ЖОНИНГ ОМОН БЎЛСИН, ХАЛҚИМ


  Ҳар бир одамнинг, ҳар бир оиланинг ўзига яраша оғриқли нуқталари, ҳаёт йўлларида тоблаган синовлари, тақдир йўллари бор. Бу баҳор бир инсон ёки бир оиланинг эмас, бутун дунё аҳлининг, жумладан, халқимиз бошига ҳам катта синов билан келди. Синовларга ҳайрон ва ҳадик билан қараётган юртдошларимга қараб, бу офатнинг ортида гуноҳларимиз турмаганмикан, бу синов ўзимизни яна бир бор тафтиш қилиш учун юборилмадимикан, деган ҳақли савол хаёлимиздан ўта бошлайди.
   Ростан ҳам бир ўйлаб кўрдикми?! Кимнинг дилини оғритдигу, кимга озор бердик?!
   Дунёни қўя турайлик, ўзимиз яшаб турган жойда бир ён-атрофимизга қарайлик, ҳали ёдимиздан кўтарилиб улгурмаган воқеа-ҳодисаларга бир назар ташлайлик. Тан олиб айтиш керакки охирги йилларда юртимизда етим болалар, қаровсиз кексалар, тириклайин ташлаб кетилган норасида гўдаклар, таълим муассасаларида ичкилик ва чекишга рўжу қўйган ёшлар, ота-онасига қўл кўтаришни одат қилган фарзандлар сони кўпайди. Минг афсуски, шайтоннинг макрига алданган қотил ота-оналар ҳам кўзга кўриниб қолди. Агар шундай кўнгилни хира қилувчи ҳоллар бўлмаганида бугун бу синовлар бошимизга тушмаган бўлармиди?!


КЎЗЁШ БИЛАН ТЎЙГАН БОЛАЛАР

   

   Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Болалигимда жуда кеч бўлишига қарамай бир аёл уйимизга йиғлаб келди. Онамга: “Ёрдам беринг, опа. Ишсизман, имконсизман. Болаларимнинг қорни оч. Мендан егулик сўрашса, ночорлигимдан хўрлигим келиб йиғлайман. Болаларим эса кўз ёшимни кўриши билан: “Аяжон, йиғламанг. Бизни қорнимиз тўйди”, дейишади. Мен болаларимни кўзёшларим билан тўйдиряпман...” деди. Унинг гапларини эшитган раҳматли онам гарчи ўзи етти нафар фарзандни ёлғиз боши билан катта қилаётган бўлсалар-да, уйда нимаики егулик бўлса, ҳаммасини йиғиб, ўша аёлга солиб бердилар-да, эртасига маҳалладан ёрдам ва иш масаласини ҳал қилишда кўмак беришини айтиб, жўнатиб юбордилар. Мен эса уйқу тортган кўзларимни уқалаб: “Эртага ўзимиз учун ҳеч нима қолдирмадингиз-ку”, десам онам: “Эртагача Худо подшо, болам, Худо подшо. Ягона ва одил подшо эзгулик ортидан эзгулик юборади. Ғойибидан Ўзи етказиб беради”, дедилар. Ростан ҳам шундай вазиятларнинг эртаси куни онамнинг айтган гапларига ҳайрат билан ишонч ҳосил қилардим-да,бола қалбим билан осмонга қараб: “Ягона ва одил подшо эзгулик ортидан эзгулик юборади”, деб такрорлардим...
 Хўш ҳозир фарзандларини кўз ёшлари билан тўйдираётган оналар йўқ деб ўйласизми?! Яқинда таҳририятларнинг бирида ишлайдиган талаба йигитнинг онаси билан суҳбатлашиб қолдим. У аёл: “Шундай кунларимиз бўлдики ўғлим қорни очса, ўзини чалғитиш учун китоб ўқиб, ухлаб қоларди. Худога шукур, ўз билими билан олий ўқув юртига кирди. Энди ўқиш билан биргаликда ишлаяпти”, деди.
  Азиз юртдошим! Сиз ҳеч ўйлаб кўрдингизми?! Қачон, кимга эзгулик улаша олдингиз?! Балким бирор яқинингиз, қўшнингиз ночорликдан қийналаётгану, бироқ ёрдам сўрашга орияти йўл қўймай, фарзандларини кўзёши билан тўйдираётгандир. Агар бир-биримизга эзгулик улашишни одат қилганимизда эди, у ҳозир юртимизга тождорвирусни эмас, кўнглимизни шод қиладиган яхшиликларни етаклаб келган бўлармиди!


БИР БУТУН ЭЛМИЗ

   

   Айрим давлатларда тождорвирус билан хасталанган биргина касаллик сони маълум бўлганидан сўнг, аҳолиси ўз хавфсизлиги учун чет элдаги юртдошларини давлатга киритилмаслигини талаб қилди. Ва ким бўлишидан қатъий назар улар ўз юртига киритилмади. Давлат хавфсизлиги учун қилинган бу қатъийлик ва худбинликни ҳам айблаб бўлмайди аслида. Лекин биз бошқалардан фарқли ўлароқ ўзгачамиз. Душманидан қанча азият чекиб, жабр кўрмасин, ғанимининг боласига-да меҳр кўрсата оладиган бағрикенгмиз. Ночор оиласига ёрдам бериш, кўпроқ пул топиш илинжида чет элларда сарсон бўлиб, билиб-билмай қуллик азобини тортиб қайтган боласини кўксида оғриқ билан қаршилайдиган изтиробмиз. Олийгоҳларни тамомлаб, ўз юрти ёрдамига кўз тикиб турганида, ойлик маоши кам деб, ортига қарамай бошқа давлатларга ишлагани кетиб, бошига мушкулот – қўрқув ва ҳадик соя солганида ўз юртига қайтишга ошиқадиган боласини-да, бағрига босиб кутиб оладиган бағрикенгмиз. Бутун дунё бўйлаб тожливирусдеган бало тарқаганида нафақат ўзини, балки юрдошларини ҳам ўйламай, сайру саёҳат қилишни хуш кўрувчи жаҳонгашта фарзандларининг эркалигини кўтариб, ғамхўрлик қиладиган дарёдилмиз.
  Шуни унутманки биз меҳр-оқибатнинг қўлига машъал тутиб, баланд кўтарган миллатмиз. Сабаби офат келса ўзини тафтиш қилиш ўрнига Худо яратган минглаб жонзотларни айблаб (истеъмол учун ҳалол ёки ҳаром бўлишидан қатъий назар) устига керосин, бензин сепиб, тириклайин ёқиб юборадиган юраксиз халқ эмасмиз. Жонини хавф-хатарга қўймаслик, муаммолардан тезроқ қутилиш мақсадида осмонга қараб, шифо тиланиб ётган юртдошларини ички буйруқ билан отиб ташлайдиган ёки бутун шифохонани ёқиб юбориш гуноҳ эканлигини унутган халқ ҳам эмасмиз. Биз ўз суягини хўрламайдиган, ҳар қандай синовни, оғир дардни меҳр-оқибати билан енга оладиган бутун элмиз.
   Мен кўнглимни ёритиб турган умид билан шуни айтаманки, Худо подшо, халқим, Худо подшо! Ягона ва одил подшо. Халқимиз йиллар давомида ҳақлик, тўғрисўзлик, тоза иймону виждони, оғир заҳматлари, сабр-тоқати билан қаддини тик тутди. Шундай экан, бизга берилаётган синов ҳам у қадар оғир бўлмаслигига ишонаман ва Парвардигордан шу заҳматкаш халқимга келган синов – қўрқув ва хавотирни тезроқ аритишини ҳаммамиз илтижо қилиб сўраяпмиз. Сиз ҳам қўлингизни дуога очиб Худойимдан фарзандларингиз ва яқинларингизга омон-эсонлик тилаётганингиз, шифохонада илинж билан ётган юртдошларимизга шифо сўраётганингизга асло шубҳам йўқ.


“ЎЗБЕК ХАЛҚИ БОЙИМАС ЭКАН-ДА”

   

   Бир-биримизга эътиборимиз, ғамхўрлигим зарур пайтда айрим юртдошларимизнинг саховатларини кўриб, эшитиб кўнглимиз ёришаётган бўлса, озиқ-овқат бозори расталаридаги кўтарилган нарх-наволарни кўрган кишининг дили оғринади. Шундай пайтларда бундан икки йил муқаддам “Абу сахий” бозоридаги хитойлик бир кишининг айтган гаплари қайта-қайта ёдимга тушаверади. У кийимларга қўйилган нархларни ҳайрат билан кузатар экан: “Ахир булар бизнинг юртимиздан келтирилган-ку. Мен бу кийимларнинг қанчадан олинганини ҳам биламан. Наҳотки савдогарларингиз ўз юртдошларига 3-4 баробар баланд нарх қўйиб сотса. Шунинг учун ҳам ўзбек халқи бойимас экан-да”, деди. Тўғриси ўзга халқ вакилидан шундай гапларни эшитиш одамга оғир ботар экан...
   Ана энди бизга ўзи ҳам, кўзи ҳам тўқ ҳақиқий бой халқ эканлигимизни кўрсатиш учун бир имкон берилди. Нима бўлганда тақдирда ҳам синовли кунимизда бир-биримиздан кўпроқ фойда қилиб, вазиятдан фойдаланишни эмас, атрофимизда кўринмай: “Кимни ажал домига тортиб кўрсам экан”, дея айланиб юрган балони аҳил-иноқликда бартараф этиш йўлларини ўйлайлик. Ахир ойлик егуликни ғамлаб, кўпроқ пул жамғарганимиз билан ўша егуликка етарли умримиз бор ёки йўқлигини ҳам билмаймиз-ку.
   Кўнгилга тасалли бера оладиган томони халқимизнинг томири эзгулик ва яхшилик нури билан пайванд қилинган. Уни қай даража серҳосил қилиш эса ўзимизнинг қўлимизда. Шу синовни аҳиллик билан енгганимиздан сўнг, вақт ўтиб ўзбек юртида “Меҳрибонлик уйи”, “Қариялар уйи”, қамоқхона ва руҳий касалхона деган атамалар эскирган сўзлар қаторига киритилиб, болаларимизга эртак қилиб айтиб бериладиган кунларга етишишимиздан умидворман. Бу синов юрагимизнинг қайсидир бурчида совиб қолган музларни-да эритишига, юртимиздан таралаётган эзгулик нурлари эса ҳар қандай вирус ва ўлатларни таг-томири билан куйдириб ташлаши учун дуо қилайлик. Зеро бутун дунёни забт этиб, одамларни таҳликага солаётган тождорвирус ҳам иссиқликка чидами йўқ экан. Демакки қалблардан таралаётган меҳр-оқибат нурлари олдида ҳам ожизлик қилади.
   Шундай экан, руҳиятимизни кўтариб, эзгулик сари қадам ташлайлик. Бир-биримизга миннатсиз, атрофдагиларга кўз-кўз қилмасдан яхшилик қилайлик. Кун келиб ҳеч хавотирсиз бир-биримизни бағримизга босиш насиб этгунича, кўнглимизни умид нури билан ёритаётган ёруғ кунларга етишгунимизча, бутун дунё бўйлаб эзгулигимиз тантана қилиб, ўз байроғини кўтаргунича илоҳим ЖОНИНГ ОМОН БЎЛСИН, ХАЛҚИМ!


Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист.

2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот