Наим Каримов вафот этди (1932 - 2023)


   Таниқли ёзувчи ва олим, филология фанлари доктори, профессор, илмий ва оммабоп асарлар муаллифи, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, бутун умрини адабиёт соҳасига бағишлаб, эл-юртига хизмат қилди. Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш йўлидаги беминнат хизмати учун “Эл-юрт ҳурмати” унвонига сазовор бўлган -  Наим Каримов вафот этди.
     Наим Каримовнинг вафоти муносабати билан оила аъзолари, дўстлари ва шогирдларига чуқур таъзия билдирамиз.

   Маълумот: Адабиётшунос Наим Фатиҳович Каримов 1932 йилнинг 12 декабрда Тошкентда зиёлилар оиласида туғилган. У 1955 йил ЎОДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факултетини тамомлаган.
   Ўқишини аспирантурада давом эттириб, 1958 йил тамомлаган. Аспирантурадан сўнг ёш олим Ўзбек ССР ФАнинг тил ва адабиёт институтига илмий ходим бўлиб ишга кирган, етакчи илмий ходимликдан бўлим мудиригача бўлган йўлни босиб ўтган. 1993 йил Наим Каримовга филология фанлари доктори илмий даражаси тақдим этилган, 1994 йил эса профессорлик даражаси берилган.
   Наим Каримовнинг илмий фаолияти асосан, XX аср ўзбек адабиётини, Чўлпон, Фитрат, Ҳамза каби жадидчи ёзувчилар ижодини ўрганиш билан боғлиқ. Олим Ойбек, Ғофур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ҳамзанинг асарлари тўпламини тайёрлашга фаол бел боғлаган. Унинг қаламига “Ҳамид Олимжон” (1979), “Ойбек” (1985), “Усмон Носир”, “Усмон Носир ҳаётининг сўнгги йиллари” (1993-1994) каби илмий-оммабоп китоблар тегишли.
  Ўндан ортиқ китоблар, юздан зиёд мақолалар ёзган, турли анжуман ва симпозиумларда маърузалар ўқиган, ёрқин илмий фаолияти учун Беруний номидаги республика давлат мукофотига сазовор бўлган, профессор ва филология фанлари доктори унвонларига лойиқ топилган. Бир сўз билан айтганда, ярим асрлик ижодий фаолияти давомида у ўзбек адабиётининг бетакрор намоёндаларидан бирига айланган. XX аср ўзбек адабиёти ривожини Наим Каримовсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
   Мана, бир неча йилдирки, Наим Каримов мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш устида иш олиб бораётган эди. У “Шаҳидлар хотираси” мемориал мажмуасига ҳамда “Қатағон курбонлари хотираси” музайига асос солинишида кўп ҳисса қўшган. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи яратилиши оғир иш бўлган, зеро, ўша вақтлар суратлари, қўл ёзмалари, ҳужжатлари, кийим-кечаклари ва бошқа ашёларни топиш қийин бўлган. Шунга қарамай, экспонатлар топилган ва музей белгиланган вақтда очилган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот