чиқиб, фирибгар жазога тортилиши, менга етказилган маънавий зарарни ҳам қоплаши кераклигини айтдим ва шундай ариза ёзиб бердим. Терговчи ҳақидаги аризам очиқ қолди. Пулимни ундирдим, лекин фирибгарнинг иши судгача чиқмади барибир. Ишни қандай ёпишган, бу ёғи менга қоронғу. Шу машмашалардан асабларим азбаройи қақшаб кетгани учун охиригача курашмадим. Энди эса афсусдаман. Фирибгардан ҳам кўра анави манқурт терговчининг ишдан бўшатилишига эришишим керак эди. Шундай қилганимда зўравон, фирибгар, қаллоб бир четда қолиб жабрланувчининг ўзини айбдор қиладиган ИИБ лардаги бефаҳм ходимлар биттага камайган бўлармиди. Афсуски, ички ишлар тизими жуда абгор аҳволда. Мурожаатларнинг аксарият қисми ўрганилмай, ўз ҳолича ташлаб қўйилганидан одамларнинг бу тизимга умуман ишончи қолмаган. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, бу жамиятда яшаш ўта хавфли бўлиб қолади. Афсус, минг афсус...
Гулруҳ ЁРМАТОВА - "Ҳуқуқ ва истеъмолчи" газетасининг Бош муҳаррири, "Ўзбекистон" радиосининг катта муҳаррири.
2022 йил.