Маннон Ҳамидовга табрик
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Бобур номидаги мукофот совриндори, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби, устоз санъаткор – Маннон Ҳамидовни таваллуд топган куни билан муборакбод этамиз! Маннон Ҳамидовга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан ривож тилаймиз!!!
Маълумот: Абдиманнон Ҳамидов 1954 йилнинг 19 февраль куни Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз туманида туғилган. Маълумоти олий.
1977 йил ҳозирги Тошкент давлат Санъат ва маданият институтини тамомлаган.
Маннон Ҳамидов “Адолат”социал демоқратик партияси аъзоси.
1976 йилдан 1978 йилгача Тошкентдаги Ўзбек давлат Драма театрида саҳналаштирувчи режиссёр бўлиб ишлаган.
1978 май ойидан 1988 йилнинг ноябригача Андижон вилоят мусиқали драма театрида бош режиссёр сифатида ижод қилган.
У ўзининг ижодий фаолияти давомида мамлакатимиз театр санъатининг ривожига муносиб ҳисса қўшди. У содда ва айни пайтда нозик дид билан пурмаъно асарлар яратиш маҳоратини барчага намоён этиб, замонавий режиссурада ўзининг алоҳида мактабига асос солди. У яратган барча асарлар театр мутахассислари томонидан юксак баҳоланди ва санъат ихлосмандларининг севимли асарларига айланиб қолди.
Маннон Ҳамидов томонидан саҳналаштирилган Коммуна Олимованинг “Овсинлар”, Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча”, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”, Ҳабиб Саъдулланинг “Юсуф ва Зулайхо”, Шукур Саъдулланинг “Ёрилтош”, Шуҳратнинг “Она қизим”, Заҳириддин Муҳиддинов билан Комилжон Нишоновнинг “Юракдаги тош”, Эргаш Собировнинг “Севги ва сармоя”, Заҳириддин Муҳиддинов билан ҳамкорликгикда ўзи ёзган “Бобур”, Раҳбархон Файзибоеванинг “Меҳрга зор, интизор” ва “Инсон азиз”, чет эл драматургларидан Мольернинг “Зўраки табиб”, Рашод Нури Гунтекиннинг “Ҳийлаи шаръий”, Вильям Шекспирнинг “Ричард – III”, “Отелло”, “Қирол Лир”, Мар Байжиевнинг “Дуэль”, Нозим Ҳикматнинг “Унутилган одам”, Шанғитбаев ва Бесетовларнинг “Жон қизлар” ва бошқа кўплаб асарлар шулар жумласидандир.
У 1988 йилнинг декабр ойида Андижон шаҳрида “Истиқбол” театр студиясини ташкил этди. 1994 йилнинг 1 январидан бошлаб, ушбу студия Аббос Бакиров номидаги Андижон давлат Ёшлар театрига айланди. Ушбу театр саҳнасида у Шароф Бошбековнинг “Темир хотин”, ўзи ёзган “Дилижон дайдилари”, Хосият Қозоқованинг “Хазон бўлган гул” асарларини саҳналаштирди.
Маннон Ҳамидов томонидан мустақиллик даврида ҳам кўплаб етук санъат асарлари саҳналаштирилди. Иброҳим Содиқовнинг “Афандининг беш хотини”, Олимжон Холдорнинг “Севги афсонаси”, Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик”, Зиё Нажмийнинг “Занжирбанд шеър”, Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ўзи ёзган “Меҳр қолур”, “Оқибат”, Нурилло Аббосхоннинг “Бахтли бўлинглар”, чет эл драматургларидан Ильшад Юмагуловнинг “Наргиз фожеаси”, Наил Гаитбаевнинг “Астағфируллоҳ” каби қатор асарлари янги театрни ёшларнинг севимли санъат масканига айланишига хизмат қилди.
У 1994 йили Бобур номидаги вилоят мукофотига сазовор бўлди.
Маннон Ҳамидов миллатлар ўртасидаги маданий алоқаларни юксалишида ҳам талайгина меҳнат қилди. Унинг ташаббуси билан “Андижон баҳори – 1999”, “Андижон баҳори – 2001”, “Андижон баҳори – 2003” халқаро театрлар фестивали Андижонда катта муваффақият билан ўтказилди. Моҳир режиссёр, драматург, устоз – мураббий Маннон Ҳамидов Бошқирдистоннинг Уфа ва Стерлитамак шаҳарларидаги театрларда ўзбек драматургиясининг сара асарлари билан бирга жаҳон драматургиясининг гултожи бўлган асарларни ҳам муваффақиятли саҳналаштирди. Вильям Шекспирнинг “Ричард – III”, Мольернинг “Зўраки табиб”, “Скапеннинг ҳийласи”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Ким тўғри?” каби асарлари ана шулар жумласидандир.
1991 йилда Арманистон Республикасига Марат Асадуллаевнинг “Балои нафс” асари билан, 1997 йилда Россия Федерациясига Салоҳиддин Сирожиддиновнинг “Ҳаёт эшик ортида” асари билан, 2003 йилда Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятига Саид Анварнинг “Осмондан тушган одам” асари билан, 2003 йилда Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикасига Наил Гаитбаевнинг “Астағфируллоҳ” асари билан, 2004 йилда Қирғизистон Республикасининг Ўш ва Жалолобод вилоятларига Абдулла Аъзамнинг “Устаси фаранг” асари билан бориб, қардош санъат ихлосмандларига ўзбек театр санъатининг замонавий асарларини намойиш этган.
Ижодкорни қўшни ҳамдўстлик давлатларида ҳам маҳоратли режиссёр, театр санъатининг билимдони сифатида яхши танийдилар. 1999 йилда Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида ўтказилган халқаро театр санъати фестивалига уни ҳакамлар хайъати аъзоси сифатида таклиф этилиши фикримизнинг яққол далилидир.
Маннон Ҳамидов ўз ижодий фаолияти давомида кўплаб таниқли ижодкорларга устозлик қилган. Ҳозирги кунда мамлакатимиз театр санъати равнақига ўз ҳиссасини қўшаётган кўплаб ижодкорлар уни ўзларига устоз деб биладилар. З. М. Бобур номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театрининг бош режиссёри, режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – Мухтасар Йўлдашева, Академик ва бадиий жамоалар бош дирекцияси раҳбари – Раҳимжон Аҳмедов, шоир ва драматург – Зиё Нажмий, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар: Мавлудахон Бойматова ва актёр Ғайратжон Аҳмедов, актриса – Барно Мирзакаримова ҳамда режиссёрлардан: Алижон Асқаров, Жавлон Жўраев, Муҳаммадамин Жабборов бошқа кўплаб ижодкорларни мисол қилиб келтириб ўтишимиз мумкин.
Маннон Ҳамидов шу кунгача юзга яқин саҳна асарларини саҳналаштирган моҳир режиссёрдир. У “Дилижон дайдилари”, “Меҳр қолур”, “Оқибат”, “Бобур”, “Умр эгови”, “Замоннинг синган ойнаси”, “Ашула дасрсидаги ҳангома”, “Маҳмуд Қашғарий” каби драматик асарларнинг муаллифидир.