Бир пайтлар роль кутиб ўтирардик


Раъно ЗОКИРОВА:
“БИР ПАЙТЛАР РОЛ КУТИБ ЎТИРАРДИК”

     Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, “Мени кечир” кўрсатуви бошловчиси Раъно Зокирова бўлди.

- Раъно опа, биламизки сиз ҳозирги кунда кино ва телесериалларда ролларижро этиш билан бирга Мени кечир телелойиҳасига ҳам бошловчилик қиляпсиз. Бундан ташқари, турли тадбирлар ва тўй-ҳашамларга ҳам бориб турсангиз керак. Айтингчи, вақт масаласида қийналмаяпсизми? Ҳаммасига қандай улгуряпсиз?
- Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, ҳозир нафақат менга, балки барча касбдошларимга ишлайман деса иш жуда кўп. Бир пайтлар “Ўзбекфильм”да  бир йилда атиги тўртта ёки олтита фильм олинарди ва ҳар бир рол учун 8-10 тагача актёрлар синовдан  ўтказиларди. Лекин шунда ҳам актёрнинг ижроси маъқул келса, ёши тўғри келмасди ва ҳоказо. Актёр ва актирисалар интизорлик билан рол кутиб ўтиришарди. Лекин ўша пайтлар ўқишни битириб, бирдан театрда иш бошлаганим ва театр саҳнасида банд бўлганим учунми, бу менга унчалик сезилмаган. Яхшиям ўша даврларда театрда ишлаган эканман, деб ўйлаб қоламан баъзида. Хуллас ўша даврларда таниқли бир актириса билан битта фильмда киносиновда қатнашдик. Синовдан олдин у киши елакмдан ушлаб, “Раъно, жудаям ҳаяжонланаяпман, мени бир силкитиб қўйгин”, деганларида ҳайрон бўлганман. Кейин билсам анча пайт рол кутиб, киноларда ўйнамагани учун қаттиқ ҳаяжонланган экан. Биз ана шундай даврларни ҳам бошимиздан ўтказдик. Лекин Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинким, бугунги кунда актёрларимизни режиссёрлар  сериал ва киноларга кетма-кет чақиришяпти. Ҳатто улгуролмай қоляпмиз ҳаммасида рол ижро этишга. Шахсан мен ҳозир кўпроқ сериалларда рол ижро этяпман. Шу кеча-кундузда бирданига иккита сериалга таклиф қилишди. “Асира” номли сериалда ишни ҳам бошлаб юбордим. 3-сериал учун эса қисман гонараримни ҳам беришди. Бу маблағга сериал учун кийим-кечак харид қилдим. Илк бор “гонараримни вақтироқ беринглар”, деб талаб қилишим бу. Чунки кийимларим мен гавдалантираётган  қаҳрамонга мос тушиши керак. Ўзимга қолса спорт  кийимида бўлишни ёқтираман. Демоқчи бўлганим, ҳозир биз актёр ва актирисаларга иш жуда кўп. Униси бўлмаса, буниси чақиради. Мабодо зўр режиссёрнинг фильмига илинмай қолсак, ўртачароқ режиссёр бизни интизорлик билан кутиб турган бўлада. Ёки қайсидир ҳамкасбим кино ва сериалларда рол ижро этмаётган бўлса дубляжда ишлаяпти. Демак, ҳалол меҳнат билан қора қозонини қайнатяптида. Шу қатори мен ҳам айни кунларда  “Малак” телесералининг иккинчи фаслида ва янги сериалда иш бошладим. Партнёрим - устозимиз Ҳамза Умаровнинг ўғли Шуҳрат Умаров. У киши билан бир пайтлар “Ромеа ва Жулетта” фильмида ҳам бирга ишлаган эдик. 

“УЙИМДА ДЎКОН ОЧСА БЎЛАДИГАН ДАРАЖАДА КИЙИМЛАРИМ КЎП”

   Иншооллоҳ, учинчи сериалнинг ҳам съёмка жараёни бошланди. Аммо ҳали  менинг кадрларим бошланмагани учун бошқа ишларим билан машғул бўлиб турибман. Шу билан бирга “Мени кечир” телелойиҳасини ҳам олиб боряпман. Ишонсангиз, ҳар бир кунимдан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қиламан.  Бугунги кундаги съёмкам бўлмагани учун югуриб бориб, учинчи сериалидаги қаҳрамоним учун бир нечта кийимлар харид қилдим. Чунки унинг имиджини ўзим яратаман. Бир сериалда кийган кийимларимни бошқа бир сериал учун  умуман ишлатолмайман. Бугун харид жараёнида дўкондаги  сотувчиларга ҳазиллашиб, “уйимда катта дўкон очса бўладиган даражада кийимларим кўпайиб кетди” десам кулишди. Албатта, бу кийимлар касбдошларимнинг қайсидир ўйнайдиган ролига мос келиб қолса ҳеч иккиланмай бериб юбораман. “Мени кечир” лойиҳасида ишлатган кийимларимни  ҳам сериаллар учун ишлатмайман. Қисқа қилиб айтганда, шу кунларда менда бўш вақтнинг ўзи йўқ. Тўғри, кетма-кет съёмкалардан чарчайман. Бунинг устига аёл кишиман, уй-рўзғор ташвишлари ҳам бор зиммамизда. Лекин шундай бўлсада, ана шундай яшаётганимдан бахтиёрман. Чунки бунинг туб замирида ўз ишимга бўлган кучли хоҳиш-истак ва меҳр-муҳаббат бор. Ана шу истак менга куч-ғайрат ва янги ғоялар беради. Ҳозир кўпчилик қатори мен ҳам рўзадорман. Ифторликдан кейин худди учта уйқу дори ичгандек ухлагим келади. Шундай пайтларда “қанийди ҳозир бирор ёрдамчим ёки келиним бўлсаю дастурхонимни йиғиштириб қўйса” деб орзу қиламан. Аммо барибир ўзимни қўлга олиб, ўзимга-ўзим “йўқ, тур ҳаммаёқни тозала, ишингни қил”, дейман ва ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳозир яна режиссёр Азамат Аҳроровнинг бир фильмидан таклиф тушди. Унда салбий қаҳрамон образини гавдалантиришим керак экан. Лекин шу сценарийни ўқиб кўришга ҳам вақтим бўлмаяпти. Ҳозирги кунда тўй-ҳашамларда ва тадбирларда иштирок этмаяпман. Ҳатто “Ўзбеккино” да бўлаётган тадбирларнинг ҳам ҳаммасига боролмаяпман. Яқинда Қирғизистонда “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлар экан. Шунга таклиф қилишди.  Жудаям боргим келяпти. Соғинганман шундай тадбирларни. Лекин иложим йўқ. Ишим кўп. 

“МЕНИ КЕЧИР” КЎРАСАТУВИ КЎП ИНСОНЛАРГА ЁРДАМ БЕРЯПТИ
 
- Телевидениеда яхши лойиҳа, профессионал бошловчи ва воқеалар ранг - баранглиги кўрсатувнинг оммалашувини таъминлайди. Ана шу учбирликни ўзида мужассамлаштирган Мени кечир кўрсатувининг тез орада оммалашишини олдиндан билганмидингиз?
- Йўқ, билмаганман. Тўғри, ичимда “яхши бир кўрсатувга бошловчилик қилсайдим”,  деган истак бўлган. Лекин  шу истак билан бирга “қўйсангчи, бошловчилик сенинг ишинг эмас, ахир сен актирисасан” деган қарама-қаршилик ҳам бор эди. Чунки мен яхши рол ижро этишим мумкин. Аммо бошловчилик қилиш учун неча йил ўқиш, ўз устида ишлаш ва маҳорат тўплаш керак, деб ўйлаганман. Шунинг учун кўрсатув муаллифи Холидахон лойиҳага таклиф қилганида,  “ишончингларни оқлай олармикинман. Ахир мен рус мактабида ўқиганман, талаффузимда хатолар бўлиши мумкин, сўз бойлигим ҳам яхши эмас” деганман. Лекин Холидахон “Раъно опа, бир уриниб кўрайлик, раҳбаримиз  сизни хоҳлаяпти, бир нечта актирисалар  ичидан сизни танлади” деди. Хуллас, шу лойиҳадада бошловчилик қилишга рози бўлдим. Оммаллашувининг сабабига келадиган бўлсак, аввалом бор мавзу долзарб, шунинг учун кўпчиликка маъқул келди. Бошида санъаткорлар билан қилдик. Чунки томошабинлар экранда таниқли инсонларни  кўрса кўрсатув рейтенги тезроқ кўтариларди. Бундан ташқари, бошида арзигулик  воқеалар ҳам йўқ эдида. Халқ танийдиган санъаткорларнинг лойиҳадаги ана шу иштироки кўрсатувнинг тез оммалашишига сабаб бўлди, деб ўйлайман. Аммо бугунги кунда телевидение раҳбарияти “энди санъаткорларни олиб чиқманглар, қаҳрамонларни оддий одамлар орасидан танланглар” деган талабни қўйишди. Бу жуда яхши бўлди. Хурсанд бўлганим, оддий одамлар орасидан лойиҳа учун ранг-баранг воқеалар жуда кўп чиқаяпти.

“БОЛАНИ ЎҒИРЛАДИ, ДЕБ ЎЙЛАШИБДИ”

     Айниқса, охирги олган сеъмкамиз жудаям таъсирли чиқди. Гулдек аёли ва икки нафар фарзанди бор бир эркак ичкиликка берилганлиги туфайли оиласи ажрим ёқасига келиб қолган экан.  Аёл болаларини олиб, онасиникига кетиб қолган кезлари эркак яна бир хатога қўл уриб, 4-5 ойча қамалиб ҳам чиқибди. Бизга қўнғироқ қилиб, “аёлимни яхши кўраман, болаларимни жуда соғиндим, уларни кўрмаганимга икки йил бўлди, улардан, қолаверса қайнона-қайнотамдан  астойдил кечирим сўрамоқчиман” дея йиғлаб гапирди. Эркак билан анча суҳбатлашгач, у билан айтилган манзилга бордик.  Аммо вазият тамоман бошқача тус олиб кетди. Биз боришимиздан олдин қуда томонга мактабдан қўнғироқ қилишиб, набираси мактабга келмаганлигини, йўқолиб қолганлигини айтишибди. Бобо ҳаяжонланиб, кимларгадир қўнғироқ қилаётган пайтда бизнинг бораётганлигимиздан хабар топибди. Одатда биз  кўрсатув жараёнида дабдурустдан кириб бориш учун камералар билан беш-олтита хонадон берироқда пойлаб турардик. Аммо бу сафар унақа бўлмади. Қуда томондагилар бизни кўриб қолишди ва  машинамизда набираси ҳам ўтирганлигини кўриб,  “болани куёвим ўғирлабди”  деб ўйлабди. Шу хаёлда ички ишлар бўлимига  қўнироқ қилса бўладими. Ана жанжал, ана тўполон. Мен эшикни тақиллатаман қани энди очса. Қайнота куёвига “сен болани ўғирлагансан”, деб бақир-чақир қилади. Ваҳоланки, йўқолиб қолган бола бошқа, устози янглишиб, бу оилага қўнғироқ қилган. (Кейинчалик  у бола ҳам топилган) Қайнотанинг асаблари чарчаган эканми, ҳеч тинчланолмайди. Охири хотини келиб, эрига тушунтиргач бироз ҳовуридан тушди. Хуллас, съёмка жараёнида ана шунақа маш-машалар ҳам бўлиб туради.  Кўрсатувдан олдин мен қаҳрамонларим билан гаплашиб олмайман, ҳатто тақдирини ҳам билмайман. Мотор, дейишлари билан табиий ҳолда гапиришни бошлайман. Жуда қизиқарли жараён ва ушбу лойиҳада бошловчилик қилиш  ўзимга ҳам жуда-жуда ёқади. 

“ҲЕЧ КИМ УЧУН УЗР СЎРАШ ҚИЁМАТДА ҚОЛМАСИН”

- Кўрсатув давомида қаҳрамонларнинг ҳаётидан қаттиқ таъсирланиб кўзингизга ёш олганингизни ҳам кўрамиз баъзида. Шундай пайтларда дилингиздан нималар кечади? Афсусланасизми, шу кўрсатувга бошловчилик қилганингиздан?
- Йўқ, афсусланмаганман. Аллоҳга шукр, шундай кўрсатувга бошловчилик қилаётганим учун. Юқорида айтганимдек, мен рус мактабида ўқиганман. Кейинчалик олий даргоҳда ҳам рус гуруҳида таҳсил олдим. Шунинг учун бўлса керак,  ўзбек тилида сўз бойлигим унча яхши эмас. Албатта, иш жараёнларида ва дубляждаги устозларимнинг ёрдамлари билан талаффузимдаги нуқсонларни тузатдим. 
     Қаҳрамонлар ҳаётидан таъсирланишимга келсак, бусиз иложи йўқ. Чунки шундай воқеалар бўладики, ҳар қандай тошюрак инсон ҳам бундай пайтда кўз ёшларини тиёлмайди. Яқинда  бир қаҳрамонимиз вафот этган онасидан кечирим сўради. Онаси доим “қанийди, сен ҳам уйли-жойли бўлсанг, уйинг масжиднинг олдида бўлса “дея ният қилар экан. Вақт ўтиб, йигит  ҳамма орзусига эришибди. Онаси айтганидек, масжид яқинидан уй олибди, машинали ҳам бўлибди. Аммо шуларни онам кўрсайди, деб йиғлади. Шундай пайтда қандай таъсирланмаслик мумкин. Мен съёмка жараёнида-ку роса йиғладим, аммо ҳозир кўрсатувнинг шу сонини қайта кўрсам яна йиғлашим аниқ. Менга ижтимоий тармоқлардан  “Раъно опа, ҳар доим қаҳрамонларингиз билан бирга йиғлайверсангиз касал бўлиб қоласиз”, дейишади. Иложи йўқ, бу кўрсатувда йиғламаслик учун бағритош бошловчи бўлиш керак менимча. Ахир улар билан бирга яшасангиз, туйғуларини ҳис қилсангиз улар сизга қалбини очадида. Акс ҳолда тошдек қотиб тураверишади. Шундай қаҳрамонлар ҳам бўладики, ҳеч қалби очилмайди. Қанийди, шу ўринда психолог ҳам бўлганимда  уларга ёрдам берардим, деб ўйлайман.
- Баъзилар кўрсатувдаги воқеалар реал эмас, олдиндан тузилган сценарий асосида олиб борилади, деган фикрларни ҳам айтишяпти. Ўзингизнинг шу ҳақдаги фикрингиз қандай?
- Йўқ, кўрсатувнинг ҳеч бир сони постановка эмас. Ҳаммаси реал воқеаларга асосланган. Буни кўрсатувни кузатиб бораётган зукко томошабин ҳам дарров сезиши мумкин. 

“УСТОЗИ  ШОГИРДИНИ  КЕЧИРДИ”

- “Мени кечир” лойиҳасида иштирок этиб, қайсидир яқинидан узр сўрамоқчи бўлган инсонлар кўпчиликни ташкил этяптими?
- Жудаям кўп. Мени қувонтиргани, бизга мурожаат қилган  инсонларнинг ҳаёти яхши томонга ўзгаряпти. Кўрсатув давомида мурожаат учун экранга телефон рақам ҳам қўямиз. Бу рақам лойиҳа муаллифи  Холидахонники, албатта. Лекин мурожаат қилаётганлар  бу  рақамни меники, деб ўйлашар эканми, “Раъно опа”, деб тинимсиз қўнғироқ қилишади. Вилоятлардан, айниқса, водийдан мурожаат қилаётганлар кўп. Телеграм орқали  жуда кўплаб хатлар ҳам келяпти.Шулар орасидан ҳам  жуда таъсирлилари чиқиб қолади. Бир куни ана шундай инсонлардан бири “мен хотинимни жуда қаттиқ хафа қилиб қўйдим. Икки нафар фарзандим бор, оиламиз ажрашиш арафасида, илтимос, ёрдам беринг” деб ёзиб қолди. Қўнғироқ қилдим, аёли билан гаплашдим ва ўша куннинг ўзидаёқ  кечки пайт эри қўнғироқ қилиб, “Раъно опа, сиздан Аллоҳ рози бўлин, хотиним мени кечирди” деди. Шунақаям қувондим. Ўша йигитга “бугун оилангиз билан бирор кафегами ёки истироҳат боғигами бориб, бахтли оила даврасида расмга тушинг ва менга жўнатинг” дедим. Жўнатишди, суратни кўзда ёш билан томоша қилдим. Яна бир аёл қўнғироқ қилиб, “Менга кўп яхшилик қилган ва бирга ишлайдиган  устозимни  хафа қилиб қўйдим. Бир марта кечирди, яна шайтон йўлдан уриб, хатога йўл қўйдим. Энди мени кечирмаяпти. Ҳозир ишдан ҳайдалганман. Ишдан кетганим майли, қайта тиклашсин, демайман. Аммо устозим саратон хасталилига чалинган, ҳозир оғир аҳволда ётибди. Бир нарса бўлиб қолса мен армонда қоламан” деди. Ўша заҳоти устозига қўнғироқ қилдим, гаплашдим, аёлнинг пушаймонлигини етказдим. Мард инсон экан “Алҳамдиллоҳ кечирдим”, деди...

 “КЎРСАТУВ УЧУН НЕЧА ПУЛ ТЎЛАШ КЕРАК, ДЕБ СЎРАШАДИ”

    Яқин оғайнилар чет элда бирга ишлаб юрган кезлари  ака-ука тутинишган экан. Нимадир бўлибдию, иш жараёнида оралари бузилибди. Яъни  ака тутинган укасини қаттиқ ранжитибди.  Ука эса кетиб қолибди. Ака қилмишидан пушаймон бўлиб, унга қўнғироқ қилса жавоб бермабди. СМС ларига ҳам жавоб ёзмабди.  “Раъно опа, ёрдам беринг, лекин мен  эфирга чиқолмайман, чунки Россиядаман” деди. Ундан укасининг телефон рақамини олиб, қўнғироқ қилдим, аммо қани энди жавоб берса. СМС ёзаман ҳам жим. Роса урунишлардан кейин “Кимсиз?” деб ёзди, ўзимни таништирдим. Телефонингизни кўтаринг, сизда икки оғиз гапим бор, десам роса ҳайрон бўлди. “Менда актирисанинг нима иши бўлиши мумкин”, деб ўйлагандирда. Хуллас, узоқ гаплашдик. “Ўзингизга савоб олинг”, дедим. Ниҳоят, “майли кечирдим” деди. Шу гапингизни овозли хабарда жўнатинг, мен акангизга жўнатаман, дедим. Жўнатди, мен уни акасига жўнатдим. Хуллас, етти ёт бегоналар орасида  Холидахон иккимиз беминнат воситачилик қиляпмизда. 
  Инсонларнинг шу дастурга ишонаётганлигидан, нажот кутаётганлигидан ва кўпчилик нажот топаётганлигидан  жуда хурсандман. Баъзан менга “кўрсатув учун неча пул тўлаш керак?” “Қанча бўлади?”, деб ёзишади. “Мутлақо бепул” десам роса хурсанд бўлиб, дуо қилишади...

“ДАДАМДАН КЕЧИРИМ СЎРАГАН БЎЛАРДИМ”

- Кўрсатувни олиб бориш жараёнида сизда ҳам кимдандир кечирим сўраш фикри ҳеч туғилганми? Агар шундай бўлса кимдан узр, сўраган бўлардингиз?
- Раҳматли бўлган дадамдан кечирим сўрармидим, балки. Чунки меҳримни кўпроқ онамга берганман. Дадам жиддий, оғир-босиқ инсон бўлганлари учунми, у киши билан  мулоқотимиз унчалик яқин бўлмаган. Фарзандлик бурчимни бажарганман, албатта, лекин юракдан дардлашмаган эканман. “Ада, яхшимисиз” дердим “болам, тузикмисан” дердилар, тамом. Онам билан эса хоҳлаган мавзуда соатлаб гаплашардик. Энди ёшим улғайиб, бошқаларнинг  ўз падарига  бўлган муносабатини кўриб,  дадамга кўпроқ вақт  ажратмаганимни ҳис қиляпман. Балки дадам ўшанда ўксингандир. “Болам ишдан ортиб, менга вақт ажратмайди, онасига жонини берадию, менга эътибор бермайди”, деб ўйлагандир. Шуни ўйласам ўкиниб кетаман. Дадам раҳматли жуда камгап, сир сақлайдиган, ичидагини ташқарига чиқармайдиган одам эдилар. Албатта, ҳамма ота сингари менга жуда қайғурардилар, “ишингга кечикма”, “Болаларингга эътиборли бўл” , “йўлда эҳтиёт бўл”, деб куйинардилар. Лекин сирдош бўлмаган эканмиз, афсус.. Қанийди, имкон бўлганда дадамдан кечирим сўрардим. Кўпроқ вақт ажратолмаганим, тўйиб-тўйиб суҳбатлашмаганим,  ичидаги гапларини ташқарига чиқаролмаганлигим учун узр сўрардим. Ҳозир жудаям ўрнилари билинади. Иккисини ҳам жуда-жуда соғинаман.  Гоҳида бехосдан онамнинг телефон  рақамларини териб юбораман. Бу дунёдан кетганликларига ҳамон кўниколмайман.  Қабристонга бориб,  йиғлаб-йиғлаб келаман. У ерга борсам ота-онам мени соғинч билан кутиб олгандек бўлишади.... 
- Раъно опа, бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг қадрини ошириш ва уларнинг жамиятга аралашувини фаоллаштириш масаласига катта эътибор қаратиляпти. Нима деб ўйлайсиз, сизнингча қадри  баланд аёл қандай бўлиши керак?
- Ҳа, ҳозир жуда кўп аёлларимиз ҳар хил йўналишлар бўйича катта ютуқларга эришяптилар, ташкилотларда раҳбарлик ҳам қилишяпти. Уларга жукда-жуда қийин. Масалан, Танзила Норбоевани қисман яқиндан биламан. Шу аёл эрталаб соат саккиздан ишга шўнғийди то, кечаси 11-12 гача. Раҳбарлик қилиш, турли-туман муаммоларга ечим топиш осон эмас, албатта. Ана шундай аёлларнинг барчасига таъзим қиламан. Ҳам жамиятда, ҳам оилада, ҳам  турмуш ўртоғи олдида қадр топган аёлларни  энг қадри баланд  аёллар, деб биламан. 
- Сизнингча, аёлларнинг жамиятдаги фаоллиги унинг оиласига таъсир қилмайдими? Чунки аксарият ўзбек эркаклари аёлининг уйда ўтиршини хоҳлашади.
- Тўғри, 80 фоиз эркаклар аёлининг уйда ўтиришини хоҳлайди. Аёл кишининг болалари билан шуғулланиб, тинчгина уйда ўтиришини қулай, деб ўйлашади. Лекин аслида ундай эмас. Уйда ўтирган аёлнинг тушунчаси ва дунёқараши ҳам шунга яраша бўлади. Бекорчиликдан миясига ҳар хил ўй-хаёллар келаверади. Оқибатда эри ишдан сал кеч келса ҳам тергашга тушади, овқат емаса ҳам шубҳаланади. Аксинча, жамиятга аралашиб юрган аёлларнинг бундай майда-чуйда ўйлар билан овора бўлишга вақти ҳам хоҳиши ҳам  бўлмайди. Улар уйда ўтирган аёллардан кўра ғайратлироқ бўлади, деб ўйлайман. Масалан, ўзим ҳам еламан-югураман, лекин ҳамма ишимга улгураман. 

ЎЗ КАМЧИЛИКЛАРИНИ ТУЗАТА ОЛГАН АЁЛ МУКАММАЛДИР

 - Қандай аёлни энг мукаммал аёл, деб айта оласиз?
- Аслини олганда бу оламда мукаммал инсоннинг ўзи йўқ. Ҳамамизда ҳам қайсидир камчилик бор. Чунки бенуқсонлик фақат Парвардигорга хос. Шундай экан, ҳар бир аёл ўз мукаммалигига эришиш учун тинмай ишлаши, хато ва камчиликларни тузатиши,  ўзини ривожлантириши, ўстириши керак. Лекин инсоннинг ўз хатосини англаши ёки тан олиши ҳам осон иш эмас. Нуқсонларини тан олиб, улар устида ишлаган ва буни  бартараф қила олган аёлларни мукаммал, деб айта оламан. Ҳаётда “мен шундай инсонман, мен шундай туғилганман”, деб ўз нуқсонидан уялмайдиганлар ҳам оз эмас. Бу нотўғри.  Чунки инсон ҳамиша мукаммалликка интилиб яшаши керак.

“НОДИРАБЕГИМНИ ЎЙНАГАН БЎЛАРДИМ”

- Агар сизга тарихий фильмларда рол ижро этиш таклифи билдирилса қайси буюк аёлнинг сиймосини гавдалантирган бўлардингиз?
- Ҳозир Ўзбеккино” да жуда катта лойиҳага қўл урилаяпти. Яъни Алишер Навоий фильмини суратга олиш учун синовлар бошланди. Менга ҳам қўнғироқ қилишиб, фотосиновга иштирок этишимни сўрашди. Агар насиб этса, шу фильмда тарихий образлардан бирини гавлантиришим эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар ўзимдан қайси тарихий фильмда рол ижро этишни хоҳлашимни сўрашса Нодирабегим образини танлаган бўлардим. 

“УЗУН СОЧЛАРИМНИ КАЛТА ҚИЛИБ КЕСДИРГАНМАН”

- Ҳар бир аёлнинг ичида бир малика яшайди, деган гап бор. Сиз қандай дамларда ўзингизни маликалардек ҳис этасиз?  Яъни сиз ҳавас қиладиган энг яхши бошқарувчи аёл ким?
- Билмадим, лекин мен ўзимни ҳеч қачон маликадек ҳис қилмаган эканман. Лекин маликалар ролини ижро этишни болалигимдан орзу қилардим. Шерали Жўраевнинг “Шерали ва Ойбарчин” фильмида Ойбарчин ролига синовдан ўтганимда шу фильмда рол ижро этишимни била туриб, сочимни калта қилиб кесдириб ташлаганман. Аслида узун сочларим учун мени Ойбарчин ролига тасдиқлашганди. Чунки фильмда  “Карвон кўрдим, туялари бўзлаб келар” ва “Сочингда қасдинг бормиди” деган ашулалар ижро этилиши керак эди. Сочимни кесдирганимни кўриб, режиссёр Ҳожимурод ака нима қилиб қўйдинг, дея бақирганди. У пайтлар ҳозиргидек улама (нарашиванний) сочлар йўқ эди. Актирисалар кўпинча табиий сочлари билан рол ижро этишарди. Шунда Ҳожимурод акага  “сиз ҳеч сиқилманг, худди менга ўхшайдиган  ва сочи меникидан ҳам узуни бир дугонам бор, Ойбарчин ролини шу ўйнайди” деганман. Шу боис менга малика Ҳуснобод ролини ижро этиш  насиб этган. Мазза қилиб малика ролини ўйнаганман ўшанда. Шерали Ойбарчин ҳали экранларга чиқмасдан туриб жуда шов-шув бўлганди
- Раъно опа, шу ўринда оилангиз ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсангиз. Ўғлингизнинг сизни касбингизни танлаганлигидан хабаримиз бор. Унга ҳам она ҳам биринчи устоз сифатида қандай йўл йўриқлар беряпсиз?
- Оилам ҳақида тўхталадиган бўлсам мен оддий оилада туғилиб, вояга етдим.  Трамвай ва автобусларда қатнаб, мактаб ва олийгоҳларни битирганман. Шукрлар бўлсин, ҳозир  ўз меҳнатим билан кўп нарсаларга эришдим.Турмуш ўртоғим спортчи. У киши ҳам жуда кўп қийинчиликлар кўрган. Ҳали ёш пайтлари оталари оламдан ўтган. Барча ютуқларига ўз меҳнатлари билан эришганлар. У киши ҳам менга ўхшаб жуда ғайратли инсон. Тиниб-тинчимайдилар. Ўз касбларини яхши кўрадилар.  Жуда кўп олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритганлар.

“ЎҒЛИМ КИНО СОҲАСИГА ЭНДИ КИРИБ КЕЛЯПТИ”

    Ўғлимга келадиган бўлсак, унга режиссёр сифатида фильмларни диққат билан кузатишини маслаҳат бераман.Бирор фильмни биргаликда томоша қилсак, хатоларини айтаман.  “Қара, мана бу актириса йиғлаш керак бўлган жойда  юзини ёпяпти, демак ижро этолмаяпти, кўзига ёш келмади, бу хато”, дейман. Операторнинг хатоларини ва воқеаларда динамика йўқлигини, айтаман.  “Операторларингдан ҳар доим чироқни тўғри қўйшини талаб қил”, “Актёрлар жонли ижро этишсин, театр қилишмасин”, дейман. Чунки ҳозир томошабин жуда зийрак. Фильмда динамика ва темп бўлмаса, воқеалар бир-бири билан боғланмаса  дарров зерикиб қолади. Ўғлим ҳозир Рустам Саъдиевнинг “Бой ва новвой” фильмида  иккинчи режиссёр сифатида ишлаяпти. Ҳар куни тонггача съёмка жараёнларида иштирок этади. “Шу инсондан кўпроқ ўрган, Аллоҳ сени зўр инсонни рўпара қилди”, дейман. Иншооллоҳ шу ишдан кейин яхши сценарий бўлса  уддалаб кетади деб ўйлайман. Чунки ҳозир икки ой мобайнида яхши мактабдан ўтиб олди. Ўзи қисқа метражли фильмлар ҳам олган. Ёш режиссёрлар ўртасида ўтказилган танловда ҳам ғолиб бўлди. Ҳатто шу бўйича фестивалларда қатнашди. Ҳозир уни кўпроқ кино олами ўзига тортаяпти. Таклифлар бўляпти. “Ўтириб қолма, пауза қилма, ҳозирдан ўйла қандай лойиҳага  қўл уришингни”, деб ҳар доим ундаб тураман.
- Ўғлингиз санъат соҳасидаги қайси хатоларни қилмаслигини истардингиз?
- Ўғлим санъатга энди аста-секинлик билан  кириб келяпти. Истаймизми-йўқми хатолар қилади, барибир. Мен йўл-йўриқ кўрсатсам ҳам барибир хатосиз иш бўлмайди. Майли, шу хатолари билан тажриба орттирсин. Буни ўзи юракдан ҳис қилиб, кейингиларида тузатсин. Кинода энг асосийси, яхши сценарий танлаш бўлса, кейингилари  актёрлар жамоаси, яхши оператор ва  иккинчи режиссёр, художник, гримёр ва ҳоказо. Булар ҳаммаси  битта оила. Агар шулардан бири бўлмаса ҳам кино мукаммал бўлмайди. 
- Суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА. 
Интервью Muzaffar.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.
Манба: "Бекажон" газетаси. 2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот