СОЯБОН БОРАСИДА 7 МАСЛАҲАТ


   Соябон кўтариб юришнинг ҳам ўзига хос қоидалари бор, десак, соябонни тутиш ҳам қийинми, дея эътироз билдиришга ошиқманг. Соябондан тўғри фойдаланиш борасида барча икир-чикирлардан хабардор эканлигингизга ишончингиз комилми? Зеро, бу борада Сиз эшитмаган жиҳатлар ҳам топилиши эҳтимолдан холи эмас.
- Соябонни ҳамиша очиқ ҳолда қуритиш керак, деган фикрда эдим. Аммо кейинги вақтларда қуритилаётган пайт очилмаган бўлиши шарт, деб кўп жойда кўпчиликдан эшитаяпман.
    Аслида, қай бири тўғри-ю қайсиниси нотўғри?
  Одоб ва маданият нуқтаи назаридан, соябонни меҳмондорчиликка борганда ёки ишхонада катта очиб қўйиб қуритиш тарбиясизликдек туюлади. Аслида эса, бу соябон учун зарарли: матоси чўзилиб (айниқса, синтетик матодан ясалганлари), механизмлари яроқсиз ҳолатга келиб қолиши мумкин. Яна айрим миллат вакиллари соябонни очиқ қолдиришдан ирим қилишади. Хусусан, руслар – қашшоқлик келтиради, дейишса, америкаликлар – бу ҳолат кўз ёшга сабабчи бўлишига ишонишади.
   Бироқ, соябонни маҳкам, зич ёки таранг ёпиб қуритиш ҳам ярамайди: чунки, мато моғорлаши мумкин. Энг мақбул йўли – соябонни ярим очиқ ҳолатда қуритиш ҳисобланади. Иложи бўлса, соябонни соябон илгич ёки кийим илгичга илиб қўйиш даркор.
- Соябоним матосида занг доғлари пайдо бўла бошлади. Уларни қандай қилиб йўқотишни билмайман. Ташлаб юборай десам, ачинаман, чунки, соябоним жуда чиройли ва қулай. Маслаҳатингизларга муҳтожман... 
   Агар соябонингизда занг доғлари пайдо бўлган бўлса, демак, металл механизмлари занглай бошлаган. Занг доғини сирка кислотасининг бир фоизига беш фоиз сув қўшган ҳолда аралаштириб, ҳосил бўлган аралашма суюқлик билан тоза латта (мочалка ёки юмшоқ мато)ни намлаб, артиш керак. Шундан сўнг, механизмларини қуруқ латта билан яхшилаб артиб, қуритиш керак. Сўнгра, эҳтиёткорлик билан соябон матосига теккизмаган ҳолда, металл механизмларига машина ёки ўсимлик мойига шимдирилган пахтани суртиш лозим. Ортиқча мойларни юмшоқ салфетка воситасида артиб олинг. Башарти, бу усул ҳам наф бермаса, демак – механизмлар шу даражада занглаб, чириганки, кўзингизни чирт юмиб, ташлаб юбориш ва янгисини сотиб олишдан ўзга чорангиз йўқ. 
   Дарвоқе, соябондаги доғ, кирланган жойларни тозалашда ацетон, бензин, керосин ва бошқа шу каби алангаланувчи воситалардан фойдаланиш мутлақо ярамайди. 
МАСЛАҲАТЛАР:
1. Соябонни ҳеч қачон сумкангиз ичида сақламанг. Бундай ҳолатда, соябоннинг механизмлари синиб, матоси шикастланиши хавфи бор. Яхшиси, ёнбошидан қиялатиб ёки юқоридан узунасига жойлаштирганингиз маъқул.
2. Агар соябонингиз қуёш нуридан эмас, ёмғирдан ҳимояланишга мўлжалланган бўлса, уни қуёшнинг қайноқ тафти ва кескин ёруғ нуридан яширинг, акс ҳолда, матоси куяди.
3. Соябонингизнинг матосига доғ тегдими? У ҳолда, соябонни ярим очиқ ҳолатида юмшоқ матога шампун суртиб, ҳўллаб, яхшилаб кўпиртириб ювинг. Шундан сўнг соябонни очиб, илиқ душда чайинг ва қуритинг.
4. Жуда кирланган доғларни нашатир спиртининг сув билан учга бир улушини аралаштириб, ҳосил бўлган суюқлик билан юмшоқ матони намлаб, доғларни эҳтиёткорона артинг ва душ остида чайинг.
5. Соябон рангини сирка кислотаси воситасида қайта тиклаш мумкин. 2 ош қошиқ сирка кислотасини 1 литр сувда аралаштиринг ва мазкур суюқлик билан намланган мато ёрдамида артинг. Қора соябонни қора рангли матоларни тозалашга мўлжалланган махсус воситалар ёрдамида тозаланг.
6. Соябонни тез қуритиш учун қоғозли ёки пахта толали сочиқлардан фойдаланинг. Металл механизмларни обдон артинг, аммо матосини артиш мумкинмас, негаки, мато чўзилиши мумкин. Соябонни қиздириш ёки иситиш воситалари ёнида қуритиш ва сақлаш тавсия қилинмайди: мато дағаллашади.
7. Матодаги тирналган, чизилган чизиқларни тирноқни бўяш учун ишлатиладиган лак билан бўяманг. Негаки, лак қуригач, енгил тирналган жой тешикка айланади, яъни лак матони ўйиши мумкин.
 

Музаффар Муҳаммадназар тайёрлади.

Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот