ҚУЛЛУҚ ФАЛСАФАСИ
Сирожиддин РАУФ
ҚУЛЛУҚ ФАЛСАФАСИ
Қулликдан қутилиб қуллуққа етдик –
Ҳар куни минг бора таъзим этамиз.
Афсуски, бу хислат хусусий, этник,
Фазилат демоққа йўл бермас тамиз.
Ози-ку раводир бамисли асал,
Очкўзлик балоси – улгуржи олдик.
Шусиз иш юришмай бўламиз ўсал,
Гиёҳванд сингари ўрганиб қолдик.
Қунишиб туради энди елкалар,
Ҳар битта соҳада битта Фиръавн.
Алпомиш келбатли қанча эркаклар
Ялтоқлик бобида ер қилар қавмин.
Кунлар яралгандай жиғилдон учун:
Қадриятлар – қорин, орзулар – қорин.
Кўринг, нафс аталган балонинг кучин,
Бандалар уч пулга сотади орин.
Қулликда бор эди кўзларнинг ўти,
Ёр эди эркинлик ҳақида ўйлар.
Қуллуқда Фиръавн мутедан муте,
Не-не товонларни ўпишни ўйлар.
Жовдираб асрайди ширин қонини,
Бир томчи тўкмасдан озод бўлган қул.
Ҳар лаҳза бўғгудай гирибонини
Жасорат кўрмасдан синиб тушган ғул!..