ҚАРДОШЛИК ҚАДРИ ЁХУД КАСПИЙ СОҲИЛЛАРИДА ЎЗБЕК ОВОЗИ...
23-26 кунлари Озарбойжонда "Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари ” бўлиб ўтди. Мени муҳташам Баку матбуотда ёритилган бир неча кутилмаган хабарлар ва мақолалар билан қарши олди. Бу каби ишлар учун Баку Давлат Университети докторанти Maleykага раҳмат айтаман.
Кўзларида меҳр балқиган озар қардошларимиз билан учрашиш, адабиёт, шеърият ва бугунги кунда маънавиятга раҳна солаётган сабаблар, ёшлар қалбида китобга меҳр уйғотиш каби муаммолар ҳақида юзма - юз туриб мусоҳаба қилиш, дунёни хавотирга солаётган жиҳатлар ҳақида фикрлашиш, энг муҳими, илдизи бир халқларимиз орасида қардошлик ришталарини янада жипс боғлаш борасида бирдиллик ила суҳбатлашиш мароқли кечди. Бизни Баку узра адабиёт ва санъат, маънавият етаклаб юрди.
Фақат… Менга қалбимдаги соғинч ҳисси, қадрлигимни қумсаш туйғуси, Озар халқининг суюкли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби, яқин дўстим Ганира Пашаева ёди оғирлик қилиб турди. Ҳар қадамда уни эсладим. Ўтган гал келганимизда Ганира пешвоз чиқиб, мана шу кўчаларда бирга юргандик....Назаримда, Бакунинг ҳар-бир кўчасидан Ганира чиқиб келаверди… Тадбирларда жилмайиб турганини кўп кўрдим. Озарбойжон Ёзарлар бирлигида бўлган китобларимнинг тақдимотида ҳам у биз билан бирга эди. У бир сафар мени Педагогика Университетига олиб борган эди. У ерда талабалар билан катта тадбир ўтказган эдик. Биз айнан шу Университетда эканимизни кейин билдим. Билган вақтимда у яна биздан озгина нарироқдаги деворга ўрнатилган байроқ ортида туриб кузатаётганга ўхшади. Мен шошиб яна қараганимда, бу узун кўйлакли аёл бошқа эканини кўрдим. Сўз кўзларимдаги ёш каби бўғзимга тиқилиб қолаверди. Қабристонга бориб, уни зиёрат қилганимдан кейингина бир оз хотиржам бўлдим.
Биринчи учрашув 24 январь куни Озарбойжон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтди. Яхши шоир, Ёзувчилар бирлигининг котиби Салим Бабуллаоглу тадбирни олиб борди. Узоқ вақтдан буён кўрмаган дўстлар билан кўришдик. Тадбирда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Эркин Аьзам, адиб ва шоир Ғофур Шермуҳаммад, Ғайрат Мажид ҳам бирга эдилар. Профессор, Халқаро Бобур мукофоти лауреати, “ Мажнун тол” китобимнинг таржимони Ramiz Askerни кўриб севиндим. Албатта, ўзинг билан бўлган тадбирлар ҳақида ёзиш қийин. Аммо, бу тадбирлар ҳақида ёзишга хожат ҳам йўқ эдики, сен ҳали тадбирни тугатиб ташқарига чиқиб улгурмасингданоқ ушбу йиғин тафсилотини Озарбойжон матбуоти ва бир неча сайт, газеталарда эълон қилиб боришд. Тўғриси, бу тезлик ва ҳамжиҳатликдан ҳайратландим. Бу аҳиллик ва тезкорликка қандай эришишди экан? Ҳавасим келди.
25 январь куни Озарбойжон Давлат Педагогика университетида давом этган тадбирни университет Халқаро алоқалар проректори, Филология фанлари доктори, Профессор Моҳира Ҳусинова олиб борди. Бир кун аввал шоир, ёзувчилар билан кўришган бўлсак, бу давра эса Доктор, Профессорлар, Адабиётшунослар, Устозлардан иборат эди. Бу ердаги суҳбатлар ва саволлар қаршисида ҳақиқатдан ўзимни талабадек ҳис қилдим. Баъзи тушунмаган саволларимга шоир дўстларим, Миллий мажлис эксперти Ekber билан Intiqam Yashar ёрдам бердилар. Шу куни тушликдан сўнг тадбир Матбуот шўбасида давом этди. Биз бу ерда ўзимизни ўз ишхонамиздагидек ҳис қилдик. Келганимизда “Müsavat“ ТВ ҳам шуерда эди. “ Müsavat “ раиси, оиламизнинг дўсти, Rauf Abbasov Arifoglu ва жуда кўп дўстлар шу ерда эдики, биз бу даврада тадбирда эканимизни ҳам унитиб, эркин суҳбатлашдик. Даврани Матбуот шўбасининг раиси, шоир-публицист Reshad Mecid олиб борди.
Бу тадбирларни тезкорлик билан ёритиб борган Озарбойжон матбуотига, “ Müsavat “ TV va AZ TV ижодий жамоасига, Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчихонасига ўз миннатдорлигимни билдираман!
Хосият РУСТАМОВА - "Китоб дунёси" газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.