Нафсим - менинг балодир...
Маънавият сабоқлари
Феруза ОРИПОВА
Нафсим - менинг балодир...
Ҳазрат Жалолиддин Румийнинг “Най ноласи” шеърий байти қуйидагича шарҳланади. “Одамзод ўз нафси ҳавас-ҳавоси билан ҳамма кўргулик, яхши-ёмон сифатларга гирифтор бўлади. Иймонли кишининг барча машғулотларида осудалик, хотиржамлик, сабр устун туради. Аммо нафс туфайли кўнгилда пайдо бўлувчи иштиёқ қармоққа илинган ўлжадир. Нафс инсонни ҳар мақомга солади, ундан сабр туфайли халос бўласан”. Дарҳақиқат, кимки нафсининг оғзини тиндирса нафс шундагина уни саргардонликдан тиндираркан.
Маълумки, нафс кишига турли ҳолатларда кўринади – ширин таом, гўзал аёл, бежирим либос, тилла тақинчоқ, машина ва ҳоказо. Шайтон кўйига осон алданувчи кимса унинг комига тушиб қолиши муқаррар. Нафс одамни одамгарчиликдан чиқаради, кишилар орасида шармандаи шармисор қилади, энг ёмони икки дунёсини ҳам куйдиради.
Хафиза эрининг топганига қаноат қилмай бозорга чиқди. Тил забони дадил аёл эди тез орада ўзини ўнглаб олди. Бир-икки сўм ошириб гапи ҳам ўнг бўлди. Аввалига кийинишида, кейин юриш-туришида ўзгариш бўлди. Нафсининг куйига кириб пул орқасидан қувиб ўзлигини унутди. Эри ва болаларидан узоқлашди. Бозорчи дугоналари билан ким ўзарга туғилган кун, байрам, зиёфат, дам олишу, саёҳатлар уюштирди. Ўзи пул топгани учун ўзи дадил сарфлади, эрига ҳисоб бермади. Савдодаги дугоналари машина мина бошлашди, улардан қолиш ярамайди. Энди икки ҳисса ишлаб машина учун пул йиға бошлади. Сенинг уйинг борми ёки бозорга капа тикканмисан. Бундоқ фарзандларинг ҳолидан хабар олсанг бўлмайдими? Менику бор-йўқлигим сенга барибир – деб зорланган эрига, - рўзғорга қарашсам, болаларингизни ўзим кийинтирсам яна нима қилишим керак – деб кескир жавоб берди.
- Аҳир уларни фақат кийинтириш, едириш билан иш битмайди-ку, уларнинг кўнглига қараш, сирдош бўлиш керак эмасми, демоқчи бўлди аммо фойдаси йўқ чунки Хафизанинг дийдаси тош қотган эди.
Хуллас, машина учун керакли пул йиғилди. Энди оппоқ, ёғи артилмаган “Нексия” машинасини олади. Дугоналари “Матиз”, “Спарк” ҳайдаганда нега у “Нексия” минмасин, улардан кам жойи йўқ. Ҳали кўрсатиб қўяди кимлигини. Унинг машина олмоқчи эканлигини билиб ёрамчилар ҳам топила қолди. “Паспортингиз билан пулни берсангиз бас, узоғи билан бир ойда оқ тулпорингиз келади” – деб пинжига кирди йигитлар. Шу бозорда таниган укахонларининг дўстлари экан, алдаб кетармиди. Нима қилиб бўлса ҳам тезроқ олса бўлди.
Орадан бир ой, уч ой, етти ой ҳатто бир йил ҳам ўтдики на машинадан на пулдан дарак бор. Йигитлар Хафизани чув тушириб ғойиб бўлишганди. Катта миқдордаги пулдан айрилган Хафизанинг диққатчиликдан эси кирар-чиқар бўлиб қолди. Уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишди. Мана уч йилдирки у оқ тулпоримни топиб берларинг деб жанжал қилади.
Ҳа, кимнинг нафси уни чегарадан чиқариб юборса бу унинг ўлимидир, Хафизанинг тақдири шундай бўлди. Инсон тирик экан нафси билан курашда мағлуб бўлмаслиги керак. Нафс шундай душманки манманлик ва қайсарлик унинг шиоридир. Нафс шундай такаббурки кибру ҳаво унинг ҳамрохидир.
Баҳодир фабрикага директор бўлдию ўзгарди қолди. Нафснинг биринчи шарти емоқ-ичмоқлик бўлса, иккинчи шарти кибру ҳаво экан. У бизнинг ичимизга шундай изнсиз кирадики ҳатто сезмаймиз ҳам. Баҳодир камтаргина йигит эди, отаси мактабда ўқитувчи, онаси боғча тарбиячиси бўлган, ҳалол ризқ билан улғайган болалар эди. Лекин Баҳодирнинг ўзгарганига ҳамма ҳайрон. Раҳбар бўлгач атрофида дўстлари кўпайди, соясига салом берувчилар, остонасига ёрдам сўраб келувчилар кўпайди. Бу эса уни ўз-ўзидан кибру ҳавога берилишига туртки бўлди. Отасининг насиҳатлари, онасининг зорланишлари кор қилмади. Нафси ҳакалак отиб сўнгги русумдаги машина минди, ота ҳовлини ташлаб шаҳардан данғиллама участка сотиб олди. Нафси сира бас қилмади баъзан чиройли аёллар билан вақтини чоғласа, баъзан шоҳона зиёфатлар, баъзан эса иш баҳона сайру саёҳатлар дилини яйратди. У сира нафсига ҳоким бўлолмади. Назарида бу узоқ давом этадигандек эди. Аммо ҳар бошланган нарсанинг охири бўлгани каби ақли нафсига хизмат қилган Баҳодирдан омад юз ўгирди. Автоҳалокатга учраб бир умрга ногиронга айланди.
Ҳеч ўзингизга савол берганмисиз, нафсни енгиш мумкинми? Енгиш мумкин, агар иродангиз мустаҳкам бўлса, шайтонга бас кела олсангиз, кўнглингиз суст кета олишидан сақлана олсангиз.
Бир аёлни биламан, турмуш ўртоғи вафот этган. Тўрт нафар фарзандни ёлғиз ўзи оёққа қўйди. Асли касби педагог бўлган аёл кундузи ўқитувчилик кечалари тикувчилик қилиб ҳалол ризқ билан фарзандларини ўқитиб олий маълумотли қилди. Икки қизни узатиб, бир ўғилни уйлантирди. Энди кенжатойига навбат. Аёлнинг қувончи ичига сигмайди шу кунларни рахматли турмуш ўртоғи кўрганда қандай яхши бўларди. Нима бўлганда ҳам уларнинг ёнига ёруғ юз билан боради. Аҳир фарзандларини яхши инсонлар бўлиб вояга етиши учун, иймонли, инсофли, маънавияти бутун бўлиши учун меҳнат қилди. Мана бугун икки қизлар ҳам бахтли, келини тиллоларга алишмайдиган, олти нафар набираси бор. Кенжа ўғлини уйлантириш учун қанча хонадон эшигини қоқмади. Аёлнинг кўнглини хира қилгани ўша хонадон эгалари қизларини бой-бадавлат оилага узатиш ниятини билдиргани бўлди. Охири бир қиз кўнглига ўтиргандай бўлди. Ўғлига ҳам маъқул келди, аммо иккинчи учрашувда қизнинг бриллиант ёқтиришини, баланд қаватли уйга келин бўлишни истамаслигини, тўйдан кейин чет эл сафарига боришни, тўйни энг қиммат ресторанда ўтказишни хоҳлаётганини билдирган.
Нафси хакалак отган қизнинг хою-хаваслари йигитни довдиратиб қўяди. Ҳали хонадонига келмай шунча талаблар қўяётган қизнинг эртага яна қандай ҳунарлар чиқаришини ўйлаб бу қизга уйланишдан воз кечади. Агар билса ўша қизга бахтнинг ўзи нақд бўлиб турганди. Чунки кўплар бу оилага хавас билан қарарди. Йигит ҳам ўқимишли ҳам келишган ҳам ақлли эди. Бугун афсуслар исканжасида қолган қиз ўз нафсидан нафратланаётгандир эҳтимол.
Бир-бирига ашаддий ёв бўлган икки киши ҳамиша бир-бирига тиш қайраб юраркан. Уларнинг бири майҳўр экан. Охири рақиби унинг шу камчилигидан фойдаланибди. Бир куни унга дўстона ҳолда мурожаат этиб, қадимий бир асраб юрган майи борлигини айтиб меҳмонга таклиф қилибди. Майхўр эса унинг душман эканлигини ҳам унутиб рози бўлибди. Нафсини енга олмаган майхўр душман қўлида ҳалок бўлибди.
Биз яшаш учун курашар эканмиз, ҳамиша нафс билан жиҳод қилишимизга тўғри келади. Жисмимиздаги илдиз отган, куртак ёзаётган нафсни маҳв этиш учун ҳар кун ҳар соат ва ҳар лаҳзада курашмоғимиз лозим экан. Акс ҳолда нафсим менинг балодир, ўтдан чўққа солодир, - деган афсусдан бошқа чора қолмайди. Нафсини енгган инсон эса ҳалоллик, поклик, фозиллик ва комиллик сингари улуғ мақомларга эга бўладилпр. Нафснинг қули бўлиб қолмаслик саодати ҳаммамизга ёр бўлсин.