Рустам Шариповга табрик


   Таниқли адабиётшунос ва ҳуқуқшунос олим - Рустам Ҳусниддинович Шариповни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
   Рустам Шариповга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан ривожлар тилаб қоламиз!

   Маълумот: таниқли ўзбек олими, филология фанлари номзоди, доцент - Рустам Ҳусниддинович Шарипов 1961 йил 10 февраль куни Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилган. 
   У шоир ва драматург, Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шарипов оиласида таваллуд топгани сабабли ёшлигидан китоб ўқишга қизиқиши кучли бўлди. Шунинг учун бўлса керак, унинг дунёқараши шаклланишида ўзбек мумтоз адабиёти билан бир қаторда рус ва жаҳон адабиёти намуналари кучли таъсир кўрсатди, кейинги илмий-тадқиқот фаолиятига туртки бўлди.
   Маърифат истаги Рустам Шариповни 1978 йилда Тошкент давлат университетининг филология факультетига бошлаб келди. Бу ерда у Ғулом Каримов, Озод Шарафиддинов, Айюб Ғуломов, Субутой Долимов, Лазиз Қаюмов, Шавкат Раҳматуллаев, Умарали Норматов, Абдуғофир Расулов, Ёқуб Ғуломов, Миразиз Миртожиев, Ёрмат Тожиев, Омонулла Мадаев каби ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослиги дарғаларининг сермазмун маърузаларини тинглаб, уларга ўхшаш истаги туғилди. 1983 йилда филология факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаб, 1992 йилга қадар Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, институт илмий котиби сифатида фаолият олиб борди. Амалга оширилган тадқиқотлар натижаси сифатида 1990 йилда профессор Озод Шарафиддинов илмий раҳбарлиги остида тайёрланган “Ҳозирги замон ўзбек шеъриятида услублар хилма-хиллиги” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шу йилнинг ўзида Гарвард Университети ҳузуридаги Ўрта Осиё тадқиқотлари марказининг таклифига биноан АҚШга бориб, ўзбек маданияти тарихи бўйича маърузалар ўқиб қайтди.
  1992-1998 йиллар мобайнида Рустам Шарипов устозлари йўлидан бориб, Тошкент давлат университетида кафедра мудири, декан муовини вазифаларида фаолият олиб борди. Шу билан бирга, 1995-1997 йилларда (асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Фармойишига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Туркия Жумҳуриятидаги вакили бўлиб ишлади. Асосий вазифаларини бажариш билан бир қаторда, Туркиянинг энг эътиборли дорилфунунларидан бири Эгей университетининг Адабиёт факультетида ўзбек адабиётидан маърузалар ўқиди.
   1998 йилда Рустам Шариповга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан “Доцент” илмий унвони берилди.
   1998-2013 йилларда унинг меҳнат фаолияти Тошкент давлат юридик институти билан боғлиқ бўлди. У дастлаб Ўқув жараёни сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи, кейинчалик Ўқув бўлим бошлиғи, Ўзбек тили кафедраси мудири, Ички назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи-проректор вазифаларида ишлади. Рустам Шарипов олиб борган тадқиқотлари “Ўзбек адабиёти” ва ҳуқуқшуносликнинг “Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи; сиёсий-ҳуқуқий таълимотлар тарихи” йўналишлари билан уйғунлашиб кетганлиги сабабли, 2006 йилда Тошкент давлат юридик институтининг сиртқи бўлимини имтиёзли диплом билан тамомлади.
   2001-2004 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 12 ноябрдаги Фармойишига биноан ташкил этилган Давлат-ҳуқуқ, суд тизимини такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш масалалари бўйича Кенгашнинг масъул котиби сифатида фаолият олиб борди.
   2006 йил август ойида Япониянинг Нагоя шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда иштирок этган Тошкент давлат юридик институти делегациясига раҳбарлик қилди.
   2013-2020 йилларда Рустам Шарипов “Ўзбеккино” Мил-лий агентлиги тизимида бир қатор масъул вазифаларда, жумладан, Лицензиялаш, аудиовизуал маҳсулотларни эксперт баҳолаш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи, Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси раҳбари лавозимларида ишлади. Ўша йиллар Ўзбекистон Республикасининг “Кинематография тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг эксперти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги экспертлар кенгашлари аъзоси сифатида фаолият олиб борди.
   2020 йил сентябрь ойидан Рустам Ҳусниддинович Тошкент давлат шарқшунослик университетининг “Таржимашунослик ва халқаро журналистика” кафедраси доценти лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
   Рустам Шарипов қайси соҳада меҳнат қилмасин, фаолияти давомида бир дақиқага бўлсин илмий тадқиқотлар олиб боришдан ажралиб қолмади. У ўзбек адабиёти ва ҳуқуқшуносликка оид юздан ортиқ илмий ва оммабоп китоб ва мақолалари, жумладан, 3 та монография, 2 та ўқув қўлланма, 13 та рисола, 9 та юридик соҳага оид луғат тайёрлаб эълон қилди. Унинг “Замон. Шеърият. Услуб” (1992), “Туркистон жадидчилик ҳаракати тарихидан” (2002), “Жадид адабиётида янгиланиш, ислоҳот ва мустақиллик учун кураш” (2005) деб номланган монографиялари, “Ўзбекистон халқлари сиёсий-ҳуқуқий таълимотлари тарихи” (ҳаммуаллифликда, 2006) ҳамда “Ўзбек тили ва адабиёти” (ҳаммуаллифликда, 2004) ўқув қўлланмалари, “Туркия манзаралари” (1998), “Аҳмад Заки Валидий Тўғон” (1998), “Жадидчилик ҳаракатининг сарчашмалари” (1999), “Жадидчилик ҳаракатининг сиёсий ва ҳуқуқий дастурлари” (2000), “Туркистон жадидларининг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари” (2002), “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва оила” (2002), “Тафаккур маҳсуллари” (2004), “Эътиқод ва ижод” (2004), “Ижтимоий янгиланишдан адабий янгиланиш сари” (2005), “Жадидчилик: сиёсий, ҳуқуқий ва бадиий қарашлар уйғунлиги” (2006), “Конституция – маънавий-маърифий юксалиш омили” (2011), Оила – давлат таянчи, бахт ва саодат бешиги” (2012) рисолалари, ўнга яқин юридик терминларнинг икки ва уч тиллик луғатлари эълон қилинган. Шунингдек, эълон қилинган 130 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолаларидан бир қисми Туркия Республикаси, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда нашр этиладиган нуфузли илмий журналлар саҳифаларида чоп этилган.
   Бугунги кунда Рустам Ҳусниддинович Тошкент давлат шарқшунослик университетининг “Таржимашунослик ва халқаро журналистика” кафедраси доценти сифатида ўқув-тарбиявий ва илмий соҳаларда самарали фаолият олиб бормоқда. У ТДШУ магистратура мутахассислиги ва “Таржима назарияси ва амалиёти” бакалавриат йўналиши талабаларига “Матн таржимаси ва таҳрири”, “Илмий матнлар таржимаси”, “Ҳозирги ўзбек адабий тили” “Илмий иш асослари”, “Оғзаки нутқ компетенцияси” каби фанлардан сабоқ бериш билан бирга кафедра магистрантларининг диссертациялари ва илмий педагогик фаолиятларига, шунингдек бакалаврларнинг битирув малакавий ишларига раҳбарлик қилиб келмоқда.
   Бундан ташқари, Рустам Ҳусниддинович ҳозирда “Жадид адабиётида ислоҳот, янгиланиш ва мустақиллик учун курашнинг ифодаланиши” мавзусидаги докторлик диссертациясини ёзган.
   Рустам Шарипов оилали, уч фарзанднинг отаси ва беш набиранинг бобосидир. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот