БЕВАҚТ ЎЛИМДАН ҚЎРҚАМАН, ҚИЗИМ


 

     Равшан Файз 1959 йил 1 январда Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Қўралос қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1986). “Мен шамолни тутволдим” (1992) болалар учун шеърий тўплами, “Ухлаётган одам” (1989), “Ташриф” (1990), “Кел, эй кўнглим”(1997) каби китоблари нашр этилган. 1995 йил 30 Августь куни Тошкент шаҳрида 36 ёшда (автоҳалокат туфайли) вафот этган.

 

БЕВАҚТ ЎЛИМДАН ҚЎРҚАМАН, ҚИЗИМ

 

Каҳратон қишларнинг қаҳри нимадир,
Аччиқ аёзлари, заҳри нимадир.
Кумуш кулгуларинг эшитсам, қизим,
Ғурбату ғамларнинг наҳри нимадир.

Нимадир надомат, маломат тоши,
Саратон селию кузак кўз ёши.
Бу очиқ кунларнииг ёди олдида
Нимадир баҳорнинг қавоғи, қоши.

Доғули девлар-да, омон қолмагай,
Айёр ажиналар алдай олмагай,
Пилдираб юришинг ўйласам, болам,
Ҳеч нарса кўнглимга ваҳм солмагай.

Фақат шул айтаман, келмайди орим,
Худога етса бас, ўтимчим, зорим…
Бир бошга бир ўлим, — дейман -у бироқ,
Ўзимда эмасдир шул ихтиёрим.

Шиддатли шамоллар ўпдилар изим,
Замоннииг зўрига бермадим изн.
Гулдай кулгичларинг эслаб сўйласам
Бир бевақт ўлимдан қўрқаман, қизим.

***

* * *

Кўнглима орзулар солган, қишлоғим,
Олис-олисларда қолган, қишлоғим.
Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом
Кўзлари йўлимдан толган, қишлоғим.

Менинг мақсадимдаи кўнглим кўп тўқдир,
Армон нишонига тегмаган ўқдир.
Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,
Лекин бу йўлларнинг адоғи йўқдир.

Айтгил, селмасмиди мен танлаган йўл,
Сайрга элмасмиди мен танлаган йўл.
Олис-олисларда оворадурман,
Борса-келмасмиди мен танлагаи йўл.

Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим…

* * *

Гулга кирган боғларим қолди,
Қирчиллама чоғларим қолди,
Талқон бўлмай тоғларим қолди,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.

Ишқ келдими, қийнади бир сир,
Шул сезимга бўлмай деб асир,
Қўл силтадим барига басир,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.

Кўнглимни ҳеч этмадим бозор,
Суйганимга бермадим озор.
Мажнун мисол бўлмасдан хор-зор
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.

Юрагимни рашкларда ёқиб,
Тоҳир каби юрмай деб оқиб
Толеимга этагим қоқиб,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.

Гул фаслида қолмагай дунё.
Хайр, Лайли, алвидо, Зуҳро.
Ёшлик мени тарк этмай илло,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.

* * *

Дунё, азал азалдан меҳробларингда чаён,
Дил дилга тўғри келмас, дўсту душман намоён.
Кел, сен сулув санамлар кўнглини айла аён:
Мен Мирзони тушундим, Раъносини тушунтир.

Севги, сен бу дунёда нега минг йиллик тилсим.
Нега минг Қайс-Мажнунлар лабида учган “сим-сим…”
Ёшлик – бебошлик, дея аталган бир фаслнинг
Шаклини кўп тушундим, маъносини тушунтир.

Ҳаёт, умид-уфқларинг бўлмасин қанчалик кенг
Барибир бир жаҳаннам, бир жаннатга келмас тенг.
Вафодору бевафо бу икки умрнинг мен
Мангусини тушундим, фаносини тушунтир.

* * *

Мен яхши кўряпман сизни тобора.
Тобора кўзимдан йитмоқда туман,
Қарангиз, қисқариб боряпти ора,
Орада тўсиқ йўқ энди умаман.

Мен яхши кўряпман сизни кун сайин,
Кун сайин яқиндир дийдорингиз, ёр.
Йўллар кўп равондир, ҳаво ҳам майин,
Майин сунмоқдадир косагул, аёллар.

Мен яхши кўряпман сизни шунчалик,
Шунчалик муҳимдир энди зор, додим:
Худойим, ишқилиб салому алик
Умрича бўлса бас, қолган ҳаётим.

Мен яхши кўряпман сизни тобора…

 

Равшан ФАЙЗ