ДАДАМ МЕНИ ИНТИЗОРИМ, ДЕРДИЛАР


   Қисқа сатрларда: Интизор Тожибоева Ҳожимурод қизи. 1996 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат Санъат ва маданият институтини битирган. Актриса. “Zo'r TV” телеканалида намойиш этиладиган “Дугоналар шоу”си резиденти. Бир нечта фильмларда ўйнаган роллари билан мухлислар эътиборига тушган.

 

- Бугунги кунда санъаткорлар орасида аёл қизиқчиларнинг ҳам пайдо бўлаётганлигини баъзилар ёқласа, баъзилар ёқламаяпти. Сизнингча, аёлларнинг қизиқчилик қилиши бизнинг менталитетимизга тўғри келадими? Келгусида ўзингизни  қизиқчи сифатида тасаввур қилиб кўрганмисиз?

- Мен бунга ижобий қарайман. Ахир борган сари замон ўзгаряпти. Айниқса, аёлларимиз учун жуда кенг имкониятлар яратилаётган бир пайтда бу каби қарашларга эътибор бермаслик керак, деб ўйлайман. Ҳозир ҳамма соҳада аёлларимиз фаол. Ҳатто спорт бўйича жаҳон ареналарида энг кўп олтин медални қўлга киритаётганлар ҳам айнан аёллардир. Актёрлик соҳасида ҳам аёлларнинг кундан кунга фаоллашаётганлиги мени қувонтиради. Ахир мамлакатимиздаги ана шундай муҳит ва яратилаётган шар-шароитларда  аёлларимизнинг қизиқчилик қилиб, инсонларнинг юзига табассум қўндираётганлигининг нимаси ёмон?! Ўзим ҳам телевидениядан эфирга узатиладиган“Дугоналар шоу”сининг резидентиман. Бизнинг ҳазилларимиз ва саҳна кўринишларимизда умуман бачканалик ёки уятсизлик йўқ. Албатта, одамларни ана шундай қилиб ҳам кулдирса бўлади. Биз маиший мавзуларга деярли мурожаат қилмаймиз. Ижтимоий мавзулар орқали халқнинг дардини олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Тўйларимиздаги ортиқча дабдабалар, тўрт нафар қизи бор отанинг изтиробларини юмор орқали очиб берганимизда кўпчилик телетомошабинлар  бизга раҳмат дейишган. “Келинлар мактаби” деган рубрикамизда эса келинларга берадиган ҳазил тариқасидаги маслаҳатларимиз ҳам кўпчиликка манзур бўляпти.

- Келажакда отангизнинг изидан кетишингиз мумкинми?

-Мен Санъат ва маданият институтининг “Драматик театр ва кино актёрлиги” бўлимида таҳсил оламан. Яъни йўналишим драматик актрисалик. Аммо  ижодимда комедия жанрига  бурилиш айнан“Дугоналар шоу”си туфайли рўй берди. Албатта, бу мен учун жуда катта янгилик. Чунки шу шоуда иштирок этиб, мен одамларни кулдириш нақадар оғир иш эканлигини ҳис этдим. Дадам халқни кулдириш учун қанчалар заҳмат чекканлигини энди-энди англаб етаётгандекман.

- Шу пайтгача кўпгина фильмларда роль ижро этиб келяпсиз, аммо уларнинг бирортаси ҳам омма эътиборига тушмади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

- Тўғри, мен рол ижро этган фильмлар машҳур бўлмади. Менимча бунга жуда кўп омиллар сабаб бўлса керак, яна ҳам билмадим. Аммо қандайдир сабабларга кўра бош ролни ижро этган фильмларим катта экранларга чиқмади. Менимча фильмларнинг машҳур бўлиш-бўлмаслиги ижодий жамоага боғлиқ бўлса керак.

- Ростини айтганда, реклама роликларидаги ролингиз орқали кўпроқ машҳурсиз, буни қандай изоҳлайсиз?

- Тўғри, бугун мени кўпчилик рекалама роликларида ўйнаган ролларими орқали яхшироқ танишади. Айниқса, опасининг уграсини еб қўйиб, айбини мушукка ағдарган реклама ролигидаги ролимдан сўнг менга  савол берувчилар кўпайди. Бундай саволларнинг акасрияти “Ўша қиз билан опа-сингилмисизлар?”деган мурожаатлар бўлди. Энг қизиғи, бегонамиз, десам ҳеч ким ишонмайди.

- Касб масъулияти. Бу сиз учун қандай аҳамиятга эга?

- Актрисаман ва шу соҳада таҳсил оляпман. Бу менинг касбим. Касб  ҳеч қачон хобби бўлолмайди. Биламан,  бу касбда фаолият юритиш айниқса, аёлларга жуда қийин. Санъат соҳасини танлаган аёлларнинг елкасига икки ҳисса масъулият юкланади. Кўз ёшлар, изтироблар, бўҳтонлар ва азоблар...буларнинг бари-барига аёл киши тайёр туриши керак. Тўсиқларни мардона енгиб ўтган аёл актёрларни тақдир қувонч кўзёшлари билан сийлайди, албатта. Машаққатли эканлигини билсамда, мен ўз касбимни севаман.

-  Фаолиятингиз давомида отангизнинг айнан қайси гапларини кўпроқ эслайсиз?

- Дадам  вафот этганларида мен 12 ёшда эдим. Кўп нарсага ақлим етмасди. Агар дадам ҳозир ҳаёт бўлганларида у кишига берадиган саволларим жуда кўп бўларди. Кўп нарсаларни сўраган бўлардим дадамдан. Чунки айнан дадам мени санъат соҳасига қизиқишимга сабабчи бўлганлар. Болалигимда “яхшигина овозинг бор”, дея вокалга олиб борганлар. “Овозингни янаям ривожлантиришинг керак”, дердилар доим. Жонли ижрони яхши кўрардилар. Бувижоним раҳматли ҳам қўшиқни  яхши айтардилар. Шунинг учун бўлса керак, дадам мени доим “она қизим” дея эркалардилар. Вокалга ҳам ўзларининг устозларига олиб борганлар. Бундан ташқари, рақс тўгарагига ҳам қатнаганман. Дадам ишдан вақтли қайтсалар бирга рақс тушардик. У киши оила даврасида бўлишни жуда хуш кўрардилар. Дам олиш кунлари уйимизни концерт зали қилиб юборардик. Эҳ, соғинаман ўша пайтларни... Дадамдан жуда кўп нарсаларни ўрганганман. Тўхтамай ижод қилардилар. Ёнларида доим дафтар ва ручка бўларди. Бирор қизиқроқ воқеага дуч келсалар дарров ён дафтарларига ёзиб қўярдилар. Ҳатто гастролдан кеч қайтган кунлари ҳам эринмай ёзув столига ўтирардилар. Баъзан кечаси 3 ёки 4 ларда уйғониб кетсам ҳам дадамнинг ёзиб ўтирганликларига кўзим тушарди. Ана шундай муҳитда катта бўлганман, дадамнинг машаққатларини кўриб улғайганман. У киши санъат соҳасини танлашимга ҳеч қачон қарши бўлмаганлар.  Аксинча, “касбингни севсанг, у ҳам сенга яхши натижа кўрсатади” дердилар. Агар ҳозир ҳаёт бўлганларида мени нима касб танлашимдан қатъий назар албатта, қўллаб-қувватлаган бўлардилар. Тўғри, қиз бола учун санъаткор бўлиш осонмас. Аммо  яқинларим қўллаб-қувватлаб туришса ҳеч қандай қийинчиликдан қўрқмайман. Баъзи  бир  журналистлар “Ҳожибой Тожибоев қизининг санъаткор бўлишини истамаган” деган гапларни ҳам гапиришди. Бунқа гаплардан рости қаттиқ жаҳлим чиқади. Ахир дадам менинг санъаткор бўлишимни истамаганида кичиклигимдаёқ қўлимдан етаклаб тўгаракларга олиб бормаган бўларди. Ҳайронман, баъзи журналистлар бунақа ёлғонлардан  қанақа манфаат топаркин?!

- 24 июл отангиз вафот этган кун. Отангизни охирги йўлга кузатганингизда дилингиздан нималар кечган?

- Отадан айрилиш фарзанд учун оғир жудолик. Дилимдан кечганларини  сўз билан ифодалаш  қийин.  Бир кун келиб, сиз билан дадамни эслаб ўтирамиз,  деб сира ўйламагандим. Шу ўринда бир нарсага ойдинлик киритишни истардим. Кўпчилик мендан отамнинг нима сабабдан оламдан ўтганларини сўрайди. Касаллик туфайли, десам ишонмайдиганлар ҳам бор. Дадамнинг вафоти ҳақидаги ҳар хил миш-мишларни эшитиб, ҳайратда қоламан. Ким чиқарган бундай гапларни, билмайман. Яна худди бўлган воқеанинг шоҳиди бўлгандек “Мен биламан-ку, нега алдайсиз?  Отангизни ундай қилишган, бундай қилишган”, дея оғзимга уришга ҳаракат қилишади. Ахир кўрмай-билмай туриб, гапириш инсон учун оғир гуноҳ эмасми?! Одамлар нега ёмон ва ёлғон хабарларни гапиришга бунчалик ўч экан-а?! Мен отамнинг вафоти ҳақида кўпгина интервьюларимда айтганман ва яна айтаман: Дадам жигар циррозидан вафот этдилар. Сўнгги концертларига кирганлар у кишининг  оёқда зўрға турганларини сезган бўлишлари керак. Анча мазалари йўқ эди, саҳна ортида осма укол олиб, мухлисларнинг олдига кулиб чиққандилар. Ўшанда отамнинг иродасига қойил қолгандим. Санъатни шу қадар кучли севганликлари учун ўз касалликларини бир дам бўлсада унутган эдилар. Дадам бу касалликдан анча йил даволанганлар. Ташҳис қоғозларини кўриш учун  касалхонага бирга борардик. Уйга ҳам докторлар келиб турарди. Охирги пайтларда  мазалари бўлмай уйда ётиб қолгандилар. Касаллик билан курашишга кучлари ҳам қолмаганди. Онамга жуда суянб қолгандилар, ижод борасида ҳам маслаҳатлашишарди. Сўнгги марта уйдан касалхонага кетаётганларида  “Мен қайтиб келаман, тўполон қилманглар, ойингни чарчатиб қўйманглар, мен албатта, келаман”, деб  кетгандилар (Эсласам ғалати бўлиб кетяпман). Оғир касал бўлсаларда, юзларидан табассум аримасди. Айниқса, бизни кўрганларида чеҳралари ёришиб кетарди...

- Оилангизда сиздан бошқа  санъат йўлини танлаганлар ҳам борми?

- Йўқ, оилада фақат мен санъат йўлидан кетдим. Аммо опам ва синглимда ҳам бу борада яхшигина қобилият бор. Аммо улар бошқа соҳани танлашди.

- Инсоннинг касбий фаолиятда юқори поғоналарга кўтарилишида оилавий ҳаёт сизнингча қандай аҳамият касб этади? Аёл санъаткорларнинг кўпчилиги халақит беради, деб ҳисоблашади, сизнингча ҳам шундайми?

- Ҳали оила қурмаганман, лекин турмуш ўртоғинг сени тушунса, касбингни ҳурмат қилса, менимча қийин бўлмайди. Ахир ҳам оилани, ҳам санъатни эплаётган санъаткорларимиз кўп-ку!

-  Оила қуриш ҳақида ҳам ўйлаяпсизми ва бу борада қандай танловингиз бор?

- Албатта, ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор. Оллоҳ тақдир этган кун бу ҳам бўлади.

- Фаолиятингиз давомида танқидларга ҳам дуч келяпсизми ва бунга муносабатингиз қандай?

- Ўринли ва ўринсиз танқидлар бор, албатта. Аммо мен ўринсиз танқидларга аҳамият бермайман. Тўғри танқидларни тўғри қабул қиламан ва ўз устимда ишлайман.

- Қайси ролингиз ўзингизга ёқади?

- Ўзимга ёқадиган ролимни ҳали ижро этмадим, деб ўйлайман.

- Актёрлик борасида ўзига хос услубингиз борми?

- Актёрга хос услуб менимча йиллар давомида шаклланади. Ўз услубига эга актёрларни кузатадиган бўлсак улар узоқ йиллик тажрибага эга устоз санъаткорлар. Шу боис мен уларни доим кузатиб бораман ва албатта, бир кун келиб мен ҳам ўз услубимга эга бўламан, деб ўйлайман.

- Имиджингизни  тез-тез ўзгартириб туришни хоҳлайсизми?

- Ҳа, албатта.

- Сиз билан тенгдош актирасалардан кимларнинг актёрлик маҳоратига тан берасиз?

- Тўғрисини айтсам, ҳеч кимни.

- Ҳозир қайси фильмларда роль ижро этяпсиз? “Зўр тв” телеканалидаги чиқишларингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз

- Ростини айтсам, вақтим етмай қоляпти. Чунки ўқишим  ва “Дугоналар шоу” сидан ортиб,съёмкаларга вақт ажратолмаяпман...

- Хоббингиз нима?

- От миниш жону дилим.Отларни жуда яхши кўраман.

-  Исмингизни ким қўйган? Нега айнан Интизор?

- Узоқ кутилган фарзанд бўлганлигим учун ота-онам Интизор, деб исм қўйишган. Аниқроғи, исмимни раҳматли дадам қўйганлар. Интизорим, дердилар доим.

- Мухлисларга тилакларингиз...

- Гастрол сафарларига кўп бораман. Мухлисларимни кўплигини кўриб, рости жуда қувонаман. Шундай кезларда ўзимни жуда-жуда бахтли ҳис этаман. Бахтимга мухлислар бор бўлишсин. Келгусида бунданда яхши ижод қилиб, уларни доим хурсанд қилиб юрай!

- Суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА

Манба: "Бекажон" газетаси.

2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот