Виждонсиз
Эсингизда бўлса, ўтган ҳафта Туркияда гўшт қимматлиги, ўртача ойликка яшайдиганлар ҳам ҳар доим мол, қўй гўшти олиб еёлмаслиги ҳақида ёзган эдим. Шундан кейин самарқандлик бир яқин танишим телеграмдан ёзиб қолди:
"Туркияга борадиган бирор ким бўлса, сизларга тўрт-беш кило гўшт бериб юбормоқчи эдим. Рамазонда қувват бўларди", - деб.
Аллоҳ рози бўлсин, муборак ойда мусофирни йўқлаб, севинтиришни астойдил ният қилибди...
Шундан сўнг "ELONTRK kanal" деган 20 мингга яқин кузатувчиси бўлган телеграм каналидан яқин кунларда берилган эълонларни қараб чиқдим.
"21 мартда Истанбулга учамиз. Омонатлар бўлса олиб кетамиз", деган эълон берилган экан.
Хуллас, ўша эълонда илова қилинган телеграм манзилига ёзиб, эълон эгаси билан гаплашдим. Рақамини олдим ва танишимга бердим.
Танишим у билан гаплашиб, юкни қаерда қачон беришни келишиб олибди.
Эртаси куни ўғлидан 5 кило гўшт, яна 7 кило чиқадиган майда-чуйдалар, сумалак, сарёғ ва ҳоказоларни бериб юборган.
Менга "почтани бердик, сизга бориб телефон қилса керак, алоқада бўлиб туринг", - дейишди.
Аммо юкни олганидан бери аёл сувга тушган тошдек ғойиб бўлди.
Телеграмига кирмаяпти. Эълонда қолдирган телеграм манзили ўзгарган. Телефонлари ўчирилган...
Ҳатто менга "Юкларингизни олдим", - деб ҳам ёзмади...
Бу қанақа аёл, қанақа инсон, қандай мусулмон бўлдики, рўзаи Рамазондек, ҳатто шайтонлар ҳам кишанланадиган муборак,покиза ойда ҳаромдан қўрқмаяпти...
Куппа-кундуз куни, очиқдан-очиқ одамларни алдаб, бировнинг ҳаққига, омонатига хиёнат қилаяпти.
Йўқ, мен менгача етиб келмаган ризқим учун хафа бўлиб, ранжимаяпман. Насиб қилмаган бўлса, демак, насибамизда бўлмаган.
Мен бошқа нарсадан хафаман.
Наҳот, одамларимиз шунчалик ҳам Аллоҳдан, иймондан, диндан узоқлашиб кетган бўлса...
Фирибгарликнинг энг паст, энг жирканч йўли билан кун кечиришни касб қилиб оладиган даражада ночорлашиб қолган бўлса...
Бу аёл шундай муборак ойда ўзига, болаларига қандай қилиб ҳаром луқмани раво кўрди экан?
Энг ёмони нима биласизми, бу ҳақда турмуш ўрғоғимга айтишга ҳам тилим бормаяпти.
Дардимни ёнимдаги одамга айтолмайман.
- Нега икки кундан бери кайфиятинг йўқ? - деб сўраяпти.
Айтмаяпман. Айтолмаяпман.
Чунки уяламан!
Мана шунақа нафс қулига айланган, беш кило гўшт учун виждонини сотган кишилар менинг, ўзимнинг миллатдошларим эканидан, улар билан ватандошлигимдан уяламан... Ор қиламан!
У виждонсиз, иймонсиз фирибгарни Аллоҳга ҳавола қилдик...
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, (омонати етиб келмаган бўлса-да) бизни шунчалик эслаб, биз учун шунча ташвишу харажат қилиб, ўзи еб, татиб юрган нозу неъматлардан бизга ҳам илинган танишимдан Аллоҳ минг карра рози бўлсин, дейман!
Кўрсатган меҳр-оқибатининг, хайрининг ажру савобини зиёда қилиб берсин!
Ситора АЛИХОНЗОДА