Ўзимни муросага чақирардим


     

     Таниқли ва севимли шоир, таржимон, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири - Хосият Рустамова билан ижод ва Адабиёт борасида суҳбатлашдик. Тўғриси, суҳбатдан катта мотивация олдим. Хосият Рустамованинг ҳар-бир сўзи замирида кучли шоир, буюк шахс борлигига ишонч хосил қилдим…Ва бутун дунёда ижоди эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмаслигига амин бўлдим.

      Кейинги йиллар Хосият Рустамова учун сермаҳсул йил бўлди. Айниқса, халқаро ҳамжамиятда унинг шеърларининг кўп  тилларга ўгириши адабиётимиз учун ҳам, миллатимиз учун ҳам муҳим воқеа. 

- Америкада таҳсил олиб қайтганингиздан кейин ишларингиз янаям кўпайиб кетди назаримда, суҳбатлашиш учун вақт тополмаяпсиз…Биз уммон ортидаги таассуротингиз ҳақида сўрамоқчи эдик. 


- Ҳақиқатдан вақт масаласи биринчи ўринга чиқди. Беҳуда ўтган умримга ачиняпман. Балки, шу нарсани англаб етишим учун Америкага боргандирман. Чунки, Америкаликлар учун энг муҳим нарса-Вақт! Улар вақт йўқотишдан қўрқишади. Сизга зарур бир иш билан мурожаат қилмоқчи бўлишса ҳам, 10 ёки 15 дақиқа вақтингизни мен учун ажрата оласизми, деб сўрашади. Оддийгина мисол, Америкага борган кунларим бизга дарсга кирган асли Хитойлик бир профессор билан газетага суҳбат қилмоқчи бўлдим. Ва курсимиз рахбаридан унинг почта манзилини олиб мактуб ёздим. Мақсадим ҳақида айтдим. Ундан икки кундан кейин жавоб олдим. “ Газетангизни интернет орқали ўргандим. Ажойиб газета экан. Суҳбат учун кейинги ойнинг 27 кунини белгиласак ва йигирма дақиқа ажратсак, бу сизга маьқулми? “ Аввалига жахлим чиқди… Кейин эса унинг рози бўлганига хурсанд бўлиб қўя қолдим. Ҳеч нарса бежизга эмас. Албатта, Америка - ҳаётимдаги энг яхши саёҳат эди. Мен Америка ҳақида ёмон гаплар эшитиб катта бўлган эдим. Шаҳарни шафқатсизликда, одамларини аҳлоқсизликда айблашди. 

       Менинг митти юрагимда Америкага нисбатан катта нафрат билан ўсдим. Ва шундай бўлдики, мен ёшлигимда боришни орзу қилган мамлакатлар ичида Америка йўқ эди. Чунки, менда Америкага нисбатан муҳаббат йўқ эди. Мен бу мамлакатни ёмон кўрардим. Нафратланардим. Мени шундай тарбия қилишганди. Бизда азалдан шундай бўлган, бошқа бир давлатларни ёмонлаб, ўз ватанимизни  севишимиз кераклигини уқтиришади. Мен хатто америкалик ёзувчиларга шубҳа қилардим. Меҳр-муҳаббат ҳақидаги асарларини ўқиганимда, ичимда ғалати бўлардим. Ёлғон ёзаётганга ўхшарди. Мен Америкага борганимдан кейин, бошқа бир ҳаётни кўрдим.


- Ўтган йили жаҳон миқёсида пандемия сабаб ижод аҳли бир муддат ортга чекинди, китоб чиқариш тугул, ижод қилиш ҳам кўнгилга сиғмади. Шундай оғир шароитда йил СИЗ учун жуда омадли кечди, хусусан дунёнинг кўплаб мамлакатларида бир талай асарларингиз китоб ҳолида чоп этилди. Бунга асосий сабаб ҳамиша руҳий кўтаринкилик ва олдинга қараб интилишингиздами ёки бошқа сабаблари борми?

- Бутун дунё учун жуда оғир йил бўлди…Ҳар кунги ўлим хабарларидан ўзимизни қаерга олиб қочишни билмай қолдик. Юрагимизни қўлимизда ушлаб яшадик. Уйда қолдик. Ота-она, фарзандларимиз билан ҳам кўришолмадик. Чунки, ҳар-бир хонадоннинг эшигидан ўлим мўралаб турди. Ва бу жуда даҳшатли эди. Шундай кунларда, яшай олмаган кунларимизни бир бошдан яшай бошладик. Яьни ўқилмаган кўплаб китобларимиз бор эди… Хижолат бўлардим қараб. Биз шу имкониятдан яхши фойдаландик. Ва шундай кунларда жуда кўп таржимонлардан мактублар олдим. Улар мендан Лондонда чоп этилган “ Рангин кўзёшлар” китобимни ўз тилларига таржима қилишни сўрардилар. Бу жуда ғалати жараён эди. Ўлимга қарши исёнга ўхшарди. Чунки, бир вақтнинг ўзида 8-9 таржимон билан ишлашнинг ўзи бўлмасди. Улар шеьрларим ва ҳар-бир сўзим устида жиддий ишлаётган эдилар. Бу мени теварак-атрофимдаги ўлим шарпаларидан ҳимоя қилди. Ва бир кун ўзимга келганимда, менинг исмим бошқа тилларда ёзилган анча-мунча китоблар пайдо бўлган эди…


- Озарбайжонда тўртта китобингиз чиқди. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзосисиз. Шу юрт билан боғлиқ Халқаро мукофотларингиз бор. Китоб чиқариш масаласи истасак, истамасак, моддий маблағга бориб тақалади. Айтингчи, Озарбайжонда чоп этилаётган китобларингизни ўз ҳисобингиздан нашр қилдирасизми?


- Озарбойжонда тўртта китобим чиқди. Аллоҳ гувоҳ, уларнинг ҳеч бирига пул тўлаганим йўқ, лекин, ганорар олдим. Менинг тўртта китобим чиққани бу жуда муҳим эмасдир, аммо, эслаганимда, мени даҳшатга соладиган бошқа нарса бор. “ Исми Лала эди у қизнинг” китобим айнан Қорабоғда уруш бошланган ва бир тарафда пандемия авжига чиққан кунларда ёзилди. Бу вазиятда инсоннинг кўнглига китоб сиғмасди. Бу ҳақида ўйлаш ҳам мумкин эмасди. Мен достонни таскин бериш умиди билан шоир дўстларимнинг бирига юбораётган маҳалим, мен бу асар Озарбойжонда бу қадар кучли акс-садо беришини ўйламаган эдим. Энг қизиғи, манашу оловли кунларда достон китоб ҳолида чоп этилди. Ва куни кеча эшитдим, бу китоб яна қайта босилаётган экан.


- Озарбайжонлик профессор-доктор, Озарбойжон Миллий Мажлисининг Маданият қўмитаси ­раиси, шоира Ганира Пашаева билан дўстона муносабатдасиз ва у инсоннинг ҳам СИЗга бўлган ҳурмати чексиз. Буни Ганира Пашаева Ўзбекистонга ташрифи давомида СИЗ билан бирга бўлганлиги ва СИЗ Озарбайжонга борганингизда, у ерда китобларингиз тақдимоти ўтказилишида бош-қош бўлганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Ганира Пашаева билан танишувингиз қандай кечган?

- Мен Ганира билан Туркийзабон шоирларнинг Бакуда кечирилган пленумида танишганман. Аммо, унгача ҳам у ҳақида яхши билар ва ҳурмат қилиб юрардим. Ўшанда у иштирокчилардан тўрт кишини уйига таклиф қилди. Мен ўшанда танидим Ганирани. У нафақат Озарбойжонни балки, бутун турк дунёсининг пешонасига битилган ёруғ юлдузи ва ҳазинасидир!

-   “Шамолнинг важоҳати” номли китобингиз Вьетнам Ёзувчилар уюшмаси томонидан вьетнам тилида чоп этилди. Китобнинг таржимони, таниқли шоир Ву Вьет Хунг Сизнинг ижодингизга юксак баҳо берган: “Китобда Ўзбекис­тоннинг беқиёс манзаралари, тафти-ҳарорати, ўзбек халқи юрагидаги меҳр-муҳаббат юксак руҳ ва бетакрор истеъдод ила тасвирланган. Жаҳон билан бўйлашаётган ўзбекнинг улкан шоири ифодалаган умумбашарий ўлмас ғоялар дунё ўқувчиларини ўзига ром этиши шубҳасиз. Китоб Вьетнам мамлакатида энг юқори деб белгиланган нусхада чоп этилди...”, деса, Цикада мукофоти соҳиби, вьетнамлик атоқли шоирлардан бири бўлмиш Май Ван Фан ҳам мазкур китобнинг чоп этилишини юксак баҳолаб,   фикр-мулоҳазаларини билдирган. Жумладан, у СИЗнинг ижодингизни улкан туйғуларни тараннум этган, гўзал ва меҳрибон, самимий ва бетакрор қалбдан далолат берувчи харитага ўхшатади. СИЗни бутун коинотни Адабиёт деб билишингиз ва бутун инсониятда адабиётга меҳр уйғотиш, ўз уйи ва Ватанидай севишга чорлашингизни эътироф этади. Вьетнам халқи билан қандай қилиб адабий алоқаларни ўрнатганингиз кўпчилик мухлисларингизда қизиқиш уйғотади…

-  Бугунги кунда Вьетнам менинг ҳаётимнинг энг муҳим бўлган бир қисмини ташкил этади. Мен Ханойда кечирилган тадбирда иштирок этиш билан бирга, адабиёт китобларидан ўзимга янги саҳифалар очдим. Очиғи, бу менинг қўлимда эмасди… Ханойдаги Адабиёт ибодатхонасида менинг ибодатларим қабул қилинди. Мен шундай ўйлайман ва бунинг учун меҳрибон Аллоҳга шукрлар айтаман! Бугун мени мақтансам арзийдиган қанча дўстларим бор. Биргина буюк шоир дўстим Май Ван Фансиз менинг ҳаётим қанчалар қашшоқ бўлиб қолган бўларди. Албатта, менинг исмим ёзилган жойда Вьетнам деган сўз катта ҳарфлар билан ёзилиши керак…


- Китобларингиз чиққанида ҳар сафар Онангизни ёдга оласиз. Онангизнинг ҳозиргача кўзойнаксиз китоб мутолаа қилишлари, очиғи, ҳаммани ҳавасини келтиради. Биламизки, сиз ҳам кўзойнак тақмайсиз. Бунинг сир-асрори нимада?

- Шу сафар уйга борганимда Онам менга кўзларидан шикоят қилдилар, “ Дорилардаги ёзувларни ўқий олмаяпман”. Энг қизиғи, олдиларида китоб бор эди. Кейин билсам, дори қутисидаги ёзувларнинг ҳам энг майдаларини ўқий олмаяптилар экан пандамиядан кейин… Ичимда кулиб қўйдим. Бунинг сири нимада эканини билмайману аммо, мен ҳам кўзойнак билан ўқишга қийналган бўлардим.

     Чунки, хатто, қуёшдан пана қиладиган кўзойнакни ҳам жуда мажбур бўлмасам тақмайман.


- Британиянинг "Hertfordshire Press" нашриётида "Рангин кўзёшлар" деб номланган шеърий тўпламингиз инглиз ва ўзбек тилларида чоп этилди. Ўзингиз ҳам инглиз тилини мукаммал ўзлаштиришга астойдил бел боғлабсиз…

- “ Рангин кўзёшлар” - ҳаётимда ахамият касб этган китобларимдан бири. Чунки, мен шу китобимда яхши таржимонга муҳтожлик сездим, тил билан боғлиқ анча-мунча оғриқларни бошдан кечирдим. Ва китоб ҳам узоқ вақт таржимон танлади. Икки йил таржимон қидирдик. Британиядаги нашриёт эса бир ойда икки бор китобни юборишим ҳақида сўрашда давом этади. Мен эса ҳар мактуб олганимда хижолат чекишдан бошқа ҳеч нарса қила олмасдим. Таржимонлар бор эди, аммо, улар таржима қила олишмасди. Ўша кунларим менга дарс бўлди. Ўзим ўргана бошладим. Ва ҳозиргача ҳам бу жараён давом этмоқда…


- Тожикистон Республикасида, тожик тилида  "Шаббў" (Ифор)  ҳамда Козоғистон Республикасида чоп этилган «Муҳаббат анатомияси» китобларингиз чиққанида таржимонларингиз - Муҳаммад Шодий ҳамда Қозоқ таржимонларингиз Профессор Алима Суннатилла қизи ва шоира Сулувхан Мынбаевага миннатдорчилик билдириш асносида ҳар бир китобни аслида катта бир имтиҳонга қиёслайсиз. Шунингдек, орада саккиз йил ёзмаганингизни айтиб ўтгансиз. Саккиз йил кичик муддат эмас. Бу вақт оралиғида энди туғилган гўдак мактаб ёшида бўлади. Шунча йиллар нима сабабдан ижод қилишда танаффус қилдингиз?

- Мен танаффус қилмадим, мен ёза олмадим.

       Бу саккиз йиллик ёза олмаслик  менинг ҳаётимда иккинчи бор такрорланиши эди. Биринчиси, турмушга чиққанимдан кейин, айтганингиздек, ўғлим туғилиб мактабга боргунгача вақт ичида бир сўз ёза олмадим. Унда кетма-кет туғилган фарзандларим билан банд бўлдимми ёки ёшроқ бўлганим сабаб, кунларимни ўйинчоқ каби ўйнаб ўтказиб юбордимми, билмайман. Аммо, бу иккинчи саккиз йилликни ўтиши шу қадар қийин бўлдики, бу вақт ичида кечган руҳий толиқишлардан ўзимни  қандай олиб ўтдим, ўйласам ҳозиргача қийналиб кетаман. Чунки, мен ўша пайтда яшолмадим, фақат ўзимни ўлдириш ҳақида ўйлардим. Одамлар билан гаплашолмасдим. Кимдир менга нимадир ҳақида гапирса, мен унинг мурдаси ҳақида ўйлай бошлардим, эшитмасдим. Ўзимга ялинардим. Ўзимни муросага чақирардим. Энди ўйлаб қарасам, аслида ўша ёзмаган кунларим менга ёзишни ўргатган ва ўша ўзимни муросага чақирган кунлар мени ёзувчи қилган экан…


Музаффар Муҳаммадназар суҳбатлашди.

Манба: "Бекажон" газетаси.

3.11.2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот