ЮРАКДАГИ ГАПЛАР
Ўшанда тиббиёт олийгоҳнинг биринчи босқичида таълим олардим. Анатомия фанидан баҳоларим беш, ўзлаштиришим гуруҳимиздагиларга нисбатан аъло. Сабаби бизга ўз фанининг фидоийси дарс ўтарди.
Аммо нима бўлдию, унинг ўрнига бир порахўр келиб, очиқдан – очиқ таъмагирлик қила бошлади. Мен билимимга ишонардим.
Гуруҳдошларим пул йиғиб, синов дафтарчаларини ёппасига “зачет”га олиб кириб бераётганларида ҳам, домла билимимни ҳаққоний баҳолаб беради деб ўйлардим. Аммо афсус!
Ҳамма синов дафтарчасига қўйилган “қониқарли” деган жимжимадор ёзувни ўпа-ўпа ёзги таътилга кетганида ва таътилнинг ярми ўтиб кетганида ҳам мен анатомия кафедрасининг формалин анқиган узун йўлагида сарсон–саргардон, бировлардан ижарага олган суяк ва қалин китобларимни қучоқлаб қайта-қайта синовга келардим. Ҳар сафар домланинг хузурида, ҳамма саволларига жавоб берардиму, биттасига кучим етмасди.
- Хўш Ибрагимова, лигаментум Жаконда ва лигаментум Мадонна қаерда жойлашган ва улар қандай функцияларни бажаришади?
“Лигаментум” лотинча боғлам дегани. Анатомия фанининг боғламлар ҳақидаги бўлимини деярли ёддан биламан. Одам танасида қанча боғламлар борлиги уларнинг синфланиши, қайсиниси қаердан бошланиб қаерда тугаши, қандай мушаклар ва суякларни ўзаро боғлаши... Аммо лигаментум Жаконда ва Мадоннани биринчи бор эшитишим эди. У вақтлар интернет, гугл, википедия, электрон китоб деган қулайликлар йўқ, Мадонна ва Жакондани қаердан топишни билмай кечгача китоб титкилардим. Ҳар сафар кўзимда ёш билан домланинг хонасидан шалпайиб қайтиб чиқар эканман, ўзимни койирдим:
Домлалар дарсликни ўзбекчасини эмас, Москва нашриётларида босилган рус тилидагисини топиб ўқинглар дейишарди. Қулоқ солмас эканман. Мана ўзига ишонишнинг оқибати! Домла рус тилида, балки инглиз, француз тилида чиққан дарсликларда баён этилган боғламларни сўраяпти.
Хувиллаб қолган ётоқхонага қайтиб, юқори курслардан ялиниб сўраб топган русча "Анатомия"ни ҳам бирма-бир вароқлаб чиқаман. Қани энди излаганимни топсам.
Бировдан сўрашга уялганим - бу менинг катта хатойим эканини ёзнинг тугашига йигирма кун қолганидагина билибман.
Домланинг хузурига навбатдаги ташрифларимни бирида, эшиги олдида анча пойлаб қолишимга тўғри келди. Сабаби сал аввалроқ бошқа бир гуруҳнинг менга ўхшаб судралиб юрган талабаларидан бири ичкарига кириб кетганди. Таажжубда эдим, нега десангиз синов топширишга келганлардан оқ халат кийишни талаб қиладиган домла хузурига, корейс курсдошим кўча кйимида кириб кетганди.
Роса тузлаётган бўлса керак? Хаёлимдан ўтказдим ўзимча. Ҳозир бақириб хайдаб юборади. Бечора ҳар доим халатда келарди, нима жин урибди бугун? Хўнграб чиқса-я. Аммо бир оздан сўнг, эшик очилиб, иршайиб чиқаётган Ольгани кўриб хайратланиб, бақрайиб қолдим...
- Почему так рада? Ты сдала?- тилимга келган биринчи калима шу бўлди.
- Аха ,сдала! – иржайди курсдошим.
- Ты ответила на все вопросы?
Иккаламиз ҳам қуриб кетгур боғламларнинг орқасидан синовдан ўта олмаётган эдик. Демак қиз бояқиш, мендан яхшироқ ўқиган, изланган ва ахийри топган. Севиниб, хурсандчилигидан йиғлаб юбораёзган Ольгани бир четга бошладим.
- Ну скажи, не томи, пожалуйста! Где находятся лигаментум Жаконда и Мадонна? Какие мускул они связывают?
Шу палла бўлажак касбдошим баралла йиғлаб юборса бўладими. Анча юпатишимга тўғри келди.
- Дуры мы с тобой подружка. Целое лето искали эти чертовые связки. А их же нет в человеческом организме.
- Да вот так! Их можно найти только под прилавкой. Если повезёт!
- Не понимаю тебя! А при чем здесь прилавка?
Ольга хохолаб кулиб юборди.
- Простофили мы с тобой Муаззам. Только, вчера я нашла ответ на этот чертовый вопрос. Лигаментум Жаконда и Мадонна это крайняя ставка нашего учителя! Иди лучше в магазин на против базара и купи два бутилки дорогого вина.
...Умрида спиртли ичимлик сотиб олмаган содда қишлоқ қизининг икки шиша қиммат мусалласни минг истиҳола билан сотиб олгани ва ахийри синов топшириб чиққанини тасаввур қиласизми? Кўзларини бақрайтириб турган домладан эса мусалласларни қабул қилиб стол остига яширгунига қадар қўрққаним ёдимда. Ана ҳозир кўтариб кирган халтам билан бошимга солади ва Ольганинг барча гаплари ёлғон чиқишига милтиллаган ишончим бор эди. Чунки олийгоҳга юқори бал йиғиб ўз кучим билан кирганим ва шу синовга қадар порасиз, фақат билимимга таяниб баҳо олганим ўзимга нисбатан ишончим асоси эди.
Тўғри турли фанларнинг ўзига яраша қийинчилиги бор аммо манаман деган зўр домлалар ҳам оладиганидан олиб, биладиганга қўйиб беришар эди. Бу таъмагир эса олмаса туролмайдиган хилидан эканини қаердан билай...
“Тиббиёт олийгоҳларида ҳам шунақаси бўладими?” деган хақли савол туғилиши табиий. Бўлганида қандоқ! Ер етказмасину, аллақачон Яратганнинг хузурига кетган Лигаментум домламиз нафси талаб қилган мусалласларини қон қусиб ётгандир, дея қўрқиб кетаман. Аммо унинг касофати билан анатомиядан “беш” олиб кетган билимсиз курсдошларим қанча гўдакларнинг ҳаётига зомин бўлди экан?!
Ўшалардан бири Фарида эди. Бундан беш йиллар аввал Юнусобод бозорларининг бирида жинси шим сотиб ўтирган экан. У узоқ йиллар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган отасининг қудрати билан олийгоҳни якунлаган, русларнинг ибораси билан атаганда ҳақиқий “дуб” эди.
“Касбингизни ўзгартирдингизми?” деган саволимга хохолаб кулиб, нима сабабдан бозорчилик қилаётганини айтиб берди:
- Хабариз бор, реанематолог мутахассислигини олгандим. Бир куни навбатчиликда турсам, битта малиш ўлиб қолди. Аслида ўзи ўладиган, бир ҳафтадан бери аппаратда эди. Бошқа врачлар назоратсиз қолдирмаётган экан. Қарасам барибир одам бўлмайди. Боре, дедиму клиника ховлисидаги қаҳвахонага тушиб атиги битта хот-дог едим. Чиқсам қуриб кетгурни жони чиқиб бўпти-да! Савил, мани навбатчилигимни пойлаб ётган экан. Мамашаси ёқамга ёпишди, папашаси Минздравга ёзди. Хуллас, кўриб турганиздек, ишдан хайдалиб, бозорга келиб қолдим-да, ўртоқ. Отамни давлати ҳам ёрдам бермади...
Унга ҳеч қачон ўртоқ бўлмагандим. Бозорчи гумашталари олдида бировнинг нури дийдасининг ўлимини тиржайиб ҳикоя қилиб берган касбдошимдан шу қадар нафратланиб кетдимки, қўлимда гўдагим бўлмаганида, уриб майиб қилиб қўйишим тайин эди.
Ўшанда, илк бор биз тиббиётчиларни - оқ либосли нажоткорлари таъма эвазига ўқитган домлаларимизнинг гўрига ғишт қаладим. Фаридага ўхшаган қотилларга “реаниматолог” мутахассислигини берган устозларимга лаънат ўқидим. Уни шундай тарбия қилган отага ҳам дўзах оловини раво кўрдим...
Қаранг, поранинг касофатини билиб туриб, пора бераверамиз, олаверамиз.... Ўзим ҳеч қачон олмаганман бироқ берганман. Бусиз иложи йўқ!
Болаларни боғчага, мактабга жойлаш учун кетказган сарф-харажатларимни юмшоққина қилиб, ёрдам пули дея қолай. Нега десангиз, мактабгача тарбия муассасаси учун олиб берган ўн дона болалар елим ўриндиғи ва мактаб таъмири учун кетган бўёқларни пора деб билмайман. Сабаби, ўша ўриндиқда ўз фарзандим, қолаверса бошқа қоракўзлар ҳам ўтиришади. Муассаса раҳбари беш қўлини баробар оғзига тиқмай, болажонлар турли байрамларни нишонлайдиган залга етклаб, у ердаги пачоқ ўриндиқларни кўрсатганидаёқ чин юракдан ёрдамга ошиққандим. Билишимча, у киши камбағал оила фарзандларини шундоқ ҳам боғчага олаверар экан. Бир оз ўзига тўқ ота–оналардан хадди сиғиб боғча учун энг зарур, чўнтaк кўтарадиган жиҳозларни сўрарди. Мактаб раҳбарини ҳам тўғри тушундим. Аммо қолганлар-чи? “Ишга кириш учун фалон сўм пора бердим” деган гаплар қулоғимга кўп чалинади. Қаранг, ҳозир иш жойи танқислигидан оддий фаррошликка ҳам бепул қабул қилишмайди. Айниқса, вилоятларда. Ўз касбим мисолида айтақолай яна, касалхоналарда бир ставка кичик тиббиёт ходими бўлиб ишлаш учун камида икки юз, ҳамшира бўлиш учун эса нақд тўрт юз кўкини белга тугиб келаверасиз. Чунки Тиббиёт коллежларини тамомлаб ишсиз юрганлар қанча! Қолаверса, ишга жойлашиб олса, кетган ҳаражатни қоплаб олиш қийин эмас...
Инсофлиги эса жуда кам! Ҳамширалар ойлик озлигидан билагингизга осма уколни томчилатиб, тугагунга қадар кўз ёшларни томчилатиб илинж билан ўтиришади. Бермай кўринг-чи! Раҳмингиз келади. “Қўл хаққи” дея каттакон чўнтагига атаганингизни солиб қўясиз. Агар инсон қиёфасидан чиқмагани бўлса, бойдан олиб, фақирнинг дуоси учун ҳам хизмат қилаверади. Инсоф ўлгур бўлмаса-чи? Берган тўрт юзини яна битта ноль туғмагунича шилаверади.
Кичкинагина Водил туманида бир шифокор бор дея эшитганман. Жони чиқаётган беморнинг яқинларидан ҳам уялмай пул талаб қилар экан. Айтишларича бола-чақаси йўқ, ёлғиз, қасрмонанд уйда, тўкин – сочинликда яшармиш... Уни суд қилиш менинг илкимда эмас, Аллоҳ қўлида. Балки Худо аллақачон уриб қўйгандир! Бироқ, мақсадлари давлатманд бўлиш эрса, унга ва Фаридага ўхшаганлар бозорда тинчгина савдо қилиб бойлик йиққанлари маъқул эмасми?!
Яқинда эл учун, халқ учун жуда кўп хайрли ишларни қилган бир инсон узоқ йилларга қамалиб кетди. У истиқомат қилган кичик қишлоқдан 750 та одам имзо қўйган хат юқорига юборилди. Бироқ, керакли жойга етиб бормади. Сабаби нозик ишга баҳоли қудрат бош қўшмоқчи ва хатни керакли инсонга етказмоқчи бўлган одам қамоқда ўтирган одамнинг хотинидан ақлга сиғмайдиган пора талаб қилди. Ўзбеклигимиз қурсин, тантилик ҳам қиламиз, такаббурлик ҳам! Қаранг, қилинган саховатли ишлар мингларча инсоннинг ёдида қоладию, бир амалдорнинг тош қалбини юмшата олмайди. Биз кези келганида ўз миллатдошимизнинг аҳли аёлини, бола-чақасини қон қақшатишдан ҳам тоймайдиган халқмиз!
Бир неча йиллар аввал ён қўшним мени зиёли деб, маслаҳатга чиқди. “Нафақага чиқяпман бу йил. Супрақоқдимни ўз ўрнимга ишга олиб кирмоқчи эдим. Биласиз, Цемент заводига ишга жойлаш осон эмас. Кеча ходимлар бўлимига учрашган эдим.
“Отахон сизнинг олдингизда иккита йўл бор: Бири ҳар бир нафақадор учун аталган 2000000 сўм яхлит мукофот пулини олинг, ёки пулдан воз кечиб кенжатойингизни заводга ишга жойланг! Нима қилсам экана? Қуриб кетсин, ойлигимдан йиғиб ошира олмадим. Уй-рўзгор, завод тутунидан орттирган астмам... Нафақага чиқсам ўша 2000000 га беш–олтита қўзичоқ олиб, эрмак учун боқмоқчи эдим. Ўғлим меҳнаткаш, болалигидан касбимга қизиқади. Ишга кирса уддалаб кетарди. Бошим қотиб қолди... ” “Отахон мукофотдан кечиб, супрақоқдини ишга жойлайверинг. Заводга ҳамма ҳам ишга кираолмайди. Цемент заводи барибир шундоқ, қуруқ рахматга ишга олмайди."
Яна нима дегаганларим хозир ёдимда йук. Аммо ўша отахонга ўта жирканч маслаҳат берганимга йиллар ўтган сайин афсус қиламан. Балки у менинг ёнимга умид билан, "Тошконда яшайди, ТВ да чиқиб туради, ёрдам берворар" деб кирганмиди? Агар ҳозирги ақлим ўшанда бўлганида, бошқача гапирган бўлардим:
- Ким сизга шундай деди? Энаси қурганми заводни? Кенжангизнинг қўлидан иш келса, айтганигиздай меҳнаткаш бўлса, шундай ўринбосарни тарбиялаб берганингиз учун завод сизга яна қўшимча мукофот пули берсин! Корхона битта одамнинг шахсий мулки эмас, ишчилар ҳам танлов асосида сараланиб олиниши керак! Келинг, чиройли хат тайёрлаб, керакли одамларга етказайлик. Биттаси бўлмаса, биттаси қулоқ солар! Қачонгача давом этади бу майнавозчилик. Бутун умр завод чангини ютиб, саломатлигини йўқотган, шу ерга ҳалол меҳнати сингган ишчини иззат-икром билан нафақага чиқариш ўрнига, охирги пулини ҳам юлиш эвазига ҳотамтойлик қиладиганларга қонун албатта чора қўллайди!- дейишим ва хокисор қўшнимга хақиқий зиёли, ўқимишли инсон сифатида ёрдам беришим мумкин эди.
У вақтлар даврнинг ўзи жирканч эди десам, ҳозир нима ўзгарди?
Ҳозир ҳам гигант корхоналарга ишга жойлашиш осон эмас. Фарғонага йўлингиз тушса “ФНҚИЗ” корхонасига бир мўралаб ўтинг. Бирорта мардроқ ишчиси бўлса, қанча пора эвазига жойлашганини шипшиб қўяр. У ерга кириш ҳам, яхшигина моянага эга бўлиш ҳам жуда қиммат! Бошқа завод, корхона, шифохона, мактаб, богча, олийгоҳ... Хуллас ҳамма жойда хўроз бир хил қичқиради. Кадрлар бўлимига ўта уддабурро амалдор ўтқизилади-да ишга кириш учун оқиб келаётган поралар чиройли тарзда тақсимланади.
Яхшироқ ўйлаб кўринг, аслида шундай бўлаётганига ўзимиз ҳам айбдормиз. Осон йўлини қидирамиз. Уйда битта дарс қиладиган хонага зор фарзандимизни кўзини мўлтиллатиб, йигиб-терганимизни кимнингдир чўнтагига соламиз. Дилбандимизга китоб, глобус олиб бериш, болалар журналига обуна қилиш, спорт ва бошқа тўгаракларга олиб бориш, қўлидан етаклаб ҳеч бўлмаса Самарқанд, Бухорони кўрсатиб келиш ўрнига қайсидир ҳал бўлмаётган муаммони пора билан, болаларимизнинг хаққидан юлиниб олинган маблағ билан битиришга ҳаракат қиламиз. Цемент заводдан орттирган астмани пул бермаса қайрилиб қарамайдиган шифокорни рози қилиб даволанамизу, "Нега биз шаҳарнинг қоқ ўртасида қурилган корхонанинг зарарли тутунидан нафас олишимиз керак?" деб завод эгаларидан, давлатдан хаққимизни талаб қилмаймиз?! Қачондир хаққи юлинган қоракўзларимизга қаранг! Биз-ку маҳаллий корхона корчалонларига пора бериб бўлса ҳам иш топардик. Улар-чи? Бегона юртларда хору-зор. Кун-кун ора ўлиги келаётган мардикор, хизматкор, фоҳиша! Бу кўргуликларга оддий воқеалардай қараш қонимизга сингиб кетмоқда. Кўзимиз қачон очилади?!
Коррупция аталмиш балонинг бақувват илдизига болта уролган давлатларгина тараққий этмоқда. Улардан ибрат олиш, кимларнингдир чўнтагига эмас, Ватанимиз ривожи, миллат тараққиётига ҳисса қўшиш вақти келмадими?
Балки, Хитойга ўхшаб порахўрларга ўлим жазосини жорий қилармиз.
Бутун бир тизим механизми ислоҳотга муҳтож мамлакатда 100% ҳалол ишлаб бўларканми? Сиз нима дейсиз азизлар?
Муаззам Иброҳимова, 2013 й.