Алиментдан қутулишнинг тубан чораси


    Жамиятнинг бир бўғини бўлган Оила муқаддаслиги, уни сақлаб қолиш  сирлари ҳақида жуда кўп фикрлар билдирилади. 
   Аммо ҳамма ҳам бирдек буни англаб етмайди. 
   Давронбек Алимов ҳам яхши ниятлар билан қонуний никоҳ асосида оила қуриб,  турмуши давомида икки нафар  фарзандли бўлди. Турмушнинг қийинчилиги-ю, оиланинг келишмовчилиги сабаб кунда кунора уйида жанжал бошланди. Натижада,  оиласига  дарз кетиб, турмуш ўртоғи билан  ажрашиб кетди.  
   Аммо унинг ишсизлиги, болаларни моддий таъминлай олишига кўзи етмаслиги сабабли, Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди ҳукмига кўра болалар онада қолдирди.
   Давронбек Алимов ўз фарзандлари учун алимент пулларини тўламаслик ва собиқ турмуш ўртоғидан болаларни қайтариб олиш мақсадида бир неча йил умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган, жуфти ҳалоли бўлган рафиқасига пасткашлик қилиб, уни ахлоқсизликда айблаб миш-мишлар тарқата бошлади.  
   Хусусан, ижтимоий тармоқларга рафиқасининг исм- шарифи ва телефонини жойлаштириб, уни фоҳишаликда айблай бошлади.
   Насиба бу борада дастлаб маҳалла фуқаролар йиғинига, кейин профилактика инспекторига ёрдам сўраб, мурожаат қилишга мажбур бўлганда, маҳалла раиси ва инспекторни ҳам хотинининг хушторига чиқариб, тартибга чақиришга уринган масъул ходимларни ҳам бўралаб сўкиб, ҳақорат қилганча, жанжални авжига чиқараверди.
   Натижада, яқинда бўлиб ўтган суд мажлиси  ҳуқуқбузар Давронбек Алимовга Ўзбекистон Республикаси 
   Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40 (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) ва 41-моддалари (Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш)да кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун тегишли тарзда маъмурий жазо чораси қўлланилди.

   Азизбек ЖУМАЕВ - Фарғона вилояти, Қува тумани Маъмурий судининг раиси. 
 
 Ҳурматилло АБДУЛЛАЕВ - Қува тумани Маъмурий судининг судья ёрдамчиси.