"Санъат - тирикчилик манбаи эмас"


    Ривоят қилишларича бир санъаткор балиқ овига чиқибди ва омади келиб олтин балиқ тутиб олибди. Шунда санъаткор балиқни, мени қўйиб юбор эвазига нима сўрасанг бераман, деган гапига ўйланиб қолибди. Уй-жойим бор, машинам, пулим, оилам бор, нима сўрасам экан. Кел, яхшиси сен менга мухлислар муҳаббатини бер, сабаби мен жуда машҳур қўшиқчи эмасман, дебди. Шунда олтин балиқ, афсус сен мендан бошқа истаган нарсангни сўра, бойлик, унвон, мартаба лекин мухлислар муҳаббатини мен беролмайман, уни инсон юрагига Оллоҳ солади. Мен эса Оллоҳдан устун бўлолмайман, деган экан.
    Инсон қалбини таржима қилиб бўладими, уни фақат ўзи ва яратган англайди холос.
   Демак, айнан санъат ва санъаткор борасида ҳам инсонни фақат ўзигина юраги буюрган қўшиқни тинглайди ва ўзига ёққан санъаткорга мухлис бўлади.
   Устоз санъаткорлар Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Фаттоҳхон Мамадалиев, Олмахон Хайитова каби санъаткорларнинг эл ичида ардоқли бўлиши ва улар ижро этган умрбоқий қўшиқлар миллий санъатимизнинг жон томирига айланиб улгурганлиги бежиз эмас. 
    Бугун айрим қўшиқчиларнинг санъатни тирикчилик манбаига айлантиргани, айримларини эса енгил-елпи қўшиқлар билан кун ўтказаётгани, айримлари эса санъатнинг нонини ҳалоллаб ейиш ўрнига унга хиёнат қилаётгани жудаям ачинарлидир.
     Мен бугун санъат оламида ўз "мен"инни топа олган, ўз сўзи ва овози бор санъаткор Отабек Муҳаммадзоҳид мисолида сўз айтмоқни лозим топдим. Боиси, бу санъат оламида кимдир шоҳ, кимдир гадо, кимдир пиёда, кимдир уловда. Кимдир машаққат билан эришяпти, кимдир омад билан. Кимгадир ота соябон, кимгадир "ака"лар бор. Кимдадир истеъдод бор имкон йўқ, кимдадир ҳаммаси бор афсуски истеъдоди йўқ. Аммо ҳамма ҳам умид билан шу катта йўлга чиққан ва манзилга ким, қандай етиб боради фақат яратганга аён. 
     Отабек Муҳаммадзоҳид мен учун катта бир ШАХС. Уларни илк бор тинглаганимдаёқ ўзгача сохир овоз соҳиби эканлигини ҳис қилгандим. Илк бора суҳбатлашганимда инсонийлигига хавас қилганман. Отабекни андижон ТВда ишлаб юрган кезларим таниган бўлсам ҳамон уларга бир мухлис сифатида ҳурматим баланд. Мана 20 йилдан ошибдики улар билан оилавий қадрдонмиз. Отабекни йиллар ўзгартирмади ўша самимий, ўша қатъиятли, ўша изланувчан ва садоқатли. 
   Ўша йиллари хусусий телеканаллар кам, давлат каналлари эса белгиланган тартибдан нарига ўтолмайди. Санъаткорлар ўз ижодларини мухлисларга қандай бўлмасин етказиш умидида тележурналистларга мурожаат қилардилар. Водийнинг бир қатор санъаткорлари билан ўша кезлари яқиндан танишдим, газета ва ТВда улар билан ижодий суҳбатлар бердим.  
   Улар орасида ҳали машҳур бўлиб улгурмаган, лекин фикри тийран, мақсади улуғ, ниятлари покиза инсон Отабек Муҳаммадзоҳид билан бўлган суҳбат менда катта таассурот қолдирди. Отабек ўзидан аввал ўша кезларда фарғона санъат билим юртида таҳсил олувчи синглиси Гулсанамни ўйларди. Шу боис ўзидан аввал синглисини истеъдодини қўллаб-қувватлади. Фарғонадан андижонга эринмай ҳар бир янги қўшиқларини олиб келар, эфирларда кетишидан қувонарди. Яратган инсон кўнглини ўқийди, Отабек синглисига неки ёруғлик бўлса тилади. Ниятлари ижобатини кўриш саодатига эришди. Ана ундан сўнг ўзи устида янада қатъийроқ ишлашга, изланишга бор кучини бағишлади. Харакатлар зое кетмади, меҳнатлар ўз маҳсулини берди. Бугун Отабек Муҳаммадзоҳиднинг муҳлислари орасида академикдан тортиб деҳқонгача бор. Уни нафақат юртимизда балки қўшни давлатларда ҳам севиб тинглашади. Санъатни тушунган инсон санъаткорни ҳурмат қилади. Бу узвийлик эса асрлар оша яшаб келаётган қўшиқчилигимизнинг умрини узайтиради.
    Мен Отабек Муҳаммадзоҳидни  муносиб фарзанд, жигарларига иккиланмай жонини фидо қиладиган меҳрибон ака, хавас қилгулик умр йўлдош ва фахрга муносиб ота сифатида ҳурмат қиламан. У юрагида меҳр, оқибат, савоб, яхшилик, одамийлик туйғуларини асраб, йўлида учраган инсонларга беминнат улашиб бундан ўзини ҳам ўзгаларни ҳам баҳтиёр этиб юрадиган инсон. Алал оқибат уларнинг таг замирида бир ҳақиқат ётади, яъни Отабек она дуосини эъзозлайди ва у билан юксалади. Биз санъаткорнинг волидаси Марҳабохон хожи она билан она-боладек яқинмиз, қизлар Гўзал ва Гулсанамлар синглимдек ардоқли, умр йўлдоши эса мен учун оллоҳ юборган дўстдек. Санъаткор халқи мухлиси каби бевофо бўлади аслида. Жуда кўп санъаткорлар билан суҳбатдош бўлдим, озми кўпми журналист сифатида фойдам тегди лекин ҳаммаси билан ҳам дўст бўлиб қололмадим. Отабек бўлса яхшиликни биладиган, қадрлайдиган ва ортиғи билан қайтарадиган инсон. Мана бугун шу миннатдорликни айта олиш имкони туғилди. Ўша ТВда ишлаб юрган кезларим укам Илхомжонни уйлантирадиган бўлдик мен тўйга меҳмонга таклиф қилиб бордим. Отабек тўй кунини эшитиб бироз ўйланиб қолдида айтилган кунга Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида тўйи борлигини ёдга олди ва телефон қилди, андижонга тўйга бориши муҳимлигини, бормасликни иложи йўқлигини тушунтирди ва улар билан бошқа кунга келишиб тўйни қолдирди. Бизникига эса оиласи, бутун созандалари билан келиб оддий бир журналистнинг хонадонида хизмат қилди, хизмати эвазига бир сўм ҳақ олмай бизнинг оиламиз учун қадрдон бўлган Ферузахоннинг ҳурмати учун ҳаммаси деди. Кейин мен фаолиятимни пойтахтда давом эттирдим лекин улар билан оилавий қадрдонлик ришталаримиз узилмади. Укам Мансуржон ва синглим Барноларнинг ҳам  тўйларида шундай хизматда бўлди. Жиянларимнинг хатна тўйларида ҳам беминнат хизмат қилди.  Сиз бир журналистга, ижодкорга, дўстга шундай йиллар давомида беминнат яхшилик қилиб, буни бировга мақтанмай, айтсам савоби кетиб қолади дейдиган санъткорни учратганмисиз. Мен Отабекда ана шундай катта меҳрни кўрдим. Бу самимий, холис, беминнат эзгуликлар қачонлардир қилинган кўримсизгина яхшиликнинг жавоби эди. 
    Санъат кишидан катта машаққат ва меҳнат талаб қилади. Санъатнинг нонини ҳалоллаб ейиш учун санъаткорда кучли қувваи хофиза бўлиши даркор. Бугун санъаткор ҳалқи ўз устида ишламаса, изланмаса мақсадга етиши даргумон. Отабекнинг фаолиятини кузатсангиз сўзга эътибори кучли. Бу эса унинг бадиий адабиётга яқинлигини англатади. Қўшиқларида сиз ўзингизни кўрасиз, сиз излаган меҳни топасиз, сиз хоҳлаган ҳақиқатни учратасиз. 
   Сўзим ниҳоясида мен Отабек Муҳаммадзоҳидни ижоди янада юксалишини, мухлислар ардоғида бўлишини, оллоҳ паноҳида асрашини, яқинлари бахтига соғ-омон бўлишини тилайман. Агар Отабек каби санъатни тирикчилик манбаи эмас ҳаёт завқи, мухлислар меҳрини хавас эмас эъзоз деб биладиган, умрини яхшиликларга ҳамнафас қилиб яшайдиган санъаткорларимиз кўпайса умрбоқий санътимиз завол билмайди.

Феруза ОРИПОВА.
2020 йил.

     Маълумот: Отабек Муҳаммадзоҳид (асл исми Отабек Мамазоитов) - хонанда, бастакор ва шоир. 1974 йилнинг 23 Январь куни Фарғона вилоятида туғилган. Ижодини 1990 йилларда бошлаган. Баланд овоз эгаси. Қўшиқларини баланд пардаларда айтиши билан шуҳрат қозонган. Отабек Муҳаммадзоҳид ўзидан ташқари бошқа санъаткорларга ҳам қўшиқлар ёзиб беради. 1995 йилда ёзган „Мени унутма“ қўшиғини кейинчалик синглиси, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовага совға қилган. Гулсанамнинг жуда кўп қўшиқларининг муаллифи.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот